ИСМАТ ХУШЕВ: ПРЕЗИДЕНТНИНГ МАТБУОТ КОТИБЛАРИ (2-31)
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
ИККИНЧИ КИТОБ
Суратда: Журналист Исмат Хушев Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан Тошкент аэропортидаги матбуот анжуманида. Орқа планда Президентнинг биринчи матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов журналист Шаҳнода Ғаниева билан, 1992 йил…
Ўттиз биринчи боб
ПРЕЗИДЕНТНИНГ МАТБУОТ КОТИБЛАРИ
Муқаддима…
1991- йилнинг август ойида Москвада содир бўлган ГКЧП воқеасидан роппа- роса бир ҳафта ўтиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ўз фаолиятини якунлайди.
Шу билан Ўзбекистонда қўш ҳокимият тугатилиб, тамомила Президент бошқарувига ўтилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу даврга қадар бизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қошидаги матбуот хизмати раҳбарияти назорат қиларди.
Илгари унинг мудири Аббос Усмонов эди.
Кейин бу бўлимга истеъдодли ва таниқли журналист Шароф Убайдуллаев тайинланади.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Аббос Усмонов асли қўқонлик бўлиб, матбуотга умуман алоқаси йўқ одам эди. Лекин ажабки, умрининг ярмидан кўпини шу соҳа назоратида ўтказди, десак муболаға бўлмас.
Усмонов Марказқўмнинг матбуот секторига раҳбарлик қилганидан бўён орадан ўттиз йилдан зиёд вақт ўтди.
Бу давр оралиғида не-не таниқли ва пешқадам журналистлар Президентнинг матбуот котиби бўлиб, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига раҳбарлик қилиб, урилиб кетди.
Лекин журналистикадан умуман бехабар ва бу даргоҳга тасодифан келиб қолган Аббос Усмонов ҳануз эъзозда. Олдин узоқ йиллар “Халқ сўзи” га раҳбар бўлди. Ҳозир эса “Правда Востока” газетасига Бош муҳаррир…
Баъзан ўйлаб кетаман. Ўзбек матбуотида умуман танилмаган, бирор нарса ёзиб кўзга ташланмаган, “олтин ўрта” ақидасига амал қилиб, яшаб юрган Аббос акага ўхшаш кишилар боис матбуотимиз аҳволи бугун шундай ғариб ҳолга келган бўлса не ажаб?
Худо ҳаққи, Аббос акага ёки Ўткир Раҳматга нисбатан қалбимда бирор ғаразим йўқ. Тақдир экан, биз бу икала Бош муҳаррир билан ҳам узоқ йиллар Герман Лопатин кўчасидаги ҳукумат уйларида қўшни яшаганмиз. Улар жуда камтар ва камсуқум, яхши одамлар. Лекин «Афлотун менинг дўстим, ҳақиқат барибир ундан устунроқ» деган гап бор бу дунёда…
Ислом Каримов Марказқўмга раҳбар бўлганидан кейин, мен Ўзбекистон коммунистларининг сўнгги партия съездида “Қора юрак” феъетони боис ноҳақ айбланган Шароф Убайдуллаев номини оқлаш кераклиги ҳақида маърўза қилганимни олдинги бобда батафсил айтган эдим.
Шу воқеадан кўп ўтмай Шароф Убайдуллаев “Партия анжуманида айтилган талаб ва истаклар” асосида яна журналистикага қайтарилган ва дастлаб Расул Раҳмонов бош бўлган “Совет Ўзбекистони” газетасида ўз фаолиятини бошлаган, кейин юқорида айтганимдек, Марказқўмга ишга олинган эди.
Лекин энди Марказқўм тугатилиб, Шароф Убайдуллаев Президент Девонининг Мавлон Умрзоқов бош бўлган кадрлар билан ишлаш Бошқармасига ишга ўтади…
1994-йилда Мавлон Умрзоқов ишдан олиниб, ҳибс этилганидан сўнг унга қарши кўргазма беришга даъват этилиб, эвазига умрбод мулозимлик курси ваъда қилинади.
Лекин бировга тўҳмат қилиб, мансабли бўлишдан кўра, Шароф Убайдуллаев тоза виждон билан яшашни афзал кўради.
Биз китобнинг кейинги қимларида бу мавзуга ҳали батафсил қайтамиз.
Яхшими ёмонми, лекин ўзи билган ҳақиқат учун ўз билгича курашган, матбуотда ҳамиша ўз сўзини айтиб келган, шул боис ҳам гоҳ парвоз, гоҳ инқирозга учраган, лекин не-не одамларга яхшилик қилиб, иймонли ва диёнатли деб ном қозонган истеъдодли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев, йигирма йилдирки, ишсиз…
Аббос Усмонов билан Шароф Убайдуллаев орасида ер билан осмонча фарқ борлигини ҳукуматдагилар яхши билишади. Лекин билмаганга олишади…
Йўқса, матбуотга мутлақо бегона бўлган Аббос Усмонов — йигирма йилдан бўён “от устида-ю”, матбуотни жону-дилим деб билган Шароф Убайдуллаев — шунча йилдан бўён “пиёда” қолармиди…
Ислом Каримов Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий этилгач, секин-аста янги давлат тизимларини ярата бошлайди.
Илгари номигагина бор бўлган тизимлар мустақиллик шароитида ҳеч қандай самара бермасди. Боз устига, бу тизимдан-да муҳим тармоқлар йўқ, ҳали шаклланмаган эди.
Масалан биз бошқа давлатларда “Матбуот котиби” деган лавозим борлигини фақат эшитардик, холос. Негаки, бизда бу лавозим ҳали яратилмаган эди.
Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий этилгач, секин-аста бизда ҳам матбуот котиби лавозими пайдо бўлади.
Янглишмасам, Ирисмат Абдухолиқов Ўзбекистонда биринчи бўлиб Президентнинг матбуот котиби лавозимига тайинланган эди.
Бу одам ҳақида муқаддам қисман тўхталиб ўтган эдик.У киши асли Туркистоннинг Чимкент тарафларидан бўлиб, оғир-босиқ ва маданиятли одам эди.
Агар адашмасам, Ирисмат ака олдин Марказий Телевидениянинг “Время” ахборот кўрсатувида, сўнг бир муддат Марказқўмнинг идеология бўлимида ишлаган ва шу фаолияти билан Президент назарига тушган бўлса, эҳтимол.
Мен Ирисмат акани яхши ва самимий раҳбар сифатида ҳурмат қилардим. Ҳозир Ўзбекистон радиосида ишлайди. У менда яхши таассурот қолдирган.
Москвадан келган мухбирларни олиб юрарди, баъзан бизга ҳам топшириқлар берарди. Хуллас, Президентнинг матбуот котиби сифатида бир одамнинг қўлидан келадиган ишни ситқидилдан адо этарди.
Лекин шуни айтиш лозимки, Ирисмат Абдухолиқов Президентнинг матбуот котиби сифатида тўлақонли ҳуқуқ ва имкониятга эга эмас эди.
Масалан, у истаган пайтда давлат раҳбарининг олдига киролмас, муҳим ва зарур масалалар бўйича агар Президентнинг ўзи чақирмаса, бир неча кун, ҳатто ҳафталаб ҳам унинг қабулига яқин боролмасди…
Ҳолбуки, Президентнинг матбуот котиби ҳар доим, ҳар қадамда давлат раҳбари билан бирга, бир даврада бўлиши керак. Президент номидан баёнотлар бериш ва унинг фикрини доим оммавий ахборот воситаларига етказиб туриш ҳуқуқига эга бўлиши лозим…
Бундан ташқари Президентнинг матбуот котиби давлат раҳбарининг психологияси ва характерини мукаммал ўрганган бўлиши керак.
Давлат раҳбари ҳам одам. Унинг ҳам ҳаммада бўлгани каби, яхши ва ёмон кайфияти бўлади.
Матбуот котиби Президентнинг кайфияти ёмон, табиати тажанг пайтларда унга рўпара бўлиш кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билиши, у киши билан бўлган суҳбат ва мулоқотларда айтадиган гапини ўйлаб гапириши керак.
Назаримда, Ирисмат ака ана шу масалада бир оз хатога йўл қўйган. Шунинг учун ҳам Президент у кишини ўзига кўпам яқинлаштирмаган бўлиши мумкин.
Агар эсингизда бўлса, ўтган бобларнинг бирида Москвадаги “Аргументы и факты” газетаси мухбирлари хизмат сафари билан Тошкентга келишганида мен уларга ҳамроҳлик қилганимни, сафар якунида эса Президентнинг ёзги резиденциясида биргалашиб меҳмон бўлганимизни ёзган эдим.
Ўшанда Ирисмат ака дастурхондан олти соат давомида туз ҳам тотмаганини, стулнинг бир учида омонатгина ўтириб, фақат Ислом ака билан бўлган мулоқотни қоғозга тушириш билан банд бўлганини эслаган эдим.
Билмадим, бу хокисорлик ва мутеълик Президентга нисбатан ҳурматмиди ёки меҳмонларга бўлган иззатмиди, мен то ҳануз англаб етолмаганман.
Президентнинг матбуот котиби ҳам ҳамма қатори тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиши, биров келиб давлат раҳбарининг дастурхонида меҳмон бўлса, модомики, у ҳам ўша даврада экан, бошқалар қатори ҳақ-ҳуқуққа эга бўлиши, ўзини эмин-эркин тутиб, у-бу нарсадан тановул қилиб ўтириши керак деб ҳисоблайман.
Кейин ҳам биз Ирисмат ака билан Президентнинг турли ўтиришларида бирга бўлдик. Лекин ҳар сафар у киши ўзини даврага бегона тутишидан, давлат раҳбарининг матбуот котибига совуқ муносабатидан мен Ирисмат аканинг бу лавозимда узоқ ишлай олмаслигини аллақачон сезиб улгурган эдим.
Хуллас, Ирисмат Абдухолиқовнинг девондаги фаолияти кўнгилсиз тугади.
Президентнинг кутилмаган ҳақорат ва тепкисидан сўнг у киши оғир аҳволда ҳукумат касалхонасида узоқ вақт даволанишга мажбур бўлди…
Шавкат Яҳёев…
Суратда: Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков (ўртада) Президент Маҳкамаси мулозимлари Шароф Убайдуллаев (чапда), Президентнинг матбуот котиби Шавкат Яҳёев ва Тошкент шаҳар ҳокими Адҳам Фозилбеков (ўнгда) лар билан, Тошкент шаҳри, 1992 йил…
Ирисмат ака микро инфаркт бўлиб, шифохонада даволанаётган пайтда, агар эсласангиз, Зелемхон Ҳайдаровга бағишланган бобнинг якуний қисмида ёзганимдай, Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби этиб Шароф Убайдуллаев тайинланган эди.
Лекин Шароф ака оғир аҳволда касалхонада ётган ва куни кеча ўзи бориб кўриб келган ҳамкасбининг ўрнини у соғаймай туриб эгалласа, ноинсоний бўлишини сезибми, ҳар қалай бу вазифани қабул қилмайди. Аниқроғи, қабул қилолмайди.
Бошқа одам бўлганда, албатта, у давлат раҳбарининг қарорига қарши боролмасди. Лекин Шароф Убайдуллаев Зелемхон Ҳайдаров билан Мавлон Умрзоқовларга яқин бўлгани боис, аввал уларни, кейин юртбошини бу қарор ижросини тўхтатиб туришга кўндира олган.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, айнан ўша кунларда бўшаган кадрлар Бошқармасидаги бошқа бир лавозимга ўтишга розилигини айтиб, Президентга матбуот котиби бўлишдек оғир масъулиятдан қутулиб қолган.
Президентнинг матбуот котиблигини рад этиб, Шароф Убайдуллаев ўшанда жуда тўғри иш қилган экан деган ўйга бораман.
У кишида ҳам худди Зелемхон Ҳайдаровдаги каби узоқни кўра билиш, давлат раҳбарининг ўжар ва мураккаб табиатини яхши тушуна олиш қобилияти мавжудлигини кўргандек бўламан.
Зотан, Ислом Каримов билан ҳозирга қадар нечта матбуот котиби ишлаган бўлса, улардан бирортаси ҳам бу вазифадан обрў билан кетган эмас. Биз бу омадсиз мулозимларнинг аччиқ қисматига ҳали қайтамиз…
Ирисмат Абдухолиқовдан кейин Президентнинг матбуот котиби этиб Шавкат Яҳёев тайинланади.
Шавкат Яҳёев совет даврида Ўзбекистон Компартияси мафкурасини авом халқ-у, зиёлиларга етказадиган зўр лектор ҳисобланар, халқаро мавзуларда маърўзалар ўқиб, рус тилида мароқли баён қилиши билан ном қозонганди.
У асли Қўқонлик эди. Унинг матбуот котиби вазифасига тайинланганини эшитиб, рости ҳайрон қолгандим. Чунки ўша пайтларда салкам олтмиш ёшларда бўлиб, энг муҳими у ўзбек журналистлари орасида умуман танилмаган, матбуотдан йироқ одам эди.
Унинг бу лавозимга тайинланиши ҳам жуда қизиқ бўлган.
Кези келганда шуни айтиш керакки, бу дунёда жуда кўп масала ва муаммолар, у ёки бу лавозимга тайинланиш қарорлари ҳар доим ҳам олий давраларда, бевосита юқори даражали мулозимлар томонидан эмас, баъзан уларнинг котибалари, ёрдамчилари, ҳайдовчилари ва ҳатто ўйнашлари иштирокида ҳам амалга оширилиши мумкин.
Президентнинг кадрлар сиёсати билан шуғулланувчи Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган Мавлон Умрзоқовнинг 199-йилда Носирхон Акбаров деган ёрдамчиси бўларди. У асли қўқонлик бўлиб, Тошкентда ишлаётган ҳамюртлари орасида обрў-эътиборли йигит эди.
Шароф Убайдуллаев Президентнинг матбуот котиби бўлишдан кўра, кадрлар билан ишлаш Бошқармасидаги бошқа бир лавозимга ўтишга рози бўлганидан сўнг, Мавлон Умрзоқов ўринбосарларига зудлик билан матбуот котиблигига бошқа одам топиш ҳақида кўрсатма беради.
Бундан хабар топган у кишининг ёрдамчилари Носирхон ўша заҳотиёқ ўз ҳамюрти Шавкат Яҳёевнинг уйига бориб, уни кўндириб қайтади. Эртаси куниёқ Яҳёевнинг ҳужжатлар Президент столига бориб тушади.
Ислом ака Мавлон Умрзоқовга янги матбуот котибининг чет тилларни биладиган одам бўлиши лозимлигини айтган эди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўша куни Яҳёевнинг таржимаи ҳоли ёзилаётганда у ерга “Чет тилларни яхши билади” деган бир ибора ҳам қўшиб қўйилган эди.
Шундай қилиб Президентнинг кадрлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчисига ёрдамчи бўлган ҳамюртининг шарофати билан Шавкат Яҳёев Ўзбекистон Президентининг иккинчи матбуот котиби этиб ишга тайинланади…
Лекин матбуот котиби бўлиб кўп ишламайди.
Маҳаллийчилик оқибатида ишга келгани учунми, билмадим, ўзи ҳам қандайдир маҳаллийчи ва гуруҳбозликка оид одам сифатида таассурот қолдиради.
Негаки у Олий Кенгаш раиси Шавкат Юлдошев (бу киши ҳам водийлик) билан тил бириктириб менинг Ўзбекистон халқ депутати Жаҳонгир Маматовга ёзган “очиқ хатим”ни “Халқ сўзи”да бемаврид чиқиб кетишига улуш қўшади.
Шу боисданми, у киши менда яхши таассурот қолдирмаган. Ҳолбуки, салом алигимиз бор эди.
Табиатан “ичимдагини топ” тоифасидаги, бор-йўқлигини биров билмайдиган, ўртамиёна, ичкиликка рўжу қўйган, истеъдодсиз бир одам эди.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси эмас, балки унинг ёрдамчиси топгани учунми, билмадим, Президент билан узоқ бирга ишлаш унга ҳам насиб этмади.
Орадан кўп ўтмай Шавкат Яҳёев Ўзбекистон телерадио компаниясига ишга ўтказиб юборилади…
Шавкат Яёевдан сўнг Президентнинг матбуот котиби вазифасига ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст тайинланади.
Бу йигит тўғрисида муфассалроқ тўхталиб ўтиш керак. Унинг фаолият қамрови шуни тақозо этади.
Мурод Муҳаммад Дўст етмишинчи йилларда адабиётга гулдурос солиб кириб келган авлоднинг истеъдодли вакилларидан бири эди.
Унинг авлоди, хусусан, ўзи ҳам ўзбек адабиётида сифат ўзгариши ясайдилар.
Мурод Муҳаммад Дўст Москвадаги Жаҳон Адабиёти институтини тамомлаган.
Маълумки, Муҳаммад Али, Ҳалима Худойбердиева, Исфандиёр, Тоғай Мурод, Муҳаммад Солиҳ, Шавкат Раҳмон, Собит Мадалиев, Ҳамид Исмоил каби ижодкорлар ҳам ўша илм даргоҳида таҳсил кўрганлар.
Айтиш мумкинки, улар бизнинг адабиётимизга янги нафас олиб кирадилар. Таъбир жоиз бўлса, бу нафаснинг муборак исми “самимият” эди.
Мурод Муҳаммад Дўстнинг саксонинчи йилларда эълон қилинган “Чоллардан бири”, “Бир тойчоқнинг хуни”, “Дашту далаларда”, “Галатепага қайтиш”, “Истеъфо” қиссаларида айнан жайдари самимият яққол сезилиб, ифордай уфуриб турарди…
Айниқса унинг “Лолазор” романи адабиётимизда катта воқеа бўлади. (Янглишмасам, “Галатепага қайтиш” романини дўсти Муҳаммад Солиҳга бағишлаган эди).
Москвадаги ўқишини битириб келгач, Мурод Муҳаммад Дўст дастлаб “Ўзбекфильм”да иш бошлайди. Унинг сценарийси бўйича “Эртанги кун дарслари” номли бадиий фильм суратга олинган. Ўша фильмда Мурод аканинг ўзи ҳам бош роллардан бирини ижро этган.
Кейинчалик у “Шарқ юлдузи” журналининг Бош муҳаррир ўринбосари бўлади.
Сўнгра Владимир Соколовнинг ўрнига ўша пайтларда жуда оммавий бўлган “Литературная газета”нинг Ўзбекистон бўйича мухбири бўлиб фаолият юритади.
Маълумки, Ўзбекистонда Раъно Ҳабибовна Абдуллаева деган опахоннинг (Марказқўмнинг мафкуравий ишлар бўйича котибаси) бедодлиги ҳаддан ошиб кетгач, унга қарши биринчи бўлиб ёзувчи ва шоирлар бош кўтарадилар. Қирқ нафар адиб Абдуллаева ва унинг гумашталари устидан КПСС Марказий Комитетига шикоят ёзадилар.
Эшитишимча ўша шикоятни Мурод Муҳаммад Дўст Москвага элтиб берган, керакли жойга топширган экан.
Кейин Ўзбекистонда тўс-тўполон бошланиб, охири Раъно Абдуллаева ишдан бўшатилади ва ўзбек халқи “мафкуравий репрессия”дан халос этилади.
Менимча, Мурод Муҳаммад Дўстни ҳам Ислом Каримовга Мавлон Умрзоқов таништирган бўлса керак. Чунки Мурод ака ҳам Ҳалима Худойбердиева билан Москвада ўқиган, илгари Мавлон ака билан яхши таниш эдилар.
Мурод Муҳаммад Дўст Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби вазифасида энг узоқ ишлаган ижодкор.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, тўқсонинчи йилларда матбуот котибларига асосан Президент концелярияси ва котибиятидагилар вазифа беришарди.
Президентнинг ёрдамчиси Крайнов баъзан у ёки бу масалада топшириқ бериб қолса, бу улар учун катта ишонч саналарди.
Президентнинг ўзи билан ҳар куни бевосита мулоқотда бўлиш, ҳамдам ва ҳамқадам бўлиб ишлаш уларга ҳеч қачон насиб этмаган. Президентнинг кадрлар билан ишлашга масъул бўлган давлат маслаҳатчиси уларнинг асосий раҳбари ҳисобланарди.
Мурод Муҳаммад Дўст матбуот котиби бўлганидан кейин бу соҳа вакилининг секин аста Президентга яқинлашиш жараёни юз бера бошлади десак тўғри бўларди.
Бу билан мен Ислом ака бошқа котибларига қараганда уни ўзига жуда яқин олганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
У рус тилини мукаммал биларди. Ҳар қандай анжуманда бемалол икки тилда суҳбат ўтказа оларди.
Фикрини Президентга тортинмай айта оладиган дадил мулозим эди.
Бу борада ўзидан олдинги матбуот котиблари Ирисмат Абдухолиқов ва Шавкат Яҳёевларга нисбатан хийла довюрак эди.
Ҳеч ким юртбошига айтолмайдиган гапларни у бемалол айтиши мумкин эди.
Масалан, Президент кабинетидаги йиғинларнинг бирида санъат ва ашулачилик ҳақида гап кетганида, ҳеч тап тортмай “Шералини саҳнага қайтарсак нима дейсиз, Ислом ака?” деб сўраганини эшитганлар бор.
Президентнинг нима деб жавоб қайтаргани, бу энди бошқа масала. Энг муҳим у шу гапларни Ислом акага дадил айта олган…
У Президент ўтказадиган йиғилишларга ҳеч тортинмай жинси шимда келиши мумкин эди. Давлат раҳбари кабинетидаги машваратларда бемалол оёғини чалкаштириб ўтирганини кўрганлар бор.
Мен Ислом Каримовга яқин бўлиб юрган кезларим Мурод Муҳаммад Дўст билан ҳам хар хил давраларда бирга бўлардик.
Ўша пайтларда шу нарсани сезардимки, мен Мавлон Умрзоқовга, қолаверса Президентнинг ўзига ҳам яқин бўлсам-да, лекин негадир Мурод Муҳаммад Дўст мени сал ўзидан узоқлаштириб ёки ўзини мендан узоқроқ олиб юрарди.
Қайсидир ҳатти ҳаракатларим унга ёқмаслигини сезардим…
У мени ёқтирмагани билан, лекин истеъдодли ва виждонли ижодкорларга нисбатан анча эҳтиромли ва эътиборли мулозим эди.
1992-йилда таниқли олим Озод Шарафиддиновга ўхшаш бир гуруҳ ҳур фикрли адабиётчилар атрофида носоғлом вазият вужудга келганини кўпчилик билса керак.
Ўшанда Мурод Муҳаммад Дўст бу инсонларнинг фидойилигини , адабиётимизнинг чинакам жонкуярлари эканлигини Президентга тўғри тушунтира олади.
Албатта, бу ёлғиз унинг эмас, балки Мавлон Умрзоқов билан Зелемхон Ҳайдаровларнинг ҳам хизмати эди. Мурод Муҳаммад Дўст ўз фикрини аввал уларга, сўнг улар орқали Президентга етказишга муваффақ бўлгани учун ҳам ҳурматга сазовор.
Менимча у жуда тўғри қилди: Мавлон Умрзоқов ёрдами билан бир гуруҳ истеъдодли зотларни Президент атрофига тўплади, уюштирди. Бўлмаса, Озод Шарафуддиновга ўхшаган ҳур фикрли зотлар адабий муҳитда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам ном нишонсиз йўқолиб кетишлари мумкин эди…
Ёзувчи одам кейинги воқеаларни ҳам кўра оладиган, тўғри башорат қиладиган бўлиши керак. Шу маънода у истеъдодли руҳшунос сифатида Президентга яқин одамларнинг ишончини қозона олди. Ана шундан кейингина у “Мурод Муҳаммад Дўст” бўлди.
Ундан бошқа бирорта ҳам матбуот котиби Президентга бу қадар яқин бўлолмади. Юқорида айтганимиздек улар Президентнинг бевосита ўзидан эмас, балки унинг ёрдамчиси Крайнов, котибият мудири Абдуқодиров ва давлат маслаҳатчиларидан топшириқ олишарди.
Мурод Муҳаммад Дўстнинг Президентга яқин бўлиши сабаблари, унинг ёзувчилиги билан боғлиқ бўлган бўлса, эҳтимол. Ислом ака яхшигина қалами бор, истеъдодли йигитларнинг фарқига борадиган ва қадрига етадиган раҳбар эди.
Кўнглидаги гап сўзларни худди у киши ўйлагандай, ўзига мос ва хос қилиб қоғозга туширса, Президент бу ижодкорни бошқалардан анча устун кўрарди.
Мен бу ерда у кишининг сон-саноқсиз маърўзалари ва китобларини назарда тутяпман.
Масалан у киши маърўза ёзувчи (спичрайтер)ларни ҳузурига чорлаб ўз фикрини ярим ё бир соат давомида уларга баён қилиши мумкин. Бундай пайтда у киши ортиқча савол берилишини ёқтирмайди. Фақат нутқ матни қачон тайёр бўлиши лозимлигини айтади, холос.
Сўнг орадан маълум вақт ўтгач тайёр бўлган маърўза матни билан танишиш жараёнида агар у кўнглидагидай қилиб тайёрланган бўлса, уни ёзган одам билан дўстона ва самимий муносабатни йўлга қўяди. Уни ўзига яқин олиб, шахсий ҳаёти ва оилавий ишлари билан қизиқиши мумкин.
Менинг назаримда Мурод Муҳаммад Дўст билан ҳам улар ўртасида айни шундай ижодий яқинлашув жараёни юзага келган. Ва буни табиий ҳол деб қабул қилиш керак.
Мурод Муҳаммад Дўст эса ўз навбатида Президентнинг бу яқинлигини қандай қабул қилгани ва тушунгани бу энди бошқа масала. Биз бу мавзуга Мурод Муҳаммад Дўстнинг салбий хусусиятлари ҳақида гапирганда ҳали қайтамиз…
Мурод Муҳаммад Дўстнинг менга маъқул бўлган ажойиб ишларидан яна бири шуки, ўзи билан бирга ўқиган, даврадош бўлган, синалган ўзбек адабиётининг бир гуруҳ истеъдодли вакилларини, яъни – ўзбек адабиётининг ифтихори бўлган бир авлодни имкони даражасида қўллаб қувватлади.
Албатта, Президентнинг матбуот котиби кадрлар билан шуғулланмайди. Бу унинг хизмат ваколатига кирмайди. Лекин Президентнинг кадрлар сиёсати билан шуғулланувчи Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга яқинлиги боис у ўз сафдошларини давлат тизимига олиб келишга эришади.
Қолаверса, Мавлон ака ҳам адабиётни яхши тушунадиган, ижод аҳлини имкон даражасида қўллаб қувватлайдиган бағри кенг одам эди. Бу ерда у кишининг оиласи – истеъдодли шоира Ҳалима Ҳудойбердиеванинг ҳам роли беқиёс бўлгани табиий. Чунки Ҳалима опа ҳамиша ҳалол ва истеъдодли ижодкорларнинг жамиятда ўз муносиб ўринларини топиши тарафдори бўлган.
Масалан, сал кам йигирма йил Президент Девонининг матбуот хизматида консультант бўлиб ишлаган Муҳаммад Раҳмонни бу лавозимга шахсан Ҳалима опа тавсия қилганларини мен яхши биламан. Раҳматли Муҳаммаджон ака бу юксак лавозимга муносиб, ҳалол ва камтар, покиза бир инсон эдилар.
Бевосита Мурод Муҳаммад Дўст ва Ҳалима Худойбердиеваларнинг тавсияси билан мустақил мамлакатимиз ҳаётида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган ижодкорлар талайгина.
Менинг хотиравий рўйхатим бўйича улар қуйидагилар: Озод Шарафиддинов, Неъмат Аминов, Хасан Бўриев, Маматқул Ҳазратқулов, Усмон Азимов, Хайриддин Султонов, Муҳаммаджон Раҳмонов, Эркин Аъзамов, Саъдулла Ҳаким, Аҳмад Тошхўжаев, Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам, Суннат Аҳмедов, Мирзо Кенжабоев, Сирожиддин Саидов, Муртоза Қаршибоев, Қулмон Очилов, Фахриддин Низом ва бошқалар.
Уларнинг рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Бу истеъдодларнинг ҳар бирига ўзига ва имконига яраша иш топиб берилди, кўпчилиги амалдор қилинди.
Масалан ушбу рўйхатдаги Усмон Азимов, Саъдулла Ҳаким ва Хайриддин Султоновлар Президентнинг Давлат маслаҳатчилари лавозимигача кўтарилишган. Уларнинг орасидан Хайриддин Султонов ўн беш йилдирки, ҳануз ўз лавозимида турибди…
Бир талай талантли адибларимиз эса адабиёт ва санъат соҳасидаги юксак унвонларга, Давлат мукофотларига сазовор бўлдилар.
Адабиётни тўғри тушуна оладиган, истеъдодли ва истеъдодсиз ижодкор фарқига ета биладиган давлат маслаҳатчиси билан яқинлиги учун ҳам Мурод Муҳаммад Дўст бу хайрли ишларни амалга оширишга муваффақ бўлган.
Мен ҳам давра кўрган йигитман. Менинг ҳам ўзимга яраша даврадошларим, ёру-биродарларим бор эди. Лекин мен “отнинг устида юрган” пайтларимда шу нарсаларга ақлим етмаган, ўзим билган ва ишонган уддабурон йигитларга вазифа олиб беришни ўйламаганман.
Ваҳоланки, мен ҳам Мурод Муҳаммад Дўст даражасида у ёки бу одамга амал масаласида ёрдам бера оладиган имкониятларга эга эдим.
Лекин мен шу нарсани вақтида тушунмаганман. Одам мансабга чиққанида нафақат ўзини ўйлаши, балки қўлидан иш келадиган бошқа дўстлари ва танишларини ҳам ёнига тортиши кераклигини, қолаверса ўз командасини ҳам тузиши лозимлигини англаб етмаганман.
Гарчи мен Мурод Муҳаммад Дўстнинг ўзини унчалик ёқтирмасам ҳам, лекин унинг қилган ишларини юксак қадрлаш керак деб ҳисоблайман. Агар у ишдан ҳайдалиб, кўчада қолган тақдирда ҳам ундан яхшилик кўрган одамлар уни бошларида кўтариб юришса керак деб хаёл қиламан…
Демак, агар мен Мурод Муҳаммад Дўст ҳақида ижобий фикр мулоҳазаларимни баён этаётган бўлсам, бу гапларни уни азбаройи яхши кўрганимдан айтаётганим йўқ, балки бор ҳақиқатни эътироф этаяпман, холос.
Биз бировга баҳо бераётганимизда фақат ўзимизнинг шахсий муносабат, манфаат ва амбициямиздан келиб чиқиб фикр юритмаслигимиз лозим.
Зеро, ўртада Ўзбекистон манфаати, Ватан манфаати турганини асло унутмаслик керак.
Негаки, ўз юртига, миллатига том маънода ситқидилдан хизмат қиладиган истеъдодли йигитлар ҳар куни туғилавермайди.
Агар уларнинг потенциал имкониятлари Ватан манфаати йўлида хизмат қилишга сафарбар этилмаса, бундан энг аввало давлатимиз зарар кўради.
Мурод Муҳаммад Дўст шу маънода Ўзбекистоннинг интеллектуал заҳирасини рўёбга чиқариш ва авайлаб-асраш борасида Президентга, давлатимизга ва халқимизга беқиёс хизмат қилди.
Менимча, “Буюк хизматлари учун” ордени ҳам Мурод Муҳаммад Дўстга ўхшаган адабиёт ва миллатга садоқатли ҳамда фидойи кишиларга берилиши керак…
Адабий давраларда юриб яна эшитдимки, Мурод Муҳаммад Дўст истеъдодли қаламкашларни имкон қадар қўллаб қувватлар экан.
Масалан, Сирожиддин Саид, Набижон Боқий, Матназар Абулҳаким, Иқбол Мирзо каби ижодкорлар Мурод акадан то ҳануз миннатдор эканликларини гапириб юришганини ўз қулоғим билан эшитганман.
Кейинги йилларда Давлат мукофотлари, унвонлар берилиш жараёнига Мурод Муҳаммад Дўст фаол аралашган деган гаплар бор.
Мен шахсан бунга ишонмайман. Негаки, мукофотга муносиб номзодларни Президентнинг матбуот котиби эмас, балки давлат маслаҳатчилари танлашади ва юртбошига тавсия этишади.
Лекин, агар ростдан ҳам шундай бўлган бўлса, буни фақат олқишлаш керак бўлади.
Чунки у шахсий манфаатларини бир ерга йиғиштириб қўйиб, масалага ҳалол ёндашадиган инсон эканлигини яхши биламиз. У ҳеч қачон лаёқатсиз ижодкорларни бирор мукофот ёки унвонга тавсия этмайди. Ҳамиша диёнат ва виждон даъватига қулоқ тутади.
Мурод Муҳаммад Дўст фақат муносиб кишиларга мукофот берилишига тарафдор бўлади. У ўзи шахсан ёмон кўрадиган ижодкорни ҳам, агар истеъдодли бўлса, “Мукофотга муносиб!” деб айта олади. Шундай адолатли ва ўжар характери борлигини мен шахсан биламан.
Айтиш мумкинки, гап АДОЛАТ ТАРОЗИСИ ҳақида кетган пайтда Мурод Муҳаммад Дўст доимо виждонига бўйсунади, ҳеч қачон унга хиёнат қилмайди.
Шу боис ҳам ҳар қандай даврада ўзини эмин эркин ҳис этади, ҳеч кимдан тили қисиқ жойи йўқлигини яхши билади.
Қизиқ ҳолат: айрим одамлар ўзларининг қариндош-уруғлари ва таниш- билишларини қулоғидан тортиб, юқори мансабларга олиб чиқадилар ва охир- оқибат шармандаи шармисор бўладилар.
Чунки уларнинг мезони АДОЛАТ эмас, балки ШАХСИЙ МАНФААТ ва ҚАРИНДОШ УРУҒЧИЛИК бўлади.
Шунинг учун ҳам улар бу ҳақда гап кетган давраларда эмин-эркин ўтира олмайдилар. Кимдандир тили қисиқ эканини ҳар зум, ҳар қадамда сезиб турадилар…
Мурод Муҳаммад Дўст бўлса, фақат талантли инсонларнинг рўёбга чиқаришга интилади ва бунда ҳеч қандай шахсий манфаатини ўйламайди.
Бу икки ҳолат ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини эсдан чиқармаслик керак!
Дарҳақиқат, Мурод ака қўллаб қувватлаган одамларнинг бирортаси ҳам ўз соҳасида тасодифий одамлар эмас, ҳаммаси шак-шубҳасиз истеъдодли шахслар.
Булар менинг Мурод Муҳаммад Дўст ҳақида Президентнинг матбуот котиби бўлган пайтда Ватан ва миллат манфаати йўлидаги хизматларидан келиб чиқиб айтадиган гап сўзларим эди.
Энди бу одам ҳақида бевосита ўзимнинг шахсий мулоҳазаларимга келсак. Афсуски, улар деярли ижобий эмас…
Инсон руҳияти ва психологиясини яхши ва мукаммал ўрганган Мурод Муҳаммад Дўст Президентнинг ўзига бўлган ишончи ва яқин муносабатидан “унумли” фойдаланишга ҳаракат қиларди.
У эртани кўра биладиган ижодкор сифатида “от устидаги” бу шукуҳли дамлари ҳам ўткинчи бир давр эканини, бу доимий давом этиши мумкин эмаслигини ҳам яхши билган.
Олий ўқув юртига одам киритиш масаласидан у яхши фойдаланди. Буни Ўзбекистон ҳукумати ва вазирлигида масъул мулозимлар яхши билишади.
Жиноий иши маҳкамага тушган бадавлат фуқароларнинг йирик-йирик “илтимос”лари ҳам унинг назаридан четда қолмаган.
Президент матбуот котибининг бу каби “илтимос” ва найрангларидан безиб қолган мансабдор шахслар бу ҳақда очиқ-ойдин гапира бошладилар.
Ўзбекистон Олий Судининг ўша пайтдаги раҳбарлари Президент Девонининг масъул ва мансабдор мулозимларига келиб Мурод Муҳаммад Дўст устидан унинг суд ходимларининг кадрлар масаласига ҳуда-беҳуда аралашаётгани ҳақида шикоят қилганларини яхши биламан.
Фуқароларнинг у ёки бу жиноят иши бўйича ўз моддий манфаатини кўзлаб олий суд суъяларига бевосита кўрсатма берганларини эшитганман.
Бу билан мен айнан Мурод Муҳаммад Дўст шунақа ишлар билан шуғулланган-у, бошқалар “оппоқ” эди дейишдан йироқман.
Президент Девонидаги, мамлакат раҳбариятидаги мулозимларнинг деярли ҳаммаси шундайлигини, шу каби илтимослар билан кун кўришини Ўзбекистонда бугун ҳамма билади.
Мурод Муҳаммад Дўст Президентнинг матбуот котиби бўлган пайтда Тошкентнинг “Рублёвкаси” – Қибрайда қурилган данғиллама уйи шаҳарда катта шов-шув бўлганини ҳам яхши биламиз.
Аслида бизнинг миллатдошимиз — ўз ҳамкасбимиз ва ё дўстимиз ҳам шундай кўркам ва мўҳташам кошоналарда яшаса, биз хурсанд бўлишимиз керак эди.
Лекин Президент ишончидан ўзига хос усулда фойдаланган уддабурон ҳамкасбимиз мазкур кошона калитини қўлга оларкан, бу данғиллама ҳовлига ўз меҳнати билан бир дона ғишт қўймаганини ҳам яхши биларди…
Хамелеонларча маҳорат билан қўлга киритилган бу кошонада одам ҳузур-ҳаловат топиши, фароғатда яшаши мумкин. Лекин виждон азоби (агар у бўлса), уни ҳеч қачон тарк этолмайди…
Дарвоқе, унинг хамелеонлиги ҳақида. Кимдир бу сўзни рус тилидан “буқаламун” деб нотўғри таржима қилган. Лўттибозлик ва масхарабозликнинг уччига чиққан устасини биз хамелеон деб айтсак, ярашади. Хамелеон — бу хамелеон! Унинг бошқа таржимаси йўқ!
Мурод Муҳаммад Дўстнинг устамонлиги бор эди. Ўзидан юқори даражали, маълум маънода ўз тақдирини ҳал қилувчи мулозимларга у мутлақо истеъдодли хамеолон бўла оларди.
У маҳоратли ўйинчи эди. Одамларни чалғита биларди. Атрофидагиларни жуда осонлик билан ўзига ишонтира оларди.
Афсуски, буни кенг доира яхши билмайди. Юқорида таърифланган ҳолни мен ҳар икки доирада ҳам бевосита кўрган ва кузатганман.
У шахсий ва моддий манфаатлари боис бир доирада бутунлай бошқа Мурод Муҳаммад Дўст бўлиб гавдаланса, иккинчи доирада, айниқса адабиёт оламида, ҳақиқат ва адолат тимсоли бўлиб майдонга чиқиш қобилиятига ҳам эга эди.
Мен бу ҳар икки доирада ҳам ўзини бунчалар тез ўзгартира оладиган Мурод Муҳаммад Дўстни кўриб баъзан чуқур ўйга толардим: Мурод Муҳаммад Дўст Хамелеондан ўрганганми ёки Хамелеон Мурод Муҳаммад Дўстдан ўрганганми деб…
Бу ролни у шу қадар табиий ижро этиб, ўрнига қўярдики, унинг дўстлари тугул, душманлари ҳам унинг бу лўттивозлигига тан бермай иложи йўқ эди.
У давлат раҳбарини ҳам айни маҳорат билан нақадар чалғитганини, ўзининг уддабуронлик ва чапдастлик билан ижро этган ролларига мутлақо ишонтира билганига шубҳам қолмасди…
У ҳар гал сиз билан ўпишиб кўришаркан, унинг қилган қабиҳликларини ўйлаб, тилингиз калимага келмай, ўзингизни ўнглолмай туриб, ажиб бир абжирлик билан Сиздан узоқлашаркан, одам шунчалик ҳам лўттибоз ва виждонсиз бўлиши мумкинмикан деб ўйлаб қоласиз.
У бир пайтлар хамелеонларча бошини айлантириб, ўзи қув туширган шўрлик одамларни, ўзи бомба қўйиб портлатган шахсларни ҳар кўрганида қучоғлаб ўпиб, ажиб бир меҳр билан бағрига босаркан, унга тенг келадиган хамелеон одам дунёда йўқлигини кўриб ажиб ҳайрат бирла ҳасратларга ошно бўлардим…
Нима учун бугун бу гапларни айтишга эҳтиёж сездим?
Мен Мурод Муҳаммад Дўстни Девонда ишлаган чоғи уни фақат заҳматкаш ва оддий одамлар тарафида турган, доимо уларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилган деб ундан “Адолат тимсоли” яратмоқчи бўлаётган, унинг мутлақо покизалигини даъво қилаётган баъзи ҳамкасбларим билиб қўйиши учунгина бу гапларни айтишга мажбур бўлдим, холос.
Унинг Ватан ва миллат ҳақидаги баландпарварвоз гап-сўзларига ишониб, уни ростдан ҳам Президент саройидаги яккаю ягона “ҳақиқат жарчиси” деб билган, адолат тимсоли деб ўйлаган содда одамлар учун менинг бу “кашфиёт”ларим нечоғлик аччиқ ва тахир, азобли ва оғир эканини яхши биламан.
Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Ҳар қандай сир, ҳар қандай жумбоқ — орадан қирқ йил ўтса ҳам бир кун келиб албатта ошкор бўлади деганларидек, унинг девонда ишлаган пайтдаги бошқа ножўя ҳатти — ҳаракатлари ҳам вақти келиб элга маълум бўлади. Бунга фақат ВАҚТ керак, холос…
Ҳали Президентга бу қадар яқинлашиб кетмаган пайтда, бир куни кутилмаганда Мурод Муҳаммад Дўст матбуот котиби вазифасидан ҳайдалиб кетиши мумкин эди.
Президентга боғлиқ меҳмонлар билан керагидан зиёд ичкилик ичиб шарманда бўлганидан сўнг Ислом ака уни саройдан йўқотиш ҳақида топшириқ берган эди.
Мавлон ака бошини кундага қўйиб, узоқни ва Президент девонининг шаънини ўйлаб уни асраб қолган. Бу воқеа 1993-йилнинг баҳор ойларида содир бўлган эди.
Айни нохуш ҳолдан сўнг мен уни қўлида қадаҳ-у, кўзда ёш билан Мавлон акага умрбод садоқатли бўлишга қасамёд қилган ҳолатини яхши эслаб қолганман.
Лекин орадан бир йил ҳам ўтар ўтмас, 1994-йилнинг май ойида Мавлон ака ишдан бўшаганидан сўнг, ўзини болтанинг тагидан олиб қолган одамга тўҳмат қилиб Президент номига “Бу сизнинг муборак ўрнингизга кўз олайтирган эди” деб “донос” ёзганини ҳам яхши биламан.
Ҳолбуки Мавлон ака ҳеч қачон Президент бўламан деб гапириш тугул, бу ҳақда ўйламаган ҳам…
Биз Мурод Муҳаммад Дўст билан боғлиқ юзсизлик ва сотқинликнинг бу мунгли хотираларига ҳали қайтамиз…
1994-йилнинг 26-июлида мени Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан бирга ҳибсга олганларидан кейин “Халқ сўзи” газетасида “Муттаҳамнинг парвози” номли мақола эълон қилинади.
Мурод Муҳаммад Дўстнинг ташаббуси ва бевосита иштироки билан эълон қилинган бу “ўйдирма” мақолада бошдан оёқ Исмат Хушев деган муттаҳам йигитнинг парвоз ва инқирози ҳақида сўз боради…
Энг ажабланарлиси шуки, мазкур фелъетон “Халқ сўзи”да эълон қилинганидан сўнг кўп ўтмай, ўша “муттаҳам” Исмат Хушев, уч маротаба қамалганига қарамай, яна шахсан Президентнинг ташаббуси билан ўзбек, рус ва инглиз тилларида чиқадиган “Деловой партнёр Узбекистана” газетасига Бош муҳаррир этиб тайинланади.
Мазкур фельетон “Халқ сўзи”да эълон қилинганидан роппа роса икки ярим ой ўтиб, яна бош муҳаррир лавозимига тайинланганимдан кейин мен ноҳақ ҳақоратланган ва тахқирланган жабрдийда сифатида бу саволларнинг ўз пайтида ечимини истаган эдим.
Газета муҳаррири мақолани Президент девонининг матбуот хизматидан олганини айтса, бу хизмат раҳбари Мурод Муҳаммад Дўст менга тутқич бермас, учрашганида эса шошганича ўпиб-қучоғлаб, кўзларига қадалган кўзларимга қарашдан қочарди.
У билан бирга бу мақолани ёзган шахс, виждон азобидан қочиб, бир кун менга кўнглини ёрди. Бу одам, не тонгки, Китобдаги болалар уйида отамнинг қўлида ўсиб улғайган менинг ҳамюртим, устозим Муҳаммаджон Раҳмонов бўлиб чиқди…
Лекин Мурод Муҳаммад Дўст учун виждон азоби ҳам бегона экан…
Агар мақолада ёзилган гап сўзлар рост бўлса, унда нега Исмат Хушев яна юқори давлат лавозимига муносиб кўрилди?
Ё Исмат Хушев фельетонда ёзилганидек, ростдан ҳам муттаҳам йигит — шунча маротаба қамалганига қарамай яна Президентнинг бошини айлантириб, амалга чиққани учун!
Ёки мақолани уюштирган ва ёздирган Мурод Муҳаммад Дўст унинг олдида муттаҳам — Исмат Хушевга тўҳмат қилгани учун!
Буни энди ростдан ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак бўлади…
Мурод Муҳаммад Дўстдан кейин Президентнинг матубот котиби вазифасига Азамат Зиё тайинланди.
Мавлон аканинг ўрнига кадрлар бўйича Президентнинг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган Темур Алимов аввал Мурод Муҳаммад Дўстдан Мавлон Умрзоқов билан менга қарши яхшигина фойдаланиб, сўнг унинг ўзини ҳам улоқтириб ташлайди. Унинг ўрнига эса синглиси директор бўлиб ишлайдиган тарих институтида оддий тадқиқотчи бўлиб юрган Азамат Зиёевни олиб келади.
Бу йигит Фанлар Академиясининг Тарих институтида ишлаб юрган пайтларида “Ўзбекистон овози” газетасида туркум мақолалар эълон қилиб, Президентнинг назарига тушади.
Аниқроғи уни Девонга ишга олиш учун қисқа муддатда уч-тўртта мақоласини эълон қилиб, Президент назарига туширишади…
У ўз устида тинмай ишлайдиган заҳматкаш олим. Лекин журналист сифатида биз бундай дея олмаймиз. Унинг ёзганлари ҳануз таҳрир талаб, бўш ва савиясиз эканлигини бугун очиқ ойдин айтишимиз керак. Майли, бу мавзуга кейинроқ қайтамиз…
Азамат Зиё тўғрисида дастлаб илиқ фикрга эга бўлишимга сабаб шуки, мен қамалиб чиқиб, кўчада юрган пайтларимда Карим Баҳриев Президентнинг тавсиясига кўра, янги ташкил этилган “Ҳуррият” газетасига Бош муҳаррир этиб тайинланади.
Мен кўчада юрибман, журналистикага қайтиш мўлжалим бор, лекин ҳеч ким мени ўзига яқинлаштирмайди. Чунки, Президент кўрсатмаси билан ишдан урилиб, қамалиб чиққанман, кўплар мени танийди, ишга олишга чўчийди…
Каримжон Бош муҳаррир бўлганидан кейин дарҳол мени чақириб: “Исмат ака, энди бирга ишлаймиз!” деди. Шунда муҳаррир этиб тайинланишидан олдин, Президент билан бўлган суҳбатнинг мазмунини гапириб берди.
Ислом ака унга қатор мавзуларни мустақил газетада ёритиш лозимлигини тавсия этган экан. Ўша мавзулардан бири – оилани режалаштириш масаласи эди.
— Бир пайтлар оилани режалаштириш тўғрисидаги масала кўтарилганда ёзувчилар тўполон қилишган эди. Энди ўша масалага яна қайтиш керак, лекин буни одамларга тўғри тушунтириш лозим. Агар иқтисоди кўтарса, оилавий имкониятлари мавжуд бўлса, майли ўнта фарзанд кўрсин. Агар эр- хотиннинг иқтисоди кўтармаса, камроқ фарзанд кўришини тарғиб қилишимиз керак, — деб маслаҳат беради Ислом ака.
Хуллас, Карим Баҳриев шу мавзуда мақола ёзишни менга топширади.
Биринчидан, бу Каримнинг менга бўлган садоқатидан нишона эди. Негаки, Ислом ака эртага албатта ўзи берган мавзуларни қандай ёритилиши билан қизиқиб, газетага назар ташлаганда, менинг номимни кўриши аниқ эди.
Иккинчидан, ҳеч қаерда номи чиқмай юрган одамнинг Президент ташаббуси билан ташкил этилган янги газетада чиқиши, бу одамнинг яна “сафга қўшилгани”дан далолат эди.
Нима бўлганда ҳам, Каримжон менга имконият бериб катта яхшилик қилган эди ўшанда.
Хуллас, “Ҳуррият”нинг биринчи сонида “Менинг тўққиз болам бор, саккизтаси бемадор…” номли мақолам эълон қилинади.
Мақола чиққанидан сўнг бир жойда Азамат Зиё Каримжонни учратиб қолиб:
— Исмат Хушев жуда талантли журналист эди, қамоқдан чиқиб эзилиб юрибди, деб эшитган эдим. Шу йигитнинг мақоласини бериб яхши иш қилибсиз. Раҳмат Сизга, Каримжон! – деган экан.
Унинг гапларини Каримжон менга етказди. Ниҳоятда хурсанд бўлдим. Азамат Зиёни танимасам ҳам, лекин уни яқин биродаримдек яхши кўриб қолдим.
Сал ўтиб, “Деловой партнер Узбекистана” — “Ҳамкор” газеталарига Бош муҳаррир этиб тайинландим.
Азамат Зиё ҳам бу пайтга келиб Тарих институтидан Президент Девонига – Давлат маслаҳатчиси Саъдулла Ҳакимнинг қўлига ишга ўтган эди. Уни Сафар Остонов кўп мақтарди. Улар бирга ишлашар эди.
Президентнинг матбуот котиби этиб тайинланган Азамат бу лавозимда ҳам кўп ишламай, ҳаммани ажиб ҳайрат ва ҳавасларга ошно этиб, “Ёшлар ва сиёсий партиялар” бўйича Президентнинг Давлат маслаҳатчиси этиб ишга тайинланади.
Авваламбор, бундай лавозимнинг таъсис этилиши менимча нотўғри эди. Чунки демократик жамиятда сиёсий партияларнинг фаолиятини юқоридан назорат қилиниши, ҳатто эзгу мақсадларда бўлса ҳам йўналтириб турилиши мумкин эмас.
Негаки, сиёсий партиялар давлат тизимидан ташқари фаолият кўрсатади. Бу ишнинг хато эканини Президент тез орада англаб етади ва бу Бошқармани қисқартириб, Азамат Зиёни яна қайтадан матбуот котиби лавозимига туширади.
Ўша пайтларда унинг нима учун у ёқдан бу ёққа “футбол” қилинганини билмайман.
Азаматга ўрин қидирилаётган, матбуот котиби вазифасига қайтарилган пайтларда Ўзбекистонда “Фидокорлар” сиёсий партияси тузилиши бошланган эди. Бу партиянинг Ташкилий қўмитаси ва Ишчи гуруҳи тузилиб, Азамат Зиё шу ишларнинг тепасида турган эди.
“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек мен яна сиёсатга қайтишни қўмсаб қолдим. “Фидокорлар” партиясининг фаолиятида қатнашсам қанақа бўлар экан деб ўйладим. Бу ҳақда Сафар Остонов билан маслаҳатлашдим.
Сафар ака мени Тошкент шаҳар “Фидокорлар” партияси Ташкилий Қўмитаси раиси Акмал Акромовга тавсия қилади.
Акрам Акромов илгари Сафар ака билан бирга Президент девонида ишлаган, ўша кунларда эса “Тошкент оқшоми” газетасига Бош муҳаррир этиб тайинланган эди. У мени қандайдир Кенгашларга аъзо қилиб қўяди.
Шундай бўлса-да, Азамат Зиё барибир кўп нарсани ҳал этса керак деб ўйладим. Яъни, “Фидокорлар” партиясининг етакчи фаоллари сафидан жой олиш учун бевосита Азамат Зиёнинг олдидан ўтиб қўйишим лозим эди.
Бир куни нимадир харид қилиш учун Чорсу бозорига тушдим.
Аслида, бозорга ҳеч қачон ёлғиз тушмасдим. Хотиним ёки шофёрим билан тушаман, баъзан жиянларимни эргаштириб оламан – юк пукларни кўтариб юришарди.
Ўша куни Чорсу бозорига бир ўзим борган эканман. Тепадаги гўшт сотиладиган бозор атрофида лаллайиб юрган эдим.
Бозордан чиқаверишда қоп-қора супер салон машина турарди. Ҳайрон бўлдим. Наҳотки, катталардан бирортаси бозорга келган бўлса?
Машина панжарали деворнинг нариги томонида турар, шофёр эса ўз жойида газета ўқиб ўтирарди.
Баттар ҳайратландим: ахир супер салоннинг эгаси шофёрини олдига солиб юриб бозор-ўчар қилмайдими?
Бу қанақа бефаросат шофёрки, хўжайини ёки хўжайкасини ёлғиз бозорга киритиб юбориб, ўзи газетхонлик қилиб ўтирса?
Мундоқ қарасам, Азамат Зиё бозорнинг ўртасидан иккита оғир елим халтани кўтариб чиқиб келяпти. У терлаб пишиб супер салон томон борарди. Ие, дедим. Бу йигит шофёрига ҳам иш буюра олмас экан-да!
Уни кўрдим-у, хаёлимдан минг хил фикр кечди. Шошма дедим ўзимга ўзим.
Биринчидан, Карим айтган гап эсимда турибди. Иккинчидан Президентнинг матбуот котиби. Учинчидан, “Фидокорлар” партиясининг лидерларидан бири ҳисобланади.
Хуллас, мени шайтон йўлдан урди, югуриб Азамат Зиёнинг олдига бордим.
— Ассалому алайкум Азамат ака! Юкингизни менга беринг! – дедим қатьий оҳангда.
— Раҳмат, ука! – деди у. – Ишларингиз яхшими? – деб қўлидаги юкларини менга тутқазди.
Сочлари оқариб, кўринишидан эллик-олтмиш яшар кишилардек бўлса ҳам, аслида ҳали ёш бола бўлиб, мендан беш олти ёш кичкина экан.
— Мени қаердан танийсиз? – деб сўради Азамат қизиқсиниб.
— Э-э, ака, Сизни танимайдиган одам бораканми! – дедим лоф аралаш. – Сизни бутун Ўзбекистон танийди!
— Йўғ-е, негадир кўкатфурушлар беш сўм учун мен билан ярим соат талашиб- тортишдилар… Танишса, билишса, беш сўм арзон бериб юборишса ҳам бўларди-ку! – деди Азамат.
Чамамда, Азамат кўкатни беш сўм қимматроқ харид қилганди: энди ярим қути гугуртнинг пулини тежаб қоломагани учун астойдил ачиниб, мен билан бозорга киришида учрашмаганига афсусланарди.
— Бундан кейин бозорга тушадиган бўлсангиз, ўзимга айтинг, бирга тушамиз. Мен Сизни бир чеккадан ҳамма чайқовчиларга таништириб чиқаман. Шундай қилсам, кейинги киришингизда ўзлари қўл қовуштириб кутиб олишади, — дедим.
— Кечирасиз, ўзингиз ким бўласиз? – деб сўради у хавотирланиб.
Мен жавоб беришга шошилмадим, юкларни янада маҳкамроқ қучоқлаб олдим.
Беш сўм учун талашиб тортишган харидорнинг икки кўзи елим халталарда эди: билмадим, опқочиб кетади, деб ўйладими ёки кўтаришиб боргани учун шофёрининг олдида фалон сўм “тачка пули” берасан деб тиқилинч қилмаса гўргайди, дедими…
Менга бошдан оёқ разм солди: бўйинбоғимни, дазмолланган шимимни, гард қўнмаган туфлимни кўриб, бир оз хотиржам бўлди.
Супер салонга етишимизга ўн-ўн беш қадамча масофа қолди. Энди бўладиган гапни пайсалга солсам кечикишим мумкин эди. Кейин уни яна қчон учратаман…
— Азамат ака, мен Исмат Хушев деган журналистман. Бир пайтлар менинг “Ҳуррият”да эълон қилинган мақолам тўғрисида Карим Баҳриевга жуда яхши гаплар айтган экансиз. Ўшандан бери Сизни ғойибона ҳурмат қилиб юраман, — дедим самимийлик билан.
— Карим Баҳриевнинг урилиб кетганига анча бўлди-ку, — деди у ажабланиб.
— Лекин Сиз айтган гап “урилгани” йўқ… Чунки мен Президент тавсия этган мавзу бўйича мақола ёзган эдим…
— Шошманг, — деди у қадамини секинлатиб, секин тирсагимдан туртди ва қуюқ қошларини чимириб, пастки лабини тишлаб, ўйланиб қолди. – Агар янглишмасам, ўшанда сиз ёзган мақола эмас, балки сиз кўтариб чиққан мавзуни мақтаган бўлсам керак, — деди.
— Нима фарқи бор? – дедим мен ҳам ажабланиб. — Мақола билан мавзуни бир- биридан ажратиб бўладими? Ахир, улар эт билан тирноққа ўхшайди-ку!
— Жуда фарқи бор-да, ука! Мақолани сиз ёзгансиз, лекин мавзу сизники эмас. Президентники. Тўғрими?
Оғзим очилиб, жойимда таққа тўхтаб қолдим. Ёнимдан кимдир туртиб ўтиб кетганидан кейингина ўзимга келдим.
— Ака, жуда зерикиб кетдим, мени сиёсатга умуман яқинлаштирмаяптилар. “Фидокорлар” сафида бўлишни истардим…- дедим мақсадга кўчиб.
Азамат Зиёнинг башараси қийшайиб кетди.
— Қани, халталаримни беринг-чи! – деди у бирдан. – Ҳозир менинг сиёсатга ҳеч қандай алоқам йўқ, — деб бозорлиқни қўлимдан юлқиб олди-ю, хайр-маъзурни ҳам насия этиб жўнаб қолди…
Худди устимдан бир челак совуқ сув қўйиб юборгандек бўлди. Эс- ҳушимни йиғиб, бир икки қадам ташлаганимни биламан, Азамат Зиё супер салонининг орқа ўриндиғига ўтирди-ю, шофёрининг елкасидан туртди – машина кучаниб ўрнидан қўзғолди…
Ана холос!
Шу шу, Азамат Зиёдан кўнглим қолди.
Тўғри, кейинчалик, бир икки марта “БИ-БИ-СИ” радиосидаги чиқишларимда Азамат Зиёни мақтагандай бўлдим. Лекин ўшанда ҳам Азаматни эмас, балки президент сиёсатини маъқуллаган эдим…
Азамат Зиёнинг инсон сифатидаги моҳияти , менимча, мана шу воқеадан сўнг яққол намоён бўлади. Албатта, бу менинг шахсий хулосам. Унга баҳо беришни ўқувчи ҳукмига ҳавола қиламан. Ўз фикримни тиқиштирмайман.
Кейинчалик Азамат Зиё депутатлик мандатини қўлга киритиб, узоқ муддат Олий Мажлиснинг “Ёшлар” қўмитасини бошқарди.
Назаримда бугун ҳам у Олий Мажлис ва ё Сенатнинг туппа-тузук бирорта бўлимига раҳбар бўлиб юрган бўлса, не ажаб!
Ўтган қатор йиллар давомида биз Азаматга ўхшаш истеъдодсиз ва ўртамиёна одамларнинг аксарияти ҳануз мулозим бўлиб келаётганини кўп кузатдик.
Истеъдодли ва ўз фикрига эга одамлар эса ҳукумат ва давлат идораларида узоқ ишлай олмаслиги ҳам бугун ҳеч ким учун сир эмас…
Азамат яхши олим бўлиши мумкин, яхши одам бўлиши мумкин. Борингки, яхши одамнинг фарзанди бўлиши мумкин. Лекин уни, минг афсуски, яхши журналист, боз устига Президентнинг ўз ўрнидаги матбуот котиби деб айтолмаймиз..
Дарвоқе, шу ўринда у кишининг оталари ҳақида ҳам икки оғиз айтиб ўтмасак, адолатсизлик бўлади. Менинг назаримда Азамат Зиё оталари Ҳамид Зиёев боис Азамат Зиё бўлган бўлса, ажаб эмас.
Мен студентлик пайтларимда университет кутубхонасида ўтириб, Ҳамид Зиёевнинг “Шарқ Юлдузи” журналида олтмишинчи йилларда эълон қилинган “Сибирдаги ўзбеклар” деган мақоласини ўқиган эдим.
Унда олим амир Олимхон даврида Бухоро билан Сибирь ўртасида савдо йўли тикланиши бўйича қимматли маълумотлар беради. Бухоро кўракўли ва матоларининг Сибирда сотилиши ва у ердан келтирилган рус маҳсулотларининг Бухоро орқали бутун Ўрта Осиёга тарқалгани ҳақида жуда қизиқарли гаплар айтади.
Назаримда, Ҳамид Зиёевдек таниқли ва машҳур олимнинг ҳали ҳеч ким танимайдиган ва билмайдиган ўғли борлигини, у тарих институтида оддий тадқиқотчи бўлиб юрганини тарих институтининг ўша пайтдаги раҳбари Президентнинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлайдиган акаси Темур Алимовга айтган шекилли.
Бундай дейишимизга сабаб шуки, институтга шу пайтга қадар раҳбарлик қилган Олий Мажлис депутати Аҳмадали Асқаровнинг ўрнини ўзининг туғишган синглисига олиб бериш масаласида Темур Алимовга ўша пайтлар профессор Ҳамид Зиёев катта ёрдам кўсатган эди.
Шу ўринда Темур Алимовнинг макри ва ҳийласи билан бир қаторда, унинг маҳоратига ҳам қойил қолиш керак бўлади. Синглисининг эри Аъло Ходжаев Президентнинг шахсий душманига айланган бўлишига қарамай, Темур Алимов ўшанда институтда директор ўринбосари бўлган Ҳамид Зиёевнинг ёрдами билан ҳам оила, ҳам мансаб, ҳам сулола обрўсини сақлаб қола олди.
Бунинг учун одам илоннинг ёғини ялаган, ниҳоятда уста ҳийлагар бўлиши керак.
Шу маънода Азамат Зиёевнинг кутилмаганда Президент девонидаги нуфузли лавозимларга муносиб кўрилишини пихини ёрган лўттивоз мулозим Темур Алимовнинг ўз синглисини қўллаб қувватлагани учун Ҳамид Зиёевга кўрсатган эҳтироми деб қабул қилиш керак бўлади…
Майли, агар Темур Алимов ҳам Мурод Муҳаммад Дўстга ўхшаб мамлакатнинг энг олий саройига ҳар томонлама муносиб одамни тавсия қилганида эди, биз буни тўғри тушунишга ҳаракат қилсак бўларди.
Лекин минг афсуски, Азамат Зиёевда бу юксак лавозимларда ишлаш учун қадду-қомат ва сохта сумбатдан бўлак на билим, на салоҳият ва на маҳорат бор эди…
Лекин шунга қарамай у Президентнинг матбуот котиби, ҳатто Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ҳам ишлаш бахтига муяссар бўлди.
Темур Алимовнинг Азамат Зиё мисолида кадрлар масаласидаги шу биргина хатоси давлат ва жамият учун қанчалар катта зиён бўлганини ҳали йиллар ўтиб англаш мумкин бўлар. Хўш, қолган бошқа соҳадаги хатолар учун ким жавоб беради?
Бундан икки йиллар муқаддам, аниқроғи 2009-йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Азамат Зиёнинг бир мақоласи чиққан эди. Мен уни ўқиб, Азамат ҳали ҳануз ўзгармаганини, ўша-ўша тутриқсиз ва тафаккурсиз йигит бўлиб қолганининг яна бир бор гувоҳи бўлдим.
Мақолада ёзилишича, Азамат Зиё ҳар куни эрталаб ўша мен “Чорсу” бозори олдида кўрган супер салон машинасида ишга бораётиб, Эски Жувадаги биринчи типография ёнидан ўтишга мажбур бўларкан.
Ва ҳар гал бу “зиё маскани”ни кўрганда унинг ёдига Чор Россияси ва уларнинг мустамлака сиёсати тушиб, хаёллари паришон бўларкан. Шунинг учун ҳам бу зиё масканига қарамасликка, уни кўрмасликка ҳаракат қиларкан.
Яқинда яна ишга кетаётган Азамат Зиё, бу “зиё маскани”ни бир талай самосваль ва тракторлар бузаётганини кўриб, мустақиллик шарофатидан, унинг Николай ва Чор Россияси қолдиқларини бузишга изн берган эркинликларидан қалби фахр ва ифтихорга тиммо-лим тўлганини ёзади.
Мен Азамат Зиёнинг эл орасида “биринчи типография” деб танилган бу қутлуғ “зиё маскани”нинг бузилаётганидаги бемаъни ҳис ва ҳаяжонларини ортиқ таърифлашни истамайман.
Фақат демоқчиманки, Азамат Зиё агар ўз оти билан Азамат Зиё бўлса, у Николай давридан қолган бу зиё масканини бузиш манқуртлик эканини билиши керак эди.
Тошкентдаги энг қора ва исқирт идора шу эмиш. Унинг устида, ниҳоят мустақиллик шарофати билан трактор ва самсваллар юрганини кўриб қувонган эмиш…
Раҳбар одамнинг, устига устак фамилиясига “Зиё” сўзи қўшилган олимнинг бу тарихий зиё маскани бузилаётганидан ором олиши, “бор экансан-ку, ҳақиқат!” деб беихтиёр нидо қилишидан мен даҳшатга тушиб, то ҳануз ўзимга келолмайман.
Дунё қараши шунчалар ҳам тор бўладими одамнинг? Ахир бизни илм ва зиёга чорлаган, бизни ўқитган, бизга ақл-заковот улашган жой эди бу жой!
Биринчи босма ёзувни, биринчи китобларни бизга ато этган, бизни маърифатга ошно қилган қутлуғ маскан эди бу жой.
У ерда тафаккуримизни булғаган, мустамлакачиликни тарғиб қилувчи китоблар босилган бўлса, бу энди даврнинг, сиёсатнинг хатоси, типографиянинг эмас.
Қандай қилиб, қайси виждон билан унинг бузилишидан қувониш мумкин!
Отасининг синчков нигоҳи олис Сибирларга ҳам етиб борган бўлса, унинг мудроқ нигоҳи оёғининг тагини ҳам кўролмаскан. Тафаккурининг ниҳоятда заифлигидан бир нишона бу. Ўргилдим сендақа тарихчи олимдан…
Лекин менга алам қиладигани бу ҳам эмас. Кейинги йигирма йилда айнан Азаматга ўхшаш тафаккурсиз ва ғурурсиз, офарин айтишга уста мулозимлар Ўзбекистонни бошқараётгани алам қилади менга…
Аброр Ғуломов…
Азамат Зиёдан кейин ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Жаҳон” ахборот агентлигининг раҳбари Аброр Ғуломов Президентнинг матбуот котиби бўлади.
Мен Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиб юрган кезларимда у биздан кейинги курс студенти эди. Ўзи яхши йигит. Лекин на ижодкор ва на ташкилотчи сифатида кўзга ташланмасди.
Унинг матбуот котиби вазифасига тайинланиши хато бўлди.
Шунинг учун ҳам Аброр Ғуломов матбуот котиби бўлгач, бир ойга етиб-етмай, дарҳол ўзининг эски жойига қайтарилди.
Кеинчалик уни бу лавозимга тавсия этганлар қаттиқ жазоланганини эшитдим…
Аброр Ғуломовдан кейин матбуот котибининг ўрни анча пайтгача бўш турди. Бу табиий эди.
Ўзбекистондек салоҳиятли ва каттакон бир давлат раҳбарининг матбуот котиби бўлиш ростдан ҳам катта ишонч ва масъулиятли вазифа. Бундай лавозимга ҳар томонлама муносиб кишини топиш осон эмас эди.
Лекин топса бўларди. Ўзбек журналистикасида кўзга кўринган, давлат раҳбари билан халқ орасида ишончли кўприк бўлишга арзигулик истеъдодлар бизда талайгина. Лекин негадир уларнинг бирортаси ҳам кейинги йигирма йил давомида бу юксак лавозимга муносиб кўрилмади…
Ниҳоят, Президентнинг матбуот котиби вазифасига бу гал иқтидорли сиёсатшунос Рустам Жумаев тайинланди.
Қизиқки, Рустам Жумаев ўша вазифага тайинланишидан уч кун бурун Тошкентдаги Миллий Матбуот Марказида долзарб мавзуга бағишланган анжуман бўлади.
Яъни, ўша кунларда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари тоғларида халқаро террорчилар деб кўрилган гуруҳлар билан тўқнашувлар рўй берган эди.
Шу воқеа муносбати билан Миллий Матбуот Маркази “куч ишлатар” ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимлари вакиллари, маҳаллий ва чет эллик журналистлар билан учрашиб, уларнинг барча саволларига жавоб бердилар.
Ўша матбуот конференциясини Рустам Жумаев бошқариб боради.
У рус тилида ҳам яхши гапирар экан, ким билан қандай муомила қилишни ҳам ўрнига қўяр экан.
Рустам Жумаевни кўпдан бери танирдим, илгари ҳам салом алик қилиб юрардим. У камтар, оғир вазмин йигит. Кўзга унчалик ташланавермайди.
Матбуот анжумани тамом бўлгач у:
— Исматжон, машинангиз борми? – деб сўраб қолди.
— Бор, ака, — дедим. Ўзим рулда эдим. Олдинги ўриндиққа Сафар Остонов ўтирди. Орқада Зарифжон деган йигит билан Рустам Жумаев ўтиришди.
Мен Рустам Жумаевни Анҳор бўйидаги Президент Девони қабулхонасига тушириб қолдирдим.
Сафар ака билан Зарифжон Президент Девонига кириб кетишди. Чунки улар шу ерда Саъдулла Ҳаким раҳбар бўлган Бошқармада ишлашар эди.
Орадан уч кун ўтгач, Рустам Жумаевнинг Матбуот котиби этиб тайинланганини эшитиб, бундан жуда қувондим…
Шуниси қизикки, Рустам Жумаев ҳеч кутилмаганда Президентнинг матбуот котиби бўлган бўлса, шундай кутилмаган бир пайтда ишдан ҳам кетди…
У ҳам Президент билан узоқ муддат ишлай олмади…
Дилшод Нуруллаев…
Жумаевдан кейин Президентнинг мутбуот котиби этиб Дилшод Нуруллаев тайинланади. Миллий Хавсизлик Хизматидан чиққан бу камтар ва истеъдодли йигит матбуот котиби этиб тайинланганидан сўнг, www.press-uz.info сайтини яратувчи сифатида эсда қолган.
Бугун ҳукуматга тегишли эканлиги иддао қилинаётган бу сайт фаолиятидан кўпчилик хабардор бўлса керак.
Лекин уни ташкил қилган Дилшод Нуруллаев ҳам Президентнинг матбуот котиби бўлиб узоқ ишлай олмади. Нима хато қилди, бу бизга қоронғу. У ҳам овоза қилинмай, секингина яна ўзининг олдинги хуфия идорасига ўтказиб юборилди.
Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, Президентнинг матбуот котиблигига асосан хавфсизлик Хизмати сафларидан одам излаш мақсадга мувофиқ қилиб қўйилган. Бу ерда изоҳга ҳожат бўлмаса керак…
Лекин адолат ҳаққи ҳурмати айтиб ўтишимиз керакки, Дилшод Нуриллаев бошқа матбуот котибларига қараганда тиришқоқлиги, камтар ва зеҳни ўткирлиги, журналистика сир-асрорларини яхши тушунадиган ижодкорлиги билан ажралиб турарди.
Менинг назаримда, унга ўта ишонувчанлиги ва соддалиги панд берди…
Алишер Азизхўжаев…
Суратда: Алишер Азизхўжаев Ислом Каримов билан. Президентнинг орқасида беўхшов тиржайиб турган оқсоч одам яқинда ишдан урилган собиқ ҳоким, раҳматли Алишер аканинг орқасида турган сариқ костюмли ўринбосар эса бугунги Тошкент шаҳри ҳокими…
Дилшоддан кейин бизнинг эски қадрдонимиз Алишер Азизхўжаев Маданият вазирлигидан олиниб, Президентнинг матбуот котиби этиб тайинланади.
Мен ўшандаёқ бу одамнинг ҳам амал пиллапояларидаги умри тугуганини сезган эдим.
Чунки, узоқ йиллик кузатишлардан сўнг, Президентга матбуот котиби бўлиш бу ҳалокатли, яъни “расстрельная” вазифа эканини кўпчилик аллақачон англаб етган эди…
Алишер Азизхўжаев журналист эмас, балки юрист эди. Юридик фанлари доктори , профессор унвонлари эга бўлган бу одам узоқ йиллар Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, икки маротаба Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаганини кўпчилик билса керак.
Шундай катта вазифаларда ишлаган довруғли одамнинг матбуот котиби этиб тайинланиши бу энди жуда кулгили ва ақлга сиғмайдиган воқеа эди.
Биз Алишер Азизхўжаев ҳақидаги ўз мулоҳазаларимизни у кишига бағишланган махсус бўлимда батафсил ҳикоя қиламиз ҳали…
Лекин унга қадар бир воқеани, Алишер Азизхўжаевнинг матбуот котиблигидан нима учун бўшатилганини айтмай ўтсак, бўлмас.
Кўпчиликка маълумки, Алишер Азизхўжаев давлат маслаҳатчиси бўлганида ҳам, Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаганида ҳам гапига кирмаган мулозимларни сўкиши, кези келганда уриши ҳам мумкин эди.
Лекин ҳали бирор маротаба унинг бу одати элга ошкор бўлмаган, яъни урган ва сўккан одамлари унга қарши тўполон кўтармаган эди.
У Президентнинг матбуот котиби бўлганидан кейинги ана шундай муштумзўрлиги бу гал бошқача якун топди.
Президентнинг Азизхўжаев бош бўлган матбуот хизматида Комилжон Шамсутдинов исмли таниқли журналист ишлар, телевидения кўрсатувларида ҳам сиёсий таҳлилчилик қилиб турарди.
Ажойиб кунларнинг бирида ана шу йигит билан Азизхўжаев ўртасида келишмовчилик бўлиб, Алишер ака қўл остидаги ходимига ўз кабинетида қўл кўтариб қолади.
Ажабки, раҳбарининг бундай ғайритабиий одатига кўникмаган ёш ва ориятли йигит ҳам унга айни усул билан жавоб қайтаради.
Азизхўжаев ўзига ёрдамга ошиққан қабулхонадаги котиби билан бир бўлиб, бу шаккок ва бўйин эгмас ходимининг яхшилаб адабини беради.
Президентнинг муштумзўр котибидан мушт еган ва кўзлари кўкарган ходим шу ҳолатида Давлат маслаҳатчиларидан бирига мурожаат қилади ва бу хунук воқеа ўша куниёқ Ислом акага маълум қилинади.
Президент Девонидаги бу муштлашувдан дарғазаб бўлган давлат раҳбари ўша заҳотиёқ Азизхўжаевни ишдан ҳайдаш ҳақида кўрсатма беради…
Шу билан Алишер аканинг сал кам йигирма йил давом этган узоқ йиллик мулозимлик карьераси якун топади.
Юридик фанлари доктори, профессор Алишер Азизхўжаев Тошкент Давлат юридик институтида кафедра мудири бўлиб, гулдурос солиб ўтган амалдорлик кунларини ширин бир армон билан хотирлаб, бўлажак ҳуқуқшуносларга ўз тажрибаларини ўргатиб, тинчгина ишлаб юрган эди…
Яқинда — 2012 йилнинг 9 январь куни Алишер Азизхўжаев саратон касаллиги оқибатида Германияга даволаниш учун кетаётган пайтда самолётда вафот этганини эшитдим…
Суратда: Журналист Исмат Хушев Алишер Азизхўжаевларнинг Бодомзордаги ҳовлисида…
Яқинда Президент Ислом Каримовнинг рухсати билан Ўзбекистонга борганимда, Алишер Азизхўжаевларнинг Бодомзордаги ҳовлисида бўлиб, марҳумнинг ҳаққига дуои фотиҳа қилиб қайтдим.
Бу ҳақда Исмат Хушевнинг «Тошкентга саёҳат» номли хотираларини ўқисангиз, батафсил билиб олишингиз мумкин.
Хуллас, Яратган эгамнинг ўзи раҳматига олган бўлсин Алишер акани.
Раҳматли яхши, ишчан, Президентга садоқатли одам эди…
2012 йилнинг бошларида Алишер ака кутилмаганда вафот этганида “Озодлик” радиоси мендан интервью олган эди.
Мен у кишининг кутилмаган вафотини Торонтадан Нью Йоркка борадиган тезюрар магистрал проспектда 150 минг километр тезлик билан машина ҳайдаб кетаётган бир пайтда эшитиб, йўлдан чиқиб кетишимга сал қолган эди…
Беруний Олимов…
Алишер Азизхўжаевдан кейин бу лавозимга Беруний Олимов тайинланди.
Лекин Беруний Олимовга қадар бу рутбага шоир Минҳожиддин Ҳайдар билан журналист Азиз Обидовларнинг тайинланиши мумкинлиги ҳақидаги турли шов-шувларни ўқувчилар яхши эсласа керак.
Лекин бу шов-шувлар шов-шувлигича қолиб кетди. Ўзбекистондаги ҳар бир журналист орзу қиладиган бу юксак лавозим Берунийга насиб этди.
Биз Беруний билан яхши таниш эдик. Элёр Ғаниев бош бўлган вазирликда бирга ишлаганмиз.
Мен вазирлик газетасига Бош муҳаррир, у вазирлик матбуот хизмати раҳбари эди. Хизмат юзасидан тез-тез кўришиб, суҳбатлашиб турардик.
Беруний камтар, самимий, қадди қомати келишган, дилбар йигит эди.
Мен унинг ўзига ҳали бир кун катта лавозимларга ўтиб кетиши муқаррарлигини кўп бор айтганман.
У менинг бу гапларимга ҳамиша ширин бир жилмайиш билан: “Бизга шу лавозим ҳам етади” деб жавоб берар, катта мансабларга умуман қизиқмасди.
Рустам Жумаев президентнинг матбуот котиби бўлган 2003-йилларда мен Ўзбекистонни тарк этган эдим.
Ундан кейинги матбуот котибларини қандай тайинлангани, кимлар уларни бу лавозимга тавсия қилгани менга қоронғу.
Лекин Берунийни бу лавозимга Президентнинг шахсан ўзи тавсия қилганига шубҳа қилмайман.
Негаки, Беруний Олимов 1997-йил декабрида бўлиб ўтган Президентлик сайловида Мирзо Улуғ Абдусаломов бош бўлган Марказий Сайлов Комиссиясида матбуот хизматининг раҳбари эди.
Айтиш мумкинки, бу лавозим уни оммага танитди. Шу билан бирга унда яхшигина мулозимлик истиқболи борлигини ҳам кўрсатди.
Ўша пайтларда, агар эсласангиз, Марказий Сайлов комиссияси фаолияти тўғридан-тўғри телевидения орқали олиб кўрсатилар, маҳаллий ва хорижий журналистларнинг кўплаб саволларига Беруний берган қисқа ва мантиқли жавоблар ҳам зангори экран орқали тез-тез намойиш этиларди…
Ислом ака ҳам Берунийга ана ўша сайлов компанияси даврида эътибор берган бўлсалар, ажаб эмас…
Юқорида айтганимдай, камтар ва мулоҳазали, оғир-босиқ бу йигитни кўрган ҳар бир мулозим уни ўзига ишга олишни ўйлаб кўриши турган гап эди.
Дастлаб, мен ҳам уни ўзимга ишга таклиф қилганимда: “Президентга матбуот котиби бўлганингизда албатта Сиз билан бирга ишлаган бўлардим” деб ҳазиллашиб қўярди.
Худо омин деган экан, қарангки, йиллар ўтиб менга эмас, балки унинг ўзига бу лавозим насиб этди…
Шу ерда яна бир гап.
Берунийни ҳам, мени ҳам, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ишлаган бошқа кўплаб мулозимларни ҳам республика миқёсидаги юқори мансабларга фақат бир киши – вазиримиз Элёр Ғаниев тавсия қиларди. Шунинг учун ҳам у кишини ҳаммамиз яхши кўрардик…
Биз китоб давомида Элёр Ғаниев билан боғлиқ бу армонли хотираларга ҳали қайтамиз…
Улуғбек Хасанов…
Беруний Олимов Президентнинг матбуот котиби бўлиб маълум муддат ишлаганидан сўнг, унинг ўрнига, агар адашмасам, Улуғбек Хасанов деган йигит тайинланган эди.
Унинг бу лавозимга ўтгунга қадар УМЭД да дарс берганини, унга қадар эса Миллий Университетда ишлаганини эшитдим, холос. Сиёсатшунослик фанлари номзоди экан.
Лекин мен бу йигитни яхши танимаганим ва билмаганим боис унинг ўзи ва фаоляти ҳақида бирор нарса дейишим нотўғри бўлса керак.
Биз бугун Ўзбекистон Президентининг ўн нафар матбуот котиби ҳақидаги ўз фикрларимиз билан ўртоқлашдик.
1990-йилдан 2005-йилга қадар бўлган ўн беш йиллик давр орасида шунча матбуот котиби алмашган экан, бу энди жуда ҳам ачинарли, шармандали ҳол.
Ҳали 2005-йилдан бу ёғигача нечаси алмашган, буни энди худо билади…
Уларнинг орасида телевиденияда ишлагани боис машҳур бўлган Садриддин Суяров ва Севара Тўлагановалар борлигини эшитганман, холос.
Ўшандан бўён Ўзбекистон президентининг матбуот котиби ким, улар қандай ишлагани менга ноаён. Бу нафақат менга, балки бошқаларга ҳам ноаён бўлса керак. Бу жуда ҳам нотўғри.
Давлат раҳбарининг матбуот котиблари журналистикада, адабиёт ва санъат оламида кўзга кўринган, истеъдодли ва обрў-эътиборли кишилар бўлиши керак.
Лекин ўтган йиллар кўрсатдики, Президент маъмурияти ва Хавфсизлик Хизмати мулозимлари давлат раҳбари учун матубот котиби танларкан, айнан биз айтган меъзонларга амал қилмаганларининг гувоҳи бўлдик.
Одатда давлат раҳбарлари алмашса, ўзлари билан бирга янги команда ва янги матубот котибини ҳам олиб келишади.
Лекин Ўзбекистонда йигирма уч йилдан бўён бир кишининг раҳбарлик қилаётганини ҳисобга олсак, матбуот котибларининг ҳар олти ой — бир йилда алмашиб туриши бу мутлақо нотўғри ва шармандали ҳол экани маълум бўлади…
Сўнг сўз ўрнида…
…Қадим ўтган замонларда хонлар ва подшоларнинг жарчилари ҳақида кўп эшитганмиз. Улар от миниб, одамлар савдо-сотиқ қиладиган, тўпланадиган жойларга, бозорларга бориб олампаноҳ Фармонларини ўқиб берган, фатволарини халққа етказган.
Йиллар ўтиб, ҳукмдорлар секин аста ўзларига ўринбосар ва ёрдамчилар тайинлаб, улар орқали қўл остидагилари билан алоқани ушлаб туришган.
Советлар даврига келиб Ленин ва Сталиннинг фаолияти ҳамда таржимаи ҳолига оид энг ишонарли воқеа ва ҳодисалар, муҳим маълумотлар уларнинг ёрдамчилари ва ўринбосарлари орқали бизгача етиб келган.
Фан ва техника воситаларининг ривожланиши, радио ва телевидения тармоқларининг жорий этилиши муносабати билан олий мартабали шоҳлар, подшолар, кейинчалик Президентларнинг бу борадаги имкониятлари янада кенгая бошлади.
Сўнгги йилларда, хусусан, бугунги техника асрида давлат бошлиқларининг матбуот котиблари халқ тасаввурида мамлакат раҳбарининг бевосита соясига айланди.
Айни пайтда матбуот котиблари Президент ва давлат раҳбарларининг обрў-эътиборини таъминлашда асосий роль ўйнайдиган мулозим ҳамдир.
Россияда Президент ва ҳукумат бошлиғининг матубот котибларини ҳамма танийди.
Улар деярли ҳар куни, ҳар соатда у ёки бу масалада оммавий ахборот воситалари орқали ўз раҳбарлари номидан эмин-эркин сўз айтиш ва баёнот бериш ҳуқуқига эгалар.
Бугун Павел Вощанов, Вячеслав Костиков, Валентин Юмашев, Сергей Медведев, Сергей Ястржембский, Дмитрий Якушкин, Алексей Громов, Наталья Тимакова, Дмитрий Песков каби Россия давлати раҳбарларининг матбуот котиблари номи кўпчиликка яхши таниш.
Негаки улар ҳар доим, ҳар соатда Россия телевиденияси орқали халқ билан мулоқотга чиқиб, давлат раҳбарининг у ёки бу масаладаги фикрини одамларга билдириб туришган.
Ёки бўлмасам Америка давлатини олиб кўрайлик. Мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги ҳар қандай жиддий ва оламшумул воқеа бўйича фақат ва фақат матбуот котиблари чиқиш қилиши бу ерда одат тусига кириб қолган.
Назаримда, матубот котиблари лавозими ҳам аслида Президентнинг фикрини афкор оммага етказиш учун тасис этилган бўлса, не тонг!
Шу билан бирга давлат раҳбарларининг сиёсий портрети ва мамлакат тарихини ҳам энг аввало уларнинг матбуот котиблари яратиши керак.
Шунинг учун ҳам бугунга келиб Черчелль, Рузвельт, Сталин, Кеннади, Никсон, Миттеран, Хрущчев, Брежнев, Рейган, Тетчер, Горбачёв ва Ельценлар дунёнинг энг машҳур сиёсий арбобларига айланди.
Чунки уларнинг тарихда қолувчи хотира китобларини, улар раҳбарлик қилган давр солномасини ўз вақтида уларнинг матбуот котиблари ёзиб, жамоатчиликка тавсия этдилар, элга ошкор қилдилар.
Ваҳоланки бирорта тарихни ёзиб қоғозга тушириш учун одам ўша тарихий даврда маълум муддат ишлаган бўлиши керак.
Афсуски, Ўзбекистонда қисқа муддатда ўн бешта матбуот котиби алмашган бўлса, мустақиллик тарихини уларнинг қайси бири ёзиб эпларкин?
Биз юқорида тилга олган матбуот котиблари бугун бу эшикдан кириб, тепки еб, эртага наригисидан нима бўлганини ҳам хотирлай олмайдиган даражада шитоб билан чиқиб кетишган бўлса, қайси эшикдан кириб, қайсидан чиққанларини ҳам билмай қолган бўлсалар, улар қандай қилиб мамлакат ва давлат тарихини ёзишлари мумкин?
Матбуот котибларининг тақдирини бу қадар енгил-елпи ҳал этилишида фақат уларнинг ўзини айблаш нотўғри бўларди. Уларнинг ўзига боғлиқ эмас бу масала.
Бу ерда кўп нарса Президентга, унинг атрофидаги оёғи остидан нарини кўролмайдиган тафаккурсиз ва қалби нурсиз мулозимларга ҳам кўп нарса боғлиқ.
Йўл қўйилган хатоларни тўғрилаш учун вақт керак.
Давр эса шитоб билан ўтиб бормоқда.
Кечагина Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг навбатдан ташқари Пленумида Ўзбекистон раҳбари этиб тайинланган Ислом Каримовнинг ҳокимиятга келганига ҳам роппа роса йигирма беш йил бўлибди.
Йигирма беш йиллик Ўзбекистон тарихи — Мустақиллик солномасини, Президентнинг матбуот котиблари тез-тез алмаштириб турилган бўлса, ким яратади?
Ўтган бу йиллар давомида уларнинг баъзилари (Шавкат Яҳёев, Алишер Азизхўжаев) оламдан ҳам ўтиб кетишди. Қолганлари ҳам сиёсий ўлик — давлат ва ҳукумат ишидан мутлақо узоқ соҳаларда сарсон ва саргардонликда умгўзаронлик қилиб юришибди…
Бугун Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби кимлигини биров билмаса?!
Қўлидан ёзиш келадиган истеъдодли журналистлар, газета ва журналларга раҳбарлик қилган муҳаррирларнинг аксарияти бугун ишсиз, матбуотга умуман яқинлаштирилмаётган бўлса?
Тасаввур қилинг, бутун бир давр ўзбек матуботини ётқизиб турғизган, ўз оғзига қарата билган таниқли ва истеъдодли одамлар бугун матуботга йўлатилмайди. Нафақат муҳаррир сифатида, оддий муаллиф сифатида ҳам. Бу тамомила нотўғри!
Мустақил Ўзбекистон тарихини улар ёзмаса, ташқаридан биров келиб ёзиб берадими?
Мана шунинг оқибатида йигирманчи аср дунё сиёсатчилари орасида ўз ўрнига эга бўлган Ислом Каримов ва у раҳбарлик қилган мамлакат тарихи, Мустақиллик солномаси ҳали ҳануз ҳеч ким томонидан бирор сатр бўлса ҳам эплаб ёзилмаган.
Ислом Каримовнинг ўз вақтида СССР да иккинчи Президент этиб тайинлангани, ГКЧПни рад этишдаги ўзига хос жасорати, Мустақил Ўзбекистон давлатчилигини барпо этишдаги мардонавор саъй-ҳаракатлари тарихда ҳали ўз аксини топгани йўқ!
Агар Мустақиллик тарихини, Жасорат китобини Президентга яқин бўлганда ҳам, ҳозир ҳам фақат ўз фароғатини ўйлаган Темур Алимов, Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов ва Бахтиёр Ҳамидовлар ёзади деб ўйлаш мутлақо нотўғри бўлади.
Уларнинг фикру-зикри олдин ҳам, ҳозир ҳам фақат кўчмас мулки, дағиллама уйи ва дачаларини авайлаб асрашдан иборат бўлган. Давлат ва мамлакат тарихи, мустақиллик ва Ватан тушунчаларининг улар учун бир тийинлик ҳам қард-қиммати ва аҳамияти йўқ!
Бошқа масалалар билан улар мутлақо қизиқишмайди!
Ўзбекистон матбуоти атрофида то ҳануз Ўткир Раҳмат ва Аббос Усмонга ўхшаш Ватан ва миллат туйғусидан тамомила бехабар, тепса тебранмас қўриқчи суллоҳлар турса, Ўзбекистон тарихи жуда мавҳум ва хавфли якун топиши мумкин.
Президент зудлик билан бунинг олдини олиши керак!
Ҳозиргача, кўнгли беғубор орзу умидларга тўла ёшлар учун кечалари уйқусидан кечиб, энтикиб ўқийдиган бирорта китоб йўқ. Бир тийинга қиммат сиёсий мажмуалардан ташқари. Президент ҳақида бирорта оммабоп китоб йўқ…
Бори ҳам турли ҳангома ва сиёсий рақамлардангина иборат, холос. Буни бугунги ёшларимиз қабул қилолмайдилар!
Буни республика маънавият масалаларига бевосита масъул Хайриддин Султоновлар тушунмайдими? Яхши тушунади. Лекин атай тушунмаганликка олишади.
Хайриддинларнинг юрагида эртага мен айтган муаммоларнинг тескарисини ёзиш нияти ётган бўлса не ажаб…
Халқ Ислом Каримов ҳақида достонлар ўқигиси келади. Қиссалар ўқигиси келади. Мустақил Ўзбекистон давлатининг биринчи Президенти ҳақида аллақачон роман ва трилогиялар ёзиш даври келди.
Лекин Хайриддинлар ҳануз жим.
Ваҳоланки, Президент билан ёнма-ён туриб бу тарихий ва улуғ жараёнларни бошидан кечирганлар, унга мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳамдард ва ҳамнафас бўлганларнинг энг ёши бугун етмишга етди.
Наҳот энди Президент ҳақида ёзиш уни яқиндан кўра билмаган, ҳамсуҳбат бўлмаган одамлар қўлига қолса? Кўрганлар ва билганлар қолиб, бу тарихни ёзиш эшитганларга қолса, бундай китобларнинг қадри неча пул бўлиши олдиндан маълум…
Сафдошлар ва замондошларнинг қадрига етадиган одамлар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрсалар яхши бўларди. Ҳатто Президент учун ҳам бу ҳақда ўйлаб кўриш пайти келмадимикан?
Ўз даврининг тарихини ўша давр одамлари ёзиши керак. Лекин бизда бу одамларга ҳозир бегоналик, душманлик кўзи билан қараш расм бўлди.
Уларни афсуски, мансабидан қувиш мумкин. У ёки бу креслодан улоқтириш мумкин. Муҳожирликнинг аччиқ нонини еб, ақли кирсин деб олис Канаданинг совуқ ва сукунатли, кимсасиз ва рутубатли гўшаларига сургун қилиш мумкин.
Бироқ уларни сафдошлик ва замондошлик мақомидан бекор қилиш мумкин эмас-ку ахир?!
Кўрган қаёқда-ю, эшитган қаёқда! Замондошларни, сафдошларни қадрлаш, уларни тез-тез тўплаб туриш керак. Умр қисқа, кейин кеч бўлади…
Уларнинг ичида манқуртлари ҳам бордир. Лекин соғлом фикрлилари талайгина. Улар ҳозиргача мустакилликка ва бугунги замонга шукроналар айтишни канда қилмайди.
Мустақиллик нақадар буюк бахт эканини улар ҳар зум, ҳар қадамда таъкидлаб келадилар.
Лекин минг афсуски, Темур Алимов каби уларнинг аввал тилини кейин қўлини ва ниҳоят оёғини кесган ва чопган жаллодлар ўзларининг бу қилмиши билан Ўзбекистоннинг тирик тарихини кесиб чопганларини билишармикан?
Ўзбекистон мустақиллиги тарихини ўша даврда Президент билан ҳамдам ва ҳамқадам бўлиб бирга ишлаган Зелемхон Ҳайдаров, Георгий Крайнов, Равиль Абдуқодиров, Мавлон Умрзоқов, Шароф Убайдуллаев, Усмон Азимов ва Мурод Муҳаммад Дўстлар ёзса, арзийди.
Уларнинг бунга маънавий ҳуқуқлари ҳам, ҳақлари ҳам бор.
Ўзбекистондаги ўша оғир вазиятни, Президентнинг ўша даврдаги ички дунёси ва фикр-ўйларини ҳеч ким билмайди уларчалик.
Бунга кучли руҳ керак.
Бу руҳ фақат ўша даврда давлат раҳбари билан ҳамдам ва ҳамқадам бўлганлардагина ўша туриш сақланиб қолган. У даврни уларчалик ҳеч ким ўхшатиб ёзолмайди.
Агар бу китобни Президентнинг энг биринчи давлат маслаҳатчиси бўлган Шаҳобиддин Зиёмов ёзганида эди, бу китоб шубҳасиз бюстеллер бўларди.
Истеъдодли тарихчи ва тадқиқотчи бўлган бу зукко олим мустақил давлатда Президент билан бирга ишлашни, унга сафдош ва камарбаста бўлишни ўзи учун катта бахт ва юксак шараф деб билган одам эди.
Лекин минг афсуски, бу имконият бой берилди. Ўтган йили биз Шаҳобиддин акадан ҳам айрилиб қолдик…
Бунақа имкониятлардан яна қанчаси бой бериларкин? Яна қанча “тирик тарихлар”нинг қадрига етмай, уларнинг заволига қолар эканмиз. Буни ёлғиз Худо билади…
Ўзбекистон тарихи, мустақиллик солномасини ёзиш ҳуқуқи одамларнинг “катта”га бўлган шахсий муносабатига қараб белгиланмаслиги керак.
Аксинча, бу масалада ҳар бир шахснинг қобилият ва имкониятларидан келиб чиқиб ёндашиш лозим!
Шунинг учун ҳам биз бундай одамларнинг қадрига етишимиз, ҳали улар барҳаёт экан, ўксик кўнгилларига малҳам бериб, Ватан ва миллат тарихини ёздиришимиз керак.
Токи уни ёзиш — Ватан ва миллат тушунчасидан тамомила йироқ ва бегона одамларга қолмасин!
Давлат раҳбарининг матбуот котибларига оид фикр-мулоҳазамизни якунларканмиз, бизда ҳам эрта бир кун Ўзбекистон ва унинг биринчи Президентини ўз асарлари билан дунёга машҳур қиладиган журналистлар етишиб чиқишига умид қилиб қолгимиз келади.
Қайси маънода машҳур қилиш эса журналистнинг доно фикрига ва шахсий маҳоратига боғлиқ…
Матбуот котиблари, бир сўз билан мухтасар айтсак, халқ билан ҳукмдорни боғловчи кўприк бўлиши керак. Акс ҳолда халқ бу қирғоқда, подшоҳ у қирғоқда қолиб кетаверади…
(Тамом).
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Мана шунча президентни матбоат котиблари оқ саройда ишлаган ижодкорларни исим фамилиясини ёзибсиз қани улар хозир? Сиз билан Шароф Убайдуллаевни кўйиниб халқ дардини айтаётганингизни ҳисобга олмаганда, бошқалар қани улар трикми! Мамлакат ичина цензўра бўлса, ахир бошқа интернит наширлари, Озодлик радеолари боркў! Йўқ улар сўвга тушган мушекдек писиб пайт пойлаб ётибди. Эртага режим ўзгарса ўртага югуриб чиқади юзларини қаттиқ қилиб. Шуни айтсалар керак-да, ҳақиқий Ватанга дўст одам оғир кунда билинади деб. Сизга қойил қолмай иложимиз йўқ, Исмат ака. Мухолифатнинг ўзи ҳам ичида сизга тан бериб утирибди Тожибоева ҳам очиқ айтдику сиз бирибир ютиб чиқишингизни, улар шундан курқиб қолишган. Ҳукумат ҳам энди сиз билан хисоблашишга мажбур.
Исмат ака! Ватаннинг асл миллатпарвар фарзанди бажариши лозим булган хизматнинг юз йиллигини бажардингиз. Сизнинг кайфиятингиз ЮСУФБЕК хожининг кайфиятидан аъло эмаслиги бугунги кун сезилиб колди. Матбуот котиблари, давлат рахбарининг кузи ва кулоги, виждони эканлигини фактлар билан исботлаб ва уларнинг узоклашиш жараёнини тасвирлаб, бунинг окибати халк такдирига накадар салбий таъсир этишигача аник бахо берибсиз! Шароф ака ва сиз ишлаб турганларингизда бугунги МУСТАКУЛЛИК ЭМАС, МУСТАКИЛЛИК БУЛАР ЭДИ!!!
Жуда хам тахлилий ва тарихий макола чикибди. Хар бирига алохида бахо берилган, утган кунларимизга хам келажагимизга хам! Чорак асрлик рахбарнинг таржимаи холини ёзмаган бу маддохлардан, хоинлардан чорак асрлик тарихни сурашингиз кизикдек туюладию. Аммо жавобини хам узингиз аниклаб булибсиз, эрта бир кун узлари хохлагандай килиб ёзишлари учун улкан имконият яратишди. Накадар ачинарлик тарихни бошдан утказаяпмиз, миллат сифатида тугатилаяпмиз, когоздаги миллат билан амалдагисининг фарки катта. ТАМОМ дебсизу…