Исмат ХУШЕВ: САРОБГА АЙЛАНГАН ОРЗУЛАРИМ (2-КИТОБ, 20-БОБ)
ИСМАТ ХУШЕВ
UzbekDunyo@hotmail.com
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (чапда) “Ёш ленинчи” газетаси Бош муҳаррири ўринбосари, истеъдодли журналист Қулман Очил (ҳозир Ўзбекистон Ахборот Агентлигида раис ўринбосари) билан…
Йигирманчи боб
САРОБГА АЙЛАНГАН ОРЗУЛАРИМ
ЁКИ ТАҚДИРИМГА БИТИЛГАН МУҲОЖИРЛИК БЕКАТИ
“ОТЛАРНИ КЕЧУВДА АЛМАШТИРМАЙДИЛАР”
(1991 йил “Ёш ленинчи” газетасида эълон қилинган суҳбат ҳақида)
1.
2001 йилнинг 12 июнь “Россия куни”да Россиянинг собиқ президенти Борис Ельцин “ОРТ” канали орқали телевиденияда “Время” мухбирининг саволларига жавоб берди.
Менинг эсимда қолган савол-жавоблар қуйидагича бўлди (суҳбат мазмунининг ўзбекча матни):
“Мухбир: – Борис Николаевич, Сиз Президентлик қилган даврдаги энг катта ютуқ нимадан иборат деб биласиз?
Б.Ельцин: – Озодлик! (Свобода!)
Мухбир: – Ҳозир В.Путин, таъбир жойиз бўлса, “Ельциннинг айрим одамларини ишдан бўшатяпти” деган миш-мишлар юрибди. Владимир Путин Сизнинг шогирдингиз эди. Лекин, унинг айнан Сизнинг одамларингизни ишдан бўшатаётганига қандай қарайсиз?
Б.Ельцин: – Яхши қарайман. Рисоладагидай қарайман. Чунки ҳар қандай раҳбар ўзининг командасига , маслакдошларига эга бўлиши керак. Агар Владимир Путинга кимдир маъқул келмаса, унинг ўрнига ўзига маъқул келадиган одамни ишга олиши мумкин. Ахир “команда” деган гап қуруқ гап эмас-ку! Президент малакали кадрларни, ўзига содиқ ходимларни ўзи истаган лавозимларга қўйиши керак. Акс ҳолда бошбошдоқлик – анархия бошланади. Агар Владимир Путин эски тартибдаги амалдорлардан бировини ишдан бўшатса, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ…”
2.
Мен Борис Ельциннинг мазкур суҳбатини тинглаб, беихтиёр, Америка Қўшма Штатларининг ҳар тўрт йилдаги Президент сайловлари билан боғлиқ “команда алмашинуви” ҳақида ўйладим.
Бу ерда давлат раҳбари алмашса, “Оқ уй”да ишлаган ходимларнинг фаррошига қадар алмашинуви одат тусига кирган. Янги Президент янги команда билан “Оқ уй”га кириши анъанага айланиб қолган.
Лекин эндигина мустақиллик декларациясини эълон қилган Ўзбекистон учун кадрлар масаласи, “команда” тушунчаси — Гамлетнинг “Ё ҳаёт, ё мамот!” деган ҳаётий шиорига айланган эди.
Бизда “команда” деган тушунча йўқ эди. Бор бўлса ҳам у фақат тор доирадаги гуруҳларнинг манфаатларини ифода этарди. Россияда ва умуман, бутун дунёда “команда” дегани муайян бир ғоянинг тарафдорларини билдирарди.
Аслида ҳам, кимнингдир ғоясини, келажакдаги орзу-умидларини маъқул деб топсанг, ўша кишининг йўлини, сиёсий дастур ва тузукларини қўллаб-қувватлашинг керак. Авваламбор командадошлик ва сафдошлик, қолаверса оддий одамгарчилик туйғуси ҳам шуни тақозо этади.
Шу маънода мен аввал-бошдан Ислом акага ишонганман.
Ишончимнинг “ашёвий далили” сифатида “Ёш ленинчи” газетасида чоп этилган суҳбатимни зукко ўқувчилар эътиборига ҳавола қилмоқчиман…
3.
“БИЗ УНИ УЗОҚ КУТГАНДИК”
дейди “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика”
журналлари Бош муҳаррир Исмат Хушев.
…Исмат Хушев! Бу ном менга талабалик йилларимдан яхши таниш. У ўзининг шеъриятга ўчлиги, қайсар адолатпарварлиги билан талабалар орасида яхшигина ном қозонган эди. Мен бу қизиққон ва тили “аччиқ” йигитни келажакда масъул лавозимларда ишлай олмаса керак деб ўйлардим. Ўша бедард ва беташвиш талабалик йилларимда бир кун келиб тақдир тақозоси билан шу йигит қўли остида ишлашим мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмас эдим.
У муҳаррирликка тасодифан кўтарилганлар тоифасидан эмас. Болалиги Қашқадарёнинг олис Китоб ноҳиясидаги оддий қишлоқ муаллими оиласида ўтган бу абжир йигитни кўпчилик ўйлаганчалик бу лавозимга Президент эмас, балки қайта қуриш ва ошкоралик олиб чиқди. У кечагина норасмий минбарларда ҳукумат ва унинг ношуд раҳбарлари олиб бораётган сиёсатни қоралаб, уларнинг истеъфосини талаб қилган, ўткир нутқлар сўзлаган шаккок журналист эди. “Америка овози” ва “Озодлик” радиостанциялари унинг Чуқурсойдаги рухсат берилмаган митингда айтган ҳайқириқ сўзларини бутун дунёга баралла ёйган эди.
Сўнг ўша йигит ўзининг ўттиз ёшида “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” номли рус ва ўзбек тилларида чоп этилаётган ойномаларнинг бош муҳаррири бўлди. Бугун ўзининг ходимларига нисбатан анча қаттиққўл ва талабчан раҳбар.
Бироқ, баъзан қаттиқ койиган ходимларини оиласи билан ўз уйига меҳмондорчиликка чақиришдан ёки чойхонапалов устида улар билан бир пиёла чой устида самимий суҳбат қуришдан тортинмайдиган дилкаш бир йигит.
Мақсадимни тушунтирганимдан сўнг, у суҳбатга розилик берди.
— Сиз бугун Ўрта Осиё ва Қозоғистондаги мустақил жумҳуриятларда ягона ҳисобланган иқтисодий нашр “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” ойномасининг Бош муҳарририсиз. Республикамизда мунтазам рус тилида чиқиб келган ойномани биринчи маротаба ўз она тилимизда нашр этиш масъулияти Сизга юклатилди. Қийналмадингизми?
— Бу хайрли ишларнинг барчаси икки йил муқаддам республика раҳбарлигига келган янги ва соғлом кучлар ташаббуси билан бошланган эди. Қийин бўлди. Эски қолипларни бузиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Аммо, ёшларни бундан кейин ҳам дадиллик билан раҳбарликка кўтаравериш керак. Шунда кўзланган мақсадга эришилади.
— Сиз бу лавозимга “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” рўзномасининг оддий ходимлигидан ўтган экансиз. Тажриба деганларидек…
— Ўзбекистонда етмиш йил рус тилида чиқиб келган ойномага тарихда биринчи маротаба ўзбек раҳбар этиб тайинланган бўлса, бунинг нимаси ёмон. “Тажриба”ни қачонгача бошқалардан ўрганишимиз мумкин?
Бошқаларни эмас, балки ўз фарзандларини, миллий кадрларни жамиятнинг ишлаб чиқариш ва бошқариш соҳаларига дадил жалб қилаолган юртнинггина иқтисоди юксак бўлади. Афсуски, бу оддий ҳақиқатни Ислом Каримовга қадар ҳеч қайси раҳбар англаб етмади. Англаб етгани ҳам журъат этмади…
— Жаҳлингиз чиқса ҳам яна бир савол бермоқчиман. Рўзнома ходими бўлиб юрган кезларингизда бош муҳаррир билан доим тортишадиган, бетга чопар бўлган дейишади. Шу ростми? Ҳозир ўзингиз муҳаррир сифатида ўша кунларингизни қандай баҳолайсиз?
— Рости мен ҳам бугунги кунларимга қадар негадир раҳбарларни ёқтирмас, уларни жуда кўп имтиёзларга эга текинхўр кишилар деб ўйлардим. Ўзим муҳаррир бўлиб энди билсам, раҳбар бўлмаган кунларим ҳаётимнинг энг тинч ва осуда, беғам ва беташвиш кунлари экан. Бугун Президент атрофидаги каттаю-кичик раҳбарлардан фақат бир нарсани – мустақил республика манфаати ва унинг заҳматкаш халқи учун ҳалол ва мардона меҳнат қилишни талаб қилаётган бир пайтда раҳбар бўлиш жуда ҳам оғир.
Рўзномадаги кунларимга келсак, энди ўйлаб қарасам, бош муҳаррирга нисбатан мен жуда кўп бор енгилтаклик қилган эканман. Гоҳо ошкоралик, демократия деб тўғри келган раҳбарнинг ёқасидан олган кунларимни эслаб, энди рости уялиб кетаман. Ўша пайтлар ноҳақ ранжитган жуда кўп кишилардан кейинчалик узр сўраганман. Фаросатли одам, маданиятли одам бировнинг дилини ранжитмаслиги лозим эканлигини кеч англаб етдим.
Қизиқ, бугун ўзим муҳаррирлик қилаётган таҳририят ходимлари орасида кимдир ўзимнинг кечаги характеримга ўхшаш феъл-атворга эга эканлигини сезсам, негадир улардан қутулиш йўлларини истаб қоляпман. Бу дунё жуда мураккаб эканини, раҳбарлик ўйинчоқ эмаслигини энди тушуняпман…
— “Исмат Хушев Президентнинг яқин одамларидан” деб айтишади…
— Менинг назаримда бугун кимда ким Ўзбекистоннинг фаровонлигини, тинч ва осойишта ҳаётини орзу қилса, республикада истиқомат қилаётган барча халқлар ва миллатларнинг тинч-тотувлигини ҳимоя қилса, мустақиллик учун курашса, у ўзини ҳам маънавий, ҳам сиёсий жаҳатдан Президентга яқин, ҳамфикр деб ҳисоблаши мумкин.
Менинг Президентга яқинлигим ҳақида гапирсак, бу фикрни дастлаб Иттифоқдаги “Независимая газета” Рафиқ Нишоновга ёзган “Очиқ хат”имга билдирган муносабатида ишора қилиб ўтган эди. Мен кўпинча иш билан бўлса-да, Президентнинг олдига киролмай ундан ранжиб юраман.
Авваламбор, иқтисод ойномасига раҳбарлик қилаётирман. У кишининг иқтисодий ислоҳотлари, қарашлари менга ёқади, умид уйғотади. Бу гаплар чамамда Президентни жуда ҳурмат қилишим ва ҳамма жойда уни ёқлаб келганим туфайли чиққан бўлса керак.
— Мабодо ҳозирги Президентимиз сайловда омади юришмай кетадиган бўлса, у кишига нисбатан қарашларингиз ўзгариши мумкинми?
— Биринчидан, Ислом Каримов сайловда мутлақ кўп овоз билан ютиб чиқишига шубҳа қилмайман. Иккинчидан, менинг шундай бир аҳдим бор: Шу одам республикада раҳбар бўлиб беш йил ишлайдими, ўн йил ишлайдими, қачон сиёсий саҳнадан кетса, мен ҳам ўшанда қайси лавозимда бўлишимдан қатьий назар албатта истеъфо бераман…
— Нега?
— Негаки, биз ҳанузгача бу одамнинг қадрига етолганимиз йўқ. Умуман, халқимиз улуғ бир халқ бўлиши билан бирга негадир ўз фарзандларини асрашни билмайди. Болтиқбўйи ва Россия халқларига ҳавасим келади.
Агар улар Витатус Лансбергис ва Борис Ельцин каби раҳнамоларини катта жасорат ва садоқат билан ҳимоя қилмаганларида эди, бу икки арбобнинг тақдири марказ ва чет кучлар томонидан фожеали тугаши мумкин эди.
Биз Президентимиздан республика ҳақ-ҳуқуқини бошқалар олдида қаттиқ туриб ҳимоя қилишни талаб этамиз-у, лекин кези келганда ўша кучлардан Президентимизнинг ўзини ҳимоя қилишни билмаймиз. Ё соддалик, ёки лўттибозлик қиламиз.
Мен ёш бўлсам-да, бир гап айтмоқчиман: Ислом Каримовга ўхшаш раҳбарлар бизнинг пешонамизга ҳамма вақт ҳам битавермайди. Неча юз йиллардан бўён мустамлака бўлиб келган республикамизни мустақил деб энг олий Фармонга муборак имзосини қўйганлиги учун ҳам бу одамни мен бир умр унутолмайман.
Бу гапларни бугун муҳаррир бўлганим учун айтаётганим йўқ. Эртани ўйлаб, агар Президентни ҳимоя қилмасак, қадрига етмасак, Грузиядаги фожеалар бизнинг ҳам юртимизга келишини сезганим учун айтаяпман. Энди эса унга ишонишимиз камлик қилади. Уни худди ўзимизнинг бахту-иқболимизни ҳимоя қилгандек авайлаб асрашимиз, ҳимоя қилмоғимиз керак.
У Президентлиги давомида ўтказган ва ўтказаётган ҳалол тадбирлар бу ишончимни янада мустаҳкамлади. Шу ишонч учун одамни айблаш керакми? У шунга лойиқ одам! Кейин ҳар бир кишининг ихлос қўйган, дилидан суйган одами, устози бўлади. Шунинг учун ҳам мен унинг сиёсий раҳбарлик даври тугагандан сўнгги фаолиятимни тасаввур қилолмайман…
— Сиз наҳот Президентни камчиликлардан холи деб билсангиз?
— Беайб – Парвардигор! Лекин “Отларни кечувда алмаштирмайдилар” деган нақл бор. Ахир унинг ҳокимиятга келганига эндигина икки йил бўлди, холос. Камчиликларга келсак, мен бу ҳақда у кишининг олдида ҳам айтаман. Ва бундан кейин ҳам айтаман. Лекин бировнинг камчилигини айтиш, танқид қилиш жуда осон. Уни тўғрилаш ва тузатиш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. У ўз камчилигини, агар сўрасангиз, ўзи айтиб берадиган ва соғлом танқидни бағараз қабул қиладиган мард одам!
Суҳбатимиз якунида “Ёш ленинчи”нинг оммавийлигидан фойдаланиб, ойномамизнинг барча муштарийларини, жонкуяр муаллифларини кириб келаётган янги 1992 йил билан қизғин муборакбод этаман.
Суҳбатдош: Шуҳрат Иброҳимов
(“Ёш ленинчи” 1991 йил, 27 декабрь, 199 –сон)
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррир Исмат Хушев ўз ходимлари Шуҳрат Иброҳимов ва Муқаддас Юсупова (орқа планда) лар билан янги йил базмида…
4.
Ушбу бобга сўнг сўз ўрнида
…Ажаб, «Ёш ленинчи»даги суҳбатдан бор йўғи уч йил ўтиб, 1994 йил ёзидаги ажойиб кунларнинг бирида, айнан ўзим суйган ва меҳр қўйган Президентнинг шахсан кўрсатмаси билан Бош муҳаррирликдан озод этилиб, ҳибсга олиндим.
Қамоқхонанинг қон ва тер ҳиди анқиб турган совуқ ва нурсиз камераларида ўтган уйқусиз ва рутубатли кунларимда Ислом Каримов, унинг сиёсати ва унга бўлган меҳру муҳаббатим ҳақида жуда кўп ўйладим.
Олти ойлик тутқунлик азоб-уқубатларидан сўнг Ўзбекистон Олий Суди қарори ва Президент амнистияси билан озодликка чиқариларканман, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай яна икки маротаба ҳибс этилдим.
Шундан сўнг ҳеч кутилмаганда ўзбек журналистикасидаги рақиб ва рафиқларимни, мухолиф ва мужоҳидларимни ажиб бир ҳайрат ва ҳавасларга ошно этиб, яна шахсан Президентнинг кўрсатмаси билан Бош муҳаррир этиб тайинландим.
Эҳтимол, ўзбек журналистикаси тарихида уч маротаба ҳибс этилиб, яна Бош муҳаррир этиб тайинланган мендан бўлак бошқа журналист бўлмаса ва топилмаса керак.
Ва бундан кейин ҳам бўлмас.
Исмат Хушевнинг Ислом Каримовга бўлган телбаларча меҳру муҳаббатини мана шу – бир неча бор қамалиш ва яна раҳбарликка тайинланиш призмаси орқали тадқиқ ва таҳлил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ва ниҳоят 2004 йилнинг эрта баҳорида бевафо ва номард тақдир — амалидан ажралиб, дили оғриган, меҳр қўйган устозидан кўнгли ўксиган Исмат Хушевни хориж эллар сари юзлантираркан, у чет элларда муҳожирликнинг аччиқ нонини еб юриш бу қадар узоқ давом этади деб ўйламаган эди.
У Президент атрофидаги мулозимлардан қаттиқ ранжиган ва эрта бир кун унинг хорижга бош олиб кетганини Ислом ака билиб қолса, Президент ўз мулозимларининг калласини сапчадай узиб олади деб астойдил ишонган эди.
Хорижга бош олиб кетганимни Ислом ака билиб қолса, менинг қадримга етмаган Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Бош вазир ўринбосарлари Элёр Ғаниев, Ҳамидулла Кароматов, матбуот вазири Рустам Шоғуломов ва бошқа мулозимларнинг уйи куйиб кетса керак деган хомхаёлга борган эканман.
Беш тўрт кун кўринмасам, ҳукуматда ер силкинишидай қалтис бир воқеа акс садо берса керак деб хаёл қилибман. Вой дод!!!
Ҳолбуки, кетганимни ҳукумат тугул, жигарларимдан ташқари ёру-дўстларим ва биродарларим ҳам сезмай қолишди.
Гўёки Исмат Хушев деган йигит бу дунёда яшамагандай Тошкентдаги сиёсий ҳаёт бир маромда давом этаверди. Менинг кетишимга сабабчи бўлган мулозимларнинг ўзи тугул — мушугини ҳам ҳеч ким «пишт» демади. Уларга нарса бўлмади. Ҳеч нарса ўзгармади…
Шоир айтганидек:
Менсиз ҳам мукаммал экан бу олам,
Менсиз ҳам бахтга ёр экан одамзод…
Ваҳоланки, бу ёруғ дунё шундай тузилган экан — отда юрганингизда кўплар Сизни кўриб қўмсаб тураркан. Отдан тушганингиздан к ейин эса — кунда кўриб турганлар ҳам «танимай» қоларкан.
Мана Сизга бу дунёнинг асл ҳақиқати!
Мен нодон Президентга шунчалик меҳр қўйган эканманки, Ўзбекистондан кетиб қолсам, Ватанни тарк этсам — Олий раҳбариятда тўс тополон бўлиб, бир неча устунлар ўша заҳоти қулаб тушади ва ҳатто Ислом аканинг ҳам кўнгли бузилиб, уйқуси қочади деб ўйлабман.
Исмат Хушев катта хато қилганини кейин англаб етди.
Президент – сиёсий бошпана олишни ўйин билиб, шу йўл билан унга тарсаки туширмоқчи бўлган қандайдир енгилтак бир журналист учун ўз атрофидагиларни жазолаш ва койиш ўрнига, аксинча – рағбатлантириши ҳам мумкинлигини анча кейин тушунди.
Муҳожирлик бекати бўлмиш — хорижнинг тинч ва сокин, фақат хаёл суриш ва ўтган кунларни сарҳисоб қилиб, алам ва армонлар, ҳасрат ва ҳижронлар гирдобида қоврилиб яшаш учун сафарбар этилган бегона ва меҳрсиз гўшалардагина англаб етди.
Лекин кеч англаб етди…
Ислом Каримов балки кўп нарсаларни кечириши мумкин, лекин мамлакатни ташлаб, Ватанни тарк этганларни ўзининг шахсий душмани деб билишини мен нодон ўшанда қаердан билибман.
Исмат Хушевнинг бу борадаги сўнгсиз ўй-хаёллари, фикр ва мулоҳазалари, орзу армонлари ва пушаймонлари – бир сўз билан айтганда — тавбаю тазарруси ҳақида “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг учинчи ва тўртинчи китобларида батафсил ҳикоя қилинади…
Исмат Хушев,
5 август, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўртада) Матлуба Азаматова (ёнида), Муҳаммад Шариф (орқа планда), Шуҳрат Иброҳимов (чапдан — учинчи), ёзувчи Маҳкам Маҳмудов (чапдан -биринчи) ва бошқа ходимлари билан. Мустақилликнинг дастлабки йиллари, Тошкент шаҳри…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Иккинчи китобни навбатдаги бобларини зур кизикиш билан кутиб коламиз. Макола учун катта рахмат!
Ismatboy uka!!! O’zbekistondagi barcha gazeta-jurnallarning bosh muharirlari vatanni TARK etsa ham, Hayriddin Sultonlarga hech narsa bo’lmasligini endi tushinib yetibsiz, shunisiga ham shukr qilish KERAK. Og’sha iflos rejimning ichida bo’lmaganinggiz ham yaxshi bi’libdi. AFSUSLANMANG, QUVONING…