Исмат ХУШЕВ: Дийдорига тўймаган ёхуд видолашув насиб этмаган онам (2-24)
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб, 24-боб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Отам ва онамнинг менга ёдгорлик бўлиб қолган энг сўнгги расми
ИККИНЧИ КИТОБ
ДИЙДОРИГА ТЎЙМАГАН ЁХУД ВИДОЛАШУВ НАСИБ ЭТМАГАН ОНАМ
Азиз кишисини сўнги манзилга кузатиш фарзанд бурчи экан…
Онамни охирги йўлга кузатолмаган армонларим…
Отамнинг онам қабри устидаги кутилмаган ҳасрати…
Кўз ўнгимда бир умр тирик қолган онам…
Йигирма тўртинчи боб
1.
Акамнинг фожеали ўлимидан уч ой ўтиб унинг ғамида куйиб адо бўлган онам онам вафот этди.
Куз ойлари эди. Мен Ўзбекистон ҳукумати делегацияси таркибида Туркияда расмий сафарда юргандим.
Онам Неъмат акамни жудаям яхши кўрарди. Акам Саратов ҳарбий медицина Академиясига ўқишга кетганида ҳам: “Дод, энди ўғлимни йигирма беш йил кўрмайманми?!” – деб тўполон қилиб, акамни ўз бағрига қайтариб олган эди.
Бу ҳақда муқаддам тўхталдик.
Умуман, уйда тўполон ёки жанжал бўлиб қолса, онам балога қоларди. Биз учун – акаларим ва опаларим учун фақат онам гап эшитарди.
Катта опамнинг исми Зебунисо. Лекин отам агар опамни “Зебо!” деб чақирса, тамом, демак кайфияти ёмон бўларди.
Бундай пайтларда шўрлик опам ҳам йиғламсираб: “Она, нега отам мени “Зебо!” деб чақирдилар? Нега кайфиятлари ёмон?” – деб типирчилаб қоларди.
Зебо опамнинг ҳикоя қилишича, у ўнинчи синфда ўқиб юрган кезлари тикувчиликни ўрганиб, онамга яхши материалдан янги бир кўйлак тикиб берган экан. Онам бечоранинг ўша пайтдаги қувончини кўрсангиз эди…
Кўп ўтмай опам СамПИ (Тошкент педиатрия институти) га ўқишга кирганидан сўнг, шўрлик онам ўша қачонлардир опам ўзига тикиб берган кўйлакни (киймай асраб қўйган экан) қайтадан сўтиб, опамга мослаб тикиб, ўзига совға қилиб берибди…
2.
Отам оила тарбиясида қаттиққўл эди, оила доирасида Сталинча сиёсат юргизарди: ортиқча пул-мул бериб, башанг кийинтириб бизни эркалатмасди.
Мактабдан “уч” ёки “тўрт” баҳо олиб келишни хаёлимизга ҳам келтиролмасдик. Ҳатто “тўрт” баҳо олиб келган кунимизда ҳам отамдан дашном эшитардик:
— Нега “тўрт” оласан? Менинг болаларим фақат “беш”га ўқиши керак! – дерди отам.
Оилада тартиб-интизом жуда қаттиқ эди.
Шу ўринда отамнинг феъл-атвори, тарбияга муносабати тўғрисидаги айрим фикр-мулоҳазаларимни айтиб ўтмоқчиман.
Ҳозир менинг ҳам тўртта болам бор. Кенжа ўғлим ҳали ёш, лекин катта ўғлим Ислом оқ-қорани таниб қолган.
Мен кўпинча уни бағримга босиб:
— Мен сени яхши кўраман, ўғлим! – дейман.
— Мен ҳам, – дейди у талтайиб.
Шу ўғлимни тез-тез эркалатиб тураман. Чунки, мен ҳаётда кўп қамалдим.
Қамалган одам, озодликда ва очиқда юриш нима эканини, бу нечоғлик катта бахт ва саодат эканини бошқаларга қараганда яхшироқ билади.
Негаки, қамоқда ҳар куни бирорта одам ўлиб туради, биров майиб-мажруҳ бўлади. Озодликка чиқиб кетишингизга ишонмайсиз.
Гарчи, қамоққа айбсиз кирган бўлсангиз ҳам қутулиб кетишингиз даргумон. Айбсиз бўла туриб қамоққа тушдингизми, демак чиқиб кетишингиз ҳам гумон…
Бизда, Ўзбекистонда шунақа…
Кутилмаганда яна қамалиб, йўқ бўлиб қолишим мумкин деб ўйлайманми, билмадим, болаларимга жуда меҳрибонман.
Уларни қаттиқ уриша олмайман, сўколмайман. Отамга ўхшаб болаларимга нисбатан қаттиққўл бўлолмайман.
Кўнглим жуда ҳам нозик. Ҳинд кинофильмларидаги сентиментал воқеаларни кўрсам, арзимаган нарсага ҳам дарров йиғлаб юборишим мумкин.
Келинингиз эса мендан-да баттар: у ҳам болаларни жуда эркалатади…
Демоқчиманки, бизнинг болалар жуда эрка ўсяпти, уларга қаттиққўл ота бўлиш керак экан. Шунинг учунми, билмадим, болаларимнинг ўқишлари ҳам “аъло” эмас.
Боз устига, болаларимнинг ўқишини назорат қилиб, уларни йўлга солиб юборадиган пайтда (эгиб олиш осон бўлган нав-ниҳол даврида) мен умримни қамоқда ўтказдим, оилам эса фақат менга “передача” ташиш билан овора бўлган.
Мен қамалгандан сўнг раҳбарлар болаларимни у мактабдан бошқа мактабга кўчириб юборишганини ҳам кейин айтаман. “Буларнинг отаси қамалиб кетди” деб, болаларимни имтиёзли мактаблардан ҳайдаб юборишган.
Шундай бир шароитда уларнинг ўқишига етарли эътибор беролмадик. Энди-энди улар сал ўзига келяпти…
3.
Демак, отам бизга нисбатан қаттиққўллик қилиб тўғри тарбия берган экан.
Онам эса фарзандларини, айниқса, суюкли катта ўғлини бағридан узоқлаштириб юборишни асло истамасди.
Қизиқ, онамни ўйлаяпман-у, лекин акам тўғрисидаги хотиралар ёдга тушяпти. Бу ҳам табиий бўлса керак. Чунки Неъмат акам онамнинг суюкли фарзанди эди.
Мен ҳозир онамга ёқадиган, онам ёқтирадиган нарсаларни эслаяпман ва негадир, балки онамнинг руҳини шод этиш учунми, яна тағин худо раҳмат қилгур акам ҳақидаги азиз хотираларни қоғозга туширяпман…
4.
Мен учинчи маротаба катта бир делегация сафида яна Туркияга бордим.
Билмадим, тепадан кимдир бу бола жуда сиқилиб қолди, сафарга бориб юрагини ёзиб келсин дедими, ишқилиб, Жаҳонгир Маматовнинг ўша машҳур жавоби эълон қилинганидан сўнг мени яна расмий сафар билан чет элга юборишади.
Миракбар Раҳмонқулов, Алишер Шайхов ва яна бир қанча мулозимлар билан ҳукумат делегацияси сафида Туркияга бордик.
Ўзбекистон билан Туркиянинг ўзъаро алоқа ва муносабатлари у пайтларда жуда яхши эди.
Ўша сафар чоғи рўй берган воқеа сира эсимдан чиқмайди.
Одатда, хориж сафарларидан қайтиб қишлоққа борсам онам:
— Ўғлим, менга нима олиб келдинг? – деб сўрарди.
— Она, Сизда ҳамма нарса бор-ку! Агар бирор нарса керак бўлса, айтган нарсангизни шу тобда муҳайё қиламан! – дердим.
Йўқ, чет элдан арзон-гаров бирор нарса олиб келсанг, қўни -қўшниларимга “манавини ўғлим хориждан олиб келибди!” деб мақтаниб юрардим, – дерди онам.
Энди билсам, онамга совғанинг аҳамияти эмас, кўпроқ ўғлининг эътибори керак экан.
Онамнинг ўша гапидан сўнг ақлим кириб, Туркияга учинчи марта борганимда бозорга кирдим. Онамга атаб битта рўмол олишни кўнглимга тугиб қўйган эдим.
Катта бозорда онам тенги бир турк аёлини тўхтатиб: “мана бу рўмолни Сиз тенги онамга олмоқчиман, бўладими?” деб сўрадим. “Йўқ, бу рўмол ёш қизларга ярашади. Сиз онангизга мана бу рўмолдан олинг!”, деб маслаҳат беради хоним афандим.
Мен ўша рўмолдан бир жуфтини харид қилдим.
Биз кирган бозор жуда катта эди. Кечаси ёпилар экан. Агар дарвозалар ёпилган пайтда ичкарида бўлсангиз, эрталабгача бозорда қолиб кетасиз…
Истанбулдаги Жаҳон бозори ўзимизнинг “Ипподром”дан ҳам каттароқ.
Хуллас, рўмолларни қувонч билан жамодонимга жойлаштириб қўйдим. Бу -мен ноқобил фарзанднинг ўз онасига атаб олган биринчи тўҳфаси эди…
5.
Тошкентга қайтиб келганимиздан сўнг аэропортда мени нима учундир бир нечта расмий кишилар, раҳбарлар кутиб олишди.
Илгари чел элга борсам, шофёрим ва ходимларимдан бошқа ҳеч ким мени кутиб олмасди. Ўзим ҳамма қатори бориб, ҳамма қатори қайтиб келаверардим.
Бу сафар бошқача бўлди.
Мен ўша бозордан сотиб олган яп-янги спорт кийимида ҳаяжон билан самолётдан тушиб келдим. Сўрашганимиздан сўнг:
— Онангизнинг аҳволи оғир, – дейишди.
— Ишқилиб, бирор кор-ҳол рўй бергани йўқми? – деб сўрадим.
— Тириклар, фақат аҳволлари оғирлашиб қолган, – дейишди ерга қараб.
— Ҳозир олдиларига жўнайман! – дедим шошиб.
Эсимда, мен билан Туркияга бюирга сафарда бўлган Алишер Шайховни ёш ва гўзал оиласи кутиб олди. У хотинига атаб ўша бозордан чарм плаш харид қилганди.
Миракбар Раҳмонқуловни ҳам кимдир кутиб олди.
Мен улар билан хайрлашишни ҳам унутиб, ўзимни ташқарига урдим.
Аэропортдан Герман Лопатин кўчасидаги уйимизгача бор йўғи ўн минутлик йўл.
Уйимизнинг олдида ҳам машиналар қатор турарди. Негадир юрагим ниманидир сезгандек сиқила бошлади.
Наргиснинг бувиси Тошкентлик эканини илгари айтган эдим. У киши ҳам шу ерда экан. Устозим Маҳмуд Сатторов, ходимларим, шофёрим ва бошқалар ҳам шу ерда, лекин негадир болаларим кўринмасди.
Кўрпачалар солинган. Ҳеч ким менга тик қаролмасди.
Кўришганимиздан кейин Наргиснинг бувиси мени ёнига ўтқазиб:
— Болам, энди яширишнинг фойдаси йўқ. Онангиз дунёдан ўтдилар… Оллоҳнинг хоҳиш-иродаси шунақа экан, начора… – дедилар йиғлаб.
Бошимга биров гурзи билан туширгандек бўлди, кўз олдим қоронғулашиб, ўзимни бир лаҳза йўқотиб қўйдим.
Онам вафот этганига беш кун бўлган экан. Истамбулдаги бозордан рўмол харид қилган куним онам аллақачон оламдан ўтган экан.
Тақдирнинг ўйинини қаранг! Мен у ёқда онамнинг кўнглини оламан деб ўзимча ҳаракат қилиб юрибман, бу ёқда бечора онам жон талашиб ётган экан…
6.
“Беоқибат, нодон йигит! Ахир умринг давомида неча маротабалаб чет элларда сафарда бўлдинг. Илгарироқ онангга бирор марта совға-салом олиб келиб, кўнглини шод этиб қўйсанг, ўлармидинг?! Онанг ўзи илтимос қилганидан кейингина рўмол олишга ақли етган нобакор бола!”
Бир-бирига қарама-қарши бўлган ўй-хаёллар билан ўша заҳотиёқ Китобга жўнадик.
Наргиз болалар билан онам вафот этган куни Китобга жўнаб кетган экан.
Тошкентдан Китобгача бўлган 364 километр масофани 5-6 соатда босиб ўтдик. Бу давр мен учун гўё бир асрдек туюлди. Бугун Канаданинг теп текис ва равон йўлларида бу йўлни атиги икки соатда босиб ўтиш мумкин.
Етиб келсак, дарвозамиз олдида уч-тўрт киши туришган экан. Одам ўзи туғилган хонадонга яқинлашса болалиги ёдига тушади.
Илгари ҳам айтгандим, шекилли, биз қачон уйга келсак, онам гулзордан чиқиб келарди. Этаклари тўла ўт – гулзорни ёки бошқа экин-тикинларни ўтоқ қилиб юрган бўларди.
Шунда онам ҳар биримизни чўлпиллатиб ўпарди. Невараларини, келинини бағрига босиб эркаларди. Мени ўпган пайтларида:
— Ҳар келганимда ўпаверасизми? – дердим ҳазил аралаш.
Қани энди ўша эркалашлар, онам энди йўқ-ку! Ўзим йўл бўйи йиғлаб келган эдим, дарвозага етиб яна ўпкам тўлиб кетди, ўкраб юбордим.
Дарвоза остонасидан ичкарига ўтганимдан сўнг у ёғига юролмай қолдим.
Ҳовли ҳам, гулзор ҳам бўм-бўш, тун қоронғулигида сирли ва ваҳимали бир сукунат ҳукмрон эди.
Ҳовли этагида, бир пайтлар онагинам чиқиб келиб бизни қаршилайдиган гулзор бўйида – шундоққина ерга чўккала тушиб, ўксиб-ўксиб узоқ йиғладим…
“Оҳ, онажоним! Бизларга шунча меҳр бериб, лекин мен худбиндан меҳр кўрмай ўлиб кетган шўрлик онажоним! Майли, ўғлим, машҳурликка маҳлиё бўлиб юравер, бир кун мендан ҳеч кутилмаганда ажралиб қолсанг, кейин ақлинг кириб қолар” — деган мунис ва донишманд онажонгинам…”
Ҳеч ўпкамни босолмадим. Дунёни унутиб йиғладим.
Кейинги пайтларда юрагимда тўпланиб қолган барча дарду изтироблар онам вафоти боис юрагимдан ҳасрат бўлиб, даҳшат бўлиб, ўксик ўксик кўз ёш бўлиб отилиб чиқа бошлади…
Бир пайт опаларим ёнимга келиб: “Кир, ичкарига кир, Исматжон!” – дейишди йиғлаб мени қучоғлаб.
— Индаманглар, тўйиб йиғлаб олсин! – деди отам.
Йиғлаб-йиғлаб бир оз ҳовурим босилгач, ичкарига кирдим. Отамни кўрдим-у, бир-биримизни қучоқлашиб яна йиғладик.
Бундай пайтларда салом-алик бўлмайди…
Шу оқшом онамни эслаб ётдик.
Таомил бўйича марҳумнинг “қирқи”ми, “чилласи”ми чиққунча ҳар куни бомдодгача қабр тепасига бориб, йўқлаб келиш керак экан.
У ерда Қуръон тиловат қилинади, дуои-фотиҳа ўқилади…
7.
Эртаси куни эрталаб тонг ғира-ширасида отам билан бирга қабристонга бордик. Фақат икковимиз бордик.
Отам узоқ тиловат қилди. У Қуръонни қироат қилишни яхши биларди.
Коммунист бўлса ҳам, кейинчалик Қуръонни араб тилида, рус тилида ўқиб, таржимадаги камчиликларини ҳам топиб, таҳлил қилган экан.
Уйда отам таҳлил ва ўзича таҳрир қилган Қуръон нусхалари бор. Отам Қуръони -каримни мукаммал ўрганган эди.
Қабристонда онамдан сўнг акамнинг қабри тепасига бориб Қуръон тиловат қилдик, фотиҳа ўқидик.
Акам қабри тепасида узоқ сукут тутган отам, онамнинг қабрини қучоқлаб, елкалари титраб-титраб, ўксиб йиғлади.
Отам шу йўсинда онамдан кечирим сўради, шекилли деб ўйладим.
Мен ҳаётда отамнинг ошкор йиғлаганини кўрмаган эдим. Ўша куни биринчи маротаба кўрдим…
8.
Қарбистонда узоқ қолиб кетдик.
Кейин отам менга бир гап айтди. Ўша гапни бошқа жойда ҳам айтса бўларди, қабристонда айтиш шарт эмас эди.
Қабристондаги мозорлар узун тутзорга уланиб кетган. Биз тутзор бўйлаб қабристондан чиқиб, машинамиз қолдирилган йўлка томон юра бошладик.
Шунда машинага ўтирмасимиздан бурун отам ўша гапни айтди:
— Биз онанг билан яхши яшай олмадик, ўғлим. Коммунист бўлганим учун ундан ажралиб кетолмадим. Онанг тоза ва покиза, ҳалол аёл эди. Лекин биз бир-биримизни тушунмай яшадик. Икки дунё эдик иккимиз. Сизлар туфайли ажралиб кетолмадик, – деди отам…
Мен бу гапларни эшитиб адойи-тамом бўлдим…
9.
Қизиқ, ўша куни эрталаб онам отамга акам вафотидан уч ой ўтиб биринчи маротаба гап қўшган экан:
— Мен таъзияга бориб, кўнглимни бир бўшатиб келай, Неъмат, – деган экан.
Биз томонларда ота-оналар бир-бирларини катта фарзандларининг номи билан чақириш одат тусига кирган.
Агар эсингизда бўлса, акам касалхонада оғир аҳволда ётганида Бош врач отамдан акамнинг палатаси олдида навбатчилик қилишни сўраган эди.
Ўша маҳал, аксига олиб, онам ўғлини кўргани келиб қолади. Акамни кўриш учун ичкарига кирмоқчи бўлган одамлар: “Оиласини қўйиб, бизларни қўймади” деб ўйламаслиги учунми, билмадим, отам онамни ҳам ҳамма қатори ичкарига киритмайди…
Шундан кейин бир кун ўтиб акам вафот этганидан сўнг онам отамга:
“Нега мени ичкарига киритмадинг, чол! Ўғлимнинг дийдорини кўриб қолардим-ку!” деб уч ойча гап қўшмай юрган экан…
10.
Кейинчалик опамнинг айтиб беришича, онам таъзияга бориб кўп йиғлайди. Йиғлаб-йиғлаб инфаркт бўлиб йиқилиб қолади. “Тез ёрдам”ни чақиришади.
— Мени Неъматимнинг уйига олиб боринглар… – дейди секингина пичирлаб онам.
Врачлар онамни Неъмат акамнинг уйига олиб боришади. Касалхонада ишлайдиган Зебо опам ҳам дод солиб етиб боради.
Онам шу опамнинг ҳамда Неъмат акамнинг хотини – Муҳаббат янгамнинг қўлларида беозоргина жон беради.
У Неъмат акамнинг уйини кўриб: “Болам, жон болам, қаердасан?” деб шивирлайди бемажолгина.
Онамнинг охирги айтган гаплари шу бўлади…
11.
Ўткир Хошимовга минг раҳмат. Мен унинг “Дунёнинг ишлари” номли китобини ўқиганимдан сўнг онам билан отамнинг суратларини олдириб қўйган эдим (Юқоридаги сурат).
Бу суратлар ҳозир ҳам уйимизнинг тўрида осиғлиқ турибди…
Шундай қилиб онамдан ҳам ажралиб қолдик.
Мен бу маҳзун ва дилхун, шахсий хотираларимни нима учун ёзишга – элга ошкор этишга қарор қилдим?
Шунинг учунки, ушбу сатрларни ўқиганлар мен қилган хатоларга йўл қўймасинлар, ўз онаизорлари ва падари бузрукворлари бу кўҳна дунёни тарк этганларидан сўнг мендек пушаймон ва армонда куйиб ёнмасинлар деб ёздим.
Мен бу дардли ва аламли дилномани бошқаларга – ҳали ота онаси тирик бўлган бахтли ва саодатли дўстларимга аччиқ сабоқ бўлсин деб ёздим.
Шуни яхши билингки, улар ҳали тирик экан, улар ҳали бор экан, Сиз ҳақиқий маънодаги бахтли-саодатли ва армонсиз одам экансиз.
Улар Сизнинг икки қанотингиз, она заминда маҳкам тутиб турган темир устунларингиз экан…
Улар ўтганидан кейин бахт-саодат ва армонсизлик Сиздан абадаул абад юз ўгириб кетар экан.
Лекин, минг афсуски, айнан шундайлигини – ҳақиқий маънодаги бахт саодат инсонга ота она боис ёр эканини, ўшанда у тўкис ва мукаммал, ҳар томонлама бахтли-саодатли, бахтиёр эканини улар тириклигида одамзод билмас экан.
Улар Сизни серғалва ва номард бу дунёнинг битмас-туганмас ташвишлари билан яккама-якка ташлаб кетганларидан сўнггина кўзингиз ярқ этиб очиларкан-у, лекин унда кеч бўларкан.
На хотин, на фарзанд, на дўст, на кайфу сафо, на мол дунё, на амал ва на шаҳаншоҳлик – ҳеч ким ва ҳеч нарса уларнинг ўрнини босолмаскан!
Фақат ота онагина фарзандига компромислик қилмай, юрагида бор гап сўзни очиқ ойдин айтиши мумкин экан. Бошқа ҳеч ким бу дунёда Сизга рост ва ҳақ сўзни беминнат ва ўйин қилмай айтмас экан.
Қиз бола онасига, ҳатто ўғил бола ҳам онаси, ҳам отасига очган юрагини бошқа ҳеч кимга очолмайди. Сабаби, ҳеч ким бу дунёда Сизни отангиз ва онангиздай эътибор ва меҳр билан тинглайолмайди.
Мен ҳам бу аччиқ ҳақиқатни, минг афсуски, ота онам вафот этганидан кейингина англаб етдим…
Ўша куни отам қабристонда менга яна кўп гап айтди: Ўғлим, мен амалим ва ё партбилетимни ўйлаб эмас, балки Сизларни ўйлаб, одамлар орасида юзларинг шувит бўлмасин деб онангдан ажралиб кетолмадим. Бизнинг юлдузимиз юлдузимизга тўғри келмади. Бу хатога балки мен кўпроқ ўзим айбдор бўлганим учун ҳам тишимни тишимга қўйиб, чидадим, рўзғоримни бузмай яшадим…
12.
Онаизоримнинг вафотига бағишланган бу бобнинг ёзилганига ҳам анча йиллар бўлган эди.
Бу орада Исмат Хушев ҳам ўз юртига сиғмай қолиб, ўзга юртни ихтиёр этди.
Яқинда муҳожирликдан ўз юртига бориб қайтган бир танишимизнинг отаси вафот этганини эшитиб қолдик. Уни яқиндан билган дўстимизга сим қоқиб, кўнгил сўраган бўлдик. Сўнг гап орасида:
— Отасининг вафоти унга кутилмаган зарба бўлди. Кечагина соғ саломат хайрлашиб қайтган одамининг тўсатдан ўлимини эшитиш одамзот учун қанчалар оғир…- деб дўстимизга ўзимизча тасалли бермоқчи бўлдик.
— У отасини қайтиб кўролмаслигини билган, – деди дўстимиз. – Ўзи анчадан бўён касал экан. Хайрлашаётиб, отаси: “Қаерда бўлсанг ҳам омон бўл, ўғлим, опа сингилларингни, укаларингни сенга, акангга, Сизларни эса Худога топширдим” деб тинмай йиғлабди…
Бошқа бир дўстимизнинг онаси вафот этганида у бошларини деворларга уриб йиғлаганида биз ҳам ёш боладек изиллаб йиғлашга тушгандик.
Ҳа, бу ҳаётнинг шунақа айрилиқ ва видолашув онлари бор. Биз унга доим тайёр бўлиб юрмоғимиз даркор.
Лекин энг муҳими, яқинларимизнинг тириклигида қадрига етишимиз экан.
Афсуски, кўпларимиз буни уларнинг ногаҳоний ва кутилмаган вафотидан кейингина англаб етарканмиз.
Бир кам дунё деб шунга айтсалар керак-да…
1992 йил бошимга шунча кулфат тушди.
Олдин — қирқ икки ёшли навқирон акамнинг, ундан кейин атиги уч ой вақт ўтиб — онаизоримнинг кутилмаган ўлими мени тамомила эсанкиратиб қўйди.
Умидсизликка тушиб, бутунлай бошқа одам бўлиб қолдим…
13.
Ота онани сўнгги йўлга кузатиш — ҳар бир фарзанд учун бурч экан. Мен онамни сўнги йўлга кузатолмаганим умр бўйи таъқиб қилиб юришини ҳеч ўйламагандим. Бу жуда оғир ва аламли бўларкан.
Онанг ўлганини ўз кўзинг билан кўрмасанг, ўлганига ишонгинг ҳам келмаскан, хаёлингда доим тирик бўлавераркан.
Оналар урушга кетиб, қайтмаган фарзандларининг ўлганини эшитса ҳам, тобутини кўрмагани учун уларни доим кутганлари сабабини энди тушунгадек бўлдим.
Мен ҳам онам тобутини кўтармаганим учун ичимда доим бир нидо портлаб туради: Онам тирик, онам тирик, онам ўлмаган»…
Онамни сўнгги йўлга кузатиб, унинг тобутини ўз қўлларим билан тутмаганим учун ҳам бутун умр бир нидо мени ич ичимдан қийнаб келади: Онам тирик, онам тирик, онам ўлмаган…
Тамом
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Онажонингизни бошка расмлари хам борми…
«Дунё ўзбеклари»дан: Минг афсуски, йўқ…
Исмат ака ! Ота онангизнинг шундай яхши боласисизки, …, ўзингиз унча билмайсизда . Мен инсоннинг ичи қирилиб ,ота онаси ўлгандан сўнг ,чекадиган, армону аламлари қанчалик эканини жўда яхши ҳис этаман .Чунки, менинг ҳам, отам ўлганда ,ўлмасдан олдин ҳам ,отамга айтолмаган гапларимни ичимда ,ўзоқда юрардимда , рухан гапириб гапириб олардим ,ўлганда эса ,отамга нисбатан армонларим кўплигидан бўтинлай , қаттиятли бўлиб қолган эдим .Беш ойлаб касал бўлганда боролмаганман олдига . Ўлаётганда эса фақат мен тепасида эдим . Азроил деган азим кишиниям оний сонияли сирли келишиниям кўзата олганман . Қариндошларимиз мени отам қаттиқ яхши кўришини айтишганди .Ўн бир йил бўлсада ҳалиям тўшимга чиройли бўлиб отам киради . Опамлар эса тушларига ҳеч отам кирмаганидан нолиб юришади .Уйимиздаги ҳар қандай хабарларни тушимдан билиб юраман . У дунёдагилар бизни доим кўриб турадилар .Мен бунга қилчаям шубҳа қилмай ишонаман .