Бир балоси бўлмаса … ёки етмишинчи йиллар охирида Ўзбекистонда босмачилар бормиди?
Собиқ совет империясининг ўлганига 22 йилдан ошди. Энди уни ҳатто сеҳр кучи билан ҳам тирилтиришнинг иложи йўқ. Шунга қарамасдан меросхўр давлат унинг руҳини безовта қилишда давом этмоқда.
Ўнлаб телеканаллар империяни қумсаш дардига мубтало бўлган. Ўша даврдаги буюк давлатчилик ва буюк миллатчилик ғоялар ҳамда кайфиятлар меросхўр давлат ёшларини ҳам заҳарлаяпти. Телеэкранда империя ҳукмронлиги даврида устунликка эришган биринчи даражали халқни улуғлаб, мустамлака республикалардаги иккинчи даражали халқларни камситиш ва уларга турли тамғаларни босиш, албатта меросхўр деган номга мутлақо ярашмайди. Кейин империя йўл қўйган ҳатоларни мустамлака республикалар ва уларнинг халқларига тўнкаш ғирт номардликдир.
Баъзи телекўрсатувларда юзсизлик билан Ўзбекистонга ва ўзбекларга асоссиз равишда тамғалар босилганлиги мени қўлга қалам олишга мажбур қилди.
Шу йил 14 февраль куни “ТВЦ” телеканали собиқ совет давлати Афғонистонга қандай мақсадда бостириб кирди, у бундан ютдими ёки ютқаздими, ўн йилдан кейин бу мамлакатдан чиқиб кетиб тўғри қилдими ёки нотўғри, деган мавзу атрофида мунозара уюштирди. Унда журналистлар, олимлар, сиёсий экспертлар, собиқ ҳарбийлар, истефодаги ҳавфсизлик хизмати ходимлари иштирок этишди. Кўрсатувни журналист Роман Бабаян олиб борди.
Савол ўртага ташланиши биланоқ ғала-ғовур бошланди. Айримларнинг овозини илғаб олиш мумкин эди.
— Бостириб кириб тўғри қилдик, биз Ўрта Осиёга таъсиримизни мустаҳкамлаб олдик, — деди бир сиёсий эксперт.
— Мен муҳокамада қатнашганман, армия бош штаби бунга қарши эди, — деди бир ҳарбий эксперт.
— Чиқиб кетганимиз катта ҳато бўлди, — деди ҳавфсизлик хизмати собиқ ходими.
— Тўҳтанглар! Тўҳтанглар! – овозини баландлатиб бақирди журналист Аркадий Дубнов. – Шуни ҳам билмайсизларми, ахир биз Афғонистонга бостириб киришга мажбур бўлдик-ку!..
— Нега? – деярли ҳамманинг оғзидан шу савол чиқди.
— Ўзбекистонда босмачилар бош кўтараётган эди, улар республикада ҳокимиятни қўлга олиб, сўнг совет давлатига ҳужум қилишмоқчи эди, бизнинг Афғонистонга киришимиз уларнинг ниятини пучга чиқарди.
— Қўйсанг-чи, — деди бир олим эксперт, — босмачилар ўттизинчи йиллардаёқ йўқ бўлиб кетишган, ваҳимангга ким ишонарди?!
— Мана мен, — деди бир пайт эллик ёшлардан ошган, ўнг кўзининг чеккаси тиртиқ, миллати ўзбек бўлмаган бир киши. – Афғон урушига Фарғона шаҳридан чақирилганман. Ўзбек босмачилари совет давлатига қарши тайёргарликни 1973 йиллардаёқ бошлаб юборишган. Аркадий тўғри гапираяпти, ўзбекларга ўша пайтдаёқ ишониб бўлмас эди.
Бояги олим яна ҳайратини яшира олмади: — Ахир ўша пайтда Ўзбекистоннинг раҳбари коммунист эди-ку, унга ишонмай бўлармиди?!
Дубнов қизишиб вағиллай кетди: — Улар ҳеч қачон коммунист бўлишмаган, бундан кейин ҳам бўлишмайди, уларга илгари ҳам ишонмаган эдик, бундан кейин ҳам ишонмаслик керак. Етмишинчи йилларда ўзбек босмачилари ғарбдан маблағ кутишди. Афғонистонга кирганимиз яхши бўлди, улар ана шу маблағни ололмай қолишди.
Албатта, сиёсатдан бехабар одам Дубновни, собиқ ҳарбийни руҳий касалликлар шифохонасидан олиб келишган бўлса керак, деб ўйлайди. Аслида бу ғаразли мақсад кўзланиб режалаштирилган кўрсатув. Унда Марказий Осиёдаги Ўзбекистондан бошқа бирорта давлат ва ўзбекдан бошқа бирорта миллат тилга олинмади. Бизни ўттизинчи йиллардаги босмачиларга қиёслаб ўзбекларга ишонманглар, деб қайта-қайта такрорланди. Демак, ғояда қандайдир ғаразли мақсад яширинган.
Журналист Аркадий Дубновни эса мен янгитдан кашф қилдим. Етмишинчи йилларда хориж радиоларида мен унинг овозини мунтазамэшитиб борардим. У асосан собиқ совет давлатини танқид қилар эди. Мен унинг ғарбнинг агенти деб ўйлар эдим. Энди билдимки, у собиқ совет давлати жосуси экан. Қариса ҳам жосусликни ташламабди. Бу сафар у империя меросхўрига яхши кўринмоқчи бўлиб, Ўзбекистонга “тош отиб” кўрди. Балки бу билан у кимнингдир назарига тушиб қолар. Жазавага тушганида эътибор бердим, хатти-ҳаракати, қўл силташлари, бақиришлари ҳудди 1991 йилдан бери Шимолий Кавказ ҳамда Ўрта Осиё мусулмонларини ҳақоратлаб, камситиб келаётган машҳур депутатга ўхшарди (охирги вақтда Кавказ масаласида “қовун туширгандан” сўнг имиджини ўзгартирган). Фарқи шундаки, бири ҳар куни телеэкранни безаса, бири радиода жосуслик қилади.
Роман Бабаян охирги саволни берди:
— Биз Афғонистондан чиқиб тўғри қилдикми ёки..?
— Оқибатда Ўрта Осиёдан, масалан, Ўзбекистондан ажраб қолдик, — деди Дубнов.
— Ҳудди шундай, ҳаммаси қўлдан кетди, — деди ўз вақтида собиқ империянинг ғоявий югурдаги бўлган Виктор Алкнис.
— Бизникилар шошиб шарманда бўлишди, мана ғарбликлар ўз қўшинларини шошмай олиб чиқишмоқчи, — деди етмишинчи йиллар охирида Фарғонада босмачиларни кўрган тиртиқ кўз ҳарбий.
Бир сиёсий эксперт сурбетлик билан шундай деди: — Биз Афғонистонга кириш билан Ўзбекистонни радикализмдан ҳамда наркотикларни марқатувчи марказга айланишдан сақлаб қолдик.
Студияга танлаб таклиф қилинган номардларнинг бирортаси ҳам собиқ совет давлати геосиёсий манфаатини кўзлаб Афғонистонга бостириб кирганлигига урғу бермади. Бўлмаса Ҳафизулла Амин ҳудди Фидел Кастродек Брежневнинг жуда яқин қадрдони эди.
Ана энди қадрдоннинг қони қандай қилиб, кимларнинг қўли билан тўкилганини, бунда 40-армиядаги рус ҳарбийлари иштирок этмаганини, афғонлар ўз биродарлари ўзбек, тожик ва туркманларни эмас, балки русларни қай даражада яхши кўришини журналист Станислав Кондрашов ўзининг “Афғон” деган ҳужжатли фильмида ҳудди “қўй оғзидан чўп олмаган” мулойим йигитдек ҳикоя қилиб берди.
Бу фильм 14-15 февраль кунлари “Россия 24” каналида такрор-такрор берилди.
Кондрашов асосан Москвада ўқиган ва ишлаган, советлар ҳукуматига хайрихоҳ, руслардан конфет, печенье, нон ва бошқа совға-саломлар олган афғонлар билан суҳбатлашибди. Улар нуқул оғизларидан бол томиб руслар қандай яхши одамлар эди, бизга шоколад, печенье ва бошқа ширинликлар беришар эди, биз билан суҳбатлашиб ўтиришар эди, қанийди америкаликлар кетишгандан кейин руслар яна қайтиб келишса, дейишарди.
Ажабо, Афғонистонга кирган 140 минг кишилик армиянинг таркиби фақат руслардан иборат эдими?! Кейин улар афғонлар юртига қурол билан кирдими ёки ширинликлар билан? Унда Брежневнинг қадрдони Ҳафизулла Аминнинг саройига ким ҳужум қилди? Бу саволларга жавоб излаб мулоҳаза юритсангиз ғояда яширинган ғаразнинг моҳиятини англаб етасиз. Яна балога қолган ўрта осиёлик мусулмонлар. Энди улар босмачилар эмас, совет раҳбарларининг буйруғини бажарган, агар бажаришмаса хоин сифатида отиб ташланадиган ўзбек, тожик, туркман йигитлар.
— Ҳафизулла Амин саройига ҳужум қилганлар орасида битта ҳам рус йўқ, ҳаммаси ўзбек, тожик, туркман йигитлар эди. Улар 40 минутнинг ичида саройдаги 200дан ортиқ одамни ер тишлатди, битта ҳам тирик одам қолмади, ўлганлар орасида Аминнинг жасади ҳам бор эди, — дейди бамайлихотир Кандрашев ва сўзида давом этади: — шундай қилиб, “мусбат”нинг, яъни мусулмонлар батальонининг номи афғон уруши тарихида қолди.
Хўш, бошқа дин вакилларини аралаштирмасдан мусулмон биродарларни айнан мусулмонларнинг қўли билан ўлдириш ғояси кимдан чиққан?!Кремлдан!.. Ўша кўп миллатли ва кўп динли халқларнинг “ҳомийси” номини олган совет империясининг доҳийларидан. Бундай қонхўрлик режасини Брежневдан ташқари Громико, Черненко, Суслов, Устинов тасдиқлашган.
Станислав Кондрашов Афғонистоннинг шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб кезиб юрар экан, Амин саройига ҳужум қилиб ҳатто фаррошу қоровулни ҳам тирик қолдирмаганлар ўрта осиёлик мусулмонлар эканлигини эслатишни унутмаган ҳолда русларни соғиниб қолган афғонлардан қайта-қайта интервью олади.
Биз баъзан ўйламай-нетмай, мусулмонларни бир-бирларига қайраб қўйиб сўнг қонли хунрезликларни мириқиб томоша қилиш ғарбликларга хос бўлса керак деб ўйлардик. Энди билдикки, Кремлнинг собиқ доҳийлари бу борада катта тажрибага эга эканлар. Мусулмонлардан алоҳида батальон тузиб мусулмонларни ўлдиришга мажбурлаш унча-мунча қотилларнинг хаёлига ҳам келмайди. Юзсизликни қаранг фильм ғоясида мусулмон ҳарбийлар ёмонотлиқ қилиниб, рус ҳарбийлари конфет ва печенье тарқатганликда улуғланаяпти. Ундан кўра, совет қўшинлари турган ўн йилга яқин вақтда Афғонистонда қанча тинч аҳоли ўлдирилганини айтиш мардлик бўларди.
Фильмда собиқ Совет қўшинлари Афғонистонга нега кирди, оқибати нима бўлди, бундан у ютдими ёки ютқазди? – бу саволларга интервью берганларнинг бирортаси ҳам, ҳатто 40-армия қўмондони Борис Громов ҳам аниқ жавоб бера олмади. Бу саволга фақат АҚШ разведкасининг вакили Милтон Бирден аниқ жавоб бериб шундай деди: — Бу собиқ совет давлати билан АҚШ ўртасидаги совуқ урушнинг оқибати эди. 1979 йилда Эронда инқилоб ғалаба қилганидан кейин собиқ совет давлати шундай тактикани қўллади. Бу тарихдан хулоса чиқармаслик. Аслида афғонларни Искандар Зулқарнайн ҳам, Чингизхон ҳам, англияликлар ҳам енга олмаган, мана энди руслар ҳам, америкаликлар ҳам енга олишмади. Шундай экан, бу давлатга киришларнинг ўзи ҳато бўлган.
Бу гап собиқ совет ҳарбийларига ҳам тегишли. Жафокаш афғон халқига конфет, печенье, нон тарқатганлардан интервью олгандан кўра, империя доҳийларининг топшириқларини бажаришга мажбур бўлганларнинг суҳбатларини, афсус-надоматларини берган маъқул эди.
Энди етмишинчи йиллар охирида Ўзбекистонда босмачиларни кўрганларга маслаҳатимиз шуки, юртимизга бир айланиб келинглар, биздаги шифокорлар руҳий касалларга аниқ ташхис қўя оладилар, ажабмас шундан кейин бизга ишониб, ўзингларга ишонмайдиган бўлсаларинг. Бир йўла вайсақиликдан ҳам қутуласизлар.
Иброҳим Норматов, сиёсий шарҳловчи,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
“Сиёсат” ахборот-таҳлил маркази эксперти
Ruslar bizga rivojlanish olib keldi. Afg’onlar arablarga ergashib nima bo’ldi?
Oris boskinchilariga karshi yozilgan raddiya makolangizdan juda — juda kuvondik . Hamisha shunday makolalaringiz bilan halkimizni hushnud etishda davom etavering …