Исмат Хушев: Олимлик осмонида уч кун порлаган қуёшим (2-китоб, 27-боб)
ИСМАТ ХУШЕВ: ОҚЛАНМАГАН ИШОНЧ ҚИССАСИ (2)
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб, 27-боб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб
Суратда: «Ҳаёт ва иқтисод» — «Жизнь и экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўртада) Тошкент қишлоқ хўжалиги институти ректори, академик Эркин Турдиевич Шайхов (чапда) ва Тошкент халқ хўжалиги институти ректори, академик Саидаҳрор Саидаҳмедович Ғуломовлар (ўнгда) билан. Тошкент шаҳри, 1994 йил.
ИККИНЧИ КИТОБ
Олимлик осмонида уч кун порлаган қуёшим
ёки фан номзоди Исмат Хушевга “суиқасд” кимга ва нимага керак эди.
Исмат Хушевнинг кандидатлигини йўқ қилишга Алимов Тошкентда ВАК ни кўндиргани,
Ислом Каримовнинг академиклигини Умрзоқов Москвада Абалкиндан ўндиргани ҳақида
Бир кандидатлик дипломи икки шохдор ҳўкизнинг оёғи остида топталиб, етти қават ернинг остига кўмилиб кетгани ҳақида ғамгин баллада
Йигирма еттинчи боб
1.
Шерлок Холмс деган адолатли изқувар – ҳакам борлигини ёшлигимиздан билардик. Лекин, афсуски, бир кун келиб ўзимиз ҳам ўша изқуварнинг “обьекти”га айланиб қолишимиз мумкинлигини асло хаёлимизга ҳам келтирмасдик…
Мен “Ҳаёт ва иқтисод” журналининг Бош муҳаррири бўлган пайтларимда Тошкент халқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги институтларининг (ҳозирги Иқтисодиёт ва Аграр университетлари) ўқитувчи ва профессорлари, иқтисодий йўналишдаги бошқа қатор илм даргоҳларининг мутахассис ва олимлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган эдим.
Хабарингиз бор, бизнинг журналимиз рангли муқовада – зарварақлари ҳам рангли ҳолда чоп этиларди. Дастлабки сонидан эътиборан иқтисод фанлари доктори даражасига эришган олимларнинг суратларини беришни йўлга қўйгандим.
Журналнинг сўнгги бетида олимнинг оилавий расми ва ўзининг катта портрети бериларди, ички саҳифаларда у ҳақда мақола эълон қилинарди. Сурат остидаги тагсўзда эса унинг қачон ва қайси мавзуда докторлик илмий ишини ҳимоя қилгани, ҳозир қаерда, ким бўлиб ишлаётгани, илмий ютуқлари батафсил ҳикоя қилинарди.
Бу нарса Ўзбекистондаги илм-фан намоёндалари, хусусан иқтисод соҳасидаги олимлар орасида катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Қисқа вақт орасида “Ҳаёт ва иқтисод” журналининг обрў-эътибори кескин ошиб, таъсир доираси ниҳоятда кенгайиб кетди. Тиражи ҳам бениҳоя ўсди.
Сир эмаски, илм аҳли доимо камтарин ҳаёт кечиради, улар арзимасдек кўринган кичик бир эътибордан ҳам бағоят мамнун бўлиб юрадилар. “Иқтисод фанлари доктори” илмий даражасига эга бўлган олим одам республика журналида бир марта расми билан чиқишга маънан ҳақли деб ўйлардим.
Менимча, бу ташаббус ўзини оқлади. Шу йусинда журнал обуначилари кўпайди, ўзи харидоргир бўлди.
Албатта, Ўзбекистон миқёсидаги иқтисод журналининг рангли муқовасида сурати чиққан одам дўсту-ёр, қариндош-уруғларига тарқатиш учун йигирма-ўттизтасини ўзи сотиб оларди ва журналимизнинг ҳақиқий мухлисига айланиб қоларди.
Олимлар учун ёқимли бўлган бу иш билан бирга уларни қийнаётган муаммолар, мамлакат иқтисоди олдида турган вазифалар хусусида нафақат ҳукумат нуқтаи-назарини, балки ҳар бир иқтисодчи олимнинг ҳам ўз фикру-мулоҳазаларини эълон қилиб борардик…
2.
Қисқаси, мен иқтисод фанлари докторларининг суратлари ва фикрларини журналда мунтазам чиқариб, улар тўғрисида мақолалар ёзиб, заҳматкаш илм аҳли билан яқинлашиб кетдим.
Хусусан, Саидаҳрор Ғуломов билан ака-укадек қадрдон бўлиб қолдик. У киши ўша пайтларда Тошкент халқ хўжалиги институти (нархоз)да ректор эдилар.
“Ҳаёт ва иқтисод” журналининг яна бир яхши томони шунда эдики, бутун олий ўқув юртларининг ректорлари, кафедра мудири ва профессорлари бизга илтимос билан мурожаат қилишарди.
Сабаби – менинг журналим Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги ВАК (Олий Аттестация Комиссияси) нинг илмий манбалар рўйхатига киритилган эди.
Яъни номзодлик ва докторлик илмий даражасини олиш учун бошқа саноқли илмий нашрлар билан бир қаторда бизнинг журналда ҳам албатта мақола эълон қилиниши шарт эди.
Шу нуқтаи назардан бизга Президент девонидан, Олий Кенгаш ва Вазирлар Маҳкамасидан, бошқа ҳукумат тизимларидан илтимослар кўп бўларди.
Чунки, Ўзбекистонда бошқарув ва ҳокимият органининг айнан шу тизимлари ходимларининг аксариятида илмий иш қилиш, фан номзоди ва ёки доктори бўлишга интилиш кучли эди.
Мамлакат Президенти Ислом Каримовнинг иқтисод фани бўйича номзодлик илмий даражасига эга бўлиб, кейинчалик профессор ва академикка сайлангани, ҳукумат раиси Шукрилла Мирсаидовнинг иқтисод фанлари доктори эканлиги бунга сабаб бўлгандир эҳтимол.
Нима бўлганда ҳам илмий даражага эга бўлиш ўша пайтларда давлат ва ҳокимият тизимидаги мулозимлар учун урфга айланди. Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг ўзи ҳам иқтисод фанлари номзоди эди.
Район, шаҳар ва вилоят ҳокимлари, министрлар, давлат қўмитаси, корпорация ва концерн раҳбарлари орасида ҳам илмий даражали мулозимлар кўпчиликни ташкил этарди.
Худди Совет давридаги каби у ёки бу лавозимга энг аввал илмий даражаси бор номзодлар танлаб олинарди…
3.
Арбоб ва мулозимлар орасида илмга бўлган бу ажиатаж – боя айтганимиздек — давлат раҳбари Ислом Каримов ва ҳукумат раиси Шукрилла Мирсаидовнинг илмий даражалари билан боғлиқ эди.
Шу ерда ўрни келди – яна бир гапни айтиб ўтишим керак.
Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб тайинланган пайтларда унинг қўл остида ишлаётган ходимларининг илмий даражалари уникидан юқори эди.
Унга кунда қуллиқ қилиб турадиган мулозимлари Бахтиёр Назаров, Саидмухтор Саидқосимов, Шахобиддин Зиёмов, Мавлон Умрзоқов ва Алишер Азизхўжаевлар фан доктори, профессор ва академик бўлгандан кейин Президент энди фан номзоди бўлиб юрса, уят эмасми?
Бу рўйхатлар баъзан халқаро майдонларга чиқади, ҳужжатларга тушади, қўлма қўл бўлиб ўқилади. Бу иснодга жаноб Президент қандай чидаши мумкин?
Аслида профессорлик ва академиклик унвонларни чўнтагидан чиқарган хўрозқанддек ўнгу сўлга улашиб турувчи хотамтой Президент учун фан номзоди бўлиб туриш ғирт маломат эмасми?
Ҳатто унинг маслаҳатчиси Умрзоқовнинг ёрдамчиси Бакир шоввоз ҳам академик бўлса…
Марҳаматни кўринг, Ўзбекистон мустақиллигининг бошида Фанлар Академиясининг жамики мухбир аъзоларига хотамтой Президентимиз бира тўла академикликни бериб юборди. Уларнинг баъзилари бу олий илмий унвонни тушига ҳам кўрмаган эди.
Йиллар ўтиб, бугун бунинг сир асрорини англаб етгандек бўламан: Президент анойи эмас, ўзи Москвадан академиклик туҳфасини қабул қилаётганида Ўзбекистондаги баъзи шаккок олимларнинг оғзига вақтида уриб қўйишнинг энг мақбул ва арзон йўлини топган экан.
Хуллас, фан номзоди бўлиб, мамлакатни бошқариш у кишига энди ярашмасди. Ўз мулозимлари қатори бўлиш – Президент учун энди ҳақорат бўлиб туюлар эди.
Президентнинг бу хоҳиш иродасини сезган Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ўзига яқин ректорлар билан совға саломни мўл қилиб, Москвага – Абалкин ҳузурига учади.
Шу тариқа Президентнинг илмий даражасини ҳам — мансаби даражасига тенглаштириш компанияси бошланди.
Улар СССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, академик Абалкиннинг кўнглини овлаб, Ислом Каримовга бир йўла академиклик илмий даражаси ва дипломини олиб қайтишади.
Ўз ўзидан маълумки, Бу Ислом Каримов розилигидан ташқари юз берган ҳодиса эмас, албатта.
Маълумки, Ислом Каримов кандидатлик диссертациясининг бевосита раҳбари — собиқ нархоз ректори бўлган академик Мурод Шарифхўжаев эди. Шарифхўжаев эса — бевосита Абалкиннинг шогирди бўлган.
Тошкент ва Москвадаги устозларнинг бу яқинлиги мамлакат раҳбарлиги жиловини қўлга олган камтарин шогирдга академиклик дипломи туҳфа этилишига ажиб бир замин яратади…
4.
Бу ғоя кимдан чиққанлигини бугун аниқ айтиш қийиндир, бу борада иқтисод фанлари номзоди бўлса-да, лекин учқурликда академикдан кам бўлмаган давлат маслаҳатчиси Мавлон Бобожоновичнинг ҳам топқирлиги ва уддабўронлигини тан олмай иложимиз йўқ.
Хуллас, Президентимиз ҳам Москва орқали осонгина академик бўлади. Ҳолбуки, у — фан номзодлиги даражасини бир пайтлар ўз билими ва пешона тери билан олган эди.
Бу ерда илм ортида турган шон шарафни қувиш – давлат раҳбари учун ҳам биринчи даражали кўпкарига айланиб кетди. Бу кўпкарида оқсоқолимиз илм соҳасида ҳам ҳаммадан юқори бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди ва бунга ҳам эришди…
Мамлакат Президенти академиклик чамбарагини гарчанд осонгина кийган бўлса-да, бунга чидаш мумкин эди. Лекин эртаю кеч Президент девонига кирганда ҳам, чиққанда ҳам қуллиқ қилиб турадиган ўринбосари бир юмалаб, Президент туҳфаси натижасида академик бўлиб қолгач, давлат маслаҳатчиси Умрзоқовнинг ҳам ороми бузилди. Тасаввур қилинг: ўринбосар – академик, давлат маслаҳатчиси – фан номзоди?
Бир кун эмас бир кун юқорида ўтирган академик уларнинг ўрнини алмаштириб қўйиши мумкинлигидан чўчиган давлат маслаҳатчиси ҳам Москвадан академиклик унвонини бемалол ундириши мумкин эди.
Лекин катта устоздан чўчиган шекилли, Шарифхўжаевнинг бир қўнғироғи билан у ҳам Москвадан докторлигини нақд қилиб келди.
Мавлон Умрзоқов самимий ва содда одам. Катта ва юзсиз сиёсатдаги ана шу содда ва ғўрлиги унинг боши етган бўлса, не ажаб. 20 йилдирки, академик Умрзоқов ҳам ишсиз. Унинг ўрнига давлат маслаҳатчиси бўлган Темур Алимовнинг унга қолдирган касбий мероси ва мукофоти бу.
Ўз кичкина тудасининг у бу кичик йиғинларида Умрзоқовга сўз бераётган даврабоши “Сўз Фан доктори Умрзоқовга” деб эълон қилади. Умрзоқов ҳам худди шуни кутгандек, Швеция Қироллигидаги Стокгольмда Нобель мукофотини олаётган номзоддай, гўё бутун Ўзбекистон фани унинг елкасида тургандаги виқор билан ўрнидан туриб, атрофда унга мўлтиллаб турган тўртта улфатга жиддий кузатув билан кўз ташлар экан, бир замонлар дунёни силкитган давлат маслаҳатчилиги ёдига тушиб кетади, шекилли, буйруқ қилади: Рюмкаларга қўйилсин…
Сўнг фахр ва ифтихор билан — илм елкасини босиб турган Афлотундай нутқ ирод этади…
Бу ҳам бир санъат. Каттами кичик бир тудани ҳайратга солиш ҳам ҳамманинг қўлидан келавермайди…
Майли, биз Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган Мавлон Умрзоқов Ислом ака учун Москвадан академикликни ким орқали ва қандай ўндиргани ҳақида билганларимизни айтдик. Қолгани тарих ва Москва ҳукмига ҳавола.
Хуллас, Мавлон ака ҳам кейинчалик Москвага бориб, Плеханов номли Иқтисодиёт Академиясидан ўзи учун ҳам фан докторлигини олиб келди. Лекин ҳеч қаерда айтишга журъат этмади. Бу докторлик дипломининг муборак ёши яқинда 20 га киради. Лекин Ҳалима опамиздан бошқа ҳеч ким келинчакнинг юзини очгандай — бу дипломнинг ҳусни жамолини ҳали очиб кўргани йўқ.
Бундай расмий норасмий дипломлар кўпгина жойларда сир тутилган бўлса-да, айрим уддабўронлар томонидан дадил ишга солиниб турилди…
5.
СССР машинаси қулаши арафасида ҳамма соҳани бозорга қўйиш расм бўлгани каби, илм ҳам катта бозорга айланиб кетди.
Ўша йилларда Россиянинг пешқадам шаҳарларидаги илмий марказларга диссертацияни обориш ва юбориш шарт бўлмай қолди. Анчайин бир ҳужжат билан қалин қалин конвертлар етиб борса бас, илмий даражалар ҳақидаги қизил дипломлар ўз ўзидан юртимизга кабутарнинг қанотида оққандай оқиб кела бошлади.
Охир оқибат — 1990 йилларнинг бошида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ранг баранг ва турфа дипломлар бозорига айланиб кетди.
Бир пайтлари қишлоқ хўжалиги фани гуруллаб ривожланган Ўзбекистонда бу соҳада ҳам сохтакор олимлар бижғиб кетди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигига оид институтларини ва умуман қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ ёғлик масканларни забт этиш учун кураш бошлаган эди.
Масалан, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Расулмат Хусанов узоқ вақт энг қудратли илмий даргоҳ (Фанлар Академиясидан кейин) СОЮЗНИХИ Бош директори бўлиб ишлади. У тугатилгач, қишлоқ хўжалиги экономикаси илмий текшириш институтини бошқарди.
Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича академик Эркин Турдиевич Шайхов ҳам узоқ йиллар Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигини боршқариб, кейин то пенсияга чиққунга қадар салкам йигирма йил Тошкент қишлоқ хўжалиги институтига ректорлик қилди…
Мен Расулмат Хусановни ҳам, Эркин Турдиевични ҳам шахсан танирдим, ҳурмат қилардим. Уларнинг ҳар икаласини ҳам президент тавсияси билан “Ҳаёт ва иқтисод” журнали таҳрир ҳайътига аъзо қилиб сайлаган эдик.
Мен бугун уларнинг илмий даражаси ва қувваи ҳофизасини савол остига қўймоқчи эмасман. Мен улардан ҳаётда кўп яхшилик кўрганман. Улар жуда камтар ва камсуқум, яхши раҳбар эдилар.
Лекин адолат ҳаққи ҳурмати айтиш лозимки, қўл остидаги хизматчи ва ходимлар, ҳамксблари уларни олим сифатида эмас, балки мулозим сифатида кўпроқ ва яхшироқ билардилар ва ҳурмат қилардилар…
6.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Ҳолбуки, Шайховдан кейин узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосраи бўлиб ишлаган Карим Қодирович Уркинбоев Ўзбекистонда пахтачилик илмининг ҳақиқий академиги саналса-да, бирор бир илмий унвони йўқ эди. У бунга рўжу ҳам қўймаган эди.
Шароф Рашидов пахтачиликда беназир бўлган икки заҳматкаш арбобга суюнганини айтишади: Булар — Карим Қодировчи Уркинбоев ва сўнги 25 йил “Главсредазсовхозстрой” Бош бошқармасининиг биринчи муовини бўлиб ишлаган Абдулхай Тоировлар эди.
А.Тоировни ўқувчиларга таништириб ўтиш керак. Кўпчилик уни собиқ Жиззах обкомининг биринчиси Саид Мамедович Тоиров билан адаштиришади. Ваҳоланки, у Мирзачўл пахтачилигига пойдеворига биринчи ғишт қўйганлардан бири – уруш йилларида Мирзачўл райкомининг биринчи котиби бўлиб ишлаган ва 50 йиллар бошида аввал Бухоро, сўнгра Наманган ва Сурхондарё обкомиларининг биринчи котиби бўлган.
“Главсредазирсовхозстрой” тузилганда унинг биринчи раҳбари бўлган Акоп Абрамович Саркисов талаб ва Шароф Рашидов тавсияси билан — дунё миқёсидаги энг йирик қишлоқ хўжалиги ва ирригация мактабига айланган мазкур “Главка”нинг қишлоқ хўжалик бўйича мувоини бўлган.
Сирдарёнинг Меҳнатобод районидаги 9- совхоз бугунги кунда ҳам Абдулхай Тоиров номи билан аталади.
Илмий даражаси бўлмаса-да, сирдарёликлар бундай фидойи инсонларни ҳар доим меҳр муҳаббат билан ёд этишади, руҳига дуолар қилишади.
Ислом Каримов ташаббуси билан яқинда бу улуғ зотнинг юз йиллиги нишонланди…
7.
Илмий даражаси билан бирга жамиятда ҳам катта нуфузга эга бўлган инсонлар кўп бўлган.
Хусусан, совет даврида узукка кўз қўйгандай ўз ўрнига тушган раҳбар олимлар ҳам йўқ эмас эди. Худди шундай ўз илми ва тажрибасидан буюк мактаб яратган ва мамлакат тараққиётида катта из қолдирганлар олимлардан бири Назир Раҳимовчи Хамраев эди.
Акоп Абрамович Саркисовдан кейин “Главирсовхозстрой”га 21 йил раҳбарлик қилган Назир Ҳамраев — 250 километрлик Аму Бухоро каналининг ижодкори саналади.
Амударё сувларини тоғ ва саҳролардан олиб ўтиб, Қизилқумга бурган тарихий ва буюк лойиҳанинг ёш ижодкори ана шу улуғ хизмати билан Рашидовнинг назарига тушади.
Мана илм қаерда керак? Иттифоқ СовМинида Косигин тажанглиги сабаб Мирзачўл қурилишини молиялаш муаммоси чиққанда уни дадил ҳимоя қилолган ва муаммо илдизларини илмий асослаб бераолган олим ва раҳбар — академик Хамраев бўлган. Унинг бу хизмати эвазига Ўзбекистонда бир миллион гектардан ошиқ ерларни ўзлаштиришди. Бугун бу ерларда миллоионлаб одамлар ўз рисқини териб, бола чақа, рўзғор боқиб юришди.
Иттифоқ миқёсидаги бу чўлқувар ташкилотларнинг қанотида эса Тўхтамиш Боймиров, Султон, Чегибоев, Эркин Турсунов, Дамир Солиҳович Ёдгоров, Тожикистондан Ленин мукофоти лауреати Қосимов каби жаҳон миқёсидаги ўнлаб номдор ирригатор ва арбоблар етишиб чиқди…
8.
Майли, мавзумизга қайтайлик.
Биз мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзбек жамиятида Ислом Каримовнинг илмий даражаси билан боғлиқ мулоҳазаларимизни ўртоқлашаётган эдик.
Ўзбекистон Президентига академиклик унвони берилгани ҳақидаги хабар бутун мамлакат бўйлаб қанот қоқди.
Ана шундан кейин барча вилоят ва район ҳокимлари, ўрта ва олий тоифадаги давлат ва ҳукумат мулозимлари, ҳатто уларнинг ўринбосарлари ҳам фан номзоди ва фан доктори бўлиши учун от сура бошлашди.
Уларнинг аксарияти сиртдан ўқиб, олим бўлиш пайида эди. Бундай мулозимларни “Соискатель” деб аташарди. Улар боис — Тошкентда рўзғорини боқолмай, тўрвасини зўрға судраб юрган номдор олимлар бир иккита “мулозим — соискатель”ни қармоққа илинтириб олишса бас, уларнинг ҳисобидан бемалол жаннатда яшагандай яшашарди.
Илм фан билан шуғулланиш заҳматли меҳнат эмас, балки шараф ва ҳурматга айлана борди. Нима қилиб бўлса ҳам, илмий даражали бўлиш биринчи планга чиқиб, илм учун заҳмат чекиш, ҳақиқий изланиш олиб бориш кейинги планга тушди.
Жамиятда ҳақиқий олимлик учун эмас, илмий даража учун от суриш русм бўлди. Лекин барибир ҳақиқий олимликни орзу қилган, илм фанга фидойи бўлган инсонлар ҳам орамизда бор эди.
Ўзбекистон илму фанидаги ана шундай ғаройиб бир пайтда мен иқтисод журналига Бош муҳаррир бўлишимга тўғри келди…
9.
Ҳар бир соҳанинг ўз профессионаллари бўлгани каби, журналистикада ҳам илм қилишга иштиёқманд ва шунга ҳар томонлама муносиб одамлар бор эди.
Мен бугун фурсатдан фойдаланиб ана шундай инсонлардан бири ҳақида ҳикоя қилшни дилимга тугдим. Бу – ўзбек журналистикасида унутилмас ва ўчмас ном қолдирган бетакрор истеъдод соҳиби Самад Қодировдир.
Мен Самад Қодировни кўрмаганман, лекин у киши ҳақидаги афсонавий ривоятларни кўп эшитганман. Хусусан, “Қизил Ўзбекистон” газетасида унинг қўлида, у билан бир хонада ишлаган таниқли журналист Шароф Убайдуллаев Самад Қодиров ҳақида шундай бир ҳаяжон ва армон билан ҳикоя қиладики, улар тамал тошини қўйган, пойдеворини қурган ўзбек журналистикасига алоқадорлигимдан қалбимда ажиб бир фахр туяман.
Самад Қодиров — уруш қатнашчиси эди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ундан кучли ёзадиган одам бўлмаган. У мақолаларини асосан диктовка қилиб, ёздирарди. Ҳамма қойил қоларди унга. Жуда истеъдодли журналист эди. “Қизил Ўзбекистон” газетасида ишларди. Қишлоқ хўжалиги бўйича илмий иш қилиш унинг энг улуғ ва муқаддас орзуларидан бири эди.
Лекин бу газетада унга илмий иш қилишга изн бермадилар. У илмий иш қилиш ва орзусига етиш учун отахон газетадаги нуфузли ишидан оддий ходим бўлиб “Қишлоқ ҳақиқати”га ишга ўтади.
У киши ҳақиқиқй илм манбаи, иқтисодчи эди. Самад акадай гигант журналистлар ҳар доим ҳам туғилавермайди. Ўзбекистоннинг мана ман деган номдор олимлари газета таҳририятига келиб, у кишининг вақти бўшашини кутиб, соатлаб туриб қолишаркан.
Улар Самад Қодировга ўз илмий иш ва диссертацияларини ўқитиб, қимматли фикрларини олиш ва рецензия ёздириш орзусида бўлишаркан.
Самад Қодиров ҳаёти — ижоди айни гуллаган бир пайтда вафқулодда Ригада ниҳоя топади. У қишлоқ хўжалиги соҳасида ёзадиган ижодкорларнинг СССР журналистлар союзи уюштирган семинарга бориб, фожеали вафот этади.
Афсус қиламан, Совет даврида ҳам илм ва маърифатнинг ҳақиқий кашшофлари хор эди. Чунки илм бозорининг даллоллари ҳамиша тепада бўлишган ва илм бозорининг тақдирини доим улар ҳал қилишган.
Самал Қодировдек буюк журналист афсуски, ўз ўрнига тушмади, у аслида журналистика академиги, худо берган буюк талант соҳиби эди. Унинг журналистик истеъдодидан, инсонийлигининг буюк илоҳий қудратидан Шароф Убайдуллаев каби уни билган ва у билан бирга ишлаган саноқли одамларгина баҳраманд бўлишди.
Бетакрор истеъдод соҳиби бўлган Самад Қодировга ўз таланти ва маҳоратини намоён қилиш учун имкон ва майдон бермадилар.
Бугун мен Ўзбекистондан узоқ Канадада ҳақиқий журналистика нималигини англаб етган бир пайтимда тасаввур қиламан, агар Самад Қодировдай туғма талант ва буюк ижодкор – ўз пайтида журналистика факультетида сабоқ берганда эди, биз бугун қанчадан қанча Самад Қодировларга эга бўлармидик…
Чунки Самад Қодировдек буюк ижодкорлар журналистлар мактабининг остонасини кўролмаган бир пайтда — тўртта китобдан яна бир китоб ясаган зумраша “тарихчилар” бу мактабнинг профессори ва академиги бўлишди…
Мустақиллик йилларида ҳам не не Самад Қодировлар ёруғлиқ кўрмай ўтишди…
10.
Илмий иш қилишни орзу этиб, бу орзуга етолмаган ажойиб инсон ва истеъдодли журналист Самад Қодиров ҳақида бежиз эсламадик. Бунинг боиси бор, албатта.
Биз “Ҳаёт ва иқтисод” журналининг ВАК – яъни кишиларга илмий даража ва унвон берувчи Олий Аттестация Комиссиясининг илмий манбалар рўйхатига киритилгани хусусида ва бизга бўладиган беҳисоб илтимослар ҳақида гапирдик.
Табиийки, бировнинг ҳожатини чиқарганингиздан кейин сиз ҳам камида бир хўрозқанд билан ёш боладан мукофотланасиз.маълум маънода имтиёзга эга бўласиз. Сизнинг олдингизда ўзларини қарздордек ҳис этиб юрадиган одамлар яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришни истайдилар.
Охир оқибат шу бўлдики, Саидаҳрор Ғуломов ва бошқа олимлар менга илмий иш ёзиб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилишни тавсия этдилар. Мавлон ака ҳам бу таклифни қўллаб қувватлади.
Қолаверса, журнал редколлегиясининг мендан бошқа барча аъзолари илмий даражага эга олимлар эди.
Шундан сўнг мен Халқ хўжалиги институти аспирантурасига ҳужжатларимни топширдим.
Чунки Ислом ака Мавлон Умурзоқовга “бирдан илмий иш ёзиб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилса одамлар гап-сўз қилиб юборишлари мумкин, аввал аспирантурада икки йил ўқиб, номзодлик минимумларини топшириб, матбуотда мақолалар эълон қилсин, ана ундан кейин илмий ишини ҳимояга қўйса, табиий бўлади” деб маслаҳат берган эканлар.
Аспирантурага ўқишга кирдим. Лекин Бош муҳаррирман деб машғулотларга қатнашмасдан юрганим йўқ. Айтилган пайтда дарсга борардим, имтиҳонларни ўз вақтида топширдим.
Хуллас, аспирантуранинг барча расм-русумларини бажардим. Агар 1991-йилда аспирантурага кирган бўлсам, 1993-йилда уни тамомладим. Ҳаммаси рисоладагидек бўлган.
Икки йил давомида “Бозор иқтисодиёти шароитида иш билан бандлик” мавзусида илмий изланишлар олиб бордим. Аввал кафедрада, сўнг институтнинг илмий кенгашида номзодлик илмий диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилганман.
Эсимда, ўша илмий кенгаш йиғилишида мен номзодликни, бухоролик бошқа бир йигит докторлик ишини ҳимоя қилди. Ўша куниёқ кечқурун унинг банкети бўлган, мен ҳам унда иштирок этгандим.
Лекин ўзим банкет қилмадим. Уйга яқин дўстларимни чақирганман, холос. Ўтиришга Қулмон Очилов, Абдимўмин Тиловов, Норқобил Жалиллар рафиқалари билан келишган. Мен оилам билан – саккиз киши ўтирганмиз.
Бошқа жойларда ҳам чой-пой қилиб бердим. Қачонки, кандидатлик дипломимни олганимдан сўнг росмана банкет қилиб бераман, дедим.
Лекин Мавлон ака шунга ҳам қаршилик қилган эди:
— Керак эмас, шов-шув қилманг. Шунинг ўзи етарли, – деб…
11.
Диссертациям ҳимояга қўйилишидан олдин уч-тўрт кеча кабинетимни ичидан қулфлаб олиб, ҳар хил диаграммалар чизганман, илмий Кенгаш мажлисида сўзлайдиган нутқимни машққилганман, турли-туман саволларга ўзимча жавоб ҳозирлаганман.
Албатта, яширмайман, домлалар ҳам ёрдам беришган. Лекин, бандлик масаласи билан асосан ўзим жиддий шуғулланганман, кўпгина манбалар билан танишганман. Илмий ишни ўзингиз ёзмасангиз, ҳимоя чоғида оддий саволларга ҳам жавоб беролмасдан, шарманда бўлиб қолишингиз мумкин.
Эҳтимол, кимлардир бировларга илмий иш ёздириб, ҳимоя ҳам қилар. Ундайлар ҳақида ҳам кўп эшитганман. Бироқ, мен ўз характеримга кўра, бировга илмий иш ёздириб, номзод бўладиган йигитлардан эмас эдим. Мен ҳамиша тилим узун бўлишини истаганман, бировдан муттаҳам бўлишни асло хоҳламаганман.
Иш билан бандлик масаласини ўрганиб чиқиб, бу ҳақда журналимизда беш-олтита мақола эълон қилдим. Илмий раҳбарларим Гулчеҳра Назарова билан Қаландар Абдураҳмоновлар менга яқиндан кўмак бердилар. Мен улардан ҳанузга қадар чексиз миннатдорман.
Иқтисод фанлари доктори, профессор Гулчеҳра Назарова ҳозир Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетида проректор. Қаландар Абдураҳмонов эса айни пайтда Москвадаги Плеханов номидаги иқтисодшунослик Академиясининг Ўзбекистон филиали раҳбари, иқтисод фанлари доктори, профессор…
12.
Икки йил давомида аспирантурага қатнаб, деярли ҳамма домлалар билан таниш бўлиб қолгандим.
Кандидатликни ҳимоя қилган илмий Кенгаш йиғилишига жуда кўпчилик келган эди. Чунки, “Исмат Хушев кандидатлик ҳимоя қиляпти” деган хабар тарқалган, бу албатта дўстни ҳам, душманнинг ҳам эътиборини тортиши турган эди. Шу боисдан олимларнинг турфа хили ҳимояга ташриф буюрган эди.
Йиғилишда институт ректори, академик Саидаҳрор Ғуломов бошчилигида илмий Кенгашнинг барча аъзолари иштирок этишганди. Ўшанда қирқ минутча маърўза қилганман. Саволлар берилган, мен жавоб қайтарганман. Жуда табиий чиққан. Саволлар қаршисида қийналиб қолмаганман.
Ва шунда, беихтиёр, Ислом аканинг “аввал аспирантурада ўқиб, мавзуни пухта ўргансин” деган масалаҳатлари жуда ўринли бўлганини ҳис этганман. Залда ўтирган одамлардан: “Исматжон бу мавзуни жиддий ўрганибди, у ҳақли равишда иқтисод фанлари номзоди бўлди!” деган гапларни ҳам эшитганман.
Ваҳоланки, кўпчилик “Қани, бу бола қандай каромат кўрсатар экан? Йиғилишни савол-жавоб қилмасдан ўтказиб юборишармикан?” — деган фикрда илмий Кенгаш мажлисига келишган бўлса ажаб эмас.
Хуллас, ҳимоя жуда чиройли ўтган. Илмий Кенгаш аъзолари мени бир овоздан “иқтисод фанлари номзоди” илмий даражасига лойиқ деб топганлар. Сўнг барча ҳужжатларимни ВАКка топширдим…
13.
Ана энди “мен ҳозир иқтисод фанлари номзодиманми ё йўқ” деган саволга жавоб барадиган пайт келди.
Мен, юқорида эслаганимдек, “Ҳаёт ва иқтисод” журнали Бош муҳаррири бўлган пайтларимда кўпроқ вилоятларда иқтисодий йўналишда фаолият олиб бораётган илм ўчоқлари ва марказлари фаолиятига кўпроқ эътибор қаратардим. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, тарғиб ва ташвиқ этишга ҳаракат қилардим.
Андижондаги Иқтисод университети раҳбарлари Тоҳиржон Иминов ва Одилжон Олимжоновлар билан шу аснода жуда яқинлашиб, дўстона ва иноқ муносабат ўрнатган эдик. Кейинчалик, мен бу икки истеъдодли ва истиқболли олимларни журнал таҳрир ҳайъати аъзолигига сайланишига эришган эдим.
Хуллас, улар билан муносабатимиз жуда яхши эди. Бу орада мен юқорида айтганимдек, “иқтисод фанлари номзоди” илмий ишимни якунлаб, уни муваффақият билан ёқладим.
Тоҳиржон ака Андижондаги эътиборли оиладан бўлиб, у кишининг опоқдадалари ҳамюртлари орасида жуда обрўли одам эдилар. У киши вафот этганларида Андижонга бориб дафн маросимларида иштирок этганман. Сўнг Тоҳиржон ака Президент девонига ишга ўтдилар.
Кўп ўтмай Одилжон ҳам Тохиржон аканинг изидан Тошкентга кўтарилиб келди. Даставвал Вазирлар Маҳкамасининг кадрлар бўлимига бошчилик қилди. Бу орада Мавлон Умурзоқов Президентнинг Давлат маслаҳатчиси лавозимидан олиниб Сирдарё вилоят ҳокимига ўринбосар бўлиб “урилиб” кетди.
Мавлон аканинг ўрнига Темур Алимов тайинланди. Одилжон Вазирлар Маҳкамасининг кадрлар бўлимидан Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бошқармасига ишга ўтди. Қирғизистоннинг Намангонига туташ Олабуқа районида туғилган Одилжон нисбатан ёш бўлса-да, аллақачон иқтисод фанлари доктори, профессор бўлишга улгурган эди.
1994-йилнинг март ойида номзодлик ишимни ёқлаган бўлсам, орадан икки ой ўтар-ўтмас мени ҳам ишдан бўшатиб, қамоққа олишди. “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг учинчи китоби тўлалигича менинг ҳибсдаги ҳунрезли ва аламзада кунларимга бағишланган.
Бу мавзуга ҳали қайтамиз…
14.
Лекин ҳозир мен илмий ишимнинг натижаси нима билан тугагани хусусидаги маҳзун хотираларимга қайтмоқчи эдим.
Менинг Аҳрор Аҳмедов исмли дўстим борлиги ҳақида олдинги бобларда ҳикоя қилгандим. 1997-йилнинг эрта баҳор кунларининг бирида у мени ота-онаси ва оила-аъзолари билан таништириш учун ўзи туғилиб ўсган юрти – Олабуқа районига таклиф қилди. Бу район Қирғизистонга алоқадор бўлиб, Ўзбекистоннинг Намангонига туташиб кетган ям-яшил водий ва сўлим гўшалардан иборат экан.
Мен қўлида бир муддат ишлаган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва иқтисод фанлари доктори, профессор Одилжон Олимжоновлар ҳам шу қишлоқдан эканликлари ҳақида олдин эшитган эдим.
Аҳрор мени Аҳмаджон аканинг ҳовлисига олиб бориб, у кишининг дилкаш ва самимий ака-укалари билан таништирди. Биз қишлоққа борганимизда Одилжон ҳам Тошкентдан келган экан, узоқ айрилиқдан сўнг биз ҳам у билан дийдор кўришдик.
Мен қамалиб кетгандан кейин бу бизнинг биринчи учрашувимиз эди. Эртайиси куни эрталаб Одилжон Аҳрор билан мени Олабуқанинг атрофидаги қутлуғ бир зиёратгоҳга олиб боришди. Агар адашмасам “Ишкишвоб” эди шекилли номи. Айтишларича бу муқаддас жой Туркистондаги Аҳмад Яссавий зиёратгоҳидек азиз ва муқаддас қадамжо экан…
15.
Одилжон ака бизни қабул қилган Мачит имомига бир даста хайрия бериб, айнан менинг ишларим ўнгидан келишини сўраб, қуръони-тиловат буюрди. Бу ҳол мени ниҳоятда мутаассиб қилди.
Муқаддас қадамжодан қайтганимиздан сўнг менга қуйидагиларни ҳикоя қилиб берди:
— Сиз ишдан олиниб, қамалганингиздан сўнг Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Темур Алимовнинг топшириғига кўра, ўша пайтдаги Бош вазирнинг илм-фан ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Саидмухтор Саидқосимов ВАКдан Сизнинг ҳамма ҳужжатларингизни чақиртириб олган. Мен бу ҳужжатларни у кишининг қўлидан олиб, Темур Алимовга шахсан олиб келиб топширганман. У пайтда Б.Т. Тошмуҳамедов ВАК раиси эди. Темур Алимов Бек Ойбековичга “Исмат Хушевнинг кандидатлик иши бекор қилинсин!” деб кўрсатма берган. Мен ўша топшириқнинг бажарилишини Президент девонининг масъул ходими сифатида назорат қилганман ва ўзим ҳам ўша топшириқни бажарганман. Сизга кандидатлик илмий даражасини бериш тўғрисида Олий Аттестация Комиссияси (ВАК) нинг қарори чиққан. Номингизга кандидатлик дипломи ҳам ёзилган экан, фақат бу ҳақда Сизга билдирув қоғози юборилмаган, холос. Сизга юборилиши керак бўлган пайтда Сиз ишдан урилиб, қамалгансиз. Ана шундан фойдаланиб, илмий ишингиз бекор қилинади ва барча ҳужжатлар йўқотилади…
Одилжон нигоҳларини ерга қадаб ўша оқшом мен билмаган, лекин мен қамалганимдан кейин содир бўлган жуда кўп воқеаларни ҳикоя қилиб берди…
16.
Шундай қилиб, 1994-йилда мен қамалиб кетдим, кандидатлик дипломимни беришмади.
Қамоқдан чиққанимдан сўнг бу масала билан шуғулландим. ВАК раиси энди ўзгарган, Тошмуҳамедовнинг ўрнига Аюпов тайинланган экан. У киши билан учрашдим – ниҳоятда камтар, зиёли инсон экан. Ўз ходимларига топшириқ берди, лекин архивдан менинг илмий иш ёқлаганим хусусида бирорта ҳам ҳужжат топилмади.
Кафедра ва институт илмий кенгаш Қарорлари ҳам, илмий ишнинг ўзи ҳам Бош вазирнинг ўринбосари Саидқосимовга олиб бориб берилганича дом дараксиз йўқотиб юборилган экан.
Саидмухтор ака 1993-йилгача Ташқи Ишлар Вазирлигига раҳбарлик қилиб, 1994-йилдан эътиборан Бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланган эди. У ҳукуматда илм-фан ва ижтимоий масалаларга раҳбарлик қилиш билан бирга Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси Академиясининг ректори ҳам ҳисобланарди. У киши жуда камтар, оғир-босиқ, мулоҳазали раҳбар бўлиб, бизнинг ўзъаро муносабатларимиз ҳам ёмон эмас, аксинча, самимий эди.
Лекин тепадан топшириқ берилса, бу илиқ муносабатлар ҳам бир тийинга қиммат бўлиб қоларкан. Эрта бир кун кўришиб қолсак, менинг у кишига ҳам, “салла деса, каллани” олиб келадиган Темур Алимовга ҳам берадиган талай саволларим бор.
Хуллас, илмий ишни ёқлаганимдан сўнг бир неча йиллар ўтиб, энди илмий изқуварлик билан шуғулланишимга тўғри келяпти…
17.
Қизиқ, мен ёшлигимдан адолатли бўлишга, ноҳақликдан ҳамиша узоқ туришга, бировнинг дўпписини бировга кийдириб, обрў олишдан ҳазар қилишга ўрганган йигит эдим. Раҳматли отам менга шундай таълим берган эдилар. Ҳатто илмий ишингизни ёзиб берамиз дейишганида ҳам, Ислом Абдуғаниевич савол-жавоб қилиб қолса, уялиб қолмай деб номзодлик ишим билан ўзим жиддий ва астойдил шуғулланган эдим.
Ҳали-ҳануз эсимда, Одил Ёқубовнинг “Диёнат” романи эълон қилинганда колхоз раиси Отақўзи ўғли ёқлаши лозим бўлган илмий иши боис ўз тоғаси – ҳалол ва адолатпарвар профессор Нормурод Шомуродовга қарши чиқиб, “ўғлимга ёрдам қилмади” деб ундан нолиб юрганида “мен илмий ишимни ўзим ёзиб, ўзим ёқлайман” деб қасамлар ичгандим болалигимда.
Ҳеч кимнинг марҳаматига зор бўлмайман деб қатьий аҳд қилгандим студентликда.
Кейин йигитликнинг кўркам ёшида – амал пиллапоясининг шоҳтепасида бўлсам-да, ўз кучим билан кандидатлик ёқлашга қарор қилган эдим соф кўнгил билан…
Энди Одилжоннинг ҳикоясидан маълум бўлдики, мен уч йил умримни бағишлаб, астойдил ўрганган илм сирлари менга вафо қилмас бўлибди. Менинг шунча қилган меҳнатларим зое кетибди.
Номзодликнинг расмий мақомини менга бермасликка қарор қилишибди тепадаги номардлар…
18.
Қизиқ, мен илмий ишимни ёқлашдан олдин Ислом аканинг (Мавлон ака орқали) олдидан ўтиб, у кишидан “оқ фотиҳа” олган эдим. Кейин орадан бир мунча вақт ўтгач, мени ишдан олиб, қамаш ҳақида фармойиш бераркан, наҳотки, у киши ҳалол меҳнатим ва пешона терим билан ёқланган илмий ишимни ҳам йўққилишга фармон берган бўлса?!
Мен уч йил астойдил шуғулланган илмий изланишларимни ҳам йўқликка маҳкум этиб, саробга айлантириш у кишига нима учун керак бўлиб қолди экан? Наҳотки, мен Президент ва унинг атрофидагилар учун шунчалик қўрқинчли одам эдимки, ўзим тугул ҳатто илмий ишларимдан ҳам чўчишган бўлишса?!
Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Ислом ака мени ишдан олишга кўрсатма берган бўлиши мумкин. Лекин илмий ишларимга оид барча сайъи ҳаракатни Темур Алимов шахсан ўзи ўйлаб топганига мен бугун заррача ҳам шубҳаланмайман!
Агар мен домлалар таклиф қилганидек, илмий ишни ўзим ёзмаганимда, бунчалар куймасдим.
Икки оғиз нутқини эплаб гапираолмайдиган, ҳамкасблари олдида тили қисиқ бўлган ўнлаб раҳбар-олимларни билардим. Улар Президент ва ҳукумат тизимларида ҳали ҳам бор. Лекин улар ҳанузга қадар муваффақият билан илмий ишларини ёқлаб, номзодлик ва докторлик даражаларига эга бўлиб юришибди.
Ажаб, Қашқадарёнинг олис бир чеккасида туғилиб ўсган, Тошкент ва Москва университетларида таҳсил олган, пойтахтда яшаб қолиб яхшими-ёмонми, ўз адолати учун ўз билганича курашиб юрган тўпори ва қишлоқи бир йигитнинг олимликка даъвогарлик қилиши — Президент атрофидаги — оёғи остини ҳам кўролмай қолган Темур Алимов бошлиқ бир гуруҳ суллоҳларни шу қадар чўчитади деб сира ўйламаган эдим…
19.
Йўқ, гап бу ерда бошқа томонда. Мавлон Умрзоқов ишдан олинганидан кейин, унинг ўрнига келган Темур Алимовнинг бизга – Умрзоқов атрофидагиларга бўлган салбий муносабатларининг асосларига тўхталиб ўтишимиз керак бўлади.
Темур Алимов жуда ҳушёр одам. Мавлон ака эса у кишини урилганига қадар кўрган ерида ҳақорат қилар, бир туртиб ўтар эди. Ҳатто Президент девони ошхонасида унинг устига атайлаб бир коса шўрвани тўкиб юборгани ҳануз ёдимда…
Узоқни кўра олмайдиган ўпкаси йўқ бир раҳбарнинг калтабинлиги унинг атрофидаги жамики ходимларнинг тақдирини фожеага айлантириб юборди.
Умрзоқов туфайли бўлди бу таъқиб. Нафақат мен, менга ўхшаш не-не айби йўқ ҳокимлар, министрлар, давлат ва ҳукумат мулозимларининг уйи куйиб кетди Мавлон ака боис.
Президент атрофидаги икки шохдор ҳўкиз ўзъаро курашиб, охир оқибат биз – уларнинг атрофидагилар азият чекдик.
Албатта, Темур Алимов ҳам анойилардан эмас эди. У Президент девонига Табиатни муҳафаза қилиш Қўмитаси раислигидан ўтган бўлса, у ерга — Тошкент обкомининг биринчи секретарлигидан урилиб борганди.
Тошкент обкомининг биринчи секретарлиги лавозимида эса ўзини одам қилган устози Мусахоновни қаматиб, ўзининг асл башарасини намоён қилган эди.
Тошкент вилоятида — Мусахонов обкомнинг биринчиси, Алимов — облисполком раиси эди. Устозининг ўрнига биринчи бўлганидан сўнг Алимов уни уч ойдан кейин қаматиб юборди. 80 ёшли устозини аввал партиядан ўчириб, сўнг кутилмаганда унинг қамалишини ташкиллаштирган эди.
Мусахоновни қоралаш унга шунинг учун керак эдики, Мусахонов қора бўлганидан кейин вилоятнинг барча кадрларини ҳам қора қилиш осон эди.
Чунки, Мусахоновнинг кадрларини йўқ қилиш учун — энг аввал унинг ўзини йўқ қилиш керак эди.
Калинин райониниг биринчи герой раҳбари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Раҳматилло Қамбаров устидан жиноий иш қўзғатилди. Бўканинг биринчиси — Исломов Тўхтамурод қамалди.
Тошкент вилоятида Мусахоновдан кейин жамики раислар, пахта иш бўйича жарбланган, устидан жиноий иш қўзғатилган ва қамалганларнинг ҳаммаси табиийки, обкомнинг биринчи секретари Темур Алимов имзоси билан бажарилган эди.
Колхоз тузумини иттифоқ миқёсига олиб чиқишга муваффақ бўлган Юқори Чирчиқ районидаги машҳур Политотдел колхози раиси, Социалистик Меҳнат Фқаҳрамони, СССР Олий Совети депутати Хван ва республикада таниқли бўлган Ҳамроқул Турсунқулов номли колхоз раиси Жўраевларнинг ҳам ёстиғини қуритган эди зот Алимов эди.
Рашидовни ҳам айнан шунинг учун аввал қоралашди, кейин Ўзбекистонни унинг тарафдорларидан тозалашди…
20.
Хушев ҳам Алимов учун айнан Умрзоқовга чуқурроқ чоҳ қазиш учун – унинг раҳбарлик фаолиятига қора ранг (краска) бериш учун албатта қораланиши керак эди.
Вазирлар Маҳкамасидан, Девондан қанчадан қанча бегуноҳ одам йўқ қилинди Умрзоқовнинг одами сифатида.
Мавлон аканинг биринчи ёрдамчиси бўлган истеъдодли журналист, жасоратли ва фидойи инсон Шароф Убайдуллаев йигирма йилдирки ишсиз кўчада қолиб кетди.
Яқингинада Тошкент шаҳар ҳокимининг илм фан ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланган бошқа бир ёрдамчиси — Исмоил Шодионқуловнинг тўшагидан граната чиқиб, уйи куйиб «портлаб» кетди…
Авазбек деган яна бир ёрдамчиси эндигина Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари бўлган эди. Уни ҳам йўқ қилишди.
Умрзоқов атрофидаги не не истеъдодли ходимлар айнан унинг қўл остида ишлагани учунгина – таъқиб ва хўрликка, тазйиқ ва зўрликка дучор бўлишди…
21.
Хуллас, Президент атрофидаги икки шохдор ҳўкизнинг ўзъаро кураши – Исмат Хушевнинг нафақат ўзини, балки унинг илмий ишини ҳам йўққа чиқарди.
Оқибатда, ўқиш- изланиш ва игна билан қудуқ қазигандай астойдил меҳнат ва машаққатлар билан ёқланган номзодлик диссертацияси қанчалар баланд парвоз билан учган бўлса, шунчалар шитоб билан етти қават ер остига шўнғиди.
Сиёсатнинг нақадар бешафқат ва бевафолигини кўринг.
Мен билан бир неча йиллар қўлни қўлга бериб, қадрдонлик асосида елкама елка ишлаб келаётган қанчадан қанча таниқли олимлар қатнашган илмий совет қарори бир пасда бекор қилинди.
Тунларни бедор ўтказиш ҳисобига қанчадан қанчалар манбаларни излаб, қолваерса, нафақат мустақилликнинг дастлабки кунлари, балки мамлакатнинг келажаги учун ҳам ғоят долзарб бўлган мавзу – ишсизлик муаммоси ҳақидаги республика илмий жамоатчилиги ичида балки биринчилардан бўлиб айтилган ва олға сурилган илмий назарий хулосаларнинг бешафқатлик билан йўққа чиқаришга, ундан кўз юмишга журъат этилганлигидан мен ҳануз ҳайратдан.
Орадан йигирма йил ўтиб, бугун ҳам жамиятимизда ғоят долзарб бўлиб турган иш билан бандлик — соддароқ қилиб айтганда ишсизлик муаммоси – Исмат Хушев қачонлардир муваффақият билан ёқлаган «Иқтисод фанлари номзоди» деган кандидатлик ишининг мавзуси бўлган.
Ахир илмий кенгашда қанчадан қанча самимий дил сўзлари айтилган эди. Қанчадан қанча забардаст олимлар елкамга қоқиб: «Баракалла, Исматжон» дейишганди. Улар ўша илмий совет йиғилишида қандай гулдурос қарсак чалган бўлсалар, худди шундай — кўздан ғойиб бўлдилар.
Мен энди уларнинг бирортасининг изини ҳам топа олмайман. Топганимда ҳам худди даҳшатли тушдай ва ёки ўткир қўёш тиғида тарқалган тумандай тирқираб кўзга кўринмас бўлиб кетишган улар.
Бу аслида сиёсатнинг шармандали ва шарму ҳаёсиз кўринишларидан бир лавҳа, холос…
22.
Бу илм ва фан майдонидаги сиёсат эди.
Афсуски, бу майдонда қурбон бўлганлар ёлғиз Исмат Хушев эмас. Сиёсатнинг бешафқат кўринишлари мустақиллик йилларида нафақат илм ва маданият, балки бошқа соҳаларга ҳам кенг тарқалган эди. Бугун биз илмда қанчалар заиф ва асоссиз, кераксиз икир чикирларни байроқ қилиб юрган эканмиз, бу биринчи навбатда ана шу сафсата ва шарм ҳаёсиз сиёсатнинг натижаси эмасми?
Худди шунингдек адабиёт ва санъатда ҳам, афсуски, худди шундай – сиёсат ўз тамғасини аллақачон ўйиб бўлган. Биз шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида худди илм-фанда бўлганидек — адабиёт ва санъатда ҳам айтарлик бирор бир самарага эришолмадик.
Оқибатда — энди бизнинг бошимизда мустақиллик қуёши порлади, эркинлик замони келди деган давру давронда, мана, чорак асрки, чўпга илинадиган бирор бир асар йўқ. Унинг ўрнига эса Навоий хамсасига қиёсланган, аслида бир тийинга қиммат бўлган Навоий трилогиси ёки тўрт қоп пуч ёнғоқдан иборат Амир Темур тетралогияси каби «ўлмас» асарларни кўкка кўтариб, мақташ билан оворамиз. Лекин уни ўқийдиган одамнинг ўзи йўқ. Ўқийман деганларнинг ҳам кўнгли беҳузур…
Бугун мен ана шу сиёсат майдонида кунпоякун бўлган диссертациям устида йиғлаётганим йўқ. Мен у кунларни эслаб кўз ёш ҳам тўкмайман.
Лекин Ал Хоразмий ва Ибн Сино, Ал Фаробий ва Мирзо Улуғбекларни жаҳон оламига армуғон эта олган улуғ миллатимнинг, Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор ва Ойбекларни дунёга бера олган халқим, элим бугун қандай қаро зулматда — шарму ҳаёсиз сиёсат олдида қолганлиги устида йиғлаганим рост. Куйинганим рост.
Калтабин ва бешафқат сиёсатнинг жирканч бир мисоли бу.
Бугун фожеа билан тугаган ўз илмий тақдирим ҳақида сўзлаган бўлсам, бу — ўша мен айтган жирканч сиёсатнинг муртад суратига бир чизги бўлиб қўшилар деб умид қиламан…
23.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Ким билади дейсиз, Алимов кандидатлик ишимни йўқ қилмаганида мен бугун Канадада эмас, балки Ўзбекистоннинг бирор бир олий ўқув юртида домлалик қилиб юрган бўлармидим. Ҳар қалай, ишдан урилиб, кўчада қолмасдим.
Илмий унвоним бўлса – бирор жойда дарс бериб, рўзғоримни эплаб юрардим. Нутқим равон, гап сўзга чечан йигитман. Илм фан дунёсининг ҳеч бўлмаганда кўзга кўринган замонасоз марўзачисига айланишим мумкин эди.
Лекин ҳаёт менга ўзга бир қисматни — ҳижратни раво кўрди.
Инсон ўз умридан нолимаслиги керак дейди доноларимиз. Ким билади дейсиз, балким бу гапда ҳам маълум ҳикмат бўлса бордир.
Фарзандларим хориждаги Ватансиз ҳаётига бир қадар кўниккан. Ҳар гал Ўзбекистондан келган ғамгин муждаларни эшитганда, шу ердаги ҳаётга шукр қилиб яшашга одатланиб қолишди.
Фақат мен ўн йилдирки, бу ерларга кўниколмадим. Хаёлимда фақат Ўзбекистон…
24.
Жамиятда қанчалар мустаҳкам ўрни ва мавқеи бўла туриб, илмий машаққатга бел боғлаб, номзодлик диссертациясини ҳалол ва ўз кучи билан бажаришга астойдил киришган бир журналистнинг бошидан ўтганлари бу.
Ўзбекистонда ҳар қандай шахс — у редактор бўладими, арбоб бўладими, қатьий назар, у -бешафқат сиёсат ичидаги дарёда оқаётган бир хас экан, холос…
Мен ўз кучим ва меҳнатим билан эришган номзодлик дипломим юзини кўролмаганим ҳам ана шу бешафқат ва қутурган дарёнинг ўйини эди, холос…
Бундан Исмат Хушев нимадир йўқотган бўлса – йўқотгандир. Лекин жамият-чи? У қанчадан қанча Исмат Хушевларни йўқотганини ўйлаб, бугун орадан шунча йиллар ўтиб кетган бўлса-да, кўксимдан фиғоним тутуни чиқади десам, ишонинг…
Гап битта Исмат Хушев устида эмас. Илм-фан соҳасидаги бу бемаъни сиёсат — қанчадан қанча астойдил заҳмат чекканларнинг бошига етганлиги, уларнинг йўлини тўсганлиги ва бу ўйинда доимо шохдор ҳўкизларнинг қўли баландлиги ачинарли ҳолдир.
Исмат Хушев каби илм майдонига янгилик ташишга уринган чумолилар, бол ташишга уринган асаларилар бу ўйинда доим мажруҳ.
Афсуски, сиёсат майдонида оёғи остига тушган ҳамма нарсани топташдан ҳазар қилмайдиган ва бундан ҳузурланадиган шохдор ҳўкизларнинг қўли доим баландлиги, уларнинг доим ғолиблиги – «Мустақил давлат» деб ном олган муқаддас жамиятнинг фожеасидан бошқа нарса эмас…
Тамом
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (чапдан биринчи) илмий раҳбарлари – академиклар Саидаҳрор Ғуломов, Владимир Ким ва Қаландар Абдураҳмоновлар билан
1 январь, 2015 йил,
Торонто шаҳри, Канада.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Исмат ака, хикояларингиз ичида, тарихий шахсларни йоритиб боришингиз тахсинга лойик. Генераллар Т. Худайбергенов ва З. Алматовлар хакида йозганларингиз бизга жуда маькул булди. Лекин нимагадир, Темур Алимов ва Исмоил Журабеков хакида йозмаяпсиз. Иложи булса, Алимовни суратиниям хавола килинг, у хакда куп эшитганмиз, лекин сурати хеч каерда йук. Качон улар хакида йозасиз, олдиндан рахмат.