Исмат Хушев: Ўққа учган шаҳарга сафар (2-қисм)
1.
«Дунё ўзбеклари» таҳририятидан:
«Дунё ўзбеклари» бош муҳаррири Исмат Хушев 12-13 ноябрь кунлари икки кунлик ташриф билан яқингинада террорчи томонидан ўққа тутилиб, бутун дунёни ларзага солган Канада пойтахти — Оттавага оилавий сафар қилди.
Торонтодан салкам 500 километр узоқликда бўлган қадимий шаҳарга қилинган ташриф давомида машинада ўқилган шеърлар ва бу матнларнинг ёзилиш тарихи ҳақида Исмат Хушев армон ва ҳаяжон билан гапириб берган воқеа ва ҳодисалар талқини акс этган видео лавҳаларни яқин соатларда эътиборингизга ҳавола эта бошлаймиз.
Абдулла Орипов, Муҳаммад Раҳмон, Сирожиддин Саййид ва Мирзо Кенжабоевлар томонидан ёзилган бу дилбар ва бетакрор сатрлар бугун ҳам ўз қадри ва шукуҳини йўқотмаган.
Исмат Хушев Торонтодан Оттавага қадар бўлган олис манзил бўйлаб рулда туриб, машина ҳайдаш баробарида ёд ўқиган шеърларни тинглаб, Сиз ҳам «Дунё ўзбеклари» муҳаррири билан бирга беихтиёр олис болалик йилларига, талабаликнинг олтин даврига қайтсангиз, не тонг.
Нашримизни кузатиб боринг.
2.
Жами минг километрлик узоқ масофани босиб, Торонтага қайтиб келдик. «Дунё ўзбеклари» яна ўз фаолиятини давом эттира бошлади.
Икки кун давомида 43 дона хат, хабар ва мақолалар келибди. Уларни ўқирканман, мухлис ва ўқувчиларимиз бизга ишонишини, бизни соғиниб қолганларини ҳис этдим.
Бу менга, табиийки, ажиб бир ишонч ва илҳом бахш этади.
Кенжа ўғлим Камронбек эса йўлма йўл олинган видеоларни бир бошдан тартибга келтириб, «Дунё ўзбеклари»да эълон қилиш учун тахлай бошлади.
Демак, сафар хотираларига ўтамиз…
3.
Торонтадан чиқиб, Оттава йўлига тушарканмиз, машинада Шерали Жўраевнинг дилбар ашуласи янграй бошлади.
Назаримда нафақат бизнинг оила, дунё ўзбекларининг деярли ҳаммаси ҳам Шерали Жўраевнинг мухлиси бўлса керак.
Лекин шундай қудратли ва бетакрор овоз соҳиби учун, мана неча йилки, Ўзбекистон телевидения ва радио эшиклари ёпиб қўйилган.
Ҳукумат ва давлат йиғинларида, байрам тантаналарида биз уни кўрмаганимизга, эшитмаганимзга ҳам яқинда чорак аср бўлади.
Шерали Жўраевнинг Президент иштирок этадиган йиғинларда ҳам қўшиқ ижро этадиган доруломон кунлар яқин эканига ишонгим келади…
Мен ҳар гал Шерали Жўраевнинг бу қўшиғини эшитсам, бетакрор ёшлигим ёдимга тушади:
4.
Торонтодан Оттавага бора боргунча Канадада олтин куз ҳукмронлик қилаётгани яққол кўриниб турарди.
Шул боис мен ҳам беихтиёр Абдулла Ориповнинг «Юзма юз» шеъридаги куз манзараларига оид ажойиб ва бетакрор сатрларни ўқигим келди.
Мен болаликдан шеър ўқишни яхши кўрардим. Студентлик йилларимизда эса «ВУЗ городок»даги журналистлар яшайдиган 2-ётоқхонадаги шеърият кечаларида курсдош дўстларим, хусусан фарғоналик Алишер Ибодинов менинг айнан ана шу шеърни ёд ўқишимни яхши кўрарди. Бу шеърни ҳеч ким Исматчалик таъсирли ўқий олмайди дерди у доим.
Алишер ака ҳали журналистика факультетида ўқиб юргандаёқ Одил Ёқубовнинг «Оқ йўли»ни олишдек камёб бир бахтга сазовор бўлган эди. Унинг «Бир томчи ёш», «Гулсафсарнинг ҳиди» ва «Денгизчи» ҳикоялари, Одил аканинг «Оқ йўли» билан «Гулистон»да чиққанида биз ҳаммамиз баб баравар қувонган эдик.
Одил Ёқубовдек улуғ ёзувчининг «Оқ йўли»ни олиш бахтига муяссар бўлган яна бир бахтли йигит — жиззахлик Абулқосим Мамарасулов эди.
Кейинчалик уларнинг иккалови ҳам катта ёзувчи бўлиб кетишди. Лекин негадир улар Тошкентда яшаб қолишмади. Алишер ака — Олтиариқ районидаги Эски Араб қишлоғида, Абулқосим эса — Бахмалнинг Барлосида тўғилган эдилар. Шолоховдек улар ҳам ўз қишлоғида яшаб қолишди…
Майли, мавзуга қайтсак.
Нима учунлигини билмадим, лекин Алишер Ибодинов Абдулла Ориповнинг бошқа шеърларини эмас, айнан «Юзма юз»нинг ана шу кузга бағишланган қисмини жуда яхши кўрарди…
Канадада ҳам шеър ўқиш одатимни канда қилмадим. Айниқса болаларим менинг шеър ўқишимни жуда яхши кўришади. Шунинг учун ҳар гал оилавий узоқ сафарга отланар эканмиз, улар мендан шеър ўқишни такрор ва такрор илтимос қилишади.
Бугун муҳтарам ўқувчиларимиз эътиборига мазкур видеони ҳавола этиб, Шерали Жўраевнинг дилбар ашуласидан кейин Торонто — Оттава сафарини шеърият билан давом эттирамиз…
Нашримизни кузатиб боринг.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ