Коммуна ОЛИМОВА: САИД АҲМАД ЁДИ
Суратда: Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад Президент Ислом Каримов билан
Кўҳна ва навқирон, азалдан меҳри шуаро, деб ном чиқарган, шоиру ёзувчи, фозилу санъаткорлар шаҳри Ҳўқанди Латифда зиёлилар оиласида вояга етганим боис, болалигимдан адабиётга меҳр қўйганман. Отам Ҳасанжон Олимов Қўқондаги 3-мактабда бўлажак олиму таниқли шоирлар таҳсил олган даргоҳда Амин Умарийлар билан бирга ўқиган. Узоқ йиллар давомида адабиёт фанидан дарс берган. Хонадонимизга вақти-вақти билан шоир ва олимлар, санъаткорлар Чустий, Адҳам Раҳмат, Чархий, Теша Зоҳидов, Убай Орипов, Наби Раҳимов, Қурбон Назаров, Муроджон Аҳмедов ва бошқалар келиб туришарди. Азизхон ва Лазизхон Қаюмовлар ён қўшнимиз эди. Адабиётга бўлган меҳрим шу илиқ муҳитда вояга етган десам, хато бўлмайди.
Кейинчалик адабиётга, уни яратувчи устоз қаламкашларга бўлган меҳрим мени адабиётимизнинг улкан вакили Саид Аҳмад билан бир неча бор учрашишга имкон яратди. Саид Аҳмад ака билан етмишинчи йилларда ёш ижодкорлар семинарида учрашдим. Унинг “Уфқ” романи асосида саҳналаштирилган спектакл Қўқон театр жамоасининг шу даврдаги ютуқларидан бири эди. Театрдаги илк фаолиятимни Саид Аҳмад аканинг драматургик асаридан бошладим. Муаллифнинг розилиги билан спектакл режиссёрлар ҳамкорлигида қайта ишланиб, “Уфқ йўлларида” номи билан мазкур театрда саҳналаштирдик. Спектакл театр мухлислари томонидан қизғин кутиб олинди.
Матбуотда ушбу саҳна асарининг муваффақияти ҳақида ижобий тақризлар босилди. Афиша ва дастурларда муаллиф, режиссёр қаторида менинг исм-шарифим ҳам қайд этилганидан мамнун эдим. Саҳна асарларини адабий жиҳатдан таҳрир қилишдаги фаолиятимда драматург Саид Аҳмад аканинг ушбу асаридан сабоқлар олиб, муаллифни устоз дея тан олдим. 1975 йилларда “Жўшқин қалблар” номли мусиқали драмам Қўқон театрида саҳна юзини кўрди.
Маданият вазирлиги қошидаги репертуар ҳайъатидаги саҳна асарларини ўқий бошладим, театр санъати билан янада яқиндан танишдим. Театримиз шароитига тўғри келадиган пьесаларни танлаб, саҳналаштиришга киришдим. Кейинги йиллар мобайнида режиссёрлар билан ҳамкорликда драматургия жанридаги драма, комедия, мусиқали драма соҳасида ёзилган Иброҳим Раҳим қаламига мансуб “Жоним менинг”, Ўлмас Умарбековнинг “Шошма, қуёш”, Ҳайитмат Расулнинг “Куёвнинг омонати”, Ўткир Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак” асарлари ва қардош халқлар драматургларининг кўплаб асарларини саҳналаштирдик.
* * *
Адашмасам, 1977 йилда ёш драматургларнинг навбатдаги семинарига хат орқали чақирилдим. Ёз ойи эди. “Дўрмон”га келдим. Семинар ўн беш кун давом этди. Саид Аҳмад ака билан кўришдик. Негадир адибимизнинг кайфиятлари аввалгидек эмасди. Руҳиятида тушкунлик аломати сезилгандай бўлди.
— “Келинлар қўзғолони” асарингиз Академик театрда саҳналаштирилаётганидан хабарим бор. Тақдимоти бўладими?
— Ниҳоясига етгани йўқ. Билмадим қачонгача давом этаркан. Қайта-қайта тузатавериб чарчадим.
Таниқли драматургнинг жавобларидан ҳайратландим.
— Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, устоз, — дедим таскин бермоқчи бўлиб.
— Айтганингиз келсин.
Орадан бир неча кун ўткач, семинар қатнашчиларига театрга “Келинлар қўзғолони” спектаклининг тақдимотига боришимизни эълон қилди. Хурсанд бўлдик. Шу куни театрга бордик. Зал томошабинлар билан гавжум. Спектакл бошланди.
Спектаклни диққат ва ҳаяжон билан томоша қиларканман, ёнимдаги томошабинларнинг муносабатини ҳам кузатиб бордим. Залда давомли қарсаклар янграрди.
Эртасига “Дўрмон”га Ёзувчилар уюшмаси, театр жамоаси вакиллари, адабиётшунослар, таниқли режиссёрлар ҳамда, таниқли ёзувчи, драматурглар ташриф буюришди. Ва кечаги спектаклнинг муҳокамасига бағишланган катта йиғилиш бўлиб ўтди.
Асар ҳақида ёшлар орасидан мен ҳам сўзга чиқдим. Билдирган холис фикр-мулоҳазаларимни сўзга чиққанларнинг кўпчилиги қувватлаб, ҳамфикр эканликларини таъкидлаб ўтдилар. Театршунослар ҳам спектаклнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Спектакл муҳокамаси одилона якунланди. Йиғилишдан сўнг адибнинг юзларидаги табассумни кўриб кўнглим кўтарилди.
* * *
“Дўрмон”даги тадбирлар, адабий кеча ва учрашувларда Саид Аҳмад аканинг айтадиган фикрлари, ҳазил-мутойибалари ўзига хос ва завқли эди.
Ҳар гал ижод уйига келганимда шу ерда яшаб, ижод этган устоз адибларимизларнинг эслаб, руҳларига тиловат қиламан. Саксон бир ёшни қораладим. Ёзишни тарк этганим йўқ. Саид Аҳмад ака сингари бетакрор ижодкор адибларимизнинг сиймолари ҳамон хотирамда.
Коммуна ОЛИМОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси
Китоб дунёси
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ