Анвар Сайрамий: Сталин туғилган шаҳарга саёҳат (Ғалабанинг 70 йиллигига)
Буюк Ғалабанинг 70 йиллиги олдидан
Сталин туғилган шаҳарда
Собиқ Советлар мамлакатининг илк раҳбарларидан бири, иккинчи жаҳон уруши йилларида Қизил Армияга Олий Бош қўмондон бўлган, немис фашизми, унинг тарафдорлари устидан қозонилган Буюк Ғалабада асосий роль ўйнаган, ўзининг ноёб ҳарбий истеъдоди ва қаттиққўллиги ила эл хотирасида, тарихда қолган, Совет Иттифоқи генералиссимуси унвонига сазовор шахс — Иосиф Виссарионович Сталин (Жугашвили) таваллуд топган Гори шаҳрига яқинлашарканман, қалбимда алланечук саросима сезилди, қандайдир ғайритабиий ҳиссиётлар оғушида чор — атрофга олазарак боққанча, йўлимда давом этаман.
Мен бошқарган мотоцикл ҳам гўё сафаримизда ўзига хос янги ҳодиса рўй беражагини олдиндан сезаётгандай, ҳар галгидан илдамроқ ҳаракат қилаётгандек, назаримда.
Узундан — узоқ тоғ йўлининг ўнг ва чап томонларига, ажойиб манзарали табиат мўъжизаларига, илиниб турган қоятошлар ва тошларнинг метин бағрини ёриб чиққан ўсимликларга, шароитга мослаштириб қурилган иморатларга, ҳар хил сайроқи қушлар, катта-ю кичик даррандаларни ўз ичига олган, бепоён ўрмонларга, чуқурликдаги тошдан — тошга урилиб, шовқин солиб оқаётган зилол сувли ирмоқларга ҳавас билан боқарканман, олис сафардан толиқиб келаётганимни андак унутгандай бўламан.
Анчадан бери на техникамда, на каминада тин бўлди. Зеро, хаёлимда ўша Гори шаҳри — Сосо туғилган диёр. Шаҳарга етиб олиш, унинг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиш. Ерли халқлар ва, айниқса, уларнинг удумларини яхши баён қилувчи қариялари билан мулоқотда бўлиш иштиёқида, кўрган — кечирганларимни хотира дафтарчамга ёзиб олиш орзусида тўлиб — тошаман.
Ногаҳон, кўрган — эшитганларим, ўқиганларим ҳаммаси хотирамдан бирма — бир ўта бошлади: суронли 1941 — 1945 йиллар. Ҳаётининг сўнгги дамларида Сталиннинг радио орқали сўзлаган нутқи. Оддий этикдўз отаси. Кир ювувчи аёл (онаси) Екатерина Георгиевна Жугашвили. Ва, ниҳоят, доҳийнинг вафоти…
Ҳали — ҳануз ёдимда. 1953 йили эрта баҳор эди ўшанда. Сталиннинг дафн маросимида, нафақат аёллар, ҳатто баъзи эр кишилар ҳам кўз ёшларини тўкишганди. Тасодифни қаранг-ки, об — ҳавоям, гўё мотамсародай, ёмғир тинимсиз сепалаб ёғиб турганди.
Маросим ўта қайғули бир ҳолатда кечганди. Заводлардан берилган гудок садолари, турли техникалардан чиқаётган сигналларнинг овозлари, маҳкамалар ва бошқа бинолар пештоқига илиб қўйилган қора ҳошияли қизил байроқлар, давлат арбобларининг барчасининг чап қўлларига тақилган қизил ва қора ленталар. Кекса-ю ёшнинг қайғули нигоҳлари радиокарнайларда. Улардан таралаётган оғир мотамсаро куй ва нотиқнинг юракни эзувчи сўзлари — ҳаммаси ёдимда. Йўқ, ҳаётимда бу янглиғ серташвиш дафн маросими бўлганлигини ҳеч эслай олмайман. Балки бу ўша даврнинг онгимизга сингдириб борилган сиёсати оқибатидир. Ва, лекин…
Не бўлганда ҳам ҳаётдан кўз юмган, боз устига, Ватаним, деб, ҳатто ўз фарзандини ҳам қурбонликка берган Сталиндек мураккаб шахс ортидан турли — туман уйдирмалар тарқатиш, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш қобилиятига эга бўлмаган марҳум шаънига қора доғлар тушириш, менимча, одобдан эмас. Қонунда ҳам, шариатда ҳам шундай…
Ана шундай хаёллар гирдобида тебрана — тебрана Гори шаҳрига етиб келганимни ҳам сезмай қолибман.
Кўз олдимда чор — атрофи тоғлар билан ўралган чоққина бир шаҳар. Кенг кўчалари, хиёбонлари кўркамлиги билан бошқа шаҳарлардан, деярли қолишмайди.
Гуржи халқининг яхши хислатларидан бири шу-ки, улар ўзгача меҳмондўст бўлишади. Ва то кузатиб қўйгунларига қадар илтифотини бирдек сақлаб туришга ҳаракат қиладилар. Бу ерда ҳам айнан шундай бўлди. Ҳали эгардан тушиб, уст — бошларимни алмаштирмасданоқ полициячилар, Вахтанги Лебанович Бебиашвили, Григорий Александрович Бринько, “Гори” газетасининг журналисти Гири Андреевич Церадзелар қуршовида қолдим.
Улар биродарларча ҳол — аҳволимни сўрашди, йўл машаққатларидан толиққанимни сезишгани боис, ортиқча расмиятчиликка чек қўйиб, маҳкама ичкарисига таклиф этишди.
Шу оннинг ўзидаёқ шаҳар ҳокими Зураб Икриалашвили ва ҳокимнинг биринчи муовини Темур Хачиурилар қабулида бўлдим.
Энг муҳими, улар сафаримнинг асл сабабларини тушуниб етдилар ва кейинги режаларим билан ҳам яқиндан танишишгач, шаҳардан чиқиб кетгунимга қадар турар жойим, иқтисод масалалари, шунга ўхшаш бошқа юмушларни ҳоким муовини Ногар Григорьевич Темунашвилига юкладилар. Грузия давлатида, айниқса, Гори шаҳрида нотинчлик ҳукм сураётганлиги сабабли, Ногар ёнимдан бир қадам ҳам жилмас, меҳмонхонадан кеч қайтиб, эрта билан яна ёнимга келиб, ўзи режалаштирган ишлар бўйича олиб чиқиб кетарди. Бу хислат ҳам (гарчи Абхазия — Осетия муаммоларига боғлиқ юмушлари ошиб — тошиб ётган бўлса-да) гуржи миллатига хос мезбонлик илтифотларидан бири бўлса ажаб эмас.
Шаҳарнинг қоқ марказида жуда баланд тепалик бўлиб, унинг устида кўҳна бир қаср жойлашган. Қасрнинг баланд ва кенг деворлари харсанглардан иборат. Унинг тепасига чиқиш ўта машаққатли. Бир иложини қилиб, девор устига чиқиб олсангиз борми, у ҳолда шаҳарнинг ҳамма томонларини худди кафтингизда тургандек кўра оласиз. Девор устидан туриб, шаҳар билан танишишни унинг кун чиқиш томонидан бошлаган маъқул.
Шундоққина рўпарамизда теварак — атрофи арчалар ва бошқа манзарали дарахтлар билан зийнатланган уч қаватли бино. У ХХ аср бошларидаги меъморчилик услубида бунёд этилган. У ўзининг кўркамлиги билан шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турибди. Салобатли бино узра Гуржистоннинг давлат байроғи ҳилпирайди. Бу каминани очиқ чеҳра билан кутиб олган, кейинги йўл харажатларим ва унинг муваффақиятли давом этиши учун ҳам астойдил ҳаракат қилаётган шаҳар ҳокими идораси.
Бино олдида кенг ва саришта майдон. Майдон тўрида, маҳкама эшигидан сал берида таги қизил ва қора мармардан ишланган ўн олти метрли Иосиф Сталин ҳайкали. Ҳайкалга шундай жилоли ранг берилган-ки, у ҳар қандай об — ҳаво шароитида ҳам беғубор кўринаверади.
Майдоннинг шимол томонидан тароватли хиёбон бошланади. Гарчи қиш фасли эса-да, ерда қор кўринмайди. Тартиб билан экилган ва кўм — кўк яшнаб турган арча дарахтлари, кечаси ёритиш мақсадида дид билан ўрнатилган неон чироқлари, нақшинкор цемент плиталар ётқизилган бу серфайз шоҳкўча эса, Сталин номи билан юритилади.
Ҳайкал пойидан, деярли 700 — 800 қадам шимол томонга юрсангиз, Сталин туғилган уй олдидан чиқасиз. Пешайвони ва ертўласи ҳисобга олинмаса, бор — йўғи икки хонадан иборат чоққина ҳовли. Кейинчалик уйча устига Сталиннинг ҳашаматли “Уй — музейи” барпо этилган. У икки қаватли кенг ва ёруғ хоналардан иборат бўлиб, ўнг қаноти тепасига байроқ ўрнатиш мақсадида бўлса керак, баланд қилиб бежирим минора ишланган. Шаҳарликларнинг берган гувоҳликларига қараганда, яқин — яқинларгача минора тепасида СССР давлат байроғи ҳилпираб турган. Бу уй — музейда Иосифнинг ҳаёти ва фаолиятини батафсил баён этувчи жуда кўп экспонатлар мавжуд.
Шаҳарнинг шимоли — ғарбий томонида Тифлис, Карели, Цхинвали ва шунга ўхшаш шаҳарларга бориш учун чипталар сотиладиган автобуслар турадиган шоҳбекат жойлашган. Бир оз нарида дарё, ундан кўприк орқали ўтилиб, яна ғарброққа юрсангиз — “ГОРИ” аталмиш матбуот биносига етасиз.
Қаср қурилган тепаликнинг ғарб томонида ҳам кенг ва чиройли хиёбон жойлашган. У ерда гуржи халқининг атоқли инсонлари учун ёдгорликлар ўрнатилган. Шаҳарнинг жануб томонида ҳам баланд — баланд иморатлар. Уйлар тоғ этаги билан қўшилиб кетгандай гўё. Ундан олисроқда юксак тоғ чўққилари. Тоғ ён бағрида, биз турган қалъадан-да баландроқда, яна бошқа қалъаларни кўрасиз. Ажабо! Не-не пешона тери, машаққатлар эвазига вужудга келган обидалар. Ҳа, албатта гуржи халқи бу каби меъморчилик санъати билан фахрланса арзийди.
Яна нигоҳимни И. В. Сталин ҳайкалига, унинг уй — музейига, уч кундир-ки, камина учун қароргоҳ бўлиб келган, ҳайкал ва музейнинг нақ ўртасига жойлашган меҳмонхонага қаратаман. Қисқа вақт бўлса-да, мен учун қадрдон бўлиб қолган бу ошённи бугун тарк этмоқчиман.
Гори шаҳридан олган бебаҳо таассуротларимни хотирамга муҳрлаб, керакли далилларни қоғозга туширарканман, мана шундай тарихий шаҳардан орттирган ёр-у дўстларимнинг исм — шарифларини, турар жойларини, келажакда ҳам алоқа боғлаб туриш мақсадида, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш ва керак бўлиб қолган тақдирда, яна қадам ранжида этиш ниятида ён дафтарчамга ёзиб олдим.
Бу кун сермашаққат ва ўз навбатда мароқли сафаримнинг бир юз ўттиз саккизинчи куни. Ватан соғинчи уй — оилани қўмсаш, айниқса, фарзандлар дийдорига ташналик, йўл азоблари — ана шундай ҳиссиётларга бардош берган ҳолда яна нотинч Грузия — Абхазия чегаралари, сержанжал ўлкалар томон йўлга отланмоқдаман. Олдинда 250 кундан зиёд вақт ичида хатарли довонлар, дашт-у биёбонларни очлик — дарбадарликда кезишдек мушкул вазифалар турарди. Аниқроғи, Қора денгиз соҳилларини, Молдавиядан то Болтиқбўйи мамлакатларигача, Ленинграддан Узоқ Шарққача, у ердан яна она юртим Сайрамгача бўлган 25700 километрдан ортиқ масофани мотоциклда босиб ўтиш муаммоси ечимини кутмоқда эди.
1995 йилнинг январь ойи. Горилик дўстларим билан самимий хайрлашаман. Кузатувчилар менга “оқ йўл” тилаб қолишаркан, Зугдиди шаҳридаям яхшигина кутиб олишлари ва у шаҳардан ҳам ажойиб дўстлар орттиришимга ишонтирдилар. Аммо на мен ва на гориликлар яна икки кундан сўнг, ўн еттинчи январга ўтар кечаси гуржи — абхаз чегарасидаги Ингури дарёси узра қурилган, икки томонни боғловчи кўприк номаълум жангарилар томонидан портлатиб юборилишини, яна Гори томон қайтишимни тасаввуримизга ҳам келтирмасдик.
Ҳа, айнан шундай бўлди. Эндигина Зестафони — Хоби шаҳарлари оралиғини босиб ўтган ҳам эдим-ки, кутилмаганда ҳарбийлар йўлимни тўсиб, нохуш хабарни баён қилишди.
Чолокашвили номли гвардия полки, Тбилиси 380059 — ҳарбий қисмининг взвод командири Жумбер Важаевич Якобидзе ва унинг қўл остидаги аскарлар билан ёнма — ён нон — туз ичиб, уч кун мобайнида дала-ю даштни кезиб юришимга тўғри келди. Оқибатда, Абхазияга ўтиш умиди пучга чиқди ва ҳарбийлардан изн олиб, орқамга қайтдим.
Эндиги режам, насиб этса, Ҳарбий — Грузин йўли билан Рока довони оша Россияга, яна сержанжал Жанубий ва Шимолий Осетия, Чеченистон, сўнгра эса, Қабардин — Болқар ўлкалари, Қалмоқ автоном республикаси орқали, Волга бўйига чиқиб олишдан иборат эди.
* * *
Суратларда: Гори шаҳар ҳокимияти биноси олдидаги Сталин ҳайкали ҳамда Сталин уй-музейининг ёнида.
Суратда: Сталиннинг юртини зиёрат қилган Анвар Сайрамий Гори шаҳар ҳокимияти биноси олдида Сталиннинг Гори шаҳридаги ҳайкали қошида…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ