ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ – МИЛЛАТ МИНБАРИ (Исмат Хушев фаолиятига бир назар)
Кенжабий
ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ – МИЛЛАТ МИНБАРИ
Исмат Хушев фаолиятига бир назар
Ҳозирда, дунё миқёсида фикрлай олиш салоҳиятига эга аҳоли қатламини бирор асар ёхуд хабар билан ҳайратга солиш ниҳоятда қийин кечаётган бир пайтда, Исмат Хушев ташкил қилган ва раҳбарлик қилаётган “Дунё ўзбеклари” кўплаб ўқувчилар қалбидан жой олишга улгурган севимли интернет газеталаридан бирига айланди. Бу интернет нашрининг ўқувчилари орасида оқ –қорани фарқловчи, миллат дардини ўз дарди деб билувчи, эл-юрт манфаатини шахсий манфаатидан устин қўювчи фидойи инсонлар анча.
“Дунё ўзбеклари” кейинги икки йилликда маданий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Йигирма йил ичида қотиб қолган, бир ёқлама дунёқарашимизда бурилиш ясади. Онгимиз пучмоқларида кул босган чўғларни қайта яллиғлатди. Тасаввурларимиз чегарасини кенгайтирди. Шууримиз шуълалари қоронғу дунёларимизни ёритди. Тафаккуримиз давр воқеаларини замон элагидан ўтказиб, яхши – ёмонни ажрата олиш даражасига кўтарилди.
“Дунё Ўзбеклари” икки йил ичида Ўзбекистон матбуоти йигирма йилда қилолмаган ишларни бажаришга эришди. Жамиятимизда кундан кунга чигирткадек урчиб бораётган порахўрлик, коррупция, юрт бойликларини ноқонуний ўзлаштириб олиш, тилёғламалик, фоҳишалик, маддоҳизм, инсон қадр қимматини ерга уриш каби ярамас иллатлар илдизларини очиб бериш йўлидаги мақолаларни ўз сайти орқали ўқувчиларга етказиб беришдек эзгу ишларни уддалашга ҳаракат қилмоқда.
Исмат Хушевнинг яна битта ютуғи шундаги, у ўз шахсига билдирилаётган танқидий фикрларни ҳам, шаънига айтилаётган туҳматларни ҳам сайтда бериб боришга ўзида куч топаяпти.
У ўз сайтида барчага бирдай жой ажратишга, ҳатто, оппозициядаман деб юрган баъзи бир тутириқсизларнинг тутириқсиз мақолаларини ҳам ўқувчиларга етказиб беришга, уларда фикр уйғотишга ҳаракат қилмоқда. У эл- юрт учун юракдан айтилган сўзларга (шахсидан қатъий назар) ҳурмат билан қараш ҳадисини олган йигитлардан. Афсуски, бу камдан-кам журналистларга насиб қиладиган фазилат.
Исмат Хушевга нима керак бу бош оғриқлар? Канаданинг кўркам шаҳрида, тинч ва осуда кварталларининг бирида жойлашган файзли хонадонида хотиржам, ҳеч кимга ёмон кўринмасдан, бирор бир бизнес билан шуғулланиб миллионерлар қаторига қўшилиб юрса бўлмасмиди? Менимча, агар шу иқтидорини, ташкилотчилиги, куч-кувватини фақат ўз манфаати йўлида бойиш учун сарфласа эди, бу мақсадга аллақачон эришган бўларди.
Лекин у бошқача. Тамоман бошқа йигит. Ўзгаларга ўхшамаган бўлгани учун ҳам кўпчилик истамаган, истаганлар эса уддасидан чиқолмаган йўлдан бормоқда.
Исмат Хушев бу сайтни очиб, йўлга қўйгунга қадар қанча қийинчилик ва йўқотишларни бошдан кечирганлигини бир тасаввур қилиб кўринг. Уни тақдир не кўйларга солмади. Уни букиб, синдириб, янчиб, бир латта сингари улоқтириб юбормоқчи бўлишди. Исмат тугади, тамом. Энди қайта туролмайди, деб ўйладилар. Лекин у қабоҳат салтанатининг тўралари исканжасидан фикран янгиланиб, қалбан ороланиб, руҳан тобланиб чиқди.
Тўпни қанча ерга урсангиз шунча юқори сапчийди. Қанча кучли тепсангиз шунча узоққа бориб тушади. Ижодкор аҳли ҳам шундай. Қанча хўрланса, таҳқирланса иккиланишлари қатъиятлашиб, иродаси метиндай тоблана боради. Уни энди на бир тўсиқ, на бир тазйиқ ва маломатлар қайтара олади. Унинг ички туғёнлари бўрондан ҳам, тўфондан ҳам қудратлироқ кучга, ўзи эса миллат номидан сўзлашга маънан ҳақли бўлган ШАХСга айлана боради.
Йиқилганда кўр шоир истеъдодини,
Йиқилганда берар сўзнинг додини.
Унинг тиниб – тинчимай мақолалар, хотиралар, шеърлар ёзаётгани юқоридаги сатрларимни ёдимга туширди.
Мен унинг асарларини таҳлил қилишдан йироқман. Бундай қилишлик олимларимизнинг иши. Мен фақат унинг сайтида бериб борилаётган мақолаларни, хабарларни кузатишимдан ҳосил бўлган фикрларимни баён қилмоқчиман, холос.
Ёзган мақолаларида жамиятимиздага иллатлар соддароқ йўсинда баён қилинганлиги унинг журналистик иқтидорига соя солмаган, балки, аксинча, асарларининг ўқимишлилигини оширган.
Агар сайтда жамиятимиздаги кўз кўриб, қулоқ эшитса ишониб бўлмас даражага келган қабоҳатлар илдизи очиб беришга ҳаракат қилинмаганда эди, “Дунё Ўзбеклари” ўқувчилар орасида бу қадар эътибор топмасди. Ҳозирда бу сайт улуғ ёзувчимиз Одил Ёқубов бошқарган пайтдаги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидай нуфузга эга бўлиб бормоқда.
Яхши кунлар кўриш илинжида йигит-қизларимиз, айниқса, аёлларимизнинг чет элларда иш излаб изғишлари, кўча супириб, мунғайиб юришлари кўксида тариқча виждони бўлган ўзбекнинг юрагини ларзага солмасдан қўймаса керак.
Чет элларни қўя турайлик. Ўзимизнинг шаҳарларимиздаги мардикор бозорларини бир айланиб кўринг-чи. Эркакларнинг мардикорликлари олдин ҳам бўлган. Лекин бугунги даражада – жамиятнинг меҳнатга лаёқатли аҳоли қатламини қамраб олиш даражасида бўлмаган. Бу алоҳида мавзу. Аммо иш топиш умидида қалдирғочдай қатор туришган аёлларга кўзингиз тушганида юрагингизда нимадир ўзилиб кетгандек бўлади.
Кўзларидаги чексиз бир мунг, умидсизлик, бугун шомгача бола – чақам егулигига етгулик пул топа олармиканман? – деган аёвсиз бир сўров қотиб қолгандай. Миллатимизнинг қадр – қимматини, шаънини ерга урадиган “АЁЛ МАРДИКОРЛАР” биз ҳар куни қоралаб келаётган советлар империяси даврида ҳам бўлмаган эди. Ўзини, ўзлигини англаган инсон учун бу аччиқ ҳақиқатни тан олишлик ҳам мардликдир.
Унинг хотиралари ўзи бир олам. Бу хотираларни ички бир титроқ билан, ўртаниш, куйиниш билан ўқийсиз. Олий раҳбарият орасида ҳам яхши, инсофли, миллат ва мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган фидойи фарзандлар ишлаётганидан кўнглингиз тўлса, диёнатни унутган, мансаб ва пул деса дўст тугул, ота-онасини, юртини сотишга тайёр кимсаларнинг кирдикорликларини ўқиб юрагингиз орқага тортади. Кўнглингиз совийди. Ихлосингиз қайтади. Бундай мулозимларнинг юзига хаёлан, беихтиёр туфлаб юборгингизни билмай қоласиз. Юртнинг ғазнасига чўзилган қўлларини чопиб ташлагингиз келади.
У битган сатрлар мана мен деб бўй чўзиб турибди қабоҳатлар дунёси ичида. Нокасларнинг қилмишлари тарих саҳифаларига ўчмас тамға
каби босилган. Бу сатрлар сиёҳи эл-юрт дардини ўз дарди деб билган йигитнинг қаламини бағир қонига ботириб битган битикларидир.
Бу сўз – битикларни чўкич билан ўчириб бўлмайди. Ўтда ёқиб, сувга чўктириб ҳам бўлмайди.
Мамлакатни, миллий давлатчиликни уч нарса жарга етаклайди.
Биринчиси жаҳолат.
Хоҳ миллий, хоҳ синфий, хоҳ диний. Фарқи йўқ. Шаклан турлича бўлса-да, мазмунан бир хил.
Ўтган асрдаги иккита жаҳон урушининг миллий ва синфий жаҳолат келтириб чиқарган қирғинларини инсоният ҳали унутганича йўқ.
Бугунликда диний жаҳолат аждарҳо мисоли бош кўтармоқда. Бу жаҳолат тури ҳам инсоният бошига бундан-да бадтар кўргуликлар солиши мумкинлигини Ироқ ва Сурияда ҳаракат қилаётган, “Ислом давлати” деб аталмиш давлат томонидан амалга оширилаётган хунрезликлар ақл эгаларига бир сабоқ бўлмоғи керак. Бу ҳали бошланиши. Агар бу қора кучлар “Ислом давлати”ни тиклаб, ҳокимиятни қўлга киритсалар борми, эҳ-ҳе . Додингни Худо ҳам эшитмайди.
Иккичиси порахўрлик.
Қуйи бўғиндаги амалдорлар ўзидан юқори турувчи амалдорларнинг розилиги ва ҳомийлиги остида порахўрлик фаолиятларини юритишади. Уларга миллатнинг кўз ёши, тили, дини бир чақа. Ўз қоринлари тўйса бас. Бу сўқирга ҳам аён ҳақиқат.
Исмат Хушевнинг Олий ўқув юртларида содир бўлаётган порахўрликлар ҳақида бонг урган мақоласи кўнгилларни безовта қилиб келаётган муаммоларни қалқитиб юборди. У ердаги порахўрликлар миллат ўқ илдизига урилган болтадир. Олий ўқув юртларида бўлаётган очиқ – ошкора порахўрликларни кўриб ўсаётган ёшларимиз, “Устоздан ўтмаган шогирд шогирд эмас”, – деган нақлга амал қилиб улғаядиган бўлсалар, устозларидан-да етук, мукаммал порахўр мутахассислар бўлиб этишишлари ойдинлаша боради.
Учинчиси маддоҳизм.
Маддоҳизм – замонавий кўринишдаги таъмагирлик. Таъмагирликнинг маданийлашган кўриниши. Итнинг ялоғига яқинлашар бўлсангиз думини ликкиллатиб, қийшанглай бошлайди. Кўпчилик китобхонлар маддоҳларни итларнинг одам шаклидаги қиёфаси, деб кесатиқ қилишлари шундан бўлса керак.
Маддоҳизм давлат идеолгияси даражасига кўтариладиган бўлса, унинг миллий давлатчиликка етказадиган зарари энг қаттол экстримистлар амалга оширадиган қўпорувчилик кўламидан ҳам ошиб тушади. Маддоҳизм амалга оширадиган ишлар жамият тараққиётига юз йиллаб тўғаноқ бўлишини унутмайлик. Бугунги кунда маддоҳизм илдиз отиб, ўсиб, униб, улкан бир дарахтга айланди. Шохига урсангиз саройлар силкинади.
Кўплаб тўй ва маракаларда олимларимиз, ижодкорларимиз билан гурунглашиб қоламиз. Ҳасратидан чанг чиқади. Илм аҳлининг иқтисодий аҳволи ҳамин қадар эканлиги, халқ аҳволи ҳам ҳавас қилар даражада эмаслигини айтишади. Газеталар фақат ҳамду сано, олди –қочди мақолалар босаётганидан ҳасрат қилишади. Мен секин гапнинг ўзанини бошқа томонга буришга ҳаракат қиламан. Ҳозирда мақола чиқариш муаммо бўлмай қолганлиги, дунёнинг исталган интернет сайтида эълон қилишлари мумкинлигини айтаман. Чуқур уф тортишади. Кароғларида қотиб қолган ҳадик ва қўрқувнинг соясини кўргандай бўламан.
Олимларимиз юраги дов бермас экан, ўзгалардан нимани кутасан.
Алоқа технологиялари ҳаддан ташқари ривожланган ҳазирга даврда бирор бир сирни аҳолидан яшириш мушкул. Далада чопиқ қилаётган деҳқон ҳам турган жойида дунёнининг исталган нуқтаси билан алоқа қилиш имконига эга. Шу оддий реалликни назардан қочираётганлар хато кетади.
Биласизки, бировни мажбурлаб яхши кўрдириб ҳам, ёмон кўрдириб ҳам бўлмайди. Бироз фикр қилган, дунё тараққиёти қай йўлдан бораётганини озгина тасаввур қилган одам кимнинг ким эканлигини ёхуд қайси жамият қай даражада ривожланганлигини англай олади.
“Дунё ўзбеклари” кўнгилларда ажиб бир энтикиш, илиқлик уйғотади. Уч-тўрт кун сайтга кириш имкони бўлмай қолса беихтиёр соғинасиз. Ниманидир йўқотиб қўйгандай ҳис қиласиз ўзингизни. Сайт ичига кириб борганингиз сари дунёда ҳақиқат ва адолатнинг ўзга ўлчамлари ҳам бор эканлигидан тасавурингиз бойиб, дунёқарашингиз ўзгара боради. Қонунга хиёнат халққа, давлатга хиёнат эканлигини англай бошлайсиз. Ўзгалар фикрига ҳурмат билан қараш туйғуси пайдо бўла бошлайди. Буларнинг бари мамлакатнинг тўлақонли ривожланишига, миллатнинг камол топишига замин ҳозирлаши эканлигини қалбан ҳис қиласиз.
Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор, дейдилар. Ҳар ким ўзича ҳақ. Масала қандай нуқтаи назардан қарашда. Ватанпарварлик бақироқлик дегани эмас. Ўзбекистон!, Ўзбекистон!, деган билан ҳеч нарса осмондан тушмайди. Муаммолар ўз-ўзидан ҳал қилиниб қолмайди. Ватанпарварлик бу тўғри, изчил, собит ҳаракат. Унинг иқтисодига, маданиятига, маънавиятига, сиёсатига, санъатига қўшган ҳиссаси билан белгиланади. Тилга бўлган эътибор эса ватанпарварликнинг олий кўриниши.
Бугунликда ушбу умуммиллат минбаридан бирор жўяли сўз айтиш, фикр билдириш катта масъулият юклайди. Унинг жавобгарлик юки елкангдан босиб туради. Бир қаламга қарайсан, бир қоғозга. Ҳис – туйғуларингни жиловлаб олишга ҳаракат қиласан.
Ҳақиқий истеъдодлар руҳий қувватни ҳаётдан – ҳақиқат аталмиш манбадан олади. Агар шу манбадан бир қадам чекинар бўлса, айтганларида ёлғон бўй кўрсатиб туради.
Бу жиҳатдан Исмат Хушев юртимиздан минглаб чақирим масофада яшамасин, биз, ватанда кўкрак кериб юрган ватанпарвар ижодкорлардан юз баробар савобли, фойдали ишларни амалга оширмоқда. Бу қуруқ мақтов эмас. Шунчаки бор гап.
Исмат Хушев ҳақида фикрлар турлича. Биров ундоғ, дейди, биров мундоғ, дейди. Буни табиий ҳол деб қараш керак. Фикр уйғотмаган асар ўртамиёна, тез унитилиб кетганидек, турли фикрлар, қарашлар уйғотмаган шахслар ҳам тез унитилади. Исмат ўртамиёна шахс эмас. Унинг халқимизга, давлатимизга, миллатимизга қилаётган хизматлари катта ҳарфлар билан муҳрланиб қолажак. Унинг хизматлари – битикларини унитишга уринганларнинг ўзларини тарих унутажак. У ишлаяпти. Хоҳ мақола, хоҳ шеър бўлсин, ёзаяпти.
“Дунё Ўзбеклари” сайтини икки йил ичида миллат минбарига айлантира олди. Сайт фаолиятини жаҳоннинг 143мамлакатидаги ўқувчилар кузатиб боришаётганининг ўзи юқоридаги фикрларимизга бир далил. Улар миллат ва давлатимиз эртасига бефарқ бўлмаган ўқувчилардир.
Исмат Хушев ҳаёти ва ижоди бир китобга эмас, бир неча китобга арзигулик. Пайти келиб адабиётшуносларимиз томонидан ўрганилишига, ўзининг объектив баҳосини олишига ишончим комил.
Йўл қўйган хатоларидан уяладиган, афсус чекадиган, хижолат тортадиган, жирканадиган даражада битган битиклари унинг ШАХС бўлиб камол топаётганлигини кўрсатиб турибди.
Мен бугун кўнглимдан кечган кечинмаларимни шунчаки қоғозга туширдим, холос.
Мақолани унга бағишлаган қуйидаги тўртлигим билан тугатмоқни лозим топдим.
Оқарса ҳам сочларинг қордай,
Кўнглинг бўлсин доим баҳордай.
Эъзозлансин тилларда номинг,
Униб ўсган қутлуғ диёрдай.
Кенжабий,
2014 йилнинг ноябри, Тошкент ш.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
2 комментария
-
Жуда ажойиб юракни жунбушга келтирувчи, таҳлилий мақола бўлипти. Қаламингиз дард кўрмасин Кенжабий! Машақатли ижод қилиб ҳеч ҳам чарчаманг!
Энди Дунё ўзбеклари интернет сайтига тўхталадиган бўлсак, хафтасига 100 мингга яқин ўқувчилар краяпти бундай хол 1990 йиллар бошидаги мамлакатимизни мустақил ажралиб чиқиш давридаги миллий кутаринкилик даврини эслатади. Айнан бугунги кунда дунё ўзеклари сайти муҳаррири И.Хушев ватанимизга эркинлик шабадаларини зўр ғайрат шижоат билан олиб кирмоқда. Бу тарихий хизматингизни келажак авлодлар унутмайди. -
Юртимизда бўлаётган кўп воқеалардан Дунё ўзбеклари орқали хабар топаётганимизнинг ўзи ҳайратланарлик ҳол. Чинакам ватанпарвар инсон ҳар қандай шароитда ҳам ўз миллатига сидқидилдан хизмат қилаолишини дўстимиз Исмат Хушев амалда исботлади! Бу албатта ўз ўзидан бўлмайди — юрак тубига чўккан армонлар., беҳаловат тунлар, машаққатли меҳнат самараси бу. Кенжабий ушу нашрни Миллат минбари деб атабди. Дунё ўзбеклари шундай номга муносиб. Унда чоп этилган хабар, мақола, асарларнинг ўзи Исмат Хушевнинг келажак авлодларга мерос тарихий солнома ҳамдир. Ушбу маъсулиятни фақат муҳаррир эмас, сайтга мақола юбораётган муаллифлар ҳам теран англаши, сўзга ўта жиддий эътибор бермоқлари лозим. Модамики, ушбу нашр фақат Исмат Хушев эмас умуммилат мулкига айланган экан, Кенжабий таъкидлаганидек миллат минбари учун барчамиз маъсулликни ҳис этмоғимиз зарур.
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
«Дунё ўзбеклари» ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, илмий-бадиий, диний-ахлоқий жиҳатларни ўзида тугал мужассамлаштирган, интернет сайтлари орасида камдан-кам учрайдиган серҳосил, кўркам ва барҳаво бир гўзал боғдек туюлади менга. Бу умумўзбек маънавий-руҳий боғнинг миришкор боғбони – Исмат Хушев! Отасига раҳмат шу йигитнинг!
Менинг истагим шулки, бу боғ асло завол кўрмасин! Шаҳар кўрган эчкилару қишлоқ кўрган эшаклар бу боғнинг дарахтларини кемириб, гулларини ғажиб, унга ўз ахлатларини ташлаб кетмасин!
Исмат Хушевнинг «Дунё ўзбеклари» интернет-газетаси бутун Ер юзи ўзбеклари ва уларнинг келажак авлодлари учун етук бир мактаб, олий дорилфунун бўлиб қолажак, иншаоллоҳ!
Man sizni ismizga qarab arab bo’lsa kerak deb yurar edim. Lekin siz o’zbekcha gapirayapsiz. Siz arablashgan o’zbeklardan bo’lsangiz kerak.
Ismat akani o’zbek jamiyatining birinchi nomerli demokrati deyish mumkin. Chunki Ismat aka nafaqat siyosatda balki diniy masalalarda ham demokratik minbar yarata oldi.
Ismat akaning beliga kuch quvvat tilab qolamiz.
МЕН БУ МАҚОЛАНИ ХУДДИ МИКРОФАНДА ЭШИТГАНДЕК ТИНГЛАБ ,ҲАЁЖОНЛАНИБ ЎҚИДИМ ! ВУЙ ,ТЎҒРИ ВА АСОСЛИ ГАПЛАРНИ ЖУДА ТОПИБ ГАПИРИБ ҚЎЙИБДИ . ЎЗИМНИНГ НОМИМДАН КАТТА РАХМАТ !
Хурматли Кенжабий ака! Кушимча фикрга жой колдирмайдиган даражада фикр мулохазаларни баён этибсиз. Мен кушимча хеч нарса ёзмокчи эмас эдиму, аммо хозиргина Дилмурод Саййид акамизнинг оналари таъзиясига атаб ёзган шархимнинг бир булагига УЗБЕК тахаллуслик мухлис озгина эътироз билдирибдилар. Мен уша шархимда Исмат Хушев акамиз сайтини БУТУН БИР ДАВЛАТ ОАВси ва ТВсиданда ошиб кетди деган маноъда мактаган эдим. УЗБЕК мухлис ортикча мактовлар билан узимиз бузамиз деган маънода фикр билдирибдилар. Энди Исмат ака, бузилишлардан, манманликлардан ва яна бир канча камчиликлардан узоклашиб булдилар ва хак йулида, халкимиз ва миллатимиз келажаги йулига уз умрларини, билимларини колаверса жонини тиккан ВАТАНПАРВАР булиб етишдилар. Уттиз миллион халкдан уттизтасига тан бермаган буюк ВАТАПАРВАР инсон Юсуф Жума тан берди, шунинг узиёк жуда улкан бахо эмасми? Сайтида нашр килаётган долзарб маколаларнинг накадар катта тазйиклар ва илтимосларга карамай нашр килаяпди десам ишонасизми! Уша маколаларни нашр килдирмаслик учун таклиф килинаётган мукофотлардан воз кечаяпди, халкини пулга, бойликга алмаштирмаяпди. Соф нашр булиб кола билишни хам уддалаш хар кимнинг кулидан келмайди. Олтин зангламайди, карийсан, картасан, уз наслингга тортасан дейишган машойихлар! Палак тоза булгач, шундай инсон етишиб чикади. Палаги бузуклар шармандачилиги элдан чикиб, дунёга ёйилади, кураяпсиз нималар булаётганини “ЧЕТ”элларда!!!