Тут гуллаган пайт. Рауф Парфи билан суҳбат
Биз – Одам Ато, Момо Ҳаво зурёдлари қувилган жаннатимизга қайтиш йўлини излаймиз.
Яратган ҳаммамизни бир манзилда кутади. Лекин қайтгувчиларнинг йўллари бетакрор. Йўллар кесишади, бир-бирига ўхшайди, қайсинисидир бошқасини такрорлаётгандек туюлади. Дунёга қанча Одам насли келиб-кетса, шунча йўл бўлаверади. Инсоннинг инсонлиги, Эгасининг қудрати шунда ҳам намоён.
Банданинг адашишга мойиллиги Тангрига аён эди. Шу сабабли У ҳодийлар, пайғамбарлар юборди. Йўл-йўриқ кўрсатувчи муқаддас битиклар берди. Шариат жорий бўлди. Жорий йўллардан карвонлар тинимсиз кетмоқда…
Одам пою пиёда ёки уловини карвонга тиркаб Сарбон элтган манзилга таваккал билан бориши ҳам мумкин. Йўлчи қоқилиб ё кўз бир илиниб карвондан қолиб кетиш хавфи ҳам йўқ эмас. Бу қадим йўлда cарбони адашган карвонлар ҳам қанча?!
Тангри манзилини кўзлаб йўлга ёлғиз чиққанлар ҳам кўп. Санъаткор шу тоифага киради.
Санъат – инсоннинг ўз-ўзини англаш йўлидаги билим, кечинма, хулосаларнинг тимсолий ифодаси. Ўзликни топиш – манзилга етишдир. Санъаткор карвонга қўшилиши, карвон жиловини қўлга олиш ёинки уни ташлаб, дашту биёбонларда янги йўл излаб кетиши ҳам мумкин.
Карвон аҳлига санъаткорнинг хатти-ҳаракатлари саркашликдек, ҳатто даҳрийликдай кўриниши табиий. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бировни айблашга, ҳукм чиқаришга шошмаслик керак. Яратганнинг Ўзи билади.
Шоир Рауф Парфи билан суҳбатимиз Санъатнинг азал-абад мавзуси – ҳаёт ва ўлим, яшашдан мақсад, Санъатнинг туб моҳияти, ҳаётдаги ўрни, вазифаси ва санъаткор шахсининг руҳий изланишлари хусусида кечди.
Рауф Парфи: – Мен қоровулман. Бировнинг нарсаларини қўрияпман. Аслида ҳамма қоровул. Фарқи нима, ўзингникини қўриқлайсанми, бировникини, барибир, ташлаб кетасан.
Шомирза Турдимов: – Одамнинг йиққан-тергани эшиккача – фарзанд, қавму қариндош, дўсти ёри қабргача кузатиб қоларкан. Ўзи билан кетадигани руҳий бойлиги дейишади! Биз бугун кимгадир бошқача яшаётганга ўхшамаймизми?!
Р. П.: – Биз ўйлаймиз, гўё оила, жамият, давлат учун яшаяпмиз. Гўё сиз бормасангиз иш тўхтаб қоладигандай. Биз шу фикрга эркимизни боғлаб қўйганмиз. Сиз ўзингизни жамиятнинг винтиман, деб ҳисоблайсиз. Бу айёр ақлнинг хулосалари, оқил ақлнинг эмас. Ақл Оллоҳни танишдан чалғиса, бу – айёрлик. Оқил деб Оллоҳни билганга айтилган. Оллоҳни таниган нарсаларга боғланиб қолмайди. Оллоҳни таниган қоровул эмас. У – Инсон. У фикрлайдиган, ўзлигини излаётган инсон. Фикрлайдиган инсон уйдами, йўлдами, ишдами, қамоқдами, барибир, Ўзини англаш учун ўйлайверади. Уни тақиқлаб бўлмайди. Унинг ичи бутун бўлади. Балки кўнглини бировга очмас. Айтишга тили камбағалдир. Ифода тимсол топмас. Лекин гапирса, ҳеч қачон ёлғон гапирмайди.
Ш. Т.: – Ёлғон нима?
Р. П.: – Ёлғон тузатиб бўлмайдиган катта қаср. Шайтон унга қулф уриб, калитини кўлга отиб юборган. Ҳаммадан кулиб, фикрлаётган одамнинг ожиз жойларидан фойдаланиб йўлдан ураяпти бу – шайтон! Айтишади-ку, одамнинг бир елкасида Раҳмон, бирида шайтон бор, деб. Нимагадир кўпинча шайтоннинг оти ўзиб кетади. Шайтоннинг қавми кўпга ўхшайди. Қандайдир бир вақт келиб имон ғолиб келар, шунда одамлар бошқача фикрлай бошлайди. Бировни биров босиб кетмайди. Қараса, одам – ўзининг қавми келаяпти. Тўхтайди. Шайтон хуруж қилганда одам одамни поймол қилади. Шайтонда чексиз имкониятлар бор. Бу ҳам Оллоҳнинг иши. Зулми эмас! Бу – синов. Синовдан бу оломон ўтадими? Оломонлигича қоладими? Гап шу ерда.
Ш. Т.: – Инсоннинг имконида нима бор?
Р. П.: – Ер юзи миллион йил аввал пайдо бўлган бўлса, ҳали миллион йил яшайди. Оллоҳнинг инсонга берган “сир”и бор. Аслида инсон ёвуз бўлмаслиги керак эди. Маълум, туширилган қонун-қоидалар бор эди. Бузилмаслиги керак эди. Лекин ёвузлик биринчи рутбага кўтарилди. Ёвузлик ҳамманинг устидан ҳукмронлик қила бошлади. “Сир” синди. Яъни, инсон тама билан яшаб, тирикчилик бандасига айланди. Лекин “сир”ни сақлаганлар ҳам бор. Санъат ҳам ана шу сирда намоён. Шунинг учун ҳам тама бор жойда санъат ўлади. Санъаткор “бир нарса қилсам, бир нарса бўлади” дедими, “сир” йўқ – санъат йўқ!
Ш. Т.: – Санъатнинг вазифаси нимадан иборат, ўзи?
Р. П.: – Санъатнинг вазифаси ўлимни англатиш. Шакли қандай бўлишидан қатъи назар.
Ш. Т.: – Ўлим-чи?
Р. П.: – Ўлим – бу санъат.
Ш. Т.: – Яхши силлогизм. Келинг, атайлаб жўнлаштирайлик.
Р. П.: – Умуман, нечта санъат асари кўрган бўлсам, эсимда қолгани ўлимни эслатадиганлари. Тушунган, англаган инсонлар фожиа билан яшайди. Агарда шаккоклик бўлмаса, Фожиа инсон билан бирга туғилган, аниқ нарса. Инсон ўлим билан бирга юради. У ўлимини кўтариб юришга маҳкум. Инсон ўлимини кўтариб юради.
Ш. Т.: – Ўлим фожиами?
Р. П.: – Ўлим фожиа эмас. Ўлимни кўтариб юрган одам тирикчилик қилолмайди. Шунинг учун хиёнат қилолмайди. Фожиа ёлғон билан тўқнашилганда бошланади. Мана бу фожиа!
Ш. Т.: – Янаям аниқлаштирсак-чи?
Р. П.: – Ўлим! Оғир! Гўзал! Санъаткор билади! Таъмагир билмайди. У ёлғонлар қасрида яшайди. У ўлмайдигандек. Ўлимни билган, эртага ўладиган одам ёлғон гапирмайди.
Ш. Т.: – Ҳақиқат ўлаётган одамга нега керак?
Р. П.: – Инсон ҳаракатдан иборат. Ўлаётган одам “сир”га яқин келади. “Сир” аслида ҳар бир инсонда бор. Бояям айтдим. Инсоннинг сири очилса, Оллоҳ билан муносабати узилади. Мен фалон нарсани англадим, билдим, деса – шу онда Оллоҳ билан узилади. Оллоҳ бундай кишиларни кечирмайди. Бундай кишилар ўзларига бино қўйган, тўн бичган одамлар бўлади.
Ш. Т.: – Санъат ва ўлимнинг “сир”га тааллуқли жиҳатига ўтсак.
Р. П.: – Ўлим санъат дегани шуки, санъат ўлимни англаш учун керак. Навоий, Шекспир, Шиллер, Чўлпон бари… Улар бизга ўлимни англашимизга ёрдам беради. Бу ёзувчилар асарларининг, умуман, санъатнинг қайси туридан қатъи назар, барчасининг аксида турадигани – ўлим. Ўлим билан инсонни поклаш. Шунинг учун трагедия дейди.
Ўлаётган одам ҳаётни қаттиқ билади. Севади. Биз жаҳон адабиётида нечта асар ўқиган бўлсак, энг гўзал асарлар ўлим ҳақидаги асарлар. Ҳаёт ҳақидаги асарлар ўйинчоқ.
Ш. Т.: – Сизнинг “сир” ҳақидаги гапларингиз тариқат кишиларининг “йўл”ига тўғри келадими ёки одамнинг ўз тасаввурлари, гипнозими?
Р. П.: – Гипноз ҳам гипнозчи ҳам одамни вақтинча эгаллайди. Кучли одам гипнозга тушмайди. Ўзини енгиш учун курашаётган одамга ҳеч қайсиси ўтмайди. Ҳар бир одамнинг “сир”и ўз “ичи”га мос. Кўча супираётганми, сотувчими, чўпонми, олимми, санъаткорми “сир”и ўз шаклида, лекин моҳиятан улар бир хил. Фарқи “сир”ини англашида, эгаллай олишида. Уни тирикчиликка алмашмаслигида.
Ш. Т.: – Сиз “сир” деб айтаётган нарса фанда, динда бошқача атамаларда айтилар. Агар атама лозим бўлса, “сир”ни қайси сўзга алмаштирган бўлардингиз?
Р. П.: – Мен ҳозир ўйлаётганим йўқ. Қандай бўлса, шундай айтаяпман. Биз аслида сўзсиз, ифодасиз айтиладиган нарсани сўзга айлантирмоқчи бўлаяпмиз. Сўз топиш қийин.
Ш. Т.: – Санъат шу ерда тил эмасми?
Р. П.: – Санъат шу нарсани англатишга интилади. Инсон қараса, ҳамманинг “сир”и моҳиятан ўхшаш бўлади. Аламлардан, ёлғонлардан тўла озод бўлиш учун у “сир”ларини оча бошлайди. Бу шундай очишки, ғорга кирган одам адашмаслик учун белги қўйиб ё ип боғлаб илгарилаган каби. Бу белгилар бошқа “йўл”чиларга ҳам ўрнак бўлади. Ҳар қандай санъаткор ичкин кетган бўлса, ўзи билмаса ҳам йўлдаги одам. У аниқ қаерга кетаётганини, қайси тариқатга мансублигини билмайди ҳам. У чин юракдан ёзса, илҳом келган бўлса, тамасиз бўлса йўлдан чиқмайди. Ёлғон ёзса йўлдан чиқади. Санъатнинг манзили ўлим. Сўфийники ҳам.
Ш. Т.: – Санъат тимсоллар орқали гапиради. Бу – сирни очмаслик учунми ё сирни бошқача ифодалай олмасликданми?
Р. П.: – Тимсоллар одамда фикр қўзғайди, унинг мудроқ туйғуларни. “Сир”га – қайтаради. Ўлим билан биргалигини англатади.
Ш. Т.: – Санъатнинг туб мавзуси ўлим эканлигини кенгроқ ифодалаб берсангиз.
Р. П.: – Масалан, Шекспир асарлари ёки Навоий ҳазратларини олиш мумкин. Улар ўлим ҳақида ёзишган. Александр Блок – ўлим шоири, буни ўрисларнинг ўзлари ҳам билмайди.
Ш. Т.: – Нега ўлим?
Р. П.: – Чунки ўлим инсонларни поклаш учун керак. Тепадан буюрилган. Ўлимни кўрсатиб тозалаш. Поклаш. Бу дунё бесаранжомликларини ўлим орқали жой-жойига қўйиш.
Бу ерда бир нарсада янглишиш мумкин. Ичингизда англайсиз, ифода қилиб бўлмайди… оғир.
Инсон ухлаяпти. Турадими, йўқми, билмайди. Ухлаётган одам ўлимга тайёрланган одам.
Ш. Т.: – Ҳушёр одам-чи?
Р. П.: – Ҳушёр одам, у қайси тариқатдан бўлмасин, йўлдаги одам. Аслида ҳамманинг йўли битта – Оллоҳни англаш. Йўқ! Оллоҳни билиш, етишиш, бу атамаларнинг қайсиси тўғри, айтолмайман. Ҳушёр одамнинг яна бир фарқи – ухлаётганда ўлаётганини билади.
Ш. Т.: – Уйқу ўлимдир!
Р. П.: – Уйқу – ўлим. Бир хилда ҳамма ерда ёзилган. Одам уйқуга кетаяптими унча-мунча тўғри гапни айтиб ётади. Биз уйқу деймиз-а? Қандай гўзал сўз!!! Уй-қ-у!!!
Биз тахминан инсон озодлиги ҳақида гаплашяпмиз. Руҳсиз одам, яъни Оллоҳсиз одам деймиз. Руҳсиз одам тутқун. Худосиз дегани қўпол чиқади. Руҳсиз одам қул бўлади. Ичида Оллоҳи бор одам эркин. Унинг ҳеч нарсада қўрқуви йўқ. Ҳамма нарсадан эркин бўлади.
Қафасдаги одам Худосиз бўлганлиги учун қафасда. Уларнинг қафаси нимадан, Худо билади. Темирданми, тошданми, пулданми: кўчада юрибди – барибир, қафасда. Улар ҳукм қилинган одамлар. Улар ўзларини қафасга ўзлари солган. Улар токи Оллоҳни топмагунча бу қафасдан чиқолмайди. Топса – ҳаммаси бир пул бўлиб қолади. Руҳи бор одам учун зулм институтлари ҳеч нарса эмас.
Оллоҳ, Оллоҳ! Булар – ўлим ва ҳаёт – битта нарса. Булар ҳақида асли гаплашиб бўлмайди. Биз ушлаб бўлмайдиган нарсалар ҳақида гаплашиб ўтирибмиз.
Бизнинг кўнглимизга Оллоҳ солган нарса – ёвузликка қарши кураш туйғуси.
Ш. Т.: – Бу гаплар ҳаммада бир хил ассоциация бериши қийин. Ҳаёт ва ўлимни англатишнинг оммабоп йўли борми?
Р. П.: – Оддий одам – тирикчилик қилиб юрган одам учун ўлим ҳақида очиқ гапириб бўлмайди. Бозорларда гув-гув қилиб, жонини жабборга бериб юрган одам буни англаши оғир. Унга санъат орқали айтиш керак. Санъат ҳамиша одамларни “ушлаб” турган. Умуман, инсон ўзини танибдики, саҳна орқали ўлимни англаб, тушуниб, шунга интилиб яшаяпти. Оддий одам, токи ўзига ўхшаган одам юрмаса, саҳнани қабул қила олмайди. Инсон ўзини кўрса, завқланади. Шундан сабоқ олади. У Ўжар-да, ўзига яқинларнигина тан олади. Шакллангандан кейин қочади. Шаклланмаган одам қўрқувдаги одам. Шаклланган одам қўрқувни енгиб ўтиб, ўз ичига қочади. Ўзини текшира бошлайди. Фикрлайди.
Оддий одамларга фикрни етказиш оғир. Бунга улкан маҳорат керак. Шекспир домла “Гамлет”ида гапни гўрковлардан бошлаб, аста-аста Гамлетни арвоҳ билан учраштиради. Яъни, одамни асосий фикрга руҳан тайёрлаб, тарбиялаб келади. Фикр етиб бормайдиганлар учун қонун-қоидалар чиқарилган. Қоида – бу шариат дегани. Агар қонун-қоида қилишмаса, булар тушунмайди.
Ш. Т.: – Шайтон санъатга аралашмайди, дейсизми? Санъатнинг туб асоси шайтоний дегувчилар ҳам бор?
Р. П.: – Шайтон ҳамиша бош ролларда туради. Қарама-қаршилик бўлмаса, фикрни етказиб бўлмайди. Ҳаёт ўзи қарама-қаршиликдан иборат. Масалан, электрда манфий ва мусбат бир-бирини ўлдирганда чироқ ёнади. Сизга ёруғлик керак. Худди шундай, сиздаги эзгулик билан ёвузлик курашганда санъат туғилади. Драма қанча кучли бўлса шунча ёруғроқ бўлади. Драма дегани конфликт дегани. Трагедия дегани фожиа – бир-бирини ўлдириш дегани. Олдиндан айтиб қўяди, фожиа деб.
Аслида одамга “Ниманидир қил!” деб, бутун аъзои бадан, онг берилган. Шунга имконимиз бўлиб, шайтоннинг гапига кирдим, деймиз. Шайтон – гўзал символ. Шунча хатоларни битта шайтонга юклаб кетаверамиз. Шайтон – бизнинг бой берилган руҳимизни эгаллаб олган нафсимиз-ку!
Шайтонга қарши кураш бутун илмдан иборат эканлиги, тўрт минг йилдан бери неча миллион китоб шайтонга қарши ёзилганлигини била туриб, ҳар қадамингизда шайтонга дуч келаверасиз. Нега “баланс” йўқ? Нега одам боласи бир-бирини тушунмайди? Давлатлар бир-бири билан урушади. Миллат миллатни хўрлайди. Нега? Бу зулм давом этади. Нега?
Бу илмлар нега керак эди. Таъсири бўлмаса? Фалончига юз минг керак экан, нега пистончини алдаши керак? Шунча илм бор-ку, нега? Қани бу илмлардан келган фойда? Демак инсон бузуқ нафс билан туғилган экан. Хамири шундай қорилган экан-да?! Билимнинг одамни скептик қиладиган жойи, бўлгани шу, деб туриши шу.
Бу ерда билган ҳам, билмаган ҳам хато қилади. Бу ерда билган ҳам, билмаган ҳам – қурбон.
Ш. Т.: – Йўл қаерда?
Р. П.: – Йўл битта, – дейди, – Оллоҳни англаш! Оллоҳни англамаса, одамга йўл йўқ! Буни ҳар хил тушуниш мумкин. Буни бизнинг “балалар” жуда жўн англашади. Бу аслида кенг тушунча. Хайёмнинг гапи гап:
Эй ғофил, сен ўйлаган у йўл ҳам эмас, бу йўл ҳам эмас.
Рауф Парфининг дўсту ёрлари кўп. Олдидан одам аримайди. Давраси ҳамиша тўлиб туради. Худди Гулбулоқ отанинг бир қозон сутли сувидек. Суҳбатимиз шу ерга етганда эшик қўнғироғи жиринглаб, меҳмонлар келишди. Мавзуимиз икки кишилик эди. Суҳбат янгиланди…
Ижодкор кўнгил очган вақти тут гуллаган он бўлади. Бу кун Рауф Парфи боғида бир тут гуллади… Сиз ҳам баҳраманд бўлдингиз.
Изоҳ: Ушбу матн асосидаги суҳбат 1999 йил февралида “Суҳбатдош” газетасида чоп этилган. Қўлёзма газета вариантидан анча фарқ қилиб, баъзи жумлалар сайқалланмагандек туюлса-да, уни бор ҳолича беришни маъқул кўрдик.
Манба: Беҳзод Фазлиддин блоги