Ўзбек-турк-француз олими: Марказий Осиё давлатлари Россиядан барибир қўрқади
Айни дамда АҚШда ишлаётган Байрам Балчи билан Туркия ва Марказий Осиё орасидаги алоқалар ҳақида гаплашар эканмиз, ундан Россия хусусида ҳам сўрадик.
Туркия аҳли Марказий Осиё халқларини ўзига қанчалик яқин билмасин, ришталар мураккаб. Аждодлари Ўзбекистондан, ўзи эса Туркияда туғилиб, Францияда катта бўлиб, бугунги кунда Америкада фаолият юритаётган Байрам Балчи (Балcи) алоқаларни узоқ йиллардан бери таҳлил қилиб келади. Минтақада кўп вақт ўтказган, изланган, ўзбек тилида гапиришга ҳаракат қилади. Байрам Балчи билан мулоқотда бўлдик.
— Туркия ва Марказий Осиё давлатлари орасидаги бугунги муносабатларни қандай баҳолайсиз? Бирма-бир қарасак, Анқара кимга қанчалик яқин?
Балчи: Совет иттифоқи парчаланар экан, Туркияда минтақага нисбатан сиёсий қизиқиш жуда кучли эди. Сиёсий жиҳатдан Марказий Осиёдаги янги мустақил давлатлар билан ишлаш приоритет дея белгиланган эди. Ғарб Туркияни ёш ўлкалар учун намуна қилиб кўрсатар эди. Унинг тараққиёт йўлидан бориб, СССР даврига хос иқтисодиётдан воз кечиб, Ғарб томон йўналган бир жамиятлар бўлади деган умидлар боғланган эди. Лекин бу умидлар амалга ошмади.
Нима учун? Икки сабаби бор. Биринчидан, Туркия бу давлатлардан келаётган катта талабларга жавоб бера олмади. Марказий Осиё республикалари эса усиз ҳам халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўла олишини тушуниб етди. Учинчидан эса бу давлатлар Туркиянинг мақсадларини ўз мустақиллиги ва суверенитети йўлида тўсиқ деб билди.
1996-йилга келиб Туркия Марказий Осиёга нисбатан реалроқ қарай бошлади. 2002-йилда эса “Адолат ва Тараққиёт” (АКП) ҳокимиятга келгач, асосий диққатни Яқин Шарққа қаратишга қарор қилинди. Яқин қўшнилари билан алоқаларни яхшилаш, келишмовчиликларга барҳам бериш энг муҳим вазифа деб белгиланди. Чунки бу масалалар ҳал этилмас экан, Туркия етакчи давлат бўла олмайди деб ўйлашди. Туркия ҳамон ўша масалалар билан овора ва бу орада Марказий Осиё қанчалик муҳим экани тан олинмасин, унга эътибор паст. Лекин минтақадаги ҳар бир давлат билан ўзига хос алоқа бор:
Қозоғистонда Туркия компаниялари учун имкониятлар яхши. Шимкентда турк университети мавжуд. Тақводор Фатҳулла Гулен раҳнамолигидаги ҳаракат ҳам ўз олийгоҳи ва камида 30 литсейига эга.
Туркманистонда турк қурилиш компаниялари жуда фаол. Сапармурод Ниёзов даврида ҳам, Қурбонгули Бердимуҳаммедов президентлигида ҳам муносабатлар мустаҳкамдек. Лекин Туркманистон ҳукумати диний ҳамкорликка чек қўйди. Бу давлат энди ўз диний элитасини Туркия ёрдамида тайёрламаяпти. Айтишларича, Туркманистонда тақводорлар етарли.
Қирғизистонда президент Алмазбек Атамбаев Туркия билан алоқани кучайтириш пайида. Атамбаев туркча гапиради, унинг Туркияда шахсий бизнеслари борлиги маълум.
Тожикистоннинг Туркия билан муносабатларини нормал деб баҳолаган бўлар эдим.
Ўзбекистон ва Туркия ораси эса бағоят совуқ. Республикага Анқарада қизиқиш кучли, аммо ўзбек мухолифатига бошпана бергани учун Тошкент Туркиядан қаттиқ норози бўлган ва унинг аломатлари ҳар соҳада намоён.
— Ўзбекистон президенти Ислом Каримов яқинда Сочида қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимига борганида, Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдоған билан сўзлашган. Туркиянинг Тошкентдаги янги элчиси Намик Гüнер Эрпул алоқаларни яхшилашга ҳаракат қилаётгандек кўринади. Булар ижобий ўзгаришлар эмасми?
Балчи: Ҳозирча қуруқ гаплар. Реал бир ўзгариш бўлади дейишга асос йўқ, афсуски. Сабаби шундаки, Тошкент назарида ўзбек мухолифати ҳамон Туркиядан туриб фаолият юритади. Каримов шундай фикрлайди. Уни йўқ бундай эмас деб ишонтира олиш қийин, менимча. Каримовнинг Туркиядан шахсий алами бор. Ўтмишда у Туркиядан мухолифатчиларни ватанга жўнатишни сўраган. Анқара эса бунга кўнмаган. Мухолифатни ёқтиргани учун эмас, балки сиёсий фаолларни қийноқ ва қатл эҳтимоли билан юзлашиши мумкин бўлган жойга юбориш халқаро қонунларга зид экани учун. Ўзбекистон ҳукумати Туркиянинг диний ва сиёсий таъсиридан ҳайиқади. Туркия исломий партия қўлида экани ҳам Каримовга маъқул эмас.
— Туркия ўзи, конкрет олиб қарасак, минтақада қандай манфаатларга эга?
Балчи: Асосан дипломатик ва маданий. Туркиянинг асосий мақсади алоқаларни ривожлантириш ва Марказий Осиё билан яқинлашиш. Борди-келди осонлашишишини таъминлаш. Тижорат ва бизнес муҳим албатта, бироқ энг муҳими, маданий ришталарни сақлаш. Мустақилликнинг илк йилларида Туркия туркий халқлар орасида интегратсияни тарғиб қилиб, ўзига хос бир блок тузиш керак деган таклифларни қувватлади. Лекин шуниси аён бўлдики, республикалар мустақил давлат сифатида оёққа турар экан, ўзи танлаган йўлдан боришни хоҳлади. Интегратсия эмас, суверенитет муҳим деди.
— Украинадаги ўзгаришларнинг Марказий Осиёга таъсири ҳақида ёзган янги мақолангизда минтақа барибир Россия изнида қолади деган фикрни олға сурасиз. Нима учун? Масалан, Ўзбекистон Кремл сиёсатини танқид қилиб, баёнот берди, икки бор. Суверенитетга урғу берди. Қрим Россия ҳудуди эканини тан олмаяпти.
Балчи: Аввало шуни айтиш лозимки, Украинада Виктор Януковичнинг президентликдан ағдарилгани Марказий Осиёнинг аксарият раҳбарлари учун маъқул эмас. Инқилоблардан улар нафратланади. Араб баҳори у ёқда турсин, Грузия ва Украинадаги инқилоблар сабаб улар аллақачон оромини йўқотган.
Яна бир нарса – Қрим ҳақида ҳали бирор томон аниқ бир гап айтгани йўқ. Тўғри, ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ҳурмат қилиш кераклиги хусусида эслатишмоқда. Лекин ўз позитсияларини аниқроқ тушунтиришга уринишмаяпти. Маҳаллий матбуот Украина ва Қрим масаласини деярли ёритмаяпти. Украинага нисбатан сиёсат Марказий Осиёда ҳам қўлланиши мумкин деган қўрқинч бор. Россия Қозоғистонда стратегик иншоотга эга. Қирғизистон ва Тожикистонда ҳарбий базалари бор. Россия билан ҳамкорликда ҳам энди эҳтиёткорроқ бўлишлари табиий. Путинга ишонч йўқ, унинг Евросиё бож иттифоқига ҳам жиддий қарашмаслиги тайин. Бироқ Россиядек баҳайбат қўшни билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш қийин. Ундан узоқлашиш муаммо туғдиришини Украина мисолида кўриб турибмиз. Кремл барибир ўз таъсир кучини сақлаб қолади.
Манба: Америка овози
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ