«Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Раҳимжон АЛИ: АЙТМАТОВ ВА ЎЗБЕКЛАР
АЙТМАТОВ ВА ЎЗБЕКЛАР
“Мен ана шу парвоз қилаётган галада бор-йўғи бир қушман. Мен турналарга қўшилиб учиб кетяпман ва ўзим ҳам турнаман. Мен турналар билан бирга қоронғу кечада юлдузларга қараб, кундузи экинзорлар ва шаҳарлар устидан учаман. Ўйларга толаман…”
1928 йилнинг 12 декабри…
Айни шу куни Қирғизистоннинг Талас вилояти Шакар қишлоғида бир чақалоқ дунёга келди.
Бу чақалоққа ҳам одатдагидай оддий чақалоққа қарагандай қараганлари аниқ. Бироқ йиллар ўтиб, бу чақалоқ буюк бир даҳо бўлиб етишишлигини ким билибди дейсиз…
Чингиз Айтматов…
Бу исм мана неча йилларки бутун дунё ҳалқларининг қулоғига таниш, бутун дунё ҳурмат билан тилга олиб келмоқда. Балки бу зот ҳақида журъат этиб ёзишлик ҳам буюк вазифадир.
Чингиз Айтматов билан учрашишлик менинг катта бир орзуим эди. Бироқ, мен мактаб ўқувчиси пайтимдаёқ у киши оламдан ўтдилар.
Ўқувчилигимда Айтматовнинг анчагина асарлари билан танишбўлганман. “Биринчи муаллим”, “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Сомон йўли”, “Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар” каби қиссалари “Асрга татигулик кун” романию “ Қизил олма”, “Оқ ёмғир” ҳикоялари.
Қандайдир, барча-барчаси оддий, содда ёзилган, бироқ фалсафалари теран. Мен у асарларни шарҳлаб ёзолмайман, мен уни шунчаки ўқувчи қатори ўқиб чиққанман, холос.
Манаман деган адабиётшунослар ҳам дадил бир фикр айтишга ожиз бўлиб турганда бизга йўл бўлсин!
Бугун сизлар билан ўртоқлашмоқчи бўлганим Чингиз Айтматовнинг ўзбек ҳалқига муносабати ва ўзбек ҳалқининг Айтматовга бўлган ҳурмат-эҳтироми ҳақида. Аслини олганда бу жуда кенг мавзу бўлиб, биз ожиз фақат ўқиган, эшитган ва билганимизни қаламга оламиз.
Ўшда юрар эканман, аравонлик устозимиз Усмон Темур домладан Шавкат Рахмон ҳақида сўраганимда кўп нарсаларни айтиб берганди. Уларнинг орасида мен учун энг қизиқарли ва ажабланарлиси Шавкат Раҳмон устозимизни Москвада ўқишлигига Чингиз оғанинг катта ҳиссаси бор эканлиги.
Шавкат Раҳмоннинг ўша ерда таҳсил олишига ёрдам берганлиги. Домланинг сўзларига қараганда бу ердан улар Шавкат Раҳмон устозимизни Москвада ўқишлиги кераклигини, ёрдам кўрсата олишлигини илтимос қилишган экан. Шундай қилиб Чингиз оғанинг ёрдами билан Шавкат Раҳмон Москвада ўқиб қолган ва бугунга келиб, ўзбек адабиётининг буюк намоёндаси сафига қўшила олди.
Чингиз Айтматовга бугунгача бутун ўзбек адабиёти катта ҳурмат кўрсатади. Ўзбек адабиётида буюк сиймоларга айланган адибу-шоирлар ва бошқа таниқли ижодкорлар ҳам Чингиз Айтматов билан учрашишни ўзларига шараф деб билишган десам муболаға бўлмаса керак.
Масалан айтадиган бўлсак, севимли ёзувчимиз Пиримқул Қодировнинг ҳам Айтматов билан бўлган учрашувлари ҳақида бир неча мақолалари мавжуд. Ёки буюк ёзувчимиз Одил Ёқубовнинг “Адиб ва чин инсон” мақоласини олайлик:
“Биз Чингиз Айтматов билан қирқ йил аввал танишганмиз…
Чингиз эллик ёшга тўлганда қирғиз халқи унинг тўйини зўр тантана билан нишонлаган эди.
Бу тўй Қирғизистон пойтахтида эмас, адибнинг туғилган юрти Таласда ўтганди. Унга каминадан ташқари, таржимони Асил Рашидов, шоир Шукрулло, атоқли олим, профессор Шобат Хўжаев ва Чингизнинг юртдоши Зиёд Есенбоевлар таклиф қилинган эди.
Биринчи кеча Таласда бўлдик. Чингизнинг синглиси билан куёви ҳўкиз сўйиб, бешбармоқ тайёрлаб, катта дастурхон ёзишган экан. Кеча жуда гўзал ва самимий ўтди”.
Таниқли адабиётшунос олим, ижодкор таржимон, 50 йилдан ортиқ Чингиз Айтматов ижоди ва ҳаётини ўрганиш билан шуғулланиб келган Асил Рашидов Айтматовга шундай таъриф беради:
“Чингиз Айтматов ноёб истеъдодга эга бўлган кенг қамровли адиб. У қиссанавис ва романнавис, у зуллисонайн ёзувчи, у таржимон ва киносценарист, у танқидчи ва тарихчи, у нотиқ ва редактор, у оташин публицист ва буюк жамоат арбоби, у халқлар дўстлиги ва биродарлигининг толмас куйчиси”.
Ёзувчи Иброҳим Ғафуров эса Айтматов ижодини ўрганишлик ҳақида мана буларни ёзади:
“Айтматовни ўрганиш янги замонларда янги, ҳали очилмаган, кашф этилмаган сарҳадларга чиқади. зеро, улуғ адиб Чингиз Айтматов асарлари талқинларда туганмас кашфиётларни давом эттиришга туганмас имконлар тортиқ қилаверади”.
Бу каби ўзбек зиёлиларининг мақолаларини жуда кўплаб учратиш мумкин.
Академик Рустам Раҳмоналиев туркий халқлар орасидан шундай улуғ истеъдод чиққанини шундай бахолайди:
“Алишер Навоийдан кейин 500 йил ўтиб, туркий ҳалқлар орасидан фақат Ч. Айтматов ижодигина адабиёт Олимпига кўтарила олди, жаҳоншумул шуҳрат қозонди”.
Албатта буни тўғри тушунадиган бўлсак, гап бу ерда асарлари дунёга ҳайрат бера олишлиги, унинг жаҳон ҳалқларининг жуда кўп тилларида асарлари ўқилишлиги назарда тутилган холос.
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон устозимиз ҳам: “Мен ҳам турк дунёсининг буюк инсони, атоқли адиб Чингиз Айтматов билан учрашган, суҳбатлашган бахтли кишилардан бириман”, — дея фахрланади.
Устоз Хуршид Давроннинг 1986-йилда буюк адибга бағишлаб ёзилган шеърида шундай сатрлар бор:
Кошғарий шивирлаб сенинг исмингни,
Тангридан сени-да сўраган эди,
Яссавий тушида кўрганди сени,
Жисминг ҳикматига ўраган эди.
Бу сатрлар билан Чингиз Айтматов ижодини, шахсиятини туркий ҳалқларнинг буюк сиймолари қаторида чизиб берган.
Туркий ҳалқларнинг буюк ва хассос шоирига айланган Рауф Парфи ҳам “Чингиз Айтматов” шеърида Айтматовни учқур отга қиёслаб:
Учқур отим оғир-оғир ҳансирар…
дея таъриф беради.
Бу йўлдаги олис Манзил ҳам яқинлашиб қолганини айтиб, шеърини сўнги мана бу сатрлар билан якунлайди:
У манзил бағрида сўнги йўқ сирлар,
Ташна дунё ётар ҳали ўксиниб,
Ўқчир отим ва тишлари ғижирлар,
Оҳиста тупроққа босар кўксини.
Унинг изтироби мени ғижимлар,
Унинг кўзларига кўмдим ўзимни…
Ҳа, ўзбек ижодкорлари Айтматовга ҳеч қачон бефарқ бўлмаган. Умуман ўзбек ва қирғиз ҳалқлари бир-бирларига ҳеч қачон бефарқ бўлишмаган. Шунингдек Чингиз Айтматов ҳам ўзбек ҳалқига, адабиётига, буюк маънавияти-маданиятига шунчаки нигоҳ билан қарамаган.
Ўзбекистон ҳалқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Адиб ва чин инсон” мақоласида шундай хотираларни ёзади:
“Бир кун бир дўстимиз «Правда» газетасини кўтариб келиб қолди, бундоқ ўқиб кўрсам Чингиз бу газетадаги мақоласида халқимизни қаттиқ ҳимоя қилибди, ўзбекларни Марказий Осиёнинг юксак маданиятли, буюк халқи эканлигини айтиб, Москва матбуоти ва телевидениесидаги чиқишларни рад этибди”.
Яъни, ўша йиллари собиқ иттифоқ тузумида туркий ҳалқларга туҳмат ва бўҳтонлар қилинаётганлиги, халқимизнинг бошига оғир кунлар тушиб, бўҳтонлар ёғилган пайтлар ва ҳамма бу мудҳиш, ёвуз туҳматлардан изтироб чекиб юрганлигини ёзади адибимиз.
Одил Ёқубов бошқа бир мақоласида “Улуғбек хазинаси” романи чоп этилгандан сўнг Чингиз Айтматовдан мактуб келганлигини, роман буюк ёзувчига маъқул бўлганлигини айтади.
Бир вақтлар Чингиз Айтматов ҳозирда Ўзбекистон ҳалқ шоири бўлган Иқбол Мирзо тимсолида замонавий ўзбек шеърияти иқболини кўраётганлигини айтган экан.
Демак, ёзувчи ўзбек шеъриятига ҳам бефарқ бўлмаган. Булардан кўриниб турибдики, гарчанд даҳо ёзувчи ўз асарларини фақат қирғиз ва рус тилларида ёзган бўлгани билан ўзбек ва қирғиз ҳалқлари ўртасидаги дўстликка буюк кўприк бўла олганлар.
Бугунги кунимизга назар ташлар эканман, интернет тармоқларида, турли хил ўзбек тилидаги сайтларда Айтматов ижоди борасида қизиқарли маълумотлар, муҳокамаларга дуч келаман.
Фейсбук интернет тармоғи орқали ҳам ўзбек тилида ёш ижодкорлар томонидан “Чингиз Айтматов” гуруҳи ташкил қилинган. Ч.Айтматовнинг ўзбек тилидаги деярли барча асарларининг электрон шакли юклаш учун тайёр. У киши ҳақида тайёрланган рефератларни ҳам юклаб олиб, бемалол ўқишингиз мумкин.
Умуман олганда бугунги ёш китобхон Чингиз Айтматовнинг ижоди билан интернет орқали ҳам бемалол танишиб олиш имкониятига эга.
Бу шуни кўрсатадики, бугунги ўзбек ёшлари орасида ҳам Буюк Айтматов яшамоқда.
Раҳимжон АЛИ, Ўш,
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ