"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

МИЛЛАТ ЙЎЛИДА КЕТАР БЎЛСА БОШИ…

Муҳокама учун мавзу | 30/08/2014 03:41-     11122 марта ўқилди

Хамза

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ҳаёти ва фаолияти, ижоди ҳақида кўпинча чалкаш фикрлар мавжуд бўлиб, шўро даври ўқувчиси ҳам, бугунги кун ўқувчиси ҳам ҳақиқий маълумотлардан аксарият ҳолларда бехабар келмоқда. Унинг тўла асарлари тўплами ҳам 100 йиллиги муносабати билан 1989 йилда нашр этилганича қайтиб чоп этилгани йўқ. Бу Ҳамза асарлари билан танишиш имкониятининг жуда пастлигини кўрсатади. Унинг ижоди ва фаолияти ҳақдаги маълумотлар интернет тармоғида ҳам жуда кам. 

Биз бир неча марта унинг асарларидан намуналарни фейсбук саҳифамизда эълон қилдик. Аммо бу денгиздан томчи, холос. Ҳамза ижоди ўз даврида Лазиз Қаюмов томонидан ўрганилди, оммалаштирилди. Ҳукмрон мафкура таъсири билан айрим ўринлар балки бирёқлама талқин этилган бўлса, бордир. Мустақиллик йилларида айрим олимларнинг бир-икки мақоласидан бошқа нарсага кўзимиз тушгани йўқ. Булар сирасига ҳаётлик чоғларида Иззат Султон ва Салоҳиддин Мамажоновларнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида 90-йилларнинг бошида “Яша, Турон!” шеърининг ўзгартирилиши борасидаги, М.Сиддиқовнинг “Биз билмаган Ҳамза” мақолаларини мисол келтириш мумкин. Демак, Ҳамза ижоди бугун ўзининг ҳақиқий тадқиқотчиларини кутиб турибди.
Шу аснода Ҳамза ҳаёти билан боғлиқ айрим нарсаларни эслагим келди. Унинг авлодлари билан шахсан кўришиш менга насиб этган. Ҳамзанинг оиласида тўрт фарзанд бўлган: акаси Исроил, опаси Ачахон, Ҳамза ва синглиси Ҳожалой. Исроил 20-йилларда вафот этган. Ачахон 1948 йилда вафот этган. Шу опаси шоир ҳаётига оид кўп рансаларни олимларга сўзлаб берган. Синглиси Ҳожалойнинг ўғли Баҳодир Аминов ҳам шоир ва публицист бўлиб етишган. Шу инсон Тошкентда яшаб ижод қилган. Ёши ўтган чоғида турмуш ўртоғи билан, оиласи билан муносабатлари ёмонлашиб, ёлғиз ўзи ота юрти Қўқонга қайтиб келади (Бу воқеа 1990-йилларнинг бошларида нўй берган). Эсимда Баҳодир ака менинг умр йўлдошим Ҳабибулло Саид Ғани билан қадрдон эди. бизникига кўп келардилар. Сабаби, янги ҳаёт бошлашларига Ҳабиб ака ёрдам берганлар, ундан ташқари, Қўқондаги адабий муҳитга кириб келишлари ҳам ўз-ўзича бўлмас эди. ҳабиб ака ҳамфикр, маслакдош инсон эдилар. Баҳодир ака Қўқонга келгач, бир қизчаси ва ўғли бор аёлга уйланганлар. Улар тинч ҳаёт кечирганлар. Ўн йилдан зиёд вақт ўтдики, Баҳодир ака орамизда йўқлар, вафот этганлар.
Шу Баҳодир аканинг тоғаси Ҳамза ҳақидаги онасидан эшитган хотиралари, эсдаликлари шоирга нисбатан меҳримни оширган, унинг оламини англашимга ёрдам берганди. Баҳодир аканинг айтишларича, Ҳамза ҳаж сафарига йўл олади. У пайтларда ҳозиргидай самолётда эмас, пиёда йўлга чиқиб, қўл меҳнати билан тирикчилик қилиб, ҳақиқий риёзат чекиб ҳаж зиёратини амалга ошириш керак бўлган. Ўша пайтларда фарз амални бажаришга йўлга чиққанлар ё қайтган, ё қайтмаган…
Хуллас, йўлда Эронга етганида Ҳамзанинг тоби қочиб ҳушдан кетади. Уни эронлик аёллар топиб олиб парвариш қиладилар. Ҳамза оғир бетоб бўлиб бир неча кун ҳушсиз ётади. Бемор ўзига келгач, пули йўқлигини, уларга қандай миннатдорчилик билдирини билмаётганини айтади. Ўша аёллар худо йўлида савоб учун уни оёққа турғизганларини айтадилар. Шунда Ҳамза бу яхшиликни бўйнида қарз бўлиб қолмаслиги учун уларга мато тўқиб бериб узади (Ҳамза илм ва ҳунар ўрганган тақволи инсон бўлган). Шундай қилиб у йўлида давом этади. Ана шундай қийинчиликлар билан ҳаж зиёратини амалга ошириб Қўқонга қайтиб келади.
Бизга Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг биографиясидан маълумки, у бутун Туркистон ўлкаси бўйлаб мактаблар очиб, драмтруппалар тузиб, театрлар очиб жадидчилик фаолияти билан шуғулланган, жаҳолатдаги халқимизнинг кўзини очиб, илму урфон бериш истагида бўлган. Жадид адабиётининг энг йирик вакили бўлмиш Ҳамза совет ҳокимиятининг дастлабки йилларидаёқ большевиклар сиёсатининг нотўғри эканлигини, ҳокимият тепасига келганлар Туркистон ўлкаларига ҳеч қандай озодлик, мустақиллик беришни ўйламаётганини англайди. Унинг гул туркумидаги миллат тараққиёти, мустақиллик орзусида ёзилган, жадидчилик ғояларини илгари сурган шеърларининг ҳаммаси октябрь тўнтаришидан кейин ёзилган. Уларда ислом ғояларини, миллат тараққиётини, Туркистон мухториятини, яъни мустақиллик ғояларини илгари суради. Демак, унинг ғоялари айнан бугунги давлатимиз ва халқимиз ғоялари билан ҳамоҳангдир. Шўро ҳукумати бундай миллат кўзини очувчи шоирдан тезроқ қутулишни ўйлайди.
Баҳодир Аминовнинг сўзлаб беришига кўра, Ҳамза ҳукумат уни таъқиб этаётганини ҳар лаҳза сезиб турган. Шунинг учун ҳам бўлса керак, у кўпинча одам оёғи камроқ етадиган жойларга хизматга кетади. Қорақалпоғистоннинг чекка зоналарига мактаб очиш баҳонаси билан кетади. У ерда ҳам таъқиб қилишгач, Шоҳимардонга йўл олади. Шоҳимардон у пайтлар бизнинг тасаввуримиздаги ўйин-кулгу учун бориб келинадиган, дам олинадиган жой бўлмаган, балки чекка ҳудудлар саналган. Демак, Ҳамза ҳукуматдан қочиб тоғларга кетган. Ана шу кетишидан олдин Марямхон исмли труппасидаги бир актрисага хайрлашув чоғи: “Энди мен қайтмасам керак, Марямхон!” деб айтганини Баҳодир аканинг онаси Ҳожалой ҳам эшитади. Ҳожалойга эса Ҳамза чопони ичидаги, қўйнидаги доимо олиб юрадигани 2 метр сурпни кўрсатиб: “Агар бевақт ўлиб кетсам, кафанлаб кўмиб қўядиган бирор мусулмон топилиб қолар” деган эканлар… Демак, Ҳамза уни ўлдиришларини билган, ўлимини кутиб, сезиб яшаган.
Миллат озодлиги, унинг тараққийси орзусида хизмат қилган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни 1929 йили уюштирилган сценарий асосида аввал тўппонча билан отиб, кейин жасадига тош отиб ташлаб кетадилар. Жасад уч кун сувда қолиб кетади. Топилганидан кейин эса ҳукумат бу қотилликни мулла-эшонлар устига туҳмат қилиб ағдаради. Чунки бу вақтгача Ҳамзанинг риёкор шайхлар, мулла-эшонлар билан зиддияти бор эди. шўро ҳукумати бир ўқ билан икки қуённи отади, бир йўла Ҳамзадан ҳам қутулади, ҳамда мулла-эшонларга қарши қаттиқ курашга киришади. Ҳамзанинг ўлдирилиши билан боғлиқ баъзи ҳужжатлар Қўқон адабиёт музейида сақланади, бу актда қатнашганларнинг (яъни буйруқ бажарганларнинг) фамилиялари ҳам бор.
Ҳамза репрессиянинг биринчи қурбони эди. агар уни 1929 йилда ўлдиришмаганда, барибир 1937 йилда қамаб ўлдиришарди. Жадидларнинг энг хавфлисини, яъни шўро ҳукумати учун энг хавфли саналганини биринчи бўлиб йўқотишган. Ундан сунъий равишда “революция куйчиси”ни ясаганлар ва қаҳрамон қилиб кўрсатганлар. Бунинг тагидаги сиёсий ўйинлар, қотилликлардан бехабар, Ҳамзани ўқимаган халқ эса уни ҳақиқатдан ҳам революция куйчиси деб билади. Ҳамзанинг 1989 йилда нашр қилинган 5 томлик тўла асарлар тўпламини эса ҳар ким ҳам қўлига олиб ўқиган эмас. Бугунги кунда унинг шахсига ва ижодига нисбатан пайдо бўлган чалкаш ва нотўғри фикрлар эса халқнинг янада залолатга кетишига сабаб бўлади. Ўзбек халқи ифтихор этиши керак бўлган, бугунги кунимиз учун жонини қурбон қилиб кетган инсонларни қадрлашимиз керак бўлган ўринда манқуртлардек яна унга тош отилаётгани эса айрим кимсаларнинг маҳаллийчилик кайфиятлари натижаси, холосдир.
Миллат йўлида боши кетган, миллат тараққийси учун жон фидо қилган Ҳамзахондек азизларимизни шу моҳи рамазонда дуо қилайлик, улар, албатта шаҳидлар қаторида жаннатнинг исталган эшигидан кирар балки, аммо улар ҳаққига қилган дуоларимиздан ўзимизга ҳам савоблар етишидан умид қилайлик! Валлоҳу аълам.

ГУЛБАҲОР САИД ҒАНИ

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.