Абдулла Ориповнинг бугунги янги шеъри: Димоғлари кўкка етган Кибор инсонлар…
АБДУЛЛА ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
САВИЯ
Ҳа, биродар, ўз-ўзингни
Мақташдан аввал,
Ҳисобга ол савиянгни,
Онгингни тугал.
Маҳаллада яшар эди
Бир мусофир зот,
Илм билан меҳнат эди
Унинг чун ҳаёт.
Атай келиб бирор кимса
Олмасди хабар,
Олим ғоят хоксор эди,
Ғоятда камтар.
Бир кун юксак мукофотни
Бердилар унга,
Бироқ ҳеч ким зарра парво
Қилмади бунга,
Ва инчинун маҳаллада
Яшарди бир бой,
У ҳам бир кун ола қолди
Сийлов, ҳойнаҳой.
Қутлагани келишдилар
Жами боёнлар,
Димоғлари кўкка етган
Кибор инсонлар.
Байрам қилди ярим шаҳар
Баланди, пасти,
Лекин олим қайда қолди?
Ҳеч ким билмасди.
Ҳа, биродар, ўз-ўзингни
Мақташдан аввал,
Ҳисобга ол савиянгни,
Онгингни тугал.
08.02.2015 йил.
Суратда: Табиб ва шифокор Абдуқодир Сатторов устоз Абдулла Орипов ҳузурида. Дўрмон, Тошкент, 8 февраль, 2015 йил.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ