"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

ЧАМБИЛ ЭЛИНИНГ ТАНГРИ АША ЭЪТИҚОДИДАГИ ЭРЛИК ВА УМАЙ ОНА ФАРЗАНДЛАРИ

Муҳокама учун мавзу | 15/08/2014 07:47-     11057 марта ўқилди

 Маҳмуд Йўлдошев

shambala_rerih

Европаликлар талаффузида Шамбала аталиб баъзи қизиқиш ва қидирувларга сабаб бўлаётган бизнинг Чамбил эли бўлмиш қадимий юртимиз тарихи чуқур ўтмишлардан ўзимизга маълум. (Татаристонлик Аҳмедовнинг изланишлари).
Шамбала — Чамбил эли.

Мифологик луғатларда ва ўзимизнинг достонларда берилишича бу афсонавий юрт, мамлакат. Қадимий ҳинд асотирларида эса бу юрт Шамбхала шаклида учрайди ва у юртни улар Амударё, Сирдарё атрофларида, деб қайд этишади. Ўзбек халқ достонларида эса бу юрт мана шу биз яшаётган жойлар деб кўрсатилади.

Маълумки, ўтмишда аждодларимиз массагет, сак-шак ва бошқа номлардаги қабилалар аталиб мана шу Чамбил элида яшаб келган. Бу хусусда фанда турли фикрлар мавжуд. Лекин негадир бизга Шарқникидан кўра, солиштирма қилиб қаралганда маълум маънода кечагина тили чиққан Европа, асосан, рус манбалари негадир обрўлироқ ва яқинроқ кўринадида ўз тарихимизга алоқадор тасдиқ материалларни ўз қадриятларимиздан эмас улардан излаймиз.

Ҳинд манбаларида сак-шак қабилалари тарихда Канишка империяси ҳудудларида яшагани аниқ кўрсатилади ва “сак-шак” сўзи ҳозирги ҳинд тилидаги уларнинг авлиёси бўлмиш “шакямуна” – “саклар авлиёси” (муна санскритда авлиё) маъносини англатиши айтилади. Бунинг учун чуқур ҳинд тарихига саёҳат қилмаса ҳам бўлади.

Осонроқ йўл тутиб тахминан биринчи асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган (Бу Канишка империяси билан боғлиқ давр, бу империя эса ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида бўлган.) Ашвагхошанинг “Будданинг ҳаёти” ёки Калидасанинг “Сакунтала” асари ва шунга ўхшаш қадимий ҳинд манбалари ўрганилса кифоя қилар эди.

Яна бир ўз тарихимизга оид маълумотни келтираман. Ёқут халқ эртакларидаги Улуу тойон буюк ҳоқон аслида у ёқутлардаги абаси уруғининг асосчиси саналади. (Бу ўринда тойон сўзи тегин ва бойон, ноён (бу сўзлар маъно жиҳатидан ҳам бир бирига жуда яқин) сўзларига манба бўлганлиги эҳтимолдан холи бўлмаса керак. Айни шу образ (Улуу тойон, ноён мўғулларда) ўзини қушлардан, узоқ ўтмишни олсак учувчи динозаврлардан, бошлайди ва у жаҳли чиққан пайтида қарға, аждаҳо ва бошқа учар жониворлар шаклларида оғзидан олов пуркаб жазоловчи образдир.

(Птерозаврлар, лотинда Pterosauria, «учувчи калтакесаклар». Улар динозаврларнинг энг яқин авлоди бўлиб биринчи ҳавога учишни амалга оширганлардандир. Кўпинча уларни оммавий матбуотда “учувчи динозаврлар”, “учувчи калтакесаклар”, учувчи аждаҳолар аташади.

Мана шунинг учун улар аждаҳо образларида кўринади, десак хато қилмаймиз. Бу ўринда аждаҳолар ҳаммамизнинг тасаввуримизда келтакесакларга ўхшашлигини унутмайлик). Албатта ёдимизга олов пурковчи учиш қобилиятига эга бўлган аждаҳолар, афсонавий бахт қуши Семурғ, аслида Ҳумо (Ҳумой, Умой) образи хаёлимизга келиши керак.

Худди мана шу маънода туркий халқлардан бўлмиш олтой, шор ва бошқа халқлар мифларида учрайдиган Улген ҳам айнан шу тариқа ўз ўтмишини қушдан бошлаганини кўрамиз. Улген жаҳон устидан қуш сифатида учиб юрганлиги тасвирланар экан у ўз ўрнида Эрликка бўйсунади. Бу ўринда юқорида келтирилган ва бошқа туркий халқлар мифларидадаги Эрликнинг ўзи ҳам қуш сифатида осмонда учганлиги, бутун жаҳонни кўкдан кузатганлиги айтилади.

Шу ўринда энг бизга яқини бу албатта мифлардаги Умай – Эрликнинг хотини образидир. Бу мифологик образ туркий халқларнинг кўпчилигида бўлиб, айниқса шор, телеут, қирғиз, уйғур ва бошқа туркий халқлар афсоналарида она образида сақланиб қолган. Умайнинг она образида келиши ва унинг талаффузда Хумай, Ҳумай, Умай аталиши унинг учиши ва қушларга нисбат берилиши бу ўта қадимдан бизга маълум. Бу бизнинг бугунги кунда ҳам юртимиз рамзларидан бири бўлмиш бахт тимсолида келадиган Ҳумо қушимиздир.

Шу жойда яна бир масалага маълум маънода ойдинлик киритиб кетиш зарурати борга ўхшайди. Маълумки, шу пайтгача туркий халқлар “Ашин”, шино, шоно – бўрига эътиқод қилган деган қараш учраб туради. Туркий халқлар тарихида зардуштийлик динининг ўрни беқиёс бўлганини, Зардуштнинг, “Куч ва имконим борича, мен одамларни “Аша”га, яъни, Ҳаққа, ҳақиқатга даъват қиламан”, деган фикрини ҳисобга олиб, оташпарастлик динидаги яккахудоликни эсласак, баъзи туркий тилларда “шино”, шоно, ошо, аша – “бўри”га оҳангдош “Аша” (“Ашин”) сўзи аслида “Тангри” эканини уқиб олиш қийин эмас.

Албатта, биз бу гапни қатъият билан, шундай, деб айтмаяпмиз, аксинча, муҳокама учун ўртага ташлаяпмиз. Тўғри, тарихда бўрини тотем сифатида олган, ўз ўтмишини бўридай кучли ҳайвон рамзига боғлаган туркий қабила ва аждодларимиз ҳам бўлган бўлиши мумкин.

Эҳтимол. Демак, шу йўналишда ҳам тадқиқотлар ўтказилиб, филолог олимлар ўз қатъий хулосаларини айтар. Аммо зардуштийликдай буюк динни яратган, зикр этилганидай, қўшни халқларга Шакямуна — саклар авлиёсини (сиғинадиган худо сифатида) берган халқларнинг Тангри – якка худодан эмас, биз (Римликларга ўхшаб итнинг авлоди бўрини эмиб катта бўлганмиз деганларидай) бўридан тарқалганмиз, дейишига ишонгинг келмайди.

Демак, Аша (унинг баъзи талаффуздаги шакллари шино, шоно ва б.) бўри эмас, биз Ашиннинг, Кўктангрининг болаларимиз. Бу ўринда қадим ўтмишимиз асл нурдан, эиёдан куч олганини ҳам унутмаслигимиз керак.
Нур, биз туркий халқлар тарихида ўта кучли аҳамиятга эга тушунчадир. Олтин бешикнинг ярқироқ нури, Аланқуванинг нурдан ҳомилалик бўлгани ва айниқса нур билан боғлиқ бошқа тушунчалар бизда кўплигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Ушбу таъкидни келтиришдан аввал албатта нур сўзи ва унинг биз туркийларда бошқача айтилишини келтириб ўтмоқчимиз.

Нур сўзи туркий тилларда илгари гўр шаклида бўлганини алоҳида қайд қилмоқчиман. Бу сўз сўзлар тарихига бағишланган алоҳида аҳамиятга эга бўлган шоир ва ёзувчи О. Сулаймоновнинг “Язик псиьма” “Ёзув тили” китобида келтирилади ва тадқиқотчининг таъкидлашича бу сўз гўр шаклида бўлган. Кейинчалик арабий нур сўзи кириб келгандан кейин унинг гўр, қабр сўзга оҳангдош бўлганлиги учун гўр сўзи ўз ўрнини арабий нур сўзига берганини кўриш мумкин.

Аслини олганда биз гўр сўзини ўз тарихимизда, тилимизда, достонларимизда сақлаб қолганмиз. Бу ўринда биз биринчи ўринда Гўрўғлини эслаймиз. Гўрўғлининг гўрда туғулиши мантиққа сиғмайди, аммо гўр сўзининг нур шаклида Аланқува она ҳаётидаги воқеага алоқадорлигини олсак, унинг фарзанди нурдан туғулганига ишонасан киши.

Бу ўринда албатта, Гўрўғли достонидаги қаҳрамоннинг қабрда туғилиш варианти қачон пайдо бўлганлигини олимлар таҳлил қилар. Чунки, достонларимиздаги баъзи тортишувлар бекорга юзага келмаган. Закот ва бошқа тўловлар айтилганини олсак, бизнинг достонларимиз гўёки араблар бостириб келганидан кейин пайдо бўлгандай бўлиб қолади.

Яна бир мисол сифатида келтириладиган сўз бу албатта Алпомишнинг учар оти Ғиркўк билан боғлиқ. Ана энди бу отнинг номини иккига бўлиб тасаввур қилайлик, ғир (гўр, гир, ғир талаффуз учун шундай ҳолатга келтирилган) ва кўк сўзлари. Қарабсизки, ғиркўк сўзи кўк нур, замонавий тил билан айтганда кўк, мовий лазер, нур эмасми, ахир.
Демак, боболаримиз ўз афсонавий отларига нурдай учиш қобилиятини юклаяпти. Биз Ғиркўкни шундай тушунар эканмиз, достонларимизнинг қадрият ўрни яна минг йиллаб чуқур тариқ қаърига от қўяди ва сингиб боради.

Юқорида келтирилган мисолларга таяниб айтмоқчимизки, биз ўз тарихимизни, сўзларимизнинг асл маъноларини ўрганишда албатта биринчи ўринда ўз ўтмиш қадриятларимизга, асотир ва афсоналаримизга, ўз тарихий асарларимизга таянишимиз кераклиги маълум бўлади.

Биз кўп ҳолларда тарихимиз ва ўтмишимизнинг қатор узилган ҳолатларини кўрамиз, бунинг сабабларини билсак ҳам негадир уларни четлаб ўтишга уринамиз. Шундай узилиш ҳолатлари айниқса араблар босқини, форслар билан бўлган тарихий жанггу жадаллар, кейинчалик руслар билан бўлган қирғинбаротлар ўз тарихимизга баъзи манқуртлар томонидан шубҳали қарашгача олиб келинганини кўрамиз.

Бу сўзларим қуруқ даъво деб қабул қилинмаслиги учун иккитагина мисол келтираман.

Ўзбекистонимиздаги кўплаб жойларнинг гидроним ва топонимлардаги ҳозирги қолдиқлари араблардан нари ўтмайди. Масалан Нурото, Садри ваққос булоғи, Зангги ота ва бошқалар. Бу ўринда айтгинг келади, нима нурото ёки Садри ваққос булоғи араблар келганидан кейингина отилиб чиқдими?

Айниқса Зангги ота сўзи устида алоҳида тўхталиб ўтаман.
Ҳар бир сўзнинг тарихи ва тақдири бор. Зангги сўзи ҳозиргача мўғул тиллар гуруҳида уруғбоши ва бизнинг тилларда ҳам кўп ишлатилиб асосий бўғин, ғурур, токнинг асосий новдаси маъноларини беради. Қизиғи шундаки бу сўз қадимий Авестода ҳам айнан мана шу маънода, яъни зангтупати – уруғбоши маъносида ишлатилганини кўрамиз. Авестодаги зангтупати яъни, зангту – уруғбоши, пати, падре сўзлари ота маъносида.

Маълумки, Занггиота кунясини кимлар нималар деб шарҳлашмади. Қорабобойдан то ҳинду ҳабаш зангигача. Занггиотанинг туркий тилларда уруғбоши эканлигини инобатга оладиган бўлсак ва бу шахснинг жуда катта билимли ва обрўли, элбоши одам бўлганини эсласак занггиотанинг уруғбоши ота бўлганлиги маъно ва мантиқан ўз ўрнига тушади қолади.

Маҳмуд Йўлдошев,

Психология фанлари номзоди

(Маҳмуд Йўлдошевнинг «Файсбук»даги саҳифасидан)

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.