Исмат ХУШЕВ: ДАРДКАШЛАРИМ (Иккинчи китобнинг 25-боби)
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб, 25-боб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: «Иқтисод ва ҳисобот» — «Экономика и статистика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев 1-рақамли давлат стационарида асли бухоролик Ўзбекистон Фанлар Академияси Академиги билан ижодий мулоқотда…
ИККИНЧИ КИТОБ
ДАРДКАШЛАРИМ
Ёхуд Абдулла Орипов қаламига мансуб машҳур бир шеър тарихи.
Йигирма бешинчи боб
Маконда ломаконсан, энди қайдан излагайдурман,
Фиғоним кимга айтиб, кимга сендан сўзлагайдурман.
Бировлар мотамида оҳу-фарёд айлаган эрдим,
Сенинг-чун, эй ғарибим, ич-ичимдан бўзлагайдурман…
(Абдулла Ориповнинг “Онам вафотига” номли шеъридан)
1.
…Барибир хом сут эмган бандалармиз. Оналар ҳақида насиҳат қилишга устамиз-у, лекин ўз онамизнинг қадрига ҳар доим ҳам етавермаймиз. Улар бир умр биз билан бирга бўлади деб ўйлаймиз. Кутилмаганда ўлиб қолиши мумкинлигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Демоқчиманки, улар тирик бўлган пайтларда бепарвороқ бўлар эканмиз.
Вақтида ҳузурига бориб, “Онажон!” деб қучоқлаб, бағримизга босиб, қўлига пул-мул бериб, совға-саломларга кўмиб ташлаш керак экан. Айланиб-ўргилиб яхши гапларимизни аямаслигимиз керак экан. Майли-да, кекса оналаримизнинг кўнгли арзимаган нарсадан ҳам кўтарилиб, анча вақтгача хурсанд бўлиб юриши мумкин…
Ҳа, яна бир бор такрорлайман, биз оналаримиз тириклигида «улар ҳали бери ўлмайди» деб бепарво бўларканмиз. Улар кутилмаганда бизни бу дунёнинг бор дарди ва ташвиши билан ёлғиз қолдириб кетганидан кейингина бошимиз деворга урилар экан. Лекин унда кеч бўларкан…
2.
Қурбон Эшматов деган бир ўртоғим бор, Шаҳрисабзнинг Оммағонидан. «Халқ сўзи» газетасида ишлайди.
Онаси тўқсон ёшлар атрофида. Мен унинг қишлоғига борганимда раҳматли онамга кўрсата олмаган меҳру-муҳаббатимни ана шу муштипар аёлга кўрсатишга ҳаракат қилардим. “Бошинг тошдан бўлсин, болам!” деб елкамга чопон ёпганида бошим кўкларга етиб, армон билан ўксиб-ўксиб йиғлаган эдим…
Қирғизистоннинг Андижонга туташ Ола Буқа районида туғилиб ўсган яна бир дўстим – Аҳрор Аҳмедов («Шарқ» матбаа концерни Бош муҳаррири) нинг қишлоғига борганимда ҳам ўз ота-онамга билдира олмаган илтифот-у, эҳтиромларимни унинг ота-онасига билдиришга ҳаракат қилдим.
Шу қишлоқда туғилиб ўсган Аҳмаджон Мелибоевнинг ёши улуғ акалари билан қадрдонлашиб кетдик.
Албатта, ўзингга яқин бўлган кишиларнинг ота-онаси ва ака укаларига бўлакча меҳр билан қарайсан. Лекин барибир ўз ота-онанг ва ака укаларинг қадрига ҳам ўз вақтида етишинг керак экан…
Биз барибир ғофил бандалармиз. Мен ўз бошимдан кечирган воқеаларни, ота-онам тўғрисидаги аччиқ армонларимни даврадош дўстларимга ҳикоя қилиб берган чоғларимда кўпчилик таъсирланиб юради.
Даврамизда ички ишлар соҳасида ишлайдиган Алижон Муродов исмли бир акамиз бор. Полковник, водийдан. Ажойиб инсон. Қўли очиқ, дилкаш йигит, дийдаси қаттиқ эмас. Милиция таркибида, одатда, бунақа инсонлар жуда кам бўлади. Шу йигит олдин мени унчалик хушламай юрган экан.
Бир куни Қурбон Эшматовнинг уйида ўтириб қолдик. Қурбоннинг туғилган кунимиди, аниқ эсимда йўқ, Чилонзорда яшарди у. Ўшанда оналар ҳақида гап кетди. Мен онам билан боғлиқ воқеларни – армон-у, афсусларимни ўксик дил билан дўстларимга гапириб бердим.
Шундан кейин Алижон ака мени ўзига жуда яқин олиб юрди. Учрашиб қолганда илиқ сўзлар айтиб, кўнглимни кўтаришга ҳаракат қиларди. Агар бирор юмуш билан телефон қилиб қолсам, машинасида дарҳол етиб келарди. Бизнинг муносабатларимиз бунчалик самимий тус олганидан дўстларим ҳам ҳайрон.
Менинг онам тўғрисидаги ғамгин хотираларим – пушаймонларим Алижон акага жуда қаттиқ таъсир қилибди:
— Мен Исматжонни билмас эканман, тилла йигит экан, – дебди.
Демоқчиманки, онам тўғрисидаги хотираларимни гапириб берсам, кўп одамлар менга меҳр қўяди. Лекин мен онамнинг тириклик пайтида кўнглини ололмаганм учун ҳанузгача куйиб юраман…
3.
Онам вафот этганидан кейин мен жуда оғир ва тушкин бир ҳолатга тушиб қолдим.
Шунда руҳан жуда чарчаганимни англаб етдим. Соғлигим ҳам путурдан кетди. Раҳбарлик имтиёзларига, даб-даба-ю, зиёфатларга маҳлиё бўлиб, оғир кунларга умуман тайёрланмаган эканман.
Шон-шараф ва илтифотларга бурканиб юрган кишининг бошига бирдан мусибат ва жудоликлар ёғилса, одам ўзини йўқотиб қўяр экан. Бу нарсалар мени жуда ҳам довдиратиб қўйди. Ғариб ва мискин бир аҳволга тушиб қолдим…
Ўша пайтларда бизга ҳукуматнинг биринчи давлат стационарида тиббий хизмат кўрсатиларди.
Китобдан Тошкентга қайтиб келганимдан сўнг, акам ва онамнинг маъракаларини ўтказиб бўлиб, Луначарский мавзесининг сўлим гўшасида жойлашган ана шу стационарга ётиб даволанмоқчи бўлдим.
Шу ўринда муҳтарам ўқувчиларга давлат ва ҳукумат аъзолари учун хизмат қиладиган биринчи рақамли шифохона ҳақида бир оз тушунча бериб ўтиш керак бўлади.
Рус тилидаги расмий ҳужжатларда қисқача қилиб унинг номи ва вазифалари, кимларга хизмат қилиши қуйидагича таърифланган:
«Центральная клиническая больница №1 Медико-санитарного объединения (правительственный стационар), г. Ташкент. ЦКБ №1 оказывает лечебно-профилактическую и консультативную помощь, приклепленному контингенту (депутаты, сенаторы, работники аппарата президента, руководители областей, районов, заслуженные работники производства, науки и культуры, руководители крупных предприятий и концернов и т.д, а также члены их семей).
Шароф Рашидов даврида бу касалхонада Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети раҳбарлари, обком, горком ҳамда райкомнинг биринчи секретарлари, умуман республика миқёсида барча раҳбар мулозимлар даволанарди.
Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан сўнг эса фақат биринчи рақамли раҳбарлар — биринчи рақамли стационар — (Луначарский мавзеси) да, биринчи раҳбарларнинг ўринбосарлари эса — иккинчи рақамли стационар — (Максим Горький метроси ёнидаги сўлим гўша) да даволанадиган бўлишди.
Олий даражадаги шарт шароит ва имтиёзга эга бўлган бу оромижон шафохоналарда раҳбарларнинг оила-аъзолари, ота-оналари ҳам давоналаниш ҳуқуқига эга эдилар.
У ерда ҳамма шароитлар муҳайё эди.
Мен ҳар куни хизмат машинамда бирров ишхонага келиб, ходимларга керакли топшириқларни бериб «стационар»га қайтиб кетардим. Сўнг яна муолажани давом эттирардим.
Хонада телефон, музлатгич ва телевизор бор. У худди беш юлдузли — олиймақом меҳмонхоналардаги «люкс» хоналарини эслатарди. Биласиз, у ерда Президент девонидагилар, вазирлар, ҳукумат аъзолари ётиб даволанишади…
Суратда: «Иқтисод ва Ҳисобот» — «Экономика и статистика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи), бир гуруҳ ҳукумат мулозимлари — Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги Ҳалим Усмонхўжаев, Ўзбекистон телерадиокомпания раҳбарларидан бири Убай Бурҳон (Шукур Бурҳоннинг укаси) лар билан Луначарский мавзесидаги 1-давлат стационарида даволанишда…
4.
Ажабки, биз Абдулла Орипов билан бир пайтда стационарга тушиб қолдик.
Устоз мен билан ёнма-ён хонада ётиб даволанарди. Абдулла ака ўша таъзия кунлари ёнимда ўтирган, баҳоли-қудрат кўнглимни кўтаришга ҳаракат қилганди.
Касалхонада мен унга бошимга тушган мусибатлар тўғрисида ҳикоя қилиб бердим. Акамнинг бевақт ўлими билан боғлиқ воқеалар ва асосан, икки-уч кун давомида, онам тўғрисидаги хотираларимни гапириб бердим.
У киши ҳам ўзининг онаси ҳақида гапирди. Онасига бағишлаб ёзган шеъри тўғрисида гапирди. Менга таскин беришга ҳаракат қилди: “Исматжон, ҳаёт шунақа, бешафқат, бардам бўл!” деди…
Мен унинг “Онажон” деган шеърини азалдан яхши кўрардим:
Неча кунки йўқ оромим,
Келолмайман ҳушимга.
Кечаларим онажоним,
Кириб чиқар тушимга…
Қўлларида оқ елпуғич,
Ой нурида ялтирар.
Онажоним имлаб мени,
Қошларига чақирар.
Келтирарлар гоҳо бешик,
Кўзларида ҳаяжон.
Ётар пайтинг бўлди-ку дер,
Кела қол, дер, болажон.
Қайларгадир югураман,
Фиғонимдан чиқар дуд,
“Йиғлама” деб қўлларимга,
Тутқазарлар сўнг тобут.
Тонгда руҳсиз кўз очаман,
Қовурилар танда жон.
Онажоним, бундай қилма,
Бундай қилма, онажон!
Ахир ўзинг дер эдинг-ку,
Силаб уксук бошимни:
— Энди сенга берсин умр,
Сенга берсин ёшимни.
Афсус, ўзинг эрта кетдинг,
Эрта кетдинг оламдан.
Укаларим бағрим эзар,
Ажрадик, деб, онамдан…
Бевақт хазон бўлмай ҳар ким,
Яшаб ўтсин дунёда.
Онажоним, ҳар ким ошин
Ошаб ўтсин дунёда.
Гарчи фано ҳар кимсага,
Азалий бир қисматдир.
Лекин, она, тириклик ҳам
Билсанг, ярим ҳикматдир.
Тушларимда, майли, бошим
Силаб тургин, онажон.
Қолганларга энди умр,
Тилаб тургин, онажон…
Студентлик пайтимизда давраларда шоир мухлислари ва мухлисалари томонидан энг кўп ўқиладиган шеър ҳам айнан ана шу “Онажон” номли шеър эди. Мен уни жуда ҳам яхши кўрардим. Лекин, ўша шеърни олдин ўқиганимда бошқача бўларди, энди – онам ўлганидан кейин ўқисам бошқача таъсир қилаётганини Абдулла акага айтдим.
Она ҳақида кўп гапирдик. Онасиз қолган одам ҳатто ўз ўлимига ҳам рози бўлишини ўша пайтларда мен биринчи маротаба ич-ичимдан аниқ ҳис этдим.
Ва шундай ҳолларда, беихтиёр, Муҳаммад Юсуфнинг:
Ўлим нима? Бу бир сирли сайр, она
Ўғлинг қаро ерга кетди, хайр, она…
деган мисралари оҳанграбодек мени ҳам ўзига секин-аста торта бошлаганини сездим…
5.
Ана шундай тушкин ва мискин бир кайфиятга асир бўлган кучли руҳий аҳволим ҳақида Абдулла акага узоқ гапириб, узоқ йиғладим. Менинг бу ғариб ҳолатимни айрилиқ азобини бошидан кечирганларгина яхши ҳис қилиши мумкин.
Абдулла ака буни тушуниб, ҳар куни хонамга кириб, ўзи гап бошларди, анча пайтгача суҳбатлашиб ўтирардик. У менинг ўша пайтдаги руҳий ҳолатим, ўй-хаёлларим ҳақида қайта ва қайта сўраб, мени кўп сўроққа тутди, ҳаммасини ипидан игнасигача сўраб олди.
— Бундан кейин тез-тез қабристонга бориб тургин, – деб маслаҳат берди.
Чамаси, беш-олти кун ўтгач, бир куни Абдулла ака ҳаяжон билан хонамга кириб келди. У киши ҳам баъзан уйига ёки Дўрмондаги боғ-ҳовлисига кетиб қоларди.
— Ука, бир шеър ёздим, – деди Абдулла ака ҳаяжон билан хонамга кириб. – Ўтир! – деди.
Абдулла аканинг бир одати борки, ёзган шеърини ўзи ўқиб беради. Менинг хонамда янги ёзган шеърини ўқий бошлади. Бу кейинчалик машҳур бўлиб кетган “Мулоқот” номли шеър эди. Унда ўз онасидан айрилган йигитнинг бу ҳаёт ташвишларидан безиб онаси ёнига – нарига дунёга талпингани ҳақидаги ғамгин бир ҳикоя эди:
Йигит: – Бахтсизман, толеим кулмайди,
Онажон, қошингга кетайин…
Она: – Кетганлар ҳеч қайтиб келмайди,
Чидагин, нетай, оҳ, нетайин.
Йигит: – Не учун дунёда туғилдим,
Бу қадар ғарибу бечора.
Она: – Ўзим ҳам сени деб бўғилдим,
Болажон, на илож, на чора.
Йигит: – Не учун ёвуздир одамлар,
Маҳв этар бириси бирини.
Она: – Мени ҳам еди- ку шу ғамлар,
Билмадим бу ҳолнинг сирини.
Йигит: – Инсонга ишондим – хор бўлдим,
Сен дердинг: – Бир юпанч – сабрдир.
Она: -Ўзим ҳам юпанчга зор бўлдим,
Оқибат топганим – қабрдир…
Йигит: – Бош уриб борарга йўқдир жой,
Онажон, қошингга кетайин.
Она: – Яшашдан ҳорибсан, ҳойнаҳой,
Чидагин, болажон, нетайин.
Йигит: – Чорласанг, мададкор бўлолсанг,
Висолинг руҳимни шод этар.
Она: – Сен ҳам гар йўқликка йўл олсанг,
Борлиқда ким мени ёд этар…
Абдулла ака шеърни дард билан ўқиди. Мен у кишини қучоқлаб олиб, шу қадар ўксиб йиғладимки, менинг йиғлаётганимни кўриб, Абдулла аканинг ҳам юрак бағри эзилиб кетди.
Мен ўшанда Абдулла аканинг йиғлаганини биринчи маротаба кўрдим…
Мен ҳозир Абдулла ака мен билан онам ҳақидаги узоқ суҳбатлардан сўнг бу шеърни ёзди деб айтолмайман. У киши: “Бу шеърни сенинг гапларингни эшитиб ёздим” дегани ҳам йўқ.
Эҳтимол, бундай пайтларда бунақа гапларни айтиш шарт ҳам эмасдир.
Назаримда, уч кун мобайнида юрагимни очиб, онам тўғрисида қайта-қайта гапириб берганларим маълум маънода таъсир қилган бўлса керак-ки, шу шеър дунёга келади.
Бу шеър Абдулла аканинг китобларида ҳам бор, жуда яхши ва бетакрор шеър. Мен ҳар гал уни ўқисам ўша касалхона ва ундаги Абдулла ака билан онам ҳақида ўтказган тонготар суҳбатларим ёдга тушади…
6.
Касалхонадан чиқиб, отамдан хабар олиб келай деб Китобга борганимда, онамнинг қабртошида ҳам шеър пайдо бўлибди.
Бу шеърни отам ёзган эди:
Ушбу тупроқда Она ётур,
Фарзанд доғида ёнаётур.
Фарзанд доғи шунчалар талхки,
Юрак-бағри беланиб қонаётур…
Шеър остига “Хушевдан” деб имзо қўйилган. Онамнинг қабртошига отам ёзган тўрт қатор шеър эди бу.
Эҳтимол, бу шеър ҳам, акамнинг қабридаги тўртлик ҳам:
Фарзанд доғи азал ҳукми, сабр қил
Жума оқшомлари хатми-сағир қил
Тўрт набира Неъматимдан нишона
Оллоҳнинг хоҳиши, минг бор шукр қил…
адабиётнинг, шеъриятнинг барча қонун-қоидасига у қадар жавоб бермас, лекин булар отамнинг адабиётга меҳри баландлигидан, яхши шеърлар ёза олишлигидан, умуман, қувваи-ҳофизаси кенг, ажойиб инсон бўлганлигидан нишонадир.
Ўзларининг асл касби – математика ўқитувчиси бўлса-да, у киши нафақат математикани, балки адабиётни ҳам теран тушунадиган фозил одам эди…
7.
…Китобдан қайтиб, яна Абдулла ака билан бирга касалхонада муолажани давом эттирдик. Бу пайтга келиб, республикамизнинг вақтли нашрларига қизғин обуна давом этаётган эди.
Бир куни мени телевидениядан обуна бўйича чиқиш қилиш учун чақириб қолишди. Телевизорда кечки “Ахборот”дан сўнг уч Бош муҳаррир чиқишимиз керак экан. Булар — “Шарқ Юлдузи” журнали Бош муҳаррири Ўткир Ҳошимов, “Мулоқот” журнали Бош муҳаррири Барот Бойқобилов ва мен.
Эшиттиришга боришдан олдин стационарда аввал қоралаб қўйган шеъримни Абдулла акага кўрсатиб олдим. У киши шеърнинг у ёқ – бу ёғини тузатиб:
— Майли, ўқиб бергин, мен ҳам эшиттиришни кўраман, – дедилар.
У пайтларда телевизордаги чиқишимиз ёзиб олинмай, тўғридан тўғри эфирга узатиларди.
Телевидениега айтилган вақтда етиб бордим. Иззат ҳурмат билан кутиб олишди. Биз Ўзбекистон телевидениясининг таниқли ва машҳур диктори Севара Тўлагановани ўртага олиб, атрофида уч киши жойлашиб ўтирдик.
Биринчи бўлиб Ўткир Ҳошимов гапирди. У киши анча машҳур, ҳаммани “Шарқ юлдузи” журналига обуна бўлишга даъват этдилар. Кейин Барот ака ўз муштарийларини “Мулоқот”га обуна бўлишга чақирди – у кишининг ҳам салмоқли асарлари бор, номлари хийла машҳур.
Эшиттириш охирида менга сўз берилди:
— Барот ака, – дедим у кишига қараб. – Навоий ҳазратлари тўғрисида достонлар яратган Сиздек ижодкор раҳбарлик қилаётган “Мулоқот” журналига албатта ўқувчилар обуна бўлишади. “Шарқ юлдузи” журналига ҳам одамлар Ўткир акамнинг номи учун обуна бўлишлари мумкин.
Энди мен сизларга ўхшаб машҳур шоир ёки ёзувчи эмасман, оддий бир журналист йигитман. Ҳозир дастурхон атрофида ўтирган одамларга қараб: “Иқтисод ва ҳисобот” (“Ҳаёт ва иқтисод” журнали бу пайтга келиб “Иқтисод ва ҳисобот” га айлантирилган эди) журналига обуна бўлинглар”, – деб мурожаат қилсам кўпчиликнинг энсаси қотса керак.
Чунки бировнинг уйида шакар йўқ, бировникида ун йўқ ва ҳоказо.
Дастурхони ночор бўлиб турган пайтда уларни обунага тарғиб этсам, эриш туюлади. Шунинг учун, яхшиси, мен битта шеър ўқиб бера қолай, – дедим.
— Марҳамат, ўқинг! – деди дикторлик қилаётган Севара Тўлаганова кутилмаган таклифдан қувониб.
— Барибир мен сизлардан ўтказиб янги гап айтолмайман, – деб “Бўлажак обуначиларга” номли шеъримни ўқидим:
Биз Бош муҳаррирлар турибмиз бу кун,
Бир ён “Шарқ юлдузи”, бир ён “Мулоқот”.
Ким қайси журналга хайрихоҳ, лекин
Энг аввал “Иқтисод” ҳамда “Ҳисобот”.
Ахир ўйлаб кўринг, оч бўлса қорин
Журнал варақлашга бўлўрми рағбат.
Сизга ўргатолсак иқтисод корин,
Обуна бўлсангиз – каттакон раҳмат!
Биз уччовлон дўст-душманнинг бошин силаб,
Обунага тарғиб қилдик ёниб-жўшиб.
Сизга тўкин дастурхон-у, бойлик тилаб
Салом билан Бош муҳаррир – Исмат Хушев!
— Ия, сиз ҳам шоир экансиз-ку! – деб юборди Барот ака ҳаяжон билан.
Севара ҳам шаҳло кўзларини яшнатиб, ҳайрат билан менга тикилиб турарди. Бирдан ҳамма қарсак чалиб юборди.
Ростини айтиш керак, ўша пайтларда дикторлар ҳам, иштирокчилар ҳам кўрсатув пайтида ҳозиргига қараганда хийла эркинроқ эдилар. Сценарийдан четга чиқиб баъзи эркинликлар қилишса, кўпам тўполон бўлиб кетмасди. Бунинг устига иштирок этувчилар ҳукуматга яқин одамлар бўлса, дикторлар ҳам шунга қараб муомила қилишарди.
Кўрсатув тугаши билан ҳамкасбларим билан хайрлашдим-да, хизмат машинамга ўтириб касалхонага жўнадим. Қайтиб келсам Абдулла ака бетоқат бўлиб мени кутиб ўтирган экан:
— Охирги тўрт қаторини ким қўшди? – деб сўради дарров у киши.
— Ўзим қўшдим, – дедим жилмайиб. Чунки у киши фақат саккиз қатор шеъримни таҳрир қилиб берган эдилар.
— Қофия ва ҳижоларни барбод қилган бўлсанг ҳам, лекин охирини боплабсан! – деди Абдулла ака хурсанд бўлиб…
8.
Онам вафотидан сўнг “одамнинг тафтини одам олади” деган ҳикматнинг маъносини теран тушундим.
Яхшиямки, ҳамдардларим, дўстларим ва Абдулла акага ўхшаган меҳрибон ва ғамхўр устозлар бор экан, аста – секин ўзимга кела бошладим…
Суратда: «Иқтисод ва ҳисобот» — «Экономика и статистика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи) бир гуруҳ ҳукумат мулозимлари билан Луначарский мавзесидаги 1-рақамли давлат стационарида даволанишда
Тугади
Навбат 26 бобга. Иккинчи китобнинг 26 боби — МХХ нинг биринчи раиси Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига бағишланади.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ