Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (23)
Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (23)
82
Тошкентдан Қарноққа ёзилган мактуб
Салом, хоним.
Бизни ёлғизлатиб, ўзингиз қишлоқда яйраб юрибсизми? Ҳар сафар ижодим ҳақида, адабиёт ҳақида ёзаётган хатларимга жавоб ёзиб мени хурсанд қилаяпсиз. Раҳмат. Мен ижодга жуда шўнғиб кетдим. Роман[1]нинг охирги нуқтасини қўйиш арафаси Кўкалдош мадрасасини бир зиёрат этишга бордим. У ерда Республика маданият ходимлари малакасини ошириш институти борлигини билардим. Бу институтнинг бу мадрасада жойлашишининг ўзи қизиқ.
Мадрасанинг кираверишига анча ёпишмаган (мадраса руҳига) эшик. Ойнабанд эшикдан кирганда хоналар замонавий қилиб жиҳозланганини кўрасиз. Бу хоналар ҳам мадраса руҳига ёпишмаган. Қадимда толиби илмлар жойлашган ва бизнинг тасаввуримизда нимқоронғи ва хиёл сирли хоналар (ҳужралар)да машинкалар чиқиллаб турибди. Рус аёллар ишлаяпти. Институт директори ҳам рус. Шундай қадимий бинога бўлган муносабатдан бироз дилим хира бўлди. Келганингиздан кейин сиз ҳам бирров бориб кўрсангиз бўларди. Мадрасани миллий руҳда қайта таъмирлайдиган мард топилса, қандай яхши бўларди!
Хоним, келарсиз энди. Сафарлар қаригандир?! Сизларни кутиб қолувчи,
Одил.
14 май, 1979 йил.
83
Қарағандадан Тошкентга мактуб
Ассалому алайкум, жаноби олиялари!
Эсон-омон кўзлаган манзилимизга етиб келдик. Қизиқ. Олмаота[2]га келганимизга тўрт кун бўлибди. Бир сатр нарса ёзмабман. Қўлимга қалам олиб биринчи бўлиб сизга мактуб йўлладим. Бутун бир мамлакатни кўрибман, қанчадан-қанча одамлар билан учрашибман, ҳамсуҳбат бўлибман, кўриб-кузатиб юрибман-у, бир сатр нарса ёзмабман. Ёзувчи одам ҳам шунақа бўладими? Узр, хоним. Мана, энди сизга кўрган-кечирганларимни айтиб бераман.
Олмаота. Каттагина шаҳар. Лекин одам тиқилинч эмас. Қандайдир осойишталик, сокинлик бор. Кўчалар тўс-тўполон эмас, тиқилинч эмас. Жудаям тинч, ҳатто қишлоқ кўчаларини эслатадиган кўм-кўк ва осойишта кўчалар бор. Одамлар ҳам Тошкентдагидай асабий ва дағал эмасдай туюлади кишига.
Абдижамил[3]. Уни шерга ўхшатсам ҳам дабдабали, ҳам ноодатий туюлиши мумкин. Лекин унинг юриш-туриши, гапириши, ўзини тутишида кексайиб, аллақандай вазминлашиб, «йиртқичлик» хусусиятларини йўқотган шерга ўхшаш бир нарса бор. Гаплари ширин, ёқимли, жуда осойишта. Бизга жуда меҳрибон. Ажар[4]. Жуда мулойим, ёқимтой, меҳмондўст. Эр-хотин ўртасидаги муносабатлар яхши ҳазил-мутойиба билан йўғрилган. Улар бир-бирини яхши кўриб қолган болаларга ёхуд бир-бирига жуда суяниб қолган сал маъюс ва ёқимтой кексаларга ўхшаб кетади.
Қарағанда[5]. Илк бор кўмир топилганда қайси бир рус савдогари бу ерларни (ҳозир шаҳар қад кўтарган жойларни) 250 сўмга сотиб олган экан. Қадимда бу томонларни Сари арқа дейилган. Боболаримиз савдо ишлари билан келиб-кетиб юрган. Хаёлимизда қандайдир беқиёс кенг, сирли ва жозибали, ўланлар, куйлар, отлар дупури, турнақатор кўчлар, удама ўраган аёллар ва яна ўлан ва қўшиқ билан «йўғрилган» ғаройиб ўлка!..
Қарқарали![6] Болаликда эшитганманми ё китобдан ўқиб, хотирамда қолганми, буни айтолмайман, лекин бу сўз ҳам, «Сари арқа» деган ибора ҳам кўнглимда аллақандай тотли, ёруғ туйғулар уйғотди.
Мана, ўша Қарқарали! Оқ қайин ва қарағай билан қопланган сарғиш-жигарранг чўққилар, кенг даралар, ёймалар. Бир зум кўзингизни юмсангиз эски, болаликдан таниш манзара намоён бўлади: яйловларга тикилган ўтовлар, тутун бурқсийди, қўй-қўзилар маърайди, отлар кишнайди, чинниларнинг майин жиринглари, укки таққан қизил камзулли қизлар чопқиллашиб юради… Йўқ, ҳозир бу манзарани кўриш қийин, бироқ хаёл олиб қочади, қочади-ю, кўнгил ғамга, маъюс туйғуларга тўлади!.. Дарада, булоқ бўйида ўтов, ичкилик, бешбармоқ, яна ичкилик. Ғалати нарса-да одам! Алим деган ёзувчи (мен уни Мухтор оға[7] юбилейида Семипалатинск[8]да кўрган эдим). Унинг Сари арқа тўғрисидаги ҳикояларини эшитганимда ҳожи тоғам тўғрисида (жойлари жаннатда бўлсин!)ги ҳикоялар эсимга тушди.
Хуллас, хоним. Қолган гапларни кейинги хатимда ёзаман. Бу хатларни асраб қўйишни яна бир эслатаман, чунки улардаги ёзувлардан кейинчалик фойдаланишимга тўғри келиши мумкин. Тинч ўтиринглар. Болаларни ўпиб қўйинг. Хайр.
Одил.
Қарағанда. «Космос» меҳмонхонаси.
22 июнь, 1979 йил
[1]Роман – «Диёнат» романи русчага таржимаси назарда тутилган.
[2]Олмаота – Қозоғистон Республикасининг эски пойтахти.
[3]Абдижамил – Абдижамил Нурпеисов – Қозоғистон халқ ёзувчиси.
[4] Ажар – Абдижамил Нурпеисовнинг рафиқаси.
[5] Қарағанда – Қозоғистон Республикасидаги шаҳар.
[6]Қарқарали – Қарағанда шаҳри яқинидаги қишлоқ номи Мухтор Авезов.
[7]Мухтор оға – Қозоғистон халқ ёзувчиси.
[8]Семипаластинск – Қозоғистондаги вилоят маркази.
(Давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ