Эдгар Аллан По. Қора мушук (ҳикоя)
Мен сизга айтиб бермоқчи бўлган ҳикоя унчалик аҳамиятга эга бўлмаса-да, лекин энг даҳшатли воқеа асосидадир, зеро бунинг учун сизнинг ишончингизни на кутаман ва на илтимос қиламан. Борди-ю, ишонишингизни кутган тақдиримдаям ростакамига аҳмоқ бўлган бўлардим, гап шундаки, ўз ички туйғуларим ҳам асл далил-исботларни рад этаётир. Ақлдан озганманми ё йўқми, бунисини билмадиму аммо аниқ ишончим комилки – мен туш кўраётганим йўқ.
Бироқ эртага шубҳасиз ўламан, бугун эса кўнглимдагиларни тўкиб олмоқчиман, холос. Бирдан-бир мақсадим – уйдаги бир қатор арзимас ҳодисаларни ҳаммадан олдин мулоҳазасиз, тушунарли ва лўнда қилиб аниқлаштириб беришдир. Зотан ўша воқеалар оқибатида мен ваҳимага тушдим – азобландим – ҳолим ҳароб бўлди. Ҳануз уларни баён қилиб беришга уриниб кўрмадим. Воқеалар мен учун озгина вақт давом этди-ю, аммо кўпчилик учун уларнинг даҳшати бароккодан кўра бироз ваҳималироқ бўлиб туюлди. Эҳтимол бундан буён менинг хаёлларимни кенг оммага қисқартириб берувчи бироз хотиржамроқ, мантиқийроқ, ўзимдан кўра тушунтириб бериш учун унчалик ҳиссиётли бўлмаган баъзи бир ақллилар чиқиб қолар, мен эса бу вазиятда фақат табиий сабаб ва оқибатларнинг доимий изчиллигидан ҳосил бўлган қўрқув билангина мукаммал баён эта оламан.
Болалигимдан табиатимдаги инсонпарварлик ва гапга қулоқ солиш хусусиятларимга кўпроқ аҳамият берилган. Кўнглимдаги нозиклик ҳатто дўстларимнинг ҳазилларини ҳам кўтара олмасди. Мен, айниқса, ҳайвонлар ишқибози эдим, ота-онам кўнглимга қараб, хилма-хил жониворларни сотиб олиб беришганди. Вақтимнинг кўп қисмини улар билан бирга ўтказардим, ҳеч қачон жониворларни овқатлантириб, эркалаётган чоғимдагидай у қадар бахтиёр бўлмаганман. Табиатимдаги бу ўзига хослик улғайишим билан бирга ўсди, балоғатга етган пайтимда ҳам ушбу ишқибозлик мен учун завқ-шавқнинг асосий манбаларидан бири бўлиб қолди. Жониворлардан энг муҳаббат қўйганим садоқатли ва зийрак ит эди, мен бундай феъл-атвор ёки унда ҳосил бўлган бетизгин мамнунликни тушунтириб беришга ожизман. Жониворнинг барқарор содиқлиги ва соддагина дўстлиги ва уни тез-тез синаб кўриш одати бўлган оддий одам қалбига тўғридан-тўғри кириб борувчи фидокорона ҳамда беғараз муҳаббатида нимадир бор эди.
Мен эрта уйлангандим, ўз табиатимга боп тушмайдиган ҳулқдаги аёл топганимдан бахтиёр эдим. Уй ҳайвонларига бўлган ишқибозлигимни кузатар экан, хотиним улардан фақат маъқул турларигагина эга бўлиш имкониятини қўлга киритди. Уйимизда қушлар, тилла балиқча, ажойиб ит, қуёнлар, маймунча ва мушук бор эди.
Охирги айтганим ажабланарли тарздаги катта ва чиройли, тамомила қора ҳамда ҳайратланарли даражадаги сезгир мушук эди. Унинг ақлий қобилияти тўғрисида сўз кетганида, ирим-сиримлардан бироз юқиб қолган хотиним тез-тез қадимий машҳур тушунчани, яъни барча қора мушуклар ниқобдаги иблислар дея ҳисобланишларини менга шама қилиб ўтарди. Лекин унинг ўзи бу фикрга ҳаммавақт ҳам жиддий қарамасди – мен эса ҳозиргача эсланадиган, бўлиб ўтган ўша ҳодиса учун бунданам кўра яхшироқ ўхшатишни тилга ололмайман.
Плуто – мушукнинг исми шундай эди – менинг севимли эркатойим ва ўртоғим эди. Уни бир ўзим овқатлантирардим, жонивор уйнинг қаерига борсам, менинг ортимдан эргашиб юраверарди. Ҳатто кўчаларда ҳам унинг эргашиб юришидан қутулишнинг иложи йўқ эди.
Дўстлигимиз бир қанча йиллар мобайнида шу зайлда – то менинг бор феълим ва шаҳду шижоатимга иблис қутқуси кириб – (буни таън олишга юзим чидамайди) тобора ёмонлашиб кетаётган тубсиз ўзгаришни яратгунича давом этди. Кундан-кунга борган сари ғамгин, жирраки ва ўзгалар туйғуларини писанд қилмайдиган бўлиб ўзгариб борардим. Хотинимга қўпол гапираётганимдан виждоним қийналарди. Шундай ҳолатимда унга ҳаттоки, қўл кўтаришдан ҳам тоймасдим. Жониворларим эса, албатта, феълимдаги бу ўзгаришни сезиб бўлишганди. Уларга нисбатан нафақат бепарво бўлар, балки шикаст етказардим ҳам. Шунга қарамай Плуто учун ҳалиям сақланиб қолган етарлича ғамхўрлигим, худди тасодифданми, меҳрибончиликлари туфайлими йўлимдан чиқиб қолишган қуёнлар, маймун ёки ҳатто итга ҳам зиғирча ёмон муомала қилмаганимдай, унга-да золимона зарар етказишимни чекларди. Аммо танамдаги касаллик борган сари зўраяр – худди Алкоголга ўхшаш касаллик! – ва бу кетишда ҳатто эндиликда қариб қолган, шунданми негадир мижғов Плуто ҳам менинг ёвуз кайфиятим таъсиридан бебаҳра қолмайдиган бўлганди
.
Бир тунда шаҳар кезиб, уйга анчагина ширакайф ҳолда қайтсам, мени кўриб қочиб қолган мушук эътиборимни тортди. Уни босиб олдим, бу жазавамдан қўрқиб кетиб, мушук қўлларим устига тишлари билан енгил жароҳат етказди. Иблиснинг ғазаби зудлик билан бутун аъзойи баданимни эгаллаб олди. Тезда ўзимдан кетиб қолибман. Ич-ичимдан шуни ҳис қилдимки, бир ондаёқ қовурғамнинг ҳар бир қатигача шафқатсиз оғриқ, енгиб бўлмас азоб тўлиб олди-ю, руҳим танамдан учиб кетаётгандай бўлиб туюлди. Жилеткамнинг чўнтагидан қайирма пичоғимни олиб, уни очдим-да, шўрлик маҳлуқнинг томоғидан ушладим ва қасдма-қасдига кўзларидан бирини шартта чаноғидан суғуриб олдим! Унга қилган дўзахи золимлигимни ёзаётганимда о, билсангиз эди, нечоғли қизаряпман, ёниб кетяпман ва титраяпман.
Тунги тўполоннинг сурони ичида қотиб қолибман, эрталаб ҳушим бошимга келгач, гуноҳкор бўлиб қолганим ўша жиноят учун ичимда ярим даҳшат, ярим виждон азоби ҳиссини туйдим; бироқ бу энг яхши, нозик ва икки ёнламали туйғу эди, юрагим эса беозордай қолганди. Қилмишим хотирасини вино ичига чўктириш учун тезда яна шароб дарёсига ғарқ бўлдим.
Бу орада мушук секин-асталик билан соғайди. Йўқотилган кўз чаноғи, албатта, қўрқинчли қиёфа кашф этар, аммо мушук бироз вақт ўтгач, ҳеч қандай оғриқдан азобланмай қўйди. Одатдагидай у яна уй атрофида айланиб юрар, мабодо мен пайдо бўлиб қолгудай бўлсам, яқинлашувимдан қўрқиб, ҳаддан ортиқ ваҳима ичида жуфтакни ростлаб қоларди. Ҳалиям бўлса, кўнглим аввалгидай, бир пайтлар мени шунчалар суйган жониворнинг мазкур ҳодиса туфайли энди хуш кўрмай қўйганидан дастлаб алам тортиб юрдим. Бироқ ачиниш туйғуси тезда нафрат ҳисси билан ўрин алмашди. Сўнгра эса борлиғимни гўё менинг тугашим ва енгиб бўлмас йиқилишим бўлиб, АҲЛОҚСИЗЛИК руҳи эгаллаб олди. Бу руҳ фалсафаси сиздан ҳеч қандай ҳисоб сўрамайди. Ҳануз ўз қалбим яшаётганига ишончим комил бўлмаса-да, лекин ўша аҳлоқсизликнинг одамзод юрагидаги энг жўн ички турткиларидан – инсон табиатига йўналиш берувчи ҳиссиётлар ёки ажралмас бошланғич бўлимлардан бири эканлигига кўпроқ иқрорман.
Ким ўзини била туриб ҳам, ҳеч қандай сабабсиз, юз марталаб разил ва аҳмоқона ҳаракатлар содир этганини билмаган? Қонун қайсилигини тушуниб туриб ҳам, уни бузувчи энг олий ҳукмимиз нафсини ҳам чеклай олмаймизми? Бу аҳлоқсизлик, ўжарлик руҳи, айтганимдай, менинг якуний йиқилишимга олиб келди. Шу истак юракни ўз-ўзини ўксинтирган, ўлчаб бўлмас орзуси эди – ўз табиатига бузғунчилик қилиш – фақат ўша хато ҳақи яна хато қилиш – мени давом этишга ва оқибат, бегуноҳ маҳлуқ бошига солган жафони тугатиб қўйишга ундади. Бир тонгда, совуққонлик билан мушукнинг бўйнидан сиртмоқ солиб, дарахт шохига осиб қўйдим; — кўзларимда оқаётган ёш ва қалбимдаги энг аччиқ виждон азоби билан осиб қўйдим уни; уни осиб қўйдим, негаки у мени суйганлигини ва менга ҳеч қандай озор етказмаслигини билардим; уни осиб қўйдим, чунки мен бу ишни қилаётиб, гуноҳ орттираётганимни билардим – у шундай ҳалокатли гуноҳки, менинг гўё ўлмас юрагим бир кун ниҳоят ўтиши билан руҳимга шунчалар хавф-хатар соладики, ҳатто мумкин бўлса – Энг Мурувватли ва Энг Даҳшатли Худонинг ҳам чексиз раҳмдиллигига етишишдан узоқда бўлади.
Ўша энг золимона қилмишим содир этилган куни тунда ёнғин қий-чувидан уйқумдан ирғиб турдим. Ётоқхона пардалари аланга ичида эди. Бутун уй олов билан ёнарди. Бу катта ёнғиндан қочиб қутулиш хотиним, хизматкорим ва ўзим учун ниҳоятда амримаҳол бўлди. Ҳаммаси бутунлай вайрон бўлди. Олам-олам бойлигим бир ямланиб, йўқ бўлди, мен эса ўша вақтдан бошлаб ўзимни умидсизлик оламига маҳкум этдим.
Мусибат ва золимлик ўртасидаги сабаб ва оқибатлар кетма-кетлигини қидириб, тиклашга жуда ожизман. Бироқ мен далиллар занжирини баён этаяпман – ва имкон қадар, ҳатто бир ҳалқасини ҳам тугалламаган ҳолда қолдириб кетишни истамайман. Ёнғин муваффақият қозонган куни харобаларни кўргани бордим. Битта девордан бўлак барчаси ер билан яксон бўлганди. Мазкур омон қолган девор хонамнинг девори эди, унчалик қалин ҳам эмас, уйнинг ўртароғида, шундоққина кроватимнинг бош томонида қад ростлаб турарди. Кўп меъёрда сувоқлангани учун олов ҳаракатига қарши туролганди – асос шуки, унинг ҳалиям қаддини бузмаганлигини кўрдим. Шу девор тегарагига зич оломон тўпланган, барчаси ҳар бир дақиқа сайин ва сабрсиз эътибор билан деворнинг ҳар бир бўлагини алоҳида-алоҳида қилиб текшираётгандай бўлиб кўриндилар.
“Таажжуб!”, “Ҳайрон қоларли!” деган сўзлар ва бошқа шу каби иборалар қизиқувчанлигимни қўзғатди. Яқинлашиб бориб кўрдимки, худди оқ қоғоз юзаси узра барельеф(ясси жойга ўйиб ишланган ҳайкалтарошлик санъати) ичида ўйиб ёзилгандай, улкан мушук гавдаси деворда ёпишиб турарди. Ҳақиқатда ҳайратланарли бир таассурот шууримни қоплади. Мушукнинг бўйнида сиртмоқ бор эди.
Мазкур қиёфани кўрганимда – буни базўр, юрак ютиб томоша қилдим – ҳайратим ва қўрқувим ҳаддан ортиқ юқори эди. Лекин бироз вақт ўтгач қиёфанинг ўзи менга ёрдамга келди. Эсладим, мушук уйга ёнма-ён бўлган боққа осилганди. Ёнғин саросимаси ичида ўша боғ зудлик билан одамлар билан тўлган – кимдир биров мушукни дарахтдан кесиб олгану очиқ дераза орқали менинг хонам томонга улоқтириб юборган. Бўлиши мумкин, деган бу фикр мени уйқудан уйғотди. Бошқа деворларнинг йиқилиши шафқатсизлигим қурбонини яқиндагина қилинган сувоқ орасига сиқиб қўйган, оҳак аланга ҳамда мурданинг аммиаки билан мен кўрган бу мудҳиш қиёфани кашф қилганди.
Шунга қарамай, идроксиз ҳолда топган бу баҳонамни шу тарзда ҳам тўғри деб ҳисоблардим, ушбу ҳолат эса қўрқинчли асос бўлиб баён этилса ҳам менинг ишқибозлигимга заррача таъсир ўтказолмасди. Ойлар давомида мушук хаёлидан ўзимни қутқаролмай юрдим, бу вақт оралиғида руҳимга ярим ҳиссиёт, лекин виждон азобининг ҳиссига ўхшамаган бир туйғу қайтиб келди.Мен бу маҳлуқни йўқотиш афсусидан йироқлашиб кетдим, пировардида ўзим тез- тез учратиб турадиган ярамас севганларим орасидаги айнан шу мушук туридаги, нимаси биландир унга ўхшаш қиёфага эга ва шу билан бирга унинг ўрнини тўлдира оладиган бошқа бир мушук учун ғамхўрлик қила бошладим.
Бир туни унча серҳашам бўлмаган қовоқхонада меровсираган ҳолда ўтирарканман, хонанинг бош жиҳози саналмиш жин ва ром бочкаларидан бирининг устида дам олаётган қора нарса эътиборимни тортди. Бир неча лаҳза тикилиб туравердим, ўшандаям бу нарсанинг нима эканлигини дарров идрок қилолмаганим қизиқишимни янада кучайтирди. Унга яқинлашиб, қўлимни текиздим. Бу шарпа қора мушук экан- жудаям катта — ростмана Плутодай баҳайбат ва биргина фарқидан бўлак ҳар бир белгиси билан унга бир томчи сувдай ўхшарди. Плутода танасининг ҳеч қаерида оқ туки йўқ эди, бироқ бу мушукда улкан бўлса ҳам ноаниқ оқ туклар бутун кўкрак қафасини қоплаб ётарди.
Унга тегишим биланоқ мушук шу заҳоти кўтарилди, баланд овозда хур-хурлаб қўлимга суркалди, у менинг эътиборимдан мамнун бўлгандай бўлиб кўринди. Бу жонивор мен анча вақтдан буён излаётган кўнглимдагидай мавжудот эди. Дарҳол қовоқхона эгасига мушукни сотиб олишни таклиф қилдим, аммо бу одамдан ҳеч қандай садо чиқмади — у мушук тўғрисида ҳеч нарса билмас экан — уни илгари сираям кўрмаган экан.
Жониворни эркалатишда давом этдим, уйга кетишга ҳозирланарканман, мушук менга ҳамроҳ бўлиш истагини билдирди. Унинг мен билан бирга кетишига ижозат бердим; юрар эканман, гоҳ-гоҳида букилиб, уни енгил шапатилаб қўярдим. Етиб келганимиздан сўнг мушук дарров ўзини уйга мослаштириб олди ва ўша заҳоти рафиқамнинг катта қувончига айланди.
Мен эса тезда ичимга бу мушукка нисбатан қандайдир нохушлик кириб келаётганини англадим. Кутганимнинг умуман тескариси бўлди; лекин — нимага ёки қандай бўлганлигини билмайман — унинг менга қилаётган ошкора мулозамати анчагина жаҳлимни чиқариб, жиркантира бошлади. Аста-секин бу жирканиш ва жаҳл ҳислари нафратнинг энг юқори даражасига кўтарилиб кетди. Мен мушукдан ўзимни олиб қоча бошладим; қандайдир ижод ҳисси, қолаверса аввалги жоҳиллик ҳаракатим хотираси бу мавжудотни жисмоний хўрлашдан мени сақлаб турарди. Ҳафталар давомида мен уни на урдим ва на қаттиқ озор бердим; бироқ секин-аста — жуда секин- аста – мендаги жараён унга таърифлаб бўлмайдиган нафрат билан қарашга олиб келди; ажал нафаси яқинлашиши биланоқ бу қабиҳ маҳлуқ ҳозир бўлиши билан индамай ундан қочадиган бўлдим.
Яшириб нима қиламан, ҳеч шубҳасиз, маҳлуққа бўлган нафратим уйга олиб келганимнинг кейинги тонгидаёқ уни ҳам худди Плутога ўхшаб битта кўзидан маҳрум қилди. Аммо мазкур ҳолат, айтиб ўтганимдай, мушукка баланд даражада меҳрини қўйган фақат хотинимнигина ақлдан оздирди, бундай инсоний меҳр туйғуси бир пайтлар менинг ўзгарувчан феълимда ҳам бўлган ҳамда кўплаб энг содда ва энг пок хурсандчиликларим манбаси саналганди…
Бироқ менинг мушукка нафратим ошгани билан унинг ўзимга бўлган ишқибозлиги кучайгандай бўлиб туюлди. У, ўқувчининг тушуниши мураккаб бўлган ўжарлик билан ҳеч изимдан қолмасди. Қачон ўтирсам, стулим остида тиз чўкиб ўтирар ёки тиззаларим устига сакраб, ўзининг ёқимсиз эркалашлари билан мени кўмиб юборарди. Агар юрмоқчи бўлиб турсам, оёқларим орасига кириб олар ва мени йиқитиб юборай дерди, ёки бўлмасам, кўйлагим ичига ўзининг узун ва ўткир панжаларини тираб, шу усулда кўкрагим устида ўрмалай бошларди. Бундай вақтларда уни бир зарба билан мажақлаб қўйишни истардим, аммо қисман олдинги жиноятимни эслаб, айниқса — буни шундоқ таън ола қолай – маҳлуқнинг буткул қўрқинчи туфайли бундай қилишдан ўзимни ушлаб қолардим.
Кўнглимдаги ваҳима эса айнан жисмоний ёвузлик ваҳимаси эмасди – акс ҳолда уни қандай таърифлаб беришни ҳалиям билолмай, довдираб юрардим. Ўзим ўзимдан уялгандай бўламан – ҳа, ҳатто шу жиноий камера ичида ҳам. Ўзим – ўзимдан уяламанки, ҳайвоннинг ичимда кучайтирган қурқув ва таҳликаси тасаввур қилиш мумкин бўлган энг оддий хомхаёллардан бирига нисбатан менда қизиқиш уйғотди. Хотиним бир неча маротаба бегона маҳлуқ ва ўзим ҳалок қилган мушук ўртасидаги бирдан – бир кўзга кўринарли фарқни белгиловчи, айтиб ўтганим, унинг оқ тукларига диққатимни бурди. Китобхон катта бўлишига қарамай, аслида жуда ноаниқ бўлган ушбу белгини эслай олади; шунга қарамай секин – аста – деярли сезилмайдиган даражада ҳамда узоқ пайт менинг бу баҳонам ўзининг хомхаёл эканлигини рад қилишга уринди – анча вақт ўтгач, режамнинг ошкора мудҳишлигини таън олди. Бу эса эндиликда мен исмини ҳам айтишга қалтировчи иблиснинг сурати эди – буни мен ҳамма нарсадан ҳам хоҳламагандим ва қўрққандим ҳамда журъат топиб, бу ҳайвондан ўзимни сақлагандим ҳам – ҳозир эса уни Ўлим ва Энг кучли азоб — О, Даҳшат ва Жиноятнинг қўрқинчли ҳамда хунук арқони каби энг ёмон, энг жирканчли нарса – Дорнинг қиёфаси эди, деб айтаман!
Мана энди бўлса оддий Одамзод ночорлигидан ҳам кўра кўпроқ шўрлик ва ростакамига бахтсиз бўлиб қолдим. Оғайнисини мен шафқатсизларча ҳалок қилган бадбахт маҳлуқ мен учун, Улуғ Тангри қиёфасида ҳаракатланган киши учун, шунча кўп чидаб бўлмас ғам- қайғу келтирди. Афсус! На кундузи ва на тунда бошқа дам олиш бахтига мушарраф бўлмадим! Аввалига у маҳлуқ мени бир дақиқа ҳам ёлғиз қолдирмаган бўлса, кейин эса юзимда қўрқув алангасини акс эттирувчи ақл бовар қилмас васвасали тушлар сурункасига бошланиб кетди – унинг баҳайбат вазнида мужассамлашган даҳшат бўлса ҳаммавақт бутун юрагимни эгаллаб, ҳатто қалтирашга ҳам менда куч қолдирмади.
Шундай азоб — уқубатлар босими остида кўнглимдаги эзгуликнинг заиф нурлари сўниб борарди. Ёвуз ўйлар менинг ягона сирдошим бўлиб қолди – ўйларнинг энг қора ва энг ёвузлари. Одатий феъл — атворимдаги маъюслик ҳамма нарсаларга ва бор одамзодга бўлган нафратимни кучайтирди; гоҳ тўсатдан, гоҳ тез-тез пайдо бўлувчи, бошқариб бўлмас ғазаб алангалари энди кўр-кўрона равишда ўзимдан ҳам воз кечтирди, ҳеч нолимас хотиним эса, афсуски, жафокашларимнинг энг одатдагиси ва энг қаноатлиси эди.
Кунларнинг бирида у камбағаллигимиз бизни яшашга мажбур қилган эски бир бинонинг ертўласи ичида баъзи уй юмушларида менга ёрдамлашаётганди. Мушук ҳам зиналар бўйлаб менга эргашиб тушди, шошқалоқлиги билан йиқитиб юбораёзди, бу эса қонимни қайнатди. Ғазаб билан ҳалигача ичимда қолган болаларча ваҳимани ҳам унутган ҳолда болтани кўтариб, мушукни мўлжалга олдим, бу ишим албатта, хоҳлаганимдай , уни пастга думалатиб, шу ондаёқ ер тишлатарди. Бироқ зарбамни хотинимнинг қўли қайтариб юборди. Иблисона жаҳлдан кўра кучлироқ қаҳр билан унинг тўсқинлигидан ранжиб, хотинимнинг чангалидан қўлимни бўшатиб олдим-да, болтани унинг миясига қараб отдим. Хотиним “оҳ” дегулик ҳам ҳоли йўқ, ерга йиқилиб, ўша заҳоти жон берди.
Ушбу мудҳиш қотиллик рўй бергач, дарҳол танани яшириш керак деган эҳтиёткорлик мулоҳазаси мени ўзимга келтирди. Қўшниларимнинг пайқаб қолиш хавфи туфайли на тунда ва на кундуз куни мурдани уйдан силжита олмаслигимни билардим. Кўп режалар хаёлимга келди. Бир вақтнинг ўзида жасадни бўлак-бўлакларга кесиб, оловда ёндириб юборишни ўйладим. Яна бошқа режам эса ертўланинг поли тагидан унинг учун гўр қазишни мўлжалладим. Бошқа бир хаёлим уни ҳовлидаги қудуқ ичига ирғитиб ташлаш бўлди ёки уни одатий товардай қутига жойлаштираман, шунда ҳаммол уни уйдан олиб чиқиб кетади. Ниҳоят буларнинг ҳаммасидан кўра яхшироғи, мақсадга мувофиғи деб ҳисоблаганим миямда ярқ этди. Жасадни Ўрта Аср Монахлари ўз қурбонларини девор ичига уриб юбориш билан ном қозонганларидай, мен ҳам ертўланинг девори ичига кўмиб юборишни белгилаб олдим.
Бундай мақсадим учун ертўла айни боп жой эди. Унинг деворлари кенггина бўлиб қурилган ва яқиндагина нам ҳавони қотиб қолишдан сақлаш учун дағал сувоқ билан яхшилаб сувалганди. Ундан ташқари деворларнинг бирида сохта мўри ёки камин туфайли худди ертўланинг дам оладиган жойига ўхшаб кўринадиган фарқли бир жой ҳам бор эди. Мен ҳеч шубҳа қилмасдан, шу жойдаги ғиштларни енг шимариб, тушира бошладим, мурдани ичкарига жойлайман-да, деворни яна бутунлай олдингидай ҳолатга қайтараман, шунда ҳеч қандай кўз биронта гумонли ҳолатни аниқлай олмайди.
Бу ҳисобимда адашмаган эканман. Лом асбоби билан ғиштларни кўчирдим-да, ички девор орасига ўлик танани эҳтиёткорлик билан жойладим, бутун қурилишни қайтадан аввалгидай қилиш учун бироз тер тўкдим. Оҳак қоришма, қум ва юнгни имкон қадар қунт билан ҳозирлаб олдим ҳамда олдингисидан фарқ қилмайдиган оҳак тайёрладим, ўта синчковлик билан янги ғиштларни тайёрланган оҳакда оқлаб, битта-битталаб териб чиқдим. Ишимни якунлагач, ҳаммаси жойида эканлигига қаноат ҳосил қилдим. Девор қилчалик ҳам бузилиб, қайта қурилгандай қиёфа кўрсатмасди. Полдаги лаш-лушлар бир зумлик ҳаракат билан йиғиб олинди. Атрофга мамнун кўз ташлаб, ўзимга ўзим:
“Ҳеч бўлмаганда шу ерда меҳнатим беҳуда кетмади”, — деб қўйдим.
Кейинги қадамимни шунча балога сабаб бўлган маҳлуқни қидириш учун қўйдим; унга эришишим билан тўғри жаҳаннамга жўнатишни қатъий ният қилиб қўйдим. Агар уни айни дақиқада учрата олганимда эди, тақдирида ҳеч қандай ҳаёт қолдирмасдим, бироқ вазият шундайки, маккор ҳайвон менинг аввалги ғазабимдан юрак олдириб қўйган ҳамда ҳозирги кайфиятимда ўзини намоён қилишдан тўхтатиб турарди. Ғойиб бўлган у жирканч жонзотнинг охир-оқибат қучоғимга тушишлик таскини ҳиссининг қанчалар чуқур ва фараҳли эканлигини тасаввур қилишим ёки тасвирлаб беришим душвор. У тун бўйи турқини қўрсатмади, унинг уйимга келганидан бери ҳеч бўлмаганда бир тун осуда ва тинч ухладим, а-ҳей, ҳатто юрагимгагина сир бўлиб кўмилган қотиллик билан ором олибман.
Иккинчи ва учинчи кун ўтди, жафокашим эса ҳамон келмасди. Яна бир марта қушдай енгил нафас олдим. Қўрқувдаги у маҳлуқ уйдан бир умрга қочиб кетганди! Уни бошқа кўрмайман! Бахтимнинг поёни йўқ! Жиноятим айби мени безовта қилар, лекин озгинага эди, холос. Баъзи кичик текширишлар олиб борилди, аммо уларга аввалдан тайёрлаб қўйилган жавоблар берилди. Ҳатто қидирув белгиланди – бироқ, шубҳасиз, ҳеч нарса топилмади. Ўзим олдиндан таъминлаган бахт-иқболимдан кўнглим жойига тушди. Қотилликнинг тўртинчи куни деганда,кутилмаганда бир гуруҳ полициячилар уйга кириб келишди, улар бино ичида яна қаттиқ текширувни давом эттиришди. Лекин яширган жойимнинг жумбоқлигини таъминлаганим учун сира ҳам безовта бўлмадим. Офицерлар менга текширувларида ҳамроҳ бўлишни таклиф қилиб қолишди. Улар тадқиқ қилмаган бирорта пана жой, бирорта бурчак қолмади. Камида уч-тўрт марталаб ертўлага тушишди. Мени эса бирор мускулим ҳам титраб қўйгани йўқ. Юрагим беозор мудраб ётгандай осойишта урарди. Ертўланинг у четидан-бу четига хотиржам бориб келардим. Кўкрагим устига қўлларимни қовуштириб олганча, енгилгина у ёқдан-бу ёққа тентирардим. Полиция тамомила қаноат ҳосил қилгач, жўнашга ҳозирлик кўрди. Кўнглимдаги қувонч яширишим учун шунчалар кучли эди, тантанам ва айбсизлигимга улар кўнишади, деган икки ҳисса ишонч туфайли биргина сўз оғзимдан отилиб чиқди.
“Жаноблар”, — дедим мен жамоа зиналардан кўтарилаётганда, “Мен гумонларингизни тинчлантирсам хурсанд бўламан. Барчангизга соғлик ва бундан-да кўпроқ хушмуомалалик тилайман. Қолаверса, жаноблар, бу – бу жуда яхши қурилган уй”, (осонгина нимадир дейишнинг зўр ҳавасида, умуман нима деб сўзлаганимни ҳам базўр биламан), — “Аъло даражада яхши қурилган уй, деб ҳам айтишим мумкин. Бу деворлар – кўряпсизми, жаноблар? – бу деворлар бир-бирига қаттиқ ҳолда жипслаштирилган”; шу ерда мақтанганимдан ақлдан озгудай бўлиб, қўлимда ушлаб турган хипчин билан кўнглимдаги заифа мурдаси жойлаштирилган ғиштларнинг ҳар бир бўлаги устига қаттиқ-қаттиқ ура бошладим.
Аммо Худойимнинг ўзи мени Маккор Иблисниннг қозиқ тишларидан асрасин! Тезда зарбаларим акс-садоси сукунат ичида пасая бошлади, мен қабр ичида гапираётгандай эдим! – аввалига худди гўдакнинг пиқиллашига ўхшаш бўғиқ ва синиқ йиғи, кейин эса тезда узун, баланд ва синиқ йиғи, сўнгра тезда узун, баланд ва шафқатсиз увлаш – фарёдли нола, ярим даҳшат, ярим ғалаба аралаш нидо отилиб чиқди, бунақаси фақатгина жаҳаннамдаги иблисларнинг лаънатланган энг кучли оғриқлари томоқларидан бирлашиб, дўзахдан кўтарилиб чиқаётганда бўлади.
Ўз хаёлларим ичида бу гапларни сўзлаш аҳмоқлик бўлди. Хушсизланиб, қаршимдаги деворга суяниб қолдим. Зинадаги жамоа бўлса даҳшат ва қўрқув ичида бир лаҳзага ҳаракатсиз қотиб қолишди. Кейин эса бир тўп мустаҳкам қуроллар ишга тушди. Девор бутунлай қулаб тушди.
Аллақачон тамомила чириб, қони қотиб қолган мурда томошабинлар кўзи олдида тикка турарди. Унинг боши устида эса маккорлиги билан мени қотилликка ундаб, йўлдан оздирган, сирли овози билан қотил деган номни елкамга юклаган ўша бадбашара иблис мурдаси очилиб қолган қонли оғзи ва якка кўзи билан қотиб ўтирарди. Мен у маҳлуқни ҳам қабрга, девор ичига уриб юборган эканман.
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ