"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Одил Ёқубов ёди: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (25- Якуни)

Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари... | 05/10/2014 07:06-     11243 марта ўқилди

Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (25)

 

одил ака хотини билан зўрМосквадан ёзилган мактуб

 

Хоним!

Қалайсиз? Ҳаммангиз соғ-саломатмисизлар? Уйлар, болалар тинчми? Набира чиқмадими?

Ҳаммага мендан кўпдан-кўп салом!

Мен ўша куни тушдан кейин Малеевка[1]га етиб келдим. Паспортсиз ҳам қабул қилишди. Жойлашдим. Эрта-индин, насиб қилса, ишга киришиб ке­таман.

Сиздан катта илтимос: болаларга бош бўлиб, тинч-омонликка ўз ҳиссангизни қўшиб, мен боргунча йўқлигимни билдирмай туринг. Эҳтимол, опани чақиртириб оларсиз, ҳарна ёрдам бўлади. Болалар уйдан ҳар куни хабар олиб туришсин, майда-чуйда ишларни қилишсин. Искандар дипломига жиддийроқ қарасин.

Гап шу. Энди гап Рустамга!

Рустам, болам, опанг билан, бошқалар билан кўп асабийлашмай, айтган ишларини қилиб қўй. Машинани ҳар куни минаверма. Худо сақласин, мен бу ёқда юрганда бир иш бўлиб, чопиб боришга тўғри келмасин. Мен кетганда 63 050 км эди. 500–600 км юрсанг юрарсан. (Уста бор, бозор бор.) Бошқа пайт кўп чопаверма. (Менинг бу гапимга ҳам жаҳлинг чиқмасин, ота деган эҳтиёт бўлишни ўйлайди, холос.)

Хўп, омон бўлинглар.

Ҳаммага салом!

Омонлик тилаб,

Одил Ёқубов.

23 март, 1981 йил.

Р.S. Бу ерлар анча илиб қолибди. Пальто олмаганим ҳам яхши бўлибди.

 

87

 

Тошкентдан Москвага

ёзилган мактуб

 

 

Ассалому алайкум, хўжайин!

Соғлигингиз, ишларингиз яхшими? Москва об-ҳавосига ўрганиб кетдингизми?

Биздан сўрасангиз – Худога шукр  – эсон-омон юрибмиз. Болалар тинч. Хуршида[2]1 тузукроқ, уйга чиқди. Уста ишга киришди. Ремонт кетаяпти. Рус­там хабар олиб туради. Бу ишлардан хотиржам бўлаверинг.

Тошкентда баҳор кўнгилдагидек келди – тез-тез ёмғир ёғиб турибди. Ҳовлига помидор кўчат ўтказишди. Дарахтлар гулдан чиқиб, кўм-кўк барг ёза бошлади. Телевизорда «Ажойиб хаёлпараст» («Бахт қуши») комедиясини кўрдик. Ёмон эмас – кўрса арзийдиган нарса чиқибди.

Ойнинг охирги кунларида магазинларда гўшт берилди. Мен ҳам анчагина олдим. Ҳозирча ҳамма нарса етарли. Фақат сиз омон-эсон келсангиз бўлди.

Сизга саломатлик, ишингизда унум тилаб қолдим.

Салом билан

Марям.

3 апрель 1981 йил.

 

Айтмоқчи, агар имкон бўлса, Хуршидага бирор нарса олинг. Катта уйга кечқурунлари келиб, бир мўралаб қўяди. Шуни эсга солиб кўрарсиз…

 

 

[1]  Малеевка – Москва яқинидаги қишлоқ. Бу ерда ҳам рус ёзувчилари-
нинг Ижод уйи бўлган.

 

[2] Хуршида – Муроджоннинг қизи, О. ва М. Ёқубовларнинг бош набираси.

 

(Тамом)

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.