ИСМАТ ХУШЕВ: РАСМИЙ ЗИЁФАТЛАР ҲАҚИДА НОРАСМИЙ ГАПЛАР (2-17)
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Чапдан ўнгга – Олий Мажлис депутати, таниқли ёзувчи Нурали Қобул, “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев, Президентнинг қудаси Абдурауф Мақсудий, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов ва Саид Аҳмадлар Ислом Каримов томонидан Туркия Президенти шарафига уюштирилган расмий қабул маросимида. Тошкент – 1992 йил.
Ўн еттинчи боб.
РАСМИЙ ЗИЁФАТЛАР ҲАҚИДА НОРАСМИЙ ГАПЛАР
(ёки Ўзбекистоннинг олиймақом давлат қабуллари ҳақида)
1.
Илгари – биз яшаган советлар даврида оммавий ахборот воситаларида: “Кремлда Фалончи шарафига зиёфат берилди. Унда давлат раҳбарлари ва ҳукумат аъзолари иштирок этишди!” деган тантанали хабарларни ўқиб қолардик.
Лекин бирорта ҳам иттифоқдош республикада “Фалончи шарафига зиёфат” берилгани тўғрисидаги ахборотни учратмасдик.
Чунки “Фалончи шарафига” фақат Москвада — Кремлдагина зиёфат берилиши мумкин эди.
Бошқа жойларда “Фалончи” шунчаки турист сифатида осори-антиқалар билан танишарди. Маҳаллий раҳбарлар эса унга фақат ҳамроҳлик қилишарди, холос.
Бошқача қилиб айтганда, юксак мартабали меҳмон шарафига зиёфат бериш ҳуқуқига Кремлда ўтирган “етмишбойлар” эга эди.
Бошқа респбликаларга бундай ҳуқуқ берилмаганди.
Ҳатто Кремлнинг Марказий Осиё бўйича энг ишонган вакиллари бўлган Нурмуҳаммад Кўнаев (Қозоғистон) билан Шароф Рашидов (Ўзбекистон) лар ҳам юксак мартабали меҳмонларга «дум» бўлиб эргашиб юрарди…
2.
Горбачев ҳатто ўз эсдаликларида — у ЦК КПСС нинг қишлоқ хўжалиги котиби сифатида дастлаб биринчи марта Ўзбекистонга келганида Шароф Рашидов томонидан ёзилган дастурхон устидан кулиб, «бу дастурхонда хумо қушининг тухумидан бошқа ҳамма нарса муҳайё эди. Бу билан Ўрта Осиёдаги порахўр ва уюшган мафия клани менга гўё ўз қудратини кўрсатмоқчи бўларди» деб нонкўрларча киноя қилади…
Хуллас, онда сонда бўлса-да юксак мартабали меҳмонлар шарафига Ўзбекистонда дастурхон ёзиладиган бўлса, улар бу дастурхонга ҳам уялмай — нетмай тупуришдан тап тортмас, бир сўз билан айтганда — бизни умуман менсимас эдилар…
3.
Горбачёв КПСС Марказий Комитетининг қишлоқ хўжалиги котиби бўлганида Ўзбекистонга икки маротаба ташриф буюрган.
Икки маротаба ҳам уни Ўзбекистондаги ўз соҳасидаги ҳамкасби эмас, балки идеология котиби Оқил Салимов олиб юрган, пахта далаларини кўрсатган.
Нега?
Биринчидан Оқил Умрзоқович маданиятли ва интиллегент одам, иккинчидан Шароф Рашидовга ўта содиқ ва садоқатли бўлган.
Кейинчалик – Горбачев ҳокимиятга келганидан кейин «Ўзбеклар порахўрлиги» ва «Пахта иши» бўйича ҳибсга олинган ва қамалган Ўзбекистон раҳбарлари орасида нисбатан соғ омон ва енгилроқ жазоланиб қолишига ҳам Салимовнинг ана шу «мезбонлиги, ҳамсафарлиги» муҳим рол ўйнаган бўлса, ажаб эмас…
4.
Горбачев ва Салимовнинг ўзъаро муносабатлари ҳақида сўз кетганда яна бир муҳим ҳолатни гапириб ўтиш керак бўлади.
Ўзбекистон мустақил бўлгач, Ислом Каримов ташаббуси билан «Пахта иши» бўйича қамалган ўзбек раҳбарлари республикага олиб келиниб, бирин кетин «оқлана» бошлаган пайтда Салимов ўз жиноий иши – «Дело»сини комиссия кўриб чиқишини, ўрганишини истамаган.
Республика собиқ мулозимлари Бектош Раҳимов, Қаллибек Камолов, Хамраевлар жиноий иши ўрганилиб, қайта кўриб чиқилиб, оқлов мақолалар ёзилаётган бир пайтда, Оқил ака ўз «дело»сини ҳеч қаерга бердирмаган.
— Ҳали бу «пахта иш»ларининг оқибати нима билан тугаши номаълум. Жон ука, менга тегинманг, илтимос!, — деб ялинганини шу иш билан бевосита шуғулланган расмий мулозимлардан шахсан эшитганман.
Бу билан Салимов «Дело»лари очилиб кетишини истамаган бўлиши мумкин. Янаям очиқроқ айтадиган бўлсак, у Ислом ака бошлаган пахта ишининг муваффақиятига, уларнинг тўла тўкис оқланиб кетишига ишонмаган.
Чунки ҳали СССР тирик эди…
Горбачев ҳали ҳокимиятда — «от устида» эди…
5.
Майли, мавзудан узоқлашмайлик.
Биз бугун «Расмий зиёфат ҳақидаги норасмий гаплар» ни муҳокама қилаётган эдик.
Тўқсонинчи йилларнинг бошида Ўзбекистон мустақил бўлиб, халқаро майдонда салмоқли обрў-эътибор қозона бошлагач, мамлакатимизга юксак мартабали меҳмонлар бирин кетин ташриф буюрадиган бўлди.
Эсимда, ўша пайтларда Туркия Президенти бўлган Турғут Озал янги мустақил давлатлар бўйлаб илк сафарини Ўзбекистондан бошлаган эди.
У мамлакатимиз раҳбари билан учрашиб, икки давлат ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида муҳим шартномалар имзолангач, “Наврўз” ресторанида юқори мартабали меҳмон шарафига зиёфат берилади.
Йўқ, шошилмайлик, шартномалар имзолангач, зиёфатдан олдин Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётига оид яна бир муҳим тарихий воқеа бўлган эди…
6.
Дарвоқе, шартномалар имзолангач, расмий зиёфатдан аввал ҳукумат уйи (СовМин) да икки давлат раҳбарлари иштирокида фаоллар анжумани бўлди.
Шунда атоқли шоир, Олий мажлис депутати Эркин Воҳидов сўзга чиқиб, икки улуғ саркарда Амир Темир билан Боязидни таърифлаб, тахминан шундай деган эдилар:
«Агар бу икки буюк турк ўғлони ва саркардаси ўз вақтида қўлни қўлга бериб, бир бирига елкадош бўлганида — бугун турк халқи бутун дунёда ҳукмрон бўлур эди. Лекин афсуски, бундай бўлмади. Уларнинг орасига Европа ва у ердаги инглизлар нифоқ солди. Уларнинг тарихда йўл қўйган хатоси ва ўзъаро иттифоқ бўла олмагани учун турк халқи ва миллати орқага кетди. Олдинга эмас. Боши бирикиб, бирлашмаганидан турк халқи катта йўқотишга учради. Душманлар улар орасига усталик билан нифоқ ва иғво уруғини сочдилар.
Худога шукрлар бўлсинки, орадан шунча йиллар ўтиб, тарих бизга яна бир буюк имконият берди. Бугун яна икки буюк турк ўғлони Ислом Каримов ва Турғут Озал жаноблари тарих саҳнасига чиқди. Лекин уларнинг ўртасига нифоқ солишга уринадиганлар бугун ҳам бор. Улар ҳануз тинч ётгани йўқ.
Тарихнинг хатосидан тегишли сабоқ чиқарадиган вақт келди. 21 аср — Турк халқларининг истиқбол йиллари бўлиши керак. Истиқбол йўллари очилиши керак.
Бу шонли ва муқаддас йўлни Сиз – икки буюк турк арбоби очишингиз керак бўлади.
Биз энди бу улуғ имкониятни қўлдан чиқармаслигимиз керак!»
Худди кечагидек ёдимда, Эркин Воҳидовнинг бу ўтли сўзлари жаранглаганда матбуот анжумани бўлаётган зал сув қўйгандек жим жит ва сукунатли эди.
Эркин Воҳидовнинг ҳаяжонли сўзларини тинглаб, икки давлат раҳбарлари ҳам ўта ҳаяжонда эдилар.
Ушбу тарихий фаоллар анжуманида мен билан бирга «Ўзбекистон овози» газетаси Бош муҳаррири Шароф Убайдуллаев, «Правда Востока» газетаси Бош муҳаррири Рубен Акопович Сафаров, «Халқ сўзи» газетаси Бош муҳаррири Анвар Жўрабоевлар ҳам бор эди.
Биз улар билан бир қаторда — Ислом ака билан Турғут Озалнинг шундоққина рўпарасида — ёнма ён ўтирардик.
Бизнинг орқамидаги қаторда эса Ўзбекистон Давлат Матбўот Қўмитаси раиси Рустам Шоғуломов, Ўзбекистон Телеграф Агентлиги раҳбари Эркин Қаҳҳорович Ҳайитбоев ва Ўзтелерадио бошлиғи Ганжа Ёқубовлар ўтиришарди.
Ўзбекистон ва Туркия давлати раҳбарларининг бу тарихий учрашуви икки халқ ўртасида узоқ вақтдан бўён узилиб қолган қардошлик ва биродарлик ришталарини қайтадан боғловчи муқаддас бир кўприк мисол юракларга умид ва ишонч туйғуларини олиб кирганди…
7.
Биз бир гуруҳ журналистлар Ислом Каримов билан бирга Турғут Озални кутиб олиш учун аэропортга чиққанимизда, у ердаги олий мартабали меҳмонларни кутиш залида ҳам кичик бир тўхташ бўлганди.
Ислом ака ўша ерда Турғут Озалга «Ўзбекистон овози»нинг янги сонини кўрсатиб, ниманидир ўқиб берганларида мезбон қувонч ва ҳаяжон билан Ислом акани қайта ва қайта қучоғлагани ёдимда.
«Ўзбекистон овози»нинг ўша кунги биринчи саҳифасида катта ҳарфлар билан туркча ва лотинда мана шундай сўзлар ёзилган экан:
«ОТА ЮРТИНГИЗГА ХУШ КЕЛИБСИЗ, АЗИЗ ВА ҲУРМАТЛИ ОҒАМИЗ ТУРҒУТ ОЗАЛ ЖАНОБЛАРИ!»
Газетанинг бу шиори — ўша куннинг шиорига айланиб кетди.
Ислом ака бу газетани Турғут Озалга кўрсатиб, буни ўқинг деганлари ҳали ҳануз кўз олдимда турибди.
Кейинчалик Турғут Озал «Ўзбекистон овози» газетасининг ўша сонидан бир нечтасини ўзи билан бирга Туркияга олиб кетганини айтишди…
8.
Хуллас, фаоллар анжуманидан сўнг «Наврўз» ресторанида расмий зиёфат бўлди.
Ўзбекистон эндигина мустақил бўлиб, ҳали бизда расмий қабуллари учун ҳозиргидек махсус давлат кошоналар — резиденция ва саройлар қурилмаган эди.
Шу боис эски Комсомол кўлининг ёнида қад кўтарган “Наврўз” ресторанида кўпинча пулдор ёки амалдор одамлар ўзларининг тўкин-сочин базмларини ўтказишса, гоҳида давлат аҳамиятига молик расмий зиёфатлар ҳам ўша жойда уюштириларди.
Ҳозир ўйлаб кўрсам, ўша пайтларда ҳақиқатдан ҳам Президентга жуда яқин эканмиз.
Нега деганда, зиёфатда иштирок этиши мумкин бўлган ҳукумат мулозимларининг рўйхатини Протокол бўлими ёки Президент девонининг Ишлар бошқармаси тузади ва албатта бу рўйхат аввал Президентнинг назоратидан ўтади.
Ана шундан сўнггина унинг тасдиқланган нусхалари меҳмонларни текшириб зиёфатга киритадиган Президент Хавфсизлик Хизмати ходимларига тарқатилади.
Ҳукумат миқёсидаги бундай расмий қабуллар қандай тартибда ўтишини ҳозир кўпчилик билади: масалан, олти кишилик стол бўлса, учта меҳмон билан учта мезбон қўшилиб ўтириши керак.
Таомил шунақа экан.
Одатда, соҳаси турдош бўлган вазирлар, ҳукумат аъзолари битта столга ўтқазилади. Гап гапга қовушиши, бундан ташқари, ўзаро суҳбат чоғида янги-янги таклифлар, ғоялар туғилиши учун шундай тартиб жорий этилган бўлса керак.
Одатда, бунақанги расмий зиёфатларда журналистлар қатнашмайди, фақат Давлат Матбуот Қўмитасининг раиси ёки бошқача айтганда – Матбуот ва Ахборот вазири ва агар Президент таклиф қилса, унинг матбуот котиби қатнашиши мумкин, холос.
Лекин, ажабки, мен ҳамиша бундай олий мақом зиёфатларда иштирок этардим…
9.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, фаоллар анжуманидан сўнг Турғут Озал шарафига берилган “Наврўз” ресторанидаги зиёфатга мен, Абдурауф Мақсудий, Нурали Қобул ва Мавлон Умрзоқовлар билан бирга борганмиз.
Сон-cаноқсиз қўриқчилар ва махсус хизмат ходимларига таклифнома билан “шахсиятимизни тасдиқлайдиган ҳужжат” кўрсатилади.
Беш-олтита постда синчковлик билан текширилганимиздан сўнггина чўғдек қип-қизил гиламлари тўшалган мармар зиналардан кўтарилиб иккинчи қаватга чиқдик.
Иккинчи қаватнинг зиёфатлар залига киравериш жойида Ислом ака оиласи Татьяна Акбаровна билан меҳмонларни кутиб олаётган экан.
Беихтиёр, у кишига рўпара келиб қолдик. Уларнинг ёнида Турғут Озал ҳам оиласи билан турган эди.
Биз каловланиб, ўзимизни бир зум йўқотиб қўйдик.
Меҳмонларни Президент кутиб олишини билсак ҳам, лекин барибир Ислом аканинг салобат босарди.
Қабул қилинган тартиб-қоида бўйича мезбон – Ислом ака Турғут Озалга зиёфат залига кираётган ҳукумат мулозимларини бирма-бир таништирар экан:
— Бу киши Фалончи, Фалон жойда ишлайди…
10.
Ислом акага рўпара келингач, ҳамма ўзини орқага урди.
Каттани кўргандан кейин ҳар қандай одам ҳаяжонланиб қолади.
Яхшиям, орамизда Нурали ака дадилроқ экан – у дарҳол йўл бошлади; сўнг Абдурауф Мақсудийни олдинга ўтказдик, унинг орқасидан Мавлон ака эргашди.
Мен ёшим кичик бўлгани учун энг орқада қолдим.
Ислом ака ҳаммани бир-бир Турғут Озалга таништирди. Мен билан ҳам самимий сўрашди. Аммо мен ҳақимда Турғут Озалга нима деганлари ҳозир эсимда йўқ.
Боя айтганимдек, бундай пайтда одамни сир босиб қолади.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Одатда, инсоннинг физиологиясида шундай бир табиий одат бор: агар унга эътибор ҳаддан ташқари юқори бўлса, қулоғи шанғиллаб, айтилган гапни англаб ололмас даражадаги ички бир ҳаяжонда бўларкан.
Мен ҳам ўша онда ҳаяжоним жуда юқори даражада бўлгани боис, Ислом аканинг мен ҳақимдаги гапини яхши англаб ололмадим.
У киши Турғут Озалга ажиб бир табассум ва самимият билан мени таништираркан, меҳмонга нимадир деганини тушундим, лекин айнан нима деганини англаб ололмадим.
Мен давримизнинг бу икки буюк арбоби билан юзма юз бўлиб, қўл беришиб ўтарканман, Туркия Президентининг: «Мамнун ўлдим. Чўқ мамнун ўлдим» деган сўзлари ёдимда қолди, холос…
Яна бир марта қайтараман: Ислом аканинг мен рўпара бўлгандаги табассуми ёдимда-ю, лекин аниқ гапи ёдимда йўқ…
11.
Ҳаммамиз жой-жойимизга бориб ўтирдик.
Шу ўринда расмий зиёфат тўғрисида қисқача айтиб ўтишим керак.
Зиёфатнинг энг тўрида Президентлар рафиқалари билан қўр тўкиб ўтиришади.
Давлат раҳбари бўладиган одам чиройли аёлга уйланиши лозимлигини мен биринчи маротаба ана шу қабул маросимида хаёлимдан ўткарган эдим.
Ҳамманинг кўзи шундоғам сенга, сенинг истиқболингга бош эгиб турган залда бўлади. Агар ёнингда соҳибжамол умр йўлдошинг бўлса, нур устига аъло нур.
Қўл остингдагилар ва ҳузурингга ташриф буюрган меҳмонлар бундай пайт «Ростдан ҳам омадли йигит экан» деб, сенга бир эмас, икки карра қойил қолишади…
Ислом акани ҳам шу маънода икки карра омади келган, камдан кам йигитларгагина насиб этадиган бахтли ва омадли раҳбарга қиёслаш мумкин.
Ҳамиша бир оз ўйчан ва маъюс юрадиган Татьяна ангамиз шаҳло кўзларини яшириб, ним табассум қилганида ёш келиндек яшнаб, ёшариб кетишлари Ислом акага, у кишининг қадди камолига жуда мос ва муносиб эди…
12.
Доира шаклидаги столларда ҳар икки мамалакатдан таклиф қилинган меҳмонлар ёнма-ён ўтирадилар.
Давлат раҳбарларининг қўриқчилари, Президентларнинг Хавфсизлик Хизмати мулозимлари, соқчилар залда кўринмайди…
Столнинг устига чиройли ҳарфлар билан ўзбек ва турк тилларида ҳар кимнинг исми-шарифи ёзиб қўйилган лавҳа бўлади.
Ҳар ким ўзига ажратилган ва номи ёзиб қўйилган жойга бориб ўтириши керак.
Буни “олиймақом” расмий зиёфат дейишади.
Дастурхонда анқонинг тухуми ҳам бўлади, гўзал официанткалар оққуш мисоли столлар орасида сузиб юришади, идиш-товоқлар, таомлар тез-тез алмаштириб турилади.
Зиёфат муқаддимасида икки давлат раҳбарлари қисқача нутқ сўзлайдилар.
Халқлар дўстлиги ва мамлакатлар учун, давлат раҳбарларининг ўзъаро соғлиғи ва рафиқалари учун қадаҳ кўтарилади.
Сўнг концерт бошланади…
13.
Ўзбекистоннинг энг машҳур санъаткорлари, хонанда-ю, созандалари бундай расмий қабулларда иштирок этишни ўзлари учун шараф деб биладилар.
Мен ўша зиёфатда Маданият вазирининг муовини Теша Мўминов (“Йўлчи”) ва Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан битта столда ўтириб қолдим.
Биласиз, Теша ака эллик грамм ароқ ичса бас, дарров лавлагидай қип-қизариб кетади.
Рақс ва қўшиқлар қизғин давом этаётган пайтда Ислом ака биз томонга қараб икки марта имо қилди. Теша ака югуриб Президентнинг ёнига борди. Шивирлашиб бир нималарни гаплашдилар.
Нималарни гаплашганини билмайман-у, лекин бирпасдан кейин Теша ака хурсанд бўлиб қайтиб келди.
Гарчи Теша Мўминов маданият вазирининг ўринбосари бўлса ҳам, аммо мен билан Мавлон аканинг атрофида доимо парвона бўлиб юрарди.
Энди билсам, олий мақом зиёфатларда иштирок этадиган санъаткорлар рўйхатини Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов ҳал қилар экан.
Бундай зиёфатларда иштирок этган санъаткорлар ўз-ўзидан кўплаб имтиёзларга эга бўлади: Президентнинг назари тушган кишиларга бошқа раҳбарлар ҳам яхши муомила қилишади, хизматида бўлишади ва ҳоказо.
Умуман айтиш керакки, шунақа расмий қабул ва зиёфатларда қатнашишни ҳар қандай санъаткор орзу қилади.
Чунки давлат раҳбарлари сархуш бўлиб ўтирган пайтларида жозибали қўшиқ ёки яхши рақс ижро этилса, бирданига ижрочиларга унвон ва мукофот бериб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас.
Санъаткор халқи эса унвон-у, мукофотларга ўч бўлади…
14.
Ўшанда мен Ўзбекистонда яшаётганимдан, Президентимиз Ислом ака эканлигидан ниҳоятда мамнун эдим.
Оддий бир журнал Бош муҳаррири бўлишимга қарамасдан, юксак мартабали меҳмон шарафига уюштирилган расмий зиёфатда қатнашаётганимдан ўзимда йўқ хурсанд бўлиб юрардим, фахрланардим.
Албатта, булар аста-секин одамнинг характерида, юриш-туришида ҳам из қолдиради.
Ҳукумат аъзолари, вазирлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбарлари мени бундай зиёфатларда иштирок этаётганимни кўришар ва буни каттага яқинлигимдан деб билишарди.
Ҳолбуки, мен ҳукумат аъзоси ёки ҳатто Ўзбекистондаги етакчи нашрлардан бирининг раҳбари ҳам эмасдим.
Бор йўғи бир тармоқ (Госплан) журналининг раҳбари эдим, холос.
Лекин унча-бунча раҳбар бора олмайдиган олиймақом давраларда мен албатта бўлардим.
Бундай ҳолатни кўпчилик бир пайтлар ўзи ҳам “Госплан”га раҳбарлик қилган Президентнинг менга бўлган алоҳида муносабатидан деб билар ва шунга яраша муомила қилишарди…
15.
Одатда, расмий зиёфатлар узоқ чўзилмасди.
Икки давлат раҳбарлари ўринларидан қўзғолишгач, бу ерда ўтирган мулозимлар овқат едими-емадими, бундан қатьий назар, ўринларидан ирғиб туриб кетишади.
Боягина зиёфат авжида бўлган даврада бир нафасда ҳеч ким қолмайди.
Ўша манзаралар кўз ўнгимда сақланиб қолган…
16.
Юқоридаги суратда даврадошларимиздан бўлган айрим кишилар тўғрисида тўхталиб ўтганман. Бошқалар ҳақида ҳам мавриди билан гапирарман.
Ҳозир эса Абдурауф Мақсудий ҳақида икки оғиз таассуротларимни сўзламоқчиман.
Бу одамни мен биринчи маротаба ўша машҳур тўйда – Президентимиз билан қуда бўлаётганида кўрган эдим.
Тўйнинг наҳорги оши – Дархоннинг машҳур ошхонасида берилган эди.
Ўшанда Мавлон ака иккаламиз тонг ғира-ширасида ошга борганимизда Ислом ака аллақачон тўйда мезбонлик ўрнини эгаллаб, меҳмонларни кутиб олаётган эди.
У кишининг ёнида турган ўрта бўйли, қорачадан келган, истараси иссиқ кишини “Президентнинг қудаси” деб айтишгани ҳануз ёдимда.
Тўй қиш пайтларида бўлганди.
Бундай дейишимга сабаб, Ислом ака ўшанда иссиқ пўстин билан телпак кийиб олган эдилар.
У кишининг ўша – биз кўриб ўрганмаган оддий қиш кийимдаги ажиб манзараси ҳануз кўз ўнгимда сақланиб қолган.
Абдурауф Мақсудий эса Ислом аканинг ёнида зарбоп чопонда қўр тўкиб тургани худди кечагидай ёдимда…
17.
Президентнинг қудаси билан кейинчалик Нурали Қобул туфайли яқиндан танишдик.
Ўзи асли Марғилонлик бўлган Абдурауф ака сиёсат билан шуғулланмайдиган, фақат тижорат-у, тадбиркорлик билан машғул бўлган, ниҳоятда камтар, юксак маданиятли ва эҳтиромли бир инсон эди.
Ўша пайтда у киши Президентнинг Дўрмондаги қароргоҳи (дача)сининг ёнида – элчилар ва бошқа расмий меҳмонлар учун махсус қурилган коттеж-меҳмонхонада яшардилар.
Мен у кишининг хонадонида икки-уч маротаба меҳмон бўлганман.
Бундай меҳмондорчилик ва зиёфатларда юртимизнинг таниқли кишилари, асосан, Абдурауф Мақсудий меҳр қўйган илм аҳли, адабиёт ва санъат вакиллари иштирок этишарди.
Мен Нурали Қобул ва Мавлон Умурзоқовлар билан Мақсудийнинг хонадонидан туз тотганман.
Кейин одамгарчилик нуқтаи назаридан мен ҳам Абдурауф Мақсудийни Герман Лопатин маҳалласидаги ўша Ислом ака менга туҳфа қилган — янги олган уйимга – “бир пиёла чой”га таклиф қилганман.
Абдурауф ака ҳам ўз навбатида бизникида икки маротаба меҳмон бўлган.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, биринчи марта Нурали Қобул Абдурауф Мақсудийни бошлаб келганда мен уни оила аъзоларим билан таништирганман.
Ўшанда Мақсудий етти қаватли пардоз-андоз қутичасини келинингизга совға қилган эди.
Бу қутичанинг бир қаватида бўёқ бўлса, иккинчи қаватида (қатламида) қош терадиган ускуна бўларди, учинчисида яна бир балолар бор ва то еттинчи қаватигача турли туман совға саломларга тўла эди.
Абдурауф Мақсудий болаларимга ҳам ҳар хил – биз ҳали Тошкентда кўриб улгурмаган, учратмаган қимматбаҳо ўйинчоқлар келтирган эди.
Уйимга Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қудаси ташриф буюрганидан бошим осмонга етарди.
Кечагина Қашқадарёнинг чекка қишлоғида кўча чангитиб юрган мишиқи бир боланинг энди қаторга кириб, ўзига яраша обрў-эътибор топганидан ниҳоятда қувонар эдим.
Мен у кишининг ҳурматини жойига қўярдим, яхши муомила қилардим.
Назаримда, бизнинг самимийлигимиз у кишига маъқул бўлади. Шу боис икки бора бизникида меҳмон бўладилар.
Биласиз, Президентнинг қудаси бировларнинг уйига ўйлаб боради, бошқаларни ўз уйига таклиф қилганида ҳам ҳар томонини эътиборга олади.
Мен у кишининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлганимдан ниҳоятда бахтиёр эдим…
18.
Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишим керак.
Ўша пайтларда Нурали Қобулнинг оиласи, ёзувчи Шаҳодат Исахонова “Камалак” нашриётининг директори эди.
Абдурауф Мақсудий Қатортолдаги ана шу нашриётнинг бир чеккасидан тижорат ва тадбиркорлик ишлари учун ижарага жой олади.
Сўнгра ўша нашриётнинг ҳаммасини ижарага олиб, чала-ярим ҳолда ётган қурилишларни ниҳоясига етказади, атрофларини обод қилади.
У киши уддабурон тадбиркор эди.
Умуман, Абдурауф Мақсудий менда яхши таассурот қолдирган.
Мен у кишининг ўз қудаси – Президент Ислом Каримов билан бўлган муносабати ва фарзандларининг нима учун ажралиб кетгани тўғрисида бу бобда бирор гап айтишдан ўзимни тиймоқчиман.
Негаки, оила муқаддас ва сирли салтанат. Унинг ҳануз очилмаган асрорлари талайгина. Зотан, ҳар бир оиланинг ўз ички сирлари бўлади.
Қолаверса, бировларнинг тўшагини титкилаб, мавзу излашдан ёмон нарса йўқ.
Бу дунёда ҳаммамизнинг яхши ва ёмон ҳатти-ҳаракатларимизга Яратганнинг ўзи – ёлғиз гувоҳ!
Вақти-соати келиб, ўзи ажримини беради…
Бу ерда айтишим мумкин бўлган гап шуки, Мақсудийнинг ўғли Мансур билан Президентимизнинг қизи Гулнораларнинг Ислом ва Имон исмли бир-биридан ширин-шакар икки нафар фарзандлари бор.
Йигирманчи асрнинг бурилиш нуқтасида, шаҳаншоҳлар салтанатида дунёга келган бу норасида гўдакларни Оллоҳнинг ўзи асрасин!
Уларда айб йўқ!
19.
Майли, мавзуга қайтайлик.
Биз Туркия Президенти шарафига Ислом ака уюштирган зиёфат ҳақида гапираётган эдик.
Дарвоқе, Турғут Озал ҳақида ҳам яна бир гапни айтиб ўтишим керак.
Маълумки, у Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишидан бир оз аввалроқ, биз Бош Вазир ўринбосари Муҳаммаджон Қорабоев раҳбарлиги остида Туркияга сафар қилгандик.
Бу ҳақда «Оқланмаган ишонч қиссаси»нинг иккинчи китобида батафсил ҳикоя қилинган.
Ўшанда турклар бизни кўпинча муҳташам ресторанларнинг зиёфат залларида меҳмон қилишарди.
Умуман, Туркияда расмий ҳукумат делегацияларини ресторанларда қабул қилиш одати мавжуд экан.
Бир гал бизни Анқарадаги йигирма қаватли рестораннинг энг юқорисида меҳмон қилишганди. Ўша зиёфатда Турғут Озал ҳам ташриф буюради.
Мен биринчи марта Турғут Озал билан Анқарадаги машҳур зиёфатлар ресторанида учрашган эдим.
У жуда кичкина, миқтигина одам эди, менинг елкамдан келарди.
Ишонасизми, мен ўзим кичкина одамман, яна Туркия Президенти елкамдан келса…
Ўшанда Турғут Озалнинг ёнидаги одамдан кейинги стулда мен ўтирган эдим.
У ҳатто Президентга ҳам ўхшамасди, ниҳоятда камтар ва камсуқим, жуссаси меникидан ҳам кичик, лекин каттакон ва буюк бир давлат раҳбари эди…
20.
Турғут Озал Ўзбекистонга ташриф буюрганидан сўнг Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжонга боради.
Афсуски, Бокудан Ватанига учиб кетишга ҳозирлик кўраётган пайтда тўсатдан вафот этади.
Худо раҳмат қилсин. Туркийларнинг жаҳоншумул сиёсатдонларидан эди. Жойи жаннатда бўлсин!
Кейин Туркияда Турғут Озалнинг ўрнига Сулаймон Демерель Президентликка сайланади.
Менимча, Сулаймон Демерель туғма давлат арбобига ўхшарди, қувваи ҳофизаси ҳам кенг ва кучли эди. У ғоятда гапга чечан бўлиб, одамларни дарров ўзига жалб эта оларди.
Туркияга борганимизда у бизни ҳукумат саройида меҳмон қилганини ва эсдалик сифати ҳар биримизга тилло соат тақдим этганини илгари ёзган эдим.
Мен тўқсонинчи йилларнинг бошида совға сифатида олган бу олтин соатни Ўзбкистонда то раҳбарликдан урилиб, хориж эллар сари юз тутган 2004 йилга қадар ўн тўрт йил давомида ажиб бир фахр билан тақиб юрдим.
Мен Буюк Туркия давлатининг бу икки атоқли арбоби билан дийдор кўришиб, ҳамсуҳбат бўлганимдан ҳанузгача қалбимда ажиб бир фахр туяман…
21.
…Ҳозир ҳам ҳукуматнинг расмий зиёфатлари бўлади.
Унда таклиф қилинган юксак мартабали меҳмонлар иштирок этишади.
Бу зиёфатлар энди қандайдир «Наврўз» каби мўъжаз ресторанларда эмас, балки Президентнинг шоҳона сарой ва қасрларида, дунё стандартларига мослаб қурилган сўлим ва жаннатмакон резиденция ва оромгоҳларида уюштирилади.
Бундай муҳташам ва олиймақом зиёфатларда иштирок этиш жуда кўпчилик учун бир умр ушалмас орзу бўлиб қолади.
Лекин мен бундан бир неча йиллар муқаддам – Ўзбекистон давлатчилиги эндигина шаклланиб, мустақилликни қўлга киритган муборак ва тарихий дамларда ана шундай олий мақом зиёфатларда иштирок этганман.
Энди англаб етаяпманки, Президентимизнинг менга бўлган алоҳида ишончи ва меҳри туфайли ана шундай юксак ишончга, олий саодатга муяссар бўлган эканман.
Лекин давлат раҳбарининг бу ишонч ва бу меҳрига Исмат Хушев қай даражада муносиб бўла олгани – бу энди бошқа масала.
Бу энди алоҳида мавзу бўлади…
22.
Мен бу гапларни нима учун айтаяпман, эслаяпман?
Одатда Арши аълодаги гаплар ҳар қандай фуқорани ҳам ўзига тортиб туради.
Ҳеч сир эмас, Ўзбекистон фуқораларнинг кенг табақаси учун расмий зиёфатларни аслида арши аълодаги зиёфатга ўхшатиш мумкин.
Жамият ҳаётидаги ижтимоий сиёсий аҳамият касб этган ҳар бир воқеа ва ҳодиса муайян бир даврни ўз ичига олади.
Ҳар бир расмий зиёфатда ўз даврининг тарихи акс этади.
Уни агар кино лентасига кўчириб истаган куни айлантирсангиз, ўша давр тарихини яна бир бор бошдан кечирасиз.
Назаримда мен ҳам бугун Сизга ҳикоя қилаётган ўша тарихий зиёфат ва қабулларни онгимга, шууримга, юрагимга кўчирган эканман.
Ҳали ҳануз тақдир тоши мени ўша зиёфатлар ўтган улуғ масканлардан ўн минг километрлаб узоқлатган бўлса-да, хаёлим тасмаларига кўчган ўша тарих ҳамон кўзим ўнгида…
Мен уни ҳар сафар энтикиб, энтикиб эслаганимда Ватанимнинг бир парчасини кўриб тургандай бўламан.
Бугун Сизга айтмоқчи бўлган расмий зиёфатлар ҳақидаги норасмий хаёлларим мана шулардан иборат…
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ