А.Орипов: Шоир деганлари шаҳиддир – хунсиз, Учинчи дунёдир – кундузсиз, тунсиз…
Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
ШОИР
Шоир деганлари шаҳиддир – хунсиз,
Учинчи дунёдир – кундузсиз, тунсиз.
Бола каби кулар, бироқ кўзда ёш,
Бола каби йиғлар, ва лекин унсиз.
19.03.2015
КУНДАЛИК ГАПЛАР
Менга ташвишлардан йироқ юр, дейсан,
Чарчагансан, дейсан, шундайликча ҳам.
Фақат сен муттасил ғамимни ейсан,
Лекин ҳаёт бошқа, азизам, бекам.
Магар кирсанг бирор дорихонага,
Киссавур ургандай чиқасан бўм-бўш.
Ишонгин ҳозирги бу афсонага,
Нолимай, ақчангга қилгин хайр-хўш.
Ишхонанг эшигин бесўроқ албат
Кимдир очиб кирар салобат билан.
Ҳеч бир муросага қилолмас тоқат,
Даҳоман, дейди у важоҳат билан.
Уйингга қайтасан, набиралар шод,
Бобом келдилар, деб солади чуввос.
Сен учун ўша дам бошланар ҳаёт,
Тоза ва мусаффо хаёлингга мос.
Гўё ўзанига тушгандай дарё,
Гўёки йўқ энди ҳеч кимдан гинанг.
Чой келар, шопириб қарайсан, оббо,
Дамлашни билмабди кичкинтойгинанг.
18.03.2015
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ