Ўзбекистон кемаси катта ижтимоий сиёсий тўфонлар арафасида
Пистирмадан чиқинг, жаноблар!
Қабрдан қарсак чалаётган устоз…
Хайриддин Султон қулоғига қўрғошин ўқ.
Суратда: ЖурналистИсмат Хушев Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан
1.
Бугун 30 январь, 2015 йил.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов таваллуд топган кун!
Бугун Ислом Абдуғаниевич роппа роса 77 ёшга тўлди.
Бу айём Ислом Каримов учун Президентлик лавозимида нишонлаётган энг сўнгги таваллуд кун бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Нега?
2.
“Дунё ўзбеклари”да Ватандаги ижтимоий сиёсий вазият ёритилган мақолаларнинг аксарияти шу пайтга қадар Президент ҳақидаги танқидий фикрлардан иборат бўлди.
Ҳатто баъзи ўқувчиларимиз кейинги пайтларда бизни Президентга нисбатан танқидни оширганликда ҳам айблай бошлашди.
Шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Президентининг туғилган куни муносабати билан – юртбошимиз ҳақида нашримизда ижобий нарса ҳам эълон қилмоқчи бўлдик.
Ўзбекистон президенти ҳақида ана шундай мақола ахтариб “Google” ижтимоий тармоғига кирдик.
Афсуски, интернет оламининг улкан ва бепоён кенгликларида Ислом Каримов ҳақида бирорта ҳам ижобий мақолага кўзимиз тушмади.
“Правда” газетасида эълон қилинган “Они делают историю: Ислам Каримов (“Улар тарихни яратишди: Ислом Каримов”) номли мақоладан бошқа бутун дунё ўқийдиган ижтимоий интернет тармоғида пичоққа илинадиган бирор нарса топилмади…
3.
Бир пайтлар академик Мурод Шарифхўжаев Президент ҳақида яхши ва обьектив, холис мақолаларни тез тез ёзиб турардилар.
У кишининг “Ислом Каримов – Ўзбекистоннинг асл фарзанди!” номли мақолалар туркумини ўзим муҳаррирлик қилган “Ҳаёт ва иқтисод” журналида ҳам сонма сон эълон қилган эдик.
Бугун энди Мурод ака орамизда йўқ…
Интернетда эса Толиб Ёқубовнинг “Ислам Каримов – враг узбекского народа!” номли мақоласига ўхшаш бир ёқламалик билан ёзилган матнлар тўлиб кетган.
Шу ерда бугунги ўзбек мухолифати Ислом Каримовни бутун дунё жамоатчилиги кўзи ўнгида қай даражада ёмонотлиқ қилиб кўрсата олгани ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтишим керак бўлади.
Ўзбек ҳукумати чорак асрдан бўён Ватанда ҳам, халқаро миқёсда ҳам Президентнинг сиёсий ва ва ижодий образини табиий қилиб яратишда нўноқлик қилаётган бир пайтда мухолифат бундан усталик билан фойдаланиб, Ислом Каримовнинг таржимаи ҳоли тугул, бутун тарихига аллқачон қора чизиқ тортиб бўлди…
4.
Мен анчадан бўён “Лента.ру” интернет нашрининг “Таниқли кишилар” рукнида турган Бош мақолалардан бирига эътибор бериб келаман.
Унда мухолифат томонидан ижтимоий тармоқларга чиқарилган Президентнинг таржимаи ҳолига оид ўта шармандали, тўҳмат ва ҳақоратдан иборат кўчанинг ғийбат гаплари бор.
Ҳатто “Труд” газетасининг расмий сайтидаги “Каримов, Ислам, Президент республики Узбекистан” номли Бош мақолада ҳам “Лента.ру”даги айни ҳақорат қисман келтирилган.
Мақоладан кўчирма:
«Ислам Абдуганиевич Каримов родился 30 января 1938 года в городе Самарканд Узбекской ССР [84], [85]. По одним данным, его родителями были служащие Самаркандской конторы по заготовке сельхозпродуктов – то ли узбек по отцу и таджик по матери [69], то ли иранец [80] Абдугани и таджичка Санобар Каримовы, по другим – Абдугани с 1936 по 1941 год отбывал срок наказания в тюрьме за хищение социалистического имущества, а настоящим отцом Каримова был еврей Исхак Мирзокандов – руководитель той же заготконторы, родом из семьи знаменитых самаркандских купцов [80], [69]. Таким образом, по официальным сведениям, Каримов – узбек [84], [99], [107], по мнению одних экспертов – “самаркандец” и “ирони”, или узбекизированный иранец [78], по мнению других – таджик [69], [99], третьи утверждают, что он еврей, а его настоящее имя Исхак [80].
В официальных биографиях практически нет информации о детстве Каримова, а неофициальные источники, возможно, значительно искажают реальные факты. По некоторым сведениям, вернувшись из тюрьмы, Абдугани Каримов в 1941 году заставил жену отдать ее незаконнорожденного сына в самаркандский детский дом, оставив дома остальных своих детей. В 1942 году, когда детдома Узбекистана стали заполняться сиротами из городов СССР, родители забрали Каримова домой. Но по мере взросления он становился жестоким по отношению к остальным детям Абдугани Каримова – Ибоду и Кундузу, воровал у соседей вещи и избивал их детей, поэтому в 1945 году родители вновь отдали его в детдом. В 7-8 классах детдомовец Каримов стал известен на самаркандском Сиабском рынке под прозвищем “вор дынь” [80], [113]. По некоторым сведениям, в старших классах он с ножом в руке угрожал учителям, которые ставили ему низкие оценки, избивал одноклассниц – в основном таджичек, узбечек и русских, ладил в школе только с евреями, которые дружно опекали его [80]. По одним сведениям, Каримов закончил школу с золотой медалью [99], по другим данным, он учился в школе на двойки и тройки и никак не мог окончить ее с отличием [80].»
Ўзбекистон Президентининг миллати, ижтимоий келиб чиқиши ва таржимаи ҳолини мутлақ шубҳа остига қўйган бундай манбаси номаълум матнларни Россиянинг кунига минглаб одамлар ўқийдиган нуфузли расмий сайтида туриши нега Ўзбекистон Президенти атрофидагиларни, унга эрта-ю кеч ўз садоқатини қайта ва қайта изҳор қилиб турувчиларни заррача ҳам безовта қилмайди?
Нега бир оғиз расмий хат ёзиб, муносабат билдириш, Ислом Каримовнинг таржимаи ҳолига оид асл ҳақиқатларни уларга етказиш мумкин эмас?
Бундай олди қочди ва кўчанинг гапларини катта расмий минбарларга чиқараётган нашрларни дунёвий қонунлар асосида халқаро маҳкамага бериб, Президент обрў эътибори ва шаънини ҳимоя қилиш ва оқлаш кимнинг вазифаси?
Президентнинг бу соҳага масъул давлат маслаҳатчиси ва матбуот котиби қаерга қараяпти?
Каттакон бир давлат раҳбарининг номи ва шаънини оёқ ости қиладиган бу тавқи лаънатни жимгина томошо қилиб турувчи Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги расмий кишилар шунчаки оддий томошабинми?
Биз хорижда, мухолифат ўчоғида, унинг шундоққина нигоҳидамиз. Шунда ҳам ўз сўзимизни баҳоли қудрат айтиб келяпмиз.
Сиз эса давлат ва ҳукумат ардоғида, қолаверса Президент паноҳидасиз.
Унинг шаънини ҳимоя қилиш шунчалар қийинми? Нимадан ва кимдан қўрқасиз?
Президент тақдири, қадр қиммати ва обрў-эътиборига нега бунча бефарқсизлар?
Нега яқин сиёсий ҳамкорингиз бўлмиш – Россянинг энг ўқимишли расмий сайтларидаги бу кўзбўёмачилик ва адолатсизликдан Сизларни олис Канададан туриб биз огоҳ этишимиз керак?
5.
Биз Ислом Каримов ҳақида ижтимоий тармоқлардаги мақола ва хабарлар ҳақида гаплашаётган эдик.
Сўнг бу сўровни “Ислом Каримов ҳақида ижобий мақолалар керак” деб ўзбек тилида ҳам такрорладик.
Ажаб, Исмат Хушевнинг “Президент эркатойининг саргузаштлари” ва академик Рустамжон Абдуллаевнинг мақолаларидан бошқа Ислом Каримов ҳақида интернетнинг бутун дунё ўқийдиган ижтимоий тармоғидан ижобий ҳеч нарса топилмади.
Топилганлари ҳам, юқорида айтганимиздек, Президентни ҳақорат қилган, унга нуқул лой чаплаган танқидий мақолалар йиғиндисидан иборат эди.
Ахир ҳамма ҳам Ўзбекистонга келиб, унинг раҳбари ва халқи ҳақида, бу ердаги ижтимоий сиёсий ҳаёт ҳақида бевосита маълумот ололмайди-ку…
6.
Президент эртадан кечгача ғамхўрлик қилиб, тинмай мукофотлаб, рағбатлантириб келаётган Ўзбекистон ёзувчилари нега жим?
Нега улар Ислом Каримов ҳақида одамлар излаб ўқийдиган, баҳс мунозара юритадиган ажойиб асарлар ёзишмайди?
Ёки Президентни халқ яхши кўрмайдими? Ё у киши ҳақида ёзадиган нарсанинг ўзи йўқми?
Ахир Ислом Каримовни бошқалар билмаса ҳам, у билан бир сафда, бир командада ишлаб юрганлар яхши билишади-ку.
Унинг буюклигини, улуғлигини, шу билан бирга унинг ниҳоятда камтар ва самимийлигини, жўмард ва табиийлигини Президентнинг атрофидагилар ҳар куни кўриб, гувоҳ бўлиб юришибди-ку.
Нега булар ҳақида ёзиш мумкин эмас?
Ёзувчи ва шоирларимиз, бастакор-у, созандаларимиз, санъаткор ва хонандаларимиз ҳам жим. Улар ҳам оғизларига талқон солиб олишган.
Майли, сўзимиз ёлғон бўлмаслиги учун Абдулла Орипов ва Сирожиддин Саййидларнинг Президент ҳақидаги бир иккита табиий ва юракдан ёзилган шеърларини тилга олишимиз мумкин.
Булар ҳам етарли эмас.
Раҳматли Одил Ёқубовнинг “Ҳаво йўлларидаги мулоқот” номли гўзал бир бадиасини бир пайтлар ўқиган эдим.
Ислом Каримов образини, ундаги одамгарчилик ва мардлик, самимийлик ва ҳалолликни Одил ака ниҳоятда гўзал ташбеҳлар билан очиб беришга ҳаракат қилган эдилар.
Бугун Одил ака ҳақидаги хотиралар ҳам, негадир у кишининг ўша мақоласи ҳам ҳеч қаерда йўқ. Топиб бўлмайди. Гўё бу дунёда Одил Ёқубов яшамагандай. Ҳеч нарса ёзмагандай.
Нега бундай асарларни кўпайтириб, байрам ва юбилейлар арафасида қайтадан эълон қилиш мумкин эмас.
Ҳолбуки, Ўзбекистонда истеъдодли ёзувчилар, шоирлар, ўзини шахсан Президент туфайли жамиятда ўрин топган, ижод нималигини таниган, билган, ҳақиқий ёзувчи бўлган деб юрувчи “даҳолар” талайгина…
7.
Майли, бошқаларни қўя турайлик, лекин Ислом ака яхши кўрган ва бир пайтлар ёнига ишга олган таниқли ва истеъдодли ижодкорлар Бахтиёр Назаров, Усмон Азимов, Шароф Убайдуллаев, Маматқул Ҳазратқулов, Аҳмаджон Мелибоев, Саъдулла Ҳаким, Сафар Остонов, Мирзо Кенжабоев, Омон Матжон, Мурод Муҳаммад Дўстлар нега ҳануз жим.
Ҳолбуки, истеъдодли шоир Усмон Азим ва Омон Матжонларга “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонини ҳам айнан Ислом ака биринчи бўлиб лойиқ кўрган эди.
Қачонлардир биринчилар қатори Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси бўлган Усмон Азимов, Девонда Бош консултантлик қилган Омон Матжонлар буни ёзса, эплашади.
Бир пайтлар пролетариатнинг улуғ йўлбошчисига атаб шеър ёзган (“Ленин тирик экан, энди ишондим”), Политбюрони яхшими, ёмонми, қаламга олган (“Давлат раҳбарлари мункиллаган чоллар”) Усмон Азимнинг наҳот бир пайтлар уни Давлат маслаҳатчиси қилиб кўтарган одам ҳақида айтадиган сўзи бўлмаса?
Омон Матчон нега ҳануз жим?
Ёки Мурод Муҳаммад Дўстни олайлик. Бу истеъдодли ва такаббур йигит девонда ишлаганида Ўзбекистон Президентининг энг эркатой ва ишонган мулозимларидан бири эди.
Ҳали Ислом ака тириклигидаёқ бу давр ва бу сиёсат ҳақида баъзи шов шувли гап сўзларни айтаётган бу одам эрта у кишининг даври тугаганидан кейин нималар дейиши мумкинлигини мен баъзан тасаввур қилгандай бўламан.
Шу пайтга қадар юртбоши билан бирга ишлаб, у кишининг қандай одам ва раҳбар эканлигини улар яхши билишади. Ва бу билганларини халққа айтиш ва етказиш лозимлигини ҳам тўғри тушунишади.
Лекин ёзишга келганида қувлик (пайт пойлаш) ва шайтонлик (шамол тегирмон) лик қилишади.
“Эртага давр ўзгарса нима бўлади, шамол қаерга қараб эсиши мумкин” деб қулай пайт пойлаб турган бундай одамлардан ҳар нарсани кутса бўлади.
Ислом ака чорак асрдан бўён не-не азоб уқубат ва машаққат билан Ўзбекистондай мураккаб бир юртни бошқариб келаётганини яхши билган бу инсонлар эртага Президентдан давр ўтганидан кейин нималар ёзиши мумкин деб ўйлаб қоламан баъзан…
8.
Одатда, юртбоши тиригида оғзига мум тишлаганлар, ундан давр ўтганидан сўнг шунақанги тўҳматларни ёғдиришадики, бунинг исботи учун узоққа бориш шарт эмас.
Биз яқин тарихимизда мисли кўрилмаган бундай шармандали ҳолни Рашидов мисолида кўрдик.
Рашидовни биринчи бўлиб кимлар сотди? Атрофида юрганлар сотди. Ўз ҳамкасблари, сафдошлари, шоир ва ёзувчилар сотди.
У туфайли умр бўйи Ўзбекистонда китоб савдоси ва матбаасининг йирик мулозимларидан бири бўлиб, узоқ йиллар Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётини бошқарган бир тийинга қиммат ёзувчи Ҳамид Ғулом сотди.
Рашидов асарларини ўзи ёзмаган деб ёзувчилар уюшмаси йиғилишида шунча яхшиликлар қилган одамнинг юзига биринчилардан бўлиб юзсизларча оёқ қўйди.
Рашидов туфайли “Гулистон”да Бош муҳаррирлик қилган Асқад Мухтор сотди.
Бир умр мум тишлаб келган Озод Шарофиддинов оғзига келганини айтиб вайсади. Гўридан олиб гўрига солди шунча яхшиликлар қилган марҳум дўстини.
Марказқўмда ишлаб, бевосита Шароф ака қўлидан санъат арбоблиги унвонини олган Ўлмас Умарбеков сотди.
Бугун уларни номма ном айтиб адо қилолмаймиз. Бир сўз билан айтсак Шукрилло ва Раҳмат Файзийдан бошқа ҳамма озми кўпми харидорига қараб сотди…
9.
Жонрид Абуллахоновнинг Рашидовга бўлган муносабати ўзгармади, холос.
У Тошкентга Намангандан ялангоёқ келган экан. Етим экан. Ёзувчилар уюшмаси мажлисида ялангоёқ қатнашаркан.
Бир йиғилишда учратиб қолган Шароф Рашидов уни ишга жойлаб, яхшиликлар қилган экан.
Шуни Жонрид ака ҳозиргача ёзиб, айтиб юради…
Лекин бу кўҳна дунёда ҳаммаям Жонрид акадай яхшиликнинг қадрига ҳар доим ҳам етавермас экан.
Масалан, Озод Шарофиддинов билан ЎлмасУмарбековларни олиб кўрайлик.
Тақдирнинг ўйинини қарангки, Рашидов бу икки ижодкорга кўп ва хўп яхшилик қилган эди.
Ҳатто уларга ўз қўли билан яп-янги “Волга” автомашиналари калитини ҳам шахсан ўзи топширган эди.
Дунёнинг ишлари ростдан қизиқ.
Аввал, Катта Ўзбек Трактининг “Янги йўл”га параллел 30-километрида Озод ака, сўнг “Сирдарё”га бораверишдаги 72-километрида Ўлмас акалар одам босиб ўлдириб, жиноят содир қилишади.
Ўлмас ака бир эмас икки одамнинг умрига зомин бўлади. (Эҳтиётсизлик қилиб, катта йўлни кесиб ўтаётган ҳомиладор аёлни босиб кетади)
Ўшанда Шароф Рашидов уларнинг ҳар икковини ҳам нафақат қамоқдан, балки терговдан ҳам асраб қолади.
Бунинг эвазига улар – бу дунёдан кўзи юмилганидан кейин ўз халоскорларига биринчилардан бўлиб тош отишди.
Бу тош отишдан кўзланган мақсад аниқ эди: Янги хўжайинлар қўлитиғига кириш, уларнинг ҳам ишончини қозониш…
Ёзувчи одам учун бундан ортиқ юзсизлик бўлиши мумкинми?
10.
Ўзбекистонга ҳар келганида Рашидов шахсан қабул қилиб, “Дўрмон”даги ҳукумат дачасида меҳмон қиладиган ёзувчи Комил Икромов эса ҳаммадан ошириб сотди.
Ҳолбуки, Шароф ака Акмал Икромовнинг ўғли бўлгани учун ҳам ҳурмат қилиб, меҳр кўргизган, унга ҳатто икки маротаба Ўзбекистон фондидан ўша даврнинг энг улуғ моддий мукофоти саналган “Волга” автомашинасини ҳадя қилган эди.
Комил Икромов атайлаб: “Менинг бунга тўлайдиган пулим йўқ” деганида, Рашидов: “Отанг Акмал Икромовнинг Ўзбекистонга ўтқазиб қўйган пули жуда кўп” деб унга катта мурувват кўрсатган эди…
Мунофиқлик ва нонкўрликни, сотқинликни қарангки, Шароф Рашидов ҳақидаги энг ифлос ва разил тўҳматни Москвада биринчи бўлиб айнан Комил Икромов ёзиб эълон қилди.
У тўқиган тўҳмат мақолаларини “Правда” ва “Литературная газета” редакцияларига Рашидов ҳадя қилган ўша оқ волгада Москва кўчаларини кезиб, виждони қийналмай, виқор билан олиб бориб берганини мен бугун Канададан туриб ҳам аниқ тиниқ тасаввур қилаяпман…
Мунофиқлик ва нонкўрликнинг бундай разил кўринишини энди нима деб аташни ҳам билмай қоласан, киши…
Унинг Нишонов бошлиқ янги ҳукуматдан ҳам “оқ от” миниш истаги бор эди. Афсуски, бунга улгурмади.
Бу орада Нишонов ҳам кутилмаганда Ўзбекистонни тарк этди.
Сал ўтмай Комил Икромов ҳам бу дунёдан маломат билан кўз юмди…
11.
Дунёнинг ишлари ростдан қизиқ.
Ажабки, Рашидовдан машина олиш тугул, бирор маротаба раҳмат ҳам эшитмаган москвалик машҳур публицист, ёзувчи Федор Раззаков ўзининг “Коррупция в Политбюро: Дело «красного узбека» номли тарихий ва ниҳоятда табиий асарида Шароф Рашидовни ўз ҳамкасблари ва сафдошлари қилган барча тўҳмат ва ҳақоратлардан биринчи бўлиб дадил ҳимоя қилиб чиқди…
Адолат ҳаққи ҳурмати айтиш керак, Ўзбекистонда Рашидов ҳақида Федор Раззаковга қадар тарих фанлари доктори Саидакбар Ризаев энг биринчи бўлиб ростгўй китоб ёзди: “Шароф Рашидов портретига шрихлар (Шараф Рашидов: Штрихи к портрету) ” номли бу ажойиб ҳужжатли асар 1992 йилда нашрдан чиққан эди.
Мен баъзан Ислом акадан давр ўтганидан кейин Ўзбекистонда нималар содир бўлиши мумкинлигини хаёлан тасаввур қилиб, даҳшатга тушаман.
Бугун Ислом акани кўкларга кўтариб, мақтаб, эртадан кечгача сиғиниб юрган Олий раҳбариятдан қўрқаман.
Бугунги ўзбек матбуотида мамлакатдаги ҳамма нарсани яхши ва ҳавас қилса арзирли деб давлат раҳбари ва халқни алдаб, одамларнинг кўзини шамғалат қилиб келаётган Президент атрофидаги воизлардан менинг энг катта хавотирим.
Негаки, Шароф Рашидовни ҳам энг биринчи бўлиб ёнидагилар – этагини ўпиб юрганлар сотган эди…
12.
Ислом Каримов ҳам анойи одам эмас. Буларнинг ҳаммасини сизу биздан кўра яхшироқ билади ва сезади.
Лекин атрофдаги пихи қайрилиб кетган мулозимлар шу даражада маккорки, Ислом Каримовнинг кўзига қараб туриб уни алдайдилар, кўзини боғлайдилар, ҳақиқатнинг юзига соя соладилар.
Булар ўзларининг ҳийла найрангги билан Президентни шу даражада ўраб чирмаб ташлашдики, бу мулойим юмшоқ супургисифат чирмовуқлардан Ислом ака ҳали бери халос бўлиб кетишига кўзим етмайди.
Бу тулкилар, шер юрак қуёнлар ўзлари хон, кўланкаси майдон бўлиб, ўрмон подшоси Ислом акани баъзан шу даражада ишонтирадиларки, гўёки ер юзида шоҳ учун улардан садоқатлироқ инсон йўқдай.
Ислом ака буни баъзан пайқаб, баъзан пайқамай қолиши мумкин. Чунки маккорлик ва риёкорлик бу катта ҳунар.
Ислом Каримовдай ўта зеҳнли ва кўпни кўрган юртбоши ҳам, Горбачев ва Лигачев каби Политбюронинг не не султонларини чекинтира олган одам ҳам ўз атрофидаги “Хайриддин Султонлар каби маккор ва юмшоқ супурги”лар қазиган чуқурга баъзан қандай қулаганини билмай қолади…
Улар ўзларининг макр ва ҳийлалари, қош кўз ва киприк мақомлари, мулойим жилмайишлари, овозларини ҳар қандай ҳофизни ҳам чекинтирадиган даражадаги маҳзун оҳанглари, хушомадли қуллуқ ва чуқур таъзимлари билан подшони ром этсалар не ажаб!
Ислом ака! Атрофингизда мум тишлаб турганлардан ҳушёр бўлинг.
Сизга тавқи лаънатни энг биринчи бўлиб мухолифат эмас, ана ўшалар ёпиштирса не ажаб…
13.
Мен бу мақолани ёзишдан олдин анча тайёргарлик кўрдим. Бу гап сўзлар менинг кўнглимда анча йиллардан бўён бор эди.
Яқинда Тошкентга борганимда ҳам Ислом ака билан бирга ишлаган, у кишини яқиндан билган баъзи мулозимлар билан кўришиб, самимий суҳбатлашдим.
Шу беғубор суҳбат асносида уларнинг – ўзларига раҳнамо бўлган устоз Ислом Каримов ҳақида ундан ҳеч қанақанги шафоат ва тамагирлик кутмай, яхши ниятда имконлари даражасида ўз хотираларини қоғозга туширганларини пайқаб қолдим.
Шуларни нега эълон қилмайсизлар деган саволларим жавобсиз қолди…
Лекин шу нарсани тўғри тушунадиган, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ўзи ҳам тўғри тушуниб, юртбошига ҳам тўғри тушунтирадиган мулозимнинг ўзи йўқ бугун Ўзбекистонда.
Бир замонлар ўқиганим бор: Яқин ўтмишда Георгий Константинович Жуковдай оламга машҳур қўмондон Сталин ҳақида ёзганларини ўз ватанида эълон қилолмай АПН орқали чет элда нашр этишга мажбур бўлган экан.
Бундан хабар топган мамлакатнинг ғоявий раҳбари Михаил Андреевич Суслов Жуковни ўз ҳузурига чақириб, бу китобни СССРда чоп этиш учун Брежнев “қаҳрамонлик”ларини акс эттиришни шарт қилиб қўяди.
Биз бу мақола билан Президентни кўр кўрона мақташга чорлаётганимиз йўқ.
Унинг мураккаб шахси ва қарама қаршиликларга тўлиб тошган ҳаёти ҳақидаги бор ҳақиқатни қоғозда кўрсата олсак, айта олсак ҳам, бу асар сўзсиз бюстеллер бўлади.
Ислом Кариимов даврининг тарихга айланишига эса, жуда оз фурсат қолди…
14.
Биз Рашидов фожеасини айтдик.
Бу борада Сталиннинг фожеали ҳаётидан ҳам сабоқ оларли ҳодисалар талайгина.
Сталинни ҳам фақат меҳр ва ҳайрат билан ёзиш одатга кирган эди.
Лекин шу билан бирга мамлакатдаги коррупция ва кўзбўямачиликлар баралла айтиларди.
Бундан Сталин ҳам, давлат ҳам, сиёсат ҳам ютқазмагандир…
Умуман совет идеологиясидан ибрат ва намуна оладиган жойлар кўп эди.
У одамларни маълум бир мақсад ва ғояга садоқат ва эътиқод билан йўналтира оларди.
Бугун Ўзбекистондаги порахўрлик ва коррупция кўламини тасаввур қилиш мумкин. У бутун давлат ва жамиятни ўраб олганига гувоҳ бўламиз.
Нега бунинг олдини олиш мумкин эмас?
Сталин замоннинг энг оғир ва синовли чиғириқларидан мамлакатни олиб ўтди.
Ҳатто дунё тан олган энг машҳур сиёсатчилардан бири Уинстон Черчилл ҳам: “Чор Россиясидан давлатни омоч билан қабул қилиб, атом бомбаси билан топширган Сталинга тан бермаслик мумкинми?” деганида тамомила ҳақ эди…
15.
Ўзбекистон ҳам кечагина ҳалокат бўсағасида эди.
Наманган, Фарғона Сирдарё ва Тошкентни қамраб олган эди қирғинбаротга элтувчи бу ҳалокатнинг соя-ю шарпалари.
Ислом Каримов фуқаролик урушининг ана шундай совуқ нафаси сезилиб қолган қалтис бир вазиятда сиёсий майдонга келган эди.
Фарғонада бошланган даҳшатли фожеалар Ўзбекистондаги фуқаролик урушига айланиб кетиши мумкин эди.
Унинг алангаси бутун водийни қамраб, Сирдарё ва Тошкент вилоятларига ҳам яшин тезлигида тарқалди.
Гулистон, Бўка, Паркент, Пскент олов ичида қолди.
Бу фожеа аслида республиканинг ўша пайтдаги биринчи раҳбари Рафиқ Нишоновнинг энг аввало раҳбар сифатида, қолаверса миллатлараро масалада ўта ношуд ва лаёқатсизлиги, калтабинлиги оқибатида келиб чиққан эди.
Ажабки, айнан миллатларао масалада Ўзбекистонни ўт олов гирдобида қолишига сабабчи бўлган бу одам кўп ўтмай мамлакат Олий раҳбариятининг миллатлараро иттифоқига раис бўлиб, кўтарилиб кетди…
Ислом Каримовнинг ўшандаги жасорати, оқиллик ва сабр тоқатлиги, катта раҳбарга хос зукколик билан иш кўра олиш фазилати – Ўзбекистонни ўт-олов гирдобидан, даҳшатли ҳалокат ёқасидан сақлаб қолди.
Ваҳоланки, худди шундай миллатлараро фожеалар қўшни республикаларда, чунончи Тожикистон ва Қирғизистонда фожеавий тус олди.
Бу икки давлат уруш ва қирғинбарот ичида қолди.
У ердаги раҳбарлар бу фожеаларни ўз вақтида бартараф этолмадилар. Бу эса ҳар иккала давлат учун ҳам катта йўқотишларга олиб келди.
Қўшниларимиз бу фожеа асоратидан, сиртмоғидан ҳануз чиқиб кета олганича йўқ.
Бир сўз билан айтганда – Ислом Каримовнинг Ўзбекистон халқи ва давлати олдидаги хизматини тан олмаслик мумкин эмас!
16.
Ахир ҳар бир даврнинг одамлари яхши кўриб, меҳр қўйган, сажда қилиб, сиғинган ўз йўлбошчилари бўлган.
Биз советлар даврида Сталин ва Ленин ҳақидаги асарларни ўқиб катта бўлдик, партия раҳнамолигида камолга етдик.
Бугун Ўзбекистонда ёшларимиз кимнинг ва ниманинг раҳнамолигида, кимга ва нимага эътиқод қўйиб вояга етишмоқда, камол топишмоқда?
Ислом Каримов шахси ва сиёсий фаолиятидан келиб чиқиб, уларни қизиқтирадиган, хаёлларини ўғирлаб, ўзига мафтун этадиган, маълум бир идеология ва ғояга йўналтирадиган асарлар ёзиш наҳот мумкин бўлмаса?
Масалан, Лениннинг ота онаси, ака ва опалари, оиласи Надежда Крупская ҳақида биз аниқ ва тиниқ, мукаммал тасаввурга эгамиз. Уларга ҳамиша ҳавас қилганмиз.
Чунки Мариэтта Шагинян деган ёзувчи ўзининг бутун умрини Лениннинг болалиги ҳақида ажойиб ва ғаройиб, энг муҳими ҳаётий ва табиий асарлар ёзишга бахшида этган.
Биз бугун Ислом Каримовнинг отаси Абдуғани ака ва онаси Санобар аялар ҳақида нимани биламиз? Президентнинг болалиги ҳақида-чи? Айтарли ҳеч нарса!
Хўш, бугун бизнинг фарзандларимиз аввал боғчада, сўнг мактабда Ислом Каримов ҳақида нимани ўқиб ўрганишлари мумкин?
Президентнинг сиёсий китобларидан бошқа бизда нима бор ўқийдиган?
Бу асарлар ёшларимизга эмас, катталарга, ҳаётнинг оқ қорасини англаб, сиёсат нималигини секин аста тушуна бошлаганларга мўлжалланган аслида.
У киши ҳақида ёзилган ва матбуотда эълон қилинган асарлар эса бизнинг талабимизга мутлақо жавоб бермайди.
Бундай сийқаси чиққан, саёз ва бўш, ўта сиёсий ва сунъий асарлар билан бугунги ёшларимизни тарбия қилиш мумкин эмас!
17.
Тўғри , Ўзбекистоннинг жасоратли ва ҳайратли Президенти ҳақида ёзиш ҳуқуқи ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Ислом Каримов ҳақида асар ёзиш учун кишида энг аввало маънавий ҳуқуқ бўлиши керак.
Президент ҳақида кимлар ёзиши мумкин?
Ислом Каримовни билган ва уни яқиндан таниган, у билан бирга ишлаган, доим суҳбат ва мулоқотларда бўлган кишиларгина бундай нозик, шарафли ва масъулиятли ишни уддалаши мумкин.
Улар кимлар?
Ўзбекистон бошқарувидаги ўрта ва қуйи бўғин мулозимлари буни эплай олмайди.
Вазирлар, вилоят ҳокимлари, ҳатто ҳукумат аъзолари ҳам буни ёзолмайдилар. Чунки улар ҳам Президентни тез тез кўриш ва суҳбатлашиш имконига эга эмаслар.
Президент истаган тақдирдагина улар билан алоқага чиқиши мумкин. Бўлмаса олти ой, бир йиллаб бу малозимлар Ислом акани фақат тушларида кўриши мумкин, холос…
Буни мамлакат олий раҳбариятидагилар эплаши мумкин.
Президентнинг давлат маслаҳатчилари, ўшанда ҳам унга энг яқин ва ишончли маслаҳатчилар, деярли ҳар куни Ислом аканинг олдига кириб, ҳамсуҳбат бўладиган мулозимларгина буни ёзиши мумкин.
Ҳозиргилари эмас. Йўқ. Улар ҳали Ислом акани худди биздай ўрганишлари учун кўп йиллар керак бўлади.
Мен олдинги Президент командасида ишлаганларни, тўқсонинчи йилларда – Ўзбекистон учун ҳаёт мамот жанги кетаётган даврда юртбошига сафдош бўлган мулозимларни назарда тутяпман.
Президент ҳақида, шунингдек, Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ), Президент хавфсизлиги Хизмати (СБП) нинг юқори даражали мулозимлари ва давлат хавфсизлиги Кенгаши аъзолари ёзиши мумкин.
Чунки Ислом ака улар билан тез тез учрашиб, доимий мулоқотда бўлишини яхши биламан…
18.
Хўш, нега бундай?
Нега Ислом Каримов ҳақида авлодлар қўлма қўл қилиб ўқийдиган китоблар яратиш мумкин эмас.
Ахир Ўзбекистондагилар юртбоши ҳақида бугун нимани билишади?
Уни фақат Президент ва Ўзбекистоннинг раҳбари эканини билишади, холос.
Лекин Ислом акани инсон, ота, дўст ва сафдош сифатида, оила бошлиғи сифатида биз қанчалар яқиндан биламиз.
Унинг ёшлигини-чи?
Болалигида Ислом ака бокс билан шуғулланганини, аввал маҳаллада, сўнг бутун Самарқандда катта шуҳрат қозонганини бир пайтлар эшитган эдим.
Лекин расмий манбаларда бу ҳақда ҳеч нарса йўқ, ёзилмаган.
Ёзилганлари ҳам мухолифат томонидан, бир ёқламалик билан, ҳақорат ва тўҳмат билан, жаҳолат ва хусумат билан ёзилган.
Одамлар бугун юртбоши ҳақида достонлар ўқигиси келади. Романлар ўқигиси келади. Ички дунёсини билгиси ва яқиндан танигиси келади юртбошисини.
Лекин Ўзбекистон Президенти ҳақида у кишининг сиёсий асарларидан ташқари бугун Ўзбекистонда айтарли ҳеч нарса йўқ.
Ёзилмаган. Борлари ва ёзилганлари ҳам ниҳоятда зерикарли, ўта сиёсийлаштирилган.
Андижон фожеаси сочларини бир кечада нечоғлиқ оқартирганини-чи?
Бу ҳақда, ростини айтиш керак ҳали ҳам одамлар ҳеч нарсани билишмайди.
Буни сал пал эплаб китоб ёзган ёзувчини эса ортиқ ёзмасин деб қўлини ва тилини кесдилар.
Ўзларининг худбин ниятлари йўлида миллат ва халқни, Ватанни унутиб, уни маҳкамага тортдилар, овозини ўчирдилар.
Мен ҳалол ва истеъдодли ёзувчи Ғаффор Ҳотамовни назарда тутяпман…
19.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: Тўқсонинчи йилларнинг бошида, адашмасам, 1994 йилда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ислом акага ўзи ҳақида чоп этилган 20 печатний листдан каттароқ қалин бир автобиографик китоб совға қилган эди.
Унда Президентнинг қозоқ давлати шаклланиши ва оёққа туришидаги тарихий роли, ижтимоий сиёсий ҳаётда тутган ўрни ҳақида жуда ишонарли, қизиқарли тилда, суньий эмас, балки жонли ва табиий равишда ҳикоя қилинган эди.
Кейинчалик мен ҳам бу китобни қозоқ дўстларим орқали топиб ўқиш шарафига муяссар бўлганман.
Қозоғистон Президенти ҳақидаги бу афтобиографик мемуарни, айтиш мумкинки, том маънодаги бистеллерни, 1994йилдаёқ қозоқларнинг етти ёшдан етмиш ёшигача ўқиб, ёд олган эди.
Бу китоб шу қадар қизиқарли ва қўлма қўл бўладиган, излаб ўқиладиган китоб эди.
Хўш, бугун мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси ва биринчи Президенти ҳақида авлодлар қўлма қўл қилиб, излаб ўқиши мумкин бўлган бирорта асар бормикан?
Мен бугун олис Канададан туриб айтаётган бу гап сўзларни Ислом ака ўқиб, (у кишига буни олиб кириб беришларига ишончим комил) худди Назарбоев “кўриб қўй” деб атай совға қилган китобни кўтариб столга ургандай ёнидагиларни чақириб, “Дунё ўзбеклари”даги бугунги мақолани ҳам “Сенлар тарих ҳақида қачон ўйлайсанлар? Нега буни Канададан туриб Исмат айтиши керак!” деб уларнинг юзига отишини тасаввур қилаяпман…
Лекин Назарбоевнинг китоби чиқиб, Ислом ака бу гапни ёнидагиларга айтганига ҳам йигирма йилдан ошди.
Бу орада Президент ҳақида жуда кўп китоб нашр этилди.
Биз бугун уларнинг иккитасини тилга олиб ўтмоқчимиз, холос.
Булар Озод Шарофуддиновнинг “Президент” (“Мустақиллик меъмори”) ва Нарзулла Жўраевнинг “Агар огоҳсен” номли бир тийинга қиммат китобларидир.
Қолганларини эса тилга олиб ҳам бўлмайди…
20.
Ўзбек халқи, давлатчилиги тарихида бу инсоннинг – мен Ислом Каримовни назарда тутяпман – катта ва муносиб ўрни бор.
Унинг мамлакат ва миллат тарихидаги беқиёс хизматини била туриб, бу ҳақда индамаслик, шу муҳитдан чиқиб, ҳеч нарса ёзмаслик — бу гуноҳ, айтмаслик – бу жиноят!
Бизнинг бу фикрларимизни ўқиб, кимдир Исмат Хушев яна Президентга хушомад қилаяпти деб ўйлар. Тошкентга бориб келганининг ҳақини тўлаяпти деб башорат қилар. Майли, биз одамларнинг фикру ўйи билан ишимиз йўқ.
Биз Президентга хайрихоҳ эканимизни, ундан кўп яхшилик кўрганимизни, уни ҳурмат қилишимизни ҳеч қачон яширмаганмиз.
Буни ҳамиша очиқ ошкор айтиб, бу билан ҳатто фахрланиб, китобларимизда ёзиб келаяпмиз.
Ким нима дейишидан қатьий назар, эрта бир кун Ислом акадан давр ўтганидан кейин ҳам биз шу фикримизда қоламиз.
Зотан, фикрини давр шамолига қараб тез ўзгартирадиганлардан биз ҳамиша ҳазар қилганмиз. Ўзимиз ҳам эрта бир кун уларнинг ҳолига тушиб қолишни сира истамаймиз!
Биз ўз мақолаларимизда доим танқид қилиб келаётган юртбошимизни таваллуд куни баҳонасида бир оз мақтамоқчи бўлиб, у киши ҳақида ёзилган асарларни излаб шундай нохуш туйғуларни бошдан ўткардик ва бу кечирилмас холни ўз ўқувчиларимиз билан баҳам кўришни истадик , холос.
Агар у кишини астойдил яхши кўрмаганимизда – бу гап сўзларни ёзиб, дилингизни хуфтон, хаёлларингизни паришон қилиб ўтирмасдик.
Қолаверса, Ислом Каримов даврининг ҳам кўпи кетиб, ози қолгани бугун ҳеч кимга сир эмас…
21.
Энди икки оғиз сўз – Президент ҳақидаги китоблар нашр этилаётган даргоҳ ҳақида.
Кўриниши гўзал, бежирим, қалин муқовали бу асарларнинг бозори касод эканини олий раҳбариятдагилар яхши билишади. Лекин билмаганликка олишади.
“Асарларингиз қўлма қўл бўлиб ўқиляпти, Ислом ака” – деб юзсизларча Президентни ишонтиришади. Олимлар Сизни ўқиб, илмий иш қилишяпти, тадқиқот олиб боришяпти, диссертация ёқлашяпти деб юртбошига тилёғмалик қилишади…
Шу ерда табиий бир савол туғилади.
Мазмун моҳиятини эмас, фақат салмоғини ўйлаб тонгги қўзиқориндай том том пайдо бўлаётган бу китоблар қайси нашриётда чоп этиляпти?
Бу матбаа идорасининг раҳбари ким?
Ўзбекистон маънавиятини таназзулга юз туттираётган бу асарларнинг аксарияти “Маънавият” нашриётида босиляпти. Унга маънавий дунёси ниҳоятда қашшоқ бўлган саводсиз бир одам раҳбарлик қилади.
Унинг исми – Суннат Аҳмедов. Асли ғузорлик бўлган тожик миллатига мансуб бу тажанг ва такасалтанг одамни яхши танийман.
Бир пайтлар “Ўқитувчи” нашриётида ишлаб, ғич ғич хато билан сифатсиз чиқарилган мактаб дарсликлари учун раҳбарлардан доим гап эшитиб юрарди.
Ажаб, шундай саводсиз бир кимса мана неча йиллардан бўён “Маънавият” нашриётига раҳбарлик қилаяпти.
(Мамлакатнинг идеология доҳийси қўллаб қувватлаганидан кейин раҳбарлик қилади-да).
Ўзбекистон маънавий оламининг қадриятлари, нодир асарлари чоп этиладиган мўътабар ва муқаддас даргоҳда бундай фаросатсиз ва эътиқодсиз, бошқа миллат вакили бўлган – маънавий дунёси ўта қашшоқ одамнинг ишлаши – жиноят.
Ўзбек халқига, унинг маънавиятига қилинган жиноят!
Унинг бу ярамас одатига ишонч ҳосил қилиш учун унинг раҳбарлигида ишлаётган одамларни тинглаб, чоп этилаётган китобларни варақлаб чиқиш кифоя…
Лекин Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновни бу билан иши йўқ.
У ишонган бу худбин югурдагини то ўзи ишдан урилгунга қадар бу юксак лавозимда ушлаб ўтиришда давом этаверади…
22.
Баъзан ўйлаб кетаман. Ҳозир Ислом аканинг атрофида кимлар ўтирибди?
Бугун Ўзбекистон кимларнинг қўлида қолди?
Президент, давлат ва халқ хавфсизлигини таъминловчи, уларнинг обрў эътибори, ор-номуси, шаъни ва қадр-қимматини ўйловчи, назорат қилувчи хизматлар қаерга қараяпти?
Ўзбекистонда мен айтган масала ва муаммолар ижросини, маънавиятимиз дахлсизлигини назорат қиладиган мулозимлар борми бу хизматларда?
Агар бўлса, нега бунинг олдини олиш мумкин эмас?
Ахир биз куни кеча мустақиллигимизнинг йигирма уч йиллигин ишонладик. Бизга бундай қутлуғ айёмларни нишонлаш бир умр насиб этмайди-ку! Умр бизга мангу берилмаган-ку!
Тириклигимизда, куч-қудратга тўлиқлигимизда, ақлу-шууримиз бутунлигида, салтанатимиз барқарорлигида нега шу ишларни қилиш мумкин эмас?
(Эрта бир кун барқарорлик қўлдан кетгач, бу мум тишлаган тўтилар нималар сўйлаб, нималар куйлашини яхши тасаввур қиламан).
Мустақиллик бизга ином этган бу саодатнинг қадрига бугун етишимиз керак!
Эртага кеч бўлиши мумкин…
23.
Яқинда Тошкентга борганимда Ўзбекистон халқ шоири, устозим Абдулла Орипов билан ҳам кўришган эдим.
Ўзбекистон ёзувчилар ушмаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, эл суйган шоирнинг кайфияти ўзига яраша эди.
Мен суҳбат асносида худди студентлик йилларидагидай у кишининг кўнглини олай деб, Ислом Каримовга атаб ёзган бир шеърини ёд айтиб айтиб бергим келди.
Мен у кишининг шеърларини ёд айтишни ёқтирардим ва буни Абдулла ака ҳам яхши биларди.
Ҳар гал шеърини ўқиганимда: “Сенинг хотиранг жуда кучли, ука! Ҳатто мен билмаган шеърларимни ҳам биласан” деб ўз миннатдорчилигини билдириб, мени мақташни яхши кўрарди.
Мен худди студентлик йилларимдагидай шижоат билан шеър ўқий бошладим:
Афсус, бизнинг денгизимиз йўқ,
Гоҳо алам билан янграр сўзингиз.
Лекин, Ислом ака, менинг кўнглдим тўқ
Бизлар учун денгиз – ўзингиз…
Бу тўрт сатр шеър катта маънога эга бўлиб, Президент ҳақида ёзилган, лекин ўқиб бўлмайдиган том том асарларнинг ўрини бемалол босиши мумкин.
Лекин Абдулла ака ўзимга хос ҳаяжон ва эҳтирос билан ўқилган шеърдан сўнг менга одатдагидек қувонч билан раҳмат айтиш ўрнига: маъюслик билан: “Агар ҳаёт қайта берилганда, мен баъзи нарсаларни ёзмаган, айрим гапларни айтмаган бўлардим” деб қолди…
Бугун Ўзбекистондан олис Канаданинг сирли ва салқин, ёмғирли оқшомида ўтириб, ушбу хотираларни ёзарканман, Абдулла аканинг андуҳ билан айтган ўша сўзларини яна эсладим…
24.
Маълумки, бадиий асар ҳажми ва босма табоғи билан ўлчанмайди. Дил тортар ва табиийлиги, холис ва самимийлиги билан ўлчанади.
Қаранг, Абдулла Ориповнинг шу тўрт сатр шеъри Ислом Каримовни сиз билан бизнинг юрагимизга қанчалар яқин қилади.
Ваҳоланки, Озод Шарофуддинов билан Нарзулла Жўраевнинг бошдан оёқ ўринсиз мақтов ва мадҳиялардан иборат ёстиқдай китоблари Ислом Каримовни бизнинг қалбимиздан узоқлаштирса узоқлаштирадики, лекин асло яқинлаштирмайди…
Наҳот шуни Олий раҳбариятдагилар билмасалар? Ё уларнинг ўзлари ҳам ўқишмаганмикан ўша китобларни…
Ҳолбуки, бугунга қадар бу икки маддоҳ Ўзбекистонда Ислом Каримов ҳақидаги мадҳия ва бадиянинг байроқдори сифатида кўрсатиб келинмоқда.
Сўнгги йигирма йилдаги барча имтиёз ва илтифотлар шуларга бўлди.
Улар ёзган бир тийинга қиммат, ўта саёз ва тутуриқсиз бу китоблар кўтарган байроқ эса ўзбек маънавий оламининг йўналиши ноаён ва паришон шамолларида заифгина ҳилпираб турибди…
Шу икки асарни нашриётда чоп этган корректоридан бошқа тўла тўкис ўқиб чиққан иккинчи бирор киши бормикан Ўзбекистонда деб баъзан ўйлаб қоламан…
Ҳароратсиз сўзнинг фойдасидан кўра зарари кўп деб шуни айтсалар керак-да.
Абдулла ака менга афсус ва алам билан бояги гапларни айтганида мана шу адолатсизликни назарда тутгандир балки…
25.
Яна бир гап.
Бугун Ўзбекистон Олий раҳбариятида бир пайтлар давлат ва ҳукумат одами бўлганларни энди ўша давлат ва ҳукуматга душман деб қараш, улардан Президентнинг мухолифини яратиш каби бемаъни одат расм бўлган.
Уларни ишсиз кўчага ҳайдаб қўйиш камлик қилганидай, фарзандлари ва яқинларини таъқиб ва тазйиқ қилиш, ҳибсга олиш бутун мамлакат бўйлаб кенг авж олган.
Шунинг учун ҳам уларнинг дарди ичида.
Абдулла ака мен билан хайрлашар пайти: “Ука, сен Канадага кетиб қолган муҳожир эмигрансан. Сени тушуниш мумкин. Мен эса ўз юртимдаги эмигрантман. Мени ким тушунади?” деганида ана шу адолатсизликларни назарда тутган бўлса, не ажаб…
26.
Бугун 30 январь, 2015 йил.
Мустақилик Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов туғилган кун!
Мустақилликни қўлга киритганимизга ҳам роппа роса 23йил бўлибди.
Лекин юртбошининг бу галги таваллуд кунида менинг қалбимда – одатдаги қувонч ва ҳаяжондан кўра -таҳлика ва хавотир кўпроқ.
Негаки, Ислом Каримов асос солган давлатимиз тақдири ва бу давлат асосчисининг ўз тақдири ҳам бугун хавф остида турибди.
Негаки, 2015йил – Ўзбекистонда ҳаёт мамот йили бўлади!
Ё Ислом Каримов кўтарган байроқни ушлаб қоламиз ё уни бошқалар илиб кетиши мумкин…
Бугун Ўзбекистон Олий раҳбарияти ўзини Ислом Каримовга содиқ ва садоқатли эканини исботлай олмади.
Бугун Президент билан халқ орасида жуда катта жарлик борлиги аён бўлди.
Президентнинг атрофидагилар, мамлакат олий раҳбариятидагилар пайдо қилди бу жарликни.
Агар Ислом Каримов бугунги туғилган куни тантаналаридан сўнг махсус хизматлар ёрдамида ўз командасини – ўзбек халқини Ўзбекистон Президентига билибми билмайми, душман қилиб қўйган Олий раҳбариятни тозаламаса, янгиламаса, уларнинг юзидан ниқобини ечиб, кимнинг кимлигини ошкор айтмаса, ҳаммаси тамом бўлади.
На Гулнора (Исломовна), на Рустам Иноятов, на Шавкат (Мирзиёев), на Рустам (Азимов) ва на Элёр (Ғаниев) у кишининг ўрнини босолмайди.
Президентнинг ўрини фақат ва фақат Президентнинг ўзи босиши мумкин.
Ислом Каримовнинг ўзини эса тахтда қолдиришнинг барча қонуний ва ноқонуний йўллари ишлатиб бўлинди.
Бугун Ўзбекистон жуда катта сиёсий муаммо қаршисида турибди.
Бу муаммонинг ечимини мамлакат олий раҳбарияти ҳам, махсус хизматлар ҳам, ҳатто Президентнинг ўзи ҳам то ҳануз ўйлаб топишолгани йўқ…
Ҳамма нарсага кўз юмиб, Президент номзодини март ойидаги сайловга қўйилишини эса дунё ҳамжамияти ҳали қандай қабул қилади, буни худо билади…
27.
Ҳа, рўй рост айтганда, “201 5 йил” мени ҳаммадан кўра кўпроқ хавотирга солади.
Мен “2015 йил”ни узоқ тарихда кўланкали излар қолдирган ва халқ орасида салбий тилга олинадиган илон йиллларига ўхшатаман.
Аслида илон йили мучал бўйича ўтиб кетган бўлса-да, Ўзбекистон учун асл илон йили 2015 йил дегим келади.
“ 2015″нинг мени хавотирга солаётган салбий, қора кўланкалари нималардан иборат?
Ҳозирги Конституция мақомига кўра “201 5 йил”да Президент сайлови қаршисида турибмиз.
Албатта, Ўзбекистонда Президент сайловлари унчалик катта янгилик эмас. Биз унинг бир нечасини хамирдан қил суғургандай ўтказдик. Лекин бу имкониятлар энди тугади.
“2015 йил”да Ислом Каримовни яна Президентлик шоҳсупасида, тахтида кўриш учун яна ва яна Конституцияни бузишимиз керак.
Ёки инсон ақлу, шуурига сиғмайдиган бир мураккаб воқеа ва ҳодисалар асосини ўйлаб топишимиз керак.
Бу – бугунги таҳликали замонда жаҳон ҳамҳамияти кўзи ўнгида Ўзбекистон обрўсига, унинг ижтимоий сиёсий йўналишига қандай таъсир қилиши мумкин?
Буни ҳеч ким айтолмайди.
“201 5 йил”нинг яна бир даҳшатли қора кўланкаси – чет элда мардикорчилик қилиб, кун кечираётган миллионлаб ҳамюртларимиз – гостербайтерларнинг узоқ улкалардан қувилиши – бадарға қилиниши. Ўзбекистон учун бу кичик фожеа эмас.
Уларни бугун Ўзбекистондаги маҳаллий ҳокимият “ой бориб омон келганлиги билан” қутлаб, кутиб олишига кўзим етмайди. Уларга иш жойлари керак. Болаларига, фарзандларига боғча, мактаб ва ҳокозо масканлардан жой керак.
Шундоқ ҳам кун сайин нарх-наво ошиб бораётган мамлакатда рисқ-рўз топиш керак.
Булар афсуски, бир ҳамлада ечиб ташланадиган ижтимоий муаммолар эмас.
Афсуски, қулоғимга чалинган гап сўзларга қараганда, Ватанига қайтаётган миллионлаб мардикор ва гостербайтерларни ижтимоий ҳимоялаш устида бош қотириш ўрнига улардан эҳтиёт бўлиш, уларнинг ҳатти ҳаракатларини назардан қочирмаслик ва керак бўлса таъқиб қилиш бўйича маҳаллий ҳокимиятларга Олий раҳбариятдан кўрсатма келганини қандай баҳолаш мумкин?
Ахир улар Ўзбекистонга бегона ё душман эмас, мухолифат эмас – ўз фарзандларимиз-ку.
Ҳатто ўша четга кетишга мажбур бўлган мухолифатнинг ҳам дардини тинглаши, унинг ҳам эгилган бошини силаб, ноҳақ ранжитилган ва ўксиган кўнглини олиши, кўз ёшини артиши керак эмасми Ватан?
“201 5 йил” – ҳар ҳолда таҳликали йил эканлигидан дарак бериб турибди.
Унинг тарихдаги “илон йил”лари каби мамлакатга қирғинбарот урушларни келтирган йилларга ўхшамаслигини истайман, орзу қиламан.
Бугун катта кичик минбарларда оғиз кўпиртириб, кўкрагига муштлаётган “дўстлар” жуда кўп.
Лекин Президентнинг елкасига тушган оғир давлат юкларига елка тутишга ҳозиру нозир бўлган, бугунги мураккаб сиёсий вазиятда, ижтимоий ҳаётдаги Президентга баҳоли қудрат кўмак бўлишга тайёр турган кучлар етарлими?
Афсуски, бундай садоқатли раҳбарларни ҳукумат тизимида кундузи чироқ ёқиб ҳам топиш амри маҳол.
Уларнинг борларини ҳам йўқотиб бўлдик…
28.
Биз юқорида Президентни омма билан яқинлаштириш ва халқ меҳрига сазовор қилишда ижодкорларнинг алоҳида ўрни борлиги ҳақида етарлича гапирдик.
Лекин шу ўринда яна бир такрорлашни истардим: Нега Ўзбекистон учун жон фидо қилаёган буюк тарихий шахс ҳақида – халқнинг катта кичиги баробар севиб ўқийдиган асар йўқ?
Бундай асарни дунёга келтириш устида қайғуриши лозим бўлган шахслар нега бунчалик суст ва карахт?
Шундай асарларни ёзиши мумкин бўлган одамлар сафи ҳам кун сайин камайиб бориши турган гап-ку! Ҳақиқат-ку!
Бир пайтлар Олий Кенгаш сессияларининг бирида Малик ака айтган яхши бир гап ҳануз қулоқларим остида жаранглаб турибди: “Ўзбекистонда учта буюк тарихий йўлбошчи бўлган – Усмон Юсупов, Шароф Рашидов, Ислом Каримов”.
Лекин минг афсуски, Малик Қаюмов ўлиб кетди. Биров эсламади ҳам.
Одил Ёқубов ёзиши мумкин эди. Бу ҳам энди биз учун армон…
29.
Мустақилликнинг оғир юкларини дастлабки довонда Президент билан баб баробар баҳам кўрган ўзбек файласуфларининг устози, собиқ иттифоқ академиги Эркин Юсупов, Президент маҳкамасининг биринчи давлат маслаҳатчиси Шаҳобиддин Сирожевич Зиёмов, биринчи ва охирги Вице Президент Шукрилла Мирсаидов, Тошкент шаҳрининг биринчи ҳокими Адҳамбек Фозилбеков, ўзбек журналистикасининг атоқли вакили Аҳмаджон Мухторов, профессор Алишер Азизхўжаев, собиқ вилоят ҳокимлари Солижон Мамарасулов (Андижон, Тошкент), Маркс Жуманиёзов (Хоразм), Эркин Турсунов (Жиззах), Ботир Маҳмудов (Сирдарё), Бургутали Рапиғалиев (Наманган) ёзса ярашарди.
Афсуски, улар ҳам энди орамизда йўқ.
Уларнинг бу номард дунёни не не ранжу маломатлар билан тарк этгани ёлғиз Оллоҳга аён…
Ҳозир таҳқир ва маломатлардан боши чиқмаётган Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларнинг бу асарни ёзишга қудрати қудрати етади. Лекин бардоши етрмикан?
Биринчи ва охирги давлат котиби Раҳим Ражабов ва Олий Кенгаш раислари Мирзаолим Иброҳимов ва Шавкат Юлдошевларда ёзса ёзгулик гап сўзлар кўп бўлиши керак.
Ўттиз йил Президент билан қадамба қадам, елкама елка туриб ишлаган Исмоил Ҳакимович Жўрабеков ва тўқсонинчи йилларда Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган ажойиб инсон Мавлон Умрзоқовларнинг қалбида қанчадан қанча биз билмаган сир асрорлар ётибди.
Ўзбекистондаги ягона Ленин мукофоти лауреати Тўхтамиш Боймиров, Бахтиёр Назаров, академик Саидаҳрор Ғуломов лар ёзса ярашади.
Ҳатто озми кўпми Президентнинг сиёсий майдонга чиқишида ўзига хос роль ўйнаган Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарлари Нишонов, Усмонхўжаевларнинг ҳам тарих учун нақадар қимматли гаплари бўлиши мумкин.
Ўтмишда қандай из қолдиришидан қатьий назар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари бўлган Владимир Петрович Анишчев ўзининг “Восточный орнамент” номли машҳур асарида бу борада кўп ўзбек арбобларига сабоқ бўлгулик гапларни ёзган.
Ўзбекистонда бу китоб нақадар машҳур ва ноёблигини шундан ҳам билиш мумкинки, мана ман деган арбоблар уни қўлёзма (ксереокопия) ҳолида навбатда туриб ўқимоқдалар.
Президент Ислом Каримовнинг ҳаёт йўлига адолатли баҳо беришда бу китобдан кўп сабоқ олиш мумкин. Ўзбекистондаги хатолари учун Владимир Анишчев ҳатто у ўзини ҳам аямаганлигига қойил қоласиз.
Президентнинг ички ва маиший ҳаётини бугунги девонбеги Зелемхон Ҳайдаров ҳаммадан кўпроқ, яхшироқ ва қизиқарлироқ ёзиши мумкин.
Вилоятларда ҳам Президентнинг айрим сиёсий қирраларини ҳаммадан ҳам яхшироқ ва чуқурроқ биладиган сиёсий намоёндалар бор.
Афсуски, энг кичик минбарлардан ҳам четлатилган Дамир Ёдгоров (Бухоро), Темир Хидиров (Қашқадарё), Мирзажон Исломов (Фарғона), Пўлат Абдураҳмонов (Самарқанд), Назир Ражабов (Наманган, Самарқанд), Қобилжон Обидов (Андижон), Қаллибек Камолов (Қорақалпоқ) Мадиёр Худойбергановлар (Хоразм) барҳаётлигида бу нарсаларни сўраш олий раҳбариятдагиларнинг хаёлига ҳам келмаса керак.
Барча қирғинларни елкасига мардона олиб кетган Зокир Алматовнинг ёзаман деса ёзадиган гап-сўзи кўп бўлиши мумкин…
Собиқ иттифоқ кишанларидан Ислом Каримов шарофати билан озод қилинган Аҳмаджон Одилов, академик Нажиб Ҳамроев, Оқил Умрзоқович Салимов, Раъно Ҳабибовна Абдуллаеваларнинг ёзса ёзгулик хотиралари бор.
Лекин негадир уларнинг бари жим…
30.
Мен олис Канададан туриб бир ўтиришда уларнинг ҳаммасини эслаш имконига эга эмасман.
Биз уларнинг деярли ҳаммасини атайлаб ижтимоий – сиёсий саҳналардан узоқлаштириб бўлдик…
Ҳатто мана шу сатрларни ёзаётган Исмат Хушевнинг ҳам сўнгги мақолаларини Президентга олиб кириб, “Бу ҳаддидан ошаяпти, Ислом ака, унинг Тошкентга келишига рухсат бериб нотўғри қилдик” деб Президентнинг хаёлини фаромуш қилиб, менинг Ўзбекистонга кейинги сафарим йўлига темир ғов қўйиши мумкин бўлган мулозимлар борлигини яхши биламан.
Бу дунёда душман ясаш осон, дўст топиш қийин эканини Олий раҳбариятдагилар наҳот билмасалар, тушунмасалар?
Тирик қолганларни қадрлаш, уларнинг ижод ва имконият салоҳиятидан мамлакат ва давлат тарихи ва тақдирини яратишда фойдаланиш борасида ким бош қотириши керак?
Уларнинг бошини қовуштириб, беқиёс имкониятларини ишга солиш, Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш кимнинг вазифаси?
Мамлакат олий раҳбариятида бу долзарб масала кимнинг елкасига юкланган?
Мен Ўзбекистон идеологиясининг сўнгги йигирма йиллик инқирози сабабчиси, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси (суратда) — Хайриддин Султоновни назарда тутяпман…
31.
Биз юқорида «Бу дунёда душман ясаш осон, дўст топиш қийин эканини Олий раҳбариятдагилар наҳот билмасалар, тушунмасалар?» – деб ўз ҳайратимизни яширмаяпмиз.
Нега бундай дедик, шуни ўйлаб кўрдингизми, Хайриддинбек?
Аслида Сиз – Президентга душман ясаб беришда бутун бир армиянинг вазифасини бажардингиз! Зимдан ишладингиз ва ишлаяпсиз.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси лавозимидаги бутун фаолиятингиз — ўзингизга яхшилик қилган инсонларнинг оёғи остига ажиб бир маҳорат билан вақти соати келиб портлайдиган миналар қўйишдан иборат бўлди.
Сиз – Сохта камтарлик билан кўзни пирпиратиб, бечораҳол қиёфа касб этиш, қаддингизни букиб, сохта жилмайиш-у, сохта илтифот билан кўнгил овлаш машқини обдон олгансиз.
Бироқ ичдан пишган муғомбирлигингиз доим парда остида туради.
Шул сабаб, Президентга душман ясаб беришда ҳам шу маҳорат билан бутун бир армиянинг ишини қилдингиз.
Сиз – ўзингизни мансуб деб билган адабиёт ва санъатни тириклай гўрга тиқиб бўлдингиз-ку!
Бу санъат – кеча туғилиб, кечагина пайдо бўлган эмас эди.
Буюк Навоий бобомиздан бўён дунё бўйлаб ҳилпираб турган ўзбек адабиёти байроғи бугун ер билан битта бўлди-ку!
Бугун бу байроқ кимларнинг қўлида қолди?
Мустақиллик йилларида – адабиёт ва санъат, театр ва кино, илм фан ва маданият соҳасида қандай ютуқларга эришдик, нимани қўлга киритдик?
Илгари ижодкор ва зиёлиларнинг қўлини қизил империя ва мустабид сиёсат бойлаб турарди деб аюҳаннос солардик.
Бугун энди уларнинг қўлини ким тутиб турибди?
33.
Мен Ватанимиз сарҳадларидан ўн минг километрлик олис масофадан ҳам яққол кўриб турибман: Уларнинг қўлини Сиз тутиб турибсиз, Хайриддинбек!
Бугун буни мен айтмасам – ким айтади?
Сизнинг калтабин сиёсатингиз уларнинг қўлига кишан, тилига буров солиб турибди!
Қарийб чорак аср бўлди мустақилликка. Шу давр ичида зиёли ва ижодкорлар халқимизга нима туҳфа қилди? Улар нима инъом этди мустақилликка?
Умуман уларнинг орасида — мустақиллик меъмори бўлган Ўзбекистоннинг биринчи Президентига садоқатли биров борми бугун?
Президентга яқин ким бор бугун маънавият оламида? Бу соҳанинг юртбошига меҳр қўйган садоқатли шахслари қани?
Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева ва Омон Матжонларнинг нега бугун ўз юртида овози ўчган?
Чунки Сиз бу садоқатлиларнинг ҳаммасини юртбошидан бездириб бўлдингиз…
Уларнинг ўрнига эса бир тоифа тасодифий ва майда «шайкалар»ни тўплаб, маънавият саҳнасига олиб чиқдингиз.
Маҳмуд Тоир каби юртдошларингиз ва хешу ақраболарингиз, Суннат Аҳмедов каби миллатдош ва ҳамтовоқларингиз бор бугун ёнингизда.
Президент қайда-ю, улар қайда, оғайни…
34.
Узоққа бормайлик, Президент ҳақида ҳаммага тушунарли бўлган, ёстиғининг остига қўйиб ўқийдиган оддий бир биографик мемуар ҳам йўқ-ку!
Сиз қаёққа қараяпсиз?
Турли ваъзхонликлар ва олди қочди гаплар бугун Ўзбекистон маънавий оламида бисёр. Улар ҳатто таълим дастурига ҳам киритилган.
Лекин президентнинг ҳаёт йўли ҳақида оддий тасаввурга ҳам эга бўлмаган ёшлар уни бир умр «танимай ва англамай» ўтади-ку.
Сиз қаёққа қараяпсиз?
Дунёнинг анчайин сиёсат арбоблари ҳақида ўнлаб ўқимишли китоблар, ҳужжатли кино фильмлар, бадиий галареялар мавжуд.
Лекин Ислом Каримов ҳақида ёдда қоладиган, қолаверса кенг дунёга кўрсата оладиган нима бор бугун?
Турли катта ва кичик, очиқ ва ёпиқ минбарлардан Президентни ялаб-юлқаб, олқишлаш ва мақташ – бошқа.
Лекин унинг буюк хизматларини адабиёт ва санъатга абадий муҳрлаш – бошқа…
Сиз қаёққа қараяпсиз?
35.
Хайриддинбек!
Бугун Сиз жажжи мўйловчангизни мамнуният билан силаб, кўкрак кериб, савлат тўкиб ўтирган Тупроққўрғондаги оқ уйнинг бешинчи қаватида – Сизга қадар ҳам ўша айланмачоқ ва момиқ креслода ўтирганларни кўз ўнгингизга бир келтириб кўринг-а:
Узоққа бормайлик, яқин ўтмишдаги Зуҳра Раҳимбобоева, Рафиқ Нишонов, Оқил Салимов, Раъно Абдуллаева, Шаҳобиддин Зиёмовлар ҳам – Сиз ўтирган бинодаги ўша хонада озми кўпми ўтириб, улар ҳам Сизнинг бугунги фаолиятингиз билан бевосита шуғулланишган.
Улар ҳам маълум йиллар шу мўҳташам кабинет соҳиби бўлишган.
Лекин Сизни улар билан таққослаганда уялиб кетаман.
Президент атрофида Сиз йиққан бугунги фаоллар – дорнинг тагидан қочган, нари борса Оловиддининг «Қирқ қароқчи» шайкасига ўхшайди…
Бевосита ўз касбингиздан келиб чиқиб айтганда, бугунги ўзбек адабиёти ванашри жиловини Сиз қўш қўллаб топширган Муҳаммад Али ва Суннат Аҳмедовларни наҳот Ғуфур Ғулом ва Ойбеклар билан солиштириб бўлса?
Юқоридаги ҳамкасбларингиз замонида биз мустақил эмас эдик. Москванинг оғзига ва қош қовоғига қараб турардик.
Лекин одамларда ўз Ватани ва Раҳбарига муҳаббат ва эътиқод бор эди.
Бугун мустақилмиз. Лекин на Ватанга ва на Президентга оддий бир ҳурмат ва эътибор ҳам сезилмайди
Собиқ идеологларнинг маҳорати шундаки, улар биринчи навбатда Ватаннни жон дилдан севиб, сўнг ўз даври ва замонига садоқат билан хизмат қилишарди.
Афсуски, ХИЁНАТ БОР ЖОЙДА САДОҚАТ БЎЛМАЙДИ…
36.
Мен Ислом акадан кўп мурувват кўрганман.
Сир бўлса- да айтай, Анҳор бўйидаги ҳукумат уйларидан бирининг калитини ҳам у кишининг инояти билан олганман.
Уйимнинг деразасидан Сиз ўтирган оқ бино ҳам яққол кўриниб турарди.
Ҳа, мен шу «Оқ уй» атрофида яшаганман. Бу бино кўзимга доим салобатли ва маҳобатли кўринган.
Президент Ислом Каримов «Оқ сарой»га кўчиб, «Оқ уй»ни тарк этгандан кейин, назаримда, бу бинонинг файзи кетиб, салобати ҳам ўчди.
Энди унинг баҳайбат деразалари бўшаб қолган бўм-бўш саҳрони эслатади.
Бунга Сизнинг ҳам яхшигина «ҳиссангиз» бор, Ҳайриддинбек!
Айрим одамлар биноларни безаса, айримлар уни хароб қилар экан…
37.
Хайриддинбек!
Яна бир бор такрорлайман: Бир умр одамлар оёғи остига портовчи мина қўйишдан иборат бўлди ишингиз…
Шунинг учун ҳам бугун Ислом Каримов ўзбек зиёлиларининг меҳру муҳаббатидан мосуво, маҳрум.
Олдин – Шароф Рашидов дарида бундай бўлмаган.
Олдин ёзувчи ва шоирлар Рашидов борадиган йўлларда ҳақиқий ва умумхалқ байрам кайфиятини яратишарди.
Сиз- чи? Сиз нимани ярата олдингиз?
Ёзувчи ва шоирлардан Ойбек, Ғофур Ғулом, Уйғун, Зулфия ва ҳатто Шароф ака билан ўзига хос конфронтацияда бўлган Абдулла Қаҳҳор ҳам керагида Рашидовга гиргиттон эди.
Ғофур Ғулом ва Комил Яшинлар пахта йиғим терими даврида Марказий Комитетнинг карнайчисига айланишарди.
Рашидов борадиган ва келадиган йўлларни гул–лоладан поёндоз ясаб, қарсак ва олқишга тўлдириб туришарди.
Сиз-чи? Сиз қаёққа қараяпсиз?
Телевидениядаги иккита кинооператор хизматини ҳисобга олмаганда, Президентнинг халқ орасига ташрифи билан боғлиқ бирор бир ижобий солноманинг ўзи йўқ.
Иккита ёзувчи экранга чиқиб дилдан шарҳлаб бериш йўқ…
Олимлардан Қори Ниёзий, Теша Зоҳидов, Ҳабиб Абдуллаев, Убай Орипов, Обид Содиқов, Ёлқин Тўрақулов, Иброҳим Мўминов, Тошмуҳаммад Саримсоқовлар Шароф Рашидовни чин дилдан ҳурмат қилиб, уни ҳар қадам эъзозлаб юришган.
Театр ва кино санъати намоёндалари Шукур Бурҳон, Раззоқ Ҳамроев Сора Эшонтўраева, Наби Раҳимов, Зикир Муҳаммаджонов, Соҳиб Хўжаев , Малик Қаюмов, Юлдош Аъзамов, Шуҳрат Аббосов, Али Хамроев, Ўлмас Алихўжаев, рассомлардан Ўрол Тансиқбоев, Раҳим Ахмедов, Баҳодир Жалолов, Жавлон Умарбеков, композиторлардан Сулаймон Юдаков, Мўтал Бурхонов, Манас Левиев, Мухтор Ашрафий, Толибжон Содиқов, санъаткорларимиз Ҳалима Носирова, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Коммуна Исмоилова, Галима Измайлова, Бернора Қориева, Турғун Алиматов, Ғанижон Тошматов, Ботир Зокиров ва Муножот Йўлчиевалар Шароф Рашидовнинг ҳар бир қадамини олқишлаб, қарсак чалиб туришган, бошларига кўтаришган.
Сиз Президент атрофида маънавият оламидаги таниқли арбобларни – ўзбек халқининг худо берган истеъдодларини тўплаш салоҳиятига эга эмаслигингизни йигирма йилдан бўён ниқоблаб, яшириб келдингиз.
Бу – охир оқибат Ўзбекистон деб аталмиш буюк Ватанимизга қимматга тушди.
38.
Президент — хиёнат ва адоватга тўлиб тошган, мураккаблик ва чексиз қарама қаршиликларга бой бу ҳаётда баъзан ёлғиз ўзи қолиб кетаётганлигини наҳот кўрмасангиз?
Ислом ака шундай маҳзун ва тушкун, оғир ҳолатда қолганида роҳатланиб, зимдан қарсак чалиб турган балки ўзингиздир, Хайриддинбек!
Устозингиз Темир Алимов – нариги дунёдан,Сиз эса мўҳташам Оқ уйнинг момиқ ва юмшоқ креслосида чайқалиб, қарсак чалиб турган бўлсангиз, не тонг!
Бошингиз омон бўлса, дўстим, Президентга Сиздан бошқа душманнинг кераги йўқ…
39.
Эй, Ўзбекистон маънавий олами султонлиги тахтини қўлдан чиқармаслик билан овора бўлиб келаётган жаноб давлат маслаҳатчиси, Сиз қаёққа қараяпсиз?
Эртаю кеч султонликни қўлдан чиқармасликни ўйлагандан кўра, биз айтган муаммолар ечими билан шуғуллансангиз бўлмасмиди?
Аслида Сизнинг қаёққа қараб турганингиз ҳам сир эмас. Биламан, Сиз “2015йил”дан кейинги янги сиёсий ҳаётга чоғланиб турибсиз.
Макр ва ҳийла тўрларини қайси ҳукмдор атрофида ўраб чирмаш ташвишида бош қотираётганингиз ҳам сир эмас.
Лекин ҳар қандай сотқинликни ҳам чеки бор…
Хайриддинбек!
Сиз Президентнинг дўстимисиз, душманимисиз?
Аслида бу саволга ўрин йўқ. Ҳаммаси шундоқ ҳам аён…
Улуғ ва донишманд бобомиз Амир Темурнинг жангу жангоҳлар олдидан айтадиган улуғ бир сўзи бор экан: “Рўпарама рўпара қилич кўтариб келган душманимдан қўрқмайман. Чунки мен унинг қиличини қўлидан тортиб олиб ўзига санчишим мумкин. Қучоғимдаги “дўстим”дан қўрқаман. У орқадан ҳамла қилиши мумкин…”
40.
Жаноблар!
Ўзбекистон деб аталмиш буюк давлат кемаси қарийб чорак аср музларни ёриб, ўзига мустақил йўл очиб келди.
Лекин бугун дунёда мураккаб бир шароит юзага келдиким, Ўзбекистоннинг нафақкат ташқи сиёсатида, балки ички сиёсатида ҳам хавфли чайқалиш юзага келди.
Халқимизда: «Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади» деган доно мақол бор.
Яшириб нима қиламиз, исистмамиз ловуллаб турибди…
Энг мураккаб бир шаротда Президент сайлови арафасида турибмиз.
Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон ижтимоий – сиёсий ҳаёти инқилобий ўзгаришлар арафасида турибди…
41.
Жаноблар, ҳозир пистирмада ётадиган пайт эмас.
Ватан ва мустақиллик тақдири янги босқичга ўтаётган бир пайтда пистирмадан чиқинг, бошингизни кўтаринг!
Хурматли Исмат ака! Сиз токи бугунги кунларгача бонг уриб,инсофга чакираётган ушбу юкори эшелон казолари, орган рахбарияти, Президент чин дили билан ишониб келаётган ушбу кимсалар орасида яримта хам дусти йук ва булмаган хам, бундан кейин хам булмайди. Мен утганда ёзганимдек, факат битта инсон, Рустам Расулович дуст булиши мумкин! Хаттоки Зелимхон Хайдаров хам дуст эмас. Халкимизнинг бутун фожеаси, Андижон, Уш, Дангасалар, Коррупция ва жамики бузгунчиликлар шу кишининг буйнида колишига замин тайёрлаб турибди
Агарда шу кимсаларнинг фаолиятига чек куйилмас экан, мустакиллик хам, мамлакат ва миллат хам йук булиб кетиши мумкин. Ислом Каримов кейин канчалик афсус килмасин жойига тушмайди. Кимни кимдан бунчалик каттик куриклашаяпди, маскалар, автоматлар, вахималар, халкни куркитиш биринчи уринда уз мансабларини химоя килиш тадбиридир. Нимага Ислом Каримов, отаси камалмасдан олдин тугулган деб ёзишолмайди, 4 ёшида Митан болалар уйига тушган дейиш кийинми, Митанда кариялар билишадику? Хар нарсанинг чегараси булиши шарт!
Мақолани ўқиб Бобо Тоҳир Урёнийнинг ушбу шеъри ёдимга тушди:
Бу оламда вафони топмадим ҳаргиз,
Ё, ани қилмади менга замона.
Кимга ўқ отмоқни ўргатдим., ажаб —
Ул мени ўзига қилди нишона…
Хурматли Исмат ака! Сиз токи бугунги кунларгача бонг уриб,инсофга чакираётган ушбу юкори эшелон казолари, орган рахбарияти, Президент чин дили билан ишониб келаётган ушбу кимсалар орасида яримта хам дусти йук ва булмаган хам, бундан кейин хам булмайди. Мен утганда ёзганимдек, факат битта инсон, Рустам Расулович дуст булиши мумкин! Хаттоки Зелимхон Хайдаров хам дуст эмас. Халкимизнинг бутун фожеаси, Андижон, Уш, Дангасалар, Коррупция ва жамики бузгунчиликлар шу кишининг буйнида колишига замин тайёрлаб турибди
Агарда шу кимсаларнинг фаолиятига чек куйилмас экан, мустакиллик хам, мамлакат ва миллат хам йук булиб кетиши мумкин. Ислом Каримов кейин канчалик афсус килмасин жойига тушмайди. Кимни кимдан бунчалик каттик куриклашаяпди, маскалар, автоматлар, вахималар, халкни куркитиш биринчи уринда уз мансабларини химоя килиш тадбиридир. Нимага Ислом Каримов, отаси камалмасдан олдин тугулган деб ёзишолмайди, 4 ёшида Митан болалар уйига тушган дейиш кийинми, Митанда кариялар билишадику? Хар нарсанинг чегараси булиши шарт!