Ислом Каримов ишлашда давом этиш ниятида эканлигини маълум қилди
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Самарқандда очилган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» конференциясида нутқ сўзлади. Конференция 15 май, пайшанба куни очилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитациядан ўтган Agence France-Presse ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, ўз нутқи давомида Ўзбекистон Президенти ҳали ишлашда давом этмоқчи эканлигини маълум қилган.
«Мени узоқ вақтдан бери давлатга раҳбарлик қилаётганим учун танқид қилишади. Мен танқидга учрадим, лекин ўз ўрнимдаман. Мани танқид қилишмоқда, лекин мен ҳали ишламоқчиман. Бунинг нимаси ёмон?», – дея Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Agence France-Presse ахборот агентлиги.
ЎзАнинг ёзишича, Президент ўз нутқи давомида «тинчлик ва барқарорлик бўлмаса, илм-фан соҳасида ҳеч қандай ўсиш, тараққиёт бўлиши мумкин эмаслиги»ни қайд этиб ўтган.
«Қаерда тинчлик ва барқарорлик бўлсагина илм-фан марказлари, академиялар, олий ўқув юртлари пайдо бўлади. Энг асосийси, таълим-тарбия равнақ топиб, унга қизиқиш, эътибор кучаяди. Тинчлик-барқарорлик бўлган жойдагина одамлар ўқиб-ўрганишни, ҳар томонлама ривожланишни истайди. Одамлар кечаси уйқуга ётиб, эрталаб туришга қўрқмайдиган, эртага уларнинг бошига қандайдир муаммо ёки офатлар келмаслигини билган тақдирдагина шундай бўлади», – дейди Ислом Каримов.
Ислом Каримовнинг таъкидлашича, тўпланган тажриба, ўтган тарихга «чуқур ҳурмат билан ёндашиш» ҳар қандай давлатнинг моддий ва маънавий тараққиёти асосидир.
«Улуғ испан адиби Сервантеснинг, тарих – фаолиятимиз хазинаси, ўтмиш гувоҳи, бугунги кун учун ибрат ва ўгит, келажак учун эса огоҳлантиришдир, деган сўзларини такрорлаш ўринли бўлади, деб ўйлайман. Менга айниқса «келажак учун огоҳлантириш» деган фикр жуда маъқул бўлди. Нима учун? Нега деганда, ҳақиқатан ҳам, тарихни билмаган киши ҳар қадамда хатога йўл қўяди, ўз тарихи билан фахрланмайдиган халқ эса ўз келажагини тасаввур қилолмайди», – дея Ислом Каримовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ЎзА.
Президент ўз нутқи давомида Самарқанддаги конференцияга ташриф буюрган олимларни мустақиллик йилларида қурилган 1,5 мингта коллеж ва академик лицейларни, Ўзбекистон «фарзандлари қандай ўқиётгани, уларга қандай замонавий шароитларда билим берилаётганини, Ўзбекистонда қандай авлод вояга етаётганини бориб, кўришга» чақирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган халқаро анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Япония, Ҳиндистон, Миср, Индонезия, Саудия Арабистони, Кувайт, Россия, Озарбайжон каби 50га яқин мамлакатдан олимлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ОТМлари профессорлари, илмий марказлар ва институтлар мутахассислари, экспертлар иштирок этмоқда. Конференция 15-16 май кунлари бўлиб ўтади
Президент Каримов 2015 дан кейин ҳам ҳокимиятда қолишига ишора қилди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов яқин келажакда истеъфога кетиш нияти йўқлигини билдирган.
Пайшанба куни ўзи туғилиб ўсган Самарқанддаги халқаро анжуманда гапирган 76 ёшли Каримов олий лавозимдан кетишга шошилмаётганини айтган.
У ўзининг узоқ вақт ҳокимиятда қолаётгани билан боғлиқ танқидларни рад этган.
«Мени узоқ ўтирганим учун танқид қилишади», — деган жаноб Каримов хорижлик дипломатлар ва меҳмонларга қарата.
«Аммо мен ишлашни хоҳлайман. Бунинг нимаси ёмон?», дея хитоб қилган Президент Самарқанднинг Исломий уйғониш даври илмий меросига бағишланган анжуманда.
«Мен ишлашни хоҳлайман. Бунинг нимаси ёмон?»
Президент Ислом Каримов
Бу Ўзбекистонни чорак асрдан буён бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг 2015 йилдан кейин ҳокимиятда қолиш-қолмаслик борасида ҳозирга қадар қилган биринчи баёнотидир.
Шу йил бошида соғлиги билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги хабарлар Каримов ҳокимиятни топширишга тайёрланаётгани ҳақидаги фаразларга сабаб бўлган эди.
Эҳтимолий номзодлар қаторида унинг ҳозирда назардан тушган тўнғич қизи Гулнора Каримова, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовлар тилга олинган.
‘Кутилган’ баёнот
1991 йилдаги биринчи президентлик сайловларида жаноб Каримовнинг рақиби бўлган таниқли шоир ва мухолифатчи Муҳаммад Солиҳга кўра, Президент Каримовнинг баёноти нафақат унинг ўзи, балки кўпчилик учун кутилган бўлган.
«25 йилдан кейин ҳам ҳокимиятда қолиш учун жиддийроқ сабаб уйдириши керак эди. Каримов шуни ҳам қилмади…»
Муҳаммад Солиҳ, мухолифат раҳбари
«Мен ҳамма вақт Каримов токи ҳаёт экан, ҳеч қачон ҳокимиятни бировга бериб қўймаслигини айтиб келганман. Бу унинг табиатига зиддир», -дейди мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари.
Айни пайтда жаноб Солиҳ Каримовнинг яна бир муддат президентликда қолишини бу каби «жўн бир шаклда» эълон қилиши ўзи учун кутилмаган бўлганини айтади.
«Шунча йилдан буён давлатни Конституцияга амал қилмаган ҳолда бошқариб келаётган одам, 25 йилдан кейин яна ҳокимиятда қолиш учун ҳеч бўлмаса, биронта жиддийроқ сабаб уйдириши керак эди. Аммо Каримов шуни ҳам қилмади», — дейди Муҳаммад Солиҳ.
Шу ҳафта бошида Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси навбатдаги парламент сайловларининг шу йил 21 декабр куни бўлиб ўтишини эълон қилган.
Президент сайловларининг аниқ санаси эълон қилинмаган, аммо таҳлилчилар мамлакат Конституциясига таянган ҳолда, президентлик сайловларининг 2015 йил мартида бўлиб ўтишини башорат қилишмоқда.
Ўтган йили Сенат президент сайловларини 2014 йил декабридан 2015 йилнинг биринчи ярмига қолдириш ҳақидаги ўзгаришни маъқуллаган.
Ўзбекистон Сенати шунингдек, Президент ваколатларининг бир қисми Бош вазирга берилишини назарда тутувчи конституциявий ўзгаришларни ҳам қабул қилган.
Кузатувчилар «конституциявий ислоҳотлар» дая тақдим этилган бу ўзгаришларнинг амалда Ўзбекистондаги яккаҳокимлик бошқарувига таъсир кўрсатишини савол остига оладилар.
ББС
Хурматли Ватандошлар! Агар, маколанинг сарлавхасига ишониладиган булинса, бу гап катта янгилик ва узгаришлар деган гап! Сабаби»ИСЛОМ КАРИМОВ ИШЛАШДА ДАВОМ ЭТИШ НИЯТИДА ЭКАНЛИГИНИ МАЪЛУМ КИЛДИ» дейилаяпди. Бир нача йиллик танафуссдан кейин, ишни бошлайдиган булсалар, ХАЛКИМИЗ ВА ЮРТИМИЗ БАХТИ! Агарда Президентлик вазифаларида утирадилар кимирламай дейилса эди, ГУРУХлар бахти булар эди! Тарих зарваракларида кандай ном билан колишликларини белгилайдиган, охирги имкон! Лангар ва Куролов масаласи буйича колаяпди