Исмат Хушев: Ўққа учган шаҳарга сафар (1-қисм)
1.
«Дунё ўзбеклари» таҳририятидан:
«Дунё ўзбеклари» бош муҳаррири Исмат Хушев 12-13 ноябрь кунлари икки кунлик ташриф билан яқингинада террорчи томонидан ўққа тутилиб, бутун дунёни ларзага солган Канада пойтахти — Оттавага оилавий сафар қилди.
Торонтодан салкам 500 километр узоқликда бўлган қадимий шаҳарга қилинган ташриф давомида машинада ўқилган шеърлар ва бу матнларнинг ёзилиш тарихи ҳақида Исмат Хушев армон ва ҳаяжон билан гапириб берган воқеа ва ҳодисалар талқини акс этган видео лавҳаларни яқин соатларда эътиборингизга ҳавола эта бошлаймиз.
Абдулла Орипов, Муҳаммад Раҳмон, Сирожиддин Саййид ва Мирзо Кенжабоевлар томонидан ёзилган бу дилбар ва бетакрор сатрлар бугун ҳам ўз қадри ва шукуҳини йўқотмаган.
Исмат Хушев Торонтодан Оттавага қадар бўлган олис манзил бўйлаб рулда туриб, машина ҳайдаш баробарида ёд ўқиган шеърларни тинглаб, Сиз ҳам «Дунё ўзбеклари» муҳаррири билан бирга беихтиёр олис болалик йилларига, талабаликнинг олтин даврига қайтсангиз, не тонг.
Нашримизни кузатиб боринг.
2.
Жами минг километрлик узоқ масофани босиб, Торонтага қайтиб келдик. «Дунё ўзбеклари» яна ўз фаолиятини давом эттира бошлади.
Икки кун давомида 43 дона хат, хабар ва мақолалар келибди. Уларни ўқирканман, мухлис ва ўқувчиларимиз бизга ишонишини, бизни соғиниб қолганларини ҳис этдим. Бу менга, табиийки, ажиб бир ишонч ва илҳом бахш этади.
Кенжа ўғлим Камронбек эса йўлма йўл олинган видеоларни бир бошдан тартибга келтириб, «Дунё ўзбеклари»да эълон қилиш учун тахлай бошлади.
Торонтодан Оттавага йўл олганда Канадада олтин куз ҳукмронлик қилаётгани яққол кўриниб турарди. Шул боис мен ҳам беихтиёр Абдулла Ориповнинг «Юзма юз» шеъридаги куз манзараларига оид ажойиб ва бетакрор сатрларни ўқигим келди.
Мен болаликдан шеър ўқишни яхши кўрардим. Канадада ҳам бу одатни тарк этганим йўқ.
Бугун муҳтарам ўқувчиларимиз эътиборига мазкур видеони ҳавола этиб, Торонто — Оттава сафарини бошлаймиз…
Нашримизни кузатиб боринг.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ