Исмат Хушев: Нуриддин Акромович Муҳиддинов! (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
“Дунё ўзбеклари”дан: “Ўзбек халқининг асл фарзандлари” номли туркумнинг дастлабки мақоласи Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Нуриддин Акромович Муҳиддиновга бағишланади.
Исмат Хушев
1.
Болалагимда бу киши ҳақида отамдан кўп эшитган эдим.
Ўзбеклардан биринчи КПСС Марказий Комитетининг секретари бўлган одам экан.
Нуриддин Акромович Муҳиддинов 1917 йилнинг 19 ноябрида Тошкент музофотида дунёга келган.
Улуғ Втан уруши қатнашчиси. Сталинград жанглари иштирокчиси.
1946 йилдан эътиборан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети масъул ходими.
1948 – 1950 йилларда Наманган, 1950 – 1951 йилларда Тошкент обкомининг биринчи секретари.
1951 – 1955 йилларда Ўзбекистон ташқи Ишлар вазири, Министрлар Советининг раиси ва раис ўринбосари лавозимларида ишлаган.
1955 йилдан эътиборан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари.
1957 – 1961 йилларда КПСС Марказий Комитетининг секретари бўлган. Айни пайтда у КПСС Марказий Комитети Президиуми аъзоси ҳисобланган.
Сталиннинг қабрини Мавзолейдан кўчириш масаласи бўйича КПСС Марказий Комитетининг биринчи секретари фикрига қарши чиққани учун Н.С.Хрущевнинг ғазабига учраб, чет элларга элчи бўлиб кетади…
Нуриддин Акромовичнинг қисқача таржимаи ҳоли шундан иборат…
2.
1988 – 1989 йилларда мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг махсус мухбири сифатида бош муҳаррир ўринбосари Иброҳим Ғофуров топшириғи асосида Нуриддин Акромович билан суҳбатлашиб, у кишидан интервью олиш бахтига муяссар бўлган эдим.
Ўшанда Нуриддин Акромович Ўзбекистон тарихий обидаларини сақлаш ва эъзозлаш Қўмитаси раиси бўлиб, у кишининг идоралари Қизил Майдонда – “Анҳор” бўйидаги “Баҳор” концерт залининг биносида жойлашган эди.
У киши мени самимий бир кайфият ва очиқ кўнгиллик билан қарши олган эдилар.
Отамдан у киши ҳақида жуда кўп яхши гаплар эшитган эдим. Рост экан.
Ҳозирга қадар у кишининг ажиб бир самимият ва улуғворлик балқиб турган нуроний чеҳраси, суҳбатдошига меҳр билан боқувчи мунис нигоҳлари кўз олдимдан сира кетмайди.
У киши суҳбатдошини одоб билан, сўзларини бўлмай тинглаш қобилиятига эга одам эдилар.
Энг юқори давлат ва ҳукумат лавозимларида ишлаганида ҳам шу фазилат у кишига ёр бўлганини сездим.
Орадан бир ҳафта ўтар ўтмас адабиёт газетасида менинг Нуриддин Акромович Муҳиддинов билан салкам бир саҳифалик суҳбатим босилиб чиққанида дунёда мендан бахтиёр одам бўлмаган эди.
Мени кўпам эркалатавермайдиган, ҳамиша “оғир бўл, ўғлим!” деб койиб юрадиган қаттиққўл отам ҳам Китобдан телефон қилиб мени табриклаганидаги қувончимни бир кўрсангиз эди…
3.
Кейин ҳам биз Нуриддин Акромович билан тез тез кўришиб турдик.
Отам бир гал Тошкентга келганларида ўзлари етиштарган бир пақир асал билан бориб Нуриддин Акромович билан танишган эдилар.
Ўшанда отам мендан эҳтимол ҳаётларида биринчи маротаба мамнун бўлган бўлсалар, не тонг!
Ўзимга айтмагандилар, лекин бошқаларга, хусусан Китоблик тенгқурларига чойхонада гурунг қилиб ўтириб мен туфайли Нуриддин Муҳиддиновдай улуғ бир инсон билан танишганларини фахр билан ҳикоя қилиб берган эканлар…
Бугун энди отам ҳам, Нуриддин Акромович ҳам бу ёруғ дунёда йўқ. Улардан мен Сизга айтаётган ва ҳозир ёзаётган маҳзун хотиралар қолди, холос…
4.
Нуриддин Акромович ҳақида гапирганда танганинг икки томонига ҳам назар ташлаш керак бўлади.
Муҳиддинов Рашидовдан кўп яхшилик кўрган бўлишига қарамай, ҳамиша уни танқид қилиб, унга қарши бўлган гуруҳларга бош бўлиб келган.
Рашидовнинг ўлимидан сўнг Кўнаев бир гал Тошкентга келганида, Муҳиддинов Рашидовни порахўрлик ва бошқа бир талай жиноятларда айблаган.
Шунда Кўнаев: “Уялмайсанми шундай дегани. Ахир мен шахсан унинг гапига кириб сени Брежневнинг қаҳридан ҳимоя қилиб қолдим-ку” деб дакки берганини эшитганлар бор.
Хуллас, Рашидовга қилган гап сўзларини Кунаев унинг юзига солиб, анча уялтирган. Нега Рашидовга тўҳмат қилаяпсан деган…
Яна бир гап.
Ўзбекистон тарихида ўтган биринчи раҳбарлар кўп бўлган. Лекин уларнинг орасида фақат уч киши бу улуғ ном ва мансабга ҳар томонлама муносиб бўлишган.
Булар: Усмон Юсупов, Шароф Рашидов ва Ислом Каримовлар.
Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовлар тўҳматга учраб, ҳибс этилган.
Уларга республика раҳбарлигида халқ бахт саодати борасида ўз орзу умидларини амалга оширишга имкон берилмаган.
Қолган барча раҳбарларнинг томири бир қаричга ҳам бормаган. Масалан, Муҳиддинов қурган бирорта обьект йўқ.
Усмон Юсупов номи билан, масалан, Тошкент меҳмонхонаси ва Навоий театри чамбарчас боғлиқ. У ўзлаштирган чўлу саҳроларнинг сон саноғи йўқ.
Рашидов қурган объект ва шаҳарлар, янгиланган Тошкент унинг номини ҳамиша ажиб бир ҳурмат ва эҳтиромга чўлғаб келади.
Ислом Каримов асос солган мустақиллик ва янгиланган ўзбек давлатининг шон шуҳратини бугун бутун дунё тан олди…
5.
Нуриддин Акромович бундан икки йиллар муқаддам вафот этган эканлар.
Лекин бу мўътабар зотнинг вафоти ҳақида расмий Тошкент нашрларида икки сатр бўлса ҳам таъзия берилмади…
Нуриддин Акромовичдай улуғ инсонлар ҳар доим ҳам туғилавермайди.
Қилган хато ва камчиликларидан қатьий назар, улар ўзбек халқининг асл фарзандларидир.
Улар вафот этганида ҳурматини жойига қўйишимиз бизнинг фарзандлик ва оддий инсонийлик бурчимиз эди.
Гўёки бу бемаъни ишнинг бошида турганлар учун ўлим бегонадай. Улар ўзларини бу бевафо дунёда мангу яшайман деб ўйласалар керак…
Шунинг учун ҳам биз журналистлар элимизнинг Нуриддин Акромович каби фидойи фарзандларини эслаб, уларни хотирлаб туришимиз керак.
Яхшиям хотира бор экан дунёда…
10 ноябрь, 2013 йил. Канада.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ