Исмат Хушев: «Америка — сеҳрли диёр» (АҚШ сафари таассуротлари) (2-қисм)
Америка – сеҳрли диёр…
ёки АҚШ сафари таассуротлари ҳақида (1-қисм)
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳарриридан:
Мозийга қараб иш тутиш хайрли дейишади. Мен ҳам бугун — 2014 йилнинг рутубатли биринчи декабрь оқшомида куни кеча бориб келган АҚШ сафари хотираларини қоғозга туширарканман, бундан икки йил муқаддам 2014 йилнинг ноябрида у ерга қилган оилавий сафар таассуротларимни қайта эълон қилиш билан «Америка — сеҳрли диёр» номли эсдаликларимни бошлашга қарор қилдим. Шундай қилсам, Америка Қўшма Штатлари ҳақидаги олдинги хотираларимни, у ерда илк бор кўрган кечирганларимни қайта такрорламай, асосий мавзуни ёритишим осонроқ бўлади.
1 декабрь, 2014 йил.
Торонто шаҳри, Канада.
Исмат Хушев
1.
Болалик йилларимда суюкли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – Ватаним маним!” шеъридаги:
“Кўз олдимдан кечар асрлар,
Кўз кўз этиб нуқсу чиройин.
Сарсон ўтган неча насллар,
Тополмасдан туғилган жойин.
Америка – сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.
Денгиз ортин ёритди илк бор,
Берунийнинг ақл машъали.
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон – Ватаним маним!”
деган машҳур шеърини ўқигандаёқ бу сирли ва сеҳрли диёрга сафар қилишни илк маротаба орзу қилган эдим.
2.
Кейин Америка ҳақида у ерга бориб келган совет шоир ва ёзувчилари, сиёсатчиларининг эсдаликлари ва сафар хотираларини ажиб бир қизиқиш билан ўқишни одат қилдим.
Совет даврининг таъсири бўлибми, ҳар қалай бу эсдаликлар капитализмни ёмонлаш ва социализмни ёқлаш сиёсати билан йўғрилган бўларди.
Табиийки, аксар ҳолларда бундай ёзувларда воқелик бузилиб, ёлғон талқин этиларди. Америка лаънатланиб, СССР ва ундаги сиёсий тузум рағбатлантирилар, кўкларга кўтариб улуғланарди.
Орадан йиллар ўтди. Давр билан бирга биз ҳам ўсиб улғайдик. СССР тарқалиб кетди. Ўзбекистон мустақил бўлди.
Энди билсак, Америка биз шу пайтга қадар ўқиган, совет мафкураси ва фильмларида кўрганимиз каби у қадар қўрқинчли ва даҳшатли эмас экан.
Бу ерда ҳам одамлар худди бизлар каби озодлик ва ҳурликни севаркан.
Бу ерда ҳам одамлар яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, садоқат ва хиёнат нималигини яхши билар ва аксар ҳолларда адолат ва диёнат тарафида бўлишар экан.
Бу ерда ҳам ишқ ва муҳаббат, инсоф ва ҳалоллик ва одиллик туйғулари устивор экан.
Бир сўз билан айтганда Совет идеологияси тарғиб қилган ўзгаларга нисбатан ёвузлик ва душманлик ҳисси, давлати ва ҳукуматини билмадиму, лекин оддий америкаликлар учун мутлақо бегона экан…
3.
Адашмасам, тўқсонинчи йилларнинг охири, икки минггинчи йилларнинг бошлари эди.
Учинчи маротаба қамалиб чиқиб, Президент марҳамати билан яна Бош муҳаррир этиб тайинланган бўлсам-да, лекин энди олдингидай Ислом Каримов даврасидан бир қадар узоқроқда эдим…
Мен энди Президентнинг олдингидек шахсий карам ва марҳаматидан, малҳам ва мулоқотидан ҳам анчагина узоқлаштирилгандим…
Шунинг таъсириданми ёки юлдузли кунларим энди батамом ниҳоясига етаётганига аччиқ қилибми, ҳар қалай мен ҳали Бош муҳаррир бўлсам ҳам, баъзан хориж эллар сари юз тутмоқни, ҳеч бўлмаса оила аъзоларимни чет элларга юборишни беихтиёр ўйлай бошладим.
Ана шундай фаромуш ва дилтанг кунларимнинг бирида таваккал деб ҳатто Америка Қўшма Штатларига виза олишга ҳам илк бор қарор қилгандим.
Айни масала билан қизиққанимда виза учун навбат жуда катталигини, ўшанда ҳам уни олиш амри маҳоллигини айтишди.
Бугун Америка Қўшма Штатларида яшаб, “Америка овози”да меҳнат қилаётган истеъдодли журналист, ажойиб ва дилкаш йигит Одил Рўзалиев ўша пайтларда Тошкентда — АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ишларди.
Унга мурожаат қилдим. У ёрдам беришини, навбатсиз элчихонага киритиши мумкинлигини, лекин виза масаласини шахсан консул ҳал қилишини, бу ишга аралаша олмаслигини айтди.
Худди шундай бўлди ҳам. Унинг ёрдами билан элчиликка навбатсиз кириб, расмий мулозимлар суҳбатидан ўтдик, лекин виза ололмадик…
4.
2003 йил бошида “Деловой партнёр Узбекистана” билан бир вақтнинг ўзида яна янги ташкил этилган “Миллий таълим” газетасига ҳам Бош муҳаррир этиб тайинланганимни ҳукуматдагилар, хусусан Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматовлар негадир ҳазм қила олишмади.
Унинг қистови ва талаби билан Элёр Ғаниев (ўша пайтда у ташқи иқтисодий ишлар вазири бўлиш билан бирга Бош вазир ўринбосари ҳам эди) мени Бош муҳаррирликдан ўринбосарликка туширди.
Мен бундан норози бўлиб, ишдан кетдим ва бутун фаолиятимни “Миллий таълим” газетаси билан боғлашга қарор қилдим.
Лекин бу қувонч ҳам узоққа чўзилмади. Газетанинг учинчи сони чиқар чиқмас, Ҳамидулла Карамтовнинг талаби билан ҳукумат уни ёпиб қўйди.
Мен бунга норозилик сифатида 2004 йилнинг эндигина баҳор насимлари эса бошлаган сўлим март ойида Тошкентдаги “Freedom House” (“Озодлик уйи”)да матбуот анжумани ўтказиб, Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматов ва Матбуот Қўмитаси раҳбари Рустам Шоғуломовларнинг истеъфосини талаб қилдим.
Газетам ёпилган бўлса-да, мен ҳали Бош муҳаррирликдан олинмаган эдим. Аниқроғи, ҳали олишга улгуришмаган бир пайтда ўтди бу матубот анжумани.
Айтиш мумкинки, бу ўзбек журналистикаси ва сиёсати тарихида амалдаги Бош муҳаррир ўтказган биринчи ва ҳозирча сўнгги матубот анжумани эди…
Катта тўполон ва шов шув бўлди. Кейин мен Ўзбекистонни тарк этдим.
Бу махзун хотиралар ҳақида “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг тўртинчи китобида ҳали батафсил ҳикоя қилинади.
Москвада сиёсий бошпана масаласи кўтарилган пайтда тегишли идоралар менга дастлаб Америка Қўшма Штатларини тавсия қилишди. Лекин бу “сирли ва сеҳрли диёр” га бориш учун анча кутишим лозимлигини айтишди.
Канадага бориш учун эса, олти ой кифоя қиларкан. Шундай қилиб, Исмат Хушевга оиласи билан доимий яшаш учун Америка эмас, Канада насиб этди…
5.
Бугунга қадар ҳам биз Канададан Америкага кўп бор сафар қилганмиз.
Илк маротаба раҳматли Абдуманноп Пўлатов ташаббуси ва ёрдами билан виза олиб (бу ҳақда Абдуманноп аканинг вафотига бағишланган “Сайрга кетган йигит” номли ёдномада батафсил айтилган) АҚШнинг Канадага шундоққина қўшни бўлган Detroit ва Buffalo, кейинроқ эса Калифорния штатининг Los Angelas ва Hollywood шаҳарларини бориб кўрдик.
Абдуманноп аканинг Вашингтон атрофида – Virginia даги тинч ва сокин ўрмонзор ҳудудида жойлашган нурли ва қадрдон хонадонларига ҳам бориш бизга насиб этган.
Лекин у пайтларда “Дунё ўзбеклари” каби кўпчилик севиб ўқийдиган, муҳожирликдаги ўксик ҳаётимизнинг мажруҳ бир парчасига айланиб қолган бугунги суюкли саҳифамиз, мустақил интернет нашримиз йўқ эди.
Шунинг учун ҳам олдинги сафар хотираларимиз ёзилмай қолиб кетди…
6.
“www.google.ca”нинг қидирув бўлимида Канаданинг Торонтосидан АҚШ Феладельфиясига қадар бўлган 778 километр масофани одатда енгил машинада 8 соату 48 минутда босиб ўтиш мумкин деб ёзиб қўйилган.
Лекин биз бу масофага негадир 14 соатда минглаб километр йўл юриб етдик.
Бунинг сабабини эса кейин билдик.
Машинамдаги – ҳайдовчига cпутник орқали йўл ва манзил кўрсатадиган техник жиҳоз (GPS) сотиб олинган пайтлардаёқ пуллик йўлларга кирмайдиган қилиб қўйилган экан.
АҚШ сафарига жўнашдан олдин уни пуллик йўллардан ҳам юриши мумкин қилиб қўймаганимиз учун биз шунча йўл юрган эканмиз.
Ҳолбуки, АҚШнинг пуллик йўллари ҳам унча қиммат эмас.
Қайтишда эса бу манзилни биз олти-етти саоатларда босиб ўтдик. Икки жойда 90 центдан, бир жойда 10.25 ва яна бир жойда 5.15 доллар пул тўладик, холос…
7.
Феладельфия – Пенсилвания штатида жойлашган сўлим ва гўзал шаҳар.
Бу ерда бизни грин карта ютиб – АҚШга келиб яшаш бахтига муяссар бўлган жигарларимиз, дўсту биродарларимиз кутиб олишди.
Меҳмонхонада дам олиб, ҳордиқ чиқаргач, кун бўйи шаҳар айландик, магазин ва музейларни, спорт иншоотлари ва майдонларни томошо қилдик.
Кечга яқин жиянимнинг хонадонида бир пиёла чой баҳонасида зиғир ёғидан қилинган девзира гуручли паловни еб, ўтган кетган кунларимиз, Ватанда қолган қариндош уруғларимиз, яқинларимиз ва дўстларимиз ҳақида дилбар ва мунаввар суҳбатлар қурдик…
8.
Эртаси куни эрталаб роппа роса еттида туриб, болаларим билан бир соатга яқин меҳмонхонанинг биринчи қаватидаги оромижон ҳовузида мириқиб суздик, чўмилдик.
Эрталабки нонуштадан сўнг Нью Йорк томон йўлга чиқдик.
Дарвоқе, нонушта ҳақида. Меҳмонхона ресторанидаги “Швед столи” деб аталувчи бу нонушта нархи катталар учун 11.65 доллар, мактаб ўқувчилари учун 6.65 доллар экан, холос.
Шу пулга истаганча – нимани истасангиз шуни тамадди қилишингиз мумкин.
Нонушта нархи одатда меҳмонхонада туриш баҳосига қўшилган бўлади.
Мева чевадан тортиб асалгача, тухум, қуймоқдан тортиб турли хил ширинликларгача барчаси столда муҳайё.
Қўй, мол, бузоқ гўшти ва турли туман балиқларни айтмайсизми?
Лекин эрталаб одатда кўп овқат ейишга иштаҳа бўлмайди. Салгина нарсага тўйиб қолади киши…
Нью Йорк шаҳри Феладельфиядан бир-бир ярим соатлик йўл экан.
Йўлма йўл кета кетгунча Америка йўлларининг текис ва равонлигига, атрофда уч кунлик келинчак мисол яшариб бораётган дилбар табиатнинг яшиллигига ҳавас қилиб кетдик…
9.
Нью Йорк шаҳридаги сафаримизни дастлаб Ўзбекистон Консуллигини зиёрат қилишдан бошладик.
Жияним Америкада фарзанд кўргани боис, унинг ҳужжатларини расмийлаштиришимиз керак экан.
Ўзбекистоннинг Нью Йоркдаги консули Дурбек Омонов билан мен олдиндан таниш эдим.
У киши Вашингтон элчихонасидаги иккинчи котиб билан Торонтога борганларида бир пиёла чой баҳонасида учрашиб танишган эдик.
Дурбек ака бизни очиқ чеҳра ва хуш кайфият билан кутиб олдилар.
Нью Йоркнинг қоқ марказида – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қароргоҳининг шундоққина атрофидаги мўҳташам бинонинг йигирманчи қаватида – Ислом Каримовнинг портрети безаб турган Дурбек аканинг кенг ва файзли кабинетида ўтирарканман, беихтиёр Ўзбекистонда ўтган мулозимлик йилларим – бир пайтлар ўзим эгалик қилган ҳайҳотдек кабинет ва ундаги Президент портрети беихтиёр ёдимга тушди.
Ислом Каримовнинг Ўзбекистон байроғи ёнида тушган бу портретидаги сурат тўқсонинчи йилларда олинган бўлиб, ўтган йиллар давомида у деярли янгиланмабди.
Бу ерда ҳамма нарса Ўзбекистонни, Президент Ислом Каримовни эслатиб турарди.
Бу портрет, бу кабинет ва бу расмий, лекин табиий ҳолат менга жуда қадрдон эди.
Мен ўзимни гўё яна расмий Тошкент мулозимидек ҳис эта бошлаган эдим.
Ва табиийки, мен бу ҳолатни, бу расмий атрибутларни фавқулодда қувонч ва ҳаяжонсиз, чексиз бир армонсиз кузатишим, кўришим ва охир оқибат Сизларга ҳам ҳиссиз ва ҳаяжонсиз ҳикоя қилиб беришим мумкин эмас эди…
Мендаги бу ҳолатни бир пайтлар давлат раҳбарининг ишончига сазовор бўлган, лекин ёшлик қилиб бу юксак ишончнинг қадрига етмаган ва ундан айрилган, охир оқибат хорижга, муҳожирликка маҳкум этилган собиқ мулозимларгина тўғри англаб етиши, тушуниши мумкин…
Консулликдан руҳим кўтарилиб чиқди. Шу кўтаринкилик билан дунёга машҳур Манхеттенни айланишга жўнадик…
(давом бор)
Америка — сеҳрли диёр (2-қисм)
ёки АҚШ сафари таассуротлари ҳақида
Исмат Хушев
10.
Манхеттен — Нью Йоркнинг фахри.
Бу ерда дунёнинг истаган бурчагидан келган кино ва шоу бизнес олами юлдузларини, адабиёт ва санъат, давлат ва сиёсат дунёсининг кўзга кўринган вакилларини учратиш мумкин.
Мен олдин ҳам Манхеттенга бир неча маротаба келган ва ҳар сафар машинамнинг қаеринидир уриб олиб, борар манзилимни тополмай, асабийлашиб кетган эдим.
Манхеттеннинг зичлиги, торлиги ва машиналарга лиқ тўлалиги шу қадар.
Кейин билсам, Манхеттенда осмон ўпар бинолар кўп бўлгани боис машинада ўрнатилган — ҳайдовчига cпутник орқали йўл ва манзил кўрсатадиган техник жиҳоз (GPS) бу ерларда ишламас экан.
Шунинг учун ҳам бу гал бу машҳур ва маълум шаҳарга Фелодельфиядан рент (ижара) га олиб, страховка қилинган яп-янги енгил машинада келдик.
Манхеттеннинг борса борар, кўрса кўрар жойлари жуда кўп экан. Мен бугун улар ҳақида шакаргуфторлик билан ҳисобот бериб, Сизнинг шундоғам фаромуш хаёлларингизни янада фаромушроқ қилмоқчи эмасман.
Фақат у ерга машинада бориш нотўғри бўлишини айтмоқчиман, холос.
Биринчидан «паркинг» учун жой топиш муаммо. Жой топилса ҳам аламижон пул бўларкан.
Манхеттен ва умуман Нью Йорк сафарини якунлаб, Бруклиндаги машҳур «Наргиз» ресторанида тушлик қилдик.
Олдинги гал келганимизда бу ер анча торроқ эди. Энди атрофидаги хона ҳам қўшиб олиниб, анча кенгайтирилибди.
Бу ернинг ширин ва мазали овқатлари худди ўзимизнинг «Чорсу»даги туни билан ишлайдиган ҳовлиларда тайёрланадиган миллий ва мазали таомлардан фарқ қилмасди.
Олти киши тўйиб овқатландик. Сомса, манти, кабоб, иссиқ нон, турли салатлар, норин ва лағмонлар Сиз гўё Ўзбекистонда яшаётгандек таассурот уйғотади.
Бор йўғи 200 доллар атрофида пул тўлаб, ташқарига чиқарканмиз, оқшом тушиб, кун алламаҳал бўлганига қарамай Нью Йорк шаҳри турли туман электр чироқлари ёрдамида янада гўзаллашиб, янада ёрқинроқ нур соча бошлаганига гувоҳ бўлдик.
Бу шаҳарни туни билан куни бир деб бежиз айтмас экан одамлар.
Болаларимизнинг қистови билан биз яна шаҳар марказига бориб, тунги Бродвейни томоша қилдик.
Булутларга ёндош осмонўпар бинолар, электр чироқлар ёғдусида ажиб бир гўзаллик билан порлаб турган турли туман реклама ва эълонлар, атрофингизда қушдек сузиб юрган сон саноқсиз енгил автомашиналар, такси ва от қўшилган пайтунлар ҳайратимизга ҳайрат, бу «сирли ва сеҳрли шаҳар»ни кўришга бўлган ғайратимизга ғайрат қўшарди…
11.
Меҳмонхонага қайтиб, мириқиб ухладик, яхши дам олдик.
То тонггача Нью Йорк сафарида бўлишимизга қарамай, эрталаб барвақт уйғондик.
Яна шоҳона тушлик ва мастона сафар кутарди бизни.
Бу гал энди Вашингтонни кўришни ихтиёр этдик.
Феладельфиядан Америка Қўшма Штатлари пойтахти — Вашингтонга икки, икки ярим соатларда етиш мумкин экан.
Мени мафтун этган нарса яна кенг ва текис, ойнадек равон йўллар, американинг ям-яшил, мовий ва беҳудуд кенгликларга туташиб кетган гўзал табиати бўлди.
Вашингтонга бора боргунча ҳар қадамда дам олиш ва роҳатланиш бекатлари мавжуд.
Бу манзилда Сиз машинангизга бензин қўйишингиз, овқатланишингиз, магазинлардан истаган нарсангизни харид қилишингиз, Сиз учун табиат қўйнида махсус ўрнатилган юмшоқ ўриндиқ ва столларда бемалол дам олиб, тамадди қилишингиз, ҳордиқ чиқаришингиз мумкин.
Шунинг учун ҳам борар жойингиз қанча узоқ бўлмасин, манзилга қийналмай, хуш кайфият билан етасиз.
Америка йўлларида машинада кетиб бораркансиз, худди осмондаги учар гиламда учиб юргандек ҳис этасиз ўзингизни.
Бу ерларнинг йўллари ва машиналари Сизни чарчатмайди, аксинча қанча ҳайдасангиз ҳам руҳингиз тетик, кайфиятингиз баланд ва албатта тан жонингиз роҳатда бўлади…
Американинг ана шу роҳатижон йўлларида юриб, мен беихтиёр Ўзбекистоннинг Тошкентдан Китобга қатнайдиган ўйдим чуқур — Катта Ўзбек Трактини эслаб кетдим…
12.
Шу тобда болалигимда ўқиган бир шеър ҳам ёдимга тушди:
Бу йўллар кўп қадим йўллардир,
Жаҳоннинг фотиҳи Искандар,
Рим қайсари Ботил, Жўжи,
Темурланг қолдириб кимсасиз из
Қон дея, қон дея босароқ кечмишдир…
Албатта, бу шеър ва унда тасвир этилган воқеа ва тарихий шахслар энди ўтмишдир. Лекин биргина шу мисралардан ҳам тарихда бизнинг йўлларимиз қандай бўлганини, не-не жангу жадалларни кўрганини маълум маънода тасаввур қилиш мумкин.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин унинг йўллари ҳам мустақил бўлиши керак эди. Яъни, совет давридаги йўллар қайта таъмирланиб, янгича, ўзгача қиёфа касб этиши лозим эди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва хайрихоҳлиги билан бунга қайсидир маънода эришилди ҳам.
Лекин бу барибир кутилган натижани бермади.
Бугун Тошкентдан келаётган дўсту биродарлар хабарига кўра, Ўзбекистон йўлларининг ҳолига маймунлар йиғлаши мумкин.
Бу ерда Тошкентдаги, пойтахт марказидаги йўлларни эмас, айнан менинг талабалик ва мулозимлик йилларим ўтган Катта Ўзбек Тракти йўлларини — Тошкентдан Самарқанд ва Бухорога, ундан кейин эса Жом орқали Қарши ва Термезга олиб борадиган қадимий йўлларни назарда тутяпман…
13.
Вашингтон бизни заррин қуёш нурларини сочганича, ажиб бир латофат ва малоҳат билан кутиб олди.
Айтиш мумкинки, Вашингтон — Нью Йоркдек ғала-ғовур ва суронли, бедор ва қайсидир маънода беор бир шаҳардан сўнг, тинч ва сокин, ҳижронли ва армонли, лекин латофатли ва ҳаёли, дилдор бир келиндек таассурот уйғотади.
Нью Йоркда одамлар қайгадир шошиб, нимагадир талпиниб, елиб-югуриб яшаса, Вашингтонда ҳамма жиддий ва сокин, шаҳар ҳам шунга мос ҳолда тинч ва осойишта, осуда ва улуғвор эди…
Ростини айтсам, оилам, жияним ва болаларимга Нью Йорк ёққан бўлса, менга Вашингтон кўпроқ ёқди…
14.
Америка Қўшма Штатлари Президентининг расмий резиденцияси бўлмиш — «Оқ уй» худди ям яшил ва мовий кенгликлар бағрида жойлашган қишлоқ дачасини эслатди менга.
«Оқ уй» сўзи журналистлар тилида расмий Америка Қўшма Штатлари Президенти маъмуриятининг тимсоли сифатида 1901 йилдан эътиборан Теодор Рузвельт тарафидан истеъмолга киритилган экан.
(Худди Россиядаги «Кремль» ва Париждаги «Елисей саройи» атамалари каби)
Биз бу бинодан атиги 100 метрлар беридаги атрофи темир панжаралар билан ўралган жойда туриб АҚШ Президенти ишлаб турган хонани кўрдик.
Манбаларда ёзилган — Президентга тегишли бўлган бинонинг чап қанотидаги «Овальный кабинет» шу бўлса керак деб тахмин қилдик.
Ундаги чироқлар ёниқ турганидан, Америка байроғи кўтарилганидан Президент иш жойида эканини тахмин қилдик.
Бинога кираверишдаги майдончада беш олтита ойналари қорайтирилган «ЖИП» машиналари қатор турар, уларнинг тўрттаси йўл бошловчи, унга ҳамроҳлик қилувчи ва қўриқчиларники бўлса, иккитаси Президентга мўлжалланганини сезиш мумкин эди.
АҚШдаги «Оқ уй» атрфоида Ўзбекистон «Оқ саройи»дагидек ваҳима, сон саноқсиз қўриқчию, йўриқчилар йўқ эди.
«Оқ уй»ни томошо қилиш учун дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган сайёҳ ва меҳмонларни атиги икки нафар полиция зобити тинч ва сокин, ажиб бир табассум билан жимгина кузатиб турарди, холос.
Бу ерда Сиз истаганча суратга тушишингиз, ҳатто ўша панжараларга тирмашиб ҳам расмингизни олдиришингиз мумкин.
Бунинг учун ҳеч ким Сизни сўроққа тутиб, Ўзбекистондагидай ҳибс этиши ёки суратга оладиган жиҳозингизни мусодара қилмайди, хавотир олманг…
15.
«Оқ уй»нинг атрофида америкаликлар ҳаёти ва Америка сиёсатида ўз муносиб ўрнига эга бўлган унутилмас сиймолар — Жорж Вашингтон монументи, Линкольн ҳайкали ва АҚШ Конгресс ҳамда Сенати жойлашган Капитолий уйи ҳам бизда катта таассурот қолдирди.
АҚШда катта сиёсий аҳамиятга эга бўлган бу тарихий ва қадимий жойлар зиёратидан сўнг мен яна Ислом Каримов билан бирга Ўзбекистон давлатчилиги ва мустақиллигига асос солган, унинг тамал тошини қўйган
мулозимлар, сиёсат ва жамоат арбоблари, депутатлар, адабиёт ва санъат намоёндалари ҳақида аламли ва армонли ўйларга толдим.
Кимдир менинг бу сўзларимни ўқиб, АҚШ даги демократия икки юз йилдан зиёд тарихга эга деб менга эътироз билдириши мумкин. Бизда ҳам шунча вақт ўтса, Сиз айтган одамларнинг ҳам номлари тикланиб, уларнинг Ўзбекистон тарихидаги меҳнатлари ўзининг муносиб баҳосини олади деб таскин ва тасалли бериши мумкин.
Нима бўлганда ҳам мен Ўзбекистон тарихидаги шонли саналар, ўтган кунларимиздаги ютуқ ва муваффақиятлар фақат Ислом Каримовнинг номи билан боғланиб, хато ва камчиликларимиз, мағлубият ва йўқотишларимиз эса унинг ғаним ва рақиблари, мухолифат фаоллари номи билан боғлиқ бўлиб қолишига қаршиман, холос.
Тарихни бузмай, унинг кўзига лой чапламай, оқни қора демай бор гапни ёзиш тарафдориман.
Бизда кейинги йигирма уч йиллик тарих фақат бир кишининг номи билан боғлиқ бўлиб қолганига, мустақиллик ва давлатчилигимизга асос солган Олий Мажлис ноиблари — Ўзбекистон Парламентининг биринчи депутатлар корпуси, биринчи вилоят ва район ҳокимлари, биринчи вазир ва ҳукумат аъзолари, Бош вазирлар, Олий Кенгаш Раислари, бир сўз билан айтганда халқимизнинг не-не фидойи ва садоқатли ўғлонларининг номлари қораланиб, ўчирилиб, йўқотилиб юборилаётганига қаршиман, холос…
16.
Вашингтондан қайтишда тамадди қилиб олиш учун Балтимор шаҳридаги миллий таомлар ресторанига кириб ўтишни ихтиёр этдик.
Лекин у таъмирланаётгани боис, бошқа ўзбек ресторани тополмай яна йўлга тушишга мажбур бўлдик.
Вашингтонда биз бирорта ҳам ўзбек ресторанини учратмадик.
Ўзимизнинг қадрдон Феладельфиямизга келиб, жиянимизнинг уйида меҳмон бўлдик…
17.
Эртаси куни кун бўйи меҳмонхонада дам олдик.
Америкадаги ҳамма шаҳарларда меҳмонхоналар мавжуд бўлиб, мени ҳайратлантиргани шуки, уларнинг аксарияти мижозлар билан ҳамиша гавжум экан.
Жумладан, биз турган меҳмонхонада ҳам одам жуда кўп эди.
Лекин ажабки, уларнинг аксарияти бизнес ва бошқа ишлар билан банд бўлгани учунми, билмадим, ҳовуз ва жакузида, биллиард ва компьютер хонасида, ресторан ва барларда кўринишмасди.
Фақат кун қорайгандагина бу жойларда ҳам мижозлар кўпая бошларди.
Менинг болаларим, айниқса кенжатойим Камронбек меҳмонхонада яшашни, унинг оппоқ чойшабларига ўраниб, момиқ лўлаларига кўмилиб ухлашни яхши кўради.
Шунинг учун бўлса керак оилам унга уйда ҳам айни шароитни яратиб берганига қарамай, барибир меҳмонхоналардаги шароитни мақтайверади.
Кечга яқин Феладельфиядаги «Самарқанд» ресторанига бориб тушлик қилдик.
Тушликка бизни анчадан бўён кўришга иштиёқманд бўлган дўстимиз, «Дунё ўзбеклари» мухлисларидан бири Олимжонни ҳам таклиф қилдик.
«Кунига беш — олти марта газетангизни ўқийман!» — биз билан эски қадрдонлардай қучоқ очиб кўришаркан, Олимжоннинг биринчи айтган сўзи шу бўлди.
Унинг боладай содда ва самимий қалби, оддий ва камтарлиги, очиқ кўнгиллиги бизни мафтун этди.
«Самарқанд» ресторани ҳам бизга ёқди. Таомлари ширин экан, худди Ўзбекистондагидай…
18.
Беш кунлик сафар давомида ҳар куни эрталаб ва кечга яқин меҳмонхонадаги компьютер хонасига кириб, «Дунё ўзбеклари» дан хабар олиб, бир-иккита мақола қўйиб турдим.
Асосан ёзилган изоҳларни очиб қўйдим, холос.
Мени қувонтирган нарса шу бўлдики, сафарга кетишдан олдинги хабарномада «сайтимиз уч тўрт кун янгиланмайди» деганимга қарамай ҳар куни «Дунё ўзбеклари»га минглаб одамлар кириб турибди.
Демак шунча мухлис бизни унутмабди. Шунча мухлис бизни соғинибди. Шунча мухлис биздан кўнгил уза олмабди…
Ана шу меҳр, ана шу ишонч ва ана шу соғинч учун ҳам биз Сизни ҳеч қачон ранжитмаслигимиз, ишончингизни зинҳор ва зинҳор саробга айлантирмаслигимиз лозим!
19.
Ниҳоят беш кунлик АҚШ сафарини тугатиб, қариндош уруғлар билан хайр хушлашиб, меҳмонханани топшириб, эрталаб тонгги еттиларда «Қайдасан, Торонто!» деб яна йўлга тушдик.
Мен азалдан оилам ва болаларим билан машинада сайрга чиқишни яхши кўраман.
Боя айтганимдек Америка Қитьасининг кенг ва равон йўллари Сизни ҳеч қачон чарчатмайди.
Дам олиш бекатларида тўхтаб ҳордиқ чиқариш, тамадди қилиш, болаларим истаган нарсаларни олиб бериш, уларнинг кўнглига қараш менга қувонч бахш этади.
Уларнинг — мен ва менинг қуюшқонга сиғмас ҳатти ҳаракатим ва жиззаки табиатим туфайли Ватансиз қолган ўксик кўнгилларини кўтаришни, уларга имкон қадар малҳам ва далда беришни истайман доим.
Уларнинг менга ҳамиша ниманидир айтолмай тургандек туюлган сирли ва саволли, нурли ва ҳилолли, мунис, лекин маъюс нигоҳларига боқиб, мен ўзимни қанчалар гуноҳкор ва айбдор сезишимни билсангиз эди…
20.
Торонтога бу гал юқорида айтанимдай, жуда тез келдик. Йўл кўрсаткич (GPS)ни пуллик йўллардан ҳам юрадиган қилиб қўйганимиз учун ҳам уйга тез келдик.
Йўлда, Америка Қўшма Штатлари тугаб Канаданинг Ниагара шаршараси бошланганда ўғлимиз Камронбек қўл телефонидаги интернет тармоғига кириб бир хушхабар айтди бизга.
У сафарда бўлган пайтда онасига бир ўртоғи учун сувенир олиб боришини айтиб, пул сўраганини оилам менга айтган эди.
Америкадан эсдалик сифатида олинган бу сувенернинг ёқимли сабаби бор экан.
Маълум бўлишича, ўғлимиз сафарга кетишдан олдин унинг номзоди бошқалар билан бирга мактаб Президентлигига қўйилган экан.
У ўқиши лозим бўлган маърўзани ўғлимиз номидан синфдош дўсти ўқиб, «Камронбек ҳозир оила аъзолари билан Америка Қўшма Штатларида «Оқ уй» ва Капитолини зиёрат қилиб юрибди, унинг номзодини қўллаб қувватлашларингизни сўрайман», дебди.
Қарангки, бошқа талабгорлар ичидан охир оқибат ўзи йиғилишда бўлмаса ҳам, ўғлимизнинг номзоди ғолиб келиб, у мактаб Президентлигига сайланибди.
Бунга эҳтимол, ўғлимизнинг мактаб радиосида ҳар кун эрталабки инглиз тилида олиб борадиган эшиттиришлари сабаб бўлгандир.
Лекин нима бўлганда ҳам ўз юртида эркин ва демократик сайловларни кўрмай, ўзга эллар сари юз тутган Исмат Хушевнинг ўзи майли, ҳеч бўлмаса энди унинг ўғли кўрсин ҳақиқий ва эркин сайлов нималигини деган ойдин бир умид, ёруғ бир ишонч юпанч беради ғариб ва шикаста кўнглимга…
(Давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Qoyil Kamronjon ! Uzbek yigiti ! kelajakda ulkan muffaqiyatlarga erishing .