Абдулла Орипов: Эгам бордир, эгам бор — Тўзғимас карвон, аё банда…
АБДУЛЛА ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
ҒАЗАЛ
Унутмишсан, мақоминг –
Етти қат осмон, аё банда,
Кабирдирсан ва номинг
Ҳазрати Инсон, аё банда.
Худойим жон ато этмиш,
Шукрким, сийламиш ортиқ
Сенга ақлу тафаккурни
Қилиб эҳсон, аё банда.
Илоҳий туҳфалар бул кун
Кўринмас, қайга даф бўлди?
Ҳаё йўқдир, ибо йўқ,
Қайдадир виждон, аё банда.
Кечувда баччасин тишлаб,
Ўтурлар ваҳши(й) шерлар ҳам,
Сен эрсанг гоҳ бешик узра
Тўкурсан қон, аё банда.
Мен оддий кимсаман, лекин
Боқиб ҳолингга йиғларман,
Қул ўлдинг нафсингга буткул
Қолиб иймон, аё банда.
Жаҳаннамни қўлинг бирла
Яратдинг сен, таассуфким,
Замин фирдавсини йиқдинг,
Этиб пайҳон, аё банда.
Алам чекма, лек Абдулла
Асл ўғлонларинг бордир,
Эгам бордир, эгам бор
Тўзғимас карвон, аё банда.
03.12.2012.
суратга изох
Бу расм 2013 йил А.Пушкиннинг туғилган кунида унинг боғида олинган. Абдулла ака, қизлари Шоирахон ва журналист Сергей Кавчук…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ