Исмат ХУШЕВ: ЎТДА ЁНМАС, СУВДА ЧЎКМАС ДЕВОНБЕГИ (2-КИТОБ, 35-БОБ) (1-ҚИСМ)
Исмат ХУШЕВ: ЎТДА ЁНМАС, СУВДА ЧЎКМАС ДЕВОНБЕГИ
(2-КИТОБ, 35-БОБ) (1-ҚИСМ)
ИСМАТ ХУШЕВ:
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
ИККИНЧИ КИТОБ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Исмат ХУШЕВ: ЎТДА ЁНМАС, СУВДА ЧЎКМАС ДЕВОНБЕГИ
(Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров сиёсий портретига шарҳ)
35 БОБ
1-қисм
Суратда: Президент Девони бошлиғи Зелемхон Ҳайдаров (орқа планда – чапдан биринчи)
1.
Муқаддима.
Ўзбекистонда Ислом Каримов салтанатининг ҳукм сураётганига ҳам чорак асрдан ошиб қолди.
Чорак асрдан бўён Мустақиллик кемасида Ислом Каримов қанотида тобора юксалиб, сузиб бораётган беш мулозим дунё ўзбекларининг алоҳида эътиборига молик. Булар: Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров, Президентнинг биринчи ва асосий ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов, Бош вазир Шавкат Мирзиёев, МХХ раиси Рустам Расулович Иноятов ва Марказий Банк Бошқарувчиси Файзулла Муллажоновлар.
Ана шу беш мулозим 25 йилдан бўён Ислом Каримовнинг бошқарув кемасида дадил сузиб келаяпти.
Шоирона ва ё образли қилиб айтганда – ана шу қудратли “бешлик” чорак асрдан бўён Ислом Каримов бошқариб келаётган Ўзбекистон давлатининг олтин бешигини тебратиб келаяпти десак муболаға бўлмас.
Ҳолбуки, ўтган қатор йиллар силсиласида бу кеманинг шиддатига унча бунча кучлар дош беролмади. Улар турли сабаблар билан бирин кетин бу чўкмас кемадан тушиб қолдилар. Тўғрироғи – бирлари туширилди, бирлари улоқтирилди. Бошқа бирлари ҳатто ҳибс ҳам этилдилар. Улар қаторида Шукрилла Мирсаидов, Шавкат Юлдошев, Исмоил Жўрабеков, Мавлон Умрзоқов, Зокиржон Алматов, Бахтиёр Ҳамидов ва Козим Тўлагановларни санаб ўтиш мумкин. Улар орасида – ўз даврида анчагина истиқболли кўринган махсус хизмат генерали Бахтиёр Ғуломов ҳам бор эди.
Улар бу кемага ўтиришни бир умр орзу қилиб ўтган бўлсалар, тақдир ҳукмини қаранг, бу кемага чиқишни истамаган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратлари эса, аксинча, бу кемадан юз ўгириш билан оламга машҳур бўлдилар.
Биз бугун ана шу бешликнинг энг қудратли аъзоси – ўтда ёнмас, сувда чўкмас – Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаровнинг сиёсий портретини чизишга баҳоли қудрат ҳаракат қиламиз…
2.
Зелемхон Ҳайдаровга берилган махфий тавсифномадан кўчирма:
…1943-йил Мирзачўлда (Ҳозирги Гулистон) да туғилган. Асл насаби – Зоминлик. Оилалик – икки қиз ва бир ўғилнинг отаси. Ўз вазифасига ўта масъулиятли, ниҳоятда зийрак ва сезгир. Бошқаларнинг ишига ҳуда-беҳуда аралашавермайди. Камгап. Қобилиятли. Бийналминал. Ўзбек халқига нисбатан мўътадил фикрда. Ҳукумат ва давлат сиёсатини ҳар томонлама тўғри ва мукаммал тушунади. Сиёсий ҳушёр. Ўзбекистон Президентига мутлақо содиқ ва фидойи инсон…
1990 йил.
(Ўзбекистон Республикаси МХХ Раиси
генерал полковник Ғулом Алиев (имзо)
Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат масдаҳатчиси Мавлон Умрзоқов кабинетидаги махфий ҳужжатлар сақланадиган сейфда, устига “Ўта махфий” деб ёзиб қўйилган папкада кўрган тавсифномадан хотирамда сақланиб қолганлари шулар…
3.
Шароф Рашидовдан – Ислом Каримовгача…
…Зелемхон аканинг асл исмлари бошқа. Ҳозиргача сирдарёликлар у кишини Зокиржон деб аташади.
У киши асли Сирдарё вилоятидан.
Маълумотларга кўра, Зелемхон Ҳайдаров Юридик институтни битиргандан сўнг, тез орада кўзга ташланиб, дастлаб Сирдарё обкомининг биринчи котиби Виктор Хайдуровнинг назарига тушиб, обкомга оддий ходимликка ишга олинади. Сўнгра масъул вазифага кўтарилади. Ва ўша жойдан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ўз даврига кўра ғоятда юксак бўлган партиявий ташкилий бўлимига (1978 йил) ишга олинади.
Гулистон горкоми ва Сирдарё облисполкомини узоқ йиллар бошқарган покиза ва ажойиб раҳбар Иброҳим Ўролович Қўчқоров томонидан шахсан Шароф Рашидовга тавсия қилинган дейишади ва бу ҳақиқатга яқиндир.
Чунки, Шароф Рашидовга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборини Зелемхон ака ҳамма даврларда бирдек сақлаб келди.
Умуман, устозларга ҳурмат ва иззат кўрсатиш Зелемхон аканинг табиатига мос ва хос фазилатлардан биридир.
Мен Зелемхон аканинг Тошкентда ўтган биринчи тўйида иштирок этганман.
Тошкентда катта амалдор бўлиб танилган Зелемхон ака “Пахтакор” метросининг ёнида – Ўзбекистон телевидениясининг шундоққина биқинидаги “Ёшлик” ресторанида катта фарзандларини тўй қилганида тўйни айнан Иброҳим Ўролович очиб берган эди.
Республика миқёсидаги не не казо казолар ўтирган мўҳташам даврадаги биринчи сўз – ўша пайтда пенсияда бўлган ветеран устоз Иброҳим Ўролович Қўчқоровга насиб этди.
Табиийки, у шогирди Зелемхон Ҳайдаров ҳақида тўлқинланиб гапирди…
Ўшанда Зелемхон ака Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида Ишлар Бошқармаси Бошлиғи бўлиб, тўйда Ўзбекистоннинг деярли барча раҳбарлари иштирок этган. Зелемхон ака ўзини раҳбарликка кўтарган одамни ана шундай эъзоз ва эҳтиром билан сийлаган ва ҳурматини жойига қўйган эди.
Рашидовдан кейин Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишоновлар Ўзбекистонга раҳбар бўлганларида ҳам Зелемхон ака Марказқўмда ишлаган – Ишлар Бошқармасини бошқарган эдилар.
Ислом ака 1989-йилнинг 23-июнидаги Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг навбатдан ташқари ўтказилган Пленумида Марказқўмнинг биринчи котиблигига сайланганида Зелемхон ака ўз ҳаётидаги Ўзбекистоннинг тўртинчи раҳбарини қаршилаган эди….
4. Ўзбекистон “Бородини”
Ўшандан бўён улар Ислом Каримов билан бирга. Ўзбекистонни биргаликда бошқариб келишяпти.
Аслида Зелемхон аканинг расмий вазифаси олдин “Ўзбекистон Президенти девони Ишлар Бошқармаси бошлиғи” деб аталарди.
Кейинчалик “Президент Девони бошлиғи” деб аталадиган бўлди.
Буни ўзбек тилида содда қилиб: “Оқ сарой”нинг хўжалик ишлари мудири, яъни “завхоз”и деса ҳам бўлаверади.
Лекин аслида-чи?
Аслида, Зелемхон Ҳайдаровни Ўзбекистоннинг Ислом Каримовдан кейинги иккинчи одами десак, тўғрироқ бўлади.
Агар Москвага менгзайдиган бўлсак, Зелемхон акани “Ўзбекистоннинг Бородини” дейиш мумкин.
Биласиз, Павел Бородин узоқ йиллар Москвада Кремлнинг Ишлар Бошқармасини бошқарган – “управделами” бўлган.
Улар Зелемхон ака билан жуда яқин дўст ва улфат эдилар.
Павел Бородиннинг ўша пайтлардаги имкон ва таъсир доирасини ҳисобга олсак, у Россияда Борис Ельциндан кейинги қудратли одам бўлганини кўришимиз мумкин.
Ўзбекистонда айнан Зелемхон ака Президентдан кейинги одам бўлгани каби.
Зелемхон ака жуда камтар инсон. У кишида, эгаллаб турган мансабидан фарқли ўлароқ, кишиларга нисбатан табиий муносабат ва самимият бор эди. Ҳамиша жилмайиб, табассум билан муомила қиларди кишига.
Зелемхон аканинг асбийлашган ва жаҳли чиққан онларини ҳеч ким эсололмайди.
Жаҳли чиқмайдиган одам бўлмайди, албатта. Лекин назаримда Зелемхон ака ичи тутаб турганда ҳам, сиртида кулиб туришга қодир инсонлар тоифасидан бўлса керак. Одам дунёнинг устидан ҳукмрон бўлиши мумкин, лекин, ўз устидан ҳукмрон бўлган инсонгина ҳақиқий қудратли инсондир деб бежиз айтмаган Корнейгин.
Шунинг учун ҳам мен у кишининг жаҳли чиққан, асабийлашган ҳолларини кўрмаганман.
Агар бирор юмуш билан кабинетларига бориб қолсам, ҳамиша узун ва кенг ишхоналарининг ярмигача юриб келиб, очиқ чеҳра билан кутиб олар ва худди шундай хуш кайфият билан кузатиб қолардилар…
5.
“Вертушка”
Мен Зелемхон ака билан шу қадар яқин эканманки, бир куни “Маърифат” газетасининг Бош муҳаррири Саъдулла Ҳаким телефон қилиб қолди:
– Исматжон, “вертушка” масаласи қийин экан. Ҳукумат телефонини ололмаяпман, – деди муҳаррир.
– Уни қандай олиш керак экан?
– “Вертушка” масаласини фақат Зелемхон Ҳайдаров ҳал қилар экан. Ўртоқлардан сўраб-суриштирсам, унга фақат Исмат Хушевнинг гапи ўтиши мумкин, дейишяпти…
– Ундай бўлса, Зелемхон аканинг номига битта хат қилинг, – дедим.
Саъдулла ака Зелемхон аканинг номига хат қилиб, менга келтириб берди. Хатни олиб Зелемхон акага элтиб бердим. У киши хатга қўл қўйиб, тегишли ходимларига топшириқ беради.
“Вертушка” масаласи уч кунда ижобий ҳал этилади.
Вазирлар Маҳкамасида ҳукумат телефонларини ўрнатиб, рўйхатга оладиган битта бошқарма бор. Унинг бошлиғи рус йигити эди, у Вазирлар Маҳкамасининг ертўласида ўтирарди.
Биз Саъдулла ака билан унга учрашганмиз.
Саъдулла ака сумкасига битта ароқ билан коньяк солиб олган эди. Қаранг, “вертушка” ўрнатишга Зелемхон ака рухсат берган, лекин техник ишларни амалга оширадиган йигит “ҳузури”ни кўради: биз унга “совға –салом” қилганмиз…
Орадан уч-тўрт йил ўтгач Саъдулла Ҳаким ҳам Девонга ишга ўтиб, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси даражасигача кўтарилади.
Сўнг “ЎзА”га раҳбар, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Бош муҳаррир бўлди.
Шу пайтгача Саъдулла ака ўша воқеани завқ билан эслаб юради. Зелемхон акадан миннатдор эканини мудом таъкидлайди.
“Маърифат” газетасининг кейинги Бош муҳаррирлари, хусусан Ҳалим Саййид ва бошқалар мўҳташам ва сервиқор кабинетдаги ҳукумат телефони бу ерга қандай келиб қолганини, унинг келишига кимлар аралашганини, табиийки, билмасалар керак…
6.
Зелемхон аканинг “командаси”.
Зелемхон Ҳайдаров адабиёт аҳлига, зиёлиларга бир умр яхшилик қилиб келганини ҳамма билади.
Таниқли журналист Карим Баҳриевга ҳам, менга ҳам уй масаласида Зелемхон ака ёрдам берган эдилар.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасига тааллуқли бўлган Герман Лопатин кўчасидаги уйлардан бирини мен олганимдан кейин Каримжонга “Ойбек” метроси атрофидан уй беришганди.
Мен ҳам, Каримжон ҳам Марказқўмнинг бу уйлари учун Зелемхон акадан ҳануз миннатдормиз.
Таниқли ўзбек ёзувчиси Мамалади Маҳмудов ҳам Зелемхон ака билан жуда яқин ва яхши муносабатда эди.
Мен у кишини бир неча маротаба Зелемхон аканинг кабинетидан шодон кайфиятда чиқиб келаётганларини кўрганман.
Ўшанда Мамадали ака Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ташкилий ишлар бўйича котиби эди назаримда. Агар таъбир жоиз бўлса, Мамадали ака Ёзувчилар уюшмасининг Зелемхон Ҳайдарови эди. Союзнинг боғлари ва литфондига раҳбари эди. Аппарат ва бухгалтерия, кадрлар ҳам унга қарарди. Ҳатто истеъдодли шоира Ҳалима Худойберидевага “Волга”нинг калитини ҳам Мамадали маҳмудов топширган. Унинг эшиги остида мана ман деган ёзувчилар қўл қовуштириб турарди.
Яшин даврида қўша қўша Волга олган Саид Аҳмад, Озод Шарофуддиновларга “Ёзувчилар союзида Сизлардан бошқа одамлар ҳам бор деб”, деб асосан ўша одамларга мурувват кўрстарди. Мамадали Маҳмудов даврида союзнинг ташкилий ва таъминот ҳаётида кескин бурилиш бўлган эди. Буларнинг ҳаммаси шахсан Мамадали аканинг хизмати эди. Шунинг учун ҳам у тез орада янгидан ташкил топган республика Маданият фондининг раиси этиб сайланди.
Айтишларича, уни бу лавозимга ҳам Зелемхон Ҳайдаров таклиф этган. Москвада эса худди шундай Фондга шахмат бўйича жаҳон чемпиони Анатолий Карпов раис эди.
Президент Мамадали Маҳмудовга бу Фонд атрофига Ўзбекистон зиёлиларини, биринчи навбатда ёзувчилар, рассомлар, киночилар, архитекторлар ва театр ходимларини тўплаш зарурлигини ва бу таркибнинг энг илғор қисмидан тузилган бошқарув (Правления) органини сайлаш ҳамда уларни республика маданий ҳаётига кенг жалб қилишни топширган эдилар. Мамадали маҳмудов зиммасига, шу билан бирга, бутун дунё маданий арбоблари билан яхши ва мустаҳкам алоқа ўрнатиш вазифаси ҳам юкланган эди.
Бизда – кўп ишлаган одам кўпинча маломатга қолади деган бир ибора бор. Менимча, Мамадали Маҳмудов ҳам худди шундай балога йўлиқди. Ва тез орада Президент ғазабига учраб, сиёсий саҳнадан тушибгина қолмай, Муҳаммад Солиҳ билан алоқадорликда айбланиб, (Ўзбекистонда бундай алоқа ҳам катта жиноят ҳисобланаркан) ҳибсга ҳам олинди ва ўн етти йилга ҳукм қилинди. У қамоқхонада бўлган даврда Ўзбекистоннинг барча зиндонларини кўрди, турмаларини билди.
Хуллас, ҳар икки соҳада ҳам Мамадали Маҳмудов – Зелемхон акадан кўп яхшилик кўрган одам эди…
Ўзбек ижодкорлари орасида Зелемхон ака туфайли уй жойи ва яшаш шароитини, жамиятдаги мавқеини яхшилаб олган жуда кўп миннатдор кишилар борки, биз уларнинг ҳаммасини бу ерда эслаб ўтишимизга ортиқча ҳожат бўлмаса керак.
Табиатан оғир ва босиқ, қадди-қомати келишган, дилкаш ва самимий Зелемхон аканинг яна бир фазилати – унинг ниҳоятда камтарлигидир.
Ҳолбуки, Ўзбекистон давлатини бошқариб турган барча мулозим ундан топшириқ олади, у киши шу қадар катта ваколатга эга бўлса-да, лекин ҳамиша ўз камтарлигини сақлаб қола олган жуда ноёб фазилатли шахс.
Президентнинг дастурхонлари, зиёфатлар, Девон ва ҳукумат аъзоларига бериладиган барча имтиёз ва имкониятлар айнан Зелемхон аканинг фаолияти билан боғлиқ.
Мулозимларнинг иш столи ва кабинетидан тортиб, хизмат машинаси ва дачаларига қадар Зелемхон ака тасарруфида.
Кимга ҳукумат ва Девон гаражидан машина чақириш ҳуқуқини бериш, Президент оромгоҳлари атрофига жойлаштириш, кимни “Қайнарсой”, “Хумсон” ва ё “Чорвоқ” даги ҳукумат миқёсидаги дам олиш гўша (дача) ларига муносиб кўриш, биринчи рақамли ва олий мақомли бу “объект”ларда хизмат қилиш учун кимларни ишга олиш – буларнинг бари Зелемхон ака ихтиёрида.
Президент бу қадар юксак ишонч ва имтиёзларнинг ҳаммасини у кишига ишониб бериб қўйган.
У кишининг Элдор Шукурович Ғофуров деган ўринбосари бўларди. Улар узоқ йиллардан бўён бирга ишлашади.
Кейин Ёрийхон деган ўзларидан-да камтар ва камсуқум ёрдамчилари бор эди.
Кейинчалик бу ажойиб йигит Вазирлар Маҳкамасининг Ишлар Бошқармасига Бошлиқ бўлди. Бу лавозим соҳиби штат ваколатига кўра Президент Девонидаги Ишлар Бошқармаси Бошлиғи (яъни Зелемхон аканинг) ўринбосари ҳисобланади.
Бир куни Зелемхон аканинг ана шу ёрдамчиси Мавлон акани уйига меҳмонга чақирганда, бирга борганмиз. Анҳорнинг шундоққина ёнгинасидаги ҳукумат уйларида яшайдиган Ёрийхон бизни жуда шодон кутиб олди. Дастурхон устида “анқонинг уруғидан бошқа” ҳамма нарса муҳайё эди.
У пайтларда Ёрийхон Зелемхон аканинг қўлида ёрдамчи бўлиб ишлар, лекин нима учундир Мавлон аканинг Бошқармасига ишга ўтишни орзу қилиб юрган кунлари эди.
Кейин нима бўлди-ю, ўша зиёфатдаги суҳбатдан сўнг ишини ўзгартириш фикридан кечди, шекилли, Зелемхон ака раҳбар бўлган тизимда ишлаб қолди. Сўнг кўп ўтмай, кутилмаганда, боя айтганимдай, Вазирлар Маҳкамасидаги янги лавозимга кўтарилиб кетди…
Зелемхон ака бош бўлган хизматда узоқ йиллардан бўён ишлаб келаётган йигитлардан яна бири – Толиб Холовдир. У асли бухоролик бўлиб, мана салкам йигирма олти йилдирки, Президент девонида хизмат қилади.
Девондаги барча алоқа ва телефон (телекоммуникация) хизматига ана шу йигит масъул. Барча вилоят раҳбарлари, министр ва ҳукумат аъзолари уни яхши билишади ва ҳурмат қилишади.
Бу тизимда узоқ йиллардан бўён садоқат билан ишлаб келаётган яна бир йигит бор. У менинг юртдошим Бахтиёр Рўзиқулов бўлади. Қаршилик. Биз бу киши билан Герман Лопатин кўчасидаги битта “дом”да яшардик. Жуда камтар, кўнгли тоза, самимий инсон.
Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, Президент девонидаги кўплаб оддий ходимлар – кўринмас касб эгалари аслида республика миқёсида жуда катта имтиёз ва имкониятга эга кишилардир.
Уларнинг бир оғиз гапи Тошкент шаҳар ҳокими ва барча вилоят раҳбарлари учун сўзсиз бажарилиши шарт бўлган илтимослар жумласига киради.
Вилоятларга боришганида уларни айрича эътибор билан кутиб олишади, ҳокимлик дачаларида зиёфат беришади ва албатта иззат-икром ва катта эҳтиром билан кузатиб қўйишади.
Энди уларнинг раҳбари Зелемхон Ҳайдаровнинг обрў-эътиборини мана шу мисоллардан ҳам ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Вилоятлардаги ҳукумат ва давлат дачалари ҳам аслида Зелемхон аканинг хизматига бевосита боғлиқ ва тегишли десак тўғрироқ бўларди.
Бир гал Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Малон Умрзоқов билан биргаликда Сирдарё вилоятига борганимизда бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман.
Бизни расмий ва норасмий оромгоҳ ва дачаларда худди Президентни кутиб олишгандай қаршилашганди.
Мен раҳбарликнинг бу сирли ва синоатли атрибутларига ўшанда тан берган ва бир кун келиб албатта каттакон раҳбар бўлиш орзусини ўшандаёқ юрагимга маҳкам тугиб қўйган эдим. Бир кун келиб, раҳбар бўлиш иштиёқи ўшанда юрагимга чўғ солган бўлса ажаб эмас.
Лекин менинг бу самимий ва беғубор, тоза ва соф ниятларим енгилтак табиатим ва қуюшқонга сиғмас ғайри табиий ҳатти-ҳаракатларим боис Ўзбекистонда ушалмай қолиб кетди…
7. Мавлон Умрзоқов.
Зелемхон Ҳайдаровнинг сиёсий портретига шарҳ берилганда, яна бир воқеани айтмай ўтсак, адолатдан бўлмас.
Бугун Ўзбекистондаги жуда кўп мулозимлар айнан Зелемхон аканинг бевосита ёрдами билан Ислом аканинг эътиборига тушганлар.
Биз бугун улардан баъзиларинигина эсламоқчимиз, холос.
Ўзбекистон ҳукуматининг бугунги раҳбари – Шавкат Мирзиёев ва давлат хазинаси бошлиғи, расмий тилда – Марказий Банк Бошқарувчиси – Файзулла Муллажоновлар шулар жумласидан.
Биз улар ҳақида батафсил ҳикоя қилишдан олдин Зелемхон ака Марқазқўмга энг биринчи бўлиб ишга олган Мавлон Умрзоқов хусусида фикр юритсак адолатдан бўларди.
Демоқчиманки, Мавлон Умрзоқовнинг Ислом Каримов назарига тушишига ҳам айнан Зелемхон ака сабабчи бўлган. Улар иккалови ҳам асли Сирдарёлик.
Айтишларича, Мавлон ака узоқ йиллар Олий таълим вазирлиги қошидаги “КРУ”да ишлаган. “КРУ” – назорат тафтиш бўлими бўлиб, у истаган олий ўқув даргоҳининг астар аврасини ағдариб, тафтиш қиладиган Олий таълим вазирлиги таркибидаги қудратли ташкилот эди.
Бу ерга Мавлон аканинг ишга жойлашишининг ҳам ажиб бир тарихи бор.
Шароф Рашидов даврида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида ишлаган Саидаҳмад исмли йигит, тақдир тақозоси билан Боёвутга райкомнинг биринчи секретари бўлиб ишга ўтади.
Бу ерда унинг рафиқаси Каналхон Усмонхўжаева билан Боёвутлик машҳур шоира Ҳалима Худойбердиева танишиб қолишади.
Бу пайтда машҳур шоирамиз “Саодат” журналида Бош муҳаррир эдилар. Ҳалима опа вақти-вақти билан турмуш ўртоғи Мавлон ака ҳамроҳлигида ўз она қишлоғига бориб турган.
Шу тариқа Ҳалима опалар оиласи райкомнинг биринчи секретари ва унинг рафиқаси Каналхонлар билан яқин бўлиб қолишган.
Худди шу орада Шароф Рашидов кутилмаганда вафот этиб, унинг ўрнига Иномжон Усмонхўжаев раҳбар бўлади.
Албатта, туғишган акаси Ўзбекистон раҳбари бўлганидан кейин Каналхон Ҳалима опанинг истимосига кўра Мавлон акани Олий таълим вазирлигига ишга жойлайди.
Тошкент халқ хўжалиги институтини тугатиб, иқтисод фанлари номзоди бўлган бу ёш ва ғайратли йигит кўп ўтмай Олий таълим вазирлигидан Зелемхон Ҳайдаровнинг ёрдами билан Марказқўмга ишга олинади.
Эшитишимга қараганда, Ишлар Бошқармасининг Бошлиғи Зелемхон ака уни ўзига молия ва хўжалик ишлари бўйича сектор мудири қилиб ишга олади.
Ўша пайтлар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида молия ва хўжалик сектори мудири бўлиб ишлаш катта гап эди.
Мавлон ака табиатан келишган, қадди-қоматли, барно йигит. Боз устига ниҳоятда камтар ва самимий инсон. Уни бир кўрган одам, рўпарасида катта амалдор турганига сира шубҳаланмайди, айнан раҳбарлик учун туғилгандай, салобатли ва улуғвор, эътиборли ва дилкаш одам сифатида ёқимли таассурот қолдиради кишида.
Мавлон ака шу қадар истараси иссиқ ва ёқимтой одам.
Ана шу хислатлари учун ҳам Президент у кишига катта ишонч билдириб, ёнига олган бўлса, не тонг!
Айнан ана шу фазилатлари учун ҳам нозиктаъб ва ҳассос ўзбек шоираси Ҳалима Худойбердиева унга кўнгил қўйган бўлса, не ажаб!
Зелемхон Ҳайдаров Мавлон акани ишга олганидан сўнг, кўп ўтмай ўзи ҳам Президент девони қошидаги Ишлар Бошқармасига Бошлиқ бўлиб кетади.
Бу пайтларда Ўзбекистонда Марказқўм тугатилиб, Президент бошқаруви жорий қилинётган пайтлар эди.
Мавлон ака у кишининг Марказқўмдаги ўрнига бошлиқ бўлиб қолади.
Сўнг янги ташкил этилган Президент девонида кадрлар билан ишлаш бўлими очилиб, Мавлон ака унга биринчи раҳбар бўлиб ўтади.
Сўнг у кишининг бу лавозими – “Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси” деб ўзгартирилади.
Умуман, Мавлон ака ҳамиша Зелемхон аканинг ўрнига ўтиб келаверган. Улар жуда яқин ва қадрдон бўлишган.
Раҳбарият тизимига, Марказқўмга Мавлон Умрзоқовни биринчи марта Зелемхон ака ишга таклиф қилган дедик. Бу – бор гап. Мавлон аканинг ўзи ҳам буни тан олган.
Қисқаси, кутилмаганда Мавлон акани Президент девонидаги янги очилган Ташкилий ишлар бўлимига мудир бўлиши кўпчиликни ҳайрон қолдиради.
Чамаси, бу орада Ислом Каримов уни атрофлича ўрганган кўринади.
Ташкилий ишлар бўлимига мудир этиб тайинлашдан аввал Мавлон акани Ислом Абдуғаниевич суҳбатга чақирган экан. Лекин ўша суҳбатдан сўнг орадан бир ярим – икки ой ўтган бўлса-да, Ислом ака қатьий бир тўхтамга келолмайди.
Бир куни Мавлон ака менга: “Шунақа суҳбат бўлувди. Кадрлар бўлимига ўтишим керак эди. Лекин негадир буйруқ чиқмаяпти, кимдир нимадир деган, шекилли”, деди.
Равшанки, мен Мавлон аканинг ўша вазифага тайинланишини жуда истардим.Чунки биз аллақачон иноқлашиб кетгандик.
Боз устига Ислом ака билан ҳам муносабатларим жуда яхши – биз жуда яқин эдик. Буни Мавлон ака ҳам биларди.
У пайтларда Ислом ака “ГАЗ-31” маркали, яп-янги, оппоқ “Волга”да юрарди.
Машинанинг давлат рақами, агар хотирам мени алдамаса, “20-36” эди, шекилли.
Зиёдулла деган битта қўриқчиси бўларди. Зиёдулла қаршилик эди, узун бўйли, қорачадан келган, барваста йигит.
Кейинчалик у Қашқадарёнинг ё Божхона ва ё Хавфсизлик қўмитасига раҳбар бўлиб кетди деб эшитдим. Шу йигит дастлабки пайтлари Ислом аканинг ёнида юрган.
Ислом аканинг “Волга”си Марказқўмнинг панжарали дарвозаларидан ўтиб, олтинчи қаватга кўтариладиган подъезд-йўлагига бориб тўхтарди.
Уни кузатиб келадиган милиция машинаси ичкарига киритилмасди.
Эътибор бердингизми, “машинаси” деб айтаяпман. Ҳа, бу рост. Ўша пайтларда Ислом акани фақатгина битта ГАИ машинаси қўриқлаб юрарди…
Рости, ўша пайтларда мен Ислом акани йиллар ўтиб бугунги даражадаги сон саноқсиз қўриқчи-ю, автоматчилар карвони қўриқлаб юришини хаёлимга ҳам келтирмаганман.
Ўша кезларда Ислом ака менга топшириқлар берарди. Масалан: “Ука, Қашқадарёга борганингда иккита нарсани билиб келгин. Биринчидан, халқнинг кайфияти қанақа?
Иккинчидан, қайси раҳбар менинг сиёсатимга доғ туширяпти? Ким халқнинг ҳақини еяпти, порахўрлик қиляпти?
Менга мана шу икки нарсани тўғри айтсанг, бўлди”, – дер эдилар…
Ана шундай суҳбатларнинг бирида мен нима жин урди-ю, қитмирлигим ва ё шухлигим тутиб: “Аёллар масаласида-чи?” деб сўрагандим.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўшанда Ислом ака: “Бировларнинг шахсий ҳаётига аралашиш яхши эмас. Аввало, ҳар бир эркакка худонинг ўзи инсоф берсин”, дегандилар…
У пайтларда Ислом ака бировларнинг айбини тополмаса, тирноқ остидан кир қидиришни ёмон кўрарди, жирканч ишлардан ҳазар қиларди.
Кейин, йиллар ўтиб сиёсат ифлос эканлигини билганларидан сўнг, ўзлари ҳам, бу ҳақдаги фикрлари ҳам ўзгариб кетган бўлиши мумкин…
Кейинчалик, Россияда рўй берган “кўрпа остидаги жанглар”, “ҳаммом можаролари” Ельсин сиёсатини ниҳоятда беобрў қилди.
Адлия вазири Ковалёв билан Бош прокурор Скуратовлар айнан ҳаммомдаги кайфу-сафолар туфайли ишдан кетишади.
Бу ҳақдаги яширин видео камера билан суъратга олинган “ишқий” лавҳалар катта ва кичик экранларга чиқиб кетади.
Уларнинг бу “фаолияти” телевидения орқали қайта ва қайта намойиш этилади.
Ёки бўлмаса АҚШ Президенти Билл Клинтон билан Моника Левинискийнинг ишқий муносабатлари ҳам бир йилдан кўпроқ миридан-сиригача матбуотда шов-шув қилинади, ҳатто Конгресс сенаторлари томонидан муҳокама этилади.
Бугунги кунга келиб, мана, Италия ҳукумати собиқ раҳбари Сильвия Бурлускони ҳақидаги ишқий саргузаштлар дунё матбуотининг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда.
Лекин бундан ким ютди-ю, ким ютқазди, билмадим…
Ана шундай пайтларда Ислом аканинг бу борада тутган позицияси менга маъқул эканини таъкидлашни истардим.
Ўзбекистонда ҳам юқоридаги каби нохуш воқеалар бўлиб туради. Лекин булар ошкор этилиб, шов-шув қилинмай, одоб доирасидан чиқмай, ўз ечимини топади. Лекин зинҳор-базинҳор бунга алоқадор ва айбдор шахслар, айниқса мулозимлар жазоланмай қолмайди.
Бундай ахлоқий тубан кимсалар раҳбарлик лавозимига муносиб эмаслигини Президент ҳамиша очиқ-ойдин айтиб келган. Буни бугун Ўзбекистонда ҳамма билади…
Умуман, шу ўринда Ислом аканинг аёллар масаласидаги яна бир одати ҳақида гапириб бериш мавруди келди, шекилли.
Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз. Биласиз, Мавлон Умрзоқов Президентнинг кадрлар масаласи бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб юрган кезларда у кишининг рафиқалари Ҳалима Худойбердиева “Саодат” журналининг Бош муҳаррири бўлиш билан бирга Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раҳбари ҳам эдилар.
Бу лавозим соҳибаси эгаллаб турган мансабига кўра Бош вазир ўринбосари ҳам ҳисобланарди.
Боз устига ўша кунларда республика шоир ва ёзувчилари номидан Ҳалима опа ва Шукрулла домлалар Президент ҳузурида тузилган Давлат Кенгашига аъзо ҳам эдилар.
Ана шундай шарафли ва шукуҳли дамларнинг бирида Президент билан ёнма-ён ўтирган Ҳалима опа нима жин уради-ю, Кенгаш тугаганидан сўнг “Бизга нима хизматлар бор, Ҳалимахон?” деб тўғри маънода илтифот қилган Президентга “Укангизни бир оз тартибга чақириб қўйсангиз, Ислом ака, уйга жуда кеч келади ва гоҳида келмай ҳам қолади…” деб шикоят қилади. “Хўжайинимни” демайди, айнан “Укангизни” деб айтади…
Ислом ака Ҳалима опага ўша кезда нима дегани менга қоронғу, лекин Мавлон акани ҳузурига чақириб: “Сен жуда катта лавозимдасан. Ҳамма сени кузатиб туради. Сен бошқаларга ҳар соҳада ўрнак бўлишинг керак. Агар яна бир маротаба оиланг менга шикоят қилса, сен ортиқ бу ерда ишлаб қололмайсан!” деб оталарча маслаҳат беради…
Ўшанда Мавлон ака менга бу гапларни кўзда ёш ва ўксик дил билан айтиб берган ва Ислом аканинг ўрнига бошқа одам бўлганида мени аллақачон ишдан ҳайдаб юборарди деб Президентдан миннатдорлигини изҳор этган эди.
Биз одатда аёллар ҳақида гапирганда, ҳурмат ва эҳтиромдан кўра, кўпроқ, кесатиқ ва писанда билан сўз юритишни ихтиёр этамиз.
Бунга сабаб эҳтимол, уларнинг ўта рашкчи бўлиши билан бирга қасоскорлиги билан ҳам боғлиқдир…
Назаримда, айнан ўша кўнгилсиз суҳбатдан сўнг Ислом ака ўзига яқинлигидан кеккайиб, ҳаддидан ошган бу оила (ўша пайтларда Ўзбекистонда ҳали ҳеч бир оила мансаб ва ваколат жиҳатидан бу қадар катта нуфуз ва қудратга эга эмас эди) танобини тортиб қўйишни кўнглига маҳкам қилиб тугиб қўйган бўлса, не ажаб…
Ёлғон бўлмасин, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош Бошқармаси бошлиғи, айни пайтда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ҳисобланган Қулаҳмад Ризаев билан у кишининг турмуш ўртоғи машҳур балерина Бернара Қориевалар ҳам Олий Кенгаш мажлисига депутат эдилар. Лекин уларнинг жамиятдаги мавқеи барибир Мавлон ака билан Ҳалима опаларнинг олдида ҳеч нарса эмас эди.
Мавлон аканинг оиласи билан боғлиқ бу нохуш вақеадан кўп ўтмай, Бўри Алламуродов Президентнинг қаҳрига учрайди.
Биласиз, Шароф Рашидов Сариосиё туманига борганда тасодифий учратган маккажўхорикорлик бригадаси бошлиғи Бўри ўша учрашувдан сўнг “катталар”нинг эътиборига тушган эди.
Рашидов бу ёруғ дунёни тарк этганидан сўнг ҳам у узоқ муддат раҳбарлик лавозимларида қолади.
Хусусан, Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлиб келганида Бўри Алламуродов Наманган обкомининг биринчи секретари эди.
Кўп ўтмай у обкомдан олиниб – “Узсофпроф”га раҳбар бўлади. Бу ерда ҳам узоқ ишлолмайди. Унинг ҳам шўрини оиласи қуритади.
Турмуш ўртоғининг ўз котибаси билан алоқаси борлигини эшитган янга, кимдир қилган телефон қўнғироғидан сўнг, эрининг ишхонасига келиб, жанжал кўтаради.
Бу ишқий саргўзашт ҳам Президентга етиб боради ва Ўзбекистон ёшларининг собиқ йўлбошчиси Президентнинг шахсий топшириғига биноан ишдан қувилади.
Ажабки, Президентнинг бу топшириғини яқингинада оиласи туфайли мамлакат раҳбаридан дашном эшитган Мавлон Умрзоқов амалга оширади…
Модомики биз Бўри Алламуродов ҳақида сўз юритган эканмиз, яна бир воқеани айтмай ўтсак, инсофдан бўлмас.
Рашидовдан кейин Нишонов республика раҳбарлигига келганида Бўри Алламуродов Сирдарё обкомининг иккинчи секретари эди.
Кунлардан бир кун у чўл зоналаридаги пахтакорлар ҳаёти билан танишиш учун вилоятнинг энг чекка қишлоқларидан биридаги дала бригадаси шийпонида тасодифан Шароф Рашидов портретини кўриб қолади.
Бригада бошлиғидан зудлик билан уни олиб ташлашни талаб қилади.
Чунки бу пайтга келиб, Нишонов ўз ўтмишдошининг суъратларини олдириб, номини бадном қилишни бошлаб юборган эди.
Лекин кекса бригадир Бўри Алламуродовга “Бу суъратни Рашидовнинг ўзи менга совға қилган, мен ўликлар билан кураша олмайман” деб жавоб беради…
Ажаб дунё экан бу дунё.
Ҳолбуки, таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев Бўри Алламуродов ҳақида менга бошқа бир ҳикояни ҳам айтиб берган эди.
Тақдирни ва тасодифни қарангки, Шароф Рашидов вафот этганидан атиги икки ё уч кун ўтиб, Бўрининг отаси ҳам бу кўҳна дунёни тарк этади.
Ўшанда унинг фотиҳасига борган Шароф Убайдуллаевнинг таъзиясини қабул қиларкан, Бўри Алламуродов у кишининг қулоғига секин пичирлаб: “Отам-ку, майли, лекин Шароф ака ўлмаслиги керак эди” деган экан…
Мана кеча шундай гапни айтган одам, бугун унинг суратини йўқотишни буюраяпти. Ажаб дунё экан бу дунё…
Умуман, Ислом Каримовнинг раҳбарлик фаолиятига синчковлик билан назар солинса, у кишининг хотин-қизлар масаласида ҳам хийла қаттиққўл ва диктаторларча муносабатини илғаш мумкин.
Бошқа давлат раҳбарлари (Масалан, СССР, Россия ва Франциянинг собиқ президентлари Михаил Горбачёв, Борис Ельцин ва Жак Ширак ) каби оиласи таъсирига берилмаган.
Мен бу ерда Президент иштирок этадиган қабул маросимлари ва давлат зиёфатлари ҳамда хориж мамлакатлардаги расмий сафарларни назарда тутяпман.
Агар эътибор берган бўлсангиз, бундай ҳолатларда Ислом аканинг рафиқаси бор ё йўқлигини биров билмай қолади.
Менинг назаримда Ислом аканинг бу сиёсати тўғри сиёсат.
Майли, биз Зелемхон Ҳайдаровнинг сиёсий портретига шарҳ бераётган эдик. Мавзудан узоқлашмайлик.
Яна Мавлон Умрзоқовга боғлиқ бўлган анави воқеага қайтамиз.
Бир куни Мавлон ака: “Исматжон, ҳозир бир гап айтаман, шуни зудлик билан Ислом акага етказиш керак”, деб қолди. “Нима гап, ака?” дедим. “Шуни Ислом ака бугун билиши керак” деб таъкидлади Мавлон ака. “Ҳа, бўпти, нима гап ўзи?” дедим.
“Бакирхонов деган йигит Марказқўмнинг ишлар Бошқармасидан Президент девонига ишга ўтаётган пайтида жуда кўп ноёб гилам ва қимматбаҳо гарнитурларни ўзлаштириб юборди. Буни Зелемхон ака ҳам билади, лекин индамади”, деди.
Ҳозир ўша йигитнинг номи аниқ эсимда йўқ., ҳатто Зелемхон аканинг номини тилга олганини ҳам аниқ эслолмайман.
Лекин имо-ишорадан ва умуман бундай нохуш воқеадан сўнг калтакнинг бир учи Зелемхон акага келиб тегиши аниқ эди ( яна қайтариб айтаман, худо ҳаққи, мен ўшанда бундай бўлишини билмаганман).
Мавлон ака бир пайтлар ўша бўлимда молия сектори мудири бўлиб ишлаганини билардим. Бакирхоновни ҳам, Мавлон акани ҳам Зелемхон Ҳайдаров ишга олган эди.
Эҳтимол, ўшанда Мавлон ака ўзининг ўрнига Бакирхонов ўтиб кетиши мумкин деб ўйлаганми, ё кимдир “Зелемхон ака ўшани тавсия қилди” деганми, буниси менга қоронғу.
Ҳар қалай у киши ўшанда ўзининг тасдиқланмай туришини Зелемхон акадан кўрган, шекилли.
“Шу гапларни Ислом ака бугун билиши керак”, – деб такрорлади Мавлон ака.
Биз унинг кабинетида ўтиргандик.
М.Умурзоқовни ташкилий ишлар бўлимининг мудири этиб тайинлаш тўғрисидаги Буйруқнинг чиқишига бундай иғвогорона гапларнинг қандай алоқаси борлигини ҳеч тасаввур қилолмасдим.
Кейинчалик билсам, жуда катта алоқаси бор экан.
Ҳанузгача аниқ билмайман-у, лекин сездимки, тасдиқланмай турган одамга қандайдир туртки керак эди.
Нима бўлганда ҳам ёшлик қилдимми, тажрибасизлик ва ё ғўрлик қилдимми, ишқилиб, жуда катта хато қилдим.
Воқеа бундай бўлган эди.
Тартиб-қоида бўйича Президент Девонга кираётган ва чиқаётган пайтда бир вақтнинг ўзида Давлат маслаҳатчиларига, ишлар Бошқармаси раҳбари, ташкилий бўлим ҳамда соқчиларнинг бошлиғига бу ҳақда хаар етказилади.
Мавлон акага ҳам худди шундай хабар етиб келди.
Шунда у киши: “Исматжон, Президент келяпти, ҳозир олтинчи қаватга кўтарилади” деди. “Нима қилай?” дедим. “Тезда лифтнинг ёнига бориб туринг, агар улгурсангиз, шундай-шундай деб айтинг!” деб йўл кўрсатди Мавлон ака.
Мен кабинетдан шитоб чиқиб, лифтнинг ёнига бордим ва тугмачасини босган заҳотим эшик очилди-ю, мен лифтга кириб олдим.
Биринчи қаватга тушдим.
Лифтдан чиқишим билан остонада оппоқ “Волга” келиб тўхтади.
Югуриб бориб машинанинг эшигини очдим. Аслида, бу мумкин эмас экан. Эшикни соқчи Зиёдулла очиши керак экан. Лекин у улгурмай қолди. Ислом ака машинадан тушаётиб, менга бир хўмрайиб қаради.
– Ассалому алайкум, Ислом ака! – дедим тавозе билан.
– Ҳа, бу ерда нима қилиб юрибсиз? – деб сўрадилар.
– Юрибман-да, Ислом ака, бир гап бор эди, шуни Сизга айтишим керак.
Ислом ака Зиёдуллага имо қилдилар.
– Кирасизларми? – деди Зиёд.
Биринчи қаватда ҳам махсус бир хона бор экан. Биз биринчи хонага кирдик. У ерда ҳеч ким йўқ эди.
– Нима гап? – деб сўради Ислом ака.
Мавлон акадан эшитган гапларимни оқизмай-томизмай, ҳаяжон билан айтдим.
Менинг гапларимни эшитиб, бирдан Ислом аканинг авзойи бузилди.
Шунда хато қилганимни англадим. Лекин энди “ғишт қолипдан кўчган” эди.
– Бу гапларни сизга ким айтди? – деб сўрадилар кўзларимга тикилиб.
– Мавлон ака айтди, – дедим дадил.
– Яхши, – дедилар.
Зиёд эшикни очди, сўнг биргалашиб лифтдан тепага чиқиб кетишди.
Турган жойимда мулзам бўлиб шалвираб қолдим. Олдингидек “раҳмат” ҳам демадилар, “хайр” ҳам…
Пинг бўлганимча, Мавлон аканинг ҳузурига ҳам кирмасдан ишхонамга жўнаб кетдим. Энди жойимга ўтирган эдим, бирдан ҳукумат телефони жиринглаб қолди. Кўтарсам, Мавлон ака экан.
– Исматжон, Ислом акага учрадингизми? Нима бўлди? – дедилар.
“Ҳа, учрадим, ҳамма гапни айтдим” деганимдан сўнг, “мени айтмадингизми ишқилиб?” – деб сўради у киши.
– Нега айтмас эканман, айтдим! – дедим жаҳл билан.
– Бекор қилибсиз, – деди Мавлон ака норози бўлиб…
Эртаси куни ишга борсам, тўполон бўлиб ётган экан. Мавлон ака мени уч-тўрт марта сўрабди. Ҳузурига бордим.
Маълум бўлишича, кеча Ислом ака ҳаммасини чақириб, Зелемхон акани ҳам, Мавлон акани ҳам, тик турғизи қўйиб, роса койибди. Ҳамма ҳайрон бўлиб, зир югурар экан.
– Ислом акага бу гапни ким айтди? Ким у кишига учрашди?
Президентнинг ёрдамчиси Крайновдан сўрасалар:
– Ҳеч ким учрашгани йўқ, -дермиш ҳайрон бўлиб.
Хайрият, биринчи қаватда учрашганимни ҳеч ким кўрмаган экан.
Ўша куни катта тўполон бўлади. Саройдагилар бу маълумот кимдан чиққанини аниқлай олмайдилар…
Зелемхон ака менга кўп яхшилик қилган одам. Узоқ пайтгача у кишининг олдида хижолат чекиб юрдим.
Орадан бир-икки йил вақт ўтиб, Зелемхон ака тўй қилди. “Баҳор” концерт залининг орқасида – Анҳор бўйида шинамгина ошхона бор.
Агар эсингизда бўлса, Карим Баҳриевнинг уйланиш тўйи ҳам шу ерда ўтгани ҳақида олдинги бобларда ёзган эдим. Зелемхон ака ҳам тўйни шу ерда ўтказадилар.
Бу пайтда Мавлон ака Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси эди. Зелемхон ака билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишган эди. Тўйнинг охирларида кайфим ошиб қолди.
– Исматжон, ажойиб йигитсиз, – деди Зелемхон ака. Ёнида кеннойи ҳам бор эди.
Тўйда чин дилдан хизмат қилдим. Зелемхон ака мендан жуда хурсанд бўлди. Кўнглим эриб турган пайтда кўп йиллик хижолатпазликдан қутулмоқчи бўлиб:
– Зелемхон ака, мен Сизга бир марта хиёнат қилганман, – дедим дабдурустдан.
Даврада Мавлон ака йўқ эди, лекин бошқаларнинг капалаги учиб кетди. Янга ҳайрон бўлиб менга тикилди.
– Ҳазилни қўйинг, – деб ишонмади Зелемхон ака.
– Ўшанда Сизни Президентга мен ёмонлагандим, – деб воқеани айтиб бердим. Узр сўрадим.
Зелемхон ака мени маҳкам қучоғлаб олди:
– Э-э, Исматжон, ўша одам сизмидингиз?! Лекин ўшанда нотўғри маълумот етказилган эди. Президент мени обориб-опкелдилар. Сизга ўша гапни ким айтган эди? – деб сўрадилар.
У кишига ҳам ростини айтдим:
– Мавлон ака айтган эди, – дедим. – Ака ўша гапни айтганимга ҳам икки-уч йил бўлиб қолди, лекин жуда қийналиб кетдим…
– Исматжон, мен сизни шунинг учун ҳам яхши кўраман, – деди Зелемхон ака.
Эртаси куни Мавлон ака дарғазаб бўлиб телефон қилди:
– Дарҳол олдимга етиб келинг! – деди. – Ўша гапни мен сизга қачон айтган эдим?
Девонга бордим. Умрзоқов мендан қаттиқ ранжиган эди. Биргалашиб Зелемхон аканинг кабинетига кирдик. Албатта, Мавлон ака ўша гапни айтганини тан олмади. Зелемхон ака ҳаммасини тушунди, лекин индамади…
Мен яна икки ўртада хижолат бўлиб қолдим…
8. Файзулла Муллажанов.
Бугун орадан анча йиллар ўтиб, Мавлон Умрзоқов билан Зелемхон Ҳайдаровларнинг ўша пайтлардаги ўзъаро муносабатларини хаёлан таҳлил қиларканман, аччиқ бир ҳақиқатни англаб етгандек бўлдим.
Умуман Зелемхон ака боя айтганимдек, Ислом Каримов салтанатига аралашганидан бўён жуда кўп одамларни давлат ва ҳукумат тепасига олиб келди.
Шулардан кўп эмас, бор-йўғи уч нафари ҳақида мен бугун ўз фикр ва мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.
Булардан бир Мавлон Умрзоқов эди. Лекин у давлат тепасида узоқ ишлаб қололмади.
Иккинчиси – Файзулло Муллажонов.
Учинчиси – Шавкат Мирзиёев.
Қизиқ, бугун мана йигирма йилдан ошибди ҳамки, бу икки мулозим ҳамон амалда. Ҳамон улар Ўзбекистон давлати ва ҳукуматида ҳал қилувчи овозга эга қудратли ва шуҳратли шахсдирлар.
Лекин Мавлон ака бугун уларнинг сафида эмас.
Нега?
Бугун ўйлаб қарасам, бунга ўзим айбдордек бир андиша бор кўнглимда.
Ким билади дейсиз, агар мен нодонлик қилиб Президентга Мавлон аканинг ўша иғвогорона гапларини айтмаганимда ва ёки, хусусан, тўйда Зелемхон акага ичиб олиб дил ёрмаганимда, Мавлон аканинг тақдири ҳам Файзулла Муллажонов ва Шавкат Мирзиёевларники каби бошқача ривож топармиди деб ўйлаб қоламан баъзан…
Дарвоқе, Файзулла Муллажонов ҳақида. Мен у киши билан биринчи маротаба Зелемхон аканинг юқорида айтилган ўша машҳур тўйида танишган эдим. Танишиш ҳам ғалати бўлган.
Шу воқеани эсласам, мана салкам йигирма йилдирки, бир ҳолат мени ҳануз хижолат қилиб келади. Ф.Муллажоновнинг олдида ўзимни ҳамон ноқулай сезаман.
Бу нохуш воқеани бугун элга ошкор этиб, Файзулла акадан ғойибона узр сўрамасам, одобдан бўлмас.
Анҳор бўйидаги ўша “биринчи” рақамли кафеда тўйга мўлжалланган умумий зал билан бирга, “нузузли” меҳмонлар қабул қилинадиган алоҳида банкетхона ҳам мавжудлигини айтиб ўтишим керак.
Бу ерга, одатда, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, ҳукумат аъзолари ва министрлар таклиф қилинарди.
Зелемхон аканинг тўйида ана шу “категория” яъни тоифадаги одамларни махсус банкетхонага таклиф қилиш менга топширилган эди.
Умумий эшикдан ҳамма қатори ичкарига кириб келаётган меҳмонларни лавозими ва мавқеига қараб иккига бўлиш, бирларини умумий тўйхонага, иккинчиларини Президентнинг яқинлари ўтирадиган махсус хонага таклиф қилишни мен қойилмақом қилиб бажарардим.
Президентга ва хусусан Зелемхон акага алоқадор мулозимларни мендан яхши ва мендан яқин биладиган одам йўқ эди гўё.
Ҳаммаси рисоладагидек бўлаётган бир пайтда, тўйхонага Сирдарё вилояти раҳбари Ботир Маҳмудов билан бир гуруҳ мулозимлар кириб келишди.
Фақат биринчи раҳбарларни махсус хонага, қолган мулозимларни умумий хонага ўтказишни Мавлон ака менга аллақачон тайинлаб қўйганди.
Улар (вилоят раҳбарининг ўринбосарлари, Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раҳбари, прокурори ва ички Ишлар бўлими бошлиғи) ким бўлишидан қатьий назар, менга сўзсиз бўйсўнишар, бу менинг хоҳишим эмас, балки менга бу масъулиятни юклаган Мавлон Умрзоқов ва Зелемхон Ҳайдаровларнинг истаги эканини яхши билишарди.
Ана шу ерда, кутилмаганда, жуда нохуш бир воқеа бўлди. Сирдарё вилояти раҳбари билан бирга келганлар орасида куни кеча Ўзбекистон Марказий Банки Бошқарувчиси бўлиб тайинланган Файзулла Муллажонов ҳам бор экан.
Табиийки, мен у кишини ҳали танимасдим. Айнан танимаганим учун ҳам Ботир Маҳмудов билан махсус хонага кираётган Файзулла акани тўхтатиб, “Сизга мумкин эмас, сиз бу томонга ўтинг!” деб кескин айтдим.
Ажаб, у киши менинг шиддатимдан чўчидими ё аслида ҳам шундай бўлиши керак экан деб ўйладими, билмадим, ҳар қалай, бир лаҳзалик саросимадан сўнг, узр сўраганча умумий хонага ўтиб кетди…
Тўполон ана шундай кейин бошланди.
Зелемхон аканинг ўзлари бориб атай таклиф қилмагунларича, Файзулла ака махсус хонага қайтиб кирмади.
Юзлари офтобда қорайиб кетган, лекин истараси иссиқ Файзулла ака ўша пайтларда республика миқёсидаги амалдордан кўра кўпроқ чўл саратонида пахта етиштириб, умргўзаронлик қилаётган бригада бошлиғига, нари борса, тепакаллигини ҳисобга олсак қолоқ бир қишлоқдаги ношуд ва омадсиз математика ўқитувчисига ўхшаб кетарди, холос…
Кейин орадан йиллар ўтди. Биз Файзулла ака билан Президентнинг турли йиғин ва анжуманларида ногоҳон кўришиб қолган дамларда ҳам у киши ўша учрашувни унутмаганини сезардим. Совуққина кўришиб ўтарди.
Унинг болаларча бу қилиғидан кулиб, бир неча маротаба Мавлон ака билан Зелемхон акаларга хижолатимни айтганимда, улар: “Парво қилманг, Исматжон, унинг одати шунақа, табиатан оғир ва босиқ одам”, деб менга далда бериб қўйшарди. Мен ҳам атай, ўжарлигим тутиб, узоқ вақтгача ўзидан узр сўрамай юрдим…
Бугун, орадан йигирма йил ўтиб, бу гапларни биринчи маротаба элга ошкор этарканман, олис Канаданинг сўлим ва фусункор гўшаларида ўтган умрим саҳифаларини қайта ва қайта варақлаб, бир нарсага амин бўлдим: Ислом Каримовнинг ёнида бугунгача ишлаб қолган жуда кам сонли мулозимларнинг деярли барчаси худди Файзулла акага ўхшаган кўнглидагини бировга билдирмайдиган, оғир ва босиқ, “ичимдагини топ” тоифасидаги сирли ва синоатли одамлардан иборат экан.
Агар эсингизда бўлса, Абдулла Орипов бир пайтлар менга: “Раҳбар бўлишни истасанг, ичингдаги гапларни биров билмаслиги, ҳаммага шубҳа билан қарайдиган бўлишинг лозим. Лекин сен бунинг тескариси, ниҳоятда очиқ кўнгил ва ишонувчан йигитсан, сендан раҳбар чиқиши қийин” деб айтган эди.
Начора, камонқош оҳудек бир жилва қилиб, сўнг тутқич бермай шитоб билан жуда тез ўтиб кетган Ўзбекистондаги пошшолик саройига алоқадор йилларимни улуғ ва мутафаккир шоиримиз фалсафаси асносида таҳлил-у, тадқиқ этарканман, Абдулла аканинг ҳақлигига имон келтиргим келади…
Файзулла ака йигирма йилдан бўён ўша лавозимда. Қанчадан-қанча миниcтрлар, ҳукумат аъзолари ва ҳокимлар алмашди бу давр ичида.
Лекин Зелемхон ака Сирдарёдан олиб келиб, Ислом акага тавсия қилган Ўзбекистон Марказий Банк Бошқарувчиси ҳануз ўз ўрнида…
9. Шавкат Мирзиёев.
Зелемхон аканинг “одамлари”дан яна бири – бугунги Ўзбекистон ҳукуматининг раиси, Бош вазир Шавкат Мирзиёев.
Шавкат ака сирдарёлик эмас, жиззахлик. Аслида уни раҳбарликка тортган Мавлон Умрзоқов бўлади.
“Яхши бузоқ икки онани эмади” деганларидек, Шавкат ака Умрзоқов туфайли ҳукумат тизимига келгач, менга ўхшаб бир кишини ушламади.
Раҳбариятдаги ҳамма билан яхши ва самимий алоқада бўлди, одоб доирасидан чиқмай, катта кетмай, баҳоли-қудрат муомила қилиб юрди.
Бир пайтлар наманганлик Пўлатов Салим Пўлатович деган ажойиб ва ўта ҳалол бир олим узоқ йиллар ректор бўлган Тошкентдаги ирригация инженерлари институтида олдин комсомол, сўнг партия етакчиси, кейинроқ проректори бўлиб ишларкан, Шавкат Мирзиёев ҳамиша ўзининг келажакдаги орзу-умидларини одамлардан яшира билди.
Атрофдагиларни ўзи ҳақида “ҳамма қатори ўртамиёна раҳбар” деган ақидага аста-секин кўндириб борди.
Шавкат Мирзиёевни оддий комсомол етакчисидан йирик илм даргоҳи проректори даражасига етишида муҳим рол ўйнаган, ҳамиша уни қўллаб-қувватлаб келган Салим Пўлатович Ўзбекистон Олий таълим вазири бўлиб кетаркан, Шавкат Мирзиёев ҳам Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигига тавсия этилади.
Аввал Салим Пўлатов, сўнг Мавлон Умрзоқовларнинг меҳри ва ишончига сазовор бўлган Шавкат Мирзиёев эрта бир кун Зелемхон Ҳайдаров ва Ислом Каримовларнинг ишончига ҳам сазовор бўлишини хаёлига ҳам келтирмагандир, эҳтимол.
Лекин унда раҳбарликка мос катта потенциал борлигини кўпчилик биларди. Ана шундайлардан бири – Ўзбекистон Президентининг кадрлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов эди.
Мавлон аканинг тавсияси билан у аввал пойтахтдаги Куйбишев (Мирзо Улуғбек) тумани раҳбари бўлди. Маълум муддат раҳбарликда суяги қотганидан кейин эса, энди назаримда, Зелемхон Ҳайдаров ва Георгий Крайновларнинг тавсияси билан бирданига Жиззах вилояти ҳокими этиб тайинланади.
Бундай дейишимга сабаб, Шавкат ака Жиззахга ҳоким бўлиб кетганида биз Мавлон ака билан аллақачон ишдан олиниб, озодликдан маҳрум этилган эдик.
Кейин, қатор суронли ва ғалаёнли йиллардан сўнг Шавкат Мирзиёев ўринбосари Убайдулла Ёмонқуловни ўз ўрнига қолдириб, ҳаммани ҳайрону-лол қилиб, кутилмаганда Самарқанд вилоятига раҳбар бўлиб ўтди.
Бу айтиш мумкинки, ҳеч ким учун кутилмаган ҳол эди. Ўшандаёқ одамлар уни Президент ўз ўрнига тайёрлаяпди деб ўйлай бошлашди. Бу эҳтимол, тўғридир. Ўша давр нуқта назаридан.
Лекин ундан кейин орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Бугун Ўзбекистонда жуда кўп нарсалар ўзгариб кетди. Сиёсий вазият ҳам бир қадар ўзгарди.
Бугун Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда тўла қонли ва қудратли Бош вазир бўлиб қоларкан, аксар одамлар уни Ислом Каримовнинг вориси деб кўришяпти ва бунга кун сайин ишониб боришяпти.
Лекин, менинг назаримда, айнан ана шу “тўла қонли”лик ва “қудратли”лик асносида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг кейинги Президенти деган башоратлар секин аста ўз таъсир кучини йўқотиб боряпти десак тўғрироқ бўларди…
Умуман, мен бугун Бош вазирнинг сиёсий фаолиятига баҳо бермоқчи эмас эдим.
Юқоридаги фикримни Шавкат Мирзиёевга бағишланган махсус боб – “Тарихда қолган Бош вазирлар” да батафсил ҳикоя қилганман.
Мен бугун унинг сиёсий саҳнага келишида ва “ана кетди, мана кетди” деган гап-сўзларга қарамай ўз ўрнида узоқ ишлаб қолишида Зелемхон Ҳайдаровнинг роли ҳақида гапирмоқчи эдим, холос…
10. Лаган.
…Зелемхон Ҳайдаров ҳақида ўйларканман, беихтиёр, олдинги бобларнинг бирида тилга олган воқеа – Москвадаги “Аргументы и факты” газетасининг Ўзбекистонга келган мухбирлари билан боғлиқ тафсилотлар ёдимга тушади.
Мен ўшанда давлат раҳбари топшириғи билан уларга мезбонлик қиларканман, сафар якунида уларни Ислом Каримов Президентнинг ёзги дачасида қабул қилгани ҳақида, агар эслаган бўлсангиз, баъзи нарсаларни ёзган эдим.
Ўшанда Ислом ака Москвалик меҳмонларга нима совға берамиз деганларида Зелемхон ака шошиб қолиб Алишер Навоийнинг 550 йиллиги муносабати билан тайёрланган оддий лаганлар борлигини айтган эдилар.
Ислом ака бундан ниҳоятда хурсанд бўлган ва рус журналистлари ўша куни Навоий бобомиз сурати туширилган чинни лаганларни мамнуният билан Ўзбекистон раҳбаридан қабул қилиб олган эдилар.
Ўшанда Ватанимиз эндигина мустақил бўлган дамлар эди. Совғалар ҳам шунга яраша камтар ва камхарж бўлган эди.
Энди-чи? Агар ўша мен бундан йигирма беш йил муқаддам кутиб олган меҳмонлар худди ўшандай миссия билан бугун Тошкентга ташриф буюришса, Зелемхон ака уларга нима совға қилишини энди яхши билса керак.
Демоқчиманки, ўтган бу йиллар Ўзбекистон Президенти ва унинг хўжалик ишлари Бошқармаси – Девон салтанати дунёнинг энг қудратли ва бадавлат тизимларидан бирига айланди.
Жумладан, йигирма беш йилдан бўён бу хўжаликни моҳирлик билан юритиб келаётган Зелемхон Ҳайдаров ҳам…
11. Вице-премьерга топшириқ.
Яна бир гап.
Агар ёдингизда бўлса, “Оқланмаган ишонч қиссаси”да Москвалик мухбирлар билан бўлган ўша учрашув якунида мен енгилтакларча: “Қачонгача “и.о” бўлиб юравераман, Ислом ака?” деб сўраганимни минг бир андуҳ ва андиша билган ошкор ёзган эдим.
Ўшанда Ислом ака Зелемхон Ҳайдаровга “Ҳамидовга айтинг, нега бу ҳануз “и.о. бўлиб юрибди!” деб кўрсатма берганларини биласиз.
Зелемхон ака ўша заҳотиёқ ёзги қароргоҳ қабулхонасидаги “вертушка”дан менинг бевосита раҳбарим бўлмиш Бош вазир ўринбосари Бахтиёр Султоновичга телефон қилиб, кўрсатма берган ва мен душанба куни эрталаб “Госплан” коллегиясида бир овоздан Бош муҳаррир этиб тайинланган эдим.
Ўтган бу йигирма беш йил ичида Зелемхон ака Ўзбекистонда не-не одамларни ишга тайинлаб, қанчаларини ишдан олиш ҳақида кўсатма берганини тасаввур қилиш мумкин.
Буларга Президентнинг шахсий илтимос ва топшириқларини ҳам қўшсак, Зелемхон аканинг Ўзбекистонда ростдан ҳам иккинчи шахс экани ҳақидаги фараз ва қарашларга ўзингиз ҳам ростакамига ишонч ҳосил қила бошлайсиз…
12. Президент учун… кресло
Ўзбекистонда Президентлик тузуми жорий этилаётган дастлабки кунларда Зелемхон Ҳайдаров Ислом Каримовнинг янги кабинетига ўрнатилажак кресло учун Финландияга расмий хизмат сафарига боргани ҳануз ёдимда.
Биз ўша куни кечгача Мавлон ака билан Сирдарёда сафарда эдик.
Кечқурун вилоят ҳокимлиги дачасига келганимизда, Мавлон аканинг телефонда Зелемхон ака билан гаплашганларини эшитдим.
Суҳбат охирида Мавлон ака “Яхши бориб келинг, оқ йўл Сизга” деб илиқ хайрлашдилар. Шунда вилоят раҳбарларидан кимдир “Қаерга кетяптилар?” деб сўраганида Мавлон ака истамайгина “Чет элга” деб жавоб берганди.
Лекин Тошкентга қайтаётганимизда менга бу хизмат сафарининг асл мақсадини
батафсил айтиб берган эдилар.
Ислом ака янги кабинетининг ўзи учун ўрнатилган янги креслосига сира кўника олмаганларини олдин ҳам эшитган эдим. Шунда Зелемхон ака Мавлон ака билан маслаҳатлашиб, Россиялик ҳамкасблари Павел Бородиндан маслаҳат сўрашганларида у Финландияда давлат раҳбарлари учун махсус кресло ишлаб чиқарадиган завод борлигини айтган.
Уни эшитган Ислом ака Зелемхон Ҳайдаровга ўша жойга бориб кресло буюртма беришни топширган. Шундай қилиб Зелемхон Ҳайдаров бир ҳафталик хизмат сафари билан Финландияга борган эди.
У ердан самолётда олиб келинган ўша креслони ўрнатиш учун Финландия заводининг икки нафар ишчиси ҳам Тошкентга хизмат командировкасига келганини эшитган эдим…
Модомики, давлат раҳбарларининг ўриндиғи ҳақида гап кетган экан, шу ўринда яна бир воқеани ҳам айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлса керак. Гап, бу гал Шароф Рашидовнинг креслоси ҳақида бўлади.
Таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев менга бир пайтлар тўлқинланиб ажойиб бир воқеани айтиб берган эдилар:
“Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида ишлаб юрган кезларим эди.
Ҳар куни бир киши Шароф Рашидов қабулхонасида эрталабга қадар навбатчилик қиларди. Бу жуда катта шарафли вазифа эди. Унга фақат Марказқўмнинг масъул ходимларигина муяссар бўларди. Баъзан тунда Ўзбекистон раҳбарини йўқлаб Москва – Кремлдан КПСС Марказий Комитети мулозимлари қўнғироқ қилиб қолишса, улар билан рисоладагидек гаплашиш, телефон қилганларнинг исми шарифи ва суҳбат мазмунини расмий дафтарга қайд этиб қўйиш керак бўларди.
Навбатчи одатда Шароф Рашидов қабулхонасида ўтирар, бутун республикакдаги вазият унинг назоратида бўларди. Қоида бўйича “биринчи”нинг кабинети ҳамиша очиқ турар, тонги соат беш-олтиларда фаррош келиб, йиғиштириб бўлгач, махсус қўриқчилар томонидан ёпиб кетиларди.
Ана шундай навбатчилик тунларининг бири эди.
Мен олдин ҳам кўп маротаба навбатчилик қилгандим. Ва ҳар гал қабулхонада ўтирарканман, Шароф аканинг кабинетини яхшилаб кўриш, у ердаги ҳар бир жиҳозни шууримда мангуга муҳрлаб қўйишни орзу қилардим. Тўғри, мен икки уч маротаба Рашидов қабулида бўлган ва ҳар гал минг бир ҳаяжон билан
хона жиҳозларига эмас, балки Шароф аканинг меҳр ва самимият тўла нурли нигоҳларига боққанча хонани тарк этардим.
Тунги соат учларга яқин Шароф аканинг ярим очиқ кабинетига термулиб ўтирарканман, беихтиёр, ичкарига кириб, у кишининг муборак кабинетига яхшилаб разм солгим келди.
Ҳар бир шум қадам биринчи қадамдан бошланади дейишади.
Минг бир ҳаяжон ва ҳайрат билан ичкарига кирарканман, Кремлнинг қизил гиламларини оҳиста босиб, ҳамма жойни юракка жойлаб, Шароф аканинг муборак креслосига яқинлашганда беихтиёр унга бир ўтириб кўриш ихтиёри пайдо бўлди менда.
Атрофда ҳеч ким йўқ, тунги соқчилар ҳам қаёққадир ғойиб бўлган, тинч ва осуда,
фараҳбахш ва дилором бир оқшом эди. Яхши ният, минг бир ҳавас ва армон билан республика раҳбарининг ёғочдан қилинган, ўз ўқи атрофида айланадиган ўриндиғига энди ўтирган ҳам эдимки, атрофда нимадир жаранглаб, дашатли қўнғироқ чалиниб кетди.
Ўтирган жойимда тахта бўлиб қотиб қолдим. Қўл-оёғим бўшашиб, пешонамда совуқ тер пайдо бўлди. Эс-ҳушимдан айрилаёздим. Энди тамом деб ўйладим. Демак, ўтирғичга атай электр қўнғироқ улаб қўйишган, бегона одам
ўтирса, соқчиларни огоҳ этаркан-да, энди катталарга нима деб жавоб бераман
деган хавотир ўтди кўнглимдан.
Занг чалинганига ўхшаш бояги қаттиқ қўнғироқ уч марта жаранглади-ю, сўнг ўчди. Шароф аканинг кабинетини секин аста сокин бир сукунат эгаллаб олди.
Орадан қанча вақт ўтганини билмайман. Ногаҳоний қўрқув ва ваҳимадан бир оз ўзимга келиб, англадимки, боя қаттиқ жаранглаган нарса девордаги соат занги экан. Тунги соат учда у роппа роса уч марта занг бераркан. Мен нодон Шароф аканинг ёғоч креслосига ўтирганимда ўша маҳал айнан тунги уч бўлган ва у занг чалиши керак экан…
Бу жаранг менинг ҳаётимдаги энг оғир ва абадий жаранг бўлиб қолди…
Кейин ҳам мен бундай соатларни кўп кўрдим. Лекин ўша соат жаранги хотирамда мангуга муҳрланиб қолди…”
Кейин йиллар ўтиб, Шароф Рашидовнинг қачонлардир Шароф Убайдуллаев ўтириб кўрган ўша ёғоч ўриндиқ янгисига – энди чарм креслога алмаштирилган. Бундан хабар топган ёзувчи Мақсуд Қориев Шароф акадан ўша эски креслони эсдалик сифатида совға қилиб беришини илтимос қилади.
Мақсуд Қориев Шароф аканинг садоқатли шогирдларидан бири ва “Қизил Ўзбекистон” газетасида у кишининг қўлида ишлаган. Мақсуд ака ўша пайтларда “Совет Ўзбекистони” газетасида Бош муҳаррир эди. Шу тариқа республика раҳбарининг ёғочдан қилинган табаррук ўриндиғи “Совет Ўзбекистони” газетаси таҳририрятига келиб қолади.
У пайтларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида Ишлар
Бошқармасининг Бошлиғи Турсунхон Умаров эди. Зелемхон ака у кишининг қўлида ишларди.
Шароф Рашидовнинг ёғочдан ясалган муборак креслоси қандай қилиб
Мақсуд Қориевга совға қилиб берилганини Зелемхон ака ҳам яхши эсласа керак.
Орадан йиллар ўтиб, Мақсуд ака бу вазифадан ҳам олинганидан кейин
Шароф акадан қолган ноёб ёдгорликни ҳам ўзи билан бирга олиб кетади…
13. Мавлон аканинг дачаси…
…Мавлон ака Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланганидан сўнг, унга қоида бўйича “Дўрмон”даги резиденциядан дача берилиши лозим экан.
Мавлон ака ва мен жазирама ёз кунларининг бирида ана шу дачани олиш учун у кишининг хизмат машинасида “Дўрмон”га борганимиз ёдимда. Зелемхон ака “21” рақамли дача калитини бизга бераркан, ёқмаса бошқасига алмаштириб олишимиз мумкинлигини айтди.
Беш хонадан иборат бу сўлим оромгоҳда худди олий мақомдаги меҳмонхоналардагидек ҳамма нарса муҳайё эди. Музхонада турли ичимликлардан тортиб, стол устидаги биллур вазаларда мева-чеваларгача, ҳамма нарса гўзал бир маҳорат билан жой-жойига қўйиб қўйилган эди.
Италиядан келтирилган шоҳона мебель ва гарнитурлар, арабистоннинг оппоқ ва гулдор чойшаблари, худди кино экранлариникидек каттакон, рангли “Самсунг” телевизорлари, ошхонадаги биз ҳали кўриб кўникмаган антиқа жиҳозлар – буларнинг барчаси ҳукумат мулозимлари учун Ўзбекистон Президенти
ва давлатининг алоҳида ҳамхўрлиги белгиси сифатида – уларга садоқат билан хизмат қилиш учун жуда катта таъсир кучига эга эди.
Лавозим билан бирга (ишга тайинланиш ҳақидаги Фармонда ёзилмаган) бундай имтиёзга эга бўлган амалдор, албатта, бу имкониятларни қўлдан чиқармасликка интилиб яшайди. Яъни, бу қулайликларни яратиб берган Президент ва ҳукуматга садоқат билан хизмат қилишга аракат қилади.
Агар бирор сабаб билан вазифасидан айрилса, бу имтиёз ва имкониятлар ҳам мўҳташам кабинети ва ҳашамдор сейфининг калити каби ўз-ўзидан тортиб олинишини у яхши билади. Ваҳимали хизмат машинаси билан шўх жилвали камонқош котибаларни-ку, айтмаса ҳам бўлаверади…
Бугунги Ўзбекистон мулозимлари (Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, Олий мажлис ва Сенат раҳбарлари), ҳукумат аъзолари (Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва министрлар) нечоғлик чексиз имконият ва имтиёзларга эга эканини тасаввур қилишингиз учун айтаяпман бу гапларни.
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари, Бош прокурор, Олий Суд раиси, Ички Ишлар, Адлия ва Мудофаа вазирларини-ку гапирмаса ҳам бўлаверади. Уларнинг расмий ва норасмий дача ва Қароргоҳлари, дам олиш зона ва оромгоҳлари бугун мен Сизга таърифлаётган тўқсонинчи йилларда Мавлон акага берилган “Дўрмон”даги дачадан-да минг баробар ортиқ ва зиёда эканини тахмин қилиш мумкин.
Ана шу имтиёз ва қулайликларнинг барчаси Ўзбекистон мулозимларига Зелемхон Ҳайдаров томонидан берилади.
Йигирма беш йилдирки, Зелемхон ака бу ишларнинг бошида.
Биз эса – йигирма беш йилдан бўён йигирма беш маротаба ишга тайинланиб, йигирма беш маротаба урилдик. Бир неча маротаба қамалиб, охири ҳур фикрли, эркин сўзли одам бўлганимизга минг пушаймон қилиб, чет элларга – она Ватанимиздан ўн минглаб километр узоқларга бош олиб кетишга мажбур бўлдик.
Лекин Зелемхон ака, мана шунча йилдан бўён, ҳамон бир вазифада, қишлоқча содда қилиб айтсак – Ўзбекистон раҳбарининг Ишлар Бошқармаси Бошлиғи бўлиб ҳормай-толмай ишлаб келаяпти.
Баъзан Ислом акадай инжиқ ва мураккаб феъл-атворли инсон билан тил топишиб, йигирма беш йилдан бўён бирга ишлаб келиш учун киши қандай фазилатларга эга бўлиши керак экан деб ўйлаб қоламан. Зелемхон акадаги Президентга бўлган садоқат мени ҳамиша ўзига мафтун этиб келган.
Бу мафтункорлик Ислом акада ҳам бор шекилли, мана йигирма беш йилдирки, у киши Зелемхон акага ишониб келяпти. Улар орасидаги бу ишончга ўтган йиллар давомида не-не мулозимлар раҳна солишга уринмади дейсиз…
14. ГКЧП аъзолари… Тошкентда
СССР Министрлар Советининг раиси Валентин Павлов Тошкентга келганида Мирсаидов бизда СовМиннинг раиси эди.
Шукрилла Рахматович Валентин Павловни “Тошкент” аэропортида кутиб олганидан сўнг, пойтахтнинг диққатга сазовор жойларини бир оз айланишди.
Сўнг олий мартабали меҳмон шарафига Дурмондаги ҳукумат Қароргоҳида катта зиёфат бўлди.
Гарчи Москвада ўқиган бўлсам ҳам, русларнинг бўкиб ароқ ичишини мен ўшанда кўрдим. Айниқса, Валентин Павлов жаннатга кириб қолган ёввойи айиқдай, ҳаммадан кўп ароқ ичди.
Улар – Ислом Каримов, Шукрилла Мирсаидов, Валентин Павлов – ичкарида, бизлар Зелемхон ака бошлиқ мезбонлар ва Павлов делегациясининг бошқа аъзолари ташқаридаги ҳовуз ёнидаги чорпояда роса маишат қилган эдик.
Ўша пайтларда Ислом аканинг матбуот котиби бўлган Ирисмат Абдухолиқов, Тошкент шаҳар ички ишлар Бошқармаси Бошлиғи, генерал лейтенант Эркин Норжитов ҳам биз билан бирга эди (Сурат берилади).
Бундан бир оз муқаддам Геннадий Янаев ҳам Тошкентга келган, лекин унинг келиб кетишига кўпчилик у қадар эътибор ҳам бермаганди. Мен ўша пайтларда Тошкент обкомининг энг ёш аъзоси сифатида (ўттиз ёшда эдим ўшанда)
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг барча анжуманларида иштирок этардим ва аксарият ҳолларда сўзга ҳам чиқардим.
Агар адашмасам Янаев Ўзбекистон коммунистларининиг қайсидир анжуманида иштирок этган, кечқурун ҳукумат дачасида зиёфат берилган ва эртаси куни тонг маҳали Москвага учиб кетган эди. У ҳам Павлон каби ароқни кўп ичган, кайфи ошиб қолган ва Россия раҳбарларидаги бу ажиб ўхшашлик мени ўшанда Москвадан келган мулозимлар ҳақидаги нотўғри қараш ва фаразларга
ундаган эди.
Кейин орадан кўп ўтмай Москвада давлат тўнтариши рўй берди. Михаил Горбачёв “касаллиги” туфайли, ҳокимият Геннадий Янаев бошчилигидаги ГКЧП қўлига ўтди. Ўшанда мен Тошкентда кутиб олиб, кузатиб қўйиш шарафига муяссар бўлган бу “эски танишларим”ни давлат тўнтариши раҳбарлари рўйхатида учратиб, ажиб ҳайратларга ошно бўлган эдим. Бу “инқилоб” уч кун давом этди, холос. Кейин ҳаммаси яна ўз ўрнига тушиб кетди…
Бугун олис Америка қитьасининг тинч ва сокин гўшаларида Ўзбекистонда ўтган серзавқ ва жўшқин кунларимни хаёлан таҳлил қиларканман, Валентин Павлов билан Геннадий Янаев ГКЧП дан олдин бирин – кетин Тошкентга нима учун келган эди деган савол ҳануз менга тинчлик бермай келади.
Ўшанда улар бизнинг раҳбарлардан қандай ваъда олган эди ва эвазига нималарни ваъда қилган эдилар?
Ислом Каримов уларга нима деган?
Шукрилла Мирсаидов-чи?
Бу саволларнинг жавобини ҳам Зелемхон Ҳайдаров яхши билади…
15. Ислом Каримов ГКЧПни қўллаб-қувватлаганмиди?
Модомики, мавруди келган экан, мана шу ерда бу масалага ҳам ўз муносабатимни билдириб ўтсам.
Мана, йигирма икки йилдирки, мухолифат Ислом Каримовни тўғридан-тўғри ГКЧП ни қўллаб қувватлаганликда айблаб келади. Ҳатто Ҳиндистон сафаридан қайтаётиб самолётдан туриб Москвага табрик телеграммаси юборган деб даъво ҳам қилишади. Мен бундан бехабарман. Агар ростдан ҳам телеграмма берилганида эди, у Россия ва жаҳон матбуотида
ўтган йигирма беш йил ичида камида йигирма беш маротаба эълон қилинган бўларди. Лекин, ҳозиргача ажабки, мен бундай “фош қилуви” матнни бирор бир матбуот саҳифасида учратмадим. Бу – биринчидан.
Иккинчидан, Ислом Каримовдек ниҳоятда ҳушёр сиёсатчи ҳали натижаси нима билан тугаши номаълум бўлган бу давлат тўнтаришига бирданига хайрихоҳ бўлиб, шошма-шошарлик билан унинг раҳбарларига табрик телеграммаси юборишига мен шахсан ишонмайман. Ўзбекистон тарихининг бу инқилобий даврини ҳеч ким – на ҳукумат ва на мухолифат бузиб талқин этолмайди.
Бу ҳақиқат эртами-кеч, барибир ошкор бўлади.
Қолаверса, бу ерда “давлат тўнтариши” бўлгани ҳам, аслида, савол остида. Михаил Горбачёвнинг қайта қуриш, демократия ва ҳур фикрлилик борасидаги барча улкан хизматларини тан олиш билан бирга унинг ўта ёлғончи ва
сергап, сиёсий лўттибоз эканлигини ҳам унутмаслик керак. 1991-йилнинг 20-августида СССРни сақлаб қолиш борасида имзоланажак умумиттифоқ тадбирига икки кун қолганда, унинг кутилмаганда, Форосга дам олиш учун кетиши, бу ақл бовар қилмас даражадаги масъулиятсизлик, мантиқсиз ва енгилтак бир қадамдир.
Рус тилида бунинг номини “абсурд” ёки “нонсенс” дейишади.
Менинг назаримда, Горбачёвнинг ГКЧП билан тили бир бўлган. Улар ғалаба қилган ё-да ютқазган тақдирда ҳам, у барибир “от устида” қолишини олдиндан билган. Шунингучунҳам, уларга “Билганларингни қилларинг, фақат эплолмасанглар, ўзларингдан кўрларинг!” деб айтгани ҳам рост бўлиши керак…
Шуларни ҳисобга олиб, мен ўша долғали кунларда Ўзбекистонда бўлган асл воқеаларни ўз билганимча айтиб ўтмоқчиман. Менинг бу субьектив фикрларим – расмий ўзбек ҳукуматининг эмас, балки бу ҳукуматдан аразлаб бугун муҳожиратда умргузаронлик қилаётган оддий бир журналист йигитнинг кўнглидаги рост ва маҳзун хотиралари деб қаралишини истардим.
ГКЧП бўлган куннинг эртайиси тушдан кейин Олий Кенгаш билан Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган қўшма Президиуми чақирилди. Унда расмий сафарини тўхтатиб, куни-кеча Ҳиндистондан қайтиб келган
Ислом Каримов ҳам иштирок этди.
Мен ҳозир мазкур мажлис тафсилотларини бошдан оёқ баён этиш фикридан йироқман. Бу ҳақда ўтган бобларда, хусусан, “Мустақиллик муборак бўлсин!” номли бўлимда батафсил маълумот берганман. Чунки айни мажлисда Каримжон билан бирга биз ҳам қатнашган эдик.
Мен бугун шуни рўй-рост айтмоқчиманки, Ислом ака ўша мажлисда Москвадаги
воқеаларга ўз муносабатини билдирмади. Ҳолбуки, сўзга чиққанларнинг аксарияти Ўзбекистон аллақачон ГКЧП қонунлари бўйича яшаётганини урғулаган, мамлакат раҳбарини очиқ ойдин Москвадаги исёнчиларни қўллашга чақирган бўлишса ҳам.
Ҳатто Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати Карим Баҳриевнинг: “Москвадаги
бу воқеалар қонуний бўлса, буни айтайлик, ноқонуний бўлса, уни айталик…”
деган аниқ-тиниқ саволларига ҳам Ислом ака ўша куни узил-кесил жавоб бермади.
Ислом Каримовни яқиндан билган одамлар учун бу тушунарли ҳол. Чунки у
киши узоқни кўра биладиган, ҳушёр сиёсатчи. Бунинг устига қўлида каттакон
бир разведка мактаби – хуфия идораси бор.
Қолаверса, Москвада ғайри-табиий равишда бошланган бу воқеалар нима билан тугашини ҳали ҳеч ким билмасди…
16. “ГКЧПдан чиққан қаҳрамон!”
ГКЧП га нисбатан Ислом акадаги сукунат-у, атрофидагилардаги чексиз бир мурувватни мен ўзимча биринчи раҳбарнинг Ҳиндистон сафари чоғида мамлакатга “уч кунлик пошшо” бўлиб қолган Шукрилла Мирсаидовнинг ўзига хос ташвиқот ва тарғиботи самараси деб тушундим.
Бундай дейишимга сабаб, Янаев билан Павлов Тошкентга келиб кетишганида уларнинг бу сирли ташрифидан Ислом акага қараганда кўпроқ Шукрилла Рахматович астойдил қувонганини яхши эслайман. Худди кечагидек ёдимда. Шу тарихий уч кун ичида Ўзбекистон тамомила бошқа мамлакатга айланиб улгурган эди. Кўчаларга ҳарбийлар чиқарилмаган бўлса-да, ҳамма саросимада.
Матбуот ГКЧП қарорларини эълон қилган, баъзи мухолифат аъзолари аллақачон
ҳибсга олинган, кимсасиз пойтахт кўчаларида ТуркВо генералларининг қоп-қора,
ваҳимали машиналари ғайри-табиий активлик ва жонбозлик билан уяси бузилган аридек изғиб қолган ваҳимали кунлар эди.
Агар ГКЧП раҳбарлари қўллари қалтираб, маст ҳолда матбуот анжумани ўтказиш
ўрнига Ельцинни тўрт-беш нафар демократик кайфиятдаги депутатлар ва таниқли сиёсатчилар билан бирга оммадан айириб, ҳукуматнинг бирор бир дача ва ё оромгоҳига қамаб, уч кеча ва кундуз ароқ билан тўйдириб меҳмон қилишганида эди, улар албатта ғалаба қозонган бўлишарди.
Уларнинг ўзлари ҳам қамалганларидан кейин энг катта хатолари айнан шу эканини очиқ ойдин тан олган эдилар. Яна бир гап. Агар ГКЧП Москвада ғалаба қилганида эди, кейинги Ўзбекистон раҳбарияти ҳам тамомила бошқа одамлардан ташкил топган бўларди. Негаки, Ўзбекистонда унинг раислигига Шукрилла Мирсаидов, ўринбосарлигига эса Анатолий Ефимовлар ГКЧП мамлакатда вафқулодда ҳолат этган куниёқ тайинланган эдилар.
Шукрилла Рахматович Ислом акага ўз ўрнини ҳеч қачон бўшатиб бермасди.
Қолаверса, уларнинг орасидаги муносабат ҳам бу пайтга келиб, аллақачон
дарз кетиб улгурган эди. СовМин аввал Марказқўмнинг, кейинчалик Президент бошқаруви жорий этилгандан сўнг, Президент аппаратининг қарор ва топшириқларини очиқ-ойдин саботаж қилар, ҳар икки раҳбарга ҳам меҳр қўйган биз ёшлар учун буни сезмаслик мумкин эмас эди.
Буни секин-аста ҳамма сеза бошлаган эди.
Лекин буни энг биринчи бўлиб сезган ва бу ҳақда Президентни биринчи бўлиб
огоҳлантирган одам ҳам айнан Зелемхон Ҳайдаров бўлиши мумкин…
17. Қасос.
Ўзбекистон Олий Кенгаши сессияларининг бирида Шукрилла Рахматович сўзга чиқиб: “Менинг вазифамни вице Президент дейдими, Премъер министр дейдими, менга фарқи йўқ. Мен амал учун туғилмаганман, унга интилмаганман ҳам. Мени тинч қўйинглар. Мен тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни афзал кўраман…” деганидан сўнг унинг кейинги ҳаёти бутунлай ўзгариб кетди.
Мирсаидовнинг сессиядаги ўша машҳур сўзларидан сўнг унинг ГКЧП даги актив
фаолияти дарҳол ёдга олинди. Кўп ўтмай марказий нашрларда таниқли журналист Шароф Убайдуллаевнинг “ГКЧПдан чиққан қаҳрамон” деган фелъетони эълон қилинди. У барча ҳукумат лавозими ва имтиёзларидан маҳрум этилди, устидан жиноий иш очилди, машинаси портлатилди, мислсиз таҳқир ва ҳақоратга дучор этилди…
Худди шу ўринда мен журналистиканинг оғир ва дашномли бир томони, тахир ва маломатли, аччиқ нони ҳақида ҳам айтиб ўтмоқчи эдим.
Одатда оддий одамлар ҳақида фельетон ёзилса, унинг қилмишлари танқидий
мақоладан кейин ўрганилади ва шунга яраша чора кўрилади. Лекин амалдор ва мулозимларнинг, айниқса юқори мартабали арбобларнинг аввал “капани бичилиб”, сўнг “гўри қозилади”. Кейин бу тайёр материал фельетон шаклида газетада эълон қилинади. Одамлар бунга дарров ишонишади. Чунки, матбуот ана шундай – халқ фикрини ўзгартирувчи катта ва қудратли куч аслида.
Буни “буюртма мақола” дейишади.
Ўша пайтда ана шундай буюртмани тайёрлаш, не бахт ва ё не кулфатки, истеъдодли журналист Шароф Убайдуллаевнинг чекига тушган эди. Умуман Шароф аканинг чекига бунга ўхшаш мақола ёзиш олдин ҳам айнан Зелемхон Ҳайдаров боис тушган ва бу мақола Шароф Убайдуллаев тақдирини
тамомила ўзгартириб юборган эди. Мен ўз вақтида Ўзбекистонда катта шов шув бўлган “Қора юрак” фельетонини назарда тутяпман.
Биз бу мавзуга ҳали қайтамиз.
Хуллас, “ГКЧП”дан чиққан қаҳрамон” фельетони боис Шукрилла Мирсаидовнинг сиёсий карьераси якун топди ва у узоқ йиллик унутиш ва таҳқирликка маҳкум этилди. Ўшандан бўён Ислом ака айнан “тиз чўкиб яшагандан кўра…” деган аччиқ сўзлари учун ҳам Мирсаидовни қаттиқ жазолаб келди, собиқ ва шаккок дўстини ҳеч кечира олмади.
2012 йилнинг 2 ноябрь куни эса Шукрилла Мирсаидов узоқ давом этган ҳақорат ва таҳқир, хўрлик ва ҳуқуқсизликдан сўнг етмиш уч ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди…
Шукрилла Мирсаидов билан Ислом Каримов муносабатларига тарих ва сиёсатчилар ҳали кўп маротаба қайтишади ва мурожаат қилишади. Вақт ҳали унга ўз баҳосини беради…
Бир пайтлар яқин дўст бўлган, кейинчалик йўллари турли томонга бўлиниб кетган бу икки сиёсий рақибнинг қадрдон ва қиёматлик, юлдузли ва шукуҳли кунларини ҳам, пушаймон ва маломатлик, аламли ва андуҳли дамларини ҳам Зелемхон акадан яхши ва мукаммал биладиган одам йўқ бўлса керак Ўзбекистонда.
Умуман Ислом аканинг Ўзбекистон раҳбари бўлганидан бўён унинг кўнглидаги
қувонч ва қайғуларига, ишонч ва туйғуларига Зелемхон акадан бўлак яқин ва
ҳамдард бирорта одамни мен ҳали учратмадим…
18. Президентга сирдошлик…
…Зелемхон аканинг Президент атрофида узоқ ишлаб қолишининг яна бир сабаби – юртбошига сирдошлигидир.
Ислом аканинг биринчи оиласидан Пётр исмли ўғли борлигини кўпчилик
билмаса керак. Ўша пайтларда Пётр Москвадан Тошкентга отасини кўргани келганида гоҳ Мавлон ака ва гоҳ Зелемхон ака уни кутиб олиб, кузатиб қўйганларини яхши эслайман.
Ўрта бўйли, озғин, истараси иссиқ бу йигитни бир маротаба Мавлон ака баҳонасида аэропортда мен ҳам кўрган эдим. У Ислом аканинг худди ўзгинаси, уни бир кўрган киши Каримовнинг ўғли эканини дарҳол сезиши мумкин эди.
Мен унда Ўзбекистондек мамлакат раҳбарининг ўғлига хос ман-манлик ва такаббурни сезмаганман. Жуда камтар ва камсуқум йигит эди. Афсуски, унинг кейинги тақдиридан бехабарман. Буни Зелемхон ака яхши билса керак…
Ислом аканинг ҳозирги оиласидан икки қизи борлигини ҳамма билади.
Уларни турмушга узатиш, Президентга қуда бўлиши мумкин бўлган оилаларни
ўрганиш, давлат раҳбарининг розилигини уларга билдириш, тўй тараддуди, уни
кўнгилдагидек ўтказиш, меҳмонлар рўйхати, совға-салом ва унга боғлиқ барча
масалалар – буларнинг бари Зелемхон аканинг зиммасида.
Агар адашмасам, тўсонинчи йилларнинг бошида Ислом аканинг катта қизлари
Гулнора турмушга чиққан эди. Оммавий ахборот воситалари (газета, журнал, радио ва телевидения) раҳбарларини тўйга айтиш билан асосан Президентнинг матбуот хизмати шуғулланган бўлса-да, лекин рўйхат асосан Мавлон Умрзоқов (Президентнинг кадрлар билан ишлар бўйича Давлат маслаҳатчиси)нинг кабинетида тайёрланиб, Зелемхон ака орқали Президент
томонидан тасдиқлатиб олинганди.
Тасдиқдан ўтган рўйхатнинг бир нусхаси Миллий Хавфсизлик Хизмати (СНБ) га,
яна бири Президент Хавфсизлиги Хизмати (СБП) га бериб қўйиларди.
Президент девонидаги масъул ходимларнинг таклифномасини тарқатиш Шароф
Убайдуллаевга топширилди. Ўша пайтларда Шароф ака Мавлон Умрзоқов раҳбар бўлган кадрлар билан ишлаш бўлимида Бош консультант эдилар.
Шу ерда мавзудан бир оз чекиниб, ўша таклифномаларни тарқатиш билан боғлиқ ғаройиб бир ҳодисани айтмай ўтсам, бўлмас. Шароф акага берилган таклифномалар юзтача эди. Уларнинг баъзилари ҳозир ҳам у кишида сақланиб қолган, улар жуда ҳам оддий ва кўримсиз бир қоғозда тайёрланган эди.
Лекин шу “оддий ва кўримсиз” қоғозни ҳам ололмай, доғда қолган не-не
мулозимлар бор эди Ўзбекистонда…
Ўшанда Шароф ака девондаги барча мулозимларнинг таклифномасини тарқатдилар-у, лекин Ўткир Зокировникини атай бермайдилар. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 1991-йилнинг 19 август куни Москвада давлат тўнтариши рўй берганида, Тошкентда “ГКЧП” раислигига
Мирсаидов, ўринбосарлигига Ефимовлар тайинланганда, унинг котиби
этиб айнан Ўткир Зокиров тайинланган эди. Ўткир ака ўша пайтлар орготделнинг мудири эди ва у кишини кўп одамлар,жумладан Шароф ака ҳам негадир ёқтирмасди.
Ўшанда Ўткир ака ниҳоятда безовта бўлиб, Мавлон аканинг олдига қайта ва
қайта кириб, таклифнома сўраганлари ҳануз ёдимда. Тавба, Ўткир Зокиров учун ўша Президентнинг тўйига таклифнома ололмай қолган дамлар ҳаётидаги энг фожеали ва даҳшатли кунлар сифатида хотирасида бир умр сақланиб қолган бўлса керак…
Ислом ака давлат раҳбари бўлганидан кейинги биринчи тўйни камтарона
ўтказишга қарор қилинган эди. Никоҳ ва базмни Дўрмондаги Қароргоҳ кафесида ўтқазишга келишилди. Тўйга раислик қилиш “Бой ила хизматчи”да Йўлчи ролини ўйнаган Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминовга топширилган эди. Кейинчалик у киши бир муддат республика Маданият вазирининг ўринбосари ҳам бўлиб ишлади.
Жуда камтарона ўтган бу тўйга асосан Ислом ака билан Абдурауф Мақсудийнинг
қариндошлари, келин ва куёвнинг дўст ва биродарлари таклиф этилди.
Ўзбекистон мулозимлари – ҳукумат аъзолари, министр ва депутатлар, адабиёт ва
санъат вакиллари, Бош муҳаррирлар ва вилоят раҳбарлари асосан наҳорги ошга таклиф этилган эдилар.
Мен бу воқеаларнинг ичида эдим ва у кунлар тафсилотлари шууримда то ҳануз
сақланиб қолган. Қизиқки, Президент ўтказаётган тўй оши шундоққина Дархондаги кафеда берилди.
Ўша пайтларда Ўзбекистондаги асосий тўйлар шу ерда ўтар, ҳозиргидек бошқа машҳур тўйхоналар қурилмаган эди. Дархонда ош еганлар узоқ вақтга қадар унинг таърифини оғиздан қўймай гапириб юришарди.
Ўшанда биз Мавлон ака билан МВДнинг орқасида – Герман Лопатин кўчасидаги ҳукумат уйларида қўшни яшардик. Наҳорги ош берилган кун тонг саҳарлаб Мавлон ака билан менинг хизмат машинамда ошга борганмиз. Президент Девони ходимлари эса Зелемхон ака уюштирган иккита каттакон “Икарус”
автобусида “Дархон”га келган эдилар…
Чамамда куз ойи. Қишнинг қаттиқ келишидан дарак берадиган совуқ ва рутубатли кунлар энди-энди бошланаётган эди. Тонг ғира-ширасида Ислом ака билан Абдурауф Мақсудий кафе олдида қўлларини кўксиларига қўйиб, тик турганча, меҳмонларни кутиб олишганди. Абдурауф Мақсудий оқ мовутдан ясалган шоҳона тўн кийиб, белига белбоғ боғлаб олган эди. Ислом ака эса кўндуз телпак ва бўйи калта дублёнка кийиб, иссиқ жунли шарф ўраб олганлари ҳануз ёдимда.
Бу ерда ҳам одатдагидек, Зелемхон Хайдаров ҳамма нарсага бош-қош эди.
Мақсудий кийган тўнни ҳам аслида Зелемхон ака махсус тайёрлатган эдилар.
У киши аввал Президентга ҳам худди шундай тўн кийишни маслаҳат берган, лекин Ислом ака негадир тўн кийиб, қўл қовуштириб туришни ўзларига эп кўрмай, дублёнка кийишни лозим топгандилар…
Кейин орадан йиллар ўтди. Биз бориб ошини еган тўй қувончи кўпга бормади. Президент қизининг ажралиш ташвишлари ва ғавғолари ҳам тўлалигича Зелемхон ака зиммасига тушди…
Давлат раҳбари ҳам одам, Унинг ҳам қалбида оддий одамларда бўлгани каби ўз дард-у, муаммоси, қувонч ва қайғуси бўлади. Зелемхон ака йигирма икки йилдирки, мамлакат раҳбарининг ана шу ташвишларига шерик. Бу ҳам осон эмас, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган оғир ва масъулиятли вазифа бу!
Одатда, пошшоликдан узоқлашсанг, тафтини қўмсайсан, яқин юрсанг куйиб кетасан дейишади. Биз яқин юрдик ва куйдик. Энди у кунлар тафтини қўмсаб яшашдан ўзга иложимиз йўқ…
Ўтган бу давр орасида қанчадан қанча бахтли ва омадли мулозимлар
Ўзбекистонда кутилмаганда бахтсизлик ва омадсизлик қурбони бўлиб кетишди.
Энг юқори давлат ва ҳукумат мансабларида узоқ йиллар тинч ва омон, соғ
саломат, куйиб кетмай ишлаб юриш ҳаммага ҳам насиб этавермас экан.
Ажаб, мана чорак асрки, Зелемхон ака куймасдан, Президентга ҳамдард ва
ҳамнафас бўлиб ишлаб келаяпти.
Нима ҳам дердик, бу ҳам бир маҳоратдир балки…
19. Президентнинг бир куни…
Ўзбекистондай каттакон бир мамлакат раҳбарининг ҳар бир куни асосан Зелемхон ака билан ҳамкор ва ҳамнафасликда ўтади десам муболаға бўлмаса керак.
Ислом Каримов ўтирган машиналар карвон (картеж) и ҳар куни эрталаб дачадан Президент девони томон йўлга тушаркан, одат бўйича бу ҳақда биринчилардан бўлиб у кишининг ёрдамчилари, котибият бошлиғи, соқчилар гуруҳи раҳбари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари ва албатта Зелемхон ака хабардор қилинади.
Мамлакат раҳбари “Оқ сарой”га етиб келганида, уни одатда бу ернинг ҳақиқий хўжайини Зелемхон Ҳайдаров кутиб олади.
Демоқчиманки, Президентнинг ишхонадаги биринчи мулоқоти Зелемхон акадан бошланади.
Бош экканча таъзим бажо айлаб, ажиб бир мутеълик билан истиқболига чиққан мулозимларнинг қуллик ва гуноҳкорлик акс этиб турган нигоҳларига шоҳлик ва ҳукмдорлик назари билан ўткир ва синовчан боққанча пошшолик курсисига етиб келган давлат раҳбарини энди дунё ва мамлакат ташвишлари қарши олади.
Бу ташвишлар нималардан иборат бўлиши мумкин?
Бошқа Президентлар учун билмадим, лекин айнан Ислом ака учун улар биринчи галда ватанимиз ҳақида нуфузли хориж матбуотида эълон қилинган мақолалар, Европа ва Америкадаги таниқли давлат раҳбарлари ва сиёсий лидерларининг Ўзбекистон борасидаги фикрлари, дунё харитасидаги энг қайноқ ва нотинч нуқталар ҳамда улардаги сўнгги сиёсий жараёнлар акс этган энг янги хабарлар шулар жумласидандир.
Албатта, қўшни Афғонистон, Покистон ва Эрондаги сўнгги воқеалар ривожи, Исроил -Паластин можаролари ва албатта Украина ва Сурия инқирози ҳам Президент эътиборидан четда қолмайди.
Президент одатда, куннинг биринчи ярмида мамлакатимизда ишлаш учун ўз давлатидан ваколат олган элчиларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиши, юртимизга ташриф буюрган хорижий давлат делегациялари билан музокаралар ўтказиши мумкин.
…Соат уч-тўртларга бориб, Президент, одатда, тушликка чиқади. Лекин аслини олганда Ислом аканинг тушлиги жуда бетайин. Зелемхон ака унга тушликни бот бот эслатиб туради. Шоҳни базўр кўндирганидан кейин: “Нима берасан тушликка” деб Ислом ака уни саволга ҳам тутиши мумкин.
ЦКда ишлаганида Ислом ака тушликни асосан парткомиссия раиси Шавкат Йўлдошев билан қиларди. Шавкат Муҳиддинович билан тушликда кўп масалаларни биргалашиб, ҳал қилишарди. Йўлдошев Олий Советга ўтиб кетганидан кейин, Ислом ака тушликни ёлғиз қиладиган бўлди.
Зелемхон ака Президентнинг кайфияти яхши бўлганида у билан ўтириб, овқатланиши мумкин. Лекин ҳар доим эмас. Ўшанда ҳам Зелемхон аканинг ичига овқат тушмайди. Шернинг ёнида қўзичоқ ўтириб овқатлангандай бўлади. Овқат пайтида нимани Ислом ака билан гаплашиш мумкин, нимани мумкин эмаслигини Зелемхон ака яхши билади.
Мен Президентга яқин бўлган пайтларда Ислом ака тушлик пайтлари иштаҳа учун “эллик грамм” ароқ ичишни ёқтирар эди.
Энди йиллар ўтиб, бу одатлари энди ўзгарган бўлиши ҳам мумкин.
Тўқсонинчи йиллар бошида Ислом ака ташаббуси билан Президентнинг давлат масалаҳатчилари учун бешинчи қаватда алоҳида тушлик қиладиган хона мавжуд эди.
Бу ерга баъзан, кутилмаганда Ислом ака ҳам кириб қолар ва маслаҳатчилари билан биргаликда тамадди қилардилар.
Лекин бундай ҳол жуда кам бўларди.
Бир кун у ерга давлат маслаҳатчилари тамадди қилиб бўлишганидан сўнг, ҳеч ким йўғида Мавлон ака билан бирга мен ҳам кириб овқатланганман.
Оқ хушбичим кийим кийган, ўрта ёшлардаги гўзал хоним олиб келган шоҳона (биринчи, иккинчи, учинчи) тушликнинг арзимаган нархи махсус дафтарчага ёзиб қўйилар ва маслаҳатчиларнинг ойлигидан чегириб қолинарди.
Кейин, нимагадир, давлат маслаҳатчилари ҳам девондаги умумий ошхонада овқатланадиган бўлишди.
Ҳозир бу анъана қайта тикланганми, йўқми, менга қоронғу…
Ислом ака баъзан ўзига яқин мулозимлар, масалан, Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари, Давлат маслаҳатчилари, Бош прокурор, Ички ишлар вазири, Бош вазир ёки Олий Кенгаш ва Сенат раисини ўзи билан тушлик қилишга таклиф этиши ва улар билан дастурхон атрофида мамлакат миқёсидаги ечимини кутаётган бирор тиғиз масалани муҳокама қилиши мумкин.
Масалан, Еврропа Иттифоқига кирувчи давлат раҳбарлари ва парламентлари томонидан озодликка чиқариш илтимос қилинган Ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар тақдири ҳам одатда ана шундай давраларда ҳал қилинади.
Бундай давраларда ҳануз ҳибсда қолаётган Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Рустам Усмонов, Муҳаммад Бекчон, Шуҳрат Нусратов ва Дилмурод Саййидларнинг тақдири ҳам бир неча маротаба кўтарилган бўлиши мумкин.
Шундай пайтларда Ислом аканинг у ёки бу йўл билан ўзи жазолаган одамлар ҳақида айтадиган: “Ақли кирганмикан?” деган гапи бор.
Демак, узоқ йиллардан бўён қамоқда қолаётган бу омадсиз маҳбусларнинг “ақли ҳали кирмаган” шекилли, улар ҳануз озод қилинмаяпти…
Ёки Шерали Жўраев тақдирини олиб кўрайлик.
Ўзбекистондаги энг машҳур ҳофиз Ислом аканинг ғазабига учраганига ҳам мана салкам йигирма йилча бўлибди.
1992 йиллар эди, чамамда.
Нимадир сабаб бўлиб, Президент кабинетидаги тор доира учрашувларининг бирида у кишининг ўша пайтдаги матбуот котиби Мурод Муҳаммад Дўст: “Ислом ака, шу Шералини саҳнага қайтарсак, нима дейсиз?” деб сўраганида, у киши: “Ақли кирганмикан?” деб жавоб қилган эканлар.
Бу деганлари: “Ҳали вақт бор” дегани экан.
Демак, мана йигирма йилдирки, истеъдодли ва бетакрор ўзбек ҳофизининг ҳам ҳануз “ақли кирмабди”…
…Мавзуга алоқадор раҳбарларни девонга таклиф қилиш, дастурхонга мезбонлик, албатта Зелемхон ака зиммасида бўлади.
Тушдан кейин одатда Ислом ака ўзини сўраб сим қоққан ёки ўзи лозим топган хорижий давлат раҳбарлари билан телефон орқали гаплашиши мумкин.
Бу орада у киши Миллий Хавфсизлик Хизмати билан Ички Ишлар вазирлиги мамлакат ичкарисидаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазият ҳақида тайёрлаган “ўта махфий” ҳисобот билан ҳам танишиб чиққан бўлади.
Бу борада ёрдамчи ва маслаҳатчиларига керакли топшириқлар беради.
Куннинг иккинчи ярмида Президент одатда вилоят ҳокимлари билан тўғридан тўғри боғланадиган телефон орқали суҳбатлашиб, жойлардаги вазият билан танишади.
Мана йигирма беш йилдирки, у киши маҳаллий раҳбарларни халқ билан ўйнашмасликка, уларнинг хақига хиёнат қилмасликка, ҳалол ва тоза ишлашга ундаб келади.
Ҳокимлар Президентнинг бу масалаҳатларига не чоғлик амал қилишяпти, буни энди халқдан сўраш керак…
Хусусан, водийда 2005-йилнинг майида рўй берган фожеанинг пишиб етилишида маҳаллий раҳбарлар ҳам айбдор эканини Президент яхши билади.
Шул боис, Андижонда юз берган фожеа унинг сочларини оқартириб, юрагини ишдан чиқарди.
Ўшанда у бегуноҳ одамлар қонини тўкиш эвазига бўлса ҳам, қаттиққўллик ва шафқатсизлик билан Ўзбекистон давлатини сақлаб қолди.
Оқибат, топгани маломат бўлди…
Бугун Президентнинг асосий вақти халқ кайфиятини ўрганиш ва уларнинг кўнглини олиш учун режалар тузишга кетаётганига мен шубҳа қилмайман.
Ислом ака бугун мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий вазиятдан яхши хабардор.
Шу билан бирга аҳолининг асосий қисми ундан рози эмаслигини, ҳукумат тизимидаги аксар мулозимлар бугун халқ бахт-саодати учун “куйиб ёниб ишлаш” ўрнига “охири нима бўларкин?” деб хаёл суриб туришганини у киши яхши билади.
Умуман, Ислом ака йигирма беш йиллик ҳукмдорлик даврида хушомадни ҳам, хиёнатни ҳам кўп кўрди.
Бугун уни мақтаб, рўпарасида таъзим қилиб юрганлар, эртага худо кўрсатмасин, лавозимидан кетиб қолса, биринчилардан бўлиб унга маломат тоши отишини ҳам Президент яхши билади.
Афсуски, умр қисқа.
Бўлмаса бу юрт ва бу халқ учун унинг қиладиган ишлари ҳали кўп эди.
Қолаверса, Ислом аканинг ёши ҳам энди етмиш еттига бориб қолди.
Шунинг учун ҳам бугун Президентнинг кайфияти унчалик яхши эмас.
Буни комил ишонч билан айтишимга сабаб бўлган ва яқинда Россия телевиденияси орқали ўзим кўрган видео лавҳа ва фото суратлардаги бир оз асабий, бир оз маъюс ва бир оз умидсиз Ислом ака – мен бундан йигирма йиллар муқаддам кўрган кўркам ва ҳароратли, ўктам ва шижоатли Ислом акадан анча фарқ қилади…
Унинг Ўзбекистон раҳбари бўлганидан кейин қилган хатолари ҳам кўп бўлди.
Ишониши ва лавозим бериши мумкин бўлмаган одамларга ишонди ва амал берди.
Умид билан раҳбарликка кўтарганлари амал курсисига ўтирмай туриб, пора олишни бошладилар.
Вилоят ҳокимлари, ҳукумат аъзолари ва министрларнинг аксарияти ишончни оқлай олмади…
Буларнинг ҳаммаси мамлакатда ҳукумат ва давлатни танқид қилиб, эсини киритиб турувчи мухолиф фикрли сиёсий кучлар йўқлигидан эканини Президент яхши билади. Лекин нима қилсин, бошқа иложи йўқ эди.
Тўқсонинчи йиллар бошида унинг олдида икки йўл бор эди.
Ё демократик давлат қуриб, мухолифат билан ҳамкорлик қилиб, тўрт беш йилда унга ўрнини бўшатиб бериши ёки қаттиққўллик билан тартиб-интизомли, мухолиф фикрларга тоқатсиз авторитар давлат қуриб, узоқ йил тахтда қолиши мумкин эди.
У иккинчи йўлни танлади.
Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ депутатлик гувоҳномасини топшириб, парламентни тарк этганидан сўнг аввал унинг ўзини, сўнг унинг қолган издошларини ҳам бирин кетин – хорижга, қочиб кетолмаганларини эса – ҳибсга бадарға қилди.
Кейин бу одат тусига кирди. Ким мухолиф фикрга эга бўлса, уни турли йўллар билан чет элларга чиқариб юбориш анъанага айланиб қолди. Кетмаганларини эса ҳибсга олиб қўрқитиш расм бўлди.
Қарабсизки, бугун каттакон бир мамлакатда унга қарши турадиган бирор бир куч ҳам, бирор кимса ҳам йўқ…
Шунинг учун ҳам – Ўзбекистон тинч.
Лекин дунё чайқалиб турибди.
Ўз мамлакатига ўттиз-қирқ йиллаб туппа-тузик раҳбарлик қилган ҳукмронлар бугун бирин-кетин халқ қўзғолонлари туфайли бошқарув жиловини қўлдан бермоқдалар.
Бугун Ўзбекистон Президентини ташвишга соладиган асосий ташвиш ҳам шу…
Умр оқар дарё экан.
Агар подшо бўлсанг, унинг ўтиб кетганини ҳам сезмай қоларкансан.
Кечагина у Ўзбекистон коммунистларининг раҳбари этиб тайинланган эди.
Кейин Президент бўлди.
Бугун қудратга келганига ҳам йигирма беш йилдан ошди.
Бу дунё ўзи шунақа бевафо экан. Йигирма беш йилдан бўён бурнини қонатмай, уруш ва очарчилик балоларидан авайлаб олиб келаётган мамлакат аҳолиси бугун унинг ўрнига бошқа ҳукмдор келишини истайди.
Буни Ислом ака яхши билади. Лекин билмаганга олади…
Шунинг аламига тўртинчи маротаба яна ўз номзодини қўйди. Атай қўйди. Номзодини қўймай, сайлов ўтказмай ҳам ишлаши мумкин эди. Бугун Ўзбекистонда унинг айтгани айтган, дегани деган. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Бу миллат ва бу Ватан учун озмунча тер тўкмадими? Оз мунча жон фидо қилмадими? Лекин билишмаскан. Қадрига ўзи етмаса – ҳеч ким етмас экан…
Наҳот умр ва давр ниҳоясига етаётган бўлса?!
Ўзбекистон Президенти ҳам одам. У ҳам баъзи пайтлар мамлакат парламентида бундан йигирма беш йил муқаддам мухолифат бош кўтарган даврдаги ташвишли кунларини, Олий Кенгашнинг тарихий еттинчи сессиядаги таҳликали ва мағлубиятли дамларини эсласа, беихтиёр, Шукрилла Мирсаидов, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Самандар Қўқонов, Муҳаммад Солиҳ, Мурод Жўраев, Шуҳрат Нусратов, Жаҳонгир Маматов, Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова каби қатор катта ва кичик рақибларини ёдга олиши мумкин.
Суратда: Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Бобир Маликов оила аъзолари билан АҚШ Президенти Билл Клинтон ҳузурида.
Ўз вақтида обрўйига жиддий путур етказган халқаро миқёсдаги сиёсий жанжал – Ўзбекистон элчисининг АҚШдан сиёсий пошпана сўраган кунлари ёдига тушса ёки ҳукумат аъзоларидан биринчи бўлиб мамлакатни тарк этган Дон маҳсулотлари вазирини эсласа, чуқур бир таассуф, аччиқ бир киноя билан Муҳаммад Бобир Маликов ҳамда Олим Отаевларнинг Америка ва Франциядаги бугунги ҳаётини суриштириши мумкин.
Баъзан, хуфия идораси раҳбарини чақириб, Сапармурод Ниёзовга суиқасд қилганликда айбланган вице пример Борис Шихмуродов (юқоридаги суратда) ни ўзбек элчихонасида яширгани учун, аввал Туркманбошининг, сўнг ўзининг қаҳрига учраб мамлакатни тарк этган ўз элчиси Абдурашид Қодиров бугун қайси давлатдан сиёсий пошпана олгани билан қизиқиши мумкин. (Абдурашид Қодиров олдин Канадада эди, кейин АҚШга ўтган деган гап сўзлар бор…)
Буларнинг ҳаммасини у киши фақат Зелемхон Ҳайдаров билан сирлашади.
Ва яна бир гап. Ислом ака ва Зелемхон Ҳайдаровларни яхши ва яқиндан билган киши сифатида бугун муҳтарам ўқувчиларимга яна бир муҳим гапни ҳам айтишим мумкин.
“Дунё ўзбеклари”да эълон қилинаётган “Подшо эркатойининг саргузаштлари” китобининг Ислом акага тааллуқли, у кишига ёқадиган ва кўнглини кўтарадиган жойлари ва тафсилотлари Зелемхон аканинг Президент билан ўтадиган ана шундай ўзъаро суҳбатларига мавзу бўлаётганига мен бугун шубҳа қилмайман.
Бунга нафақат мен, балки Ислом аканинг феъл-атворини яхши билган, қачонлардир у кишига яқин бўлган бошқа одамлар ҳам шубҳа қилмасалар керак.
Негаки, ўзбек мухолифати сайтлари орасида фақатгина “Дунё ўзбеклари”да Ўзбекистон Президенти ҳақида ҳақорат ва дашномлардан холи, эътиборли ва эҳтиромли хотиралар эълон қилинаётганини бу сайтларни кузатиб, таҳлил ва тадқиқ қилиб бораётган хуфия хизмати масъуллари яхши билишади.
Бу хабарни улар аллақачон ўз хўжайинларига етказганларига, улар эса ўз ўрнида мамлакат раҳбарини хабардор қилганларига мен бугун шубҳа қилмайман.
Бундан бир-икки йил муқаддам Ўзбекистонга боришимни сўраб, Президент номига ёзган мактубимни унга олиб киришган заҳоти, Ислом ака ҳеч иккиланмай, рози бўлгани ҳам – бу фикрни комил ишонч билан айтишимга яна бир далил бўлса, не ажаб.
Айнан шунинг учун ҳам мен ёзаётган хотираларимда Ислом Каримов ва у кишининг атрофидаги одамлар ҳақида бор гапларни айтишга, бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисаларни бўяб-безамай, қандай содир бўлган бўлса, шундайлигича ҳикоя қилишга ҳаракат қилаяпман.
Майли, мавзудан узоқлашмайлик. Биз Президентнинг бир куни ҳақида гапираётган эдик.
Салтанатдаги иш кунини якунлаш арафасида Ислом ака Зелемхон Ҳайдаровни ёнига чақириб, бугун қилинган ва эртага қилинажак ишлар ҳақида ҳисобот сўрайди, кўргазмалар беради.
Ана шундай кезларда Зелемхон ака, Президентнинг кайфиятига қараб, ҳукумат тепасидаги баъзи амалдорларнинг у ёки бу мавзудаги талаб ва илтимосларини унга етказиши мумкин.
Кимдир унинг ҳузурига кириш учун изн сўраса, кимдир тўй ва ё бошқа бир тадбирини ўтказиш учун мамлакат раҳбарининг рухсатини олиш истагида.
Яна кимдир Президент оила-аъзоларининг қутлуғ кун ва саналари боис, уларга ўз совғаларини юбориб, Зелемхон акадан шуни эгаларига етказишни сўраши мумкин.
Мен Олий таълим вазирлигининг “Миллий таълим” газетасига раҳбарлик қилган даврда шу соҳа раҳбарларидан бири менга Зелемхон ака орқали Президент яқинларига совға-саломлар қилганини айтганида, рости, мен: “Наҳотки Ислом аканинг оиласи шу нарсаларга зор бўлса?” деб ҳайрон қолган эдим.
Буларнинг ҳаммасини Зелемхон ака, албатта, Президент билан маслаҳат қилади.
Мен бу гапларни Президентни яхши билганим ва давлат бошқаруви ишига оила-аъзолари аралашувини чеклаганидан хабардор бўлганим учун айтаяпман.
Шу ўринда юқори даражали давлат мулозимларининг Президент қабулига кириши масаласида яна бир гап.
Бугун Ўзбекистон ҳукуматида министр даражасидаги шундай мулозимлар, қўмита ёки корпорация раҳбарлари, вилоят ҳокимлари борки, улар ойлаб ва йиллаб Президент қабулига кириш учун навбат кутишлари мумкин.
Баъзан умуман киролмайдилар ҳам.
Нафақат министр ва ҳокимлар, ҳукумат аъзолари ҳам Президент чақирмаса, ўзлари истаган пайтда давлат раҳбари ҳузурига киришолмайди.
Зелемхон ака Президент билан бўладиган куннинг охиридаги учрашувларида ана шундай мулозимлар ва шунга ўхшаш муаммолар хусусида гаплашиб олади.
Ҳолбуки, бу масалалар аслида Президент котибияти ва ёрдамчиларининг хизмат ваколатига киради.
Лекин Ўзбекистонда бу ва бунга ўхшаш бошқа қатор мавзуларни ҳам Президент аксар ҳолларда Зелемхон Хайдаров билан ҳам ҳал қилаверади.
Яна бир гап.
Ўзбекистонда каттами-кичикми, иш ташлаш, очлик эълон қилиш ва ё митингга ўхшаш бирор воқеа содир бўлса, бу ҳол ўша заҳотиёқ мамлакат раҳбарига етиб боришини мен яхши биламан.
Президент аслида бундай воқеалардан ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари (прокуратура, суд, милиция) юборган махфий ахборотлар орқали хабар топади.
Сўнг бу хабарни хуфия (миллий хавфсизлик ва президент хавфсизлиги, жосуслик, агентура ва резидентура) хизмати орқали текширтириб олади.
Жойлардаги расмий вакиллари (ҳокимлар, депутатлар) дан бу ҳақдаги фикрларни ўрганиб, сўнг уни ўз ёрдамчилари, давлат маслаҳатчилари, хуфия хизмати раҳбарлари билан муҳокама қилади. Чора ва тадбирлар белгилайди.
Албатта, Президент бундай расмий ахборотларни ўз яқинлари ва агентларидан келган бошқа норасмий хабар ва “донос”лар орқали ҳам текшириб кўриши мумкин…
Масалан, мен Юсуф Жуманинг қамалишига сабаб бўлган Бухородаги воқеалар ипидан-игнасигача Президентга етказиб турилганидан хабардорман. Ва унинг адабини бериб қўйиш ҳақидаги буйруқ ҳам мамлакатнинг энг олий саройидан келганига ишончим комил.
Ёки яқин ўтмишда – Ўзбекистон телевидениясининг ноҳақ ишдан бўшатилган икки журналисти ўз уйида ўтказган очлик акцияси ҳақидаги ташвишли хабар дипломатик корпус вакиллари томонидан бутун дунёдаги давлат ва мамлакат масъулларига етказилди.
Албатта, бундан биринчи галда Ўзбекистон раҳбари хабардор қилинган.
Лекин ўзбек расмийлари юқорининг буйруғи билан Ўзбекистонда гўё ҳеч қандай очлик акцияси ўтмагандай тутишди ўзларини…
Яқин келажакда, жасоратли икки журналист қиз ўтказган бу тадбир шов-шувлари бир оз босилгач, айнан ўшаларнинг исёни боис Ўзбекистон телевиденияси раҳбарларининг истеъфосини кутиш мумкин.
Лекин ҳукумат маъмурлари ойнаи жаҳон раҳбарларини ишдан оларкан, уларни Омонова ва Эшонқуловалар учун бўшатдик дейишмайди. Бошқа сабабларни рўкач қилишади.
Бироқ, фаросатли одамлар учун шаксиз бўлажак бу истеъфоларнинг асл сабаблари ҳозирдан маълум десам, хато қилмаган бўламан…
Мен юқорида тилган олган воқеаларнинг ҳаммасига Зелемхон ака бевосита дахлдор ва алоқадор десам, ҳайрон бўлманг!
Қолаверса, бу воқеларни ҳар доим ва ҳар маҳал Президентга етказиб турган одам ҳам аслида Зелемхон Ҳайдаров бўлиши мумкин…
20. Ўзбекистон Президентининг оромгоҳ (дача) ва қароргоҳ (резиденция)лари…
Модомики, Зелемхон Ҳайдаровнинг сиёсий портретига шарҳ берар эканмиз, у кишининг бевосита хизмат ваколатига кирадиган Президентнинг дача ва резиденциялари ҳақида ҳам гапириб ўтиш мақсадга мувофиқдир.
Бетакрор Абдулла Қодирий ўзининг бебаҳо китоби “Ўтган кунлар” да “Мозийга қараб иш тутиш хайрлидир” деб ёзганидек, давлат раҳбарларининг яшаш ва дам олиш масканлари ҳақида гапиришдан олдин, уларнинг пайдо бўлиш тарихига ҳам бир назар солсак ёмон бўлмасди.
Ватанимиз сарҳадлари тарихда Туркистон номи билан аталиб, кейинчалик ўзъаро можоро ва урушлар оқибатида Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларига бўлиниб кетганини биламиз.
“Амир” ва “Хон” деб аталмиш бу ҳукмдорлар найза ва қалқон тутган саркардалар қўриқчилигида – олтин қаср ва саройларда яшагани, ўз “ҳарам ва ҳашам”ларига эга бўлгани ҳақида ҳам маълум тасаввурга эгамиз.
Давлат раҳбарларининг бугунги замонавий оромгоҳ ва қароргоҳлари – ўтмишдаги ҳукмдорлар эгалик қилган ўша “ҳарамгоҳ ва ҳашамгоҳ”ларининг янги кўриниши десак муболаға бўлмаса керак.
Бугун уларнинг номи ҳам энди “Дача” ва Резиденция” деб бир қадар ўзгартирилди, замонавийлаштирилди…
21. Давлат дачалари тарихидан…
Россия империяси даврида уч хонликка бўлиниб кетган бу тарқоқ ва заиф боболаримиз авлодини Кауфман, Черняев, Куропаткин каби Туркистон генерал губернаторлари ўзига бўйсундириб, ўз билганича бошқарган эди.
Мен китобимнинг олдинги қисмларида ана ўша босқинчилар томонидан Қўқондаги қайсидир боғ дарвозасига “Сартларнинг кириши мумкин эмас!” деб ёзиб қўйганлари ҳақида алам билан ёзган эдим.
“Сартлар” деб ўша пайтлар бизни – маҳаллий аҳолини айтишган…
Владимир Ленин 1917-йил қуролли қўзғолон йўли билан Россияда қонли инқилоб уюштирганидан сўнг, аввал ўз давлати ва салтанатини қонуний қилиб расмийлаштирди, сўнг Ўрта Осиё ҳудудларини энди “ўз ихтиёри билан” Янги Советлар Иттифоқига қўшилганини ажиб бир маҳорат билан қонунлаштира бошлади…
1922-йил 30-декабрда Москвада Бутуниттифоқ Советларининг 1-съезди ўз ишини бошлайди. Съезд янги иттифоқ – СССРнинг юқори ҳокимият органлари – Марказий Ижроия Қўмитаси ва ҳукуматини тузди.
В.И.Ленин СССР ҳукумати – Халқ Комиссарлари Совети раиси этиб тасдиқланди.
Шундай қилиб 1922-йил 30-декабрда СССР тузилди…
1924-йилга келиб Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси ташкил топди.
1925-йил 13-февралида Бухородаги “Халқ уйи”да Бутунўзбек Советларининг биринчи Қурултойи очилди. Қурултой “Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси тузилганлиги тўғрисидаги Декларация”ни қабул қилди.
Қурултой Ўзбекистонда давлат ҳокимияти олий органлари тузилганлигини расмийлаштирди.
Ўзбекистон ССР Советлари Марказий Ижроия Қўмитаси раиси лавозимига фарғоналик деҳқон, “Қўшчи” уюшмаси раҳбарларидан бири Йўлдош Охунбобоев сайланди.
Ўзбекистон ССР ҳукумати – халқ комиссарлари Кенгаши Раиси лавозимига Файзулла Хўжаев тасдиқланди.
Самарқанд шаҳри Ўзбекистон ССРнинг пойтахти этиб белгиланди. 1930-йилда пойтахт Тошкентга кўчирилди…
Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбарлари маълум даврга қадар ўз уйларида яшашган…
Фақат Владимир Ленингина инқилобга қадар яшаган Разливдаги чайласини ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин – Кремлга алмаштириб, яшаш шароитини бир оз яхшилаган, холос…
Владимир Лениндан кейин Кремль ҳукмдори бўлган Иосиф Сталин ҳам 1932-йилга қадар асосан шу ерда яшаган.
1932-йил унинг хотини Надежда Аллилуева эри Иосиф Сталинга қасдма-қасд қилиб, ўзини ўзи отиб ўлдирганидан сўнг Сталин Кремлдаги уйидан безиб қолган.
Бу ҳолни Сталиннинг қизи Светлана Аллилуева ўзининг “Дўстимга ёзилган йигирма мактуб” номли хотиралар китобида шундай эслайди:
”Ҳамма нарса онамни эслатиб турадиган бу уйда отам ортиқ яшай олмаслигини сезди. Шу тариқа у Кунцевада ўзи учун дача қуришларига фармойиш берди.
Бунга қадар ҳали Кремлдагилар учун алоҳида дача ва оромгоҳлар қурилмаган эди.
Кремлдаги янги кўчиб ўтган уйимизда эса у жуда кам бўлар, фақат тушлик қилиш учун кирарди, холос.
Кунцевадан кейин Москва вилоятининг Зубалово, Липки, Семёновскларида ҳам бирин-кетин шинам ва камхарж дачалар қурила бошланди.
Кейинчалик улар ёзги таътил пайтларида ҳукумат аъзоларининг адабиёт ва санъат вакиллари, зиёлилар ёки хорижий давлат раҳбарлари билан учрашадиган машҳур “давлат дачалари”га айланиб қолди.
Бу дачаларда ҳамма нарса худи отам ёқтириб қолган Кунцевадаги дачадагидай қилиб жаҳозланди. Хоналар ҳам, ундаги ёғочдан қилинган мебеллар ҳам.
Ҳар бир уй олдидаги гулзор ва яшил йўлаклар ҳам, сокин чайқалиб турувчи сой ва шовуллаб турган ўрмонга олиб борадиган сўқмоқлар ҳам худди Кунцевадагидай гўзал ва бетакрор қилиб қурилган эди…”
Шу тариқа Москва бирин-кетин бошқа иттифоқдош республикаларга ҳам давлат раҳбарлари учун дача ва резиденциялар қуришга рухсат бера бошлади.
22. “Дўрмон” тарихига бир назар.
Ўзбекистон Президентининг ҳозирги “Дўрмон”даги резиденцияси 2,500 кв.м. ер майдонига эга бўлиб, Усмон Юсупов даврида партия бюджети ҳисобидан қурилган.
У даставвал Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг “Дўрмон” боғи ҳисобланган.
1957-йилда КПСС Марказий Комитетига ишга олинган ўзбек халқининг ажойиб фарзанди Нуриддин Муҳиддинов ўрнига Ўзбекистон коммунистларининг раҳбари этиб тайинланган Собир Камолов хотинининг гапига кириб “Дўрмон”даги дачани тамомила қайта қурган.
Кейинчалик уни айнан партия маблағини совуриб, ҳукумат боғини ўз шахсий чорбоғига айлантиргани учун ҳам Марказий Комитет Бюросида ишдан олишган.
Мен бу воқеаларни раҳбар бўлишни орзу қилиб юрган студентлик йилларимда Москвадаги Ленин номли Давлат кутубхонаси архивидан КПСС Марказий Комитети ва Ўзкомпартия раҳбарларининг ишга тайинланиш ва озод этилиш сабабларини ўрганиб юрган пайтларимда ўқиб билган эдим.
Ўшандан бўён “Дўрмон” боғида жиддий ўзгариш бўлмаган.
Шароф Рашидов, Рафиқ Нишонов, Иномжон Усмонхўжаев даврларида ҳам бу боғ қандай бўлса ўшандай ҳолича сақланиб келган.
Фақат мустақил бўлганимиздан кейингина – Ислом Каримов даврида бу боғ мутлақо қайта қурилиб, кенгайтирилган.
Нафақат бу дача, балки бошқа дачалар ҳам бирин кетин пайдо бўла бошлаган…
Ҳозир “Дўрмон” боғи Москванинг Кунцевасидаги каби Ўзбекистон Президентининг “Ближняя” – “Яқиндаги”даги дачаси ҳисобланади.
Эслатиб ўтиш керакки, СССР раҳбарларининг даставвал Москва яқинидаги Кунцевада – “Ближняя”, Бочарева русь, Завидово ва Барвихада – “Дальняя” дачалари мавжуд эди.
Йиллар ўтиб, уларнинг географик ўрни мамлакат бўйлаб кенгайди, сони ҳам бир неча баробарга ошди.
Хусусан, Кремлдагилар учун гўзал ва баҳаво Қримнинг Сочи шаҳри ҳукумат миқёсидаги дача ва резиденциялар “Маккаси”га айланиб қолди…
Дарвоқе, биз “Дўрмон” ҳақида гаплашаётган эдик.
Бугун “Дўрмон” қароргоҳи ўзининг замонавий кўриниши, баҳаволиги ва гўзаллиги билан дунёнинг мана ман деган давлат раҳбарларининг дачаларини ортда қолдириб кетиши мумкин.
“Дўрмон”да бошқа давлат раҳбарларининг Ўзбекистондаги сафари давомида яшаши, дам олиши ва ишлаши учун ҳам барча шароитлар мавжуд.
Бу ерда Ўзбекистон Президенти олий мақом меҳмонларни протоколь бўйича кутиб олиши ва кузатиши ҳам мумкин…
23. Ҳукумат қарори…
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
«ДЎРМОН—ҚАЙНАРСОЙ» КОМПЛЕКСЛАРИНИНГ ХЎЖАЛИК ҲИСОБИДАГИ БИРЛАШГАН ДИРЕКЦИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Бошқарув ва расмий ҳукумат делегациялари ва чет эллик меҳмонларга хизмат кўрсатишнинг ягона тузилмасини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати Ишлар Бошқармасининг шаҳар ташқарисидаги «Қайнарсой» қароргоҳи ва «Дўрмон» қароргоҳи базасида «Дўрмон—Қайнарсой» комплексларининг хўжалик ҳисобидаги бирлашган дирекцияси ташкил этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 1996 йилда республика бюджетидан «Дўрмон—Қайнарсой» комплексларининг хўжалик ҳисобидаги бирлашган дирекциясига унинг ўз даромадларидан қопланмаган харажатларини қоплаш учун тақдим этилган ҳисоб-китобларга мувофиқ бир марталик маблағ ажратсин.
«Дўрмон—Қайнарсой» комплексларининг хўжалик ҳисобидаги бирлашган дирекцияси ишга туширилган вақтдан бошлаб беш йилга солиқларнинг барча турларини тўлашдан озод қилинсин.
3. «Қайнарсой» қароргоҳи ходимларининг иш ҳақига 1996 йил 1 январдан бошлаб баланд тоғ шароитида ишлаганлик учун 1,15 коэффициент белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати Ишлар Бошқармаси бир ой муддатда «Дўрмон—Қайнарсой» комплекслари хўжалик ҳисобидаги бирлашган дирекциясининг янги функциялари ва фаолияти йўналишларини ҳисобга олган ҳолда у ҳақдаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Ҳарбийлаштирилган ёнғиндан муҳофаза қилиш бўлинмаси ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қўшимча равишда 45 штат бирлиги ажратилсин.
6. Молия вазирлиги 1996 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг харажатлари сметасида «Қайнарсой» комплексининг ҳарбийлаштирилган ёнғиндан муҳофаза қилиш бўлинмаси харажатлари учун зарур маблағ ажратилишини назарда тутсин.
7. «Ўзулгуржибиржасавдо» уюшмаси (Шаронов) ҳарбийлаштирилган ёнғиндан муҳофаза қилиш бўлинмасини АЦ-40(131) 137 маркали қийин йўлларда юра оладиган иккита ўт ўчириш автоцистернаси билан таъминласин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 18 декабрь,
462-сон
24. “Оқсарой” қароргоҳи…
Модомики, биз бугун Ўзбекистондаги дача ва резиденциялар ҳақида гапирарканмиз, Ислом Каримов давлат раҳбари бўлганидан кейин Тошкентда пайдо бўлган илк Президент қароргоҳи ҳақида ҳам айтиб ўтишимиз керак бўлади.
1989-йилнинг 23-июнь кунги Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг навбатдан ташқари чақирилган Пленумида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайланган Ислом Каримов Ўзбекистон мустақил бўлгунга қадар қароргоҳ, дача ва резиденциялар ҳақида ўйлагани йўқ эди.
Олдинги раҳбарлардан нима унга мерос бўлиб қолган бўлса, шунга кўникиб ишлаб юрди.
Ўйлашга фурсат ҳам, ҳожат ва эҳтиёж ҳам, маблағ ҳам йўқ эди.
Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий этилиб, 1991-йил мутақилликни қўлга киритганидан сўнг эса,бу масалалар устида ҳам жиддий ўйлаб кўриш кераклигини сезди.
Биринчи бўлиб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биносини Президент девонига, кейинчалик эса “Оқ сарой”га айлантирди.
Михидан ғишт ва бетонигача Зелемхон Ҳайдаров масъул бўлган “Оқ сарой”нинг умумий ер майдони 5.750 кв.м.бўлиб, у 1998-йилнинг октябридан, 1999-йилнинг мартигача, жуда қисқа фурсат – атиги олти ой ичида қуриб тугатилди, қайта таъмирланди.
Мен ўша пайтларда “Ҳамкор” – “Деловой партнёр Узбекистана” газеталарида Бош муҳаррир эдим ва бу воқеаларга бевосита шоҳид бўлганман.
Қолаверса яшаш манзилим ҳам “Оқ сарой” қароргоҳининг шундоққина биқинида – Марказқўмнинг “Шельковичная” меҳмонхонасига олиб борувчи, ҳукумат мулозимлари яшайдиган – “Герман Лопатин” маҳалласида эди.
Биз ҳар куни эрталаб ишга кетишда ҳам, қайтишда ҳам, тонг саҳарлаб бадантарбия баҳонасидаги Анҳор бўйидаги сайрда ҳам бу ерлар атрофидан бир неча маротаба ўтиб қайтардик.
Кеча-ю, кундуз тинмай ишлаётган қурувчилар, ҳарбийлар ва машиналарнинг қайноқ меҳнатига гувоҳ бўлардик.
Ҳарбий қурувчилар аралашувидан у ерда давлат раҳбари учун ер ости йўллари ва бункерлари ҳам қурилган бўлиши мумкин деб тахмин қилардик.
Билмадим, бугун бу тахминлар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини фақат Зелемхон Ҳайдаров билиши мумкин…
Бир пайтлар “Кукольный театр” бўлган жой орқасидаги тепалик саҳнида бугун Президент учун махсус вертолёт майдончаси қурилганини кўпчилик билмаса керак.
Театр майдони ва ўша кўркам боғ ҳам, унга туташ талай ерлар ҳам “Оқ сарой”га қўшилиб кетган…
Шу тариқа, Марказқўмнинг олдинги биноси қайта таъмирланиб, унинг ёнига “Қабуллар уйи” (Дом приёмов) ва журналистлар билан матбуот анжумани ўтказиладиган Конференц зал (Прессцентр) қурилди.
Бир сўз билан айтганда Қароргоҳ майдони Анҳор қирғоғига қадар кенгайтирилиб, атрофлари қалин ва мустаҳкам темир панжаралар билан ўраб олинди…
Менинг бу ёзганларимни ўқиб, баъзилар давлат раҳбари учун “Бу қурилишлар нега керак экан?” деб ўйлаши ва Президентни “Халқ маблағи”ни талон-тарож қилганликда айблаши мумкин.
Менинг назаримда бу хато айблов бўларди.Чунки давлат раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаш, унга дача, қароргоҳлар қуриш халқаро сиёсий андозаларга мос ва бу қонун билан кафолатланган.
Қолаверса, ҳар бир мамлакатнинг аэропорт, вокзал, ҳукумат уйи ва Бош майдонлари ўша давлатнинг юзи, айтиш мумкинки “Ташриф қоғози” (визитная карточка)си ҳисобланади.
Жумладан, давлат раҳбарининг оромгоҳ ва қароргоҳлари ҳам.
Ҳукумат миқёсидаги бу иншоотлар нафақат давлат раҳбарининг шахсий хоҳиши боис, балки бутун дунёда қабул қилинган умумбашарий меъзонлар ва халқаро давлат стандартлари асосида қурилади.
Ислом Каримов ҳам дунёнинг не-не давлат раҳбарлари билан учрашиб, уларнинг дача ва резиденцияларида меҳмон бўлган.
Ва албатта эрта бир кун улар ҳам Ўзбекистонга келганида айни меҳмондўстлик ва мезбонликни у ҳам кўрсата олиши керак.
Бу ерда давлат раҳбарининг дача ва резиденциялари, уларнинг кўркам ва кўримлилиги, замонавий ва мўҳташамлиги ҳам катта рол ўйнайди.
Масалан, АҚШ, Канада, Хитой, Россия, Италия, Япония, Германия, Франция ва Буюк Британия каби дунёнинг энг ривожланган давлати раҳбарлари Ўзбекистонга келганида бизда ҳам худди ўзлариники каби шарт-шароитларни кўрсалар, мустақил Ўзбекистон деган номга муносиб эканимизни сезсалар, муомилалари ва муносабатлари ҳам шунга яраша бўлади, албатта…
Биз телевизор орқали баъзан АҚШ президенти Барак Обамани оиласи ва бола-чақаси билан “Оқ уй” олдидаги майдончадан вертолётга ўтириб, қайсидир дачасига дам олишга учиб кетганини кўриб қоламиз.
Ёки бўлмаса ундан олдинги президент Буш Россия раҳбари Путинни ўзининг вертолётига миндириб, олис қишлоқ (Кемп Девид) даги ранчосига олиб кетганини кўриб, қалбимизда ажиб бир ҳавас туйганмиз.
Не бахтки, бугун Ўзбекистон ҳам дунёда ўз ўрни ва ўз сўзига эга бир давлат бўлди.
Эртага АҚШ ва ё Россиянинг раҳбарлари Ўзбекистонга келса, бизнинг Президент ҳам улар билан ўз ҳашаматли қароргоҳи олидаги майдончада қўр тўкиб турган савлатли вертолётига ўтириб, осмону фалакка парвоз қилганини кўриб, қалбимизда ажиб бир фахр ва ифтихор туйғуларини туйсак, бунинг нимаси ёмон?!
25.“Қайнарсой” резиденцияси.
Кейинчалик бизда ҳам Завидовадаги каби “Дальняя” – “Узоқдаги” “Қайнарсой” резиденцияси қурилди.
Шу ерда “Резиденция” сўзига тушунча бериб ўтмоқчиман: Давлат раҳбарининг яшаши, дам олиши ва ишлаши учун қурилган мажмуа – резиденция деб аталади.
Бу ерда бир пайтлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг “Ботаника” Илмий ишлаб чиқариш Маркази таркибидаги Ботаника боғи бўлган.
У Тошкент шаҳрининг шимолий-шарқидаги энг хушманзара ва баҳаво гўшалардан биридир. Бу оромижон ва жаннатмакон ернинг умумий майдони 66 гектарни ташкил қилади.
Ўзбекистон Президентининг “Қайнарсой”даги (Сижжак қишлоғининг ёнидаги) резиденцияси 2000-йилларда қурилган дейишади.
Лекин биздаги маълумотларга қараганда Сижжакдаги бу қароргоҳ 1995 йилдаёқ – жуда қисқа фурсат (бир ярим йил) да қуриб фойдаланишга топширилган.
Қурикликдан фақат битта махсус қурилган йўл билан боғланган, асосан вертолёт билан бориладиган, одам оёғи етмас, булутларга ёндош бўлган тоғли дарадаги бу қароргоҳ учун тахминан 45-50 миллон доллар маблағ сарфланган дейишади.
Лекин бизнинг назаримизда бу ерда харажатлар ниҳоятда камайтириб айтилган. Унинг асл нархи аслида бу баҳодан ҳам бир неча ўн баробар кўп бўлиши мумкин…
Биз ҳозир Чорвоқдаги давлат раҳбарининг резиденцияси ҳақида гаплашаяпмиз.
Шахсан Ислом Каримовнинг топшириғи билан бу қурилишга Ўзбекистон ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков бошчилик қилган.
Лекин назорат барибир Зелемхон Ҳайдаровда бўлган…
Айтишларича, қурувчилардан тортиб, обьект қоровулларига қадар Исмоил Ҳакимовичнинг суҳбатидан ўтган.
Чунки мамлакат бошлиғи учун қурилаётган қароргоҳ давлат сири ҳисобланади ва бу ерда давлат раҳбарининг хавфсизлик масаласи билан боғлиқ бўлгани учун ҳам Жўрабековнинг бу жавобгарлигини тўғри тушуниш керак, албатта.
Айтишларича Исмоил Ҳакимович “Қайнарсой”даги қурилишнинг тошидан тортиб мармаригача шахсан ўзи танлаган ва Девон бошлиғи Зелемхон Ҳайдаров назаридан ўтказган.
Албатта, бу қурилишга дунёнинг энг замонавий давлатларидаги дача ва резиденциялар проекти асос қилиб олинган…
Ўзбекистон сув хўжалиги тизимидаги ташкилот ҳисобланмиш – “Водстрой” “Қайнарсой” резиденцияси қурилишига асосий пудратчи бўлган.
Бугун ўзининг сўлим табиати, гўзаллиги ва шоҳлар давридагидек антиқа сарой ва қасрлари билан дунёнинг мана-ман деган давлат ва ҳукумат раҳбарларини ҳам мафтун этадиган “Қайнарсой” резиденцияси Ўзбекистон Президентининг “Дальняя” дачаси ҳисобланади.
Унда махсус қурилган верталёт майдончасидан тортиб, мамлакат раҳбарининг яшаши, дам олиши ва ишлаши, хорижий давлат раҳбарлари билан музокара ва суҳбатлар олиб бориши учун ҳам барча шароитлар муҳайё.
Шунингдек унда ошпазлар, шифокорлар, алоқачилар, массажист ва ҳамширалар, боғбонлар, спорт инструкторлари, соқчилар, Президент хавсизлик гуруҳи раҳбарлари ва Қароргоҳ Коменданти учун қурилган махсус хоналар мавжуд.
Сталиннинг дачалари каби “Қайнарсой” деворлари ҳам олти метр баландликда бўлиб, унинг атрофлари “из назорат қилувчи” (контрольно-следовая полоса) чизиқ билан ўралган…
Резиденция устидан ҳар қанақанги самолёт ва вертолётларнинг учиб ўтиши мутлақо тақиқланган…
Албатта, қурилишига бошдан оёқ Исмоил Жўрабеков мутасадди бўлган бу резиденция Президентга хизмат қилишга тайёр бўлганидан кейин унга раҳбарлик қилиш Зелемхон Ҳайдаров қўлига ўтган.
Бундай ўйлаб қарасак, Зелемхон Ҳайдаров салтанати ҳам давлат ичидаги бир давлат экан.
У кишининг ҳар бир қадами миллий хавфсизлик хизмати ва Президент хавфсизлиги хизмати билан ҳамкор ва ҳамнафас десак, янглишмасак керак.
Президентнинг оромгоҳ ва қароргоҳида ишлайдиган хизматчиларни ишга олиш, уларнинг таржимаи ҳоли, ўтмиши ва қариндошларини ўрганиш, хориж билан алоқаларини аниқлаш – булар ҳазилакам иш эмас, ахир.
Ўзбекистондай каттакон бир давлат раҳбарининг хавфсизлиги нафақат миллий хавфсизлик хизмати ва Президент хавфсизлик хизматига, балки Зелемхон Ҳайдаров бош бўлган Президент Девони фаолиятига ҳам бевосита боғлиқ десак, муболаға бўлмас.
Зотан, Зелемхон ака давлат раҳбарининг дача ва қароргоҳларига хизматчиларни ишга қабул қиларкан, уларнинг шахси билан биринчи ўринда Президент хавфсизлик хизмати ходимлари қизиқиши шубҳасиз.
Модомики, биз бугунги мулоҳаза ва таҳлилимизда беихтиёр хуфия хизмати ходимлари фаолиятига келиб тақалган эканмиз, бу борадаги фикрларимизни ҳам Сиз азиз ўқувчилар билан ўртоқлашсак, мақсадга мувофиқ бўлса керак.
Демак, эндиги сўз бевосита Зелемхон Хайдаровнинг хизмат ваколатидан келиб чиққан ҳолда, миллий хавфсизлик хизматининг ўзбек жамиятидаги бугунги ўрни ва роли ҳақида бўлади.
26. Яқинда кимлар ишдан кетиши мумкин?
Президент атрофидаги кишилар мабодо “ана кетди, мана кетди” каби миш-мишлар гирдобида қолса, хориж матбуотида улар ҳақидаги кутилмаган мақолалар пайдо бўлса ёки интернетга атайлаб сиздирилса, билингки, бу мулозим Миллий Хавфсизлик Хизмати қаҳрига учраган бўлади.
Янаям аниқроқ қилиб айтсак, унинг раҳбари билан келишолмай қолган бўлиши мумкин.
Мен бу ерда ўн йилдан зиёд Бош вазирлик қилаётган Шавкат Мирзиёев, ўн беш йилдан кўпроқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ҳамда йигирма йилдан мўлроқ Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб юрган Хайриддин Султоновларни назарда тутяпман.
Бундай вазиятда энг қийин ва ҳал қилувчи қарор Президентники бўлади. Ислом ака ҳозирча бу қарорни қабул қилолмаяпти.
Лекин ҳозирча.
Бир оз вақтдан кейин, кутилмаганда бу қарор қабул қилиниши ҳам мумкин.
Демоқчиманки, яқин келажакда Ўзбекистонда ҳукумат раиси, Давлат маслаҳатчиси ва Бош прокурорларнинг ишдан олинишини кутиш мумкин.
Одатда, ҳукумат раиси ўзгарса, давлат сиёсати ҳам бир қадар ўзгариш ва таҳрирга юз тутади.
Бугун Ўзбекистонда шунга ўхшаш бир сиёсий вазият пайдо бўлди. Уни энди амалга оширмаса бўлмайди.
Шавкат Мирзиёев бу вазифада яхши ишлади. Президент унинг олдига қўйган барча вазифаларни шараф билан адо этди. Энди у ўз вазифасини бажариб бўлди.
Сиёсат шунақа – бевафо! У камдан кам кишиларгагина вафо қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам Мирзиёев энди кетиши керак…
Қолаверса, Генерал Аҳмаджон Усмонов ҳам бекордан бекорга милиция вазирлигини, Наманганни, сўнг Андижон ва ниҳоят Тошкент вилоятларини бирин кетин “ишғол” қилиб келаётгани йўқ. У назаримда “ҳукумат уйи”га яқинлашиб қолди…
Хайриддин Султонов ҳам ёмон ишламади. Бугун Ўзбекистон матбуоти цензурасиз ҳам ўз олдига қўйилган вазифаларни шараф билан бажариб келяпти. Ўзбек ойнаи жаҳонига назар солсангиз, дунё бўйлаб ўзбеклардан бошқа бахтли ва саодатли миллатни тополмайсиз…
Лекин аслида-чи? Аслида бундай эмаслигини давлат раҳбари ҳам, халқ ҳам яхши билади…
Рашитжон Қодиров яхши раҳбар – келишган, кўркам йигит.
У 1994 йил мени ҳибсга олишдан олдин ”Исмат Хушев деган олифта муҳаррирни бир кўрайчи, қанақа йигит экан?” деб ҳузурига чақиртириб суҳбатлашган.
Кўзларимга тикилиб гаплашганидан юрагим шув этиб кетган эди.
Болалигимда қайсидир китобдан ўқиган эдим, прокурор бировни ҳибсга олишдан олдин унинг кўзларига тикилиб, жиноятчи эканига шахсан ва қалбан ишонч ҳосил қилиши керак деб.
Уч кун ўтиб ҳибсга олишди. Кейин билсам, ўша куни у мени ростдан ҳам “Ҳибсга олиш” ҳақидаги санкцияга қўл қўйиш учун суҳбатга таклиф қилган экан.
Унинг биргина ўша имзоси билан менинг олти ойлик умрим заҳарга айланди. Тергов хулосасини айтганидан кейин, Президент раҳми келибми ё худо кўнглига мурувват солибми: “Бўлар бўлмасга Исматни қамаб қўяверманглар. Айбининг тайини бўлмаса, чиқаринглар” дегани кейин менга маълум бўлди.
Ўзбекистонда раҳбарнинг ишончини бир маротаба йўқотсангиз тамом, сиз турманинг доимий меҳмони бўлиб қолишингиз ҳеч гап эмас экан.
Озодликка чиқиб ишсиз юрган эдим – яна икки маротаба қамашди.
Охирги гал Китобнинг “Минг чинор”ида машинамга наша ташлаб ҳибсга олишди.
Бу гал жонимга Рустам Иноятов аро кирди. Кўп ўтмай яна раҳбарликка кўтарилиб кетдим.
Сўнгги маротаба ишдан олишганларидан кейин энди қамашса мени қутқарадиган ҳеч ким қолмади деб хорижга кетишга мажбур бўлдим…
Биз – Рашитжон Қодиров ҳақида гаплашаётган эдик.
Ўшанда у Бўритош Мустафоевнинг ўринбосари эди.
Бугун энди ўзининг Бош прокурор бўлганига ҳам ўн беш йилдан ошиб қолибди…
Агар Президент бундай мураккаб қарорни, модомики, қабул қилса, у кимга алоқадор бўлишидан қатьий назар, уни биринчи бўлиб Зелемхон Ҳайдаров билиши мумкин.
Айнан шунинг учун ҳам қудратли шахсга айланган Зелемхон Ҳайдаров йигирма етти йилдан бўён Президентнинг ёнида ишлаб келаяпти. Ишлаганда ҳам ўнг қўл бўлиб ишлаб турибди. Лекин бундан ғаши келадиган, буни кўролмайдиган қанча қанча қудратли “чап қўллар” ҳам йўқ эмас-да.
Аслини олганда, Зелемхон акага ҳам осон эмас. Президентнинг ўнг қўли учун барча қолган “чап қўллар” билан ҳам давлат раҳбарининг атрофида бошини қовуштириб, керак бўлса, душманларни дўст қилиб, Президент йўлига ва манфаатига ишлатиш Зелемхон аканинг асосий кредоси деб ўйлайман. У киши ниҳоятда оғир бу вазифани оз эмас, кўп эмас, чорак асрдан ошибдики, қойилмақом бажариб келаяпти.
Ўзбекистон давлатчилиги тарихида ҳали бирор бир мулозимга бундай хизмат намунаси муяссар бўлганмиди деб ўйлаб қоламан. Менимча, йўқ. Бундай истеъдодли арбоб – на Файзулла Хўжаевда, на Усмон Юсуповда, на Шароф Рашидовда бўлмаган…
27. “Шубҳа, гумонлардан ёнмасин жонинг…”
…Ушбу бобнинг аввалида мен Мавлон ака томонидан Президентнинг Зелемхон акага бўлган муносабатига бир оз шубҳа ва гумон аралаштиришга бўлган уриниши ҳақида айтиб ўтган эдим.
Аслида бундай носоғлом ҳатти-ҳаракатлар, кейинроқ билсам, Ўзбекистондаги давлат ва ҳукумат сиёсатининг энг асосий ўзагини ташкил қилар экан.
Ким қанча юқорироқ мансабга эга бўлса, унга нисбатан шунча кўп ва каттароқ иғво ва шантаж санъати қўлланилар экан.
Бу нафақат Ўзбекистонга, балки бутун Шарқ , Араб дунёси менталитети ва миллатига хос бўлган ижтимоий – сиёсий иллатдир.
Хўш, у ёки бу мулозим ҳақидаги бундай иғво-ю, миш-мишларга давлат раҳбари қачон эътибор қаратади ёки қандай муносабат билдиради?
Бошқача айтганда, бундай носоғлом ҳатти ҳаракатларнинг синтези ва тарозиси борми?
Аслида бундай “миш миш”лар одатда қайси идора тарафидан тарқатилади?
Айнан ана шундай қатор ва ўринли саволлар асносида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг давлат ва жамият ривожланишидаги беқиёс ўрни яққол кўзга ташланиши мумкин.
Бугун Ўзбекистонда ҳамма соҳани ана шу сирли ва синоатли хуфия идораси назорат қилади десак, муболаға бўлмас.
Мамлакатимиздаги барча вазирлик, корпорация ва қўмита раҳбарларининг биттадан ўринбосарлари Миллий Хавфсизлик Хизматининг мулозимларидан иборат. Уларнинг вазифасини расмий тилда “Раҳбарнинг режим бўйича ўринбосари” деб аташади.
Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчилик мулозимларининг аксарияти ҳам аслида хуфия идорасининг расмий вакиллари ёки уларнинг бевосита раҳбарлиги ва ҳамкорлиги остида фаолият олиб боришади.
Аслида улар “Элчи ўринбосари ва ё котиб” эмас, балки мазкур ташкилот “хавфсизлигини” тўлалигича назорат қиладиган шахслардир.
Улар ўз маошларини ўша жойдан олишса-да, лекин ҳисоботларини Рустам Иноятов бош бўлган хуфия идорасига беришади. Чунки улар бу идоранинг кадровик офицерлари ҳисобланишади…
Мен ҳали Ўзбекистонда Бош муҳаррир бўлиб ишлаб юрган кезларим бу лавозим соҳиблари ҳам, МХХ ходимлари ҳам ўзларини камтар ва камхарж тутишарди, бўлар бўлмас ишларга аралашмас, аралашсалар ҳам фақат хуфия идора раҳбарининг бевосита рухсати билан жуда ҳушёр ва эҳтиёт бўлиб аралашишарди.
Мен бу соҳада ишлайдиган қатор масъулларни яхши билардим ва улар билан яқин муносабатда эдим.
Шу ўринда мен хуфия идораси раҳбари Рустам Иноятов ҳақида ҳам икки оғиз ўз шахсий фикримни айтиб ўтмоқчиман.
Ҳолбуки, мен бу фикрларимни аслида у кишининг сиёсий портретига бағишланажак келгуси бобларнинг бирида айтмоқчи эдим. Лекин баъзи гапларни бугун ҳам айтаверсам бўлади.
Рустам Иноятов шахсан менга кўп яхшиликлар қилган одам. Булар ҳақида мен у кишига бағишланган махсус бобда ҳали батафсил ва бемалол тўхталиш ниятидаман.
Биз Зелемхон Ҳайдаров ҳақида гапираётган эдик.
Бу қудратли идора раҳбари Рустам Иноятов ҳам аксар топшириқларни Зелемхон акадан олишини назарда тутсак, Зелемхон Ҳайдаровнинг Ўзбекистонда тутган ўрни ва мавқеи нечоғлик юксак эканини яна бир бор сезиш мумкин.
Табиийки, Зелемхон ака билан Президент ва ё Рустам Иноятов орасини бузишга бўлган уринишлар йигирма беш йилдан бўён давом этиб келаётган бўлиши мумкин ва бунга табиий ҳол деб қараш керак.
Зелемхон ака ҳақида ким нима дейишидан қатьий назар, у кишининг давлат раҳбари билан тили бир экан, бу уринишлар бирор бир самара беришига шахсан мен ишонмаган бўлардим…
Бугун Ўзбекистонни бошқариб турган уч киши бор. Булар – Ислом Каримов, Рустам Иноятов ва Зелемхон Ҳайдаровлар.
Улар бугун – сирдош, дарддош ва даврадошлар.
Ана шу ўзъаро ишончга дарз кетган куни уларнинг қудрати ҳам, давлати ҳам барҳам топади…
Бу оддий ҳақиқатни уларнинг уччалови ҳам яхши билишади…
28. Ишдан кетсанг, имтиёзлар ҳам олинади…
Ўзбекистон раҳбарларига берилаётган имтиёзлар ҳақида гапирганда яна шуни айтиб ўтиш лозимки, бу имкониятларга эга бўлган мулозимлар ўз вазифасидан озод қилинган куниёқ, уларни давлатга қайтариб топшириши шарт.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, Мавлон ака кутилмаганда ишдан олинган кун тонгида “Дархон”да ҳукумат одамларидан кимнингдир ошига бордик.
Шу ерда Эркин Халилов билан Шавкат Мирзиёевлар мендан “Мавлон ака тинчми?” деб сўраб қолишди. “У киши ҳам ошга келишлари керак” дедим ҳайрон бўлиб.
Лекин “Сиз бораверинг, мен орқангиздан етиб бораман” деган Мавлон ака ошга келмади.
Кейин у кишининг олдиларига – Девонга бордим. Ҳар гал менга честь бериб, ҳужжат сўрамай ичкарига ўтказиб юборадиган милиционер бу гал расмий муомила қилиб, гувоҳномамни сўради.
Ажиб бир ҳайрат билан бешинчи қаватга кўтарилдим.
Мавлон аканинг кабинетларига кираверишдаги ҳашамдор қабулхона бўм-бўш, котиба қиз Муҳиба ҳам негадир кўринмас эди.
Ҳайрон бўлиб, ичкарига мўралагандим, Мавлон аканинг ёрдамчилари хоразмлик Ботиржонга кўзим тушди. У стол тортмаларини йиғиштираётган эди.
Стол усти ҳам тартибсиз бир алфозда.
Кўп ўтмай дам олиш хонасидан Мавлон ака чиқиб келди. Кўзлари қизарган, кайфияти жуда ёмон. Мени кўриб негадир қучоқлаб олдилар. Чуқур хурсинганларидан йиғлаганларини сездим.
Мен энди ҳамма нарсага тушунган, лекин бундай бўлиши мумкин эмас деган бир савол ҳамон шууримда чарх уриб айланар эди.
Биз бир биримизга тикилганча бир муддат сўзсиз туриб қолдик.
Энди менинг ҳам кўзларим ёшланган эди…
Ўша куни Мавлон аканинг оиласи ва болалари дачада экан. Мавлон ака Ҳалима опага телефон қилиб, зудлик билан дачани йиғиштириб қўйиш кераклигини айтдилар.
Ҳалима опанинг “нега?” деган саволига Мавлон ака “кейин айтаман” деб гапни қисқа қилдилар.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси ишдан олинганда кабинет, сейф ҳамда хизмат машинаси билан бирга дачани ҳам топширишини мен ўшанда билган эдим…
Одатда дачаларни мулозимларга Зелемхон ака берар, улар ишдан бўшатилганда эса, у кишининг ёрдамчилари қайтариб оларди.
Шунинг учун ҳам мулозимлар амалга тайинлангандан кейин давлат раҳбари нима деса шуни қилиб, нима иш буюрса шуни бажариб, тинчгина юришга ҳаракат қилишарди.
Президентнинг Парламентдаги чиқишларига ҳамиша хайрихоҳлик, давлат миқёсидаги йиғилишлардаги нутқига бир овоздан қўшилишлик сирларини мен ана шу имтиёзлар асносида янада теранроқ англаб ета бошлаган эдим.
Одатда, давлат амалдорларининг хизмат машиналари раҳбарлардан кўра кўпроқ уларнинг оиласи ва болаларига хизмат қиларди. Мулозимнинг амалдорлик имтиёзларидан унинг ўзидан кўра кўпроқ оиласи манфаатдор эди.
Буни ҳамма билар, лекин ҳеч ким бунга қарши чиқолмасди.
Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси қошидаги амалдорларга хизмат қилувчи гараж раҳбарларини ҳам шахсан Зелемхон ака тайинлар ва табиийки раҳбарларнинг ўзидан кўра кўпроқ оиласи хизмат машиналардан фойдаланишини у киши яхши биларди.
Лекин била туриб, шунга атай шароит яратиб беришидан ҳам билиш мумкинки, бу ҳам аслида раҳбарларни амал ва имтиёзларга маҳлиё қилиб ушлаб туришнинг бир воситаси экан…
29. Давлат ва ҳукумат стационарлари…
Модомики, раҳбарларнинг имкон ва имтиёзлари ҳақида гап борар экан, ҳукумат шифохонаси ва оромгоҳлари ҳақида ҳам айтиб ўтиш керак, чамамда.
Биласиз, бизда мулозимлар эғаллаб турган лавозимига қараб, биринчи, иккинчи ва учинчи рақамли давлат поликлиника ва стационарларига бириктириб қўйилади.
Уларнинг нафақат ўзи, балки оила-аъзолари, ҳатто ота-оналари ҳам мамлакатнинг машҳур табиблари, номдор профессорлари назорати остида бўлишади.
Оддий одамлар ҳеч қачон боролмайдиган ҳукумат қарамоғидаги энг сўлим ва хушманзара оромгоҳларда дам олишади.
Худди кечагидек ёдимда. 1991 йил қизим Чарос туғилганида Наргиз биринчи рақамли ҳукумат стационарининг туғриқхонасида кўзи ёриганди.
Ўшанда ҳукумат миқёсидаги бу кенг ва ҳашамдор туғриқхонада атиги икки киши бор эди.
Бири – истеъдодли ўзбек шоираси Ҳалима Худойбердиева (Ўзбекистон хотин-қизлар Қўмитаси раиси, Бош вазир ўринбосари, Олий Кенгаш депутати ҳамда “Саодат” журналининг Бош муҳаррири) бўлса, иккинчиси – ҳеч қаерда ишламайдиган, фақат уй бекаси бўлган Исмат Хушевнинг оддийгина рафиқаси эди…
Ўшанда Ҳалима опа ўғил кўрган ва унга Мирзо Улуғ деб ном қўйган эдилар.
Шуниси қизиқки, бу икки хонимга ўша пайтда туғруқхонанинг ўн тўққиз нафар олий тоифадаги шифокор ва ҳамширалари хизмат қилишган.
Бу ерда беморлар ҳамиша – кам, шифокорлар доим – кўп бўлган…
Тошкент трактор заводига етмай, Луначарский кўчасининг шундоққина биқинида жойлашган бу сўлим маскан кейинчалик “Она ва бола” номли сиҳатгоҳга айлантирилганини яхши биласиз.
Шунча иззат-икром ва ҳурмат-эҳтиромдан ким ўз хоҳиши билан воз кечишга рози бўлади?
Ким ўз ихтиёри билан бундай жаннатдан чиққиси келади?
Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда раҳбар бўлишни одамлар ўзлари учун энг олий бахт, юксак бир шараф деб билсалар, не тонг!
30. Бугунги собиқ мулозимларнинг соғлиғи қалай?
Бугунги мулозимларнинг чексиз ва чегарасиз имкон ва имтиёзлари ҳақида гаплашдик.
Уларнинг ишдан олингандан кейинги ўта тушкин кайфият ва руҳиятини, майли, сўраб ўтирмайлик. Бу шундоқ ҳам тушунарли.
Хўш, бугунги собиқ амалдор ва мулозимларнинг соғлиги қалай?
Тошкентдаги қатор манбалар ва собиқ мулозимлар билан бўлган суҳбат ва суриштирув асносида бугун ишдан олинган мулозимларга ҳеч қанақанги имтиёзлар қолдирилмаганини сезиш мен учун кутилмаган ажиб ҳол бўлди.
Улар ишдан олингани етмаганидай, давлат ва ҳукумат стационаридан ҳам ўша заҳотёқ четлатиларкан.
Бу жуда нотўғри ва адолатсиз иш. Гўё сиз ишдан олингандан кейин касал бўлишга мутлақо ҳаққингиз йўқ! Аслида касал бўлиш амалдан кетгандан кейин бошланади-ку!
Тобингиз қочиб қолса, марҳамат, ҳамма қатори оддий поликлиникага бориб, навбатга туринг.
Ўша узун ва асабий навбатда туриб, нега мулозимлик даврининг қадрига етмаганингиз ҳақида оғир хаёлларга чўмиб, ақли кирсин деб балки атай шундай қилишганми деб ўйлаб кетаман баъзан…
Мен бу гапларни Зелемхон Ҳайдаровга бағишланган бўлимда нима учун гапиряпман? Кимдир ўқиб буни Зелемхон акага нима алоқаси бор деб ўйлаши мумкин.
Жудаям алоқаси бор-да. Бевосита алоқаси бор!
Зелемхон ака ҳам , Ислом ака ҳам аслида Шароф Рашидов даврида раҳбар бўлиб танилган ва шаклланган эдилар…
31. Рашидов ва Каримовнинг “собиқ”ларга муносабати…
Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчи эдим.
Ишдан бўшатилган мулозимларнинг кейинги тақдири масаласида Шароф Рашидов ҳамиша кечиримли муносабатда бўлган. Яъни катта лавозимдан олинган кишига кичикроқ бир иш ҳамда кўримсизроқ хизмат машинаси бериб, буткул кўчага чиқариб қўймас экан.
Унинг бу мурувватидан то ҳануз миннатдор не-не инсонлар борлигини яхши биламан.
Сиёсий рақибларига нисбатан ҳам Шароф акада ажиб бир муроса, тенгсиз бир бағри кенглик борлигининг намунаси сифатида Рафиқ Нишонов тақдирини олиб кўрсак, ярашади.
Айтишларича Тошкентда Октябрь райкомининг биринчи секретари бўлган Нишонов куч ишлатар тизимлари мулозимининг гўзал рафиқасига кўнгил қўяди.
Улар шу қадар чегарадан чиқиб кетишадики, бу ҳақда билмаган одам қолмайди. Охир оқибат Нишонов қаерга раҳбар бўлса, бу гўзал хонимни ҳам ўша ерга ўзи билан идеология котибаси қилиб олиб кетаверади.
Ниҳоят ўзи Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология котиби этиб тайинланганидан кейингина уларнинг ажабтовур ишқий афсоналари Кремлдагилар қулоғига етиб боради.
Энг ажабланарлиси шуки, Нишонов устидан Москвага бегона одам эмас, балки у кишининг ўз рафиқалари шикоят қилади.
КПСС Марказий Комитети кўрсатмаси бўйича ишдан олинган Рафиқ Нишоновни Шароф Рашидов бағри кенглик қилиб дунёнинг энг тинч ва гўзал мамлакатларидан бири Цейлон (Шри ланка)га СССРнинг элчиси қилиб жўнатишга эришади.
Узоқ йиллар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида, кейинчалик эса Президент аппаратининг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Бошқармасида масъул лавозимда ишлаган Шароф Убайдуллаевнинг гувоҳлик беришича Рафиқ Нишонов Цейлондан туриб ҳам Рашидовнинг жуда кўп мурувватидан баҳраманд бўлган.
Масалан, у Рашидов номига ёзган хатларининг бирида ЦК нинг секретари бўлиб ишлаган пайтда яшаган Герман Лопатин кўчасидаги икки қаватли коттежини қизи номига расмийлаштириб беришни сўраган.
Ҳолбуки, бу коттеж унга ЦК секретари бўлгани учун берилган ва у лавозимидан кетса, қайтиб олиниши керак бўлган.
Рашидов унинг бу илтимосини қондириш ҳақида ўша хатга имзо қўйиб беради.
Бошқа бир мактубида у Рашидовдан уйланган ўғли учун уй беришини сўраган. Ажабки, унинг бу илтимоси ҳам қондирилган.
“Айни илтимос билан ёзилган Нишонов хатлари ва уларга “қондирилсин” деб Рашидов имзо чеккан бу ҳужжатларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Компартияси Маркказий Қўмитаси архивида ҳозир ҳам бор” – дейди Шароф Ортиқович.
Қизиқ, агар Нишоновнинг ишдан олинишига сабаб бўлган юқоридаги каби маънавият билан боғлиқ нохуш ҳоллар ҳозир содир бўлганида, Ислом ака уларга нисбатан Рашидов қилган мурувватни қила олармиди деб баъзан ўйлаб қоламан…
Шу ерда яна бир мулоҳазани айтиб ўтишим керак.
Айтишларича, Шароф Рашидов аёлпараст ва маънавий бузуқ мулозимларга нисбатан жуда қаттиққўл сиёсат юргизган. Уларни ҳеч қачон кечирмаган ва аямаган.
Ҳатто Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети Бюросида ҳам айни масалада гапираркан: “Ҳар бир раҳбар қўли остидаги аёлларни ўз онам, ўз синглим деб билиши ва шунга қараб, эҳтиром билан муносабатда бўлиши керак.
Ахир ўз ходимаси билан ўшнашган раҳбар ўз онаси, ўз синглиси билан ўйнашган бўлади-ку! Бунга қандай чидаш мумкин?!” деб кескин хулосалар қилган.
Хўш, шундай экан, унда нега у киши маънавий бузуқликда гап-сўз бўлган Рафиқ Нишоновга нисбатан бу қадар либераллик қилди.
Уни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология котиби бўлиб турган муборак лавозимидан олиб, қаттиқроқ жазолаш ўрнига, тинчгина, иссиқ ўлкаларга элчи қилиб жўнатди?
Бу ҳақли саволларнинг жавоблари асносида Шароф Рашидовнинг меҳрли ва мурувватли, кечиримли ва бағри кенг бир донишманд инсон эканлиги аён бўла бошлайди…
Яна бир мисол: Шароф Рашидов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлигига сайланадиган тарихий Пленумида унинг номзодига Марказқўм аъзоларидан уч киши қарши чиққанини биламиз. Булар – Ориф Алимов, Расул Ғуломов, Мирза Мухамеджоновлар.
Рашидов даврида буларнинг уччалови ҳам юқори мартабали давлат лавозимида хизмат қилишган. Ҳатто пенсия ёшидан ошиб кетсалар ҳам Шароф ака уларни кўчага чиқариб қўймаган. Тагларига хизмат машинаси бериб, ҳурмат-иззатини жойига қўйиб юрган.
…Ислом Каримов масаласи кўрилган тарихий еттинчи сессияда иштирок этган ва Президентга қарши гапирган депутат ва мулозимларнинг кейинги фожеавий тақдири, хусусан Шурулла Мирсаидов сиёсий карьерасининг аянчли якуни ҳақида ўйларканман, бу икки давлат раҳбарининг айни масаладаги қараш ва тушунчалари йиллар ўтгани сайин янада ёрқинроқ ва янада теранроқ намоён бўлаётганини сезаман.
Албатта, бу ерда давлат раҳбарининг ёнида ким турганига ҳам кўп нарса боғлиқ.
Ана шуларни ўйлаб, яхшилаб мушоҳада юритсак, Зелемхон аканинг йигирма беш йилдан бўён эгаллаб келаётган вазифаси нечоғлик катта сиёсий ва ижтимоий аҳамият касб этишини сезиш мумкин…
Ажабки, Ислом Каримов – ишончини оқламаган мулозимлар масаласида ҳам Шароф Рашидовнинг тамомила тескариси.
У киши вазифасидан олинган одамларнинг иш билан таъминланиши у ёқда турсин, ҳатто уларга самимий муносабатда бўлган бошқа раҳбарларни ҳам ишдан олиш одатини йўлга қўйди.
Бир сўз билан айтганда, ишдан бўшатилган мулозимлар давлат ва ҳукуматнинг энг ишончсиз ва имконсиз одамлари сирасига киритиладиган бўлди. Уларнинг оила-аъзоларини ҳам обрў-эътиборли жойларда ишлашини чеклай бошлади
Шунинг учун ҳам бугунги кунга келиб Ўзбекистонда мулозимларнинг ишдан олиниши фожеага айланиб қолди.
Эҳтимол шунинг учун ҳам раҳбарлар ишдан олинмасликлари учун юқорининг буйруқларини кўр-кўрона ва сўзсиз бажарадиган “зомби”ларга айланиб қолишгандир…
Охир-оқибатда ишдан олинган мулозимлар буткул кўчада қолди. Бу ҳам етмагандек, ишдан бўшатилганидан олти ой ўтар-ўтмас улар устидан тергов ҳаракатлари олиб бориладиган бўлди.
Бир пайтлар Президент командасида бўлган Шукрилла Мирсаидов, Абдухошим Мўталов, Ўткир Султонов, (Бош вазирлар), Мавлон Умрзоқов (Президентнинг Давлат масдаҳатчиси), Исмоил Жўрабеков (Бош вазирнинг биринчи ўринбосари), Козим Тўлаганов (Тошкент вилояти ҳокими), Бахтиёр Ҳамидов (Қашақадарё вилояти ҳокими) , Равшан Ҳайдаров, Ўктам Исмоилов (Сирдарё вилояти ҳокимлари), Ботир Эргашев (Енгил саноат министри), Алишер Мардиев (Самарқанд вилояти ҳокими), Эркин Халилов (Олий Кенгаш раиси), Муҳаммад Бобир Маликов (Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси), Олим Отаев (Дон маҳсулотлари вазири), Абдусамад Полвонзода (Олий Суд раиси), Зокиржон Алматов (Ички Ишлар вазири), Рустам Ахмедов, Қодир Ғуломов (Мудофаа вазирлари), Абдуҳаким Тўхтаев (Тошкент шаҳар ҳокими) ларнинг аянчли тақдири, улар устидан қўзғатилган жиноий ишлар бунинг яққол далилидир.
Собиқ амалдорларнинг бундай рўйхатини биз яна истаганча давом эттиришимиз мумкин.
Бугун Ўзбекистонда уларнинг орасида у ёки бу ҳолатда устидан жиноий иш қўғатилмагани қолмади ҳисоб.
Бу борадаги ишончли манбалардан олинган энг сўнгги маълумот шуки, бир пайтлар Тошкент шаҳар ҳокими, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари ва сўнгроқ Тошкент вилояти ҳокими бўлиб ишлаган Козим Тўлаганов Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма йиллигини “Тоштурма”да, йигирма икки йиллигини уй қамоғида кутиб олди…
Еттинчи сессияда Президентга қарши гапирган Шуҳрат Нусратов орадан йигирма йил вақт ўтиб, кутилмаганда ҳибсга олинди. Ҳозир у узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган ва Олмалиқда жазо муддатини ўтаяпти…
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Оддий одамлар назарида бу ҳол, эҳтимол, Президентни адолат ва ҳақиқат тарафдори қилиб кўрсатиш учун керакдир. Ўзбекистон ҳукуматидаги мулозимларнинг пора олиши бугун ҳеч ким учун сир эмаслиги ҳаммага аён. Жумладан Президентга ҳам.
Хўш, шундай экан нега энди пора олгани учун айнан йўқоридагиларни жазолаш ва қамоқда сақлаш керак бўлди? Пора олиб ишдан кетган бошқа мулозимлар-чи? Ё уларнинг ойи борми?
Агар ойи бўлмаса, бу ерда қандай сири бор?
Масалан, Президентнинг собиқ Давлат маслаҳатчиси Темур Алимов кадрлар масаласида олиб борган ваҳшиёна сиёсат яратган тирик “бомбалар” бугун Ўзбекистонда вақт бевақт портлаб, кучли акс садо бериб турибди.
Президент обрў эътибори ва ишончига путур етказиш, уни халқдан узоқлаштириш, миллатнинг нафрат ва маломатига йўлиқтириш мақсадида қўйиб кетилган бу бомбалар учун у энди нариги дунёда жавоб берса керак.
(Биз бу бомбалар ҳақида “Ўзбек сиёсати Гиббельси” номли бобда бафуржа ҳикоя қилиш ниятидамиз)
Ана шундай бир-бирига қарама-қарши ва зид хаёллар оғушида қоларканман, Ислом ака ҳам ўз устози Шароф Рашидовдан бир оз раҳм шафқат ва бағри кенгликни мерос қилиб олганида, ўзи учун ҳам, ҳукумат ва жамият учун ҳам фойдали бўлармиди деб ўйлаб қоламан баъзан…
Ҳеч эсимдан чиқмайди, биринчи марта ишдан олиниб, олти ой қамалиб чиққанимдан кейин ишсиз юрганимни кўрган “Ватан тараққиёти” партияси раиси Усмон Азимов мени “Ватан” газетаси Бош муҳаррири Ёқубжон Хўжамбердиев ҳузурига йўлларкан, бир-икки йил бошқа ном ёки тахаллус билан мақола ёзиб юришга ундаган эди.
“Исмат Хушев” деган фамилияни сен энди унут!” деб очиқ айтган эди Усмон ака…
Кейин орадан йиллар ўтиб, Элёр Ғаниев мени “Деловой партнёр Узбекистана” газетаси Бош муҳаррирлигидан олиб, ишсиз қолдирганида “Ўзбекистон овози” газетасининг бугунги бош муҳаррири Сафар Остонов масъул котиб қилиб ишга оларкан, “фақат газетада номингиз чиқмаслиги керак” деб шарт қўйганди.
Яъни “Исмат Хушев” деган машҳур ном газетада ҳеч қачон кўринмаслиги керак деганди…
Биз журналистлар учун газетада номи чиқмаслик ўлим билан тенг эканини Президент яхши билади. Шунинг учун ҳам у ёки бу масалада ишончни оқлай олмаган “гуноҳкор” журналистларни тарбиялаш усули сифатида у киши айнан шу йўлни танлаган бўлса, не ажаб!
Зелемхон Ҳайдаров Президентнинг ишончни оқлай олмаган мулозимларга нисбатан кўнглида пайдо бўладиган бунга ўхшаш жуда кўп одатларини яхши ва мукаммал билгани учун ҳам ўзига тааллуқли кишиларга у ёки бу масалада баъзан, маслаҳат берар, лекин уларнинг ишдан урилгандан кейинги аянчли тақдирига сира аралашмайди.
32. Узоқни кўра билиш ва бошқаларнинг ваколатига аралашмаслик…
Умуман, Зелемхон Ҳайдаровнинг сиёсий фаолиятига назар ташларканмиз, у кишида юқорида келтирганимиз – хуфия хизмати идорасининг ёзган тавсифномасида айтилганидек – узоқни кўра билиш фазилати билан бирга ўз вазифасини қойилмақом қилиб бажариш ва бошқаларнинг ваколатига аралашмаслик каби жуда ноёб хислат борлигини кўрамиз.
Мен олдинги бобда ўз хизмат ваколатим бир четда қолиб, республикадаги бошқа соҳа раҳбарларининг ишига ҳам аралашиб кетаверганим ҳақида, хусусан республика Бош прокурори Бўритош Мустафоевга вертушкадан телефон қилиб, у ёки бу прокурорни ишга тайинлаш ва ё тайинламаслик ҳақида “кўрсатмалар” берганим хусусида ёзган ерим бор эди.
Ва бу менинг жуда катта хатоим эканини кейин англаб етганман.
Зелемхон ака эса, бундай эмас.
У кишидан гарчи давлат тепасидагилар ҳар зум, ҳар қадам топшириқ ва кўрсатма олиб туришса ҳам, зинҳор-базинҳор бу ишончни суистеъмол қилмайдиган ақлли ва донишманд инсон.
Бунинг устига, юқорида айтганимиздек, ниҳоятда камтар одам.
Зелемхон Ҳайдаров Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари ва ё Бош прокурорга ўзига тааллуқли одамлар ҳақида бир оғиз имо қилса, кифоя.
Лекин у киши бундай қилмайди.
Умуман, Ислом Каримовнинг ишончидан қолган жуда кўп раҳбарлар айнан ана шу одатлари учун ҳам ишдан кетишларини у киши яхши билади ва буни Президент ҳеч қачон кечирмаслигини ҳам ҳамиша ёдда тутади.
Ҳикоя қилишларича, Зелемхон ака бир пайтлар Жиззах обкомининг биринчи секретари бўлиб ишлаган Саид Мамедович Тоиров ва унинг даврасига бир муддат аралаш бўлган.
Бу гуруҳда бошқа мулозимлар билан бирга Тамара Қодирова (буларнинг учалови ҳам татар миллатига мансуб) исмли ниҳоятда гўзал бир аёл – Сайҳунобод райкомининг биринчи секретари ҳам бор экан.
Ислом Каримов даврида шу аёл ишдан урилиб, З.Ҳайдаровга мурожаат қилганида, Зелемхон ака шу қадар катта ваколатга эга бўлишига қарамай, ўзининг гўзал ва собиқ даврадошига ёрдам беролмаган.
Ёрдам беролмаган дейишимиз, балки бу ерда ўринсиздир. Зелемхон ака бу қалтис масалада ёрдам беришни истамаган бўлиши ҳам мумкин…
Ёки бўлмаса, Мавлон Умрзоқов масаласини олиб кўрайлик. 1994-йилда ишдан бўшатилиб, тўрт йил қамоқда ўтирган бу одам ҳануз ишсиз юрибди.
Ҳолбуки Мавлон ака ҳали йигитдек қирчиллама ёшда.
Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимидан олингандан сўнг Мавлон Умрзоқов бир муддат Сирдарё вилоят ҳокимининг социал ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланганди.
Бу тайинлов ҳам шунчаки, номигагина бўлган, кимсан палончи Президентнинг Давлат маслаҳатчиси лавозимидан қамалибди демасликлари учун, атай қилинган сиёсий ўйин эди.
Катта малака ва тажрибага эга бўлган истеъдодли бир йигитнинг шунча йилдан бўён кўчада қолиб келиши бу ўтакетган бемаънилик, бориб турган адолатсизлик эмасми?!
Унинг ҳам оиласи, болалари ва набиралари бор. Уларни нафақат боқиш, балки кўнгилларида шу Ватан ва шу халққа нисбатан меҳр ва муҳаббат пайдо қилиш, унга садоқатли бўлишга чорлашдек оталик ва боболик бурчи бор, ахир!
Бир пайтлар давлат раҳбарига энг яқин одамлардан бири бўлган, бугун эса худди гуноҳкор ва муттаҳам одамдай ҳеч қаерда ишлолмай келаётган Мавлон ака ўз аянчли тақдири билан бу бемеҳр Ватан ва бу бағри тош давлатга нисбатан шўрлик болалари ва набираларининг ўксик қалбида қанақанги меҳр ўйғота олиши мумкин?!
Мавлон акадан бошқа тақдири уникига ўхшаган ўнлаб, юзлаб одамлар бор бугун Ўзбекистонда.
Улар ҳам вақтида Президент назарига тушиб, шу Ватан ва шу халқ учун меҳнат қилишган, заҳмат чекишган.
Уларнинг ҳаммаси ҳам порахўр, ўғри ва муттаҳам бўлмаса керак.
Шу ерда мушоҳада учун қизиқ бир фактни келтирмоқчиман.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келган тўқсонинчи йилларнинг бошида у кишининг командасига жалб этилган 500 нафар мулозимдан жуда саноқлиларигина бугун ўз лавозимини сақлаб қололган.
Зелемхон Ҳайдаров ана ўшалардан биттаси.
Қолганлари ё ҳибсда, ё ҳижратда. Ва ё Мавлон акага ўхшаб ўз юртида – аросатда…
Агар истаса, Зелемхон ака Президентнинг кайфияти яхши пайтда бир оғиз айтса, Умрзоқовнинг тақдири тамомила ўзгариб кетиши мумкин.
Лекин у киши бундай қилмайди.
Ислом ака, эҳтимол, Зелемхон Ҳайдаровни айнан ана шу фазилати учун ҳам ҳурмат қилиб, ёнида олиб юрган бўлса, не ажаб…
33. Ўзбекистоннинг хориждаги элчихона ва консулликлари…
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистоннинг чет элларда очила бошлаган элчилик ва консулликларининг барча муаммо ва ташвишлари асосан Зелемхон ака зиммасига тушганди.
Ҳатто элчилик ва консуллик лавозимига ҳам одамларни у кишининг Бошқармаси топиб, сўнг Ташқи Ишлар вазирлигига тавсия қиларди.
Аслида президент аппарати кадрлар Бошқармаси ҳам олдин Зелемхон ака бошқарган Ишлар Бошқармасининг таркибида бўлган, Мавлон Умрзоқов унга раҳбар этиб тайинлангандан сўнг, у алоҳида Бошқармага айлантирилди.
Тўқсонинчи йилларда бизда тайёр ва малакали дипломатлар йўқлиги сабаб, Олий Кенгаш депутатлари ва ҳукумат мулозимлари элчиликка жалб этила бошланди.
Хусусан, анча танилиб қолган депутатлар Эркин Хўжаев – Ўзбекистоннинг Эрондаги, Акмал – Саидов Франциядаги, Юсуф Абдуллаев – Москвадаги фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинландилар.
Олдин Олий суд раиси, сўнг адлия вазири бўлган Муҳаммад Бобир Маликов – АҚШда, Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири бўлган Убайдулла Абдураззоқов – Туркияда, чет эллар билан маданий ва дўстлик алоқалар жамияти бошлиғи Фаттоҳ Тешабоев – Буюк Британияда, савдо палатасига раҳбарлик қилган Алишер Шайхов – Японияда, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ташкилий ишлар бўлимининг собиқ ходими Абдурашид Қодиров – Ашхободда, Ўрта Осиё диний назоратининг собиқ раҳбари муфтий Шамсиддин Бобохонов – Миср Араб республикасида, кейинчалик эса – Саудия Арабистонида элчилик вазифасини адо этганлар.
Ўзбекистон давлатчилиги тарихида илк бор элчи этиб тайинланган бу бахтли кишиларнинг рўйхтини давом эттирсак, нари борса йигирма-ўттиз киши бўлиши мумкин.
Биз истаймизми-йўқми, бу омадли инсонларнинг муборак номлари “мустақил Ўзбекистоннинг дунёдаги биринчи элчилари” деган қутлуғ ном билан тарих саҳифаларида мангуга муҳрланиб қолади…
Тўқсонинчи йиллардаги ташқи дипломатига оид ўша шонли воқеаларнинг биз тилга олган шарафли ва зафарли (ижобий) ишлари билан бирга, шарафсиз ва зарарли (салбий) томонлари ҳам бўлган эди.
Дастлабки пайтларда Ислом Каримов Олий Мажлисдаги ўз фикрига эга, исёнкор депутатлар ва уларга хайрихоҳ кучлардан чўчирди. Шаклланган мухолифат якка ҳокимликка даъвогар президент мақомига жиддий хавф солаётганди.
Жорий вазиятда раҳбарият кадрларни танлашда протекцион сиёсат юргиза бошлади.
Уларни асосан уруғ аймоқчилик ва шахсан содиқлигидан келиб чиқиб, порахурликка мойил ва ҳар қандай талабларни бажарадиганлар давлат аппаратига жалб қилинди.
Малакали, мустақил фикр юритувчи ва масъулиятни бўйнига олиб мураккаб вазифани уддалайдиганларга ўрин топилмади, борлари эса давлат тизимидан сиқиб чиқарилди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда дипломатия соҳасида танилган миллий кадрлар ниҳоятда кам эди, лекин борлари ҳам, масалан, Тошпўлат Йўлдошев, Алишер Таксановга ўхшаган мустақил фикрловчи профессионаллар давлат тизимидан бўлмағур баҳона ва иддаолар билан сиқиб чиқарилди ва таъқибга олинди.
Мустақиллик даврида – Совет Иттифоқининг марказий идоралари: ташқи ишлар, ташқи савдо ва иқтисодий алоқалар, мудофаа вазирликлари, давлат хавфсизлик қўмитаси ва бошқа эътиборли муассасаларда, яъни иттифоқ пойтахти Москвада юқори мансабларда ишлаган тажрибали, билимдон, миллий кадрларнинг асосий қисмига, ватанларида бирор вазифа таклиф этилмади.
5 йил Цейлонда (ҳозирги Шри Ланка), сўнг 5 йил Ливанда СССР элчиси лавозимида ишлаган таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасининг собиқ раиси, ёзувчи ва драматург, шоир Ҳамид Олимжоннинг укаси Сарвар Олимжонович Азимов 1992 йилда ҳукуматнинг кадрлар сиёсатидан норозилиги боис Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасидан озод этилади ва кўп ўтмай сирли ва ғаройиб тарзда вафот этади…
Қайси дипломатнинг сиёсий карьераси қандай якун топгани, бу энди бошқа масала…
Хусусан, собиқ элчи ва дипломатлар Муҳаммад Бобир Маликов, Тошпўлат Йўлдошев, Абдурашид Қодиров ва Алишер Таксановларнинг бир кун келиб, бошқа мамлакатлардан сиёсий бошпана сўрашларини ўзбек дипломатиясининг эмас, балки Ўзбекистондаги тоталитар тузум сиёсатининг инқирози сифатида баҳоламоқ керак бўлади…
Бу энди ўтган қаро кунларимизнинг гапи. Бугунги мавзуга қайтсак.
Биз истаймизми-йўқми, зикр этилган ва этилмаган арбобларнинг номи Ўзбекистон дипломатияси тарихида ўз ўрнини топади.
Ҳозирги пайтда элчи ва бошқа дипломатларни тайёрлаш вазифаси жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия академияси ва Ташқи ишлар вазирлиги зиммасида.
Лекин юқори мансабларга кадрлар танлашда Зелемхон Ҳайдаров Бошқармаси ва Миллий Хавфсизлик Хизматининг роли ошса ошди-ку, лекин камаймади.
Мен яқинда Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси ходимларидан икки киши билан учрашиб, суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлдим.
Уларнинг билими, маданияти, ватанпарварлик ва сиёсий дунёқараши юқорилигига амин бўлдим.
Демак, ўтган йиллар ичида Ўзбекистоннинг дипломатик корпуси ҳам ақлан, ҳам маънан дунёнинг ривожланган давлат дипломатларига тенгқур даражада камолотга эришган.
Бу ҳол мени жуда қувонтирди…
Буларнинг ҳаммасида, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги, МХХ ва Дипломатик Академия қатори Зелемхон Ҳайдаров бош бўлган Президент ишлари бошқармаси ходимларининг ҳам улуши бор.
34. Зелемхон аканинг оши ёки Муҳаммад Солиҳ Президент меҳмони…
Ўтган гал мен Зелемхон аканинг Президент девонидаги дастурхонлари ҳақида гапирганимда кўп гапларни айтдим-у, бир воқеани атай кейинга қолдирдим.
Чунки мен ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг Президент таклифи билан саройга чойга чақирилганини алоҳида ҳикоя қилиб беришни лозим топган эдим.
Нега? Негаки, Президент саройидаги дастурхондан фақат ҳукумат ва давлат одамлари эмас, балки мухолифат вакиллари ҳам чой ичганлигини ўқувчилар батафсил билишини истадим.
Одатда, подшо дастурхон ёзганида, унга таклиф этилган ва меҳмон бўлганлар ҳамиша шоҳдан миннатдор бўлиб, унинг йўлига юриб, каттакон мансаб ва имтиёзлар билан салтанатни тарк этишарди.
Мулозимлар саройга ўз фикри билан бориб, у ердан шоҳ фикри билан қайтишни ҳатто орзу ҳам қилишарди. Уларга фақат бир нарса керак эди. Шу шоҳнинг саройида умрида бир маротабагина меҳмон бўлса бас! Буни одамларга мақтаб гапириб юришса ҳам қолган умрлари роҳат-фароғатда ўтиши тайин эди…
Лекин ҳамма ҳам ундай эмас экан. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, шоҳлар ҳаммани ҳам амал бериб сотиб ололмас экан. Ўз фикрига содиқ ва эътиқодли, иродали ва сотилмас одамлар ҳам бор экан бу дунёда.
Тўқсонинчи йилларнинг бошида Ўзбекистонда адлия вазири бўлиб ишлаган Муҳаммад Бобир Маликов мухолифатдаги “Эрк” партияси ва “Бирлик” халқ ҳаракатини рўйхатга олишга эришади. Бу албатта Президентнинг хайрихоҳлиги билан бўлса-да, лекин адлия вазирига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ масала эди.
Бу пайтда ҳали Ўзбекистон раҳбарияти мухолифат билан ҳисоблашишга мажбур, баъзан ундан чўчишини ҳам очиқ-ойдин тан оладиган ажиб дамлар эди.
1992-йил баҳорида Муҳаммад Солиҳ раҳбарлиги остида Тошкентда ўтган демократик кучлар Форумининг биринчи йиғилиши мамлакат Президентини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Негаки, унда мухолифатдаги Каримовга қарши бўлган барча кучлар бирлашиб, ўзъаро кураш йўналишини белгилиб ола бошладилар.
Айниқса, яқингинада барча давлат ва ҳукумат ваколатларидан озод этилган Шукрилла Мирсаидовнинг Форумдаги иштироки Ислом акани тамомила мувозанатдан чиқариб юборди. Нима қилиб бўлса ҳам
Форумнинг иккинчи йиғилишини ўтказмаслик, уни ярим йўлда тўхтатиш ва иложи бўлса тарқатиб юбориш лозим эди.
Ана шундай кунларнинг бирида Президент девонига – Мавлон аканинг олдиларига бордим.
У ерда одатдагидан ташқари кўтаринкилик, байрамона бир ҳолат ҳукмрон эди. Сабабини сўрасам:”Бугун Муҳаммад Солиҳ сафимизга қўшилади!” деб жавоб қилишди. Ҳайрон бўлдим. Қанақа қилиб Муҳаммад Солиҳ ҳақида бу гапни айтиш мумкин деб ўйладим. Ахир у ўзбек мухолифатининг раҳбари-ку!
– Эртага ҳамма нарса маълум бўлади. Унинг қайси лавзоимда ким бўлиб ишлашини эртага биласиз, – дейишди менга Мавлон аканинг қабулхонасидагилар. Лекин Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг ўзи негадир кабинетида кўринмасди.
Сўраб суриштирсам: “Тепада, Зелемхон аканинг олдиларида” деб жавоб қилишди.
Маълум бўлишича, ўша куни кечқурун Президентнинг топшириғи билан Муҳаммад Солиҳга девонда яхшигина дастурхон тузатишибди. Зелемхон ака қўлбола ош тайёрлабди.
Олтинчи қаватда Ислом ака тушлик қиладиган махсус хона бор. Ўша ерда зиёфат бўлибди. Унда Президент ўз сиёсий рақибини яхшилаб меҳмон қилган. Ўша пайтларда Ислом ака ҳам, Муҳаммад Солиҳ ҳам яхшигина ичишарди.
Зиёфатдан мақсад – Муҳаммад Солиҳга каттароқ бир амал бериб, демократик Форумни тарқатиш бўлган. Билмадим, бу Ислом аканинг ўз фикрими ё атрофидагилар маслаҳат беришганми, ҳар қалай Ўзбекистон Президенти мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳни лавозим бериб, ўз тарафига оғдиришни мақсад қилган эди.
Сиёсатда бундай ҳоллар бор ва уларни тўғри тушуниш керак, албатта. Давлат раҳбарлари ўз сиёсий рақибларини таъқиб ва тазйиқ қилиб, ҳибс ё ҳижратга жўнатиш ўрнига, уларни меҳмонга чорлаб, бир пиёла чой баҳонасида ўзъаро келишиб олишса, бирга ишлаш учун ҳукуматга таклиф қилишса, бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ.
Дунё сиёсатида бундай ҳолларни кўплаб учратиш мумкин.
Лекин мен билган ҳушёр ва узоқни кўра оладиган Ислом Каримов ўз сиёсий рақиби масаласида, назаримда, бир оз янглишган эди. Муҳаммад Солиҳни лавозим ва имтиёзлар билан сотиб олиб бўлмаслигини у киши яхши билиши лозим эди. Лекин билса ҳам, “бир ҳаракат қилиб кўрай” деганми, ҳар қалай умид билан саройга таклиф қилган эди.
Ўша оқшом меҳмон шарафига тузатилган дастурхон ҳам, Зелемхон ака ўз қўли билан дамлаган паловхон тўра ҳам ниҳоятда тўкин ва ширин бўлган.
Лекин барибир Президент ўз мақсадига эришолмаган.
Мухолифат лидери мамлакат раҳбари билан теппа тенг ичиб, яхшигина суҳбатлашган ва зиёфат сўнггида меҳмончилик учун самимий миннатдорчилик билдириб, эҳтиром билан саройни тарк этган.
Бу гал икки тараф ҳам ўз фикрларида собит қолишган. Ўзбек мухолифатининг ўжар ва шаккок лидери давлат раҳбарининг эътиборли таклифини чексиз бир одоб, лекин ажиб бир қатьият билан рад этган…
Зелемхон аканинг оши ҳам, Президентнинг меҳмондўстлиги ҳам бу гал самара бермаган…
Муҳаммад Солиҳ Президент меҳмони бўлган куннинг эртайиси яна девонга боришимга тўғри келди. Лекин мен у ерда кўрган бу галги ҳолат, кечагисидан тамомила фарқ қиларди.
Президентнинг кадрлар сиёсати билан шуғулланувчи давлат маслаҳатчиси Бошқармаси ходимларининг қовоғидан қор ёғар, ҳамманинг кайфияти ёмон, худди Ўзбекистонга қайсидир давлат уруш очгандек ташвишли ҳол ҳукмрон эди ғамгин ва расмий чеҳраларда…
Мавлон ака ҳам мен билан олдингидай очилиб гаплашмадилар. Президентдан қаттиқ гап эшитгани сезилиб турарди. Демак, Муҳаммад Солиҳни “сотиб олиш” таклифи ё Мавлон акадан чиққан, ёки Ислом ака бу ҳақда сўраганида, қўллаб қувватлаган деган фикрда девонни тарк этдим…
Кейин маълум бўлишича, бу таклиф Омон Матчондан чиққан экан. Ўшанда у девонда Мавлон аканинг Бошқармасида ишларди. Кейин шу воқеа баҳонасида Омон Матчоннинг ҳам девондаги карьераси якун топди.
Шу ерда Омон Матчон ҳақида яна бир гап. Ислом ака уни саройга ишга олганидан сўнг, “шоир одам, кўнгли ўссин” деб: “Сиз учун, Омонжон, кабинетим ҳар доим очиқ. Истаган пайтда бемалол ҳузуримга келиб туринг” деб илтифот қиладилар.
Буни тўғри қабул қилган шоир ҳуда-беҳуда Президентнинг олдига кириб, у кишининг ҳафсаласини пир қила бошлайди.
Бир куни нимадандир асабийлашиб ўтирган Ислом ака ҳузурига берухсат ва бесас кириб келган шоирни стол устидаги телефон аппаратини отиб, хонасидан қувиб чиқаради.
Мавлон ака орага тушиб, уни сақлаб қолади. Муҳаммад Солиҳ масаласидаги таклифи иш бермаганидан кейин эса Омон Матчон ҳам кўп ўтмай девондан қувғин бўлади…
35. Зелемхон аканинг базм ва зиёфатларга муносабати…
…Зелемхон ака ҳақидаги хотираларимни қоғозга туширарканман, у киши билан бирор маротаба даврадош бўлиб, ароқ ичдик деган одамни учратмадим.
Мен бу ерда у кишининг юқорида тилга олинган тўйи ва СССР Министрлар Советининг Раиси Валентин Павлов Тошкентга келганидаги зиёфатлардан ташқари ҳолатларни назарда тутяпман.
На Мавлон ака, на Жўрабеков ва на Президентнинг бошқа яқинлари бундай деб мақтана олишмайди бугун. Зелемхон ака ким билан, қачон ва қаерда ўтиришни, улфатчилик қилишни яхши билади.
Биз-чи? Биз Мавлон ака ва бошқалар билан қанчадан-қанча шоҳона давраларни обод қилмадик дейсиз.
Энди шу ерда Мавлон Умрзоқов билан Зелемхон Ҳайдаров орасидаги асосий фарқни, янаям аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Мавлон акани бадном қилган айнан зиёфатлар эканини очиқ ойдин айтиб ўтишим керак, чамамда…
Мавлон ака билан мени кутилмаганда ишдан бўшатишган эди, худди шундай – кутилмаганда ҳибсга ҳам олишди.
Дастлабки тергов чоғларида мендан фақат Мавлон ака билан бўлган базму зиёфатларни сўрашганларида, рости, мен ҳайрон бўлган эдим.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, мени сўроқ қиладиган Миллий Хавафсизлик Хизмати терговчиси (жуда соҳибжамол аёл эди) мендан фақат Мавлон ака билан бўлган ўтириш ва базмларни сўраб суриштирарди.
Аниқроқ қилиб айтганда, асосий бир зиёфат сабаб бўлган эди аканинг қамалишига. Эҳтимол, бу ўтириш бўлмаганида ака ҳам қамаларди, назаримда, фақат кейинроқ қамалармиди.
Янаям билмадим. Буни Зелемхон ака билан Ислом акалар яхшироқ билсалар керак…
Хуллас, Мавлон аканинг мен юқорида ҳикоя қилган “Дўрмон”даги дачаларида тез-тез бўлиб турадиган ўтиришларнинг бирида жуда нохуш бир воқеа содир бўлган эди.
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг ўша пайтдаги раиси Ғулом Алиев кайф биланми, билмадим, ҳеч кутилмаганда: “Биз истасак Мавлонжон, Сизни ҳам кузатишимиз мумкин!” деб айтиб қолди. Шунда Мавлон ака ароқнинг таъсиридан бўлса керак, жаҳл билан: “Мени кузатадиганнинг кўтанини суғуриб оламан!” деб жавоб қилдилар.
Бор гап шу!
Мавлон Умрзоқовнинг тоши енгил бўлса-да, бироқ Ғулом Алиев узоқни кўзлайдиган, оғир босиқ ва мулоҳазали одам эди. Президентнинг ёнида турган мулозимни “кузатиш” осон эмаслигини, у ўзи учун яхшилик келтирмаслигини Алиев яхши биларди. СНБ раиси катта тажрибага эга бўлган, узоқни кўзлаган одам эди. Шу боисдан резиденциядаги бу икки икки қўчқорнинг тўқнашувидан дабдурустдан ололв чиқиб кетди дейиш ҳам унчалик ўринли эмас. Бироқ шу жойда Умрзоқов яна бир қалтис қадам қўйди: Президент аппаратида МХХ идораси кадрларини элакдан ўтказадиган – назорат қиладиган сектор тузилишига Президентни кўндирди. Бу вазифа аслида куч ишлатар тизими бўйича масъул бўлган Давлат маслаҳатчиси тизимида бор эди. Лекин шунга қарамай Умрзоқов ўзи бош бўлган кадрлар тизимида ҳам шундай сектор тузилиши эришди. Лекин бу ҳали фожеанинг ҳаммаси эмас эди. Президент Девонида тузилган янги секторга раҳбар тайинлашда Мавлон Умрзоқов СНБ раҳбарларини четлаб ўтаркан, уларнинг ҳар қандай эътирозига кескин қарши туриб, бу кадр Сизлар билан эмас, балки биз билан ишлайди деб ўз фикрида қатьий туриб олди.
Бугун адолат билан айтганда шу вазифага танланган ва тайинланган полковник Отамурод Маҳатмуродов Мавлон Умрзоқовга яқин шахс бўлишига қарамай, хизмат юзасидан ўта заиф ва бундан ҳам даҳшатлироғи – жуда майда гап одам эди.
Бунга аппаратдаги яна бир майда гап – Нурмат Ахмонов (биз уни ўзъаро Аҳмоқов деб атардик) қўшилиб, бу икки “майда гап”дан катта катта ғавғолар уяси пайдо бўлди. Бу икки бўлажак генерал генералликни тезлаштириш орзусида ҳар куни кечқурун Умрзоқовнинг қулоғига оламдаги барча майда майда гапларни қуйишни асосий касбга айлантириб олишди…
Майли, яна ўша даврага ва ўша ҳақоратга қайтсак.
Даврада мендан бошқа Ўктам Исмоилов (Бош вазир ўринбосари), Мирзамурод Икромов (Тошкент вилояти ҳокими, Олий Кенгаш депутати) ва Мавлон аканинг Девондаги ўринбосарлари Аметжон Отажоновлар бор эди.
Мен дастурхонга қараб кириб чиқиб юрган эдим.
Тергов чоғида мендан ўша даврада бу маш-машалардан ташқари Мавлон ака шарафига: “Бўлажак Президент учун!” деб қадаҳлар ҳам кўтарилганмиди деб сўраб қолишди.
Рости мен бундай гап ва қадаҳ сўзларини эшитмаган эдим.
Демак, Мавлон акани ҳибсга олиш учун Президентга “У сизнинг ўрнингизга кўз олайтирди!” деган гап етарли бўлган.
Ҳолбуки, мен Мавлон акани яхши ва яқиндан билган йигит сифатида адолат ҳаққи ҳурмати шуни айтишим керакки, у киши ҳеч қачон бундай гапни айтмаган ва буни хаёлига ҳам келтирмаган.
У киши Ислом акани жуда ҳурмат қилар, мендай қишлоқдан чиқан йигитни шундай катта лавозимга лойиқ кўрди деб оғзидан бол томиб мақтарди.
Шу ерда яна бир мулоҳаза. Ўзбекистонда қайси юқорироқ даражадаги мулозим амалидан олинса, тергов пайтида ундан айнан мен юқорида келтирган гап-сўзларга ўхшаш айбловлар излашга уринишади. Нимаймиш, полончи палончининг ўтириш ва ё тўйида палончининг Президентлиги учун деб қадаҳ таклиф қилган эмиш…
Хусусан, Шукрилла Мирсаидов, Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов ва Санжар Умаровларнинг тергов жараёнларида ҳам шунга ўхшаш бемаъни савол жавоблар бўлганига мен бугун шубҳа қилмайман.
Хўш, нима қипти, ўзининг юқорироқ лавозимдаги бирор дўсти ва ё қариндоши учун кимдир яхши ният билан шундай деб қадаҳ кўтарса, бунинг нимаси ёмон?!
Шу бир оғиз сўз билан ўша амалдор бир юмалаб Президент бўлиб қолмайди-ку, ахир!
Мен қамалганимдан кейин ўзим билан бўлган бунақанги ажабтовур тергов жараёнларига китоб давомида ҳали батафсил тўхталаман, албатта.
Лекин бугун, модомики, Зелемхон ака ва зиёфатлар ҳақида мушоҳада юритарканман, олий мартабали мулозимларнинг спиртли ичимлиги бўлган турли базм ва ўтиришларда иштирок этиши, аксар ҳолларда, яхшилик билан тугамаслигини таъкидламоқчиман, холос.
Эҳтимол айнан зиёфатлардаги ҳаддан зиёд “очиққўнгиллик” ва “гапдон”лигимиз учун ҳам Мавлон ака билан биз бугун амалда эмасдурмиз.
Зелемхон ака, эҳтимол, ана шундай зиёфатларга рўйхушлик бермагани учун ҳам то ҳануз ўз лавозимида ишлаб келаётгандир.
Зелемхон ака ким билан ва қаерда улфатчилик қилиш санъатини аслида Ислом акадан ўрганган бўлса, эҳтимол.
Ислом акада ҳали Ўзбекистон давлатининг раҳбари бўлмай туриб ҳам ҳуда-беҳуда ўтиришларга бормаслик, иложи бўлса ароқ ичиладиган давралардан қочиш одати бор эди.
Буни Қашқадарёдаги раҳбарлардан кўп эшитганман.
Ўша олдинги бобларда тилга олганим – СССР Халқ депутатларининг Биринчи съезди бўлаётган пайт Москвадаги “Россия” меҳмонхонасининг ресторанида ва кейинчалик Ўзбекистон Президентининг ёзги
Қароргоҳида “Аргументы и Факты” газетаси мухбирлари келганида Ислом ака билан билан бирга ўтириб ароқ ичган ажойиб кунларимни бугун ярадор бир ҳавас, бетакрор бир ҳайрат билан эсларканман, қалбимни ажиб бир сокинлик, мунис бир маҳзунлик эгаллаб олаверади.
Ҳеч қачон қайтиб келмас беғубор ва бахтиёр кунларини эслаганида одам шундай ҳолга тушади, назаримда….
Энди тўйлар масаласида.
Зелемхон акани бирор амалдор тўйга айтса, райини қайтармай, наҳорги ошга борарди, холос. Биласиз, эрталабки ошлар асосан тонгги бешдан бошланиб, еттига қолмай тугаб кетарди.
Умуман, Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори табақали мулозимларнинг аксарияти худди Зелемхон акадай, тонг саҳарлаб, ҳали одамлар тўйга келиб улугурмай ошга боришни одат қилишганди.
Биз эса Мавлон ака билан наҳорги ошдан кўра, тўйнинг кечки базмига боришни хуш кўрар, борганда ҳам ҳаммани назарида туриб, энг сара ва алоҳида жойларда ўтиришни ёқтирардик…
Орадан бир бирини қувиб қатор йиллар ўтди.
Бугун Зелемхон ака ўз яқинлари, юртдошлари ва даврадошларининг ҳар бир тўйига боравермаса ҳам, лекин маъракаларида ҳамиша бош қошлигини айтишади.
Яқинда Олий хўжалик судида йигирма йилдан бўён ўринбосар бўлиб ишлаб келаётган Нурмат Ахмоновнинг табаррук ёшдаги отаси қазо қилганида катта бошини кичик қилиб, маърака тугагунга қадар даврада қўл қовуштириб турди. Лекин Зелемхон аканинг “сирли дунёсини” кўринг. Яқингинада Нурмат Ахмонов бир кунда пенсияга узатилиб, кўчада қолганда мана олти ойдирки, Зелемхон аканинг эшигига яқин келолмади. Ўзбекистон ҳукуматининг қоидаси шундай: Ишдан кетдингми, сен бошқа дунё одамисан…
Зотан, зиёфатлар ҳақида гап кетаркан, шу ўринда Зелемхон ака билан боғлиқ яна бир хотирани эслаш ўринли бўлса керак.
Биласиз, мен раҳбарликка тайинланганимдан кейин маълум муддат Ўзбекистон ҳукумати (СовМин) нинг пойтахтдаги Жуковский кўчасида жойлашган Қароргоҳ (дача) сида яшаган эдим.
Бу ерда вилоятлардан Тошкентга ишга таклиф қилинган мулозимлар билан бирга Ўзбекистон Олий Кенгашига янги сайланган депутатлар ҳам истиқомат қилишарди.
Хусусан Алишер Отабоев (кейинчалик Фарғона шаҳар ва вилоят ҳокими), Абдурафиқ Аҳадов (“Ўзпромстройбанк” , кейинчалик “Пахтабанк” бошқарувчиси, Марказий Сайлов Комиссияси раиси), Эркин Хўжаев (Олий Кенгашда Қўмита раиси, сўнг Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси), Мели Қобулов, Жаҳонгир Маматов, Ҳамза Эшназаров, Тошпўлат Жўраев, Фарҳод Аъзамов, Ҳайдар Исломов (Олий Кенгаш депутатлари) шулар жумласидандир.
Биз бир гуруҳ депутат ва мулозимлар ҳар ойда бир марта гап-гаштакка ўхшаш давра қургандик.
Дачанинг саунасида ўтадиган бу ўтиришларимиз Зелемхон аканинг ҳам қулоғига етиб борган шекилли, кунларнинг бирида мени кабинетларидан ташқарига кузатаётиб: “Дачадаги ўтиришларингиз ҳақида эшитдим. Жуда шов-шув қилиб юборманглар. Гап-сўз кўпайиши мумкин…” деб маъноли гап қилгандилар.
Бугун ўйлаб қарасам, Зелемхон ака ўшанда бу каби ўтиришлар яхшилик билан тугамаслигини, бу лавозим ва бу депутатлик бизга абадий берилмаганини, ўзимизни тийиб, қадамимизни билиб босишимиз лозимлигини жуда юксак одоб ва чуқур бир маданият билан билдирмоқчи бўлган эканлар.
Лекин ўшанда бутун Ўзбекистонни ўзининг шахсий томорқаси деб билган, шашти ниҳоятда баланд, боз ўстига қадамидан ўт чақновчи мендай баландпарвоз ва олифта йигитга бу сўзлар таъсир қилармиди?
Зелемхон аканинг ўта меҳрибонлик ва донишмандлик билан айтган бу дил сўзлари бир қулоғимдан кириб, иккинчисидан чиқиб кетарди…
36. Зелемхон ака ва оммавий ахборот воситалари…
Ростини айтсам, ўзбекистондаги расмий мулозим ва амалдорларнинг аксарияти Зелемхон Ҳайдаров ҳақида шу пайтга қадар ҳеч нарса билишмайди. Аксарият раҳбарлар унинг асли Сирдарёлик, расмий лавозими – Президент девони Ишлар Бошқармаси Бошлиғи эканини билишади, холос.
Оддий халқни эса қўяверинг.
Ислом Каримов раҳбар бўлган Ўзбекистонда давлат ва ҳукумат мулозимларининг таржимаи ҳолини матбуотда эълон қилиш, улар ҳақида кенгроқ маълумот бериш тақиқланган. Уларнинг оммавий ахборот воситаларида кўриниши, зангори экранда чиқиши рағбатлантирилмайди.
“Дунё ўзбеклари” сайтида Зелемхон Ҳайдаров ҳақидаги хотираларимни эълон қилаётган қисқа пайтдан бўён Ўзбекистондан ва бошқа давлатлардан келаётган хат ва хабарлар ўқувчиларда мисли кўрилмаган даражада катта қизиқиш уйғотганини сезиб, ҳам қувондим, ҳам куйиндим.
Қувонганим шуки, ёзганларим одамларни бефарқ қолдирмапти.
Куйинганим шуки, шўрлик ватандошларим Ўзбекистон ҳукуматида Президентдан кейинги иккинчи одам ҳақида деярли ҳеч нарса билмас эканлар…
Зелемхон Ҳайдаров йигирма беш йилдан бўён бирор маротаба ҳам зангори экран орқали кўринмаган. Ўзбекистон матбуотида шу пайтга қадар у киши ҳақида мақола тугул, бирор дона суърати ҳам эълон қилинмаган…
Бугун интернетда эълон қилинаётган Зелемхон ака ҳақидаги мақола ва суратлар дунёнинг турли бурчакларига сочилиб кетган оддий одамлар тугул, Ўзбекистондаги ҳукумат мулозимларини ҳам қизиқтириб қўйганининг боиси, эҳтимол, шундандир.
Модомики, Зелемхон ака шахси боис, ўзбек расмийларининг оммавий ахборот воситалари билан алоқаси ҳақида гапирарканман, Президентнинг ойнаи жаҳонга бўлган муносабати хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишим лозим.
Ислом аканинг кабинетидаги телевизорлар кун бўйи ишлаб туради. Ўзбекистон телевидениясининг деярли ҳар бир кўрсатуви у кишининг эътиборидан четда қолмайди. Лекин Президент бошдан оёқ кўрадиган битта кўрсатув бор – унинг номини “Ахборот” дейдилар.
Қанча мулозимларнинг бошини емади бу “Ахборот”. Қанчадан-қанча журналист ва дикторлар ишдан кетмади Президент кўрадиган бу “Ахборот” учун.
“Ахборот”да танқид қилинишининг олдини олиш учун пора тугул, жонини ҳам беришга рози бўлган амалдорлар бор бугун Ўзбекистонда.
Тўқсонинчи йиллар бошида Ганжи Ёқубов Ўзбекистон телевидениясининг раҳбари эди. Асли хоразмлик бўлган бу очиқ кўнгил ва дилкаш инсон билан мен ҳам яхши ва самимий муносабатда эдим.
Ўзбекистон Президентининг кадрлар билан ишлаш бўйича давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов юқори давлат тизимларида ҳимоячи ва тиргаклари бўлган мулозимларни ишдан олмоқчи бўлса, Ганжа акага айтиб уларни “Ахборот”дан чиқарарди.
Табиийки, давлат сиёсатида ҳали тажрибасиз бўлган бу раҳбарлар ойнаи жаҳон орқали айтган гап-сўзлар Президентни қониқтирмасди ва Ислом ака ўша куниёқ уларни ишдан ҳайдаш ҳақида Мавлон акага топшириқ берарди.
Лекин Зелемхон Ҳайдаров ва Мавлон Умрзоқовлар ўзлари Президентга тавсия қилган ва лавозим берган ўз одамларини телевизорга умуман яқинлаштирмасдилар…
Бугун Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси, Бош прокурор, Ички Ишлар вазири, ҳукумат бошлиғи ва ё аъзоларининг эмин-эркин телевизордан чиқиб, одамлар билан бемалол мулоқот олиб боришини тасаввур ҳам қилолмайсиз.
Уларнинг аксариятини одамлар кўча-куйда кўриб қолса, танимасалар ҳам керак.
Хуллас, Ўзбекистон давлатида, йигирма беш йилдирки, аҳвол шу. Раҳбарларнинг телевизордан чиқиб, гапдонлик қилишини Президент ёқтирмайди. Сиёсий партия аъзолари орасидан мабодо бирор киши телевизордан кўпроқ чиқиб, халқ орасида обрўйи ошиб бораётгани маълум бўлса, бу нотиқ ўша куниёқ сиёсатдан ҳайдалади.
Ҳолбуки у мухолифатдаги эмас, балки ҳукуматдаги партия аъзоси бўлса ҳам.
Бугун Ўзбекистондаги сиёсат ана шундай ажиб бир манзара касб этиб турган бир пайтда мавжуд тузимга мухолиф бўлиш ва омма олдида истаганча нутқ ирод этишни мухолифатдаги дўстларимиз бу яқин беш ўн йилда хаёл қилмасалар ҳам бўлаверади…
Негаки, сиёсатчи ўз нутқи ва ғояси билан одамлар қалбига кириб бориши керак, одатда. У нутқини оммага радио ва телевидения орқали етказса, ғоясини газета ва журналлар орқали билдириши мумкин.
Ўзбекистонда бу ахборот воситалари бугун фақат бир кишига хизмат қилишга бўйсундирилган бўлса, додингни кимга айтасан, биродар!
Майли, мавзудан чалғимайлик. Биз Зелемхон ака шахси боис юқори даражали давлат мулозимларининг оммавий ахборот воситалари билан бўлган муносабатлари хусусида гаплашаётган эдик.
Эҳтимол, мен юқорида тилга олган нозик масалалар боис ҳам Зелемхон ака ўзини реклама қилишни, матбуот ва телевиденияда чиқишларни ёқтирмас.
Лекин Россия сиёсати ва матбуотида бунинг тамомила акаси. У ерда Президент атрофидаги мулозимларни одамлар яхши танийди. Улар тез-тез оммавий ахборот воситалари орқали халққа кўриниб туришади.
Бундан ҳеч ким зарар кўрмайди. Аксинча, фақат ютади.
Мен Ўзбекистонда Ислом Каримов атрофидаги раҳбарлар ҳам худди Россия ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари каби халққа ҳам расман, ҳам жисман таниш бўлишларини, турли ахборот воситалари орқали тез-тез ҳисобот бериб туришларини орзу қиламан.
Агар буни биринчи бўлиб бўлиб бугунги қаҳрамонимиз – Президентдан кейин сиёсий саҳна ортидаги иккинчи одам – Зелемхон Ҳайдаров бошлаб берсалар, нур устига аъло нур бўлурди!
37.
Президент ва унинг атрофидагилар борасида миллийлик масаласи…
Ўзбекистон Президентининг ўнг қўли – Зелемхон Ҳайдаровнинг миллати ўзбек эканлигини юқорида қайд этдик. Лекин кўпчилик у кишини негадир татар миллатига алоқадор деб билади.
Бугун Президентнинг ёнида ишлайдиган мулозимларнинг аксарияти Зелемхон аканинг одамлари.
Тўқсонинчи йилларнинг бошида Зелемхон Ҳайдаров Равиль Ваҳобович Абдуқодиров билан Рим Абдулович Гинатуллинларни Президентга тавсия қилган эди.
Уларнинг иккалови ҳам татар миллатига мансуб. Балким шунинг учун одамлар Зелемхон аканинг ўзларини ҳам татар бўлса керак деб ўйлашгандир.
Равиль Абдуқодиров узоқ муддат Президент Котибиятини бошқарди. Ислом аканинг энг яқин кишилари қаторида бўлди.
Мен раҳбарлик лавозимида ишлаб, “Президентнинг эркатойи” бўлиб юрган йилларда Равиль Ваҳобович Ислом Каримовнинг Крайновдан кейинги энг яқин одами ҳисобланарди.
Ҳозир ҳам бу камгап ва камтарин, ниҳоятда ишчан ва истеъдодли йигит Вазирлар Маҳкамаси Котибиятининг раҳбари.
Рим Абдулович Гиниятуллин ҳам узоқ йиллар Ўзбекистон Сув ва қишлоқ хўжалиги тизимларидан бирига раҳбарлик қилди.
Мен уларнинг ҳар иккалови билан ҳам яхши ва самимий муносабатда эдим.
Президентнинг биринчи ёрдамчиси Крайнов Георгий Алексеевич – яҳудий миллатига мансуб.
Бугун уларнинг раҳбарлик истеъдоди ва ё инсоний фазилатларига шубҳа билдирмоқчи эмасман. Улар ҳурмат ва эҳтиромга муносиб, Президентга ниҳоятда садоқатли, камтар ва камсуқум, яхши мулозимлар.
Мен бугун масаланинг бошқа томонига эътибор қаратишни истардим.
Менинг бу мулоҳазаларим, назаримда, Миллий Хавфсизлик Хизмати билан Президент Хавфсизлик Хизмати мутасаддилари мушоҳада қилиб кўриши учун кўпроқ аҳамият касб этса керак деган умиддаман.
Яна бир гап. Президент ёнида ишлаб келаётган саноқли мулозимларгина бугун шубҳа, гумонлардан холи. Уларнинг аксарияти аллақачон вазифасидан олинган, жиноий жавобгарликка тортилган.
Ажабки, шубҳа, гумонлардан холилари – маҳаллий миллат вакиллари эмас. Ишдан олиниб, жиноий жавобгарликка тортилганларини деярли ҳаммаси ўзимизнинг миллатдошларимиз – ўзбеклар…
Нега шундай?
Нега бизнинг ўзбек миллатига мансуб амалдорлар биров ишонч билдириб, катта мартаба берса, бошқа миллат вакилларидай садоқат билан хизмат қилиш ўрнига, ўз мансабини аксар ҳолларда суистеъмол қилишади?
Нега улар қисқа даврда ўз позицияларини мустаҳкамлаб олиб, порахўрлик ва коррупцияга рўжу қўйишади? Иймон ва эътиқод, адолат ва диёнатни унутиб, ўғирлик ва разолат, қабиҳлик ва жаҳолат билан дўстлашишади?!
Бу ерда қандай сир бор?
Ахир Ўзбекистон давлатининг раҳбари ўзбек бўлса, унинг атрофида садоқат билан ишлаб келаётганлар ҳам асосан ўзбеклар бўлиши керак эмасми?!
Ё уларга ортиқча ишонч билдирилса, Президентга ҳаддан зиёд яқинлашиб кетсалар унинг ўрнини олиб қўйишлари мумкинми?
Мен бу ерда ҳозирча бундан ортиқ бошқа изоҳ топомаяпман.
Ватанпарварлик ва миллийлик деган гап сўзлардан ташқари бу ерда Президент хавфсизлиги масаласи ҳам бор.
Масалан, Қозонда – Татаристон Президенти атрофида ўзбеклар кўпайиб, татарлар давлати раҳбарига таъсир ўтказиб, ўз миллий манфаатларини тиқиштира бошласалар ёки худо кўрсатмасин ўз давлатлари хуфия идораси кўрсатмаси билан унга заҳар бериб, жонига қасд қилсалар, нима бўлади?
Айни ҳол бугун Ўзбекистон Президенти билан такрорланмайди деб ким кафолат бера олади?
Мен мазкур масалага миллийликдан бир оз чекиниб, Президент хавфсизлиги нуқтаи-назаридан кенгроқ ва синчковроқ қараш тарафдориман…
Дейлик, Исроилда давлат раҳбари ёнида еврейлар эмас, балки араблар ишлашини тасаввур қила оласизми? Дунё хуфия хизматлари орасида “Массад” разведка идораси профессионаллик борасида биринчи ўринда эканин ҳисобга олган ҳолда…
Зелемхон ака Президент атрофига ўзбеклардан кўра кўпроқ бошқа миллат вакилларини йиғаркан, Ислом аканинг хавфсизлигини таъминловчи кучлар миллатчиликдан бир оз юқорироқ кўтарилиб, бу нозик масалани яна бир бор яхшилаб ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди…
(Давоми бор)
6 шарҳ
-
Шунча моддий шарт шароит, ваколатлар, алоҳида имтиёзлар булар бари, оддий одамларни солиғи ҳисобидан бўлади, бир сўми ҳам ўз ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Шундай шароитда эртаю кеч ёниб кўйиб, ишламаган амалдорларни нима дейишни ҳам билмайсан. Аслида чинакам миллий ғўрури бор, ватанпарвар, мансабдор учун шохона яшаш шарт эмас, ихчам яшаш жойи, бир коса овқат бўлса шуни ўзи кифоя. Бахт фақат бойликда эмас, оддий камтарона ишлаб, давлат ва бошқаларни ҳақини емасдан ҳам бахтли бўлиш мумкин.
-
Aynan ana shu moddiy sharoitlar rahbarlikka, amalga undovchi, yopishib olishga omil bo’lib qolmayaptimikan. Aksincha bo’lganidachi, hamma qatori ish sharoiti, maosh bo’lsa, balkim bunchalik yopishmasmidi, lekin amal bo’lgandan keyin bularni qalloblik bilan yaratib olish imkoniyati bor, amalda shunday bo’lyapti ham. Baribir insof va vijdon bo’lmasa qiyin, insofim, vijdonim bor deb o’ylaydigan odam ham mansabga o’tirgan paytida o’ziga ancha-muncha insof etmayotganini his qiladi, menda ham bo’lgan.
-
-
Хурматли Исмат ака! Хатоларни тан олишлик хам мардлик.Бандаси борки хато килади,Узидан бошка.Хеч сикилманг.Катта мансаблардан Аллохни Узи сизни асрабди (покиза ниятларингиз учундир балки),чунки эртага уларнинг хисоб бериши кийин булади, окибати хам адолат килмаса мудхиш булади.Бизга яхши куринган хар кандай нарса аслида емонлик булиши мумкин биз учун,аксинча биз учун емон куринган нарса аслида яхшилик булиши мумкин.Бу Аллохнинг хикматидир.
-
Исмат ака қаранг! Мулозимни олдида ундан кичкани амалдорларнинг гирди капалак бўлиб, суъний алдамчи ҳаракатларни. Бу бизни катта қўсуримиз. Билмадим ҳеч қачон бундан қўтила олмасак керак.
-
Хурматли Исмат ака!Бугунги кунларда миллатимиз ва давлатимизнинг асл ахволига караб бахо берадиган булсак,ушбу сиз суяброк бахо берган казоларимиз хакида озми купми хулоса чикариб ололдик.Сахнада артистлар колсин,колганлар пастга тушсин дейилган гап бизнинг юкори сахнада булган деб уйламасдан илож йук.Мен узимнинг фожеавий хаётим практикасидан келиб айтаяпман.Коррупция хеч качон пастдан бошланмайди,бош яхши булса дархол узига келтиради,пастни!Теппада булса,худонинг ургани шу!Лу Куан Ю исботлади!
-
“Муллажоновни…бригада бошлиғига, нари борса, тепакаллигини ҳисобга олсак қолоқ бир қишлоқдаги ношуд ва омадсиз математика ўқитувчисига ўхшаб кетарди, холос…”
Манашу ўхшатишнинг ўзи муаллифни ман-ман деган адиблар билан беллашади, дейишга асос бўлади менимча.
Буни ўқиб Муллажоновнинг ўзиям менга ўхшаб, маза қилиб кулгандир.-
Охирги гапни Исмат акани узи айтади,чунки ака биз билмаган куп нарсадан хабардор деб уйлайман.Халойик хулоса чикаришга шошманглар.
-
Офарин сизга Исмат ака!Ушбу бобда Буюк келажакга кандайдир ишонч милтиллагандек булди.Мирзиёв жуда ишчан,шу билан бирга ошчан хам.Рашит Кодиров кимлиги шу йиллар давомида барбод булган иктисодиёт,калбаки жиноий ишлар,боскинчиликлар суйлаб турибди.Хайриддин Султон эса маънавият ва маърифатни,матбуот ва адолатни и т.д бадном ва улик холига олиб келди.Зелимхон ака эса дустми ёки душман эканлиги ноъмалум турибди.Рустам аканинг кандай инсон эканлиги шу мухлатда билинади.Ислом ака учун сунгги ишонч бу
-
Мухаммад Али
27.03.2015 at 08:35 (Edit)
Уйимиз Крим торг деган махаллага чегара жойда эди.Бизга ёшликдан ТАТАР бор жойда хатар бор,НАМ татарам,лиш бы даром,тоторлар ошорлар,кошорлар!сузлари жуда таъниш.Углинг ёмон булса татардан хотин олиб бер,дейишган!Дуоси махкам,кузингни бойлайди-ишини битириб,тобутга жойлайди.Давлат мансабида булиб,якин дустлари бошига иш тушганида аралашмаган кимса-мунофик дейилади.Уруш пайтлари ана шундай кимсалар душманга шаксиз сотилади ва мансаб олади.Кандай дилкаш,багрикенг инсон деб юраверасиз! Асли шайтон У
-
6 комментариев
-
Шунча моддий шарт шароит, ваколатлар, алоҳида имтиёзлар булар бари, оддий одамларни солиғи ҳисобидан бўлади, бир сўми ҳам ўз ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Шундай шароитда эртаю кеч ёниб кўйиб, ишламаган амалдорларни нима дейишни ҳам билмайсан. Аслида чинакам миллий ғўрури бор, ватанпарвар, мансабдор учун шохона яшаш шарт эмас, ихчам яшаш жойи, бир коса овқат бўлса шуни ўзи кифоя. Бахт фақат бойликда эмас, оддий камтарона ишлаб, давлат ва бошқаларни ҳақини емасдан ҳам бахтли бўлиш мумкин.
-
Aynan ana shu moddiy sharoitlar rahbarlikka, amalga undovchi, yopishib olishga omil bo’lib qolmayaptimikan. Aksincha bo’lganidachi, hamma qatori ish sharoiti, maosh bo’lsa, balkim bunchalik yopishmasmidi, lekin amal bo’lgandan keyin bularni qalloblik bilan yaratib olish imkoniyati bor, amalda shunday bo’lyapti ham. Baribir insof va vijdon bo’lmasa qiyin, insofim, vijdonim bor deb o’ylaydigan odam ham mansabga o’tirgan paytida o’ziga ancha-muncha insof etmayotganini his qiladi, menda ham bo’lgan.
-
-
Хурматли Исмат ака! Хатоларни тан олишлик хам мардлик.Бандаси борки хато килади,Узидан бошка.Хеч сикилманг.Катта мансаблардан Аллохни Узи сизни асрабди (покиза ниятларингиз учундир балки),чунки эртага уларнинг хисоб бериши кийин булади, окибати хам адолат килмаса мудхиш булади.Бизга яхши куринган хар кандай нарса аслида емонлик булиши мумкин биз учун,аксинча биз учун емон куринган нарса аслида яхшилик булиши мумкин.Бу Аллохнинг хикматидир.
-
Исмат ака қаранг! Мулозимни олдида ундан кичкани амалдорларнинг гирди капалак бўлиб, суъний алдамчи ҳаракатларни. Бу бизни катта қўсуримиз. Билмадим ҳеч қачон бундан қўтила олмасак керак.
-
Хурматли Исмат ака!Бугунги кунларда миллатимиз ва давлатимизнинг асл ахволига караб бахо берадиган булсак,ушбу сиз суяброк бахо берган казоларимиз хакида озми купми хулоса чикариб ололдик.Сахнада артистлар колсин,колганлар пастга тушсин дейилган гап бизнинг юкори сахнада булган деб уйламасдан илож йук.Мен узимнинг фожеавий хаётим практикасидан келиб айтаяпман.Коррупция хеч качон пастдан бошланмайди,бош яхши булса дархол узига келтиради,пастни!Теппада булса,худонинг ургани шу!Лу Куан Ю исботлади!
-
«Муллажоновни…бригада бошлиғига, нари борса, тепакаллигини ҳисобга олсак қолоқ бир қишлоқдаги ношуд ва омадсиз математика ўқитувчисига ўхшаб кетарди, холос…»
Манашу ўхшатишнинг ўзи муаллифни ман-ман деган адиблар билан беллашади, дейишга асос бўлади менимча.
Буни ўқиб Муллажоновнинг ўзиям менга ўхшаб, маза қилиб кулгандир.
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Суратда: Президент Девони бошлиғи Зелемхон Ҳайдаров (орқа планда – чапдан биринчи)
Суратда: Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров раҳматли устози Виктор Хайдуров маъракасида…
Суратда: Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров таниқли ўзбек журналисти, қадрдон дўсти Шароф Убайдуллаев билан…
Суратда: Зелемхон Ҳайдаров (орқа планда) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповлар билан…
Суратда: Чапдан ўнгга – Президентнинг матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов, Тошкент шаҳар милиция Бошқармаси Бошлиғи, генерал-лейтенант Эркин Норжитов, Президент маъмурияти раҳбари Зелемхон Ҳайдаров, у кишининг
ўринбосарлари Элдор Ғофуров, “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушевлар Ўзбекистон Президентининг “Дўрмон” резиденциясида, Тошкент шаҳри, 1990 йил…
(Давоми бор)