"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Бердиёр ЖУМАЕВ: ЭР(КАК)ЛАР ҚАДРИ

Муносабат, Муҳокама учун мавзу | 18/04/2014 08:23-     11539 марта ўқилди

Бердиёр ЖУМАЕВ

 

                                       ЭР(КАК)ЛАР ҚАДРИ

 

                            баланд тутилган элда аёллар шаъни

 

                                    ҳам янада улуғ бўлажакдир!

 

— Жумаев деганлари сенмисан, болам?

— Ҳа, — дедим ногаҳон берилган бу саволдан, беихтиёр бошимни кўтариб ва стол ёнида тик турган етмиш беш ёшлар атрофидаги савлатли онахонга кўзим тушди. Газетанинг навбатдаги сонига мўлжалланган мақола таҳририга қизиқиб кетиб, унинг очиқ турган эшикдан хизмат хонамга қандай кириб келганини-да сезмай қолибман.

Ўрнимдан туриб, салом — алик қилганимдан сўнг, мен кўрсатган жойга ўтираркан у олд томонига тушган рўмоли учини шахд билан елкаси оша ташлади. «Фаол кампиршога ўхшайди, не юмуш билан келдийкан?” У кўнглимдан кечган ушбу саволни худди сезгандай ўзи сўз очди.

— Шартим шу — менинг кимлигимниям, қаерданлигимниям сўрамайсан, фалончи кампир арзга борибди, деган ғийбатни эшитишни хоҳламайман. Аммо айтганларимни газетада босасан, сенга ўхшаган ёзувчибоп муаммо…

— Моможон, мен ёзувчимасман… — деган эътирозимга у бепарво қўл силкиди.

— Майли, фарқи йўқ. Айтиб қўяй-ки, сенинг ёзганларингдан
баъзилари мен ёқади, невараларимга ўқитиб эшитамаи. Айниқса,
қариндошларнинг қуда бўлишларини асосли равишда қоралаганинг маъқул тушди. Ҳақиқатанам, бунга йўл қўйиб бўлмайди, наслини айнитаман ва қуритаман, авлодини йўқ қиламан, деганларнинг қилмиши бу. Тағин, мақтаганимга талтайиб кетмагин, хўпми?! Кел энди масаладан чалғимайлик, шошиб турибман, менинг бу ёқларга келиб қолганимни ҳеч ким билмайди.

Хуллас, онахон дардини тўкиб соладиган, мен эса, бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмай, уни тинглайдиган бўлиб келишдик.

— Болам, кейинги вақтларда эркакларни беқадр қилиб қўяяпмиз, — дея ҳикоясини бошлади момо. — Ёшим саксонга яқинлашиб, ҳали кўпгина эрларнинг бу қадар хорланганлари-ю хўрланганларини кўрганим йўқ. Бозор иқтисодиёти, деган бало кўплаб оилаларни нотинчлантирди, аксар ишлаган одам ҳам рўзғорининг ғорини тўлдиришнинг ҳисобидан чиқолмаяпти. Бундай иложсизлик кўпгина хотинларга баҳона бўлаётир. Улар умр йўлдошларининг топган — тутганларига қаноат қилмай, уларнинг жонларини олмоқдалар. Сал бирор нарса ишлаб топганлари-ку, эрларининг ранглариниям чиқармайди, ҳай — ҳай демаса, елкасига миниб, бошига чиқиб олишданам тойишмайди. Бу — бориб турган кўрнамакликдир — эскичасигаям, янгичасигаям гуноҳи азимдир.

— Сизнингча, барча аёлларам ношукурми?

— Менам ҳаммасини ёмонлаётганим йўқ-ку! Аксариятлари шундай яхши-ки, бундай қавмдошларимга жон-у жаҳонингни садақа айлаб юборсанг арзийди, келинларим орасидаям бундайлари йўғамас. Таассуф-ки, фалончидай кийолмадим, пиставончидай еёлмадим деб, асоссиз равишда ўз жуфтларини беҳурмат қиладиган тантиқ хонимчалар кўпайиб кетаяпти. Ундайлар эрни эр ўрнида кўрмай қўйишди, болам.

Мана, бизларам умр бўйи хўжайинимиз қатори ишладик, аммо буни миннат этмадик, эрнинг йўғини яшириб — борини оширдик, овоз чиқариб отини атаёлмай ўтдик. Мен тенгилар бошидан кечирган очарчиликлар-у қаҳатчиликларни эндигилар кўришса борми, билмадим, каллаларини қаён уришарди?! Илойим, ундай замонлар қайтмасин. Ҳозирги ўткинчи қийинчиликларни деб, болаларининг отасини обрўсизлантириш калтабинликдан, фаросатсизликдан бошқа нарса эмас… Бундан кўра, эрнинг аҳволини тўғри тушунсин, турмуш ташвишларини енгиллаштиришда унга кўмаклашсин.

— Бироқ дангаса, ялқов, меҳнатдан қочадиган эркакларам оз эмаслар-да, моможон…

— Улар ҳақида гапираётганим йўқ, берсанг ейман — урсанг ўламан, деб ётадиган бундай ярамасларни ўзимам жуда ёмон кўраман. Мен қўлидан иш, оғзидан гап келадиган, бироқ қанча жон койитиб меҳнат қилишсаям-ки, хотинлари истаганчалик пул тополмаётган ҳалол — пок эркакларни, уларни бола — чақа боқолмаяпсан деб, ўринсиз қийин — қистовга олаётган қаноатсиз — тоқатсиз ойимчаларни назарда тутаяпман. Менинг шу айтганларимни газетга чиқаргин-ки, юқоридагидек, кўрнамак хотинлар сабоқ чиқариб олсинлар, токи, бундайлар яхши келинларимиз ва қизларимизгаям эрга ҳамда отага нописандликни ўргатмасинлар. Албатта, шундай деб ёзгин, мен бекорга айни саратонда шунча жойдан сарсон бўлиб келганим йўқ…

… Онахон билан гурунгимиз бир соатдан ортиқ давом этди. Бу орада ўзимнинг «Шундай кетишда аёллар ҳукмронлиги — матриархат тузумига қайтсак ажабмас, шундай замонлар ҳам бўлган» деган ҳазилимга момонинг: «Хотинлар ҳукмрон бўлиб қайгаям боришарди, болам. Яратганнинг ўзи уларнинг пешонасига битиб қўйган вазифалар бор, шу қисматлари етарли. Аёл аёллигини қилиши керак» деган жавобни эшитдим.

У кишини кузатар эканман, ҳаргиз илтимосимга қарамай, барибир кимлигини билдирмади. Бироқ ўзи нотаниш эса-да, айни пайтда кўндаланг қўйган муаммоси таниш ҳамда долзарб бўлган бу момогинам менинг учун, ўзи билмагани ҳолда, йирик бир ғалвали мавзунинг эшигини очиб кетган эди. Дарҳақиқат, ушбу аччиқ ҳамда аёвсиз, шу билан бирга, ҳаётий таъна — дашномларни чуқурроқ мулоҳазалардан ўтказиб, турмуш таъминоти нуқтаи назаридан олиб қараганда эрларнинг — эркакларнинг қадр — қимматлари кейинги пайтларда анча — мунча пасайганлигини англаб етдим ҳамда ҳис этдим.

 

*      *     *

 

Амалда тадбиркорлик ва ишбилармонликни талаб қиладиган ҳозирги даврнинг мураккабликлари, биринчи навбатда, оила бошлиқларини шошириб — гангитиб қўйди. Энди, ҳатто ўртача турмуш кечириш учун ҳам-ки, йўқни йўндириш, қаловини топиб, қорни-да ёндиришга тўғри келаётир. Аксарият кишилар эса, ҳали бундай синовларни енгиб ўтиша олмаётирлар. Албатта бунинг учун бола — чақасини зориқтирмаслик ҳаракатида жон — жаҳди билан интилаётган, аммо бозор иқтисодиёти талаблари билан баробар қадам ташлашга имкон топа билмаётган эркакларни айблаш нотўғри, албатта! Ахир ҳалол ишлаб топганлари, баъзан яхши кун кечиришга етмаса — улар гуноҳкор эмаслар-ку?!

Юқоридаги фикрларнинг айни ҳақиқат эканлигини хотинларининг миннат ўқига нишон бўлаётган эрларнинг аянч аҳволидан, топиш — тутишининг тайини йўқ экан, деган баҳона остида ажралишлар сони мислсиз ошиб бораётганлигидан, хотинларининг «фақат, ойлик маош ҳисобига яшайсан, бошқа нарса қўлингдан келмайди» деб, қилган узлуксиз жанжаллари оқибатида ўзларини ичкиликка, бангиликка ураётган, айрим ҳолларда эса, азиз жонларига-да қасд қилаётган дуппа — дуруст эркакларнинг учраб турганликларидан-да билиш мумкин. Минг афсуслар-ки, буларнинг барчаси аччиқ ҳақиқатлардир.

Лекин, виждонан ёндошганда, яхшигина ишлаб турган, топган — тутганини уйига олиб келадиган эрларни ёмонлаш, уқувсизликда, яшашнинг йўлини билмасликда айблаш бориб турган инсофсизликдир. Меҳнат қилмайдиган, бор — йўғини кўчага, ичкиликка сарфлаб йўқотадиганлар эса, ҳар қанча лаънатлар-у нафратларга лойиқдирлар. Умуман олганда, оилам, бола — чақам, дейдиган эркакнинг жамиятда ва оилада муносиб ўрни ва обрў — эътибори сақланмоғи даркор. Асли ўзимизнинг қадим туркийча «эр», «эран» сўзлари — “ҳукмрон», «сардор», «етакчи» маъноларини англатади.

 

*      *      *

 

Муқаддас ислом динимиздаям эркак оила бошлиғи, аҳли — аёлининг ҳимоячиси, бола — чақасининг раҳнамоси сифатида тилга олинади. Табаррук ва қутлуғ Қуръони Каримнинг «Нисо» сураси 34 — оятида «Эрлар хотинлари устида ҳокимдирлар, бунга сабаб Оллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ ва устун қилиб яратганидир» дейилади-ки, ҳар ким учун бундан ортиқ дастуриламал йўқдир ва бўлмас ҳам.

Диний манбаларимизда эрини асоссиз ранжитган, унга кўрнамаклик этган хотинлар қатъий қораланадилар. Ҳадиси Шариф манбаларида келтирилади-ки, улуғ саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Аббоснинг гувоҳлик беришича, Муҳаммад Пайғамбаримиз —  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: «Менга дўзахдаги даҳшатли бир манзарани кўрсатдилар: у ердагиларнинг аксари кўпчилиги ношукур хотинлар эдилар». Ул зотдан сўрадилар: Ё, Расулуллоҳ, бу аёллар Худога ношукурлик қилдиларми?». Пайғамбаримиз жавоб кайтардилар: Улар ўз эрларига нисбатан ношукурлик қилганлар. Агарда, бундайларга доимо яхшилик кўрсатсанг-у арзимаган айб сендан ўтса, ношукур хотин: «Мен сендан ҳеч бир ёруғлик кўрмадим» деб айтади, дедилар ва давом этдилар: «Қайси бир хотин ўлса, эри ундан рози бўлгандагина жаннатга тушгайдур».

Аллома-ю уламоларимиз ҳам ушбу хусусда ўзларининг оқилона ўгитларини айтиб кеттанлар, жумладан, ХХ аср бошларидаги атоқли туркий маърифатпарвар Ризоуддин ибн Фахриддин шундай ёзганди: ‘Тарбияли хотунлар шариат ва ақлға хилоф бўлмағон ўринларда ўзларининг эрларига итоат қилмоқлари шарт. Чунки, хотунлар устида эрларининг кўп ва шул нисбатдан улуғ ҳақлари бордир. Оллоҳ таолонинг ризолигини умид этган ва охиратда шодлик кутган хотун учун эри ила меҳрибон бўлмоқлик лозимдир. Бунинг хилофида бўлғон хотун бу дунёда ўкинур, у дунёда — охиратда эса, қўрқинчли жазо кўрур. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Эрига итоат этган хотун жаннатийдур», «Агарда бандаларга сажда этмак шариатимизда дуруст бўлса, эрларига сажда этмак хақида хотунларга буюрур эрдим» деган сўзларидан эрларига итоат этмак хотунлар учун буюк бурч экани ҳамда итоатли хотунларнинг келажак кунлари кўп роҳатда ўтажаги маълум бўлур».

Шарқнинг буюк нозимларидан бири — Саъдий Шерозий аёлларга нисбатан қуйидагича муносабатини билдирганида, ниҳоятда ҳақ эди:

 

                       Хотин бўлса қобил-у ақли расо,

                       Эрни шоҳ этар, гарчи, бўлса гадо.

 

Қардошларимиз қирғиз халқининг тубандаги мақоли ҳам ибратга ва сабоққа арзигуликдир:

 

Яхши хотин тентак эрни эр қилар,

                      Ёмон хотин яхши эрни ер қилар.

 

Улкан мутафаккиримиз Абдурауф Фитрат ҳазратлари ушбу хусусда шундай айтиб ўтганлар: «Эр — хотун узоқ йиллар бирга бўлиб, шодлик ва ғамни биргаликда баҳам кўрадилар, ҳаётий қийинчиликларни енгиб ўтадилар. Баъзан, шундай ҳам бўлади-ки, бу иккала ҳаёт шериклари бирортасини бир хато ҳаракати ёки қаттиқ муомаласи билан хафа қилади. Бу ҳолатда, агарда, қарши томон ўч олиш фикрига тушиб, ўша тариқада ҳаракат ва муомала қилмоқчи бўлса, бу қаршилик ҳақорат ва жанжалга айланишига шубҳа қолмайди. Оқибатда, бу иккала йўлдош бир — бирларидан ажралиб кетадилар, шу баҳона уларнинг саодат биноси бахтсизлик ва норозилик билан ерга яксон бўлади. Бундай ҳодиса биз — туркистонликлар ўртасида, ахлоқий фазилат ва исломий тарбиядан маҳрум эканлигимиз сабабли жуда кўп содир бўлади».

 

*      *      *

 

Демак, хотинларнинг ўзларининг эрларига нисбатан ноўрин беҳурматликлари ва нописандликларига биринчи сабаб уларнинг итоатсизликлари экан, иккинчиси — айрим аёлларда сабр — қаноат фазилатининг етишмаслиги ёхуд умуман йўқлигидир. Ушбу хусусда боболаримиз шундай демишлар: «Яхши хотунлар ҳар вақтда қаноатли бўлурлар. Қаноат етишурлик миқдориға ёки уйда топилғониға шукур қилмоқ, демакдир. Бу эса, эркаклар учун ҳам, хотунлар учун ҳам энг гўзал бир сифатдур. Қаноатлилик бир хазинадур-ки, ҳеч вақт камаймас. Етишур миқдориға ризо бўлмағон кимса, ер тўла бойлиги бўлса-да, ҳаргиз қаноат қилмас. Демак, қаноатсизлик — одам боласидаги бир хасталикдур. Ушбу сабаб ул турмушнинг кўп машаққатларига дучор бўлур».

Даҳоларнинг даҳоси — Мир Алишер Навоий бобомиз қаноат ва сабр зикрида шундай ганжина ҳикматлар қолдирганлар-ки, айни ўринда бундай ҳар кимга ва ҳар қачон сабоқ бўлғулик ҳаққоният намуналарини келтириб ўтмоғимиз жоиз кўринади: «Қаноат булоқдур — суви олган билан қуримайди, хазинадур — нақдинаси сочган билан камаймайди, экинзордур — уруғи иззат ва шавкат мевасини беради, дарахтдур — шохи тортинчоқлик ва ҳурмат самарасини етказади, қаноат қўрғондур — у ерга кирсанг нафс ёмонлигидан қутулурсан, тоғликдур — у ерга чиқсанг дўстга ва душманга қарамликдан халос бўлурсан, қуйилашишдур — натижаси юксаклик, зориқишликдур — фойдаси эҳтиёжсизлик, фаровонлик йўлдур — қаттиқ, аммо севинтирувчи. Сабр аччиқдур, бироқ фойда бергувчи, қаттиқдур — лекин зарарни даъф этгувчи, ўртоқдур — суҳбати зериктирарли, аммо мақсадга олиб боргувчи, улфатдур — умиди узун, бироқ охири истакка элтгувчи, уловдур — юриши тихир, аммо манзилга етказувчи, туядур — қадами оғир, лекин бекатга туширгувчи, сабр — шодликлар калитидур ҳамда бандлар очқичидур».

 

*      *      *

 

… Мақсад-у муддаомиз — оиласи, рўзғори, бола — чақаси учун жон куйдираётган, аммо замона зайли туфайли, вақтинча турмуш машаққатларини тўла енгишга қийналаётганлари сабабли хотинлари томонидан ноҳақ танқид ва таъқиб остига олинаётган эр(как)ларнинг муносиб иззат — обрўларини жойига қўйиш бўлганлиги учун ҳам, юқоридаги ибратли гапларни ҳамда мисолларни келтирдик. Зора, доноларимизнинг асрлар оша минглаб маротаба ўз исботини топган мазкур ҳаётий пандлари барчамизга сабоқ бўлса…

 

*      *      *

 

Умидимиз-ки, тез орада ҳамма қийинчиликлар ҳамда етишмовчиликлар барҳам топиб ҳамда ортда қолиб, оилаларимиз янада мустаҳкам ва аҳил, турмушимиз фаровон-у обод ҳамда рўзғоримиз тўкин — сочин бўлғай, уйларимиз ризқларга — рўзларга тўлғай. Иншооллоҳ!

Б.Джумаев

«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар:

  1. Подорожали все авиабилеты
  2. O’zbek: Ismat aka, maqolangiz juda ravon lekin mantiqsiz bo’lib qolgan…
  3. Исмат Хушев: «Президентнинг дўстимисиз, душманимисиз?» (Намоз Нормўмин муносабати)
  4. Тўлқин ЭШБЕК: ҲАСАД БАЛОСИ
  5. Мақсуд Бекжоннинг “Туркийзабонлар ким?» мақоласини ўқиб
  6. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тақдим этади: ИШИД – ИСЛОМ ДУШМАНИ
  7. Ўзбеклар турк бўлмаса, турклар ким? — Малик Мансур
  8. Талант АЛЕКСАНДЕРОВ: НОТРИВИАЛ МУНОСАБАТ… (Исмат Хушев асарларини ўқиб)
  9. Жаҳонгир Маматовнинг «Тўронзамин» нашри «Дунё ўзбеклари» меҳмони
  10. Абдуллоҳ Нусрат: Бугун Ўзбекистонда одамлар кайфияти
  11. Юсуф Жумаев. Халқ ва Оқ эшак (Ўн йил муқаддам ёзилган тарихий мақола)
  12. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади: ‘Ислом ислоҳга муҳтож’ми?
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.