Муҳаммад ИСМОИЛ: ОЗОДЛИКНИНГ ОЛИС ЙЎЛЛАРИ (Саёҳатнома)
ОЗОДЛИКНИНГ ОЛИС ЙЎЛЛАРИ
(Саёҳатнома)
Самолёт ўн минг метр баландликда сузиб борарди. Кўм — кўк осмон, кўм – кўк баҳри уммон…
Пастда паға – паға оппоқ булутлар, юқорида сўнгсиз фазо. Салонда оромбахш муздек ҳаво таъсирида мудраб кетаётган одамлар. Суянчиқдаги симларни қулоғингизга тиқсангиз, йигирма хилда қўшиқ янграйди. Қаршингиздаги экран эса қаерда, қандай ҳолатда, қайси тезликда учиб кетаётганлигингизни кўрсатиб туради… Сизни истаган пайтингизда овқатлантиришга шай стюардессалар…
Бундан тўрт юз йил олдин, мана шу океан бўйлаб Христофор Колумб бир юз эллик киши билан учта кемада Ҳиндистон сафарига отланган эди. Олти ойдан сўнг унинг қўрқмас денгизчилари ацтеклар ерига якорларини ташладилар ва улар узоқ вақт ҳиндулар ерига келдик деб юрган жой… бора – бора дунёдаги энг қудратли давлатлардан бири, Америка бўлиб чиқди.
Христофор Колумб…
Олти ой баҳри уммонда умид ва ўлим оралиғида, ҳар сония жасорат ва матонат билан, ҳалокат исканжасида омонлик излаб, инсон иродасининг кучу – қудратига ҳайкал қўйди.
Рамақижондай елканли кемаларга денгиз довуллари, аёвсиз тўлқинлар гирдоби, баҳайбат китлар ҳамласи…
Очлик, сувсизлик…
Буларнинг бари учун улар қанча куч, қадрат сарфлашди? Қанчалик аҳиллик, инсонийлик керак бўлди уларга?
Инсон ақли, тафаккури, иродаси, матонати шу қадар қудратли экан, биз бугун ўзимиздаги бу тафаккур ва ироданинг қанчасини сарфлаяпмиз? Нималарга сарфлаяпмиз? Буюк ва эзгу кашфиётлар ҳақида ўйлаяпмизми? Танимиздаги куч – кудрат, наҳотки мудраганча, йўқлик сари юз бурса?
Бундай ғофилликдан худо асрасин… Самолёт, ҳамон Колумб юрган йўллар устидан сузиб борарди.
ОИЛА
Дастлаб, Вашингтон шаҳридаги бир уйнинг битта хонасини, бир ҳафтага ижарага олдик. Уй эгаси…
Вашингтон шаҳридаги қайсидир ўқув даргоҳининг ректори экан. Бу даргоҳ биноси унинг шахсий мулки бўлиб, ўқитувчиларни ҳам, талабаларни ҳам ҳар йили шартнома асосида ёллар ва умуман, ҳисоб дафтарида миллион-миллион доллар маблағ айланар экан. Биз берадиган ижара пули аслида урвоқ ҳам бўлмасди-ю, лекин…
Хўжайиннинг хотини ҳам шу ўқув даргоҳида ёлланма ўқитувчи экан… Бироқ, уларнинг якка-ю ягона ўғиллари, икки йилдан буён шу даргоҳга хужжат топшириб, ўқишга кира олмас экан. Биз бу ҳолдан таажжубланиб, сўрадик :
— Ҳар ҳолда ўғлингиз, ачинмайсизми, кўмак берсангиз, ўқишга кириб кетарди. Қанча бегоналар ўқияпти. Ахир у оилангиз келажаги!
— Оиламнинг келажагини ўйласам Американинг келажаги нима бўлади?? Агар қобилияти паст ўғлимни, ўқишга киритсам, бу бутун коллежга ёмон таъсир қилади. Коллежда ўқув савияси пасайиб кетади. Бу ниҳоятда хавфли. Америка бунинг учун бизни кечирмайди.
ВАШИНГТОН
Америка пойтахти Вашингтон шаҳрида 2 млн.га яқин аҳоли яшайди. Шаҳарга 1750- йили АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон томонидан асос солинган. Вашингтон, асосан маъмурий, сиёсий, маданий марказ ҳисоблангани учун оддий ишчилар деярли яшамайди. Бу ерда ишлаб чиқарувчи бирорта саноат корхонаси йўқ. Маҳаллий аҳолининг эҳтиёжини қондириш учун нон маҳсулотлари, ичимлик сувлари ишлаб чиқариладиган цехларгина фаолият кўрсатади.
Вашингтонда Оқ уй, Олий қонун чиқарувчи Конгресс биноси Капитолий, Ақш Мудофаа вазирлиги биноси – Пентагон, АҚШ солиқ суди биноси, Жаҳон банки, Арлингтон қабристони, бешта университет, Ҳарбий Академия, Конгресс кутубхонаси, АҚШ Миллий музейи, ўнлаб институтлар, ўнлаб музей ва илмий-тадқиқот муассасалари биноси жойлашган. Паркларининг ўзи 2800 гектар ерни олади.
Вашингтондаги энг баланд бино – Капитолий биносидир. Ҳар йили 4- июлда Мустақиллик тантаналари Вашингтондаги бош майдонда ўтказилади.
Бугунги кунда шаҳар мэри – қора танли киши. Шаҳардаги ҳар бир оиланинг молиявий аҳволи шаҳар ҳокимияти назоратида. Қайси дўкондан нима олсангиз, қайси банкдан қанча пул олсангиз бари марказлашган компъютер тизимида ҳар сонияда қайд этиб турилади. Ҳаражатингиз ва даромадингиз қаердан келиб, қаерга кетаётганлиги ҳисоб-китобда туради. Бу яширин даромад манбаи, солиқни ўз вақтида тўламаслик, порахўрликнинг (агар у бор бўлса, йўл қўймай) олдини олади.
АМЕРИКАЧА МУҲАББАТ
Вашингтонда Арлингтон қабристони бор. Бу қабристонга Америка учун, ҳоҳ у Ироқдами, хоҳ Веътнамдами, хоҳ Афғонистондами, қурбон бўлган америкалик фуқаронинг хоки келтириб кўмилади. Бу ерда собиқ Президент Жон Кеннедининг ҳам қабри бор. Ахир у ҳам қора танлилар ҳуқуқи, оқ танлилар ҳуқуқи билан тенг дея фармон чиқаргани учун отиб ўлдирилганди. Орадан йигирма йилдан зиёд вақт ўтиб, ёнига унинг беваси жаклин – Онассис Кеннедининг ҳам жасади кўмилди. Ҳаммаси тўғри… Бироқ Жаклин, Жоннинг вафотидан сўнг яна икки бор турмуш қурди. Ўша турмуш ўртоқлари билан узоқ йиллар яшади.
Америка Президентининг, миллий қаҳрамон даражасига кўтарилган улуғ зотнинг беваси, садоқат, вафо ҳирқасига ўраниш ўрнига, қайта – қайта эрга тегиб юриши ва дармони кетиб, ажали яқинлашар чоғи “Мен, Жонни севардим” – дея, қабрини унинг ёнига қўйишларини васият қилиши учун, оҳ, қанчалик сурбетлик, хаёсизлик керак.
Америкача муҳаббат деганлари балки шудир!
НЪЮ – ЙОРК
Нъю – Йорк шаҳрига 1614- йилда голландлар асос солишган ва Нъю – Амстердам дея номлашган.
Бироқ, 1664- йилда шаҳарни голландлардан тортиб олган инглизлар, Англия қироли Карл II нинг укаси герцог Йоркский шарафига Нъю – Йорк дея ўзгартиришган. Бугун Нъю – Йоркда 18 млн. Аҳоли яшайди. Шаҳарда қирқ этаждан юз этажгача бўлган биноларнинг сони икки юздан ортиқ.
Биргина Нъю – Йоркда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотлари, бутун Ҳиндистонда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларидан кўра кўпроқдир.
Гудзон дарёси устига қурилган битта кўприкнинг бир йиллик даромади, Осиёдаги ўртача бир давлатнинг бир йиллик даромади билан тенг.
Нъю – Йоркни ҳақли равишда дунё пойтахти деса бўлади. Айтишларича, Нъю – Йоркда яҳудийлар Телъ – Авивдагидан, ирландлар Дублиндагидан, Пуэрто – риколиклар Сан – Хоседагидан кўп эмиш. Ва бу ерда 177 миллатга мансуб аҳоли яшайди.
Манхеттен – худди баланд ва ўткир қиррали қоялар оролига ўхшайди.
АБРААМ ЛИНКОЛЪН
Вашингтондаги энг салобатли мақбаралардан бири Капитолий майдони ёнгинасида жойлашган, АҚШнинг 16 – Президенти шарафига, архитектор Генри Бекон тарафидан қадимги грек архитектураси услубида қурилган ҳашаматли бино Абраам Линколън ёдгорлигидир. Ундаги 36 та баланд устун, А. Линколън даврида АҚШга бирлашган 36 штат рамзидир. Бу салобатли ёдгорлик майдонида Мустақиллик байрами, Янги йил байрами, оммавий намойишлар, миллий байрамлар, сайллар ўтказилади.
А. Линколън Америкада қулчилик тугатган тарихий шахс ҳисобланади. 1861 -йил А. Линколън Президент бўлиб сайланганидан сўнг, унинг қулчиликни тугатиш ҳақидаги фикрларини билиб қолиб 8 та штат АҚШдан ажралиб чиқади.
1861- йил 12- апрелда Жанубий ва Шимолий штатлар ўртасида шиддатли уруш бошланади. 1862- йилда қулчиликни йўқотиш тўғрисида фармон эълон қилинади ва қора танли қуллар озодликка чиқади.
1865 -йилда фуқоролик уруши тугатилади ва мамлакат бирлиги қайта тикланади. Аммо, А. Линколън ҳаёти фожеали тугайди: 1865- йил 14- апрелда, ғалабадан 5 кун ўтгач А. Линколън Вашингтон шаҳридаги Форд театрида, спектаклъ томоша қилаётган пайтда, жанублик Жон Бус томонидан отиб ўлдирилади.
Ҳа, Америкада ҳам озодлик ўз – ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бунинг учун юз минглаб америкалик юз йиллар давомида курашди, жон олиб, жон берди.
Худди шу ёдгорлик пойида, юз йилдан сўнг, 1963- йил 28- августда инсон ҳуқуқлари учун толмай курашган Мартин Лютер Кинг, кўп минг кишилик намойишда, “Менинг бир орзуим бор” номли нутқини ирод қилаётган пайтида отиб ўлдирилди. Мартин Лютер Кинг қора танли, устига – устак адолатпарвар инсон эди.
Озодлик душманлари қора ёки оқ танлисан деб ўтиришмайди. Қора танлилар ва оқ танлилар тенг ҳуқуққа эгалиги тўғрисида фармон чиқарган Президент Жон Кеннедини ҳам отиб ўлдиришди.
Ҳа, Мустақиллик, эрк, озодлик учун курашган улуғ зотлар бу улар қанчалик қимматга тушмасин, миллатлар тараққиётининг муҳим поғоналарида юксалиш нуқтасини бошлаб берганлар. Инсоният уларнинг бу жасоратини абадул – абад унутмайди.
Линколън майдонида айланиб юрар эканман, бу ерга тўп – тўп бўлиб келаётган оқ, сариқ, қизил, қора танли кишиларнинг чақнаб турган нигоҳларида ҳам мана шу иқрорни уқиб олиш мумкин эди.
КАПИТОЛИЙ МАЙДОНИ
Инсоният ҳамиша эзгуликка, озодликка интилиб яшаган. Асрлар оша бу орзулар мукаммаллашиб, тараққиёт деган бир улуғ оқимни пайдо қилдики, бу қудрат ҳар доим оламни ҳалокат ёқасидан, жаҳолат ботқоғидан қутқариб келди.
Сизга ҳикоя қилиб бермоқчи бўлганим, Озодлик ҳайкалининг мўъжазгина нусхаларини мен дастлаб Капитолий майдонида кўрдим.
Капитолий майдони Америкада қандай пайдо бўлиб қолди?
Инсон Эрки ва озодлиги учун бир неча юз йиллар давомида курашган Америка, демократия ва давлатчилик бешиги ҳисобланмиш қадимги Римнинг маркази – Капитолий майдонини худди ўзидан нусха кўчириб, Вашингтон – шаҳри марказини безади. Ахир, қадимги Римда Юлий Цезаръ, Аристотелъ, Гомер, Платон сингари даҳолар, кейинчалик бутун инсониятнинг тақдирини ўзгартириб юборгувчи асарларини, худди Капитолий майдонида эълон қилишган эди.
Асрлар оша бу майдон вайронага айланди. Ниҳоят, XVI асрга келибгина, Марк Аврелий даврида буюк Микеланджелога бу майдонни қайтадан таъмирлаш топширилди.
Микеланджело даҳоси бу майдонни шу қадар мафтункор ва бетакрор равишда яратди-ки, ундаги ҳашаматли бинолар, оппоқ саройлар, мармар маъбудларнинг ҳар бири бутун бўй – басти билан санъат дурдонасига айланди.
Европа ўзининг Уйғониш даврида ҳур ва озод жамият қуриш истагида тараққиёт эшикларини ланг – ланг очиб юборган бўлса, энди америкаликларда мана шу иштиёқ уйғонган эди.
1793- йил Жорж Вашингтон томонидан Капитолий пойдеворига биринчи ғишт қўйилди ва бу майдоннинг қурилиши қарийиб етмиш йил давом этди.
Бу майдонда худди Римда бўлгани сингари, АҚШ Конгресси, Американинг барча президентлари ишлайдиган ҳамда яшайдиган Оқ уй биноси, оппоқ мармардан қурилган Олий суд биноси ҳамда Конгресс кутибхонаси жойлашган.
ОЗОДЛИК ОРОЛИ
Нъю – Йорк яқинидаги Озодлик оролида жойлашган Озодлик ҳайкали мамлакатдаги барча фуқаролар озод ва эркинлигини англатувчи рамзий белги ҳисобланади. Ҳайкал Француз – Америка дўстлик рамзи сифатида французлар томонидан совға қилинган. Аслида ҳайкал, Европадан Осиёга йўл очган Сувайш канали қуриб битказилиши муносабати билан яратилган бўлиб, бошига рўмол ўраган, озодлик машъаласини ёққан Шарқ аёли тимсолида эди. Лекин, Миср ва Франция ҳукумати раҳбарлари сарф – ҳаражатларда келиша олмагач, ҳайкал лойиҳасини ишлаб чиққан француз ҳайкалтароши Фредерик Аугусте Бартолъд ҳайкални Америка қитъасига кираверишдаги Нъю – Йорк шаҳри соҳиллари яқинида қурилишини таклиф қилади. 1860 – йиллар бошида таклиф қилинган лойиҳага кўра. Озодлик ҳайкали 1865- йил АҚШ мустақиллигини 100 йиллиги тантанасига туҳфа сифатида тайёр қилиб топширилиши керак эди. Бироқ орада бошланган Франция Прусано уруши сабаб лойиҳа амалга ошмай қолди. Уруш якунлангач, 1874- йили француз архитектори Бартолъд Озодлик ҳайкалини қуриб битказиш мақсадида Қўшма Штатларга келади. Дастлаб лойиҳа амалга ошишидан олдин Француз – Америка бирдамлик жамғармаси ташкил қилиниб, жамғармага Французлар томонидан бир миллион франк ажратилади. Америка томонидан 250.000 доллар қўшилади холос.
Ақш Конгресси 1877 йил президент Жорж Вашингтон туғилган куни муносабати билан Озодлик ҳайкалини Нъю – Йорк яқинидаги Бадлоэ оролида тиклашга рухсат беради.
17- асрда оролга эгалик қилган Исаак Бадлоэ шарафига номланган 12 акр майдонда Озодлик ҳайкали қад ростлай бошлади. Ҳайкални Францияда яратган ҳайкалтарошлар қисмларга бўлиб океан ортидан 30 га яқин кемада Америкага келтиришади.
1886- йили президент Эйзенхауэр буйруғи билан Озодлик ҳайкали ўрнатилган. Орол Озодлик ороли дея ўзгартирилди.
1894- йил 21- майга келиб ҳайкал тўлиқ қуриб битказилади. Озодлик ҳайкалининг ўнг қўлида қонунлар мажмуи бор. Ҳайкалнинг умумий оғирлиги 225 тоннани ташкил қилади. Баландлиги эса 167 метр. Ҳайкалнинг бошланғич қисмидан, бош қисмигача 168 зинани босиб ўтиш керак. 1924- йилда Ҳайкал миллий обидалар қаторига киритилиб, худуди Миллий парк мажмуига айлантирилди.
Нафақат АҚШ, балки жаҳон меъморчилигининг ноёб дурдонаси ҳисобланган ҳайбатли Озодлик ҳайкалини томоша қилиши учун у ерга йилига 2 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюради.
СЎНГСЎЗ
Озодлик ҳайкали пойида кезиб юрар эканман, маъбуданинг оёқлари остига қўйилган бир фотосурат эътиборимни тортди. Суратда, маҳбуслик коржомасидаги қора танли киши, ҳибсхона кроватига суянганча мўлтираб ўтирибди. Кроватнинг тепасига эса Америка байроғи осиғлиқ. Узоқ вақт қараб қолганимни кўрган бир қора танли келиб суратни изоҳлай бошлади:
— Бу менинг дўстим. У ҳозир ҳибсхонада. Унинг илтимосига биноан расмни бу ерга мен келтирдим.
— Нега у, ҳатто қамоқхонада жазоланаётган бўлса ҳам боши устига Америка байроғини осиб қўйибди?
— Чунки у, Америка қонунларига, адолатга, ҳақиқат тантанасига чин дилдан ишонади. Америка Конституциясини ҳар бир америкалик учун энг одил мезон деб билади. У шунинг учун ҳам Американи жон – дилидан севади. Озодликни эса ҳаммасидан кўра кўпроқ севади.
Муҳаммад Исмоил