Исмат ХУШЕВ: БОШ ВАЗИРНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ (2-китоб, 29-боб)
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков ҳукумат йиғилишини бошқараётган пайт. Унинг ўнг қўлида — Олий раҳбарият мулозимлари Шароф Убайдуллаев, Адҳамбек Фозилбеков, Шукрулло, Жамол Камол, Солижон Мамарасулов ва бошқалар. Тошкент, 1992 йил
Йигирма тўққизинчи боб
БОШ ВАЗИРНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ
Ёки Исмоил Жўрабековни нега “Серый кардинал” деб аташарди?
(Исмоил Ҳакимович Жўрабековнинг сиёсий портретига шарҳ)
1.
Ўзбекистон сиёсатидаги Исмоил Жўрабеков шахси – у киши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни тақозо этади
Исмоил Жўрабеков узоқ йиллар давомида – Шароф Рашидовдан то Ислом Каримовгача мансаб пиллапояларида фақат юқорига қараб ўрлади. Йиширма беш ёшидан то етмиш бешга қадар — қарийб эллик йиллик мулозимлик ҳаётида унинг сиёсий карьераси бирор марта ҳам орқага чекинган эмас. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё сиёсатида ҳам мисли кўрилмаган ва ниҳоятда камёб ҳодиса.
У 1980- йиллардаёқ “Ўзагропром”га раҳбарлик қилган ва кейинчалик Министрлар Совети Раисининг ўринбосари бўлган. Ўзбекистон Компартиси Марказий Комитетининг Бюро аъзоси этиб сайланган.
Жўрабеков сиёсий портретига шарҳ берарканмиз, яна бир ажиб ва ҳайратли ҳолга дуч келамиз: Ўзбекистонда “Пахта ишлари” даврида йигирма жами беш мингдан (25 000) зиёд катта кичик раҳбарлар жиноий ишга тортилган. Лекин бу ишларга асосан бош бўлган ва раҳбарлик қилган Жўрабековга терговчилар сўроқ нари турсин, бирорта савол ҳам беришмаган.
Ҳолбуки улар истаган одамнинг бўйнига сиртмоқ солиб қўйиб, кейин бемалол гаплашишлари мумкин. “Ғинг” десангиз, сиртмоқни тортиб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас. Лекин Ўзбекистонда ҳамма қамалиб, биргина Жўрабеков уларнинг бу сиртмоғидан омон қолган.
Яна бир гап.
Ўзбекистонда ҳар гал республика раҳбари алмашаркан, у билан бирга унинг командаси мулозимлари ҳам ўз ўринларини янги раҳбар тарафдорларига бўшатиб беришган.
Ажаб, мана ярим асрки, сиёсатнинг бу “олтин қоида”си бизнинг бугунги қаҳрамонимизни ҳамиша четлаб ўтган. Бир сўз билан айтганда, Исмоил Жўрабеков – фақат раҳбарлик учун туғилган одам. Уни етук ва беназир мутахассис десак хато қилмаймиз. Оз гапирса ҳам лўнда, пухта ўйлаб, айни иддаони айтади.
Саргўзашт китобимнинг олдинги бобларида ёзганимдек, Абдулла Ориповнинг бир насиҳати бор: “Агар раҳбар бўламан десанг, айтадиган гапинг доим ичингда турсин”. Устоз менга шундай деб таълим берган. Лекин мен бу олтин қоидага амал қилолмадим ва алал оқибат — амал ҳам менга вафо қилмади.
Лекин мендан фарқли ўлароқ, Исмоил Жўрабеков устознинг айни “таълим”ини қойил мақом қилиб ҳаётга тадбиқ этган.
Шунинг учун бўлса керак, Исмоил Ҳакимович амал пиллапояларида сал кам чорак аср қоқилмай юрди…
Суратда: Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков (ўртада) Президент Маҳкамаси мулозимлари Шароф Убайдуллаев (чапда), Президентнинг матбуот котиби Шавкат Яҳёев ва Тошкент шаҳар ҳокими Адҳам Фозилбеков (ўнгда) лар билан, Тошкент шаҳри, 1992 йил…
2.
Исмоил Жўрабеков 1931-йил Самарқандда туғилиб, ўрта мактабни битирган. Сўнг Тошкентда ўқиган, ишлаган.
Талай йиллар ёшлик даврини суриб, сўнгра уйланган. Унинг Алишер, Фурқат ва Акмал исмли бойвачча ўғилларини бугун мамлакатда кўплар танийди. Оиласи жуда — очиқ кўнгил, меҳмондўст ва латофатли аёл.
Ўзбекистондаги раҳбарлик лавозимларида ишлаган ва Исмоил Ҳакимовични яқиндан билган унинг дўстлари ва шогирдлари ҳанузга қадар Жўрабековнинг оқила ва дилбар рафиқасини ажиб бир ҳурмат ва чексиз эҳтиром билан тилга олишади.
Салкам эллик йиллик умрини амал пиллапояларида ўтказган Исмоил Жўрабеков, ажабки, 75 ёшга етгандагина пенсияга чиқиб, дам олиш бахтига муяссар бўлди.
Ҳолбуки, кейинги йигирма йилда Ўзбекистонда Президентдан бошқаларнинг — нафақа ёшига етгандан сўнг ҳам сиёсат саҳнасида қолиши, Олий раҳбарият учун исталмаган ҳолдир.
Исмоил Жўрабековнинг сиёсат саҳнидаги жўшқин ва мазмунли раҳбарлик умри — Ўзбекистон давлати, сиёсати ва халқи тарихида ўзига хос муҳим ва ёрқин из қолдирди.
Тўрт давлат раҳбари билан бирга ишлаб, узоқ йиллар урилмай сурилмай, эсон омон ҳукуматдаги энг юқори мансаб ваколатларини эгаллаш учун одам қандай фазилатларга эга бўлиши керак?
Тан олиш керак: Исмоил Ҳакимович Жўрабеков – ноёб ва бетакрор раҳбар…
3.
Менинг Маматқул Саломов деган ишбилармон бир танишим бор, жуда обрўйли ва кайвони одам. Абдулла Ориповнинг қудаси. Узоқ йиллар республика қурилиш вазирликларида раҳбар лавозимида ишлаган.
Қурилишсоҳасидасуягиқотгананашукишикунларнинг бирида Жўрабековҳақидаменгашундайдебқолди: “Исматжон, менИсмоилҲакимовичгақойилман. Укишинибизнингсоҳабўйичамутлақо алдаббўлмайди. Шу қадар ғайратлики, ҳали муаззин азон чақирмасдан бурун қурилиш майдонига етиб боради.
Шундоқ асфальт йўлга қараб туриб, неча сантиметр қалинликда асфальт ётқизилганини ҳам, бизнинг қанча “ўмариб” қолганимизни ҳам бехато айтади”, дейди.
Қаранг, асфальт ҳам юпқа ёки қалинлигига қараб баҳоланаркан. Хуллас, Жўрабеков ниҳоятда қобилиятли зот экан.
Ростини айтсам, мен кўп давраларда Жўрабеков тўғрисида яхши гап айтмайман. Лекин ҳамиша “отпор” оламан. Чунки, Исмоил Ҳакимовични шахсан ёмон кўрадиган одамлар ҳам, душманлари ҳам унинг профессионал қобилиятига тан берадилар, ишчанлигига, куч-ғайратига қойил қоладилар.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келганидан бўён Исмоил Жўрабеков у киши билан бирга. Аввал Ўзбекистон ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари (айни пайтда у республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ҳам ҳисобланган, сўнг, Президентнинг қишлоқ хўжалиги бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.
Тўғри, мустақилликнинг дастлабки йилларида у бир муддат республика Фавқулодда Вазиятлар Вазирлигига ҳам раҳбарлик қилган. Бу энди шунчаки, маълумот учун.
Бугун тўқсонинчи йиллар сиёсатига теранроқ разм солган одам ўша пайтда Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳадаги бирор-бир ҳодиса Жўрабековсиз ҳал бўлмаганини англаб етиши мумкин.
Шахсан менда Ислом Каримов республика раҳбарлигига келган дастлабки кунданоқ Жўрабековни “Сен менинг ҳукуматдаги кўз-қулоғим бўлиб турасан” деб Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлагандек таассурот қолган.
Чунки Исмоил Жўрабековга Бош вазир бўлган Абдуҳошим Мўталов ҳам, Ўткир Султонов ҳам ҳукумат миқёсидаги у ёки бу масалани ҳал қилиш бобида Жўрабековдан кейинги ўринда туришган.
Президент бу борада даставвал Исмоил Ҳакимовичнинг фикрига қулоқ тутган ва уни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган.
4.
Энди Исмоил Жўрабеков билан ўзимнинг шахсий муносабатларим тўғрисида ҳам икки оғиз гапирмоқчиман.
Мен эгаллаб турган лавозимим ва Президентга яқинлигим боис Исмоил Ҳакимович билан ҳам яхши муносабат ўрнатишим мумкин эди. Бироқ, менинг тажрибасизлигим, ғўрлигим ўзимга панд беради.
Гап шундаки, Шароф Рашидов даврида Бухоро обкомининг биринчи секретари бўлган Абдувоҳид Каримовнинг рафиқаси Меҳринисо аяни мен шахсан танир эдим.
Опа ҳозир ҳам Тошкентнинг қоқ марказида – “Халқлар дўстлиги” майдони атрофидаги “СовМин”нинг мўҳташам ва ҳашаматли уйларида истиқомат қиладилар. Меҳринисо аянинг катта қизлари – Гулнора менинг синфдошим, унинг турмуш ўртоғи — Нуриддин ҳам мен билан бир синфда ўн йил бирга ўқиган…
У пайтларда Абдувоҳид ака Китобда райкомнинг биринчи секретари эди. Улар амал пиллапоясига Исмоил Жўрабеков билан биргаликда кўтарилишган экан. Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида бирга ишлашган, яқин дўст ва оғайни бўлишган.
Абдувоҳид ака вазирликдан кейин Китоб райкомининг биринчи секретари, Сурхондарё вилоят ижроқўми раиси вазифаларида ишлаган, сўнг Бухоро обкомининг биринчи секретари бўлиб кўтарилиб кетган.
Абдувоҳид Каримов – асли китоблик — Севаздан. Улар отам билан Сариосиё қишлоғидаги ўрта мактабда бирга ўқишган. Кейин йиллар ўтиб у киши Китобда райкомнинг биринчи секретари бўлиб ишлаган пайтда унинг қизи Гулнора билан билан биз ҳам бир синфда ўқиганмиз.
Тақдир экан, кейинчалик менинг синфдаги энг яқин дўстим Нуриддин Гулнорага уйланди. Кўп ўтмай улар Бухорога кўчиб кетишди. Бу пайтда Абдувоҳид Каримов – бухоро обкомининг биринчи секретари эди. Кейинчалик менинг синфдаги энг яқин дўстим Нуриддин Гулнорага уйланди. Кўп ўтмай улар Бухорога кўчиб кетишди.
Шу ерда изоҳ сифатида айтиб ўтишим керак: Обком саркотиби Абдувоҳид Каримов ҳақида ёзувчи Саъдулла Караматов – кейинчалик Ўзбекистонда Вице-премьер бўлган Ҳамидулла Караматовнинг отаси – “Олтин қум” номли лўла бошидек роман ёзишга ҳам улгуради.
Хуллас, Абдувоҳид Каримовнинг оиласи билан биз ўша мактаб давридаёқ таниш эдик. Нуриддин уларга куёв бўлганидан сўнг, янада иноқлашиб кетдик.
Уларнинг Бухородаги “Қизил дача” номи билан машҳур бўлган обком оромгоҳига — Ўзбекистоннинг кўплаб раҳбарлари қаторида Исмоил Жўрабеков ҳам тез-тез меҳмонга бориб турган.
Ўз даврида Бухорода “Амир Олимхон” даражасига кўтарилган Абдувоҳид Каримов ўша машъум “ўзбеклар иши” муносабати билан Гдлян ва Ивановлар томонидан ҳибсга олинганда, Исмоил Ҳакимович ҳам гувоҳ сифатида терговга чақирилган. Кейинчалик Абдувоҳид Каримов қамалиб кетган, лекин Исмоил Жўрабеков, юқорида айтганимиздек, “сувдан қуруқ чиққан…”
Абдувоҳид Каримовни “Амир Олимхон даражасига кўтарилган” дедик. Бу бор гап. Буни бухороликлар яхши билишади.
Абдувоҳид Абдухолиқович Бухорода обкомнинг биринчи котиби бўлган йиллар – унга ва оиласи Меҳринисо аяга алоқадор кўплаб қашқадарёлик, хусусан Китоблик қариндош уруғлари, ҳамқишлоқ ва юртдошлари ёппасига Бухорога кўчириб оборилган, ёғлик ва мойлик жойлар, лавозим ва мансаблар уларга бўлиб берилган.
Ҳолбуки, айни пайтда республикани чорак аср бошқарган Рашидовнинг беш ака укасидан бирортаси ҳам Ўзбекистонда биринчи раҳбарлик даражасига кўтарилмаган. Бунга Шароф ака изн бермаган. Шундай бир пайтда Абдувоҳид Каримовнинг Бухорода «ўзи хон – кўланкаси майдон» бўлгани, қариндош уруғчилик қилгани унинг узоқни кўра олмаслиги ёхуд хотини изнидан чиқа олмаслиги оқибати бўлса, ажаб эмас.
Бу албатта унга обрў келтирмади.
Лекин шу билан бирга, адолат ҳаққи-ҳурмати айтиш лозимки, у киши ҳақида Бухорода бугунга қадар салбий гаплар билан бирга кўп яхши ва илиқ хотиралар ҳам бор: Абдувоҳид Каримов Бухорога раҳбарлик қилган йилларда ободончиликка катта эътибор берган. Аҳолини тоза ва ширин ичимлик суви билан таъминлашдек савобли ишнинг бошида турган.
Кўнгли дарё ва кечиримли бўлган мард ва танти бухороликлар унинг обрў эътиборига жиддий зарар етказган қариндош уруғчилик ва порахўрлик каби иллатлари баробарида — табиатан оғир-босиқ ва ниҳоятда меҳнаткаш бўлган бу одамнинг фаровонлик борасида амалга оширган шу ва шунга ўхшаш жуда кўп хайрли ва савобли ишларини ҳанузга қадар ажиб бир меҳр билан эслаб юришади.
Абдувоҳид Абдухолиқовичнинг бухороликлар то ҳануз миннатдор бўлиб эслаб юрадиган асосий савобли иши — Аму-Бухоро канали билан боғлиқ. Бевосита Абдувоҳид Каримов раҳбарлиги остида қурилган 280 – 300 километрлик бу канал (Бошлиғи Наби Ҳамроев) Абдувоҳид Каримовнинг бугун ҳам муборак ном билан бухороликлар қалбида яшаб келаётганининг буюк бир тимсолидир.
Абдувоҳид аканинг асл касби – ирригатор эди. Агар Абдувоҳид Каримов — билимдон ирригатор бўлмаганида — бу канал ҳам бўлмасди. Бу кўп миллиард сўмлик канал ҳеч қачон бухоро даштларига етиб келмасди.
Абдувоҳид Каримов раҳбар бўлиб келганга қадар — Зарафшон дарёсига қараб қолган Бухоро экин майдонлари айни сув танқислиги пайтида Зарафшон сувидан баҳраманд бўлолмай қоларди. Самарқандликлар сувни Бухорога ўтказмас эдилар, у — Зарафшон даласидан ортмасди.
Сувсизликдан Бухоро асрлар мобайнида азият чекиб келарди. Минг йиллик муаммо — Абдувоҳид Каримов даврига келиб, унинг касби – ирригатор, сув қурилиши мутаххасиси бўлгани боис, ҳал бўлди. Аму Бухоро каналини қазиш юзасидан чизилган қимматбаҳо лойиҳага нафақат Рашидовни, балки Москвани ҳам ишонтира олди.
Алал оқибат, сал кам уч юз километрлик — бир неча миллиардли бу сув иншооти муваффақиятли қурилиб, Бухорога ҳақиқий маънода оби ҳаёт олиб кирди. Бугун Абдувоҳид Абдухолиқовичнинг бу сайъи ҳаракати ва жасоратини унутиш – нонкўрлик бўлади. Буни бухороликлар яхши билишади, шунингу чун ҳам унинг муборак номини, то ҳануз иззат ҳурмат билан эслаб юришади.
Лекин бундай улуғ ишни қила олган кишилар номини фақат эслаб юриш кифоямикан?
Менинг назаримда, агар бу дунёда ростдан адолат бўлса, Аму Бухоро канали бундан кейин – Аюдувоҳид Каримов номи билан аталиши лозим!
Ахир, Аму Бухоро Каналидан салкам ўн марта кичироқ бўлган — 45 000 км.ли Катта Фарғона Канала унинг ўз ижодкори – Иномжон Усмонхўжаев номи билан аталгани каби, «Аму Бухоро» канали ҳам эрта бир кун Абдувоҳид Каримов номи билан аталиши керак!
Бу канал шарофати билан канал Бош инженери Нажим Раҳимович Хамроев — Бухородан тўғри Тошкентга «Узглавводстрой» — Сув қурилиши министри бўлиб келган эди. Бу – Абдувоҳид Каримов ташаббускори ва ижодкори бўлган – «Аму Бухоро» канали учун Нажим Ҳамроевга — давлат ва ҳукуматнинг билдирган чуқур миннатдорчилиги эди. Нажим Раҳимович бу ерда озгина ишлаб, сўнг СовМин раисига ўринбосар бўлди.
Бу – Ватан ва юрт равнақи учун жон фидо қилиб ишлаган ёш ва ғайратли инженерга берилган Ватан мукофоти эди.
Мана Сизга — Абдувоҳид Каримов асос солган «Аму-Бухоро» каналининг қудрати!
5.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган дастлабки йилларда республиканинг янги раҳбари Ислом Каримов “пахта иши” билан қамалган барча ватандошларимизни Ўзбекистонга қайтаришларини сўраб Москвага мурожаат қилганини бугун ўзбекистонликлар яхши билишади.
Марказ Ўзбекистон раҳбарининг бу таклифини қўллаб қувватлаган. Иномжон Усмонхўжаев, Оқил Салимов, Раъно Абдуллаева, Аҳмаджон Одилов, Абдувоҳид Каримов ва яна бошқа кўплаб ватандошларимизни Россия қамоқхоналаридан Ўзбекистонга қайтариш ҳақида қарор қабул қилган.
Лекин Свердловск қамоқхонасидан Ўзбекистонга жўнатилиши арафасида Абдувоҳид Каримов кутилмаганда вафот этган эди.
Бу сирли ўлим то ҳануз афсуски, жумбоқлигича қолиб келмоқда…
Ўшанда мен “Ҳаёт ва иқтисод” журналининг Бош муҳаррири эдим. Табиийки, Абдувоҳид Каримовнинг оиласи ва фарзандлари Нуриддин орқали мендан бу ҳақда Президентга хабар беришни, агар бу гап Ислом Каримовга етса — у киши Абдувоҳид Каримов жасадини Свердловскдан Тошкентга келтиришда ёрдам беришини айтиб, илтимос қилишди.
Бу ҳақда Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқовга айтганимда у киши “Сиз бу ишларга аралашманг, бефойда” деб жавоб қайтарди.
Мен шунда биринчи маротаба Мавлон акага эътироз билдирдим: “ахир Ислом аканинг ўзлари бу хайрли ишларнинг бошида турибдилар-ку, нега энди у кишининг ташаббуси билан Ўзбекистонга қайтиши аниқ бўлган оқшомда, сирли равишда турмада «вафот этган» одамга ёрдам беришлари мумкин эмас” деб.
Хуллас, мен ҳеч нарсага эришолмадим. Нуриддин — қайнонаси Меҳринисо ая билан Абдувоҳид Каримов жасадини олиб келиш учун Свердловскка учиб кетишди. Гулнора — болалари билан Тошкентда йиғлаб қолди. Мен шу оғир кунларда собиқ синфдош дўстларимга ёрдам беролмаганимдан қаттиқ куюндим…
6.
Нуриддин ва қайнонаси Свердловскдан Абдувоҳид Каримов жасадини олиб, қайтганларидан сўнг ҳамдардлик билдириш учун кўнгил сўраб, уларнинг «Дружба Народов»даги ўша хонадонларига бордим.
Шунда Меҳринисо ая: “Исматжон, битта хат бор, илтимос, шуни Исмоил Жўрабековга бериб қўйсангиз”, дедилар ва қўлимга бир конверт тутқаздилар.
Албатта, мен бу хатда нималар ёзилганини билмасдим, лекин уни Исмоил Ҳакимовичга шахсан топширишга ваъда бердим. Азадор хонадоннинг кўнгли ярим соҳибаси ниманидир илтимос қилган пайтда унга рад жавобини бериб бўлмасди, албатта.
Ўша кунлари ҳозирги “Совмин”нинг мажлислар залида Ислом ака қандайдир анжуман ўтказадилар. Равшанки, И.Ҳ.Жўрабеков ҳам олдинги қаторлардан жой олади. Танаффус чоғида у киши баъзи ҳукумат аъзолари билан гурунг қилиб ўтирганида ўша пайтларда Президент Кенгашининг аъзоси бўлган Шукрулло ака: “Эсдалик учун суъратга тушайлик” деб таклиф қилиб қолдилар (Юқоридаги сурат).
Биз ҳам Мавлон ака билан ўша ерда эдик. Суратга тушганимиздан кейин мен фурсатдан фойдаланиб тўғри Жўрабековнинг олдига бордим ва: “Исмоил Ҳакимович, Сизга шу хатни беришди, олиб қўяр экансиз”, дедим у кишининг кўзларига тик қараб.
У киши шошиб қолганидан конвертни олиб чўнтагига солиб қўйди. Шу пайт соқчилар югуриб келишди. Кейин билсам у кишига хат-пат бериш мумкин эмас экан. Битта соқчи: “Сиз нима қилаяпсиз?” деди. “Нима ишингиз бор, мен унга хат бердим, холос”, дедим бамайлихотир…
Мен ўша пайтларда Президентга яқинлигим туайли Олий раҳбарият осмонларида учиб юрардим.
Қандайдир соқчиларни назар-писанд қилмайдиган ўт-олов йигит эди. Сездимки, соқчи қаттиқ ғазабланди. Шу воқеадан сўнг Исмоил Жўрабеков мени ёқтирмайдиган, мени кўрса кўзи ўйнаб, ола була бўлиб, мендан қочадиган бўлиб қолди.
Мен анча пайтгача бу сир асрорини тушунолмай юрдим…
7.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Исмоил Жўрабеков Мавлон Умурзоқов билан махсус самолётларда вилоятларга тез-тез учиб бориб туришарди.
Президент топшириғини бажариб қайтишган пайтда уларнинг ёрдамчилари билан биргаликда “Тошкент 2” ҳукумат аэропортига кутиб олишга чиқардик.
Одатда сафнинг бошида мен турардим, мендан кейин Мавлон аканинг ёрдамчиси ва негадир сафнинг энг охирида Жўрабековни кутиб оладиган «йигитлар» туришарди. Самолётдан гоҳида Мавлон ака, гоҳида Исмоил Ҳакимович биринчи бўлиб тушиб келарди. Мавлон ака мен билан ўпишиб кўришарди, лекин Жўрабеков — бу ерда қочадиган жой йўқлигиданми, билмадим, ўлганнинг кунидан — қўлининг учини берарди, холос.
Мен ҳануз унинг кутилмаган бу ўзгариши сир асрори тагига етолмасдим.
Ўша хатни берган кундан эътиборан бирор маротаба ҳам Жўрабековнинг: “Яхшимисан, ука?” деганини эшитмадим. Чунки «яхши одам эмаслигимга» у аллачон ишонч ҳосил қилган экан.
Кўзимга бир қарайди-ю, лом-мим демайди. Дардини ҳам айтмайди. Шу-шу мен ундан бирор маротаба ҳам на яхши ва на ёмон гап эшитмадим.
Кейинчалик Мавлон акага: “Шу одам негадир мени ёқтирмайди, бирор марта ҳам очилиб сўрашмади”, дедим нолиб. “Ука, парво қилманг, у киши ҳатто биз билан ҳам очилиб гаплашмайди”, деб жавоб қилди Мавлон ака.
Шундан кейин мен ҳам секин-аста Жўрабековнинг қовоқ-тумшуқларига эътибор бермайдиган бўлдим…
8.
Орадан бир-неча йиллар ўтгач, Меҳринисо аянинг ўзи ўша хатдан гап очиб қолди.
Маълум бўлишича ая ўз хатида Жўрабековни роса ҳақорат қилган экан: “Эй, кал, сен ҳалигача тирик юрибсан, менинг эрим аллақачон ўлиб кетди. Олган миллион миллион доллар пулларингни қачон қайтарасан. Сен қачон ўласан, муттаҳам?!” — деган экан Меҳринисо ая.
Мен аҳмоқ ўша хатни Жўрабековга шахсан топширган эканман…
Ажаб, Меҳринисо ая нима учун бу хатни айнан менга берди экан? Нима бало, менда қасди бормиди, билмадим.
Эсли-ҳушли одам бировни бундай ноқулай аҳволга қолдирмаслиги лозим. Эҳтимол, опа буни жаҳл билан, оқибатини ўйламай қилган бўлиши ҳам мумкин.
Афсуски, орадан уч-тўрт йил ўтгандан кейингина мен ўша хатда нималар ёзилганидан хабар топдим. Аслида, хатни элтиб бериб ўзим хато қилганман. Унинг тахминий мазмунини сўраб кўришим лозим эди. Товба, шу қадар содда ва ишонувчан бўлган эканман.
Эҳтимол, энди шу китобим орқали англашилмовчиликлар рўй бергани учун Исмоил Ҳакимовичдан узр сўрарман. Бироқ, ўшанда ёшлик ва тажрибасизлик қилиб, бировнинг ғазабу алам тўла хатини у кишига шахсан топширдим. Менинг айбим – шу. У киши кўпчиликнинг олдида конвертни олиб, чўнтагига солади. Албатта, кейин хатни ўқиб кўрган бўлиши керак ва ғазаблангани ҳам табиий…
9.
Ўша воқеадан сўнг мен Жўрабековни ёмон кўриб қолганман.
Бу намунча менга қовоқ-тумшуқ қилади, нима бало, унинг арпасини хом ўрибманми, деб ундан ўзимча ўпкалаб юрдим.
Аслида айб ўзимда эканини, ҳукумат мулозими бўлган юқори мансабли одамга ҳар хил хат ва конвертларни беравериш одобдан эмаслигини кейин англаб етганман…
Лекин шуниси қизиқки, Исмоил Жўрабеков бу “шаккоклигим” учун мендан ўч олмаган, совуқ муомила қилиб юрган, холос. Ҳолбуки Президентга айтиб, мени у кишидан узоқлаштириши ва ё шунга ўхшаш бошқа бир “жазо” чорасини ўйлаб кўриши ҳам мумкин эди.
Лекин бунинг ўрнига сукут сақлашни афзал кўрган.
Ким билади дейсиз, эҳтимол, Исмоил Ҳакимович, бу ҳовлиқма ва бежилов феъл-атворим билан бир кун келиб ўз-ўзидан урилиб кетишим мумкинлигини тажрибали раҳбар сифатида аллақачон сезган бўлиши ҳам мумкин.
Балки, шунинг учун атай индамагандир…
10.
Биз Исмоил Жўрабековнинг сиёсий портретига шарҳ берарканмиз, унинг характеридаги ана шундай нозик томонларни ҳам илғай ола билишмиз керак. Раҳбарга баҳо бериш учун бу жуда муҳим омил.
Ёқтирмаган одамини қасос олиб йўқотишдан кўра, унинг ўз айби билан маҳв этиш санъатини бошқа раҳбарлар ҳам Исмоил Ҳакимовичдан ўргансалар, ёмон бўлмасди…
Исмоил Жўрабеков жуда ишчан, меҳнатсевар, Президент топшириқларини юксак малака, маҳорат ва масъулият билан адо эта оладиган, умуман тиниб-тинчимас одам.
Назаримда, унга кўнгилдагидек фаолият олиб бориши учун бир куннинг 24 соати ҳам камлик қиларди…
Жўрабековнинг Вазирлар Маҳкамасидаги турли-туман қурилиш макетлари-ю, қишлоқ хўжалигига оид катта- кичик хариталарга тўла кабинетида тунги соат тўққиз-ўнларга қадар ҳам чироқ ўчмасди.
Ва табиийки, ҳукуматнинг бошқа мулозимлари — Бош вазирнинг бор ё йўқлигига қараб эмас, айнан — Исмоил Жўрабековнинг ишдалиги учун ҳам уйларига кетолмай ўтирардилар.
Эрталаб соат бешда – юқорида эслаб ўтганимиздек – муаззин ҳали азон айтмаёқ Исмоил ака яна оёқда эди. У иш вақтигача пойтахтимизнинг талай қурилиш обьектларини кўздан кечиришга ҳам улгурарди…
Исмоил Ҳакимович ўз ишини, айниқса, раҳбарликни мукаммал биларди, ортиқча дабдаба ва илтифотларни ёқтирмасди, ҳамиша хизмат машинасининг олдинги ўриндиғида – ҳайдовчининг ёнида ўтирарди…
Агар шу мақолани рус тилида ёзиш лозим бўлганда эди, сарлавҳасини “Человек на своём месте” деб қўяр эдим. Яъни, “ўз ўрнига муносиб одам”. Жўрабеков фисқу-фасодга бетоқат, ишини яхши билади. Шунинг учун ҳам Президент оғир участкаларга доимо уни жўнатади. Унга масъулиятли вазифаларни топширади…
11.
1990-йилларда Ўзбекистонда Президентлик бошқарувини жорий этиш, муқобил сайловлар ўтказиш, унда Ислом Каримовнинг ғалабаси, Шукрилла Мирсаидовнинг ҳокимиятга келиши ва кетиши, ўзбек мухолифатига тазйиқ ва таъқибларнинг бошланиши, қишлоқ хўжалигидаги ғаройиб ислоҳотлар – буларнинг ҳаммаси Исмоил Жўрабеков номи билан чамбарчас боғлиқ.
Мавлон ака гарчанд Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлса-да, лекин бирор-бир масалани Исмоил Ҳакимовичсиз мустақил ҳал қилолмасди. Вилоят ва район ҳокимлари, вазирлик ва корпорация бошлиқлари, парламентга сайланиши лозим бўлган депутатлар рўйхати, Олий ва хўжалик суди аъзолари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва куч ишлатар тизими раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари ва элчиларни тайинлаш ва ишдан олиш бўйича Мавлон ака ҳамиша Исмоил Жўрабеков билан бамаслаҳат иш юритарди.
Баъзан улар олтинчи қаватда – Президентнинг олдида тўрт-беш соатлаб қолиб кетишар, мен эса Мавлон аканинг бешинчи қаватдаги мўҳташам кабинетида уларни кутиб, “вақтинчалик давлат маслаҳатчиси” бўлиб ўтирардим.
Ёрдамчилар, котибалар менинг бу кабинетга эмин-эркин кириб-чиқишимга аллақачон кўникиб қолишган эди.
Ўзбекистоннинг юқори мансаб лавозимларига одамларни тайинлаш ва уларни ишдан бўшатиш масаласига ҳам Исмоил Жўрабеков бевосита алоқадор бўларди. Мансабга тайинлашдек ёқимли “миссия”ни асосан Ислом ака ўз зиммасига олса, у ёки бу масалада гуноҳ қилганларни ишдан бўшатишдек “ёқимсиз” ва “машаққатли” вазифа, асосан Мавлон Умурзоқовнинг бўйнида эди.
Одатда Ислом ака юқори давлат лавозимига тайинланган кадрларни суҳбатдан ўтказиб Фармонга имзо чекар, сўнг ўша ердаёқ уларни янги лавозим билан табриклаб, ишларига омад тиларди.
Кечқурун бу Фармон “Ахборот”дан ўқиб берилар, эртаси куни эса барча ҳукумат нашрларида эълон қилинарди.
Министрлар ва ҳукумат аъзоларини ишдан бўшатиш, айниқса, қийин кечадиган жараён эди. Одатда уларни Мавлон Умурзоқов қабулига чақиришгандаёқ — ўша вазирлик ва ё корпорацияда шов-шув ва тўс-тўполон бошланарди. Чунки, бунга қадар бу жойларда Президент девонидаги тафтиш ва назорат органлари ўз суриштирув ишларини олиб борган ва керакли хулосалар аллақачон чиқарилган бўларди.
Бундай ҳолларда Исмоил Жўрабековнинг мавқеи жуда баланд эди. Унинг бир оғиз сўзи билан вазир ва ё ҳукумат аъзолари ўз вазифаларида ишлаб қолиши мумкин эди. Ислом Каримов ҳамиша у кишини қўллаб қувватлар эди.
Бугун ўйлаб қарасам, Ислом Абдуғаниевич Исмоил Ҳакимовични нафақат ҳукуматдаги кўз қулоғига, балки бутун Ўзбекистондаги барча масалани ҳал қилишга қодир бўлган қудратли назоратчисига айлантириб қўйган экан…
12.
Беш-олти йил ичида Исмоил Жўрабековнинг Ўзбекистон давлати ва ҳукуматидаги таъсир доираси шу қадар кучайган эдики, бу пайтга келиб у республика иқтисодиётининг барча соҳаларини – қишлоқ хўжалиги ва пахта экспортидан тортиб давлат бюджети-ю, валюта жамғармаларига қадар – барча-барчасини ўзининг тўлиқ назоратига олишга улгурган эди.
Боз устига у бу соҳа раҳбарлигига садоқатли ва синашта одамларини тайинлашга ҳам эришади.
Масалан, Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоев, Марказий Банк бошлиғи Файзулла Муллажонов, ҳозирги ҳукумат раиси Шавкат Мирзиёевнинг амал пиллапояларидан жуда тез суратлар билан кўтарилиши, молия вазири Мамаризо Нурмуродов, Самарқанд вилояти ҳокими Алишер Мардиевлар шахсан Исмоил Ҳакимовичнинг қўллаб қувватлаши натижасида бу юксак рўтбаларга муносиб кўрилганлар.
Вилоят ҳокимлари ҳам асосан Жўрабековнинг одамлари эди. Улар вилоятга ҳоким бўлишдан олдин энг аввало Исмоил Ҳакимовичнинг суҳбатидан ўтиб, кейингина Президент ва унинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси назарига тушишлари мумкин эди.
Бу биринчидан. Иккинчидан, улар вилоят ҳокими этиб тайинланганларидан кейин ҳам Мавлон Умурзоқов билан ҳисоблашмаса-да, лекин Исмоил Жўрабеков билан албатта тил топишлари шарт эди. Йўқса, бу лавозимда узоқ ишлаб қололмасдилар…
Ислом Каримов Жўрабековга шу қадар катта имконият ва ҳуқуқ яратиб берган эди.
Ислом ака билан турли даврларда бирга ишлаб, эгаллаб турган лавозими бўйича Ўзбекистон раҳбаридан кейинги ўринда турган Раҳим Ражабов, Шукрилла Мирсаидов, Мирзаолим Иброҳимов, Мираҳмад Мирқосимов, Шавкат Юлдошев, Эркин Халилов, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султоновлар Жўрабековга том маънода ҳавас қилсалар арзирди.
У республикада ростдан ҳам Президентдан кейинги иккинчи одам эди…
13.
Бир пайтлар Ўзбекистон Бош вазири лавозимида ишлаган Абдуҳошим Мўталов билан биз жуда яқин эдик.
Бир куни қандайдир юмуш билан у кишининг ҳузурига кирдим. Шунда у:
— Исматжон, мен Бош вазир бўлсам ҳам, лекин Исмоил Ҳакимович менга эркинлик бермайди! – деб шикоят қилиб қолди.
Шунда мен ҳайрон қолган эдим. Ўшандаёқ Абдуҳошим ака ва бошқалар номигагина Бош вазир эканини, аслида, ҳукумат ишларини асосан Жўрабеков бошқараётганини англаб етган эдим.
Охир оқибат Мўталовни Жўрабеков ўйиндан чиқариб юборади.
Абдуҳошим ака ишдан бўшатилгандан сўнг пойтахтимизнинг “Қорасув” мавзесидаги технология техникумининг директорига ўринбосар этиб тайинланади. Мен уни кўргани икки маротаба ишхонасига бордим. Шунда у очиқ айтди: “Жўрабеков менинг бошимни еди” деб…
Хуллас, А.Мўталов ва бошқа кўпчилик раҳбарларни Жўрабеков йўқотиб юборди, “уриб” юборди деган гап-сўзлар юради. Агар ростдан ҳам шунақа бўлса, Жўрабековнинг ўзини Бош вазир лавозимига тайинлаш лозим эди. Шунда ижроия ҳокимияти самаралироқ фаолият кўрсатармиди…
Хўш, Президент Исмоил Жўрабековнинг ўзини ростдан ҳам Бош вазир лавозимига тайинлаши мумкинмиди?
Менимча, мумкин эди. Фақат бу ерда вилоятлараро пропорционаллик қоидаси бузиларди, холос. Ислом Абдуғаниевич буни истамаган.
Аниқроқ, айтганда “тошкентликлар” нинг асабига тегишни хоҳламаган…
14.
Бу мамлакатни — Ислом Каримовча бошқариш методи.
Қачондир ўзига соя ташлаши мумкин бўлган ва ўзи билан бўйлаша оладиган биринчи раҳбарларни у ҳеч қачон мустақил иш бошида қолдира олмасди. Бу раҳбарларнинг ўринбосарларини ҳамиша уларнинг оёғи остига бомба ва ё мина қилиб қўйишга одатланган эди.
Ислом Каримовнинг ўзи ҳам, аслида, совет давридан қолган раҳбар.
Совет даврида эса Ўзбекистон биринчи раҳбарининг ўрнига доим — ҳукумат (СовМин) ва ё Олий Совет раислари рақобат қилишган, даъвогар бўлишган.
Масалан, 1951 йил Усмон Юсупов ўрнига — Олий Совет Президиуми раиси Амин Эрматович Ниёзов ўтган. 1955 йил Ниёзов ўрнига СовМин раиси Нуриддин Муҳиддинов ўтган. Вақти келиб Муҳиддинов Москвага кўтарилиб кетгач, унинг ўрнига яна СовМин раиси — Собир Камолов келган. Собир Камолов урилиб кетгач, унинг ўрнига — Олий Совет раиси Шароф Рашидов ўтган. Рашидовнинг ўрнига — яна Олий Совет раиси бўлган Усмонхўжаев келди…
Узоқ давом этган бу анъанавий халқани тарихда биринчи маротаба — Ислом Каримов буза олди: Ўзбекистон раҳбари Рафиқ Нишонов ўрнига бу гал ҳам одатдагидек – Олий Совет Президиуми раиси ёки «СовМин» бошлиғи эмас, балки Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримов келди.
Айнан мана шунинг учун ҳам, ўтмишдан яхши хулоса чиқарган Ислом Каримов ўз ҳукмронлиги даврида — СовМин ва Олий Совет раисларига бўй чўзиб, кўкаришига ва илдиз отишига ҳеч қачон изн бермай келди.
Назаримда, буни ҳам тўғри тушуниш керак. Бу ерда ҳам анча мунча ўзига яраша сир саноат борлиги табиий. Қолаверса, Каримов шахси ҳам сиёсатда ноёблигидан, у ўз ўтмишдошларидан фарқли ўлароқ, анойи эмаслигидан далолат бу.
Эҳтимол шунинг учун ҳам, Ўзбекистонда Президент билан Бош вазир ва ё Олий Совет раисини ўзъаро таққослаганда — улар доим майда чуйда – ер шарининг қаршисида турган бамисоли бир тарвузчадек, митти юлдуздек кўринмас бўлиб қолаверарди…
Суратда: Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков (ўнгда), Президент Маҳкамаси мулозими Шароф Убайдуллаев (ўртада) ва Президентнинг матбуот котиби Шавкат Яҳёевлар (чапда) 1992 йил…
15.
Биз олдинги бобларда ҳукуматдаги “клан” ва гуруҳлар хусусида гапирган эдик.
Исмоил Жўрабеков “самарқандликлар” клани етакчиси сифатида — “Тошкент” ва “Фарғона” кланларини заифлаштириб, тутдай тўкишга ҳаракат қиларди.
Бу орада гап-сўз кўпаймасин деб, баъзан ўз кланидаги “майда-чуйда” одамларни ҳам “қурбон”ликка келтириб, вазифасидан бўшатиб турарди.
Ислом Каримов бу масалада унга имконият яратиб берар, кейин кези келганда эса, тарози посангисини тенглаштириш учун — унинг ўзини ҳам ишдан олиб, «ўйин»дан чиқариб ташлаш мумкинлигини яхши биларди.
Умуман, Ислом аканинг ўз атрофидаги одамларни ваҳима билан ишдан олиб, республика сиёсий ҳаётида катта “шов-шув” қилиб турадиган бир одати бор.
Бу билан биринчидан, одил ва адолатли подшоҳ сифатида халқнинг олқишига сазовор бўлса, иккинчидан, ҳаддидан оша бошлаган ҳукумат мулозимларини сергаклантириб турарди…
Ислом аканинг яна бир шафқатсиз одати бор: ишдан кетиши аниқ бўлган раҳбар, у ким бўлишидан қатьий назар, биринчи галда Президент ҳузурига кириш ёки у билан телефонда боғланишдек нодир имкониятдан маҳрум қилинарди.
Вазир ва ҳукумат аъзоларини қўя туринг, ҳатто Ислом акага яқин бўлган юқори мансабли давлат мулозимлари ҳам Президентнинг қаҳрига учрасалар, тамом, ҳеч қачон у кишининг олдига киролмасдилар…
1994 йилнинг май ойларида бевосита бошлиғим — Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари бўлган, Ислом аканинг илмий раҳбари ва устози, академик Мурод Шарифхўжаев қабулхонасидан мени кутилмаганда Бюро йиғилишига чақириб қолишди.
Бу пайтда Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов аллақачон ишдан олиниб, икки ойлар муқаддам Сирдарё ҳокимига ўринбосар қилиб «сургун»га юборилган, унинг эрта индин қамалиши мумкин деган гап сўзлар энг авж палласига чиққан давр эди.
Ҳукумат уйига бордим. Ҳамма йиғилган, қовоғлар солиқ, ҳеч ким менга тик қарашга журъат эта олмасди…
Мурод Шарифхўжаев билан биз жуда яқин, айтиш мумкинки, ота боладек қадрдон ва иноқ эдик. У киши ажиб бир паришонхотирлик билан СовМин деразасидан узоқ -узоқларга тикилганча, ўзларига хос бўлган ажиб вазминлик билан, лекин қатьий қилиб, «Госплан» ҳайъати аъзоларидан журнал Бош муҳаррири Исмат Хушевни ишдан бўшаши учун овоз беришларини илтимос қилди. Ҳа, овозга қўйди эмас, балки илтимос қилди.
Ҳамма ҳамма нарсага аллақачон тушунган, қўл кўтаришни ҳам, кўтармасликни ҳам билмай, ҳайратдан донг қотиб қолишган эди. Голышев Вячеслав Аркадьевич, Саидова Галина Каримовна ва яна бир қатор мулозимлар биринчилардан бўлиб, қўл кўтаришди.
«Статистика» Давлат бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Ҳожимуродов эса: «Мен тамомила қаршиман, бунинг сабабини билишим керак!» деб худди уришишга шайланган жўжахўроздай ўрнидан турди.
Шундан руҳландимми, билмадим, мен ҳам кутилмаганда шитоб билан ўрнимдан туриб, «Ҳали сизларга кўрсатиб қўяман, Исмат Хушевни ишдан олиш қанақа бўлиши!» деб ташқарига отилдим. Вице премьер кабинети эшигини шаҳд билан очиб, қабулхонага чиқарканман, ўша ернинг ўзидаёқ вертушкадан Ислом канинг қабулхонасига телефон қилдим.
Мен — Ислом ака мени ҳеч қачон ишдан бўшатмаслигини, менга ишонишини, мен ҳам унинг ишончини паймол қилмаганимни яхши билардим. Мен ҳалол ва диёнатли бўлган одам ҳеч қачон ноҳақ жазоланмайди ва ноҳақ ишдан олинмайди деган хулосага собит эдим.
Ортимда очилиб қолган эшикдан Мурод Шарифхўжаев ва бутун ҳайъат аъзолари менга ҳайрат билан тикилиб туришганини кейин айтишди. Лекин ўша пайтда буни сезадиган ҳолда эмас эдим.
Биринчи қўнғироқ тугар тугамас телефон гўшагини Крайнов кўтарди. Боягина тўхтаб қолган ҳаёт яна борлигини, ҳозир мен яна илгариги бахтиёр ҳолатимга қайтишимни ўйлаб, қалбимга ажиб бир қувонч кирди. Ислом акамнинг ёрдамчиси тимсолида гўё мен ўз қариндошимни, суянч тоғимни топгандай қувониб, худди ука акага арз қилгандай кўнглим тўлиб, зорландим: «Георгий Алексеевич , это я – Хушев»…
Илгарилари шу гапни айтганимда «Э, Исмат ака, қалайсиз, сиҳат саломатмисиз, уйдагилар, болалар яхшим?» деб роса шакаргуфторлик қиладиган ва шундан сўнггина Ислом акани улаб берадиган Крайнов бу гал ўта совуқлик билан гапни қисқа қилди: «Больше сюда не звони!»…
16.
Биз — мулозимлик юлдузи сўниши шахсан Ислом ака томонидан амр этилган раҳбар ходимларнинг энг аввало Президент билан боғланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳақида гаплашаётган эдик.
Давлат раҳбари томонидан ишдан олиниши, ҳатто ҳибс қилиниши ҳам амр этилган яна қанчадан қанча бошқа мулозимлар ҳам мен тушган бу ғариб ҳолни бошларидан кечирган бўлишлари мумкин.
1998-йилда Исмоил Жўрабеков ҳам кутилмаганда вазифасидан олиниб, пенсияга чиқариб юбрилади.
Лекин бу гал, саройдаги ишончли манбаларнинг гувоҳлигига кўра — Жўрабековнинг ишдан бўшатиш ҳақидаги Фармон имзоланишдан олдин Ислом ака у билан “Оқ сарой”да узоқ суҳбатлашган. Бу – ўзбек сиёсий ҳаётида ҳали бўлмаган ва мисли кўрилмаган воқеа эди.
Исмоил Жўрабековнинг ишдан кетиши — республика сиёсий ҳаётида катта акс-садо берди.
Чунки, подшоликдаги вазирлардан бирининг саройдан қувилиши аҳоли орасида ҳамиша турли шов-шувларга сабаб бўлган. Одамлар унинг нима учун кетгани-ю, ўрнига ким келиши мумкинлиги ҳақида башорат қилишга ишқивоз бўлишади.
Исмоил Жўрабековнинг ишдан олинишини ўша пайтларда Президентнинг кадрлар масаласи бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган Темур Алимов ва унинг “тошкентликлар” клани — ўзларининг энг катта ғалабаси деб баҳолашади.
Лекин аслида ундай эмас эди.
Аслида, Ислом Каримов ҳеч қачон “кланлар” ни тан олмаган, давлат доимо давлат бўлиб қолишини истаган, бизнес, мол-мулк ва мафия вакилларининг сиёсатга аралашишига доим қарши бўлган, тўсқинлик қилган.
Президент қайсидир чаласавод бойвачча ва олигархлар қандайдир “кланлар” тимсолида ўзи ва ҳукумат олиб бораётган сиёсатга соя солиши мумкинлигини тасаввурига ҳам келтира олмаган ва бунга мутлақо йўл қўйиши мумкин бўлмаган принципиал раҳбар эди…
17.
Албатта, Исмоил Жўрабековнинг ҳукуматдан четлатилиши авваламбор унинг ўзи ва атрофидагилар учун кутилмаган “зарба” бўлди. Лекин у бундай “зарба”лардан эсанкираб, ўзини йўқотиб қўядиган тажрибасиз сиёсатчи эмас эди.
“Сиёсатчи” дедик ва бу гапни ўйлаб айтдик. Ҳа, Жўрабековни том маънода “сиёсатчи” деса арзийди. Чунки, сиёсатчи одам нафақат бировларнинг, балки ўзининг ҳам беш-ўн йил кейинги ҳаётини олдиндан кўра оладиган бўлиши керак.
Худди шу маънода Исмоил Ҳакимович бир кун келиб кутилмаганда амалдан олинишини билган, шекилли, ўз ҳимояси учун баъзи “ҳужжат” ва “компромат”ларни йиғиб қўйган экан.
У ишдан четлатилган қисқа фурсатда Ислом Каримов ниҳоятда ёлғизланиб қолди.
Президентлик бошқарувига қарши “Тошкент” ва “Фарғона”ликлар кланининг ҳужум хавфи кучайиб кетгандек туйилди. Ўзбекистон билан Тожикистон муносабатлари жиддий ёмонлашди. Тошкент портлашлари содир этилди…
Мен ҳозир бу масалаларга Жўрабеков неқадар алоқадорлиги ҳақида тўхталмоқчи эмасман. У ҳокимиятдан четлатилган қисқа муддатдаёқ — Президент ва Ўзбекистон бошига тушган оғир мусибатларни қайд этаяпман, холос.
Ҳолбуки, рус ва хориж матбуотида бу воқеалар айнан Исмоил Жўрабековни ҳокимиятга қайтариш учун унинг тарафдорлари томонидан уюштирилди деган даъволар янгради. Бу даъволарда не қадар жон борлигини вақт кўрсатади.
Қолаверса, республиканинг нуфузли ва махсус хизматлари ҳам бу борада ўз хулосаларига эга бўлсалар керак…
18.
Шахсан мен Жўрабековнинг ишдан кетишидан қувондим.
Мени ҳар кўрганида “кўзимга камроқ кўрин!” дегандек қовоқ тумшуқ қилиб юрган одам ишдан кетса, қувонмаслик мумкинмиди?
Ажабки, республикамиздаги бирор бир газета ё журнал Жўрабековнинг ишдан кетиши тўғрисида на ижобий ва на салбий фикр билдирди.
Радио ва телевидения ҳам жим эди.
Мен кўпдан бўён у кишидан жаҳлим чиқиб юргани боисми, билмадим, бирдан БИ-БИ-СИ га интервью бердим. Мен унда: “Жўрабековнинг амалидан бўшатилиши яхши бўлди, Президент уни аллақачон ишдан ҳайдаши керак эди” деб ўзимча сайраган эдим…
Лекин орадан кўп ўтмай Исмоил Жўрабеков яна давлат мулозимлигига қайтарилади. Аввалига у қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли қандайдир кўзга кўринмас ишга олиниб, сўнгра бирданига Президентнинг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланади.
Унга яна илгаригидай катта имконият ва ҳуқуқ берилади. Бу республика сиёсий ҳаётида камдан-кам учрайдиган ажиб бир ҳол эди. Ислом ака нима учун Жўрабековни аввал ишдан олиб, кейин яна ҳукумат тизимига қайтаргани — кўплар учун ҳанузгача сирли бир ҳолдир.
Чунки, одатда Президент амри билан бир марта ишдан олинган мулозим қайтиб умуман мансабга яқинлаштирилмаган ва аксар ҳолларда қамалмаган тақдирда ҳам, мутлақо ишсиз қолган. Президентнинг собиқ Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқовнинг ўзбек сиёсатидаги йигирма йиллик аччиқ қисмати бунинг ёрқин далилидир.
Бундай аянчли тақдирларни бугун истаганча келтириш мумкин…
19.
Кейин йиллар ўтиб, шу нарсани англаб етдимки, Ислом ака ўзи ишонган ва билган одамнинг қилган “савоб”лари “гуноҳи”дан кўп бўлса, унга яна ишонч билдириши мумкин экан.
Лекин Президентнинг бу марҳамати Ўзбекистон сиёсий ҳаётида жуда камдан-кам мулозимга насиб этган.
Мен 1994-йилнинг ёзида ўзининг кўрсатмаси билан ишдан олиниб, қамалганимни Ислом ака яхши биларди. Лекин, 1995-йилнинг январида иккинчи маротаба ва ниҳоят 1997-йилнинг декабрида учинчи маротаба қамалганимдан сўнг, кейинги бу икки сирли ҳибсларнинг асосли ва ё асоссиз эканлигини текшириш учун Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбарига топшириқ бераркан, чекистлар олиб борган бу текширув натижаси ўлароқ мен 1998- йилдан эътиборан шахсан Президент амри билан яна “Бош муҳаррир” лавозимига тикланган эдим…
Ажаб ҳолат: Ўзбек журналистикаси ва матбуоти тарихида ҳалига қадар бирор бир Бош муҳаррир уч бор ҳибс этилганига қарамай яна такрор бу лавозимига қайтиб келмаган. Ва яна ажабки, мени ҳибс этган уч прокурор ҳам “Сизни нотўғри қамабмиз” деб мендан узр ҳам сўрамаган, мени оқлашмаган ҳам…
Президент амри билан ишдан олиниб, яна унинг иродаси билан ўз вазифасига тикланганларнинг иккинчиси – бизнинг бугунги қаҳрамонимиз Исмоил Жўрабеков эди.
Ўз ишига қайта тикланган учинчи мулозим – раҳматли Алишер Азизхўжаев эди. Бош вазир ўринбосари лавозимидан четлатилган бу амалдор ҳам ўз ўрнига тайинланган Ҳамидулла Кароматовдан кейин орадан маълум бир муддат ўтгач яна ўзининг ўша азиз ва қадрдон кабинетига қайтиб, Бош вазирнинг ўринбосари лавозимини қайта қўлга киритган ва қанчадан-қанча дўст-у, душманларини ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно этган эди…
Ўзбекистондаги сиёсий воқеалардан яхши хабардор кишилар учун Президентнинг “ҳайдалиш” куйидан сўнг яна ўз вазифасига қайтиб келиш — бу ҳаммага ҳам насиб этмайдиган ноёб ҳодисадир.
Шу аснода бугунги қаҳрамонимиз Исмоил Жўрабековнинг шахси ва сиёсий фаолияти, ўзбек жамиятида тутган ўрни муҳим аҳамият касб этади….
Исмоил Жўрабековнинг ҳокимиятдаги бу галги парвози тўрт йил давом этди. 2004 йилда у яна ишдан олиниб, бу гал энди тинч юриши учун бўлса керак, жиноий жавобгарликка тортилади.
Бир йил давом этган тергов натижасига кўра у 20 йиллик муддат билан шартли равишда озодликдан маҳрум этилади. Уни асосан мансаб ваколатини суистеъмол қилганликда ва оз эмас, кўп эмас – бутун бир республика қишлоқ хўжалигини ишдан чиқарганликда айблашади…
Қизиқ, мен китобим муқаддимасида қайсидир бир файласуфнинг “Кичик жиноят қилган кимса турмага тушади, лекин катта жиноят қилган киши тарихга киради” деган гапларини эслаган эдим. Ажаб, Исмоил Жўрабеков масаласида бу ҳикматнинг акси бўлиб чиқди.
Не-не сир ва синоатга тўла бу сиёсат саҳнида Исмоил Ҳакимовичнинг ҳали Сиз-у, биз билмаган яна қанча кароматлари бор экан?…
20.
Биз юқорида аксар одамлар назарида “Ўзбекистон ҳукуматининг “серий кординали” ҳисобланган Исмоил Жўрабеков ҳақидаги ўз фикр ва мулоҳазаларимизни баён этдик. Лекин яна баъзи бир нозик фикрларни ҳам айтмасак, Исмоил Ҳакимович ҳақидаги бу ҳикоямиз кемтик бўлиб қолиши мумкин.
Халқ орасида Жўрабековнинг “кўча одамлари” яъни, ўғри ва безорилар билан ҳам алоқаси борлиги ҳақида турли гап-сўзлар юради. Баъзилар уни “ўзбек мафиясининг “чўқинтирган отаси” деб ҳам аташади.
Қизиқ, у киши жиноят оламининг турли вакиллари ва “ўғрибоши”ларини бир ерга тўплаб, “разбор” қиладиган одам бўлмаса-да, лекин шу ишларга алоқадор бўлган барча “авторитет” ва “мафиоз”лар Жўрабековни яхши таниган, билган ва ҳурмат қилган.
Бу жуда қизиқ факт…
Ҳатто у кишининг номидан собиқ иттифоқ давлатларининг истаган республикасига борган вакилга у ердаги ҳукумат ва жиноят оламининг барча эшиклари шак-шубҳасиз очилиши мумкинлиги ҳақида турли ривоятлар мавжуд.
Айтишларича, ўша йилларда бутун постсовет ҳудудида Жўрабековнинг биргина имзоси билан миллион-миллион сўмлаб маблағлар ўзлаштирилиши мумкин бўлган. Буларнинг аксарияти пахта билан боғлиқ бўлса, баъзилари ер ости қазилма бойликлари билан ҳам боғлиқлиги ҳақида турли миш-мишлар мавжуд.
Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлган одамни ноқонуний пахта олди-сотдиси билан айблашларини тушуниш мумкин. Лекин у қора ва рангли металлар чиқиндисини тўплаш ва қайта ишлаш бўйича республика комиссияси ишига масъул бўлганидан кейинги айбловлар кўлами кишини ҳайратга солади.
Бу айбловларнинг асосий қисми республикадаги энг қимматбаҳо рангли металлар билан олтинга алоқадор. Улар Навоий ва Оҳангарондаги тилло ишлаб чиқариш корхоналари ва уларнинг узоқ йиллик раҳбарлари Кучерский ва Сигединлар номи билан боғлиқ бўлган жиддий айбловлардир.
Биз аниқ исботланган факт ва далиллар, тергов ва суд хулосалари йўқлиги боис Жўрабеков номи билан боғланган бу каби гап-сўзларга изоҳ бериш ва уларга ҳакамлик қилиш фикридан йироқмиз. Биз эл орасида шундай фикрлар мавжудлигини қайд этмоқчимиз, холос.
Хулоса чиқариш эса — ҳар кимнинг ўзига, доно фикрига ҳавола…
Ҳатто Москвадаги баъзи матбуот нашрлари Жўрабековни – Афғонистон орқали Марказий Осиё ва Европага келадиган наркотрафик оқимига Ўзбекистондаги масъул деб ҳам эълон қилишди. Эмишки, Исмоил Ҳакимович ўз ваколатларидан фойдаланиб Афғон опийсини ҳарбий вертолёт ва самолётларда Қарши ва Термездаги аэродромлар орқали собиқ ҳамдўстлик давлатларига етказиб берармиш…
Энг даҳшатлиси шуки, одамлар орасида ҳанузга қадар “Президент бу нарсаларни яхши билган ва шунинг учун ҳам Жўрабековни ҳамиша қўллаб қувватлаб келган” деган гаплар юради.
Шахсан мен, Ўзбекистон Президентини яқиндан билган ва Миллий Хавфсизлик Хизмати фаолиятидан яхши хабардор йигит сифатида, бундай деб ўйламайман. Бундай бўлиши мутлақо мумкин эмас деган қатьий фикрда ҳануз собитман!
Ислом ака Исмоил Жўрабековни қайси соҳага масъул қилишидан қатьий назар, вазифани ҳамиша уддалай олишини ҳурмат қилган ва қадрлаган. Биз юқорида тилга олган “миш-миш”лар эса Жўрабековни кўролмайдиган, унинг фаолиятидан жабр кўрган кишилар томонидан тўқиб чиқарилган ўйдирмалар ҳам бўлиши мумкин.
Мен Жўрабековни гарчи ёқтирмасам-да, лекин айтган гапларимга масъулман. Исмоил Ҳакимовични кўп нарсада айблаш мумкин. Лекин жиноят олами билан тил бириктириш ва Афғон трафигига алоқадорликда айблаш, бу ғирт бемаъниликдир.
Рус тилида буни “нон-сенс” ёки “абсурд” деб аташади. Бўлмаган ва беҳуда гап бу! Янаям ким билади дейсиз. Русларда “Чем не шутит чёрт” деган бир гап бор…
Бугун Исмоил Жўрабековнинг ишдан олинганига ҳам ўн йилдан ошиб қолди.
Ҳали шундай даврлар келадики, (унинг келишига эса унчалик кўп вақт қолмади) Исмоил Жўрабеков, қолаверса тўқсонинчи йилларда Ўзбекистон раҳбарлигида бўлган ҳар бир мулозимнинг қилган яхши ва ёмон ишлари бутун икир чикири билан элга ошкор этилади.
Жумладан, Ислом Каримов ёнида бўлган унинг энг яқин сафдошларининг ҳукуматдаги бутун фаолияти ва амал пиллапояларидаги гўзал “салоҳияти” ҳам тўла тўкис оммага ошкор этилишига мен бугун заррача шубҳаланмайман…
21.
Шу билан Исмоил Ҳакимовичнинг ярим асрлик жўшқин фаолияти якунланади.
2005 йилги тергов ва суддан кейин айниқса у киши ҳақида кўп гап-сўзлар бўлди. Кимдир уни чет элга қочди деса, кимдир ўз уйида бемалол яшаб юрибди деди.
Менинг назаримда Жўрабеков чет элга қочадиган нодон эмас.
Ҳали Ўзбекистон сиёсий ҳаёти ва ҳукумат доирасида Исмоил Ҳакимович ишга қўйган, амал берган ва одам қилган мулозимлар жуда кўп. Улар Жўрабековни ёлғизлатиб ва ранжитиб қўйишмайди. Буни Исмоил Ҳакимович яхши билади.
Буни Ислом Абдуғаниевич ҳам билса, ажаб эмас…
Исмоил Жўрабековнинг ҳаёт йўлига разм солиб, ҳайратга тушмаслик мумкин эмас. Тўрт давлат раҳбари билан бирга ишлаб, ҳукуматдаги юқори лавозимларни эгаллаб, ҳибс ва хорижга юз тутмай ва энг муҳими – назардан қолмай яшаб юриш учун одам яна қандай каромат соҳиби бўлмоғи лозим?
Менга ана шу саволлар ҳануз тинчлик бермайди.
Ҳолбуки, Исмоил Ҳакимовичнинг кейинги тақдири ва унга боғлиқ воқеалар ривожи бошқача йўналиши ҳам мумкин эди. Шукрилла Мирсаидовнинг истеъфодан кейинги кўргуликлари билан Исмоил Жўрабековнинг бугунги аҳволи орасида ер билан осмонча фарқ бор.
Нима бўлганда ҳам бу сафар “самарқандликлар” кланининг қудратли раҳбари энди қайтиб келмаслик шарти билан “пенсия”га жўнатилган эди. Мана салкам ўн йилдан ҳам ошдики, , Жўрабеков ҳануз тинч ва осойишта, оиласи ва набиралари даврасида тинчгина пенсия гаштини суриб юрибди…
Хуллас, Жўрабеков тўғрисида Ўзбекистонда ҳамон бир бирига қарама-қарши бўлган турли туман фикрлар мавжуд.
Уларнинг қай бири тўғри ва ё нотўғри эканини эса вақт кўрсатади.
СЎНГ СЎЗ ЎРНИДА:
Ўзбекистон давлатчилиги тарихида ҳукумат раисининг биринчи ўринбосарлари Исмоил Жўрабековга қадар ҳеч қачон тилга тушмаганлар. Файзулла Хўжаев давридан Ислом Каримовгача ҳам, Мустақилликдан ҳатто бугунги кунгача ҳам ҳукумат раисининг ўринбосари кимлигини ҳамма ҳам билавермаган.
Бироқ, Исмоил Жўрабеков Ўзбекистон ҳукумати раисининг биринчи ўринбосарлиги даражасидан юқорига кўтарилмаган бўлса-да, уни халқ ва ҳукумат арконлари баб-бараварига — ҳукумат бошлиғи деб билишарди.
Жўрабеков Президентнинг бевосита бағри кенглик билан кўрсатган ёрдами ва ишончи билан шу даражага эришган эди, албатта.
Лекин адолат билан айтганда, шу билан бир қаторда, у ўзининг биз юқорида эслагандек, катта ҳаёт тажрибаси, ақлу заковоти, ўта ҳушёрлиги ва энг муҳими – ишчанлиги ва интизомлилиги билан, керак бўлса – ҳукуматда ва олий раҳбариятда ғоятда муҳим қадрланадиган – сир сақлай олиш маҳорати билан ҳам ўзининг барча ўтмишдошларидан ажралиб турарди.
Шу боис ҳам, унинг имкони ва қудратига тан берган кенг жамоатчилик уни ижобий маънода — «серий кардинал» деб атар ва бунда маълум маънода ҳақиқат ҳам бор эди. Рус тилидан таржима қилганда бу атама – «Махфий қўрбоши» маъносини англатади.
Исмоил Жўрабеков — ҳукуматда эгаллаган мавқеига кўра — ростдан ҳам бу номга муносиб эди. Агар таъбир жоиз бўлса, у Ўзбекистонда — Ислом Каримовдан кейинги иккинчи одам ҳисобланган.
Мен Жўрабековнинг шахсан ўзим билан бўлган муносабатидан келиб чиқиб тасдиқлай оламанки, унинг яна бир олий хусусияти бор эди: У ҳуда беҳуда бировни ранжитмас, атрофидагилардан марҳаматини аямас эди. Энг муҳими, имкон қадар бировнинг бурнини қонатмаган…
Ваҳоланки, Исмоил Жўрабеков билан бирга ишлаган раҳбарларнинг катта қисми ўз қўл остидагиларни бўлар бўлмас ҳақорат ва маломат қилишдан роҳатланиб, лаззат топувчи анча бунча раҳбарларни биламан.
Мана шулар билан таққослаганда, Жўрабеков ўзидаги — камдан кам раҳбарларга хос бўлган бу инсоний фазилатларни кўп жиҳатдан узоқ йиллар бирга ишлашган Шароф Рашидовдан олганмикан деб ўйлаб кетаман.
Чунки, Жўрабеков даставвал собиқ Зарафшон сув хўжалиги раҳбари ва кейинчалик Самарқанд вилоят сув хўжалиги Бошқармаси бошлиғи вазифаларида ишлаб Шароф Рашидовнинг назарига тушган. То унинг Қорақалпоғистондаги кутилмаган ўлимига қадар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида Рашидовга яқин одамлардан бири бўлиб келган.
Ана шу яқинлик ҳам Жўрабеков ҳаётида, унинг инсонийлик ва мулозимлик фазилатлари шаклланишида муҳим из қолдирган бўлиши табиий, албатта.
Агар бир кун келиб Исмоил Жўрабековнинг сиёсий хотиралари чоп этилса, Шароф Рашидов ва Ислом Каримовдан кейин, бу Ўзбекистонда энг кўп ўқиладиган бюстеллер даражасига кўтарилишига мен бугун аминман.
Чунки у кишидан ўрганадиган сиёсий ва ҳаётий тажрибалар анчагина.
Хуллас, Исмоил Жўрабеков — Ўзбекистон давлатчилиги тарихида ўзига хос алоҳида ўрин тутади. Бир сўз билан айтганда уни — вазифаси эмас, балки у — вазифани безаган, шон шарафга буркаган.
Бировни: «Мансаб кўтарди!» деб айтишади. Буюк шахслар эса – мансабни кўтаришади.
Исмоил Жўрабеков ҳам ҳақли равишда мансабни безайдиган, уни янада баркамол қиладиган ана шундай улуғ ва муборак шахслар тоифасига киради.
Бундай одамлар эса тарихда жуда кам бўлган…
Исмат Хушев,
Торонто шаҳри, Канада,
12 январь, 2015 йил.
ИККИНЧИ КИТОБ
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГЎЗАШТЛАРИ
Суратда: Чапдан ўнгга: Бош вазир ўринбосари Иномжон Искандаров, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов, Президент Кенгаши аъзоси, шоир ва ёзувчи Шукрулло, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков, Тошкент шаҳар ҳокими Адҳамбек Фозилбеков, “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев, Ўзбекистон телерадиокомпания раҳбари Наим Ғойибов, “Ўзсовпроф” раиси Бўри Алламуродовлар.
Тошкент шаҳри, 1992 йил, Ҳукумат уйида.
R.S. Исмат Хушевнинг шахсий архивидан олинган бу суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Tuhmat ham evi bilanda. Kuniga 5 mahal namozda Qur’on tilovat qilamiz masjidlarimizda. Kuzing, farosating bormi? Juma kunlari yurtimiz masjidlarida minglab musulmonlar Qur’on tilovat qilib, eshitib chiqqach biror kishini, biror g’ayri dinni chertganiga kuzing tushdimi? Agar isbotlasang sudda shu ishni qilgan jinoyatchilarni seni yoningda turib qoralayman.
Жўрабеков ўз вақтида президент билан тенгма тент гаплашадиган ягона раҳбар бўлган. Президент саройида олдин ишлаган танишимни айтишича Жўрабеков маслаҳатчи бўлганда Президент қандайдир сабабларга кўра, ишга келмаган пайтларда қизи Гулнора отасини кабенитига ўзбошимчалик билан криб тўрар экан. Қайсидир бир кун Жўрабеков Гулнорага «отанга айт давлатни иши ўйинчоқ эмас, ишласа, ишласин бўлмаса йиғиштириб қўйсин» деб дакки берган экан. Лекин Исмат Хушев барибир фактларни ичдан яхши билгани учун ҳам, пошшоликдаги саргўзаштларини яхши ёзаяпти. Оҳанграбодай ўзига тортади. Ҳар кимга холис баҳо беряпти. Жумладан Ислом акасига ҳам. Фақат унинг оиласини аяяпти, холос. Балки бу ҳам аслида тўғридир…
Хотираларни ажойиб холис ёритибсиз катта раҳмат!
Хар бир иш — Аллохнинг хохиш-инояти билан булади, бандасини яратиш, такдир ато этиш хам Узининг иши. Энди бир нарсани тугри тушуниш керак, хурматли Ислом Абдуганиевични хайотга берган Аллох, унга буюкликни, уз юртини шунча йил бошкаришни, 30 млн. мусулмон бандаларига рахбарлик килишни хам Узи ато этган.
М.Солих ва яна бир нечта унга ухшаган мухолифат-хоинларга (бу Исмат акага тегишли эмас, чунки у киши мухолифатмас! Исмат ака хохлаганида ватанига келиб кетаяпти, у киши яхши инсон.) эса У бандаларини ишонмаган, уларга бир умрли хор-зорлик ва мансаб кумсаб утишни такдир килиб берган. Бандасига кутара оладигани беради! Зеро Аллох билгувчидир! Буни энди тушуниш керак! Уларга рахмим келади…
Узбек халки — Аллох суйган халк деймиз, бунга шубха йук. Лекин сизлар хам билиб куйинглар — Аллох узи севган халкга яхши Юртбоши ато этади, бунга хам шубха йук, Бобомиз хакли равишда эьтирофга лойик! Мард булиб тан олишни бошкалар хам Исмат акадан урганса яхши буларди. Камчиликлар хакида гапирасиз сиз мухолифат аьзолари (мен И.Хушевни мухолифат деб билмайман!), хуш, узларинга куйиб берса «Орзулар Мамлакати» курармидинглар?! Узга йуртда туриб, уз юртига тош отиш, ичкаридаги гапларни ташкарига олиб чикиш, мухолифатнинг эмас — ХОИНЛАРнинг иши! Яна бирбор кайтараман, И.Хушевдан урнак олинглар!
Musulmonlarni arablar va ularning allohi yaxshi ko’rishi tabiiy. chunki terrorchilik va jihodga va har qanday amalga labbay deysihadi.
Lekin Yaratgan Egam o’zbeklardan hursand emasligi aniq. Chunki musulmonlar Yaratgan Tangrimni esdan chiqarib arablarga ergashadi.
Ozod, shu linkni uqib olgin va eslab qolgin. Kun kelib xorlik yetkanda eslaysan. Hech kim aytmagandi demasliging uchun:
http://dunyouzbeklari.com/archives/52575
Qobil,
Ruslar, Amerikaliklar va Evropa Islom diniga sig’inmaydi. Lekin nega ularda xorlik yo’q. Xorlik barcha musulmon mamlakatlarida bor. Nega?
Bu xorlikni sababi musulmonlar uzlarini kitobi buyurgandek dinlariga amal qilishmayotganida.
Kimniki aytayotgan gapi amaliga tug’ri kelmay qolsa ushalar, dini va kitobi emas balki usha musulmonlar xor bulishadi. Buni tan olamiz.
Qobil,
Quronga to’liq amal qilganlar odam o’ldiriayapti Alloh nomi bilan. Qara arab davlatlariga. Yaxshiyam O’zbekistondagilar ko’p Quron o’qimaydi. O’qisa hammaiz qo’limizda qurol bo’lib Afg’onlarga o’xshab xor bo’lib o’lib ketar edik-mi?
Хурматли Исмат ака! Китобнинг навбатдаги боби хар доимгидек жуда холис чикқан. Ортикча мактов хам, ерга уриш хам йук. Исмоил Хакимович ишлаган даврлар курилишлар ва саноат ривожланиши олтин даври булиб колди тарихда. Бир миллионлик курилиш, ошиб борса 10 фоиз устамаси билан курилган, ташкилотлар тирик саклаб колинган эди. Айрим давлатларда кейинчалик 100 % га 110 % устама булиб кетди дейишса ишонса булади. Энг катта хатолари Олий суд ва Бош прокурор укалари олти кават териларини шилиб, жавоб беришди. Уят булди шу иш. Афсус!!
“Исмоил Ҳакимович, Сизга шу хатни беришди, олиб қўяр экансиз”, дедим.
Шу воқеадан сўнг Жўрабеков, мени кўрса кўзи ўйнаб, ола була бўлиб, мендан қочадиган бўлиб қолди.
Бу хатда: “Эй, кал, сен ҳалигача тирик юрибсан, менинг эрим аллақачон ўлиб кетди. Олган миллион миллион доллар пулларингни қачон қайтарасан. Сен қачон ўласан, муттаҳам?!” – деган экан Меҳринисо ая.
Манашу тафсилотларнинг ўзи И.Каримовнинг ҳамма китобидан кучлироқ. Чунки Каримовнинг тобларидан ҳеч нарса эсда қолмайди, бари сафсата