Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (21)
1970
Тошкентдан Қарноққа мактуб
Салом, хоним. Соғлигингиз яхшими? Опайнинг соғлиги анча яхши бўлиб қолдими? Сиз борганингиздан боши осмонга етгандир? Салом айтинг. Тошкентдаги янгиликлардан бохабар қилай дедим. (Сизга отчет бермаса бўладими?)
Бундан икки кун олдин дача[1]га, ёш ёзувчилар семинарига чиқиб машғулот ўтказдим. 20–30 га яқин турли областлардан келган ёшлар, ораларида беш-олтита қизлар бор. Ҳаммаси ёш, камтар, тортинчоқ. Биз (С.Аҳмад[2], Озод[3], мен) уларнинг олдида ўзимизни худди жўжалар орасидаги хўрозлардай сезар, қандайдир ихтиёрсиз равишда талтаяр эдик. Улар (келишган чиройли бир йигитдан бошқа деярлик ҳаммасини) бизга худди гениал ёзувчиларга, устозларга қарагандай қарар, ҳар қадамда эҳсон-икромларини изҳор этардилар.
Тушдан кейин Иззат Султон[4] келиб суҳбат ўтказди. У гапга уста одам эмасми, суҳбати жуда мароқли ва қизиқ ўтди. Лекин ҳар икки сўзининг бирида «ўз тажрибамдан гапираман» дея «Имон»дан мисоллар келтиравериб, қандайдир жуда ғашимга тегди. Хуллас, учрашув жуда мароқли ўтди. Сиз йўқ. Биз бу ёқда шундай учрашувлар билан овуниб юрибмизда (ҳазил). Соғ бўлинглар. Сизларни соғиниб,
Одил.
24 апрель, 1970 йил.
76
Тошкентдан Қарноққа мактуб
Салом, хоним, соғлигингиз анча тикланиб қолдими? Қишлоқда тинчликми? Ўрнингиз билиниб, уйимиз ҳувуллаб қолди. Лекин иш қайнагандан қайнаб бораяпти. Аслида ёзувчи ҳеч қаерда ишламаслиги керак. Бир жойда ишладими – фикр бўлинади, хаёл бошқа томонларга кетади, ниҳоят, тайёр нарсаларни қоғозга туширишга ҳам вақт бўлмайди. Сўнггиси айниқса кишига қаттиқ ботади, чунки нима ёзишликни билиб туриб, тайёр образлар хаёлингни банд этиб туриб – буни ёзолмаслик катта фожиадир.
Иш билан бўлиб (И.Раҳим[5] билан Ш.Аббосов[6]нинг сценарийларини таҳрир қилаяпман) роман[7] тўхтаб қолди.
Майли, ижодий жараён ўз йўлига. Сиз ўз соғлигингизни ўйланг. Сабаби соғлигингиз, борлигингиз мен ва фарзандларимиз учун жуда зарур. Яна олдинда янги ҳовли тўй[8]ларнинг ташвишлари турибди. Сизларни соғиниб,
Одил.
2 сентябрь, 1970 йил.
77
Тошкентдан Қарноққа мактуб
Севгилим, қалайсиз?
Бугун сизсиз далага чиқдик. Куз. Бир дарахт сап-сариқ. Бир дарахт қирмизи тусга кирган… Азим чинорларнинг бир шохи ҳали кўм-кўк, бир шохи қип-қизил. Олча япроқларининг ярми қизил, ярми сариқ… Тераклар майин ипакка ўранганга ўхшайди. Дарахтлар қуёш нурида айниқса майин товланади, сариқ япроқлар яна ҳам сариқроқ, қизили қизилроқ, яшили яна ҳам нафисроқ туюлади кишига.
Катта боғ жим-жит. Ҳаво жуда тиниқ, сарёғдек юмшоқ, тотли…
Ёзувчида танқидий қараш, ўткир ақл (критический ум) бўлиши шарт, чунки фақат қувонч (кўрган- кечирганлардан) билан, улуғлаш билан жиддий ва муҳим асар яратиб бўлмайди. Ёзувчи яхши ва эзгу ишларни кўрганда қанчалик қувонса, ёмон ишларни, нопок одатларни, қаллоблик ва худбинлик, фосиқлик ва киборлик, расмиятчилик ва дабдабавозлик, мақтанчоқлик ва мансабпарастликни кўрганда шунчалик қаҳрлана олиши, кураша олиши ва курашга чақира олиши керак!
Хаёлимда бундай фикрлар кузнинг сокин кунида туғилганига ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Мен, ахир, бироз руҳимни ором олдиргани келгандим боққа.
Мар, жоним. Бу сокин боғда ёлғиз айланиб юриб, Худо сизни менга ҳамроҳ қилганига яна шукур қилдим. Барибир ўзингиз бетакрорсиз-да, хоним. Ортга тезроқ қайтишни режалаштиринг. Соғиндим. Ўпаман. Хайр,
Одил.
12 сентябрь, 1970 йил.
78
Тошкентдан Қарноққа мактуб
Салом, хоним!
Чарчамаяпсизми? Кампирнинг соғлиги яхшими? Сиз у ерда салкам бир ой қолиб кетдингиз, биз бу ерда сарсон. Ёзган хатингизни олдим. Кампирнинг соғлиғи яхшиланганидан хурсанд бўлдим. Яна бироз сабр қилинг, кампирни ёлғиз қолдирманг. Мен яхшигина киносценаристга айланиб қолдим. (Аслида, биласиз-ку, киносценарий ёзиш менга ёқмайди, вақтим бекор кетаётганга ўхшайди).
Шундай бўлса ҳам, кинонинг яхши томонлари билан бирга кўп салбий томонлари ҳам бор. Шулардан бири кайфу сафога берилиш. Кеча «Баҳор ёмғирлари»[9] (Матлуба)ни топширдик. Фильмни жуда
жуда юксак бадиий асар деб бўлмайди, лекин Аида Юнусова[10] талқинида Матлуба шундай пок, самимий, тиниқ чиққанки, унга ишонасан, унинг қайғуси, изтироблари, дардига ҳамдард бўласан, киши. Томошабин кўрадиган, ҳатто баъзи жойларида йиғлайдиган фильм бўлибди. Шу жиҳатлари менга ёқди. Кечқурун, албатта, зиёфат бўлди. Ярим кечагача чўзилган зиёфатдан кейин негадир Латиф Файзиев[11]нинг уйига бориб қолибмиз. У бечора севиниб кетиб, ўзи зиёфат қилиб юборди. Икки ижодкор асар муваффақиятини ювдик.
Хуллас, биз томонда шунақа гаплар. Сиз тез-тез хат ёзинг. Йўқлигингизни билинтирманг. Ҳаммага салом айтинг.
Сизларни соғиниб,
Одил.
24 ноябрь, 1970 йил.
[1] Дача – Дўрмондаги Ёзувчилар боғи назарда тутилган.
[2] С.Аҳмад – Саид Аҳмад – Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси.
[3] Озод – Озод Шарафиддинов – Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим.
[4] Иззат Султон – адабиётшунос олим.
[5] И.Раҳим – Иброҳим Рахим – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (ўша кезларда Одил Ёқубов «Ўзбекфильм»да Бош муҳаррир бўлган.)
[6] Ш.Аббосов – Шуҳрат Аббосов – Ўзбекистон халқ артисти, кинорежиссёр..
[7] «Улуғбек хазинаси» романи назарда тутилаяпти.
[8] Ҳовли тўй – ўша вақтда Одил Ёқубов янги ҳовлисига тўй қилишни режалаштирган.
[9] «Баҳор ёмғирлари» – Одил Ёқубовнинг «Матлуба» асари асосида ишланган бадиий фильм.
[10] Аида Юнусова – актриса.