— ”Афлотун дўстимдир, лекин хақиқат Ундан афзал” – демиш файласуф Суқрот…
АБДУЛЛА ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
Шогирд мақоми
Умримиз кечади оддий ва камтар,
Биламан, сен кўзга илмаслигингни.
Дунёга теранроқ ташлагин назар,
Бўйнингга ол, укам, билмаслигингни.
Эсла буюк шоир асарларини,
Сўраб, ўрганишдан эринма зинҳор.
Жўн бир пардақанот асаларининг
Биз билмаган қанча синоати бор.
Аллома Беруний қазоси куни
Бир савол ечимин қилибди армон.
Ҳадиси шариф ҳам уқдирар буни:
“Боринг илм дея ҳатто Чин томон”.
Ўрнидан қўзғалмас харсанг тош фақат,
Пойгада ғолибдир асил, чопқир от.
— ”Афлотун дўстимдир, лекин хақиқат
Ундан афзал” – демиш файласуф Суқрот.
Муқаддас китобда олам сеҳри жам,
Жо бўлмиш илоҳий туйғу ва фикр.
Алҳазар, алҳазар, Яратганнинг ҳам
Энг аввал душмани аталмиш – кибр.
Юксакни кўзлайди доимо бургут,
Парвози майлига баланддир, пастдир.
Комиллик заҳматин этма ҳеч унут,
Бир зина ошмаган шогирд эмасдир.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ