Бердиёр ЖУМАЕВ: Қариндошлараро никоҳ – ирсий ва наслий чоҳ
Бердиёр ЖУМАЕВ
Қариндошлараро никоҳ – ирсий ва наслий чоҳ
Айнимаса аслимиз — бузилмагай наслимиз…
— I —
Маълум-ки, кейинги пайтларда оилаларнинг мустаҳкамлиги ҳамда бўлғуси авлодларнинг соғломлиги борасида анча — мунча чора — тадбирлар кўрилмоқда. Аммо ҳанузгача ўзбекларимиз орасида қариндошларнинг ўзаро оила қуришлари (қаерлардадир озроқ, қаерлардадир нисбатан кўпроқ) сингари жиддий қусурга йўл қўйилаётганлиги ҳам сир эмас.
Очиғини айтмоқ даркор: қариндошлар ўртасидаги никоҳларга барҳам берилмас экан, биз тўла маънодаги соғлом авлод тўғрисида орзу қилиб ўтирмасак ҳам бўлади. Аксарият ҳолларда, ўзиникини бегона қилмаслик баҳонасида ёки сарф — харажатлардан қочиб ёхуд ишнинг осонроқ битишини кўзлаб ёинки иложсизлик — чорасизлик туфайли қуриладиган бундай оилаларда, кўпинча жисмоний ё руҳий ногирон болалар туғилиши, оқибатда эса, бора — бора насл — насабнинг бузилиб кетиши эса, аччиқ ҳаққониятдир.
Мана шундай никоҳлар оқибатида дунёга келадиган майиб — мажруҳ фарзандларни тарбиялаётган ота — оналарнинг азоблари эса, бир умрликдир ва улар оламдан ўтиб кетганларидан сўнг ҳам, бундай уқубатлар болаларининг ҳаётида давом этади. Бунга гувоҳ бўлиш учун узоқларга бориб юриш шарт эмас: ҳар қандайин манзилимизда шундайларга дуч келамиз.
Тўғри, баъзилар эътироз билдиришлари мумкин: шундай оилалар ҳам дуппа — дуруст яшаб юришибди-ку, фарзандлариям кўринишидан соғлом, деб. Бироқ бундай нуқслар ҳозирги авлодда бўлмаса, навбатдагиларида ўзини, албатта намоён этиши тиббий жиҳатдан далиллангандир.
— II —
Таъкидламоқ даркор-ки, деярли барча замонларда ва эътиқодларда, жумладан, ислом динимизда ҳам қариндошларнинг ўзаро қиз олиб — қиз беришлари тақиқланган ва чекланган. Масалан, Қуръони Каримда ушбу хусусда айтилади-ки: “Ҳаром қилинди сизларга (ўз) оналарингиз ва қизларингиз ва аммаларингиз ва холаларингиз ва биродарларингиз қизлари ва сингилларингиз қизлари ва сизларни эмизган оналарингиз (яъни энагаларингиз) ва эмишган сингилларингиз ва хотинларингиз оналари ва сизлар билан бирга ётган хотинларингизнинг қўл остингизда парвариш топаётган қизлари (яъни ўгай қизларингиз)… ва, шунингдек, ўз пуштларингиздан бўлган ўғилларингиз хотинларига уйланмоқларингиз ва икки сингилни (опа — сингилни) бир никоҳда жамъ қилмоқларингиз ҳам сизларга ҳаром қилинди…” (“Ан — нисо” сураси, 32 — оят).
Буюк муҳаддис бобомиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн — Исмоил ал — Бухорий ўзининг “Ал — жомиъ ас — саҳиҳ” асарининг “Қайси аёлларга уйланмоқ ҳалол ва қайси аёлларга уйланмоқ ҳаромдур?” сарлавҳали бобида саҳобаларнинг улуғларидан бири – Ибн Аббосдан “Насабдош аёллардан етти навъига (она, қиз, сингил, амма, хола, биродарлар қизи, сингиллар қизи) ва эмишганлардан етти навъига (эмизган энага, эмишган сингил, қайнона, ўгай қиз, келин, қайнсингил, келинойи) уйланмоқ ҳаромдур” деган ҳадисни келтиради ва шундан сўнг, унинг биз юқорида келтирган оятни қироат қилганини айтади.
Яна Ибн Аббоснинг уқтиришича, ўғилларнинг болаларининг хотинлари ҳам ўғилларнинг хотинлари каби бўлиб, уйланмоққа ҳаромдур. Ўгай қиз, агар ўгай отанинг қўл остида парвариш топмаётган бўлса ҳам, ўгай отанинг унга уйланмоғи ҳаромдур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзининг ўгай қизларини уларни боқишни зиммаларига олган кишиларга никоҳлаб берганлар. Ул зот шундай қизларининг қизлариниям “қизим” дея атаганлар.
Юқоридаги манбанинг “Аёл ўз аммаси устига никоҳланмайди” бобида таъкидланади-ки: “Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг ўз аммаси ёки холасининг устига никоҳланмоғини манъ қилдилар”. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл на аммаси ва на холаси билан бир никоҳга жамъ қилинмайди” дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу яна ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлни ўз аммаси устига ҳам, холаси устига ҳам никоҳланмоқдан қайтардилар. Биз аёлнинг холасини аммаси мақомида, деб билурмиз. Чунки Ойша онамиз: “Насаб жиҳатидан тақиқланганлари каби, эмишганлик жиҳатидан ҳам тақиқлангандурлар” деб айтганлар”.
Тағин бир улуғ ҳадисшунос аждодимиз Абу Исо Термизий ўзининг “Саҳиҳи Термизий” номли танланган ҳадислар китобида: “Али ибн Абу Толибнинг ривоят қилиши-ча, ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: Оллоҳ таоло разоъ (сут эмишиш) билан насабдан ҳаром қилганидек (яъни сут эмишганлар ва насабдошлар ўртасидаги) никоҳни ҳаром қилди”. Шунга асосан, шариат ҳукми бўйича, агар бир неча гўдак бир онадан сут эмишган бўлсалар, улар опа — сингил ва ака — ука саналадилар. Шундай экан, бунақа муносабатдагилар балоғатга етишгач, уларнинг бир — бирларига никоҳланишлари ҳаромдир.
— III —
Даҳо мутафаккирларимизнинг муносиб намояндаси Абдурауф Фитрат миллатимизнинг ўтган юз йиллик ибтидосидаги аҳволини Бухоро аҳли мисолида кўрсатиб, халқимизнинг ўша пайтлардаги саломатлиги ўта ночор бўлганлиги ва турли оғир — бедаво хасталикларга чалинганлигини надомат билан қайд этади. Илло, айни мубталоликлар-у нотавонликларнинг илдизлари ҳам, хусусан, биз ҳозир муҳокама этаётган муаммоларга бориб тақалганлиги надомат билан таъкидланади.
* * *
ХХ асрнинг улкан ижодкорлари Чингиз Айтматов билан Мухтор Шохонов ўзлари ҳаммуаллифликда ёзган “Чўққида қолган овчининг оҳи — зори (Аср охирида айтилган истиғфор)” асарида қариндошлараро никоҳларнинг турган — битгани фожиа эканлигини ҳар томонлама исботлаб берганлар. Айни ўринда, уларнинг ушбу хусусдаги мулоқотларидан бир парча келтириш (гарчи каттароқ бўлса-да) мақсадга мувофиқ ҳамда барчамизга сабоқ бўларли, деб ўйлайман:
“АЙТМАТОВ: — …Мен ҳозир ҳам “етти отани билиш керак” деган удумни эъзозлайман. Айтмоқчи, еттинчи авлодгача бўлган қариндош — уруғларнинг қони бир хил таркибда эканини табобат илми исботлаб берган. Агар, ўз авлодини яхши билмайдиган йигит қондоши бўлмиш қизга уйланиб қўйса, авлоди бузилиб кетиши мумкин. Шундай қилиб, мол боқиб — матал тўқиб юрган донишманд чолларимиз моҳиятга етиб борганлар…
ШОХОНОВ: — Бир куни Жамбил вилоятидан келган йигит каминани излаб топди. Маълум бўлишича, Алматидаги институтлардан бирида укаси таҳсил кўрар экан.
– Қариндошимизнинг битта қизи бор. Укам иккови бир — бирини севиб қолишибди. “Шу қизга уйланаман, вассалом! Агар тўсқинлик қилсаларинг ўзимни — ўзим ўлдираман!” деяпти укам. Ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмаяпти. Биз яхшиликча уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлдик. Ялиниб — ёлвордик, дўқ — пўписа қилдик. Лекин фойдаси бўлмади. Ниҳоят, маслаҳатни бир жойга қўйиб, сизга мурожаат қилишга келишдик. Агар укам энди бировнинг гапига юрадиган бўлса, фақат сизнинг сазангизни ўлдирмайди. Чунки шеърларингизни, достонларингизни ёддан билади, чин мухлисингиз. Ўтиниб сўраймиз, укамни бу йўлдан қайтариб беринг ёки унга икки қатор хат ёзиб беринг, бошқа иложимиз қолмади, – деди йигит хўрсиниб. Бу воқеани эшитиб, бошим қотиб қолди… Бир томондан қаралса, ёшлар бир — бирига меҳр қўйганлар. Бошқа тарафдан қаралса, эскилардан қолган гап бор: етти авлодгача қариндош бўлган биродарлар бир — бири билан қуда — анда бўлмаслиги керак… Хуллас, тасодифий меҳмонимга қандай жавоб қайтаришни ҳам билмай қолдим.
… Сир эмас, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ натижасида майиб — мажруҳ фарзандлар бино бўлади ва охир — оқибатда халқ қирилиб битади. Ота — боболаримизнинг тажрибалари натижасида қарор топган “етти ота” удуми бизнинг онгимизга бузиб бўлмайдиган одоб — ахлоқ сифатида сингиб кетган”.
— IV —
Бизнинг юқоридаги ўзаро фикр алмашинувни батафсил келтиришдан мақсадимиз: ўзаро наслий яқин кишиларнинг оила қуришлари қардош халқларимизда қандай қораланишини ҳамда уларнинг бу борада аждодлар қонунига изчил амал қилишларини кўрсатмоқ ва қозоқ ҳамда қирғиз дўстларимизнинг ушбу ибратларидан намуна олишга ундамоқ, чорламоқ, даъват этмоқдир.
Муҳокамамиз мавзуси тўғрисида ўйлаганингиз сари, кўпгина саволлар безовта қилаверади. Наҳотки, бизларга аждодларимизнинг қариндошлараро никоҳларни қораловчи ва тақиқловчи минглаб йиллик удумлари, дин ҳамда давлатнинг мазкур ҳолатга зиддий ҳамда салбий муносабатлари, қолаверса, бундай оилаларда туғилган ва ота — оналар учун ҳам, жамият учун ҳам ниҳоятда оғриқли фожиа – ногирон, майиб — мажруҳ болаларнинг аянч қисматлари сабоқ бўла олмайди?!
Юқорида келтирилган далил — исботларимиздан ҳам аён-ки, қариндош — уруғлар ўртасида қуда — андачилик азалий уфларимизга кўра ҳам, эътиқодий шароитларимизга, қолаверса, замонавий қонун — қоидаларга биноан ҳам мутлақо мумкин эмасдир. Бундай номақбул йўл тутиш – кўра — била туриб, ўз илдизига болта уришдан ёинки халқнинг ирсиятини айнитиб, уни фалокат ва ҳалокат чоҳига элтишдан бошқа нарса эмас. Демак-ки, бундан буёғига айни ҳартарафлама ножоиз никоҳларнинг давом этишига йўл қўймайлик, ушбу аччиқ ҳақиқатлардан тегишли хулосалар чиқарайлик, азизлар!
* * *
Мен сўзим интиҳосида яхши ният билан ўзбегимнинг ўзим орзу қилган оиласи ҳақидаги шеъримни келтирмоқчиман:
Замин узра ҳаёт бор-ки, олам-у одам,
Оилада камол топган — вояга етган.
Иброҳимдек, Муҳаммаддек пайғамбарлар ҳам,
Бу гўшага ўзларини бахшида этган.
Оила, бу — мамлакатда кичик мамлакат,
Давлат ичра давлат эрур, Ватанда — ватан.
Ерни тутиб турганлиги айни ҳақиқат,
Жамият ҳам, тузум ҳам йўқ — у бўлмас экан.
Жалолиддин, Темур, Бобур, Навоий… каби,
Буюкларга — улуғларга бешик оила.
Мулки Турон шуҳратини ёйиш матлаби,
Маданият — илм-у фанга эшик оила.
Ахлоқ ҳам одобда жумла жаҳонга ибрат,
Ўзбегимнинг оиласи мангу бор бўлсин!
Қучоғида яйраб — яшнаб ўссин кўп фарзанд,
Бағри бахт — саодат, қут — баракага тўлсин!
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Aka uka bilan yoki uka aka bilan quda bo’lishganini ko’pini ko’rganman.Ularning zurriyodlarining barchasi so’g’lom tugilishgan.Men aka singil bilan,uka opasi bilan,singlisi opasi bilan quda bo’lganlarini ko’rganman,bularning zurriyotlari kasalmand yoki nogironlar tug’ilganlarining guvohi bo’lganman.Menimcha aka uka bilan yoki uka aka bilan quda bo’lsa bo’ladi degan to’xtamga kelganman(bu mening shaxsiy fikrim)..