Исмат ХУШЕВ: БИТТА ДУШМАН ВА МИНГТА ДЎСТ ҲАҚИДА (2-китоб, 33-боб)
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
ИККИНЧИ КИТОБ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Журналист Исмат Хушев Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан Олий Кенгаш сессиясида…
(Cурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
БИТТА ДУШМАН ВА МИНГТА ДЎСТ ҲАҚИДА
(Китоб тумани ва Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Озод Пармонов сиёсий портретига шарҳ)
ЎТТИЗ УЧИНЧИ БОБ
1.
“Душманнинг биттаси ҳам кўп, дўстнинг мингтаси ҳам оз”, деган гапни тез-тез эшитиб турамиз.
Лекин бу гап бир қулоғимиздан кириб, иккинчисидан чиқиб кетаверади. Уни тушунгандек бўламиз-у, лекин ҳақиқий маъносини кўпам англайвермаймиз.
Унинг ҳақиқий маъносини “битта душман”га ишимиз тушганидан сўнггина англаб етамиз…
2.
У пайтларда Озод Пармонов — Китобда ҳоким эди.
Биласиз, олдинги боблар (Иккинчи китобнинг 16-бобида) да ёзганимдек, унинг Китобга ҳоким бўлишида озми-кўпми хизматим сингганди.
Китобга бориб қолсам, у мени иззат-икром билан кутиб оларди.
1992-йили онам вафот этгач, йили ўтганидан кейин отам уйланиш истагини билдирди. Мен Озод акага мурожаат қилдим. У отамга: “Домла, сизни мен уйлантираман”, деб ваъда беради. Кейин хўжалик раисларини ҳузурига чақириб: “Қишлоқларингда яхшироқ аёллар бўлса, Хушев домлага кўрсатинглар!” деб ҳаракат бошлайди.
Отам ҳам анча хурсанд бўлиб юрди. Қайсидир бир хўжалик раисининг ёрдами билан топилган бир аёл отамга турмушга чиқишга рози бўлади. Ўша хўжалик жамоаси фаоллари орага тушиб уни отам билан учраштиришади. Отам районда обрўли кишилардан бўлиб, кўпчилик у кишини танир ва ҳурмат қиларди.
Деярли ҳамма иш битгандан кейин Озод ака менга телефон қилиб Китобга бир келиб кетишимни сўради: “Топшириғингизни бажариб, отангизни уйлантираяпмиз. Келиб, ўзингиз тўйга бош бўласиз” деди ҳазил аралаш.
Рости, шошиб қолдим. Отамнинг илтимоси билан у кишини уйлантириш керак деб Озод акага айтганим билан, лекин ўзим феълан бу нарсага тайёр эмаслигимни Озод аканинг ўша телефонидан сўнг англадим.
Мен онамнинг ўрнига бегона бир аёлни “она” дейишни тасаввур қилолмас эканман…
3.
Китобга келганимдан сўнг мендаги отамни уйлантириш борасидаги бу дилхун кайфият опа-сингилларимда ҳам зуҳур эканини сездим.
Биз нобакор фарзандлар фавқулодда отамизнинг уйланишига тиш-тирноғимиз билан қарши эканимизни англаб етдик.
Озод аканинг телефонидан сўнг Китобга келганимда отам билан бўлган ўша нохуш суҳбатни эсласам ҳали-ҳали хижолат чекаман. Опа-сингилларим ва мен бир тараф, шўрлик отам бир тараф, ҳеч келишаолмаганмиз…
Товба, уйли-жойли, ақли бутун, замонавий оила бошлиқлари кап-катта отамизнинг уйланишига тамомила қарши эдик. Уни тушунишга, ўрнига ўзимизни қўйиб кўришга ожизлик қилардик. “Шу ёшда уйланиш Сизга нима керак” дейишгача бориб етдик.
Бизнинг ўзимизни оқлаш йўлидаги бемаъни ва тутириқсиз далил ва исботларимизни сабр-тоқат билан эшитган отам: “Бир кун умрим қолган бўлса ҳам уйланаман!” деб гапни қисқа қилди…
4.
Отам билан орамизда шу воқеадан сўнг жуда катта бўшлиқ пайдо бўлди.
Озод ака отамнинг тарафини олиб: “Опа-сингилларингиз тушунмаса ҳам Сиз эркак одамсиз, отангизни тушунишингиз керак” деб менга кўп таъна қилди.
Қизиқ, аввал ўзим Озод акага отамни уйлантириш керак деб масалаҳат солган бўлсам, энди ўзим бунга тамомила қарши бўлиб қолган эдим.
Бугун ўша ўтган кунларимни эсласам, юрагимни исмсиз бир дард, номсиз бир алам эза бошлайди. Қанчалар фаросатсиз ва оми одам бўлган эканман.
Аслида отам етмиш ёшида ҳам жуда бақувват, оппоқ соқоллари ўзига ярашиб, юзларидан нур ёғилиб турган нуроний бир мўйсафид эди. Унинг кутилмаганда ўлиб қолиши мумкинлигини хаёлимизга ҳам келтирмас эдик.
Хуллас, нима жин урди-ю, мен галварс ўзим бош-қош бўлиб отамни уйлантириб қўйиш ўрнига унинг уйланишига тамомила қаршилик қилдим.
Мен Тошкентга жўнаб кетганимдан сўнг опаларим ҳам отамга турмушга чиқишга рози бўлган жувоннинг уйига бориб, йиғлаб-сиқтаб, уни ҳам фикридан қайтаришга уринишибди.
Мен бу гапларни кейин Озод акадан эшитиб билдим.
Биз хом сут эмган нодон ва калтафаҳм фарзандларнинг ақли отамиздан ажралиб қолгандан кейингина кирди.
Отамизнинг вафотидан кейингина биз мудҳиш хатомизни англаб етдик.
Лекин энди кеч эди…
5.
Мен нима учун бугун бу гапларни элга ошкор қилаяпман?
Ота ва ё онаси тирикларга сабоқ бўлсин учун, мен қилган хатоларни улар такрорламаслиги учун айтаяпман бу гапларни.
Агар ота-онангиз ўз жуфтларидан ажралиб, бу шафқатсиз ва бевафо дунёда ёлғиз қолишган бўлса, биз фарзандларнинг вазифаси уларнинг бошини икки қилиб қўйиш ҳам фарз ва ҳам қарз эканини бугун баралла ва рўй-рост айтмоқчиман!
Мен йўл қўйган хатоларга Сиз йўл қўйманг, отангизнинг шикаста ва чирқираган руҳи олдида мендек қийналиб, умрбод виждон азобида ёниб яшаманг деб ҳайқирмоқчиман!
6.
Отам умр бўйи коммунистик тарбия кўрган, атеизмни ўқиб камол топган Совет даврининг математика муаллими эди.
Лекин умрининг сўнгги йилларида Ислом ва Қуронни ўрганиш, унга амал қилиш билан машғул бўлган, беш вақт намозни канда қилмаган.
Бугун шуни англаб етдимки, агар биз – унинг фаросатсиз фарзандлари ҳам Қурьони Карим сабоқларидан илгарироқ воқиф бўлганимизда, ўз вақтида динни таниб, намоз ўқиб, мўмин-мусилмончилик қоидаларини ўқиб-ўрганганимизда ҳеч қачон отамизнинг уйланишига қаршилик қилмаган бўларканмиз.
Ўшанда эҳтимол отамиз ҳам ўз фарзандларидан норизо бўлиб, бу фоний дунёни бунчалар тез тарк этмаган бўлармиди.
Ана шу оддий ҳақиқатни биз эмас, балки район ҳокими Озод ака тушуниб етган ва отамнинг уйланиши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилган эди…
7.
Озод Пармонов боис отам билан боғлиқ бу маҳзун хотираларни ёдга оларканман, беихтиёр Озод аканинг ҳам, отамнинг ҳам ўхшаш томонлари борлигини, иккаласи ҳам нимаси биландир бир-бирига руҳан яқин инсонлар эканлигини сезгандек бўламан.
Отамнинг уйланиши билан боғлиқ юқоридаги воқеадан сўнг Озод ака билан бизнинг орамизда нимадир узилгандек бўлади.
Бизни бир- биримиздан янада узоқлаштирган иккинчи воқеа тарихи эса қуйидагича: Озод Пармоновнинг Усмон Валиев деган биринчи ўринбосари бўларди. Нима учунлигини ҳозиргача аниқ билмайман-у, лекин биз ўзаро чиқишолмасдик. Мен у одамни ёқтирмасдим.
Ўзи асли китоблик, вилоят спорт қўмитасининг бошлиғи бўлиб ишлаган, Озод ака ҳоким бўлгач, уни Китобга келтириб ўзига биринчи ўринбосар қилиб олади. Шу одам менга ёқмаса-да, лекин Озод Пармоновнинг ўнг қўли бўлиб қолади.
Озод акага: “Шу муовинингизни йўқотинг, у менга ёқмайди” деб бир неча марта айтганман. Бир-биримизни ёмон кўриб қолишимизга сабаб бўлган жиддий тўқнашув ҳам рўй бермаган эди. Чамамда, уни ёмон кўришимнинг сабаби нохуш бир воқеа билан боғлиқ эди. Шунинг учун ҳам мен бу одамни район раҳбарларидан бири бўлишга маънавий ҳаққи йўқ деб ҳисоблардим.
Район ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганидан кўп ўтмай, у кишининг рафиқаси ўзини ўзи ёқиб юборади ва фожеали равишда ҳалок бўлади. Китобда содир бўлган бу воқеа ўз вақтида бутун вилоят бўйлаб жуда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. “Китоб тумани раҳбарларидан бирининг хотини ўзини ўзи ёқиб юборибди!” деган гап бутун республикага миш-миш бўлиб тарқалади.
Одамларнинг айтишларича, хотини бетоб бўлиб касалхонада ётган пайтда уйига бир нотаниш жувонни бошлаб келган экан, уларнинг ўнинчини битирган, бўйи етган – бу дунёни фақат муҳаббат ва вафодан иборат деб билган қизи кўриб қолади ва аясига айтади.
Кейин аяси касалхонадан чиқади-да, рашк ва аламнинг зўридан ўзига ўт қўйиб юборади ва: “Нега битта мен ёнишим керак? Сен ҳам ёнасан!” деб аланга ичида эрини маҳкам қучоқлаб олади. Усмон Валиевнинг ҳам башараси ва кўкраклари куйган, ҳозиргача юзларида ўша куйикдан хунук тиртиқлар қолган.
Аёл эса куйиб ўлади…
8.
Бу хунук воқеани вилоят ҳокими Темур Хидиров ҳам, район ҳокими Озод Пармонов ҳам юқорига билдиришмаган, яшириб юришган.
Мен бу фожеа ҳақида эшитган заҳотим Мавлон Умурзоқовга айтганман. У киши ўз ўрнида Президентга билдирган. Сўнг Мавлон ака Темур Хидировга телефон қилиб: “Нега бундай воқеани биздан яшириб юрибсизлар?!” дейди.
Кейин билсам, маҳаллий раҳбарларнинг оиласида шунга ўхшаш кўнгилсиз воқеалар содир бўлса, бу ҳақда Президент девони хабардор этилиши лозим экан. Шунда бу ҳақда юқорига Исмат Хушев хабар бергани маълум бўлгач, уни Темур Хидиров дарҳол Озод Пармоновга айтади. Хуллас, гап чувалашиб кетади. Мавлон ака уларни қаттиқ тергайди.
Охир-оқибат, ўзларини масъулиятдан соқит қилиш учун район ва вилоят раҳбарлари алданган ва ҳақоратланган муштипар бир аёлнинг ўлимида унинг эри айбдор эмас деган ажабтовур хулосани юқорига тўқиб тақдим этишади.
Мен эса ўша районлик бўлганим учун ҳам фожеанинг асл моҳиятини яхши билардим ва аёлнинг ўлимида унинг нопок эри бевосита айбдор деган фикрда эдим ва шунинг учун ҳам бундай одам район ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлишга маънавий ҳаққи йўқ деб ўйлардим.
Озод ака эса бу хусусда бошқача фикрда бўлиб, бошига кулфат тушган ўринбосаримни ёмон кунда ҳимоя қилмасам мен қанақа раҳбар бўламан деб ўзини оқлашга уринарди.
Эҳтимол, бугунги дунёқарашим ва аччиқ ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб адолат ва холислик билан фикр юритсам, Озод ака ҳам қайсидир маънода ҳақ бўлиши мумкин. “Нима қипти, районда каттакон амалдор бўлган одам кўнглига ёққан аёлни уйига олиб келибди. Шунга ҳам ота гўри қозихонами?” деб қўйиш мумкиндир аслида.
Лекин мен болалигимдан ҳақ ва тўғри сўз тарафини олиб ўрганган йигит бўлганим учун ҳам Озод акага ўринбосар бўлган одамнинг бу маънавий бузуқлилигига хайрихоҳ бўлолмаганман ва уни қабул қилолмаганман.
Раҳматли отам менга шундай таълим берган ва мен отамнинг бу ақидаларига, қийинчиликларга учрасам ҳам, баҳоли-қудрат амал қилиб келаяпман.
Шу хунук воқеа боис Озод ака билан бизнинг ўзаро муносабатларимиз жиддий тус олиб, анча таранглашди.
Бу нохуш ҳодиса — бизни бир-биримиздан узоқлаштирган иккинчи воқеа эди…
9.
Агар йўлингиз тушган бўлса, менинг дилбар юртим Китобда сўлим ва жаннатмакон бир маскан бор.
Бу дилбар гўша ҳақида бир вақтлар истеъдодли шоиримиз Абдулла Орипов “Кенглик нуқтаси” номли шеър ҳам ёзган.
…Бу ерга термулиб паришон дунё,
Тўғрилаб олади қўлда соатин.
Не ажаб, пайт келиб айтолсак ҳатто,
Жумлаи жаҳоннинг хуш саодатин.
Шундоқ қутлуғ жой бу, қутлуғ макон бу,
Не қутлуғ, жонажон Ўзбекистон бу!
Оқшом тушмасидан бунда бесабр,
Ўнлаб кўз термулар осмон фалакка.
Бу Зуҳал, мана бу Дубби Акбардир,
Зуҳраой пиқирлар бир четда якка.
Юлдузлар васли бу, асли жаҳон бу!
Ошиқ мунажжимга айши ниҳон бу!
Тонг отиб чиқар-ку ишбоши офтоб,
Қошида бош эгиб қолма тағин жим.
Замон шиддатини қилолмай ҳисоб,
Ер чизиб турибди ёш бир мунажжим.
Азизим, ғам чекма, ваҳм-у, гумон бу!
Охир тизгинингга келгай, замон бу!
Ҳар зумда дунёнинг бурчакларига,
Хабарлар жўнайди қатор ва қатор.
Хоҳласанг, учавер Марсдан нарига,
Хоҳласанг фалакнинг у бурчига бор.
Қўлингда тап-тайёр ҳадди-ҳисоб бу!
Ҳадди-ҳисоб берган шаҳри Китоб бу!
Осмон сирларини ўрганувчи бундай баҳаволи ва кўркам кузатув маскани дунёда бешта бўлиб, улар ер юзини – белбоғни қисиб турган маълум бир йўналишдаги айлана мисол олтин камардек ўраб олишган экан. Бу жойдан юлдузлар ҳолатини ўрганиш жуда ҳам қулай. Китоб “Кенглик нуқтаси” муҳим оламшумул илмий аҳамиятга эга бўлгани учун ҳам атрофи чегаралаб олинган, унда илмий кузатувлар олиб борилар эди.
Шўро даврида илмий текшириш ишлари ва турли тадқиқотлар олиб борувчи бу «Кенглик нуқтаси» — бевосита Москвага бўйсунарди. Тўрт тарафи ям яшил арчазор ва ўрмонзордан иборат бўлган ва сўлим бир гўша эди.
У ерда ҳеч ким яшамасди, фақат оқшомлари осмон жисмларига оид илмий кузатувлар олиб бориларди.
Эсимда, ўрта мактабнинг олтинчи ва ё еттинчи синфида “Астрономия” фани муаллими Самандар Эшонқулов бизни бир оқшом ўша сирли масканга олиб борган ва биз бир гуруҳ само сирларига шайдо синфдошларимиз билан то тонгга қадар улкан ва узун дурбин ва телескоплар орқали осмону фалакка термулиб, юлдузлар жамолини яқиндан томошо қилиш бахтига муяссар бўлган эдик.
Бу сўлим ва ям-яшил маскан худди истироҳат боғига ўхшайди, “Қўриқхона” деса ҳам бўлади.
Ана шу “Қўриқхона”нинг ўртасида Китобга ҳоким бўлиб борган Озод Пармонов ўзига дача — (дала ҳовли) қуриб олади.
Маълум ҳудудни ажратиб, ўз номига расмийлаштиради: Дачани милиция ходимлари қўриқлаб туришади…
10.
Хуллас, “дунёда бешдан бир” ҳисобланган Китобдаги халқаро “Кенглик нуқтаси”нинг ичида – ям яшил ўрмонзорда Озод Пармоновнинг хусусий дача – ҳовлиси бор эди.
Мен Китобга бориб қолсам, ўша — ўртасида ҳовуз ва саунаси бор сўлим ҳовлида икковимиз ўтириб роса дардлашардик ва суҳбат давомида Озод ака менга фақат вилоят ҳокими Темур Пўлатовни ёмонлар эди.
У менга вилоят раҳбарини ёмонласа, мен Тошкентга келиб бу гапларни оқизмай томизмай Президентга етказардим. Мен содда — Озод аканинг гапига кириб икки-уч марта: “Темур Хидиров порахўрлик қиляпти, одамларни ноҳақ ишдан оляпти, халқ ундан норози бўляпти”, деб Ислом акага айтганман.
Менинг энг катта хатоларим шу бўлган. Президент: “Сенга бу гапларни ким айтди?” деб сўраганида: “Озод Пармонов айтди!” деб жавоб берганман.
Мавлон ака менга бу гапларни асло Ислом акага айта кўрманг деб бир неча бор огоҳлантирган бўлса ҳам, мен нодон унга қулоқ тутмаганман.
Шунақа гапларни эшитганида Ислом аканинг жаҳли чиқиб кетарди.
Шунчалик нодон ва калтафаҳм бўлган эканман, товба! Одамлар йиллаб учрашолмайдиган мамлакат раҳбарига ҳам ўзи қўйган вилоят ҳокимини ёмонлаб иғво қиладими, фаросати бор одам?
Ҳозиргача кўчадаги майда-чуйда бу гапларни текшириб кўрмай Президентга етказиб иғвогарлик билан шуғулланганимдан хижолат бўламан. Район ҳокими, Озод Пармоновдай мен ҳурмат қиладиган одам айтдими, демак ҳаммаси рост деб ўйлардим…
Назаримда, 1993-йилнинг охирлари ва 1994-йилнинг бошларида Ислом Каримов билан учрашувларим мана шу йўсинда барҳам топган. Охирги кўришганимизда ҳам Қашқадарё раҳбарини ёмонлаб Ислом аканинг энсасини қотирган бўлсам ажаб эмас.
Боз устига, кейин йиллар ўтиб маълум бўлдики, Темир Хидиров ҳам мен ўйлаганчалик ва Озод ака таърифлаганчалик ёмон одам эмас экан…
11.
Албатта, Президентнинг мендан бошқа ҳам маълумот етказадиган расмий ва норасмий, хуфия ва ошкор ишлайдиган каналлари бор эди.
Лекин негадир у киши мени ҳам ҳар сафар чидам билан эшитиб келганига баъзан ҳайрон қоламан…
12.
Озод ака асли Китобда ҳоким бўлса ҳам, лекин мени Шаҳрисабздаги сўлим дам олиш жойлари ва сауналарига олиб борарди. Хусусан, «Шелкомотальная» фабрикасининг саунасига кўп борардик.
Озод ака китобликлар олдида тилим қисиқ бўлмасин деб бизни қўшни район сарҳадларида меҳмон қилар ва биз унинг бу ҳушёрлигини тўғри тушунардик.
Мен Озод аканинг ёнида ҳамиша ўзидек бақувват бақувват, тоғни урса талқон қиладиган арслондек йигитларни кўришга ўрганиб қолган эдим. У ўрмонзорда яшагани учунми, ё ўз ҳаётидан хавфсирармиди, билмадим, лекин ҳамиша қўриқчилар билан юрарди. Бу йигитлар эртаю кеч спорт билан шуғулланувчи, малакали полвон ва курашчи, боксер ва дзюдочилар эканини бир қарашданоқ пайқаш мумкин эди.
Мен айни ҳолатни Шавкат Мирзиёевда ҳам кўрганман. Аввал Ирригация интитутида, сўнг Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва ниҳоят Жиззах, Самарқанд вилоятларига раҳбарлик қилган даврида унинг ёнида ҳамиша уронғич ва сўконғич, спортчи ва кўча безори одамлар бўлганини бугун Ўзбекистонда кўплар билса керак.
Майли, биз ҳозир Бош вазир Шавкат Мирзиёев эмас, балки Китоб тумани ҳокими Озод Давронов ҳақида гаплашаётган эдик. Мавзуга қайтсак..
Озод аканинг Қаршилик Анвар Сапаров деган бир дўсти ҳам кўпинча биз билан бирга бўларди.
Озод аканинг бир ўғли ўша пайтларда Тошкентдаги Олий милиция мактабида ўқир, менга баъзан Озод ака Китобдан ўғли учун майда-чуйда бериб юборар, мен уларни ўғлининг Луначарскийдаги ижара уйига олиб бориб берардим. Озод аканинг ўғли отасига ўхшаб оғир-босиқ, қорачадан келган, келишган йигит эди. Менга унинг камтарлиги жуда ёқарди.
Бошқа ҳокимларнинг фарзандлари билан уни таққослаб кўрсам, ер билан осмонча фарқ кўрардим уларнинг орасида. Озод аканинг фарзандларида мен ҳеч қачон “отамиз ҳоким” деган ман-манлик ва ё каттамсираш аломатларини сезмаганман.
У кишининг оиласи ҳам жуда меҳмондўст ва дилкаш аёл эди.
Китобликлар жуда кўп раҳбарларни кўрган, уларнинг ҳар бири ҳақида ҳозиргача одамлар орасида ҳар хил гап-сўзлар юради. Булар орасида энг эътиборли ва эҳтиромли хотиралар, назаримда, Озод аканинг муборак номи билан боғлиқ эканини бугун эътироф этмасам, адолатдан бўлмас.
У кишини баширликлар айниқса жуда қадрлашарди. Негаки, Озод ака Китобнинг янада сўлим гўшаларидан бири – Башир қишлоғидаги «Ҳазрати Башир» қабри ва мақбарасини ободонлаштириб, уни сайёҳлар учун муборак зиёратгоҳга айлантириш бобида катта хизмат қилган одам.
Халқ одатда раҳбарларнинг ана шундай хайрли ва савобли ишларига қараб баҳо бераркан. Шунинг учун ҳам у кишининг Қашқадарё вилояти ҳокимлигига кўтарилиб кетишини китобликлар табиий бир ҳолдек қувонч билан қабул қилишган эди…
13.
Озод ака мени кўпинча “Ҳисор тоғларининг нақ этагида” жойлашган “Мингчинор” деган сўлим ва афсонавий ресторанда кутиб оларди.
Одамлар ҳозиргача гапириб юришадики, агар мен Тошкентдан фалон пайтда етиб бораман деб қўнғироқ қилиб, йўл-йўлакай кечикиб қолсам, Озод ака тузатиб қўйилган дастурхоннинг устига докалар ёптириб, икки-уч соатлаб мени кутиб ўтирар, ҳатто ўзи ҳам овқат емас экан. Прокурор ва милиция бошлиқлари хизматда бўларди.
Адолат ҳаққи ҳурмати айтишим керакки, Озод Давронович мулозимлик сиёсатини ўрнига қўя оладиган ҳақиқий раҳбар эди: прокурор ҳам, милиция бошлиғи ҳам унинг ёнида ўтириб чой ичолмасди, улар фақат елиб-югуриб хизмат қилишарди, холос.
Унга раҳбарликнинг бу туғма фазилати, тоғаси – Ўзбекистон ҳукуматининг бир пайтлардаги машҳур ва донгдор раиси Раҳмонқул Қурбоновдан ўтгандир эҳтимол.
Россия шаҳарларининг бирида педагогика институтини битирган Озод ака Ислом Каримов Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлиб Қаршига ишга келганида обкомнинг “орг отдели”да оддий инструктор бўлиб ишларди. Ислом Абдуғаниевич кўп ўтмай оғир-босиқ ва камгап бу йигитни обком парткомиссияси раислигига тавсия қилади.
Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига раҳбар бўлганидан сўнг Озод ака Ғузорга райкомнинг биринчи секретари бўлиб кўтарилиб кетади. Сўнг кўп ўтмай Михаил Филиппович Солдатовнинг ўрнига Қашқадарё обкомининг иккинчи секретари этиб тайинланади…
14.
Бу вилоят тарихида обкомнинг иккинчи секретарлигига тайинланган биринчи маҳаллий кадр эди.
Озод аканинг мана шу таржимаи ҳоли тадрижидан ҳам билиш мумкинки, Президент унга айрича меҳр билан қараган. Унинг ҳатти-ҳаракатлари, тўпори ва жайдарилиги, очиқ қўнгил ва самимийлиги ўзига ўхшаб кетишини яхши билган, шекилли, уни ўзига яқин олиб ҳамиша қўллаб- қувватлаб келган…
Озод Пармонов узун бўйли, чинордек тик, эртаклардаги Алпомишдек қадди-қомади келишган йигит эди. Одамлар унинг амали тугул, ўзидан ҳам чўчишарди. Шу қадар салобатли, кўркам ва кўримли раҳбар эди у.
Эсимда, вилоят ҳокими Темир Пўлатов билан келишолмай, Президентдан дакки еб юрган кунларининг бирида менга кўнглини ёриб, “Шу инжиқ одамга ўринбосар бўлгандан кўра, қанийди Ислом ака менга вилоят ички ишлар бўлими раҳбарлигини берсайди, қойил қилиб бошқарардим” деб айтгани ҳануз ёдимда.
Кейин Ислом ака унга нафақат ички ишлар бўлимини, балки бутун бир вилоят раҳбарлигини ишониб топширади…
Қашқадарёнинг Қамаши туманида туғилиб ўсган Озод Пармонов тоғаси каби республика даражасидаги раҳбар бўлишни орзу қиларди ва у бунга муносиб ҳам эди. Лекин, минг афсуски, у вилоят миқёсидаги биринчи раҳбарликка эриша олди, холос.
Эҳтимол, у бир пайтлар Президент томонидан Шавкат Мирзиёев каби Бош вазирликка муносиб кўрилган бўлиши ҳам мумкин. Менинг бундай дейишимга етарли асослар бор ва биз бу ҳақда ҳали батафсил тўхталамиз.
Лекин, ажабки, ўзига бир пайтлар анчагина яхшилик қилган – Темур Хидировнинг тазйиқ ва таъқибидан қутилиб, дилбар гўша Китобга ҳоким бўлиб кетишига сабабчи бўлган, вилоят ҳокими ҳақидаги барча иғво гап-сўзларини Президентга етказиб турган китоблик содда ва ишонувчан журналист йигитни наша билан ҳибс этиш ҳақидаги кўрсатмасидан сўнг унинг сиёсий карьераси якун топади.
Унга ўз акасига ишонгандек ишониб юрган бу содда китоблик йигит, не тонгки, камина эди.
Биз Озод Пармоновнинг амал пиллапоясидаги бу парвоз ва инқирозларига ҳали яна қайтамиз…
15.
Бугун орадан шунча йиллар ўтиб, ўша Президентга яқин бўлиб юрган давр воқеа-ҳодисаларини хаёлимда қайта таҳлил қиларканман, бир нарсага амин бўлдим: Озод акага ўхшаш ҳукумат тизимидаги катта-кичик мансабдор арбобларнинг бу каби интрига ва найрангларига аслида Ислом аканинг ўзлари сабабчи экан.
Масалан, Озод ака Ислом Абдуғаниевичнинг ўзига нисбатан хайрихоҳлигини сезмаганида, менга шунча иғвони айтиб, уни Президентга етказишимни ялиниб сўрамаган бўларди.
Ислом ака бу иғволарга эътибор қилишига у ишонган.
Негаки, Қаршида бўлиб ўтган сўнгги вилоят активи билан бўлган учрашувида (унда мен ҳам иштирок этганман) Ислом ака: Мен Президент эканман, Темур Хидиров шу вазифада ҳали узоқ ишлайди. Лекин сен ҳам ишлайсан, Озод! Шу гапимни иккаланг ҳам яхшилаб қулоғингга қуйиб ол!” деб қайта ва қайта таъкидлаган эди.
Худди шундай гапларни ўз вақтида Шароф Рашидов ҳам Жиззахда — Тоировга нисбатан айтган эди. Унинг устидан Марказқўмга қрим-татарлигини урғулаб кетма кет шикоятлар келганида Шароф ака ҳам Жиззахга бориб, партия акативини йиққан ва уни ҳимоя қилиб, шу гапларни айтган эди…
Ислом аканинг бу умидбахш гапларидан кейин Озод ака мени ўртадаги майда-чуйда иғволарни подшоликка етказувчи “элчилик”ка танлаган бўлса, не ажаб!
Ва яна не ажабки, бир кун келиб Темир Хидировнинг ўрнига айнан Озод Пармонов вилоят ҳокими этиб тайинланади. Демак, Озод аканинг ҳам, менинг ҳам бу иғвогарона ҳатти-ҳаракатларимиз ўз самарасини берибди-да, ажаб. Ё бу ҳам тасодифий бир ҳолмикан?
Йўқ, бу ерда бошқа гап бор: Давлатни интрига йўли билан Ислом Каримовча бошқаришнинг янги ва синалган усули бу…
16.
Умуман, бирор бир раҳбарни лавозимга тайинларкан, Ислом ака албатта шу раҳбарнинг ўринбосарини унга қарши бўлганлардан танларди.
Темур Хидировни Қашқадарёга ҳоким қилиб қўяркан, Ислом ака уни ёқтирмайдиган ва ундан мутлақо ҳайиқмайдиган Озод Пармоновни унга ўринбосар этиб тайинлашдан ҳам ўз манфаатини кўзлагани табиий.
Шу йўл билан ҳар бир вилоят раҳбари “назорат остида” бўлар, унинг ҳатти-ҳаракатлари “кузатилиб” туриларди.
Шу пайтга қадар вилоятларга раҳбарлик қилган Алихон Отажонов, Темир Хидиров, Озод Пармонов, Шуҳрат Бегматов, Бахтиёр Ҳамидов, Нуриддин Зайниев (Қашқадарё), Дамир Ёдгоров, Самойиддин Хусенов (Бухоро), Риммажон Худойберганова, Маркс Жуманиёзов, Искандар Юсупов, Ислом Бобожонов (Хоразм), Пўлат Абдураҳмонов, Алишер Мардиев, Баҳриддин Рўзиев, Рустам Холмуродов, Мамаризо Нурмуродов, Ўктам Барноев (Самарқанд), Ботирали Ҳакимов, Бургутали Рапиғалиев, Тўлқин Жабборов, Икромхон Нажмиддинов (Наманган), Қаюм Холмирзаев, Саъдулло Бегалиев, Қобилжон Обидов, Аҳмаджон Усмонов (Андижон), Мирзажон Исломов, Алишер Отабоев (Фарғона), Ҳаким Бердиев, Жўра Норалиев, Бахтиёр Олимжонов, Тошмирзо Қодиров, Абдулҳаким Эшмуродов (Сурхондарё), Александр Клепиков, Осмон Айдарқулов, Ботир Маҳмудов, Ўктам Исмоилов, Равшан Ҳайдаров, (Сирдарё), Эркин Турсунов, Алишер Тошкентбоев, Шавкат Мирзиёев, Убайдулло Ёмонқулов, Маҳмуджон Холбўтаев (Жиззах), Анатолий Ефимов, Ҳаёт Ғаффоров, Ғайбулло Дилов (Навоий) Рустам Шоабдураҳмонов, Адҳам Фозилбеков, Козим Тўлаганов (Тошкент шаҳри), Солижон Мамарасулов, Сайфулло Сайдалиев, Мирзамурод Икромов, Баҳриддин Рўзиев, Козим Тўлаганов (Тошкент вилояти), Уббиниёз Аширбеков, Даулетбой Шамшетов, Темур Камолов (Қарақалпоғистон республикаси) мен айтаётган бу гап-сўзларнинг нечоғлик ҳақиқат эканини ўз фаолиятларида синаб кўрганларига бугун сира шубҳа қилмайман.
Бундай носоғлом ҳолат нафақат вилоят ҳокимликлари миқёсида, балки бутун мамлакат бўйлаб – Президент девонидан тортиб, Олий Кенгаш қўмиталари ва Вазирлар Маҳкамасида, турли корпорация, вазирлик, агентликлар ва куч ишлатар тизими идораларида ҳам йўлга қўйилганлигини кузатиш мумкин.
Масалан, мен Бош муҳаррири бўлган газета муассиси Элёр Ғаниев эди.
Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниевга ўринбосар бўлган Рауф Муҳамедов ва Шаҳло Абдуллаевалар унга бўйсунмай, унинг топшириқларини “байкот” қилишларини яхши биламан ва бу ҳолларга кўп бор гувоҳ ҳам бўлганман.
Ажабки, буни Элёр Ғаниевнинг ўзи ҳам яхши биларди. Улар тепадагиларнинг топшириғи билан келишган, мени “кузатиб, “рамка”га солиб туриш учун” дерди у киши баъзан ҳазил аралаш…
17.
Ростини айтишим керак, Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов бундай интрига ва лўттибозликлардан имкон қадар узоқроқ бўлишга интиларди.
Табиатан содда ва ўта ишонувчан, очиқ кўнгил ва дилкаш йигит бўлган Мавлон акани ҳам охир-оқибат худди шунга ўхшаш интрига билан маҳв этишди – ўринбосари Аметжон Отажоновнинг қўли билан унинг бошига етишди.
“Оқ сарой”даги сиёсий ўйинлар ва интригалар устаси Темур Алимов Мавлон аканинг ўрнига Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланганидан кейин кўчанинг гаплари минбарларга чиқиб, фисқу-фасод ва иғво, интрига ва шантаж Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилди десам, муболаға бўлмас.
Биз тошкентлик сиёсий лўттибоз Темур Алимов бошчилигида вилоятлардан келган истеъдодли ва ҳалол раҳбарларга қирон солинган Ўзбекистон сиёсатидаги бу машъум ва қора кунлар ҳақида ҳали батафсил тўхталамиз.
Туман ва қишлоқлардан Тошкентга келиб, юқори давлат лавозимларида ишлаётган ҳалол ва виждонли кадрларни турли баҳонаи-сабаб билан “шов-шув” қилиб ишдан олиш ва обрўсизлантириш компанияси Мавлон акани кутилмаганда қамаш билан бошланган бўлса, республика солиқ қўмитаси раҳбарларидан бири Муродилла Қуроловни фарзандининг тўйи боис ишдан олиб, терговга тортиш билан давом эттирилганди.
Баҳонани қаранг – нокамтарлик билан тўй қилиб, тўёнага совға-саломлар, гилам ва поёндозлар олганмиш. Бунинг устига, ўлганнинг устига тепгандек, фельетон ҳам қилишган эди шўрликни.
Ҳолбуки, худди ўша кунлар пойтахтнинг энг қимматбаҳо ресторанларидан бирида бошқа бир тошкентлик мулозимнинг тўйида келин ва куёвга тўёна сифатида оз эмас, кўп эмас – ўн тўртта “Нексия” ва “Матиз” машиналарининг калити топширилганига гувоҳ бўлганман.
Лекин бу амалдор тошкентлик бўлгани учун “дабдабали тўй қилди”деб фельетон қилинмаган, вазифасидан олиниб, ҳибс этилмаган, унинг жиноий кирдикорларининг ҳиди ҳам чиқмаган эди ўшанда…
18.
Майли, мавзудан чалғимайлик.
Биз Қашқадарё сиёсати тарихида яхшими, ёмонми, ўз ўрнига эга бўлган раҳбар Пармонов Озод Давроновичнинг сиёсий портретига баҳоли қудрат шарҳ бераётган эдик.
Бу дунёнинг ишлари, шоир айтганидек, ростдан ҳам: «Англаб бўлмас сир экан…»
Чин юракдан бировга ишониб, унинг хизматини қилсанг, оғир дамларида ёнида турсанг, яхши ва ёруғ кунларини кўпайтирсанг, унинг иғво гапларини Президентга етказиб турсанг, охир оқибатда у ўша ўзи кўзлаган лавозимга эришса-да, сен қилган яхшиликка бир кун келиб сени ҳибс этиш билан жавоб қайтарса?
Бунинг номини нима дейиш мумкин? Сотқинликми? Мунофиқликми? Нега Озод ака мендан, менинг озодликда юришимдан бу қадар қўрққан эди?
Бир сўз билан айтганда ўзи шундоқ ҳам ишдан урилиб, кўчага қолган Исмат Хушевни яна қамаш вилоят ҳокими Озод Давроновга нима учун керак бўлди?
Энди у ҳақидаги гап сўзларни унинг ғанимлари билан тил бириктириб Президентга етказмаслигим учунми? Ёки Китобда ҳоким бўлган пайтда унинг баъзи нозик сирларидан воқиф бўлганим учунми?
Ё шахсан Президент амри билан ишдан олиниб, унинг Давлат маслаҳатчиси Умрзоқов билан бирга қамалган Исмат Хушевни яна қамаб Ислом акага яхши кўринмоқчи, унга бўлган ўз садоқатини шу йўсинда яна бир бор исботламоқчи бўлдими?
Бу саволлар менга ҳанузгача тинчлик бермайди.
Мен Озод аканинг каминага қилган бу “яхшиликларини” наша билан Қашқадарёда қамалиб, Ислом аканинг кўрсатмаси билан озод этилганимдан сўнг Тошкентга келиб билдим.
Мен билан гаплашган Президентнинг куч ишлатар тизимлари фаолиятини назорат қилувчи Давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Ҳисомович Ғуломов Президент мени зудлик билан ишга тиклаш ҳақида кўрсатма берганини маълум қилди.
Кўп ўтмай мени Элёр Ғаниев раҳбарлигида нашр этиладиган “Ҳамкор” ва “Деловой партнёр Узбекистана” газеталари Бош муҳаррирлигига тайинлашади…
19.
Эҳтимол, Президент Озод Пармоновни вилоят ҳокимлигидан айнан мени қамагани учун бўшатмаган бўлиши ҳам мумкин. Бу бир туртки бўлгандир балки.
Лекин шуниси аниқки, мени кутилмаганда Китобда наша билан ҳибс этилиб, Қарши турмасига жўнатилганим Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Рустам Иноятовга етказилганидан сўнг Президент бу ҳақда хабар топади ва Бош прокурор Бўритош Мустафоев ҳамда Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматовлар қамагандир балки, улардан сўраб кўринглар дейди.
Менинг бахтимга бу икки мулозим ҳам қамалишимга алоқадор бўлмагани аниқлангач, зудлик билан Қаршига МХХ нуфузли махсус гуруҳи сафарбар этилади.
Озод Пармоновнинг энг катта хатоси шундаки, у юқорининг топшириғи билан вилоятга келган МХХ ходимлари изидан пойлоқчи қўйиб, уларни вилоят ички ишлар бўлими “нарушка” (наружное наблюдение) си орқали кузатувга олади.
Уни ранжитган нарса шуки, одатда вилоятга Тошкентдан келган текширув гуруҳлари энг аввал вилоят ҳокимини ўз ташрифларидан воқиф этишарди. Лекин бу гал бундай қилишмайди. Бу вилоят ҳокимини жиддий ташвишга солиб қўяди. Шунинг учун ҳам у тошкентлик меҳмонларни кузатувга олади. Бу табиийки, Президентни қаттиқ ғазаблантиради.
Мени судга қадар ҳибсда сақлаш учун икки ойлик прокурор санкцияси берилганига қарамай, ўша куни тундаёқ турмадан озод қилишади.
Шу воқеалардан кўп ўтмай – 1998 йилнинг 3 июнь куни ҳеч ким учун кутилмаган бир пайтда шошилинч чақирилган навбатдан ташқари сессияда вилоят ҳокими Озод Пармонов ҳам ўз вазифасидан озод этилади.
Ҳолбуки, унинг вилоятга раҳбар этиб тайинланганига эндигина икки йил бўлганди, холос…
Ҳали йиллар ўтиб, мен айтган бу гап-сўзлар ҳам, бошқа не-не сирли ва синоатли талай воқеалар ҳам элга ошкор бўлади. “Вақт – энг олий ҳакам!” деган бир гап бор халқимизда.
Бунинг учун бизга тоғдек бардош, сабр-тоқат ва Яратган яна бир оз умр берса, бас…
20.
Хўш, Озод акага мени қамаш нима учун керак бўлган эди?
Мана, неча йилки, Канаданинг сирли ва сукунатли гўшаларида ана шу каби сон саноқсиз саволлар менга ҳануз тинчлик бермай келади. Аламзада ва шикаста қалбимда бир-бирига қарама-қарши бўлган бу мажруҳ туйғулар, бу ғамгин хотиралар мени тинмай қийнаб келади…
Бугунги хотираларни ёзиб тугатиб, ўйланиб қолдим. Шунча қилган яхшиликларимга жавобан мени наша билан қамаб, умримни турмада хазон қилмоқчи бўлган одамни меҳр ва эҳтиром билан, холис ва соғиниб ёд этишим, аслида, тўғримикан?
Менинг подшоликка аралаш – саройга яқин бўлган бундай мураккаб тақдирли, фоже қисматимдан хабардор оила-аъзоларим, фарзандларим ва дўст-у, биродарларим бу матнларни ўқиб бағоят кўнгилчан ва кечирувчанлигим учун менга маломат тошларини отмасмиканлар?
Озод акага меҳр қўйган, уни “ўғлим” деб ардоқлаган отам агар тирик бўлганида Озод аканинг бу қилмишини ва менинг бу ёзганларимни қандай баҳоларди деб ўзимга ўзим қайта ва қайта саволлар бердим.
“Қалбингга қулоқ сол, худбинлик ва иғводан узоқ туриб, холис ва адолатли фикр юрит!” деган бир садо келди ғойибдан.
Агар Оллоҳ умр берса, бир кун келиб биз Озод ака билан албатта учрашамиз, иншооллоҳ! Ана шу муборак онларда у киши менга олдингидек ёруғ юз билан тик ва дадил қарай олармикин?
Ҳамма гап шунда.
Буни энди вақт кўрсатади…
21.
…“Душманнинг биттаси ҳам кўп, дўстнинг мингтаси ҳам оз”, деган ҳикматли гап бекорга айтилмаган экан. Боз устига, биттагина ашаддий душман орттирсанг, у мингта сохта дўстларни ҳам ўз ёнига оғдириб олар экан.
Ўз аччиқ ва аламли ҳаётим мисолида амин бўлдимки, бундан ёмони бўлмас экан…
Майли, нима бўлганда ҳам уларни тўғри тушунишимиз ва кечиришимиз керак, шекилли. Негаки улар – сиёсатнинг одамлари. Сиёсат одамларининг эса бундан бошқа йўли йўқ.
Афсуски, бизнинг юрагимизга озор берадиганлар улар эмас, биз уларни кечириб юборамиз, албатта.
Бизнинг юрагимизга озор берадиган, бизни мажруҳ қиладиганлар, булар – туғишланганимиз, ўз жигарларимиз, қариндош уруғларимиз.
Бошингизга, худо кўрсатмасин, бирор кор-ҳол тушса, уларнинг аввалги муомилалари тамомила ўзгаради.
Бу — юрагимизга отилган ўқдек бизга азоб беради…
Ривоят: Бир одамни ноҳақ тошбўронга буюрдилар. Тошбўронда бутун мулозимлар унга тош ота бошлашди. Унинг бир дўсти эса — ҳамма тошлар ичида тошга ўхшатиб юмолоқ қилиб, унга тош ўрнига пахта отади.
Шунда тошбўрон бўлаётган одам айтган экан: «Ҳамманинг тоши ботмади-ю, бироқ сен отган пахта — менинг юрагимни тешиб кетди…
Ҳа, душман отган тошдан кўра, дўстлар отган пахта баъзан мана шундай оғриқли ва азобли бўлади.
Хуллас, «Душманнинг биттаси ҳам кўп, дўстнинг мингтаси ҳам оз» деб бежиз айтишмас экан…
Суратда: Озод Давроновнинг дўстлари ва сафдошлари — чапдан ўнгга – Китоб районининг Озод акадан олдинги раҳбари — Абдураҳмон Ашуров, Андижон халқ хўжалиги институти ректори, Иқтисод фанлари доктори, профессор Тохиржон Иминов (кейинчалик Президентнинг Давлат маслаҳатчиси), Фан ва техника Давлат қўмитаси қошидаги илмий текшириш институти директори Турсун Ахмедов, “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев, Яккабоғ райкомининг биринчи секретари Баҳриддин Муродов, Тошкент вилоят Давлат инспекцияси мулозими Тошкентбой Жўраев, Китоб район Давлат инспекцияси бошлиғи Абдураҳмон Турсунпўлатовлар Исмат Хушевнинг Тошкентдаги кабинетида.
33-боб тугади.
Торонто шаҳри, Канада,
8 март, 2015 йил.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Камдан кам одамларгина ўзига ашаддий душманлик қилган кишиларни яхши, ёмон томонларини холис триб ёрита олади. Сиз тўғри йўлдасиз, сермашақат ижодингизга омад ёр бўлсин.
Ajoyib, ochiq — oydin yozilgan. Lekin men Ismat Xushevning bir firkrga qo’shila olamayman, ya’ni nima uchun katta rahbarlar oldida lavozimi pastroq yoki oddiy odamlar qo’l qovushtirib turish kerak. Aslida-ku bu qo’rquvdan shunday qilishadi, hurmat qilib emas. Bu rahbaru rahbarchalarni burni naq osmonda. Lekin tan olib aytish kerakki bu barcha rivojlanayotgan davlatlar uchun xos. Qachon bu laganbardorchiliklar va qulluq qilishlar yo’qolmas ekan yaxshi hayot xalq uchun orzu bo’lib qolaveradi.