Исмат ХУШЕВ: ПРЕЗИДЕНТ БИЛАН ЮЗМА ЮЗ: ЮРАККА КЎЧГАН УЧРАШУВЛАР (2-34)
ИСМАТ ХУШЕВ:
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
ИККИНЧИ КИТОБ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Исмат Хушев (чапда) Ислом Каримов билан — депутатлар орасини ёриб, Президентни кичик зал томон бошлаб бораётган пайт…
2 китоб, 34-боб.
ПРЕЗИДЕНТ БИЛАН ЮЗМА ЮЗ ЁКИ ЮРАККА КЎЧГАН УЧРАШУВЛАР
1.
…Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг мажлислар залида сессиялар, йиғилишлар бўлиб ўтарди. Ислом ака эндигина раҳбарликка келган пайтлар эди.
Мен ўшанда кўпинча у кишининг ёнида юрардим. Мажлислардан кейин бу залдан – бир пиёла чой ичиладиган жойга ўтиб, ундан кейин ташқарига – Марказқўмнинг ҳовлисига чиқиш мумкин эди.
Айни чоғда лифтдан юқорига кўтариладиган томонга ҳам чиқиш мумкин. Бу асосан биринчи раҳбар юрадиган йўлак ҳисобланиб, лифт ҳам фақат Ислом ака учун хизмат қиларди.
Оммавий ва умумий йўлак ҳамда лифтлар бошқа томонда эди…
2.
Бир куни республика фаолларининг анжумани бўлди. Ислом аканинг кайфияти яхши эди.
Йиғилиш тугагач, Ислом ака менинг елкамга қўлини қўйиб, бир нималар тўғрисида гапираётган пайтда рўпарамизда Вилор Ниёзматов (суратда) пайдо бўлиб қолди.
Биласиз, бу киши “Советская культура” газетасининг Ўзбекистон бўйича мухбири эди. У бир-икки йил муқаддам Москвадаги бошқа бир ҳамкасби В.Долганов билан ҳамкорликда “Советская культура” газетасида мен тўғримда “Ўзимизникилар орасидаги бегона” номли мақола ёзиб, мени ва Бош муҳарририм Ҳалима Худойбердиевани ўзбекистонлик бир гуруҳ амалдорлар қутқусидан ҳимоя қилиб чиққан эди.
У менга яхшилик қилган эди.
Ўзи аслида худбин ва кеккайган одам бўлса ҳам, мен унинг қилган ўша яхшилигини Ислом акага айтиб, кўнглини олмоқчи бўлдим.
Шу ерда айтиб ўтишни истардимки, мен ўша пайтларда Ислом акага ўзим билган одамлар ҳақида фақат яхши гап айтишга одатлангандим. Ёмонини яшириб, яхшисини ошириб гапиришга ҳаракат қилардим.
Айниқса ўз соҳамдаги одамларга кўпроқ яхшилик қилишни истардим.
Вилор ака ўзи аслида худбин одам эди. Лекин шунда ҳам мен унинг ўша бир бора қилган яхшилигига Ислом аканинг олдида миннатдорчилик билдириб қўймоқчи эдим.
Бугун ўйлаб қарасам, бу ҳам аслида нотўғри экан. Яхшини яхши, ёмонни ёмон дейиш керак экан шоҳга ҳам. Ҳамма ҳам яхшиликнинг қадрига етмас, ҳатто яхшилик қилишга арзимас ҳам экан…
Ислом ака менинг елкамга қўлини қўйиб, суҳбатлашиб турган пайтда Вилор Ниёзматовнинг олдимизга келишга тортиниб, ҳайиқиб турганини кўриб:
— Ислом ака, мана шу киши Вилор Ниёзматов бўлади. У бир пайтлар мени ёқлаб чиққан, мард журналист, – деб ўзимча уни Ислом акага таништирмоқчи бўлдим.
Чунки ўша пайтлардаёқ Ислом аканинг ёнига унча-мунча одам яқинлаша олмасди.
Ажаб, боягина олдимизга келишга ийманиб турган Ниёзматов бирдан тўнини тескари кийиб:
— Мен сенинг таништиришингга зорманми?! Агар танишиш керак бўлса, ўзим хоҳлаган пайтимда ёнига бора оламан! – деди.
Мен жуда ноқулай аҳволда қолдим.
Москвадаги “Россия” меҳмонхонасида – Ислом аканинг хонасида Аҳмаджон Мухторов ҳам мени худди шундай аҳволга солиб қўйганини муқаддам ёзган эдим.
— Кечирасиз, Вилор ака…
— Сен фақат ўзингни ўйлайсан, холос. Ишинг тушса, роса ялиниб-ёлворасан, керак пайтингда қорангни кўрсатмай кетасан! – деб ўдағайлай бошлади.
У Ислом аканинг юзи, кўзи демай у кишининг олдида менга ташланиб қолди.
Ана, холос.
Назаримда, унинг депутатлигини ўйлабми, Ислом ака олдинига индамай сукут сақлаб турган эдилар.
У мени қаттиқ изза қилди – Ислом аканинг олдида ноқулай аҳволда қолдим.
Яхши маънода илиқлик пайдо қилиш учун уни Президентга мақтаётган эдим.
У эса менга кутилмаганда ташланиб қолади. Табиийки, унинг бу беодоблиги Ислом акага ёқмайди.
Қолаверса, Ўзбекистондаги бир гуруҳ такаббур одамлар у кишини ҳануз кечаги Ислом ака деб биларди.
Ниёзматов аслида менга эмас, Ислом акага киноя қилаётган эди. Менга оёғини артиб, яна бир поғона кўтарилмоқчи эди…
3.
Ислом ака ўз ҳузурида у ёки бу масалада тортишиб қолганларни одатда ёқтирмасди. Баҳсга аралашиб, муносабат билдиришдан кўра сукутни афзал кўрарди.
Москвада ҳам худди шундай бўлган эди. Бу ҳақда муқаддам ёзгандим.
Ислом ака ўзларининг “Россия” меҳмонхонасидаги “люкс” хонасини тақиллатмасдан безбетларча кириб келган А.Мухторовга “Исматга ёрдам қилиш керак, у кўчада қолибди” деганларида Аҳмаджон ака: “Мен бу соплякни яхши биламан! Сиз бу нусхани қаердан топдингиз?” деганида ҳам индамай сукут сақлашни афзал кўрган эдилар.
Лекин бу ерда – Ўзбекистон Компартиясининг Мажлислар залида Вилор менга ташланиб қолганида у киши Ниёзматовга шундай қараш қилдики, бу қарашда ҳамма нарса намоён эди. У олдимизда қолишни ҳам, кетишни ҳам билмай бир муддат довдираб қолди…
Аҳмаджон ака менга ташланиб қолганида Ислом ака ҳали Қашқадарё обкомининг биринчи секретари эдилар. Қолаверса, нега Мухторов менга ташланиб қолганининг асл сабабини ҳали билмасдилар.
Кейин у киши “Нима бўлган эди?” деб сўраганларида бўлган воқеаларни батафсил айтиб берган эдим.
Бу ерда эса Ниёзматов чегарадан чиқиб кетгани шундоққина аён эди.
Қолаверса, энди Ислом ака обкомнинг биринчи секретари эмас, балки Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари эдилар.
Авваламбор, давлат бошлиғининг олдида тортишиб, суришиб қолишнинг ўзи одобсизлик.
Лекин нима қилай, мен оддий одамларни, хусусан соҳамга алоқадор ҳамкасбларимни Ислом акага яқинлаштириб, уларнинг ўзъаро муносабатини яхшилашни ўзимнинг инсоний бурчим деб билардим.
Чунки шоҳга яқин бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган бир орзу эди.
Қолаверса, жуда кўп одамлар, ҳатто депутат ва мулозимлар ҳам Ислом ака билан бир кўришиб, қўлини олишни орзу қилиб юришини яхши билардим…
4.
Майли, ҳис ҳаяжон ва эҳтиросга берилмай яна Вилор Ниёзматовга қайтсак.
Нега мен уни худбин ва кеккайган одам эди дедим?
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келгач, мен “Ҳаёт ва иқтисод” журналига Бош муҳаррир бўлиб, ўзимга яраша обрў-эътибор қозондим.
“Янги раҳбариятга яқин, қўлини қаерга узатса етади” деб биров унга айтган, шекилли, бир куни Вилор ака мендан қаердадир хориждан келган мебель сотилаётганини, харид масаласида ёрдам беришимни илтимос қилиб қолади.
Яхши тушунмадим, унинг ўзи ҳам республикада кичкина одам эмас: мебель харид қилиш учун қандай ёрдам беришим мумкин эди? Бепул олмоқчими ё пулини мен тўлашим керакмиди?
Билмай қолдим. Умуман, мен бунақа шубҳали ишларга аралашмас эдим.
Кўпчилик Исмат ҳамма ишларга аралашиб, тўнғиздан битта тукни бўлса ҳам ўндириб оладиган йигит деб юради.
Хусусан, Ислом ака туфайли Абдураҳмон Ашуровни – Китобга, Холмурод Раҳмоновни -Яккабоққа ҳоким этиб тайинланишида менинг бевосита ҳиссам борлигини эшитгандан кейин одамлар орасида бунадай гаплар урчиб кетади.
Вилор ака ҳам шунақа гапларни эшитган шекилли.
Ўшанда мен у кишининг бу илтимосига унчалик аҳамият бермасдан: “Яхши, яхши” деб кулиб қўйган эдим. Лекин у мендан жиддий ёрдам кутган экан.
Мен ўз ишларим билан андармон бўлиб кетганимдан сўнг, менинг ёрдамимдан умидини узиб, кўнглида адоват пайдо бўлган экан.
Қолаверса, бу одамнинг феъл-атвори менга маъқул бўлмади…
5.
Агар хабарингиз бўлса, Совет даврида Тошкентдаги – пешонасига соат осилган ўн олти қаватли “Матбуот уйи”нинг учинчи ва тўртнчи қаватларидан Марказий нашрларнинг Ўзбекистондаги мухбирлари учун махсус кабинет (корпункт) лар ажратиб берилган эди.
Вилор Ниёзматов мен ҳақимда мақола ёзаётган вақтларида (“Саодат” журналидаги ҳангомаларни эсланг) йўлакда икки-уч соатлаб кутиб, тик туришга мажбур қиларди.
Йўлак адоғининг чап томонида унинг кабинети бор эди: гўё одамларга кўрсатиш учунми, мени узоқ куттириб қўярди. “Эрта-индин мақола чиқса катта шов-шув бўлади, cен шу ерда мени кутиб турганингни ҳамма кўрсин” дерди.
Мен унинг бу тутуриқсиз фалсафаси сирини сира тушуниб етолмасдим. Лекин бошқа иложим ҳам йўқ эди. Москва газетасида биров ҳимоя қилинса, тамом, ҳаёти тубдан ўзгариб кетарди.
У пайтларда Москва – ҳали Ўзбекистоннинг пойтахти, Кремль – ҳар бир қардош республика учун қуллуқ қилиб сиғинадиган Қиблагоҳ эди.
Мақола чиққунча ҳам, чиққанидан кейин ҳам Вилор ака мени жуда кўп маҳтал қилган, ҳақиқат ва кўмакка муҳтож юрагимда ўзига бино қўйган худбин бир кимса сифатида нохуш бир таассурот қолдириб улгурган эди.
Тўғри, адолат учун курашадиган одати ҳам бор эди, лекин шу билан бирга ўзбеклардан доим ўзини устун қўйиб, миллатимизга беписанд ва беҳурмат қарайдиган бемаъни бир одати ҳам бор эди…
6.
Айниқса, Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат бўлганидан кейин янада худбинлашиб кетади. Ўрта Чирчиқданми, ё бошқа районданми, депутатликка сайланади.
Сайлов компанияси бошланган чоғларда мен Ҳалима Худойбердиеванинг ишончли вакили бўлдим. Вилор Ниёзматов ҳам мени ўзига ишончли вакил бўлишга таклиф этди.
Юқоридан маслаҳат сўрасам, рози бўлишмади. Уларнинг рухсатисиз, табиийки, мен бу ишга киришолмасдим.
Хуллас, мен унга ишончли вакил бўлиб Тошкент вилоятидаги ушрашувларига боролмадим. Ўшандан бўён у мендан хафа бўлиб юрарди.
Барибир, Вилор Ниёзматов ҳам депутатликка сайланади. Сайланганидан кейин у менга жуда бошқача муомила қила бошлади: “Сен бормасанг ҳам мен депутатликка сайландим!” деб писанда қиларди.
Мен ўша гина-кудуратларни унутиб, Вилор аканинг ҳам кўнглини олай деб, уни Ислом акага мақтаб яна балога қолдим…
7.
Ислом ака билан яна бир учрашув эсимда қолган.
Вазирлар Маҳкамасида олти ойлик ва йил якунлари бўйича ўтказиладиган мажлисларда “биринчи”нинг ўзи иштирок этарди.
Аввал Мирсаидов, кейин Мўталов, ундан кейин Султоновлар Бош вазир бўлган пайтлардаги бундай анжуманларда Шукрилла Раҳматовичдан бошқа бирорта Бош вазир Ислом аканинг олдида ўзини ҳақиқий Бош вазирдек тутолмаган.
Бундай йиғин ва анжуманларда фақат ва фақат Ислом аканинг ўзи мажлисни бошқариб, ўзи гапирар ва ўзи якунларди. Ўша пайтларда Ислом Каримов ҳар қандай соҳани ниҳоятда чуқур билишини кўрсатади.
Бу ҳақда илгари ҳам айтиб ўтганман. Шундай йиғилишларда у киши Қашқадарёда амалга оширган ишларини , ўтган кунларини тез-тез эслаб турарди.
Янглишмасам, 1990-йилнинг олти ойлик якуни бўйича йиғилиш бўлаётган эди. Одатдагидек, мен олдинги қаторда ўтирибман. Шунда Ислом ака куйиниб узоқ гапирдилар ( у пайтларда Ислом ака ҳали ўзбекчани яхши билмас, йиғилишларни асосан рус тилида олиб борардилар):
— Ҳеч қачон халқни алдамаслик керак. Биз Қашқадарёда бевосита халқдан маслаҳат сўрардик. Сизлар ҳам шундай қилинглар… – дедилар-да, бирдан менга кўзлари тушиб қолди ва:
— Мана, бу ерда Исмат Хушев ўтирибди. У менинг гапларим тўғри эканлигига кафолат бериши мумкин (Вот здесь сидит Исмат Хушев, он не даст мне соврать), – деб яна сўзларини давом эттириб кетдилар.
Ислом аканинг ўша бир оғиз гапларидан кейин менга хушомад қиладиганлар кўпайиб кетади. Чунки у пайтларда янги раҳбарнинг кимга яқин эканини кўпчилик билмасди. Бирдан “Исмат Каттанинг одами экан” деган гап тарқалади.
Бош прокурор (Бўритош Мустафоев) ҳам, Давлат Хавфсизлик Қўмитасининг раиси (Ғулом Алиев) ҳам, Ички Ишлар вазири (Зокиржон Алматов) ҳам йиғилишларга кираверишда, чиқишда мен билан қуюқ сўрашадиган бўлишади, баъзи бир амалдорлар икки букилиб қуллиқ қилиб туришарди…
8.
Республика раҳбарининг бир оғиз гапи кўп нарсани англатади, кўп нарсаларни ўзгартириб юборади.
Ўшандан кейин “вертушка” – ҳукумат телефони орқали ҳар қандай амалдорга мурожаат этсам, бирорта илтимосим оқибатсиз қолдирилмасди.
Масалан, қандай илтимослар билан мурожаат этардим?
Қаршидаги қайсидир магазинда ишлайдиган ака-ука Тошкентга келиб, менга учрашадилар. Уларнинг айтишича, битта укалари Тошкентдаги махсус ўрта мактаблардан бирида таҳсил кўрар экан, лекин у тўсатдан йўқолиб қолади.
Ака-ука пойтахтимиздаги район милиция бўлимларидан бирига мурожаат этиб, укалари йўқолгани тўғрисида қидирув эълон қилинишини илтимос қиладилар.
Милиция ходимлари эса буларнинг қаерда ишлашини билиб, пора сўрайдилар.
— Акс ҳолда, ҳеч қандай қидирув эълон қилмаймиз, – деб жвоб беришади.
Шунда мен бирдан телефонни олиб, Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бошқармаси Бошлиғи Ғофуров деган одамга мурожаат қилганман.
У киши генерал-майор эди. Яхши одам эди. Кейинчалик кабинетида – ишлаб ўтирган жойида қўққисдан вафот этади.
“Вертушка”дан ўша кишига қўнғироқ қилганим эсимда. Шундан кейин дарҳол қидирув эълон қилинади ва йўқолган бола топилади.
Хурсанд бўлиб кетган ака-укалар “Ҳаёт ва иқтисод” журнали редакциясига бир қучоқ гулдаста билан бир сумка ширинликлар кўтариб келишади.
Ўшанда ширинликлар билан бутун коллективни меҳмон қилганман. Гулдастани эса котибамнинг гулдонига солиб қўйганман…
9.
Иккинчидан.
Мен Чироқчидан депутатликка номзодим қўйилиб , сайловдан ўтолмаган бўлсам ҳам, лекин чироқчиликлар турли масалаларда мендан ёрдам сўрашаверарди.
Бу менга бир томондан алам қиларди. “Ўзларинг мени депутатликка сайламадиларинг, энди нега бошимни қотирасизлар?” деб ҳазиллашиб қўярдим.
Нажот истаб келган одамларни ҳайдаб юбориб бўлмайди.
Бир куни уч-тўртта чироқчилик чоллар келиб: “Республика ветеранлар Кенгаши бизга умуман эътибор бермаяпти”, деб шикоят қилишади.
Ўша пайтларда Ўзбекистон ветеранлар Кенгашининг раиси Расул Ғуломов эди. Мен шу одамга телефон қилганимдан сўнг бирдан чироқчилик чолларнинг арз-доди тингланади ва уларнинг маҳаллий доирадаги муаммолари ҳал этилади…
10.
Учинчидан.
Бир гуруҳ аёллар Чироқчидан Тошкентга келиб, қайсидир шаҳар касалхонасида даволанмоқчи бўладилар. Албатта, йўлланма бўйича келадилар. Бош врач беморлар билан суҳбат ўтказиб, порага шама қилаётганини менга айтишди.
Бечора аёллар камбағал эдилар, шу боис айтилган порани топиб беролмайдилар. Шундан сўнг Бош врач “эрта келинг, индин келинг!” деб аёлларнинг ишини пайсалга солаверади, касалхонадан жой ажратмайди.
— Хуш кўрдик! Яхши келдиларингми? Қўй-қўзилар, эчки-улоқлар ўзидан кўпайиб юрибдими? – деб маъноли кутиб олади ҳар гал Бош врач уларни.
— Шукр, шукр, – дейишади аёллар.
Сўнг яна қуруқ келишганини кўриб, уларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, қайтариб юбораверади.
Аёллар арз этгач, мен Соғлиқни сақлаш вазири Саиджалол Баҳромовга телефон қилиб, бўлган воқеадан уни хабардор этганман.
Вазир дарҳол Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош Бошқармаси раҳбари Қулаҳмад Ризаевга топшириқ бериб, ҳаддидан ошган раҳбарнинг танбини тортиб қўйишни топширди.
Қарангки, менинг ҳамюртларим бўлмиш чироқчиликларга таъмагирлик қилган пойтахтдаги Бош врач ҳам, ажабки, бизга ҳамюрт – асли чироқчилик экан…
11.
Хуллас, шунга ўхшаш ишларни кўп қилардим. Баъзан орқа-олдини ўйламасдан ҳам қалтис ишларга аралашиб кетаверардим.
Масалан, бир куни республика Бош прокурори Бўритош Мустафоевга “вертушка”дан телефон қилдим.
Китоб районига Абдураҳмон Ашуров раҳбар бўлиб боргач, у ерда район прокурори лавозими учун кескин кураш бошланади. Албатта, бундай кураш бўлганини кейинроқ билганман.
Хуллас, Китоб райони прокурори лавозимига икки киши даъвогарлик қилади. Бири – Фарҳод Шайманов деган йигит. Иккинчиси – муқаддам Шаҳрисабз прокурори бўлиб ишлаган Амир Янгибоев ҳам Ҳисор тоғларининг сўлим гўшасида жойлашган Китобга прокурор бўлиб ўтмоқчи бўлади. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам асли чироқчилик бўлиб, Ўзбекистон Швецарияси ҳисобланмиш Китоб ва Шаҳрисабзда прокурор бўлиб ишлаш ҳуқуқшунослар учун энг катта бахт ва олий саодат эди.
Фарҳод Чироқчидан Китобга жуда катта пул эвазига прокурор бўлиб ўтяпти, у республика прокуратурасида ишлайдиган одамларга “доля”сини узтиб қўйган деган маълумотни менга етказишади.
Нодонлигим шундаки, менга шу маълумотни етказган одамларнинг гапларига чиппа-чин ишонганман. Аслида, ўша маълумотни текшириб кўришим лозим эди. Мен бўлсам, ўзимнинг ички туйғуларимга ишониб, Бош прокурор Бўритош Мустафоевга қўнғироқ қилганман:
— Фарҳод Шайманов деган йигит Китобга прокурор бўлиб ишга ўтаётган экан. У ҳақда ҳар хил гаплар етиб келяпти. Мана, ҳозир ёнимда ҳам бир-икки киши ўтирибди. Пора аралашган деган гаплар бор, – дедим…
Бўритош аканинг яхши бир одати бор эди: у киши “вертушка”сини доим ўзи кўтарарди. Кўпчилик раҳбарлар ҳукумат телефонини ҳам ёрдамчилари ё котибаларига улаб қўядилар, ўзлари гаплашмайди.
Хусусан, ҳозирги Прокурор Рашиджон Қодиров ҳам “вертушка”сини ёрдамчисига топшириб қўярди. Мен ҳали Бош муҳаррир бўлган 2002-2003 йилларда бир-икки маротаба телефон қилиб, ўзига тушолмаганман. Трубкани нуқул ёрдамчиси кўтарарди.
Бироқ, Бўритош ака доимо ҳукумат телефонига ўзи жавоб берарди. Хуллас, бояги гапларни Бўритош Мустафоевга айтдим-у, хайрлашдим.
Орадан икки ёки уч ойлар чамаси вақт ўтиб, хонамдаги “вертушка” жиринглаб қолди. Трубкани кўтарсам, Бош прокурор:
— Ассалому алайкум, Исмат ака! Мен Бўритош Мустафоевман, – деди у киши ваҳимали овоз билан. У киши ҳеч телефон қилмасди. Лекин ҳукумат коридорларида, йиғилишларда эҳтиром билан қуюқ салом-алик қилиб юрарди.
— Яхшимисиз, ака! – дедим.
— Исмат ака, мен ҳозир коллегия мажлисини ўтказаяпман. Навбатдаги масала бўйича янги вазифага тасдиқланиш учун ҳузуримизга Фарҳод Шайманов киради. Бир пайтлар менга телефон қилиб, у киши ҳақида қандайдир маълумот борлигини айтган эдингиз. Агар қўлингизда фактлар бўлса, илтимос, бизга етказсангиз. Чунки ҳозир биз унинг масаласини ҳал этишимиз керак, – деди…
Ана, холос!
Мен жуда ноқулай аҳволда қолдим.
— Бўритош ака, менда ҳеч қандай факт йўқ, фақат шунақа маълумотлар келяпти, ўзларинг текшириб кўринглар деган маънода айтгандим, – дедим шошиб.
— Бўпти, мен сизнинг олдингиздан бир ўтиб қўймоқчи эдим, – деб трубкани қўйиб қўяди…
Ўша куни Фарҳод Шайманов Китоб районига прокурор этиб тайинланади…
12.
Эҳтимол, бу воқеага шу ерда ҳам нуқта қўйса бўларди.
Лекин кейинчалик мен ишдан олинганимдан сўнг қамалишимга асос бўлган бирдан-бир аризани ҳам айнан Китоб район прокурори Фарҳод Шайманов республика Бош прокурори номига ёзиб беради.
У: “Менинг хизмат вазифамни бажаришимга тўсқинлик қилди”, деган мазмунда устимдан арз қилади. Жиноят Кодексида шундай ҳаракатлар учун ҳам жавобгарликка тортиш кўзда тутилган экан: 194-модданинг “6” банди…
Тергов олиб бораётган одамнинг ҳаракатига тўсқинлик қилиш мумкин эмас.
Агар район прокурори тергов олиб бораётган бўлса, унга фақат вилоят ёки республика прокурори тўсқинлик қилиши мумкин. У бўлса, “Ҳаёт ва иқтисод” журналининг Бош муҳаррири ўз мансаб фаолиятидан фойдаланиб, фаолиятимга тўсқинлик қилди деб ариза ёзади.
Ваҳоланки, бирорта Бош муҳаррир, жумладан, мен ҳам, ўшандай ваколатга эга эмасмиз. Афсуски, ўша модда бўйича мени айбдор топиб, қамаш мумкин эмаслигини кейинроқ аниқладим.
Ҳолбуки, улар мени айнан ўша модда бўйича қамайдилар.
Аслида, мансабдор шахс, яъни прокурорга тазйиқ ўтказиш ваколатига эга бўлган айни соҳадаги юқори лавозимли амалдоргина ўша моддага асосан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин экан.
Қонун бўйича менинг ўша ариза бўйича қамалишим мумкин эмас эди.
Юқоридаги гапларнинг ростлигини Бўритош Мустафоев ҳам бемалол тасдиқлаши мумкин. У киши 25 йилдан бўён Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги «ўтда ёнмас * сувда чўкмас» мулозимлардан бири. Ҳозир Рспублика Конституциявий Суд раисига ўринбосар бўлиб ишлаяптилар…
13.
Майли, бу ҳақда – менинг ишдан олинишим, қамалишим ва ҳибсдаги кунларим хусусида “Подшо эркатойининг саргузаштлари» нинг учинчи китобида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Шу ерда Бўритош Мустафоев ҳақида ҳам икки оғиз ўз мулоҳазамни айтиб ўтишим керак.
Бўритош ака бу ерда номардлик, аниғроғи – мунофиқлик қилган. Қўли ва кўнгли пок одам бундай қилмаслиги керак эди.
Минглаб одамларнинг тақдирига дахлдор одамнинг ичи кир бўлиши, шундай улуғ ва мўътабар лавозимга тайинланиши аслида нотўғри бўлган…
“Беайб – Парвардигор!” деган бир гап бор. Мен ўз хатоимни тан оламан. Эшитган гапимни текширмай нетмай Бош прокурорга айтиб, авваламбор ёшлик, қолаверса эҳтиётсизлик қилгандирман.
Аслида, ҳеч қаёққа бошимни суқмай, тинчгина Бош муҳаррир бўлиб ишлаб юрсам,ўз хизмат ваколатим доирасидан чиқмай юрганимда, балки узоғроқ ҳам ишлаб қолардим.
Лекин нима қилай, бировнинг кўз ёшини кўрсам, ноҳақлик бўлаётганини билсам, пора аралашганини эшитсам — дарҳол шу ишга киришиб, бутун Ўзбекистонни ағдар тўнтар қилиб юборардим.
Лекин Ўзбекистонга бундай одамлар керак эмаслигини, Ислом Каримовнинг «Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!» деган шиори шунчаки «хўжам кўрсин» учун айтилганини, бундай одамларнинг жойи эса – Ўзбекистонда эмас, балки олис ва совуқ Канадада эканлигини мен ҳали билмас эдим…
14.
Бугун Ватандаги, хусусан прокуратура ва суд тизимидаги порахўрлик қамровининг нақадар катталиги, кенглиги ва доимийлиги мезонларини ўлчаганда, баъзи дўстларимиз Исмат Хушевнинг аччиқ қисматидаги шу кичик бир нуқтани ҳам эслаб ўтсалар ёмон бўлмас эди.
Мен одамларнинг дардига бефарқ қарай олмасдим.
Менга бу одат отамдан юққан, у киши мени доим ҳақиқат учун курашишга тарғиб қилган эди: “Бу дунёда ҳақиқат бор, ўғлим! Баъзан қадди букилиши мумкин, лекин ҳеч қачон синмайди, шуни ёдингда тут!” деб, ўзлари ҳам шунга бир умр амал қилиб яшаб ўтдилар.
Мен отамнинг бу сўзларига амал қиламан деб, ростини айтсам, бутун ҳаётимни барбод қилдим.
Умрим хорижда, муҳожирликда ўтишида ҳам аслида отамнинг шу гапларига – адолатларига амал қилишим сабаб эмасми деб баъзан оғир ва аламли ўйларга толаман.
Отамнинг бу ақидаси катта шаҳарларга ўтмаслигини у эҳтимол билмагандир. Катта шаҳар мафиясини у балки хаёлига ҳам келтирмагандир.
Бу ерда ҳақиқат қилиш мумкин бўлган идораларда ўтирган казо казолар – айни пайтда ўғрилар ва қароқчилар билан аллақачон оғиз бурун ўпишиб кетганини бечора қишлоқдаги отам қаёқдан ҳам билсин. Унинг ҳақиқат ҳақидаги бу фалсафаси қишлоқдаги ўз ҳаёти ва атрофи даражасидагги фалсафалардан иборат эди.
Бу ҳақиқатни ҳам мен, афсуски, мен пешонам деворга теккандан кейин — жуда кеч англадим.
Лекин, ажабки, мен тақдирнинг бу аччиқ қисматидан хафа эмасман.
Аксинча, бугун мен дунё кўрдим. Ҳаётга янада теранроқ ва кенгроқ назар ташлайдиган бўлдим.
Ва энг муҳими, отамнинг сўзлари, менга айтган ўгитлари тўғри эканига ишонч ҳосил қилдим, иймон келтирдим…
15.
Яна Бўритош Мустафоевга қайтсак.
Ўшанда мен Тошкент кўчаларига чиқиб: “Прокурорлар пора билан ишга қўйилаяпти!” деб қичқирганим, жар солганим йўқ эди. Мен Бош прокурорга – телефон қилиб, текшириб кўринг деганман, холос…
Ҳолбуки, бугун Ўзбекистон прокурорлари ҳақида одамларнинг ҳам ўз фикри бор.
Ва бу очиқ ва аччиқ фикр ва қарашлар силсиласида менинг ўшанда Бош прокурорга қўнғироқ қилишим янада ойдинроқ ва равшанроқ аҳамият касб этаётган бўлса, не тонг!
Шу ерда яна бир гап.
Менга ўхшаб янги амалга чиққан ва ўзининг босар-тусарини билмай қолган ёшларга айтмоқчиманки, агар бирор маълумотдан хабар топсангиз, дарҳол ҳукумат телефонига ёпишмасдан, аввало, ўша маълумотнинг тўғри ёки нотўғрилигини синчиклаб текшириб кўринг, ўшандан кейингина керакли жойга “сигнал” беринг.
Акс ҳолда, биргина ноўрин ҳатти-ҳаракатингиз сизга ниҳоятда қимматга тушиши мумкин экан.
Мен бу билан Бўритош Мустафоевга қўнғироқ қилиб, уни прокуратура тизимидаги порахўрликдан огоҳлантирган сўзимнинг ижтимоий аҳамиятини камситмоқчи ёки камайтирмоқчи эмасман. Зинҳор базинҳор ёшларни ноҳақлик билан муросасозликка, келишувчиликка, кўзбўямачиликка чорламоқчи эмасман. Асло!
Фақат, Ўзбекистонда – Шарқда ҳушёр бўлиб яшаш керак, ўйлаб, эҳтиёт бўлиб қадам ташлаш керак демоқчиман, холос
Ғарбда яшаётганларга эса бу эҳтиёткорлик энди у қадар шарт бўлмаса керак. Қолаверса, умримизнинг кўпи кетиб, ози қолгани ҳам энди ҳеч кимга сир эмас.
Фақат шу умримизнинг энг кучга тўлган, курашадиган – қирчиллама йигитлик фасли Ўзбекистондан олис ва хориж элларда ўтаётгани кишига алам қилади, холос…
16.
Майли, мавзудан чалғимайлик.
Биз бугун менинг Ислом Каримов билан бўлган айрим учрашув ва суҳбатларим хусусида фикр юритаётган эдик.
Яна бир гал мен Ислом ака билан у кишининг қабулхонасида учрашгандим.
У пайтларда Ислом ака эндигина Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари бўлиб тайинланган кезлар эди.
Бир куни Георгий Алексеевич Крайнов (биринчи ёрдамчи) менга вертушкадан телефон қилиб, Ислом ака йўқлаётганларини айтиб қолди.
Марказқўмнинг олтинчи қаватига кўтарилиб, Ислом аканинг қабулхонасида Ғулом Алиев (КГБ) ва Зокиржон Алматов (МВД) ларни учратдим.
Улар билан энди кўришиб тургандим, кутилмаганда қабулхонага шитоб билан Ислом Каримов кириб келди.
Ҳамма ўрнидан ирғиб туриб кетди.
Зокиржон ака билан нималарнидир гаплашиб турган Георгий Алексеевич Крайнов ҳам, Ғулом Алиевга қандайдир “махфий ҳужжатлар”ни кўсатиб, фикр олаётган Равиль Ваҳобович Абдуқодировлар ҳам Ислом аканинг ҳузурида мутеъларча бош эгиб турардилар.
Бу ҳолат мени жуда масрур этган ва мен раҳбарликнинг бу сирли ва сеҳрли ҳолатларини кўриб, одамлар нима учун амалдорликни орзу қилишини тушунгандек бўлгандим.
Ҳозиргина бутун бир республика хуфия хизмати билан ички ишлар тизимини турғизиб-ўтирғизадиган, Ислом аканинг ёрдамчилари олдида ўзлари – хон, кўланкалари – майдон бўлиб турган бу икки мулозимнинг кутилмаганда, ажиб бир чаққонлик билан оёққа қалқиб, давлат раҳбарининг олдида қуллиқ қилиб туришлари мени ўзига жуда мафтун этган эди.
Ислом ака ҳамма билан қўл бериб кўришаркан, гал менга келганда, бир оз ўйланиб туриб: “Сиз, яхшиси, Ефимовга учрашақолинг, у ҳамма гапни сизга айтади, кейин бафуржа яна гаплашармиз” деб, ичкарига кириб кетдилар.
Ана, холос! Мен ҳам қабулхонада турган қудратли мулозимлар билан Ислом аканинг йиғилишида иштирок этарканман деб хурсанд бўлиб турган эдим. Лекин бундай шараф менга насиб этмади…
17.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари Анатолий Ефимов мени эски оғайнилардек, шодон қарши олди.
Биласиз, Москвада – СССР Халқ депутатларининг 1- съезди иш бошлаган тарихий кунларда биз тўртовлон (Ислом Каримов, Анатолий Ефимов, Тўлқин Омонов ва мен) мўҳташам “Россия” меҳмонхонасининг ресторанида бирга ўтириб, улфатчилик қилганимиз ҳақида олдинги бобларда ҳикоя қилган эдим.
Навоий обкомидан Анишчевнинг ўрнига “иккинчи” бўлиб кўтарилиб келган бу одам кенг келбатли, очиқ юзли, самимий бир инсон эди.
У тортмасидан муқовасига “Совершенно секретно” деб ёзилган бир “папка”ни олиб, мени ёнига чорларкан: “Бу гап ҳозирча орамизда қолиши керак” деб илтимос қилди.
“Папка”даги ҳужжатлар Тошкент вилояти нефтебазаси директори Самандар Қўқонов ҳақида бўлиб, унда уч-тўрт дона суратлар ҳам бор эди.
Уларнинг бирида Самандар ака тун қўйнида атрофи баланд деворлар билан ўралган қандайдир дала ҳовли (дача) да автомобиль фаралари ёруғида, бир оёғини машина рамасига тираганча, энкайган ҳолда ёнидаги қўл қовуштириб турган йигитларга кўрсатма бераётган масрур ҳолати акс этган эди.
— Исматжон, ўзинг ўйлаб кўр, сен бировга яхшилик қилсанг-у, у сенга орқадан қилич кўтарса, қандай бўлади? Биз уни депутат қилиб, ҳукуматнинг минбарини бериб қўйибмиз. Республика раҳбарлари билан юзма юз бўлиб туриш имконини бердик. Бу одам эса миннатдорчилик билдириш ўрнига Ислом Абдуғаниевичга қарши уруш эълон қилди, чорасини кўришимиз керак, унинг башарасини очишимиз керак, – деди у суратларни бир-бир кўрсатаркан.
У мени кўп эмас, ўн минутлар қабул қилди, холос. Сўнг эшиккача кузатиб қўяркан: “Бу гап шу ерда қолиши керак!” деб такрор огоҳлантириб қўйишни ҳам унутмади.
Ефимовдан осон қутулганимга шукур қилиб, кабинетини тез тарк этдим…
18.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи котиби ҳузуридан чиқиб, бир бирига қарама қарши ва оғир хаёллар оғушида ишхонага қараб кетарман, беихтиёр ўтган кунги сесссия залидаги ноқулай бир ҳолатни эсладим.
Самандар ака танаффус чоғи саҳнада Ислом акани ўраб турган бир гуруҳ депутатлар ёнига келиб, улар орасини ёриб олдинга ўтди-да, Ислом акага қараб нимадир деди.
Нима деганини эшитмади-у, лекин Ислом аканинг юзлари аввал қизариб, сўнг оқариб кетганини аниқ кўрдим. (Сурат берилади)
У кишининг ёнида турган Тойиба Тўлаганова ўзини олиб қочди бу даврадан.
Бошқалар ҳам ортга тисарилиб, Ислом ака билан Самандар Қўқоновлардан узоқлаша бошлашди.
Улар иккови эса, худди тенгсиз жангга шай жўжахўрозлардай бир бирларига ғазаб билан термулган ҳолда бир муддат шу алпоз туриб қолишди.
Кейин кимдир Самандар Қўқонов Ислом акани қаттиқ сўкканини айтса, бошқа бирови шахсига тегиб, ҳақорат қилди деди.
Хуллас, мана шундай воқеа бўлган эди. Мана энди, бу “папка” ни кўрдим. Ундаги хуфия хизмати ходимлари тўплаган маълумотлар билан танишдим.
Бунинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини кўнглим сезиб турарди.
Лекин буни менга кўрсатиш билан улар нимани кўзда тутганлари менга ҳануз сир бўлиб қолди.
Мени ўз қабулхонасидан “иккинчи”нинг олдига жўнатган Ислом ака ҳам кейинги учрашувларда бу ҳақда индамади, Ефимов ҳам бу масалада ортиқ безовта қилмади.
Орадан кўп ўтмай Самандар аканинг ҳибсга олинганини эшитдим…
19.
Ўзбекистон телевидениясидан у кишига тааллуқли деб кўрилган бир нечта машинага юкланган гилам ва қимматбаҳо жиҳозлар, турли бойликлар намойиш қилинди…
Дарвоқеа, Самандар аканинг зангори экрандан намойиш этилган ўша “бойлик”лари ҳақида.
Бугун Тошкентда шундай бойлар пайдо бўлдики, уларга Канада ва АҚШдаги бойлар ҳам бемалол ҳавас қилса бўлаверади.
Бу ердаги – Ғарбдаги бойларнинг рўйхати бор. Бойликларининг ҳам ҳисоб китоби маълум, ҳаммага аён.
Уларнинг – Ўзбекистондагиларнинг эса рўйхати ҳам йўқ. Бойлигининг ҳисоб-китобини ҳам биров билмайди.
“Шарқ – жуда нозик масала” (Восток – дело тонкое) деб бежиз айтишмаган, шекилли…
Яқинда Ўзбекистонга борганимда эшитдим: Тошкентда кейинги йилларда 100 га яқин тўйхона қурилибди. Уларнинг баъзиларини бориб кўриб оғзим очилиб қолди.
Марказий телевидениядан тез тез кўрсатиб туриладиган Кремлнинг дунёга машҳур Георгиев зали ҳам Тошкентдаги айрим тўйхоналар олдида ип эшолмай қолиши мумкин.
Агар булар оддий одамларга тааллуқли бўлганида майли, индамаган, куймаган бўлардим бунчалар.
Лекин минг афсуски, Кремль заллари билан беллашадиган бу кошоналар бир кун ҳам қўлини совуқ сувга урмаган Зафарбой (Зафар Омонов), Мираброрбой (Мираброр Усмонов), Салимбой (Салим Абдувалиев), Ғофурбой (Ғофур Раҳимов) ва Муҳиддинбой (Муҳиддин Алп Жамол)ларга тегишли экан…
Биз эса бечора Самандар аканинг тўрт дона янги гилами билан арзимаган беш-ўнта кўрпа тўшагини “Бу бойиб кетибди” деб бутун дунёга кўз кўз қилишдан уялмадик…
20.
Майли, яна Ефимовнинг кабинетига қайтсак.
Демак, улар аввал Самандар акани менинг ёрдамимда газетага уриб чиқишни планлаштирган бўлишлари мумкин. Кейин негадир бу режадан воз кечиб, уни бира тўла қамашга қарор қилишган, шекилли.
Биз Самандар ака билан жуда яхши ва самимий муносабатда эдик. Мен у кишини шижоатли ва беғубор бир инсон сифатида ҳурмат қилардим. Сессия ва турли йиғинларда, ҳукумат коридорларида учрашиб қолсак, салом-алик қилиб юрардик.
Бугун, орадан шунча вақт ўтиб кетганидан сўнг, ўша воқеаларни эсласам, юрагим эзилиб, хаёлларим паришон бўлади.
Бу давр мобайнида Ўзбекистонда қанча сувлар оқиб ўтди, қанчадан-қанча дўст-у, биродарлар, шоир ва ёзувчилар, сиёсат ва санъат вакиллари, давлат ва жамият арбоблари — демократияни орзу қилиб ўтиб кетди бу дунёдан.
Ер юзида ҳам талай воқеалар содир бўлди. Не-не шаҳаншоҳлар тарк этди ўз саройларини.
Лекин, мана, йигирма олти йилдирки — Ислом ака ҳануз ўз ўрнида, йигирма тўрт йилдирки — Самандар ака ҳануз ҳибсда…
Совет даврида, одатда, ҳатто энг ашаддий каллакесар жиноятчилар ҳам қонун бўйича йигирма йилдан зиёд қамалмасди. Самандар аканинг қамалганига эса яқинда 24 йил бўлди…
Уни турмада ҳам қандайдир жиноятлар қилди деб, срог”ига “срок” қўшиб беришяпти. Дейлик, у эҳтимол турмада ҳам қандайдир “жиноят”лар қилишга шайланган бўлиши мумкин. Лекин улар амалга ошмаган-ку…
Мен болалик чоғларимда одил шоҳлар ҳақида, уларнинг аксар ҳолларда танти ва мард, кечирувчан ва бағри кенг бўлиши ҳақида жуда кўп эртаклар, ривоятлар эшитгандим.
Лекин эртак барибир — эртак, ҳаёт барибир — ҳаёт экан.
Йигирма тўрт йилдан бўён озодликдан маҳрум этилиб, ҳибсда қолиб келаётган Самандар аканинг аянчли қисмати ва фожеали тақдирини ўйлаганимда унга нисбатан бағри кенглик қилолмаган, уни кечириб, унга озодлик ато этолмаган шаҳаншоҳ устозимдан ҳам жуда ва жуда ранжиб, ўксиниб кетаман…
21.
Ислом ака билан мен кўпинча турли матбуот йиғинлари ва анжуманларида учрашиб, бемалол суҳбатлашиб олардим.
У пайтларда Ислом ака эндигина давлат раҳбари мақомини эгаллаган, ҳали у кишини қўриқлаш ишлари мукаммал йўлга қўйилмаган эди.
Биз у киши билан бемалол учрашиб, истаган масалани эмин-эркин муҳокама қила олардик. Ҳеч ким менга нари тур, “каттага” яқинлашма дея олмасди.
Бу албатта, биринчи навбатда Ислом аканинг ўзига, унинг менга бўлган самимий ва дўстона муносабатига ҳам боғлиқ эди.
Лекин барибир менинг шууримда ёруғ хотираларга бурканиб қолган Ислом Каримов билан бўлган суҳбатларимнинг аксар қисми Олий Кенгаш сессияларида бўларди.
Бугун ўйлаб қарасам, 1990 йилдан иш бошлаган Ўзбекистон Олий Кенгаши сессияларида, 1994 йилнинг — мен ишдан олиниб, ҳибс этилган 26 июлига қадар бирортасини ҳам қолдирмай қолдирмай шахсан иштирок этган эканман.
Сессияда иштирок этиш ким учундир ўз депутатлик мақомини кўз кўз қилиш ва жамиятда тутган мавқеини кўрсатиб қўйиш бўлса, мен учун давлат раҳбари билан учрашиш ва суҳбатлашиш имконини берадиган ажиб бир саодат эди…
22.
Навбатдаги сессияларнинг бири тугаб, танаффус бошланаркан, Ислом ака мени ёнига имлаб, одатдагидек, орқа эшикдан эмас, балки депутатлар чиқадиган томон йўл олди: “Ҳозир мени кичик зал томон бошлайсиз” – дедилар йўлларини тўсиб чиққан депутатлар билан кўришаркан.
Ростини айтишим керак, мен азалдан Ислом аканинг нафақат ўзига, ҳатто қўриқчиларига ҳам ҳавас билан қарардим. Назаримда дунёда улардан бахтли ва омадлироқ одам бўлмаса керак деб ўйлардим.
Не бахтки, бугун Ислом ака мени бир дақиқа бўлса-да, уларнинг ўрнига қўйиб, ёрдамга чақирганидан бошим осмонда эди.
Мен олдинда, Ислом ака кейинда, бирин-кетин кичик зал томон борарканмиз, Президент билан қўл олиб кўришишга иштиёқманд ноиблар кўплигидан Ислом аканинг атиги ўн беш қадам наридаги кичик залга етиб боришлари қийин кечди…
(Ислом ака билан депутатлар орасини ёриб ўтиб бораётган пайтдаги суратимиз берилади. Унда жиззахлик депутат Абдуллажон Турдиқулов Ислом акани мажбуран тўхтатиб, қўл бериб кўришаётгани акс этган).
23.
Шу ерда мавзудан бир оз чекиниб, бугунги бобда эълон қилинган суратга шарҳ беришимиз керак, шекилли…
Улай булай депутат ҳадди сиғиб Ислом аканинг йўлини кесиб чиқолмайдиган бир пайтда у кишини тўхтатиб кўришишга мажбур қилган бу мулозим ҳақида икки оғиз сўз айтишни лозим топдик.
Бунинг икки сабаби бор. Биринчи сабаби шуки — у Рашидов, Усмонхўжаев, Нишонов ва мана – Каримов даврларида ҳам юқори мансаб пиллапояларида юрган одам.
Бу муҳтарам зот ҳақида айтишимиз зарур деб билган иккинчи нуқта – у кишинг ўта тулкилиги ва саводсизлиги билан боғлиқ.
Ажиб замонлар бўлди.
Москва Давлат университетининг журналистика факультетини битириб келган Исмат Хушев Президентга яқин бўлиб бор йўғи беш йил мулозимлик қилиб, алал оқибат топгани хориж ва Канада бўлса, бизнинг бугунги оддий бир ариза ёзишни ҳам эплолмаган қаҳрамонимиз, сал кам эллик йилки ҳануз раҳбарликдан тушгани йўқ – қувғин ва сургундан панада бўлди…
Беш йиллик мулозимлик ишида уч марта қамалиб чиққанимни ҳам таъкидлаб ўтишни истардим. Йўқ, Сиз бу таъкидни – бир неча бор қамалиб чиққан «зона авторитетлари»нинг ўз жиноий ўтмишига ишора бўлган фахрли таъкиди деб билмаслигингиз керак.
Бу таъкид — ўз устозининг «Бу дунёда ҳар бир инсон куйиб, ёниб яшаши керак!» деган даъватига «Лаббай!» деб жавоб бериб зиндон ва сургунга мубтало бўлган журналист Исмат Хушевнинг аламли ва ситамли таъкиди деб билишингизни истардим…
Ажиб замонлар бўлди.
Абдуллажон Турдиқуловнинг Совет замонида ҳам, Рашидов замонида ҳам ошиғи олчи эди. Жуда хушомадгўй лекин ўта саводсиз бўлган бу киши ўша пайтларда ҳам арбоб эди. Бу киши шунча йил, шунча амалда ҳам фақат жаннатнинг ичида юрди, умрида ғурбат ва кулфатни кўрмади.
Бугун 80 га яқинлашиб қолганида ҳам у ўзида мулозимликка на куч ва на қудрат тополмаган бир пайтда куёвни — Сирдарёга ҳоким, ўғилни эса — чорак асрдан бўён Жиззах вилоят пахта трестига раҳбар қилиб қўйишга эришди.
Жиззах вилоят пахта трести бошлиғи шу кунга қадар миллиардлаб давлат маблағини ўзлаштириш (присвоение) факти бўйича прокуратура жиноий иш очганига қарамай, ҳали ҳануз ўз вазифасида эсон омон камомадлар ўрнини тўлдириш учун жонбозлик кўрсатиб келяпти…
24.
Олий раҳбариятдаги манбаларга кўра, Абдуллажон Турдиқулов Жиззахдан Сирдарёга ишга қайтиши ҳақида ариза ёзиши лозим бўлганда Марказий Қўмитанинг у эшигидан бу эшигига киролмай турган одам эди деб эслашади.
Охири бу аризани унинг номидан бир масъул ходим ёзиб беришга мажбур бўлиб, сўнг уни Бюрога киритишган.
У Рашидов замонида Боёвут райкомининг биринчи секретари эди.
Усмонхўжаев ҳокимиятга келганидан сўнг Иномжон Бузруковичнинг Марказқўмда ишлайдиган куёви (Синглиси Каналхоннинг эри) Саидаҳмад Аҳмадқуловни Боёвутга биринчи қилиб юбориш керак бўлади.
Бизнинг қаҳрамонимиз Абдулла Турдиқулов янги раҳбарнинг сўзини қайтармай: «Саидаҳмад акам бизнинг районга келишни ўзларига раво кўрсалар биз у кишига қоровул бўлиб ишлага ҳам тайёрмиз” — дейди.
Лекин «қоровуллик»нинг бу ҳиммати эътибордан четда қолмади.
«Сиздан угина бўлса, биздан бугина» деган соф ўзбекча шиор остида Турдиқулов Жиззах обкомига қишлоқ хўжалик котиби бўлиб кўтарилиб кетди. Ва айни пайтда Усмонхўжаев оиласига яқин бир мулозимга айланди.
Усмонхўжаевнинг куёви Саидаҳмад Аҳмадқуловнинг Боёвутга биринчи бўлиб келиши – боёвутлик яна қанчадан қанча юлдузларнинг чарақлашига йўл очди…
25.
Бизнинг “пошшогаяқин” давримиздаАбдуллаТурдиқулов — Сирдарёҳокиминингўринбосарибўлибузоқйилларишлади.
СўнгбирпайтларкуёвиучунунингБоёвутдагиўрниниолганУсмонхўжаевданўрнаколиб, ўзкуёвиОйбекжонниЗоминҳокимлигиданолибкелиб, ўзўрнигавилоятҳокиминингмуовуниқилибтайинлашгаэришди.
Рашидов даврида Ойбекжон нархозда талаба эди. Кейинги пошшоликлар даврида Ойбекжон Турдиқуловга куёв бўлиши билан аввал Зоминга ҳоким бўлди.
Сўнгра куёв ва қайнота биргаликда Сирдарёга ҳужум бошлашди ва аввал Турдиқулов вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосарлигини забт этди.
Сўнг ўрнига куёви Ойбекжонни қолдириб, ўзи эса сирдарёлик эл суйган машҳур арбоб Иброҳим Қўчқоровни қулатиб, унинг ўрини олди — Сирдарё вилоят табиатни қўриқлаш хўжалигига раҳбар бўлди.
Ва ниҳоят Сирдарё бўйларида ов қилиш ва Тошкентдан келган нозик меҳмонлар кўнглини овлаш билан — куёви Ойбекжонни Сирдарё вилоятига ҳоким қилиб қўйди.
Бу гаплар кечаги ёки совет давридаги гаплар эмас. Булар бугунги мустақил Ўзбекистонимизда, шу кеча кундузда содир бўлаётган, ҳали оҳори тўкилмаган, “теша тегмаган” гаплар…
26.
Ажиб замонлар бўлди. Қойил қолмасликнинг ҳеч иложи йўқ.
Бир пайтлар Шароф Рашидов ўзига хавф солиши мумкин бўлган баъзи мулозимларнинг жиловини ушлаб туриш учун уларнинг қариндош уруғларига мансаб бериб, ипсиз боғлаб қўяр эди.
Масалан, Тошкент обкомининг биринчи секретари Мусахоновнинг куёви Шавкат Тўлаганов, Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Рўзмат Ғойибовнинг ўғли Озод ва Арслон Ғойибовлар шу тариқа раҳбарликка келишган эди.
Ажаб, Абдулла Турдиқуловлар бугунги ҳукуматга, унинг раиси ва Бош вазирига керак эканки, энди уларнинг куёвлари ҳокимиятни эгаллай бошлашди.
Бугун гарчи пенсияда бўлса ҳам Сирдарё ва Жиззах вилоятидаги барча ёғлик ва нозик вазифалардаги катта ю кичик кадрлар алмашинувини шахсан Абдулла Турдиқулов бажараётганининг тагида қандай сир бўлиши мумкин?
Бу вазифаларнинг бугун «Ўтда куймас, сувда чўкмас» Турдиқуловсиз ҳал бўлмаслигининг сири нимада?
Хуш, Турдиқулов бу масаларни ҳукуматда ким билан ҳал қилади? Бош вазир билан, албатта. У ерда эса – зоминлик қўрбоши ўтирибди…
27.
Жиззах ва Сирдарё вилоятидаги барча ёғлиқ вазифалар биринчи навбатда Совминдаги қўрбошининг авлодларига таклиф этилади. Агар улар рад этса, кейин бошқаларга, хусусан баландчақирлик қўрбоши -Турдиқуловга насиб этиши мумкин.
Бизни бугун олис Канадада туриб ҳам Ўзбекистондаги кадрлар масаласидаги ана шу ажаб савдолар қийнаб келади.
Мана неча йилки, Абдулла Турдиқуловнинг куёви — Ойбекжон Сирдарёнинг мустақил ҳокими. Яқинда ўғил уйлантирди. Бош ўғлини.
Гулистон марказидаги Наврўз тўйхонасида давом этган бир ҳафталик тўй маросимлари афсус бугун қулоқ эшитмаган фожеа билан тугаб турибди. Бу энди алоҳида мавзу…
Ушбу матнларни ўқиб кимдир “шу гаплар керакмиди?” деб бизга маломат қилиши ҳам мумкин.
Бизнинг ижтимоий бурчимиз мажбур қилади бу ҳақда гапиришга.
Турдиқуловлар афсуски битта эмас. Улар ҳамма вилоятда бор. Уларнинг ҳануз ошиғи олчи…
28.
Ростини айтишим керак, Абдуллажон Турдиқулов қалбимга яқин одам. Биз «Пошшога яқин пайтлар» у киши билан пайтлар жуда қадрдон эдик: Мавлон Умрзоқов орқали танишиб, яқинлашиб кетган эдик.
Лекин сирдарё халқи ҳам менга яқин.
Бутун Сирдарёда шов шув бўлиб турган фожеанинг асл сабабчиси аслида Туркдиқулов эканлиги ҳаммага аён. Ҳамма жойга аёвсиз чанг солиши, адолатни оёқ ости қилишининг оқибати бу.
Менинг унга рости — кўнглим ачийди. Лекин Турдиқуловларга чидаб келаётган халқимга — кўпроқ ачийди кўнглим.
Улар жамиятни бошқарганда менинг назаримда тулки — шерлар сулоласини бошқараётганга ўхшайди.
Мен кўп йиллик дўст ва қадрдон акам Турдиқуловнинг менга етказган ҳар қандай даккисини, биродарлик ҳаққи ҳурмати — кечиришим мумкин.
Лекин халқимга келтирган азоб уқубатини, алдовларини, кадрлар масаласидаги олди бердисини, тулкилигини — кечира олмайман.
Қўлимга қалам олишимнинг боиси ҳам ана шунда…
29.
Ислом ака билан учрашиб, суҳбатлашиш имконини берадиган нуқталардан яна бири “Тошкент-2” номли олий мақомли ҳукумат аэропорти эди.
Ўша пайтларда Президент қўшни давлатлардан кўра кўпроқ Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва вилоятларига тез- тез чиқиб турарди.
Аэропортда у кишини одатда Миллий Хавфсизлик Хизматининг бошлиғи Ғулом Алиев (кейинчалик Рустам Иноятов), Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков ва Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовлар кузатиб қўйишар ва кутиб олишарди.
Бу “Ахборот”дан намойиш этиладиган расмий мулозимлар рўйхати, холос.
Ҳолбуки, Ислом акани ўша пайтларда юқорида номи тилга олинган расмийлардан ташқари самалёт пиллапояси ёнида Президент хавсизлиги Хизмати бошлиғи (СБП), Президент аппарати қошидаги Ишлар Бошқармаси Бошлиғи Зелемхон Ҳайдаров, Президентнинг Матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов (Кейинчалик Шавкат Яҳёев) ва кўпинча мен ҳам кутиб олардик.
Кейинги бу рўйхат, табиийки, “Ахборот”дан кўрсатилмас, биз “парда ортидаги” кишилар ҳисобланардик.
Расмийлар салом аликдан сўнг давлат раҳбарига мамлакатдаги вазият ҳақида қисқача ҳисобот беришгач, Ислом ака биз томон ҳам юзланиб, албатта кўришарди.
Бирор марта у киши Мавлон ака ва ё хавфсизлик Хизмати раҳбарига мени кўрсатиб, “Мана бу йигитча бу ерда нима қилиб юрибди?” деб сўрамас, аксинча, ҳар гал мен билан ҳам худди бошқа мулозимлардек самимий сўрашиб ўтарди.
Ажабки, бундай учрашувларимиз бир-икки марта “Ахборот”да ҳам кўринган, лекин ҳеч ким бунинг учун дакки ва ё огоҳлантириш олмаганди…
30.
Ана шундай учрашувларнинг бири ҳақида ҳикоя қилиб беришим керакка ўхшаяпти.
Ислом ака Андижон вилояти ҳокими Қаюм Холмирзаевни ишдан олиб, унинг ўрнига шаҳар ҳокими Қобилжон Обидовни тайинлаб, Тошкентга қайтганида, кайфияти жуда ёмон эди.
Буни сезган расмийлар ҳам ўзларини шунга мослаб, юзларига жиддий тус бераркан, мен одатдагидек ҳаяжон ва қувонч билан Ислом аканинг дийдорига ошиқдим.
— Сиз барибир яхшисиз, самимийсиз, – дедилар мени қучоқлаб Ислом ака. – Мана бу лўттибозларга атай қовоғимни солувдим, капалаги учиб кетди барини. Буларнинг мен йўғимда нима билан шуғулланиб юрганини яхши биламан…
Ислом акада узоқни кўра билиш фазилати, сиёсий ҳушёрлик, қаттиққўллик ва жоҳиллик билан бирга — ана шунақанги ажиб бир самимийлик ҳам бор эди…
31.
Яна бир хотира.
Ўшанда аэропортларда матбуот ходимлари учун интервью бериш энди русм бўлаётган эди. Хорижий давлатларнинг раҳбарлари келса, улар иззат-икром билан кутиб олинарди.
Мен кўпинча Ислом аканинг ёнида турардим. Альбомларимда бирга тушган суратларим анчагина.
Суратда: журналист Исмат Хушев (орқа планда) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан Тошкент аэропортида, 1993 йил.
Масалан, Қозоқистон Президенти Нурсултон Назарбоев келганда Ислом ака учаламиз бирга суратга тушганмиз (Сурат берилади).
Матбуот конференциялари пайтида мен биринчилардан бўлиб савол берардим. Доим олдинги қаторда, Ислом аканинг рўпарасида ўтирардим.
Бир-икки марта қовун туширганимдан сўнг (Белорус раҳбари Станислав Шушкевич билан бўлган учрашувни эсланг) анча ҳушёр бўлиб қолгандим.
Президентнинг биринчи ёрдамчиси Крайнов: “Исмат ака, дипломат бўлишга ҳаракат қилар экансиз”, деб Ислом ака номидан огоҳлантирганидан сўнг, ўйлаб савол берадиган бўлдим…
32.
Ислом ака билан Тошкент аэропортидаги учрашувларимиз мавзусига якун ясашдан олдин, яна бир гапни айтиб ўтишим керак, шекилли.
Ислом ака билан қайсидир хорижий давлат раҳбарини аэропортда кутиб олаётган пайтда Бош вазир ўринбосари Қаюм Ҳаққулов мени Арслон Рўзметов билан таништиради.
Арслон ака “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси бошлиғи Ғани Мажидович Рафиқовнинг ўринбосари эди.
Бу икки раҳбар бир-бирини ёқтирмасди: Ғани Мажидович “у менинг ўрнимни олиб қўяди” деб қўрқарди, Рўзметов уни кўп ҳам тан олавермасди…
Арслон ака узоқ йиллар Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлган Рўзмат Ғойибовнинг ўғли, ишчан ва мард одам эди.
Кейинчалик у ростдан ҳам “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг бошлиғи бўлди.
“Тошкент-2” аэропортида мени Ислом ака билан яқинлигимни кўргани учунми, билмадим, ҳар қалай менга алоҳида илтифот ва мулозамат қилиб юрарди.
Шу одам билан биз Вице премер Қаюм Ҳаққулов боис ака-ука бўлиб қолдик. Арслон ака аэропортнинг депутатларга хизмат қиладиган бўлимига “”Ҳаёт ва иқтисод” журналининг Бош муҳаррири Исмат Хушевга навбатсиз хизмат кўрсатилсин!” деган маънода расмий хат ёзиб беради.
Ўша хат то мен ишдан урилиб қамалган муддат – 1994 йилнинг 26 июль кунигача депутатлар хонасида стол устидаги ойна остида сақланиб турди.
Депутатлар бўлимида ишлайдиган ҳамма қизларни билардим, улар ҳам мени танишарди.
Хоҳлаган пайтимда “вертушка”дан телефон қилсам, истаган йўналишим бўйича учоқ билети тайёр бўлар, бири-биридан гўзал ва лобар қизлар мени иззат-икром билан “депутатлар” хонасидан самолётга кузатиб қўйишарди.
Бу ердан самолётга чиқувчиларнинг багажи текширилмас, улар куннинг иссиғида узун ва диққинафас навбатларда туриб, регистрациядан ўтишмас, аксинча, салқин ва шинам хонада, креслоларда музқаймоқ ва газли сув билан сийланиб, парвозга бир неча дақиқа қолгандагина махсус енгил автомашинада самалёт пиллапояси ёнига олиб бориларди.
Бундай имтиёзларга аслида ҳукумата ъзолари ва Олий Кенгаш депутатларигина муносиб кўриларди.
Арслон Рўзметовнинг махсус Фармойиши боис мен ана шундай эъзоз ва имтиёзга эгаэдим. Ўзим ҳам ўша пайтлар самолётларда ҳуда-беҳуда кўп парвоз қилардим.
Қашқадарёдан Тошкентга учиб келадиган бўлсам, махсус машиналар мени самалёт пиллапояси ёнида кутиб олар, стюардесса қизлар мени аввал ташқарига кузатиб, сўнг бошқа йўловчиларни чиқишга таклиф қилишарди.
Ўша пайтларда Шаҳрисабздан Тошкентга самалёт учарди. Ёнимга у бу одамни олсам, шу имтиёзлардан улар ҳам баҳраманд бўлишарди. Бу ким деб сўрашга ҳеч ким журъат этолмасди.
Қандай ажиб даврлар эди.
Мустақиллик йилларида Шаҳрисабзга самолет учганини биров эслолмаса ҳам керак…
33.
Агар расмий ҳукумат делегацияси таркибида чет элларга хизмат сафарига чиқадиган бўлсак, одатдагидек, “Тошкент-2” аэропортидан учиб кетардик.
Хорижий давлат раҳбарлари ҳам ўша ерда кутиб олинарди.
Суратда: Журналист Исмат Хушев Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан Тошкент аэропортидаги матбуот анжуманида. Орқа планда Президентнинг биринчи матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов журналист Шаҳноза Ғаниева билан, 1992 йил…
Тошкент аэропортининг шинам ва шоҳона кутиб олиш заллари, учрашув хоналари ҳамма ҳаммаси ўша пайтлардаёқ халқаро жаҳон андозаларига мос қилиб қурилган эди.
Ажаб, мен Ислом акага яқинлигим туфайли шу қадар эркатой ва талтайган эканманки, бирор бир делегация таркибида расмий сафар билан чет элга кетадиган бўлсам, учишга беш-ўн дақиқа қолганда хизмат машинам билан тўппа тўғри самолёт пиллапоясининг ёнигача борардим.
Мен самолётга чиққан заҳотим трап олинарди-ю, парвоз бошланарди.
Самолётда ўтирган мулозимлар мени қарсаклар билан кутиб олишарди. Ваҳоланки, мен бор- йўғи битта тармоқ журналининг муҳаррири эдим, холос.
Юқори табақали давлат мулозимларига хизмат қиладиган бу шоҳона маскана эропортга олиб борадиган кўприкнинг шундоққина ўнг томонида жойлашган бўлиб, у ерга оддий одамлар киритилмас, Миллий Хавфсизлик Хизматига бўйсунадиган махсус соқчилар тузилмаси томонидан қўриқланарди.
Мен оддий бир тармоқ журналининг Бошмуҳаррири бўлишимга қарамай бу олий мақомли парвоз масканининг энг юқори даражадаги эъзоз ва имтиёзларида нбемалол фойдаланиш ҳуқуқига эга эдим.
Буларнинг ҳаммаси Президентнинг менга бўлган яқин ва самимий муносабати самараси эди.
Афсуски, мен ўша пайтларда ўзимнинг юксак истеъдодим туфайли шундай имтиёзларга сазовор бўлаяпман деб ўйлардим.
Лекин бу эъзоз ва имтиёзлар Президентнинг менга бўлган эътиборлари туфайли берилаётганини кўпинча эсимдан чиқариб қўярдим…
34.
…Олий Кенгаш сессияларининг бирида ўзим гувоҳ бўлган Ислом Каримов билан Муҳаммад Солиҳ орасида бўлиб ўтган жиддий тўқнашув ҳам шууримда сақланиб қолган.
Навбатдаги сессия мажлисларининг бирида Муҳаммад Солиҳ қайсидир масала бўйича сўзга чиқади. У ўз нутқида Ислом акага ҳам қаттиқ тега бошлайди.
Табиийки, аксарияти Президент тарафдорларидан иборат бўлган депутатлар унинг нутқини бўлиб, қарсак чалиб тўполон қила бошлашади. Солиҳ уларга аччиқ қилиб, сўзини ҳам тугатмай, минбардан тушиб кетади.
Сўнг танаффус маҳали у Президиумда ўтирган Ислом Каримовнинг олдига бориб, ғазабнок ҳолда нималарнидир тушунтира бошлади.
Танаффус ҳам тугаб, депутатлар бирин-кетин ўз ўринларини эгаллаб бўлишди ҳамки, уларнинг даҳанаки тортишуви тугамасди.
Мен одатдагидек, биринчи қаторда ўтирган эдим. Залда ноқулай бир ҳол етила бошлади.
Солиҳ қўлларини ҳавода силкиб-силкиб нималарнидир исботлашга уринар, Ислом Абдуғаниевич эса бу шаккок йигитга фикр ўқтириш бефойда эканини англаб етса ҳамки, депутатлар кўз ўнгида уни Президиумдан пастга тушириб юборишга ожизлик қилиб турган эди.
Парданинг ўнг томонида эса мажлис раиси Шавкат Юлдошев ва бошқа ҳайъат аъзолари Ислом акадан ҳайиқиб, унинг рухсатисиз ўз ўринларини эгаллашга чўчиб туришар эди.
Ҳолбуки, танаффус аллақачон тугаган, Ислом ака Солиҳдан қандай қилиб қутулишни билмай турган ажиб бир манзара эди.
Худди ана шу пайт, Ислом аканинг нажот излаб, жовдираб турган нигоҳлари менга тушиб қолди. У кишининг қарашларида “Муҳаммад Солиҳдан мени қутқар!” деган маъно зуҳур эди.
Нафақат менга қаради у киши ўша пайт. Ёнимда ўтирган Исмоил Жўрабеков, Ғулом Алиев, Зокиржон Алматов ва Мавлон Умурзоқовларга ҳам қараган эди. Чунки биз тўртовимиз одатдагидек биринчи қаторда ўтирган эдик.
Лекин Ислом аканинг бу содиқ мулозимлари ўшанда у кишини тушунишмади…
35.
Шунда мен шартта ўрнимдан турдим-у, саҳна ортидаги айланма йўл орқали Президиумга кўтарилдим. Парда ёнида нима қиларини билмай турган Шавкат Юлдошевдан: “Нега мажлисни бошламаяпсизлар?”, деб сўрадим.
У Ислом акага қараб елка қисди. Назаримда у атай Солиҳ билан Ислом акани ёлғиз қолдираётгандек, уларнинг ўринсиз баҳси давом этишини истаётгандек туюлди.
Шунда мен шитоб билан тўппа-тўғри Ислом аканинг олдига бордим-да: “Одамлар кутиб қолди, сессияни бошлаш керак”, дедим фавқулодда жасорат билан.
Ислом ака ҳам худди шуни кутиб тургандек: “Қани бошловчилар, чақир уларни”, — дедилар енгил тин олиб.
Мен парда ёнида фармойишимни кутиб турган ҳайъат аъзоларига бошимни силкишиб билан улар ўз жойларини келиб эгаллашди.
Шунда Муҳаммад Солиҳ менга хўмрайиб бир қараб қўйди-да: “Бу този ўз эгасининг жонига қачон оро киришни яхши билади”, деб саҳнани тарк этди.
Унинг бу гапини Ислом ака билан мен дадил эшитдим.
Ҳолбуки, мен ўшанда Ислом аканинг ёрдамчиси ҳам, Олий Кенгаш депутати ҳам эмас эдим. “Ҳаёт ва иқтисод” деган оддий бир тармоқ журналининг муҳаррири эдим холос…
36.
Дарвоқе, депутатлик ҳақида.
“Чироқчидаги кўпкари” номли бобда гарчи омадсиз тугаган Чирочидаги депутатлик марафоним ҳақида батафсил ҳикоя қилган бўлсам ҳам, бугун бу мавзуга яна бир бор қайтишни лозим деб биламан.
Ислом аканинг дегани деган, айтгани айтган бўлган мамлакатда нега мен депутат бўлолмадим деб баъзан ўйлаб кетаман.
Ким билади дейсиз, эҳтимол Ислом ака ўз атрофидагиларга “Исматга қаранглар” дегани билан, Олий раҳбариятдаги баъзи ўртоқларга менинг депутатликка сайланиб, шоҳдан кўра халққа яқинроқ бўлишим ёқмагандир.
Мен гарчи депутат бўлмасам ҳам Ислом ака билан яқинлигим боис депутатлардан ҳам ортиқроқ ва зиёдроқ имкон ва имтиёзларга эга эдим.
Ислом ака билан бир маротаба бўлса ҳам қўл бериб кўришишни орзу қилган депутатлар борлигини билардим.
Менга эса тақдир шоҳ билан нафақат кун ора кўришиш, балки тез тез учрашиб, суҳбатлашиб туриш бахтини ҳам берган эди.
Гарчи депутат бўлмасам-да, улардан ҳам, ҳатто баъзи министр ва ҳукумат аъзоларидан ҳам яқинроқ эдим подшога…
37.
Тавба, бугун орадан шунча йиллар ўтиб ўша воқеаларни кўз олдимга келтирарканман, Ислом аканинг кўзларига қараб кўнглидагини билиш қобилияти, бу шижоат, бу дадиллик, менда қачон пайдо бўлган эди деб ўйлаб қоламан.
Ва шу билан бирга, нега шунчалик яқин бўлишимга қарамай, мен Ўзбекистон Президентининг ёнида узоқ ишлаб қололмадим деган сўнгсиз бир ўй, аламли бир савол менга ҳануз тинчлик бермай келади.
Майли, ёнида узоқ ишлаб қолиш, балки иложсиз бўлгандир, унда нега Ватанни ҳам тарк этиб, муҳожирликка юз тутишга тўғри келди деган аччиқ ва аламли саволлар қаршисида мулзам туриб қоламан баъзан.
Ана шундай беҳудуд ўйлар ва сўнгсиз саволлар гирдобида афсус ва армонларга йўғрилиб, хорижнинг тинч ва осуда гўшаларида ўтган кунларимни сарҳисоб қиларканман, мен бир умр суйган ва ардоқлаган, ишонган ва сиғинган, сажда қилган Ислом Каримовнинг нурли сиймоси-ю, шукуҳли ва сирли салтанатининг ўзига тортувчи кучи нимада эди деган саволлар менга ҳануз тинчлик бермай келади.
Ажаб, мен унга шу қадар меҳр ва эътиқод қўйган эканманки, ҳатто унинг саройидан узоқлаштирилганимга узоқ йиллар бўлган бўлса ҳам, ҳануз ўша ҳукмронлик ва ўша салтанатнинг оҳанграбо таъсирида юрган эканман.
Муҳаммад Солиҳга қарши шоҳнинг кўнглини олиш илинжида қилинган бу ҳатти ҳаракатларим самараси ўлароқ мен “Ислом ака ҳақ ва адолат тарафида” деб муқаррар ишонган эдим.
Қолаверса, мен ўшанда Ислом Каримов бизнинг пешонамизга яратган Эгамнинг инон-ихтиёри билан ато бўлди. Қандайдир Муҳаммад Солиҳлар бу муҳтарам зот йўлига тўғаноқ бўлиши мумкин эмас ва бўлолмайдилар ҳам деган ойдин бир ишонч, оппоқ бир туйғу мутлақ ҳоким эди менинг кўнглимда.
Лекин минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бугун энди бу ишонч ва туйғуларим саробга айланди…
38.
Мана, ўша тарихий учрашувларимнинг баъзи бирлари акс этган фотосуратларни бугун китобхонлар эътиборига ҳавола этарканман, ўтган кунларимни эслаб қалбим ажиб армонли ва аламли ҳисларга тўлди.
Ажаб, бугун яхшилаб ўйлаб кўрсам, Ислом ака билан учрашувларимдан фақат мана шу суратларгина хотира бўлиб қолибди, холос.
Яширмайман, Ислом ака билан мен ниҳоятда фахрланардим. У киши билан учрашишни, суҳбатлашишни, у киши билан юзма юз туришни мен ҳаётимнинг энг улуғ ва муқаддас лаҳзалари деб билардим. Тақдир мени шундай бебаҳо бахт ва саодатга ёр этганидан бошим осмонда юрардим.
Ҳатто аламли ва аччиқ бир қисмат ёр бўлиб, тақдир мени хориж эллар сари сургун қилганида ҳам, ажабки, мен бошимга тушган бу хўрлик ва кўргиликлар учун Ислом акани эмас, энг аввало ўзимни — ўз енгилтак ҳатти ҳаракатим, тайинсиз ва бежилов табиатимни айбдор деб билдим.
Бир сўз билан айтганда Президентга нисбатан беҳад соғинчларим, чексиз ҳурматларим бор эди. Армонли фахрланишларим бор эди у киши билан.
Лекин минг афсуски, кейинги воқеа ва ҳодисалар нафақат мени, балки минглаб одамларни бугун Ислом Каримовдан айирди десам ишонаверинг. Бир пайтлар буюк деб билган, унга кўр кўрона сажда қилган минглаб, эҳтимол – миллионлаб одамлар қалбидаги Президентга бўлган бу ҳурмат, эҳтиром ва ишончга дарз кетди.
Бугун ўзбек қамоқхоналарида минглаб бегуноҳ одамларнинг борлиги ҳеч кимга сир эмас. Наҳотки, қамоқнинг ва турманинг калитлари менинг қўлимда деб ҳаммани у ерга тиқиб қўявериш буюкларнинг иши бўлса, бу биринчи навбатда қўрқоқ ва ожиз одамларнинг иши эмасми?
Буюкларнинг энг биринчи белгиси – меҳр мурувватли ва кечиримли бўлиш эди-ку! Адоват ва хусумат, ҳибс ва ҳақорат, зиндон ва жаҳолат — бу ожизлик белгиси эмасми?!
Шу боисдан қалбимда устозга нисбатан бўлган болаларча мафтунлик — иштиёқ ва меҳр, ҳурмат ва фахр туйғулари йиллар ўтиб секин аста йўқолиб борди.
Ҳатто узоқ Канададан туриб дастлабки йилларда бўлган соғинчларим ўрнини ҳам бугун афсус ва надоматлар эгаллади десам — ҳақиқатни айтган бўламан…
39.
Ислом Каримов салтанатга эришган кунларда дунёга келган ўғлим (мен унга катта умид ва эътиқод билан Ислом деб ном қўйган эдим) бугун йигирма олти ёшга тўлди.
Бизни йигирма олти йил ишонтириб келган Ислом ака ҳануз салтанатда – Ўзбекистонда, биз эса ўғлимиз билан бугун, не тонг ва ё не кулфатки, хорижда — ҳижратдамиз.
Канаданинг сирли ва сукунатли оқшомларида муҳожирликнинг аччиқ ва аламли қисмати ҳақида хаёл сурарканман, бири биридан изтиробли савол ва сўроқлар юрагимга қуйилиб келаверади: Нега ўз фикрига эга бўлган, оқ қорани фарқлай оладиган зиёли аҳлининг аксари бугун юрт ташқарисида, хорижда?
Эҳтимол, мен меҳр қўйган истеъдодли сиёсатчи Ислом Каримов бугун Ўзбекистонга киролмай юрган мухолифат фаоллари учун атай мамлакатни тарк этишига имкон ва шароит яратиб берган бўлса, не ажаб!
Ва бир кун келиб уларнинг сафига Исмат Хушев ҳам келиб қўшилиши мумкинлигини олдиндан кўра олган бўлса, не тонг!
40.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Бугун аксар хориждагилар ватандагиларга, ватандагилар эса хориждагиларга ҳавас қилишлари эса ундан ҳам қизиқ. Бу борада менинг фикрим бўлакча. Ватанда яшаб, лекин эркин бўлмаган журналистни мен тилло қафасдаги қушча деб биламан.
Ҳар ҳолда шоҳга ва салтанатга яқинлигим боис оғир қисмат бошимга тушган бўлса ҳам, оила аъзоларим билан хориж юртларда юрт ва Ватан ҳажрида азият чекаётган бўлсам-да, эркин қуш эканлигим, ўз ҳуқуқим, эркин сўзим ва эркин фикрим ўзимники эканлигидан таскин топаман. Тарозининг мана шу палласи мени доим овутади, холос
Яна бир бахт борки, журналистиканинг аччиқ нонини ейишдек улуғ бир касб тақдиримга, қисматимга ёзилган экан. Бир сўз билан айтганда — журналистиканинг қисматимга боғланганига шукр қиламан.
Лекин мабодо тилим ҳам бойланса эди, мен бу ёруғ дунёда ортиқ яшай олмас эдим. Назаримдабудунёдажурналистучунэнгоғиржазо – унингтиливақўлибойланганлигибўлсакерак!
41.
Яна бир гап.
Мен энди шоҳ атрофида олдингидай гирди капалак бўлиб, “патинкасининг чанги”ни артиб юришни истамайман. Умрим, ёшлигим ва нодонлигимнинг ўткинчи бир йиллари деб биламан у кунларни.
Мабодо ўша кунлар қайтиб келса, мен энди бошқача Исмат Хушев бўлардим. Айтолмаган гапларим кўп юрагимда. Уларни ўша пайтда айтишим керак эди. Сарой ҳавосидан ҳаволаниб кетиб, афсуски баъзи ўринларда тилимга буров тушган эди.
Бугун Ўзбекистон журналистларининг тилига буров тушган. Мен шунга ачинаман.
Менинг Ислом Каримов билан бўлган ва юракка кўчган бу учрашув ва бу хотираларим бир қараганда оддий ва майда гапларга ўхшаб туюлиши мумкин.
Лекин салтанатда майда гап бўлмайди. Сарой ичидаги гапларни халққа етказиш мен учун фахр ва шарафдир!
Бу гапларни ичимга ютуб кетсам — гуноҳдир!
Ўтган кунларимдаги қувонч ва қайғуларимни ҳам, ўзим йўл қўйган хато камчиликларни ҳам очиқ ойдин – қандай бўлса шундайлигича тан олишим ва ёзишим керак.
Мен уларни халққа айтишим керак!
Зотан, бир қараганда мен салтанатга, пошшоликка яқин бўлганда кундалик олиб бормаганимга афсус қиламан. Вақт – кам эди, чопа чоп -кўп эди, шоҳга хушомаддан қўлим бўшамас эди…
Мен мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президентига кўрсатган садоқат ва меҳрим, ишонч ва эътиқодим боис тақдирнинг мана шундай улуғ ва машаққатли бир сийлови билан мукофотландим.
Бу ҳам Оллоҳнинг бир иродаси бўлса, не ажаб!
Суратда: Журналистлар Исмат Хушев ва Дадахон Ёқубов Президент Ислом Каримов билан…
мен бошимга тушган бу хўрлик ва кўргиликлар учун Ислом акани эмас, энг аввало ўзимни – ўз енгилтак ҳатти ҳаракатим, тайинсиз ва бежилов табиатимни айбдор деб билдим-
Shuning uchun xam sizni xurmat qilamizda Ismat aka,qushnini mushugi ulik tugsa xam Karimov aybdor-degan maynavozlardan xamma zerikdi,Sizda boshqalarga uxshamaydigan samimiylik bor-aybingizni dangal boyningizga olasiz..Sizdagi iqtidorga ziynat bolib tushgan xislat..Xotiralar uchun raxmat.Mazza qildik..