Канададаги ўзбек адвокати Бахтиёр Шоҳназаров — «Дунё ўзбеклари» меҳмони!
UZ: Бахтиёр Шоҳназаров: “Мустақиллигим ўзимга ёқади”
Сайтимиз меҳмони: Бахтиёр Шоҳназаров — ижтимоий фанлар магистри, адвокат, мустақил журналист, таржимон, мусиқачи.
1986 йили Тошкент Давлат консерваториясини битирган.
1990-92-йилларда Тошкент Давлат шарқшунослик институтида ўқиган.
1992-96-йилларда таҳсилини Туркиянинг Измир шаҳрида давом эттирган.
1996-98-йилларда Ўзбекистон Олий хўжалик судида ишлаган.
1997-2003-йилларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Халқаро” ва “Ёшлар” телеканалларида “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатуви муаллифи ва бошловчиси бўлган.
2004 йили Бирлашган миллатлар ташкилоти Тошкент ваколатхонаси ҳомийлигида ўтказилган республика журналистлари танловида биринчиликни қўлга киритган.
2005 – 2008 йилларда Туркияда яшаб, сўнгра Канадага кўчиб келган.
Ҳозирда Онтарио провинцияси пойтахти Торонто шаҳрида яшаб, лицензияли паралегал (адвокат) ва таржимон сифатида фаолият юритмоқда.
RU: Наш гость: Бахтияр Шахназаров, магистр общественных наук, адвокат, независимый журналист, переводчик, музыкант.
В 1986 году закончил Ташкентскую государственную консерваторию.
В 1990-92 г.г. был студентом Ташкентского государственного института востоковедения.
В 1992-96 г.г. учебу продолжил в г. Измир, Турция.
В 1996-98 г.г. работал в Высшем хозяйственном суде Узбекистана.
В 1997 – 2003 г.г. был автором и ведущим телепередачи «Права и обязанности» на телеканалах «Международный» и «Молодежь» Национальной телерадиокомпании Узбекистана.
В 2004 году получил первую премию на республиканском конкурсе журналистов, проведенным под спонсорством представительства ООН в Ташкенте.
С 2005 по 2008 г.г. жил в Турции, далее переехал в Канаду. В настоящее время живет в г. Торонто, столице провинции Онтарио.
Работает лицензированным паралегалом (адвокатом) и переводчиком.
TR: Konuğumuz: Bahtiyar Şahnazarov, sosyal bilimler masteri, avukat, bağımsız gazeteci, tercüman, müzisyen.
1986’da Taşkent Devlet Konservatuvarı’ndan mezun oldu.
1990 – 1992’de Taşkent Devlet Doğu Dilleri Üniversitesi’nde talebe.
1992 – 1996’da tahsilini İzmir’de sürdürmüştür.
1996 – 1998’de Özbekistan Yüksek Ticaret Mahkemesi’nde çalışmıştır.
1997 – 2003’de Özbekistan Milli Radyo ve Televizyon Kurumu’nun Beynelmilel ve Gençler kanallarındaki Haklar ve Ödevler programının sunuculuğunu yapmıştır.
2004’de Birleimiş Milletler’in Taşkent temsilciliği sponsorluğunda yapılan Özbekistan gazetecilerinin yarışmasında birinsiliği kazanmıştır.
2005 – 2008’de Türkiye’de yaşamış va sonra da Kanada’ya göç etmiştir. Halihazırda Ontario eyaletinin başkente Toronto şehrinde yaşamakta, lisanslı paralegal (avukat) ve tercüman olarak çalışmaktadır.
EN: Our guest: Bakhtier Shakhnazarov, MA, lawyer, paralegal, freelance journalist, interpreter/translator, musician.
In 1986 graduated from Tashkent State Conservatoire.
Fromn 1990 to 1992 studied in Tashkent State University of Oriental Studies.
From 1992 to 1996 studied in Izmir, Turkey.
From 1996 to 1998 worked in the Supreme Economical Court of Uzbekistan.
From 1997 to 2003 was a host and author of the TV show called Rights and Obligations at the International and Youth TV Channels of the Uzbekistan’s TV and Radio National Company.
In 2004 won the first prize in the Uzbekistan’s journalists’ contest held under the sponsorship of the UN representative office in Tashkent.
From 2005 to 2008 lived in Turkey, then moved to Canada. Presently lives in Toronto, the capital of the province of Ontario. Works as a licensed paralegal and interpreter.
* * *
— Агар мумкин бўлса суҳбатимиз аввалида ўқувчиларимизга ўзингиз ва оилангиз ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.
— Мен Андижон вилоятининг Асака шаҳрида кўп болали ҳайдовчи оиласида дунёга келганман. Такси ҳайдовчиси бўлган раҳматли отамни вилоятда кўпчилик танир эди. Гарчи беш синф маълумоти бўлса-да, жуда уқувли, билимга ташна ва тушунган шахс эдилар. 1930-йилларнинг бошларида, мактабда олмон тили дарсида ўқитувчисининг хатоларини топиб тургани учун устози нима қилишини билмай қолар экан. Агар мен алифбони ўрганган пайтдан бошлаб кундалик ўзбек ва рус тилларидаги газета-журналларни ўқий бошлаган бўлсам, бунга айнан отам сабабчидир, чунки у киши ҳар йили “Правда”, “Совет Ўзбекистони”, “За рулём”, “Вокруг свет” каби нашрларга обуна бўлар эди. Бундан ташқари, бошқа оила аъзоларимиз учун манзилимизга “Саодат”, “Гулистон”, “Гулхан”, “Ғунча” журналлари ва “Ленин учқуни” газетаси етказиб берилган. Мен уларнинг ҳаммасини бошидан охиригача катта қизиқиш билан ўқиб чиқардим. Бу эса, ўз навбатида дунёқарашим кенгайишига олиб келган, мусиқа мактабидаги синфдошларим менга “Дом Советов” деб лақаб қўйишига сабаб бўлганди. Агар ёдингизда бўлса, шўро даврида компартиялар ва ижроия қўмиталарига берилган вилоят марказларидаги энг баланд ва кўркам бинолар “Советлар уйи” деб аталарди.
Ёлғиз ўсган отам катта ҳаёт тажрибасига эга бўлиб, оқ билан қорани, адолат билан адолатсизликни жуда яхши ажрим қилиб берардилар.
Маҳаллада бирорта оилада келишмовчилик чиқиб қолса, отамдан маслаҳат олганларига кўп марта гувоҳ бўлганман. Катта-катта йиғилишларда эса ҳеч чекинмасдан камчиликларни ва бунга йўл қўйган бошлиқларни танқид қилардилар. Шу сабаб бўлса керак, “катталар” отамдан ҳайиқишарди.
Отам бир неча марта “Йилнинг социалистик меҳнат ғолиби”, “Авариясиз меҳнати учун” нишонлари билан тақдирланган ва адолатпарвар бўлишига қарамай, ҳеч қачон раҳбарлик лавозимида ишламаган ёки йирик мукофотлар олмаган. Негалигини ҳозир мен жуда яхши идрок қиламан…
Бир ўғил ва бир қизим бор. Қизимни турмушга берганман, ўғлим эса учувчи бўлиш учун коллежда ўқияпти. Асли касби мусиқа ўқитувчиси бўлган турмуш ўртоғим уй бекаси ва яхшигина тикувчи.
— Сиз ўзбек, рус, турк ва инглиз тилларини яхши биласиз. Чет тилларни нима сабаб бўлиб ўргангансиз?
Совет даври мактабларида инглиз тили бешинчи синфдан бошлаб ўқитиларди. Битта акам институтда инглиз тили мутахассислиги бўйича ўқиётганида мен тўртинчи синфда эдим. Инглиз алифбосини акамдан ўрганиб олганман. Мактабда синфдошларимнинг исм-фамилияларини доскага инглизча ёзаётганимни кўрган синф раҳбарим “кейинги йил мактабнинг энг яхши инглиз тили ўқитувчисини синфимизга дарс беришга қўйдираман” деганди. Лекин, бешинчи синфда мени Андижон туманида жойлашган ва янги очилган махсус мусиқа мактаб-интернатига ўқишга бериб юборишди. Бунга эндигина Тошкент Давлат консерваториясини битирган катта акам сабабчи бўлди.
Қишлоқда жойлашгани сабаб, мактабимизда баъзи фанлардан ўқитувчилар етишмасди. Афсуски, инглиз тили ҳам шулар қаторида бўлгани учун, мактабда бу тилни яхши ўзлаштириб ололмадим. Кейинчалик, олий ўқув юртларида ва Туркиядаги тил курсларида бироз ўрганишга ҳаракат қилганман. Ҳатто, 1998 йили машҳур инглиз ёзувчиси Кэтрин Менсфилднинг аёлларнинг руҳий ҳолати ҳақидаги “Бир пиёла чой” номли ажойиб ҳикоясини ўзбек тилига таржима қилганман ва ҳикоя “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ўша йили босилиб чиққан
(асарни шу линкдан ўқишингиз мумкин:
http://bahtiyarshakh.com/ozbekce/foaliyatim.html ).
Турк тилига келсак, 1992 йил апрелида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида талабалар айирбошлаш тўғрисида келишув имзоланган пайт мен Тошкент Давлат шарқшунослик институти талабаси эдим. Қизим эндигина дунёга келганди. Сентябр ойида “Туркияда ўқишни давом эттиришни хоҳловчилар борми?” деб сўрашди. Отамга бу ҳақда айтгандим “Ўғлим, ўқиган одам кам бўлмайди, боравер. Оилангдан ҳеч хавотир олма, ўзим қараб тураман” деб қўллаб-қувватлади. Шундай қилиб, октябр ойида Туркияга парвоз қилган “илк қалдирғочлар” қаторида мен ҳам бор эдим.
Турк қардошларимиз бизни жуда яхши қабул қилишди. Биринчи йил турк тили курсларида ўқидик. Иккинчи йили мен оддий талаба сифатида ўқишни давом эттиришим керак эди. Лекин, олий маълумотли бўлганим учун, Измирдаги “Дўкуз Эйлул” (“Тўққизинчи сентябр”) университетида “жамиятни бошқариш” мутахассислиги бўйича магистратурада таҳсил ола бошладим. Бунинг учун Анқарага бориб, Олий таълим вазирлигидан рухсат олиб келишимга тўғри келди.
1996 йили диплом ишимга аъло баҳо берилиб, докторлик бўйича ўқишни давом эттиришга тавсия қилингандим…
Ўша йили диплом ишимнинг каттагина қисми “Avrasya Etütleri” журналида турк ва инглиз тилларида босилиб чиқди.
— Канадада қачондан бери яшаяпсиз?
— Алҳамдулиллаҳ мусулмонмиз, лекин “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас” деган нақл тўғри бўлса, Туркия ва Канадада яшаб, яна икки марта мусулмон бўлибман. Тақдир тақазоси экан, ёшлигимизда севиб томоша қилган ҳиндулар ҳақидаги “Онтарио бўйидаги саргузаштлар” бадиий филми воқеалари юз берган тупроқларда тўрт йилдан бери яшаб юрибмиз.
Бу ерлар менга ёқади, ҳаммаёқ ям-яшил, одам ўзини худди ўрмонда яшаётгандек ҳис қилади. Торонтонинг узун қиши совуқ ва қорли бўлса, ёзда ҳарорат баъзи кунлари худди она-юртимиздаги каби кўтарилиб кетади. Устига устак, бинолар ичи ёзда салқин, қишда иссиқ бўлади.
Уйда жуда кўп гул-кўчатлар ўстирганим ва иккита ширин-шакар тўтиқуш боққаним учун, қишнинг узоқ давом этиши ҳам билинмайди (шу линкка қаранг: http://www.youtube.com/watch?v=HrdmwFYUoi0 ). Ҳатто, хурмо данагини экиб ўстирганман, ҳозир бўйи икки метрга етай деб қолди.
— Сиз ҳам журналистсиз. Ижодкор одам эса истайдими, йўқми, барибир сиёсат билан шуғулланишга мажбур. Нима учун ўзбек мухолифати бу қадар тарқоқ (шахсий фикрларингиз).
— Мен ўз мустақил фикрига эга бўлган кишиман. Ота мерос мустақиллигим ўзимга ёқади. Бирорта масала юзасидан фикрим юз фоиз тўғри эканлигига далиллар билан амин бўлсамгина, тортишувга қўшиламан. Қаршимдаги киши шунда ҳам ўзи ҳақ эканини иддао қилса, “ўзиз биласиз” деб, тортишувни тўхтатиб қўяман. Баъзиларга ўхшаб, қизишиб, “устимда бир парча латта қолгунча” курашиб ўтирмайман. Чунки, дунёда ҳамма нарса нисбийдир, ҳатто ҳақиқат ҳам. Бугун ҳақиқат бўлиб кўринган нарса, эртага нотўғри бўлиб чиқиши мумкин. Буни қанчалик тез тушуниб олсак, ўзимизга шунчалик тез фойда қилган бўламиз.
Муҳолифат ҳақидаги саволга келсак, жавоб сифатида сизга бир ҳангомани айтиб берай. 1980-йилларнинг бошларида Асакада кўчаларни ковлаш жудаям кўпайиб кетди. Аввалига йўлга асфалт босишади, орадан салгина ўтмай экскаваторлар келиб ковлай бошлайди. Хуллас, бир киши бу масалада “катталардан” бирига шикоят қилиб, “Ўзи Асакада биттагина ковланмаган кўча қолди, холос” дебди. Бошлиқ “қайси кўча?” деб сўраган экан, “айтсам уни ҳам кавлаб қўясизлар, айтмайман” деган экан…
— Бахтиёр, Сиз бир пайтлар Ўзбекистон телевидениясида фаолият олиб бориб, анча ном қозонган эдингиз. Ўша кунларингиз ҳақида ҳам икки оғиз айтиб берсангиз.
— Журналистликка ёшликдан қизиқардим. Илк мақолам 1976 йили “Ленин учқуни”да чиққан. 1977 йили мусиқа мактаби ансамбли ва халқ чолғу асбоблари оркестри таркибида биринчи марта телевидениега чиқиб, концертда ижро этганман.
Мен учун сеҳрли олам бўлган телевидениега қизиқишим шунчалик кучли эди-ки, 1985 йили фақат телекамера қаршисида ўтириш имконига эга бўлиш учунгина дикторлар танловига қатнашганман.
Туркияда таҳсил олган даврим бу мамлакатда хусусий телевидениелар очилиши ва ривожланиши даврига тўғри келди. Долзарб мавзулардаги кўрсатувларни диққат-ла томоша қилар, бошловчилар ўзини қандай тутиши ва саволларни қандай қилиб “кўндаланг” қўйишини мароқ билан кузатардим.
Ўзбекистонга қайтгач, туркча телеминиатюраларни ўзбекчага таржима қилиб, Ўзбекистон телевидениесидаги “Спектаклдан сўнг” кўрсатуви бошловчисига олиб борганимда жудаям ёқтиришган.
1997 йил баҳори ва ёзида ушбу кўрсатувга икки марта қатнашиб, дубляжда ўзим овоз берганимдан кейин (қаранг:
http://www.youtube.com/watch?v=xrqZZV4stGk ) Халқаро 4-канал раҳбарияти назарига тушибман.
Июл ойида Асрор Аброрхўжаев мени хонасига таклиф қилиб, “Сиз телевидениени яхши тушунар экансиз, Олий хўжалик судида ишлар экансиз, “Ҳуррият”да чиққан мақолаларингизни ҳам ўқиганман” деб “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатувига муаллиф ва бошловчи бўлишни таклиф қилди. Орадан тўрт кун ўтиб, илк кўрсатувимни тасвирга тушириш учун камера қаршисига ўтганман…
Президентнинг аҳоли ҳуқуқий онгини ошириш тўғрисидаги фармони талабларига жавоб берадиган кўрсатувим тез орада халқ оғзига тушди.
Улар ҳақида кўп гапириб ўтирмайман, чунки аксариятини youtube.com сайтига қўйганман. Қизиққан муштарий ва ихлосмандларим ўша сайтга кириб, қидириш қутисига bahti63 деб ёзишса, Канадада тасвирга олинган турли-туман ўзига хос видеолавҳаларимни ҳам томоша қилишлари мумкин.
— Нега телевидениедан кетдингиз? Кейин нималар билан машғул бўлдингиз?
— Телевидение штатига кириш жудаям қийин иш. Мени ҳеч штатга олишмади. Анча таниқли бўлганимдан кейин ҳам ҳар уч ойда бир телевидениега кириш рухсатномасини янгилатишим керак эди.
1990-йилларда ва 2000-йиллар бошларида тайёрлаган кўрсатувларим мавзуси ва қатнашувчиларни ўзим танлардим. Фақатгина ҳамкорлигимнинг сўнгги йилларида бу нарса қаттиқ назорат остига олинди.
Кўрсатув жуда оммабоп бўлиб кетгач, мамлакат президентидан ҳам долзарб ҳуқуқий мавзуларда интервью олмоқчи бўлганман, бироқ телевидение раҳбарлари нимагадир ҳеч рози бўлишмаган.
Мен халқ билиши керак деб ҳисоблаган айрим гаплар “кесиб ташланганида” аччиқ қилиб, телевидениени уч марта ташлаб кетганман.
Орадан бир муддат вақт ўтиб, менга раҳбарият телефон қилар ва “кейинги ҳафтага кўрсатув қўйилди, съёмкага келинг” деб, ўзлари яна чақиришарди.
Лекин, 2003 йил феврал ойида инсон ҳуқуқлари бузилишига оид кўрсатувим эфирга узатилгандан кейин менга съёмка бермай қўйишганида “Ёшлар телеканали”даги фаолиятим тугагани аён бўлди (мисол учун қаранг: http://www.youtube.com/watch?v=I57hQyPeMKU ).
“Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатувига муаллифлик ҳуқуқини ўз номимга ҳужжатлаштириб қўйгандим. Бир муддат ўтиб, кўрсатувимни бошқа бошловчи олиб борганини билгач, раҳбариятга кўрсатув номини қўлламасликлари кераклигини билдиргандим, номини “Ёшлар ва ҳуқуқ” деб ўзгартиришга мажбур бўлишди…
Кейинчалик “Ўзбекистон” телеканали менга айрим мавзуларда лавҳалар тайёрлатган бўлса-да, улар ҳам тез орада ҳамкорликни тўхтатишди. У пайтлар юридик институтни битириб, адвокат сифатида фаолият юритаётган “Интерньюс” халқаро ташкилоти билан сўз эркинлиги ва журналистларни ҳимоя қилиш лойиҳалари бўйича ҳамкорлик қилаётгандим. 2005 йил июн ойида Туркияга кетгунга қадар шу соҳаларда фаолиятимни давом эттирдим.
— Матбуотдан Сизнинг “Туркия ўзбеклари” номли китобингиз ҳақида хабар ўқиганман. Шу ҳақда ҳам икки оғиз гапириб берсангиз.
— Китобни олти ой каби қисқа муддат ичида ҳам ёзиб, ҳам нашр қилдиришга муваффақ бўлганман. Туркия ўзбеклари Истанбул ва Аданада ўз жамиятларига эга бўлиб, жамиятлар ўзбек тили ва маданиятини сақлаш, ўзаро ёрдамлашишни таъминлаш мақсадида ташкил қилинган.
Хориждаги миллатдошларимиз қандай ҳаёт кечириши, улар қандай қилиб ватанимизни тарк этишгани ҳақида Ўзбекистонда бирорта жиддий тадқиқот қилинганини эшитмагандим. 2007-2008-йилларда ferghana.ru веб-сайтининг Туркиядаги мухбири эдим. Сайт соҳиби Даниил Кисловга ўзбеклар ҳаётини ёритувчи туркум мақолалар тайёрлаш фикрини айтиб, бунинг учун бир неча шаҳарга сафар қилишимга тўғри келиши ва харажатлар бўлишини билдирдим. Даниил харажатларни қоплашини айтгач, 2008 йил март-апрель ойларида Истанбул, Адана ва Ҳатайга саёҳат қилиб, у ерлардаги ўзбеклар билан учрашдим.
Тўплаган материалларимнинг бир қисми “ferghana.ru”да эълон қилинди.
Қўлимда яна талайгина қизиқарли фактлар бор эди. Шунинг учун, уларни китоб шаклида нашр қилдиришни режалаштирдим. Бу борада Метин Биниш исмли дўстим катта ёрдам қилди. Ялтироқ қоғозда 32 саҳифа рангли расмлардан ташқари 338 бетдан иборат китобим анчагина арзон харажат билан босилди.
Мустақил журналист ўлароқ илмий-оммабоп китоб ёзаркан, тарафсиз бўлишга ва ҳар-хил фикрларни беришга ҳаракат қилдим. Илмий-тадқиқот қилганда бўлган гап-сўзлар айнан берилиши керак. Бироқ, худди шу нарса ўзимга “тўқмоқ” бўлиб қайтиб келди. Китобда интервьюлари берилган Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини қўлловчи кишилар “нега ота юртимиздаги аҳвол ҳақида салбий фикр айтганларни китобга киритдингиз?” деб аччиқ қилишган бўлса, қўллаб-қувватламайдиганлар “нега пахта қўювчиларнинг гапларини ёздиз?” деб зуғум қилишди. Шунда мен мустақил ва тарафсиз бўлиш қанчалик оғирлигини ҳис қилдим…
Хуллас, китоб чиққач, уни танитиш ва тарқатиш ҳам керак эди.
Тўтиқушимга китобнинг номини айтишни ўргатдик
(шу ердан томоша қилинг:
http://bahtiyarshakh.com/ozbekce/video%20ozbekce/index.html ).
Китобни Туркия президенти Абдуллоҳ Гул, бош вазир Ражаб Тоййип Эрдўғанга ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирига совға қилиб юбордим.
Вазирлик кутубхоналарга тарқатиш учун китобимдан 200 тасини сотиб олди.
Агар босиб чиқаришга ҳомий топилгудек бўлса, китобни ўзбек, рус ёки инглиз тилларига ҳам таржима қилиш ниятим бор. Кўп гапириб ўтирмайман – китоб ҳақидаги қисқача маълумотни шу ердан ўқинг:
http://bahtiyarshakh.com/ozbekce/kitob.html .
Дарвоқе, bahtiyarshakh.com номли веб-сайтимда ўқувчилар ўзбек, рус ва турк тилларида фаолиятим ҳақида батафсил маълумот олишлари мумкин.
— Торонтода тузилган ўзбеклар жамияти асосчиларидан бирисиз. Шу ҳақда ҳам айтиб ўтсангиз.
Канадага кўчиб келгач, Туркиядагига ўхшаш жамият тузиш фикрини Фахриддин Худойқуловга айтувдим, “тузмоқчи эдик, лекин айрим масалаларда келишолмадик” деди. Мен “Сиз бу ерда анчадан бери яшаяпсиз, ишлаяпсиз, ташкилий ишлар учун харажатларни қоплай оласиз, ўзбекларни бирлаштириш учун шахсий адоватларни бир четга қўйиб, иш қилишимиз керак” дедим. Анчагача “қандай қилиб тузамиз, номи нима бўлади, кимларни даъват қиламиз, нима ишлар қиламиз?” деган масалаларда фикрлашиб-тортишиб юрдик. Охирида, Торонтодан Ғофур Йўлдошев, Монреалдан Абдувоҳид Ҳайитов ва Эдмонтондан Насрулло Саидовлар билан биргаликда “Канада туркистонликлар конгресси” нодавлат-нотижорат ташкилотига асос солдик…
— Бу ердаги аксар давраларда Сизнинг гоҳ аккордеон, гоҳ синтезатор ва гоҳо доира чалиб қўшиқ хиргойи қилишингизни кўрдик. Айтиш мумкинки, бинойидек овозингиз ҳам бор экан. Санъатга бўлган шунчаки бир меҳрми бу ё туғма истеъдодми?
— Биринчи касбим машшоқлик. 1986 йили Тошкент Давлат консерваториясини «ғижжак» мутахассислиги бўйича битириб, тўрт йил мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаганман. Шерали Жўраев, Дадахон Ҳасанов, Юлдуз Усмонова, Хайрулла Лутфуллаев, Замира Суюнова, Нуриддан Ҳайдаров (марҳум) каби кўплаб машҳур хонандаларнинг ёнида туриб, соз чалганман, тўйларда хизматда бўлганман. Измирдаги маҳаллий телевидениеда Наврўз байрамига бағишланган кўрсатувда ашула айтганман.
Канадада ҳам машҳур ва хушовоз хонанда Баҳром Эгамбердиев билан бирга турли тадбирларда хизмат қилаяпмиз. Доирада Ашур Мамедов, удда Абдурашид Отажонов жўр бўлишаётганди. Куни-кеча ўзбекистонликлар учун уюштирилган ифтор кечасида ҳам ўз санъатимизни намойиш қилдик
(қаранг: http://www.youtube.com/watch?v=MvpyxZjfWDQ ).
— Ўзбекистонни тарк этганингизга ҳеч афсус чекканмисиз?
— Ўзбекистондан четда яшаётганлар оз эмас. Миллионлаб ватандошларимиз жаҳоннинг турли мамлакатларида яшаб, меҳнат қилишяпти, меҳнат муҳожирлари оилаларига пул жўнатишяпти. Ҳозир глобаллашган дунёда яшаяпмиз, қўпол қилиб айтганда «қорин тўйган жой» иккинчи ватан бўлиб қолаяпти.
Ўзбекистонда мен иқтисодий жиҳатдан қийналган эмасман. Туркияга йўл олар экан, мақсадим ўғлимни лицейга жойлаштириб келиш эди. Бироқ, бир томондан она-ватандаги ечими менга боғлиқ бўлмаган айрим муаммолар, иккинчи томондан эса Туркияда ўзимга иш таклиф қилиниши туфайли қардош ўлкада қолиб кетдик.
Албатта, бир кун келиб ватанга қайтиб борамиз.
Жўғрофияга қизиқишим катта бўлгани учун, Канада қандай ўлка эканини жуда яхши билардим. Қолаверса, бу ернинг маҳаллий аҳолиси бўлган қизилтанлиларнинг айрим қабилалари турк аслли, яъни ўзимиздан.
Маълумки, Сибирдан келиб чиққан турк халқларининг бир қисми шарққий йўналишда кўчиб, музлаган Беринг бўғози орқали Америка қитъасига ўтишган ва бутун шимолий ва жанубий Америка бўйлаб тарқалиб кетишган.
Шунинг учун, уларнинг кўпчилиги ҳам кўриниши, ҳам рўзғорда ишлатадиган буюмлари, ҳам безаклари-ю сўзи томонидан бизга жуда ўхшашади.
Масалан, Онтарио провинциясида бир дарё номи «Келсу» бўлса, Торонтода «Атабаска» (от, ота, бош, бошқа) кўчаси бор.
Мексикада ҳиндуларга оид олтиндан безатилган бир ибодатхона номи «Алтин» экани ҳақида ўқиганимда хайратга тушгандим.
«Торонто» сўзи ўзбекча «тўра» ва «ота» сўзларидан ясалган бўлса, Канада пойтахти Оттава номи «от-арава» сўзларидан келиб чиққан, «Ниагара» шаршараси эса Нигора исмли ўзбек гўзали шарафига қўйилган (буёғи ҳазил
(қаранг: http://www.youtube.com/watch?v=uWz9xDEmjgM ).
— Бахтиёр, Сиз тиниб тинчимас, ўз устида ҳамиша ишлайдиган одам сифатида таассурот қолдиргансиз менда. Яқиндан бошлаб Сиз Канада қоидаларига амал қилиб, ҳуқуқшунослик фаолиятини бошлаганингизни биламан. Шу ҳақда энди “Дунё ўзбеклари”ни ҳам хабардор қилсак дегандим.
— Канадага келгач, энг катта орзуларимдан бири бўлган инглиз тилини батафсил ўрганишни ўз олдимга асосий мақсад қилиб қўйдим. Аввалига, катталар учун тил ўрганиш мактабига бордим, лекин у ердаги таълимга қаноат қилмай, коллеждаги курсга ёзилишга муваффақ бўлдим.
Ўзбекистон ва Канадада қўлланиладиган ҳуқуқ тизими бир-биридан фарқ қилгани учун адвокатлик соҳаси бўйича ишлаш ҳуқуқига эга бўлиш деярли имконсиз эди.
Онтарио провинциясида паралегал (юрист) касби бор. Агар АҚШда паралегаллар фақат адвокатларга ёрдамчи-котиб сифатида ишлашса, Онтарио паралегаллари мустақил фаолият юритиш ва ўз вакилларини судда ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Яъни, ўрта маълумотли юрист дейиш мумкин уларни. Шу томони жозиб келиб, коллежда паралегал мутахассислиги бўйича ўқишга қарор қилдим.
Юрист дипломига эга бўлганим учун, бир йиллик қисқартирилган дастурга қабул қилиндим. Ўқишни битиргач, лицензия олиш учун жуда жиддий синовга кирдим.
Синовдан муваффақиятли ўтганим учун мен Онтарио Адвокатлар ассоцияциясига аъзоликка қабул қилиндим ва паралегал сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини қўлга киритдим.
Мижозларимга асосан иммиграция, Канадага ҳомий сифатида яқинларини келтириш, 25 минг долларгача бўлган даъволар, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар, иш жойида тан жароҳати олиш, инсон ҳуқуқлари бузилиши каби масалаларда ўзбек, турк, рус ва инглиз тилларида хизмат кўрсатаяпман.
Худога шукр, яқинда иш бошлаган бўлишимга қарамай, мижозларим етарли.
Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилган тилларга тиллардан малакали таржималарни ҳам амалга ошираман. Канада иммиграция ва қочқинлар комиссияси томонидан таржимон сифатида аккредитация қилинганим учун мен қилган таржималар малакатнинг ҳамма ҳудудида барча давлат идоралари томонидан қабул қилинади.
Бир қанча маҳаллий газеталарда паралегал ва таржимон ўлароқ рекламамни бердим. Бундан ташқари, yuotube.com га қўядиган видео лавҳаларимга ҳам рекламаларимни жойлаштираяпман
(қаранг: http://www.youtube.com/watch?v=f5FHiWGeVZs).
— Келгусидаги орзуларингиз ва сайтимиз ўқувчиларига тилакларингиз…
— Адвокат сифатида судларга кираяпман, бир томонимда прокурор, қаршимда эса судья туради. Тарафлар тенг процессуал ҳуқуқларга эга.
Қонун-қоидаларга амал қилган ҳолда гапирасиз, савол сўрайсиз, прокурорга эътироз билдирасиз, худди кинолардаги каби!
Шундай шароитда ишлашни орзу қилгандим, орзумга эришдим. Яна талайгина эзгу орзу-умидларим ҳам бор.
Дунёнинг қайси кўшасида бўлишидан қатъи назар, муштарийларимизга муборак Рамазон ойида қут-барокат, ишларига ривож, сабр-қаноат, оилавий ҳаётларида эса бахт тилайман…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Omad. Bir narsa esimga tushib ketdi, bundan 18 yillar muqaddam bir yiginda qatnashgan edim, shunda o’sha paytdagi yapon elchisi «halqlarimizning yaqinligi bor, masalan Asaka shaxrining nomi Osakodan olingan bo’lishi mumkin» deb aytgan edi.