‘Исломий Давлат’ минтақага қадам қўйди
‘Исломий Давлат’ минтақага қадам қўйди
-
27 Январ 2015

Дунёдаги энг қудратли жиҳодчи гуруҳ саналаётган «Исломий Давлат» Афғонистон ва Покистонда фаолият олиб борувчи янги бўлинмасини ташкил қилганини эълон қилди.
Сўнгги янгилик минтақадаги ўн жиҳодчи қўмондон ўзларининг гуруҳга содиқликларини эълон қилишганидан икки ҳафта ўтиб, ўртага чиқмоқда.
«Исломий Давлат»нинг янги ҳудудга кириб бориш истаги гуруҳнинг «Твиттер»да эълон қилган сўнгги аудиомурожаатидан маълум бўлди.
Халқаро таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, «Исломий Давлат» сўнгги баёноти билан ҳар икки Толибон ҳаракати ва уларнинг яқин иттифоқчиси «ал-Қоида» тармоғига чақириқ билан чиқмоқда.
Бу учовлон сўнгги йилларда минтақада энг фаол бўлган уч жиҳодчи жангари гуруҳ саналишган.
Ўтган йили Яқин Шарқда ўзининг исломий халифатига асос солган «Исломий Давлат» эса, жорий пайтда дунёдаги энг қудратли жиҳодчи гуруҳ саналади.
Ушбу гуруҳ аъзоларининг сони ўтган бир неча йилнинг ўзида 30 мингдан ортган ва сафлари жадаллик билан кенгайиб бормоқда.
«Исломий Давлат» дунёнинг исталган бурчагидан жангарилар ёллашга муваффақ бўлмоқда ва сўнгги ойларда гуруҳнинг қадами Покистону Афғонистонга етгани ҳам расман ўзининг тасдиғини топганди.
Бу жиҳодчи гуруҳнинг сўнгги баёнотидан маълум бўлишича, Покистон Толибон ҳаракатининг собиқ воизи «Исломий Давлат»нинг минтақадаги қўмондони этиб тайинланган.
Ҳафиз Сайид Хон бундан 10 кун бурун бир гуруҳ жангарилар билан Покистонда қилган видеочиқишида ўзининг «Исломий Давлат»га садоқатини эълон қилганди.
Янги гуруҳ аъзоларининг сони, ҳозирча, маълум эмас. Аммо улардан аксариятининг собиқ Толибон жангарилари ташкил этиши айтилмоқда.

Видеохабарда Хон билан бирга Афғонистон Толибон ҳаракатининг икки қўмондони ҳам акс этган, бу эса, собиқ воиз ва ҳозирда янги лидернинг ҳар икки давлатда ўз қўлловчиларига эга эканига далолат қилади.
«Твиттер»даги аудиомурожаат эса, «Исломий Давлат» гуруҳининг таниқли воизи Абу Муҳаммад ал-Аднанийга тегишли экани айтилмоқда.
Кобулдаги мухбиримиз Девид Лойннинг хабар беришича, аудиомурожаатининг янги эканини билдириш учун гуруҳ воизи Саудия Арабистони подшоҳининг вафотини тилга олиб ўтган.
90 ёшли подшоҳ Абдулла бин Абдулазиз эса, ўтган ҳафта зотилжам хасталиги туфайли ҳаётдан кўз юмганди.
Абу Муҳаммад ал-Аднанийнинг ўз аудиомурожаатида айтишича, Ҳафиз Сайид Хон минтақада «Хуросон» гуруҳига бошчилик қилади.
Қадимда Афғонистоннинг ўзи ҳам Хуросон, деб юритилган.
Баъзи бир мусулмонлар эса, Қиёмат қўпишидан олдин Хуросон ўзра қора байроқлар ҳилпирайди, деган ақидага ишонишади.
Куни-кеча эса, Яқин Шарқда жанг олиб бораётган ва «Исломий Давлат»нинг яқин иттифоқчиси саналган «Хуросон» гуруҳининг ҳам Афғонистонга сизиб кирмоқчи эканига оид хабарлар ўртага чиққанди.
Ўз ўрнида, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали собиқ қўмондони Мулла Абдул Рауф «Исломий Давлат»нинг Афғонистондаги асосий хизматга ёлловчиси ва ёлланган жангариларининг бошқарувчиси экани расман ўз тасдиғини топганди.
Мулла Абдул Рауфнинг Покистондаги «Исломий Давлат» гуруҳи билан бирор бир алоқага эгами-йўқлиги, ҳозирча, маълум эмас.

Аммо ҳали “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистонга “сизиб киргани” афғон расмийлари томонидан расман ўз тасдиғини топмаган бир арафада Ўзбекистон ва Россия раҳбарияти худди шундай хавотир билан чиқишган.
Жумладан, президент Ислом Каримов Россия раҳбари билан ўтган йили бўлиб ўтган сўнгги олиймақом музокаралари чоғида «Исломий Давлат» гуруҳи аллақачон Афғонистонга сизиб кираётгани ва мавжуд вазият тегишли чоралар кўришни тақазо этишини баён қилганди. Президент Владимир Путин ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбининг ташвишлари билан бўлишганди.
Агар, Халқаро Инқироз Гуруҳининг куни-кеча эълон қилган янги ҳисоботларига таянилса, ҳозир икки мингдан тўрт мингтагача марказий осиёлик “Исломий Давлат” гуруҳи сафларида жанг қилишмоқда ва уларнинг энг катта сондагиси этник ўзбеклардир.
Халқаро Инқироз Гуруҳининг огоҳлантиришича эса, агар, барча Марказий Осиё ҳукуматлари бир ёқадан бош чиқариб, бунга қарши ҳамкорликда чора-тадбир ишлаб чиқишмаса, жумладан, хавфсизлик чораларини кучайтириш билан бирга, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларга қўл уришмаса, диний радикализм бориб, бориб Марказий Осиёдаги барқарорликка таҳдид солади.
Ҳам халқаро ва ҳам минтақавий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, минтақада вужудга келаётган бу каби вазият қўшни Афғонистоннинг ярим йиллик сайлов бўҳрони ортидан, қудратга келганига бор-йўғи бир неча ой бўлган янги миллий бирдамлик ҳукуматини қийин аҳволга солмай қўймайди.
Устига устак, орадан тўрт ой ўтиб ҳам, Афғонистонда ҳануз янги ҳукумат иш бошламаган, бирор бир вазирлик лавозимига янги номзодлар тайин этилмаган. Мамлакат коррупция, ночорлик, ишсизлик ва зўравонликлар гирдобида. Орада кечган вақт давомида янги ҳукуматнинг афғон тупроғида жанг қилаётган Толибон дохил қолган қуролли гуруҳлар билан сулҳу мадорага эришиш уринишлари ҳам, ҳозирча, бирор бир самара бермаган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи арафасида қатор минтақавий таҳлилчилар, агар, минтақадаги бошқа исёнчи гуруҳлар ва қўмондонлар ҳам “Исломий Давлат” гуруҳини танлайдиган бўлишса, бу – Марказий Осиё давлатларининг шундоққина биқинига энг аввало шафқатсиз жанг усулларининг кириб келишига замин яратиши билан огоҳлантиришганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз — +44 7858 860002
ББС
Qaysi «aqlli» yozdi ekan buni? Qanaqaiga ular «“Исломий Давлат” эса, жорий пайтда дунёдаги энг қудратли жиҳодчи гуруҳ саналади». G’irt odamho’r, kallakesar, qotil va aqli-hushi joyida bo’lmagan ahmoq terroristlar guruhi-ku bular. Aqli raso odamlar bunday insonga xos bo’lmagan ishlarni, qotilliklarni qilmaydi.