«Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абдулла Орипов: Кечув…
Абдулла Орипов,
Ўзбекистон халқ шоири
КЕЧУВ
Аллақайси замонлар
Ер юзин босиб тўфон,
Неча-неча элларни
Қутуриб тўлқин ютган.
Ва ниҳоят ваҳший сув
Оқиб ўзани томон,
Омон қолган элатлар
Дарёдан кечиб ўтган.
Кечувларнинг номи бор,
Ким қўйганин билмайман,
Ҳарҳолда баҳо мавжуд
Ҳар бирига муносиб.
Рост деган кечув бўлган,
Бунга шубҳа қилмайман,
Аллоҳ раҳмидан асло
Қолмаган у бенасиб.
Ёлғон деб аталгандир
Иккинчи кечув номи,
Унда бандалар нуқул
Ўтриклар тўқишгандир.
Иблис йўлдан оздириб,
Йўқолиб интизоми,
Аввал мен ўтаман деб
Бир-бирин нуқишгандир.
Қайси кечувдан ўтдик?
Ҳеч кимнинг ёдида йўқ.
Билганим шу, шоирим,
Биз битта қайиқдамиз.
Мақтов албатта ёқар,
Ёлғондан ҳам кўнгил тўқ,
Фақатгина рост гапдан
Озгина ҳайиқамиз.
16.02.2015 йил
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
кийинчилик ва нокулайликдаги инсон харакат оркали кулайликка интилганидек халк шоирига илхом келиб шеърлар ёзади.