Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовга, нусхаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга — ёзувчи Ражаббой Рауповдан (1)
Бу касбни танлаган ҳар қайси инсонга мардлик,
фидоийлик ва жасорат керак, десам,
айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Ислом КАРИМОВ
(27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот
воситалари ходимларига йўлланган табрикдан).
Ўзбекистон Республикаси
Президенти И. А. КАРИМОВга
МУРОЖААТ
ҲАҚ СЎЗГА ҚЎЙИЛГАН ТУЗОҚ
(Бухоро муаммолари
ҳақида)
ТОШКЕНТ – 2014
- Журналистнинг мақсади
“Жамият ҳаётида айрим шахсларга эмас,
балки аниқ қонун ва ҳуқуқ нормаларига
асосланган тизим – система барқарор ишлаши”га
холис сўз ва журъат билан кўмаклашишдир.
* * *
- Ўзингиз ўйланг, кимдир кунни кун, тунни тун демай
меҳнат қилса-ю, лекин кимдир амалидан фойдаланиб, ўз
манфаатини кўзлаб, турли ҳийла-найранг билан бошқалар-
нинг ҳақига хиёнат қилса ва шунинг ҳисобидан қутуриб кетса
– бу албатта жамоатчилик, эл-юртнинг эътирози ва норозилигига сабаб бўлади.
Ислом КАРИМОВ
Ўзбекистон Республикаси
Президенти И. А. КАРИМОВга
журналист, 2-гуруҳ ногирони
Ражаббой РАУПОВдан
МУРОЖААТ
Бухоро муаммолари
ҳақида
ТОШКЕНТ – 2014
ТАДБИРКОР ИМКОНИНИ ЧЕКЛАШДАН
МАҚСАД НИМА?
(Ёки Шофиркон учун алоҳида қонун-қоида мавжудми?)
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич. Сизнинг “Қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-1167-сонли Қарорингиз қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йўлида бошланган хайрли тадбирларни жадаллаштириш борасида беқиёс аҳамиятга эга бўлди. Бунингдек халқчил – кўпчилик манфаатини ўйлаб, пухта ишланган ҳужжат тарихий Қарорлар сирасига киради.
Аммо Сиз муҳтарам Юртбошимизнинг эл-юрт фаровонлиги, халқимиз турмуш маданиятини юксалтириш борасидаги ўта муҳим Қарорларингиз ижросини сидқидилдан бажаришни истамайдиган, моҳиятини тушунмайдиган калтабин раҳбарлар ҳамон учраб турибди. Уларнинг мамлакатимизда кечаётган – Сиз бош бўлаётган улкан ўзгаришларга баъзан ошкора, баъзида зимдан тўсқинлик қилишларига асло чидаб бўлмайди.
2012 йил 31 июлда ёзган аризам ҳамда туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер танлаш комиссиясининг 15 март, кейинчалик 12 март (?) деб ўзгартирилган Далолатномаси асосида менга туман ҳокимининг Саврак ҚФЙ Зарчабек аҳоли пункитида “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси” биноси қуриш учун ер майдони ажратиш ҳақида қарори чиқди.
Шофиркон туман ҳокимининг қарорида “ер ажратиш комиссиясининг 2012 йил 27 августдаги далолатномаси ва фуқаро Раупов Ражаббойнинг аризасини инобатга олиб” деган жумлалар бор. Ҳолбуки, туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер танлаш комиссиясининг далолатномаси юқорида таъкидланга- нидек, март ойида тузилган, комиссия таркиби: 9 кишидан иборат аъзоларининг имзоси ва думалоқ муҳр билан тасдиқланган…
Янглишмасам, туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер ажратиш комиссияси- нинг далолатномаси бир марта тузилади, агар 2 марта тузилса, Архитектура-режалаштириш топшириғида иккала далолатнома нусхаси ҳам бўлиши керак. Мавжуд АРТдаги йиғилган ҳужжатлар дастасида бири бирига зид, бири иккинчисини инкор этадиган саналар, топшириқлар, меъёрлар қалашиб ётибди. Буюртмачи буларнинг қай бирига риоя қилишни ҳам билмайди.
Архитектура-режалаштириш топшириғида менга ер ажратилишини сўраб ёзган (2012 йил 31 июль куни 213-рақам билан рўйхатга олинган) аризам нусхаси ҳам бўлиши шарт, негадир АРТда бу йўқ.
2013 йилнинг охирги чорагида қонуний тўловдан кейин қўлимга тутқазилган Архитектура-режалаштириш топшириғи тасдиғи эса 26 июль 2013 йил (ёлғон сана) билан имзоланиб, муҳр билан тасдиқланган. Бунга менинг АРТни олиш учун тўлаган тўлов чеким далил бўлади. АРТ чиндан ҳам 26 июлда тасдиқланган бўлса, архитектор Ф. Султонов нега жим, негау мени бундан хабардор қилмайди? Агар шу тасдиқ рост бўлса, нега орадан 5 ойни ўтказиб, чала-ярим АРТни йил охирида қўлимга тутқазаяпти? Шу тариқа тадбиркорларни чалғитиб, имконини тўсиб, вақтни сунъий равишда чўзиб, сўнгра “Вақтида лойиҳалаштирмадинг, вақтида қурмадинг” каби баҳоналар билан инфратузилма бинолари қурилишига ажратилган жойни бошқа талабгорга пуллаш, янги харидор топиш истагида ёлғонлар тўқилаверади. Президентнинг олийжаноб Қарорлари шу тариқа айёр, олчоқ раҳбарларга қўл келиб, йўқ жойдан пул ундириш имконини бераркан. (Бу борада Шофирконнинг собиқ архитектори Ш. Ҳусеновнинг тажрибаси катта эди…).
Бугунги тезкор замонда ҳар бир ҳужжат ўз вақтида тайёрланиб, тегишли манзилга хабар берилишини ҳамма билади. Паспорт алмаштиришда, туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишда белгиланган тартибга амал қилинади. Тадбиркорлар учун АРТ ҳам шундай, асосий ҳужжат ҳисобланади ва уни вақтида олишни сабрсизлик билан кутади. Ўртоқ З. Муҳиддинов мурожаатдан хато топишга ошиқиб “талабингиз асоссиз” дея тезкорлик билан жавоб йўллашдан олдин бироз мулоҳаза юритса бўларди.
Аризамдаги асосий важлар, саволларга ким жавоб беради? Қўлимга тутқазилган чалкаш: бири иккинчисини инкор этадиган ҳужжатлар учун, лойиҳа ишлари тўхтаб қолгани, йўқотилган вақт учун ким жавоб беради? Ахир аризада келтирилган важлар фақат АҚТни кечикиб олишимдан иборат эмас-ку? Бош бошқарма бошлиғининг жавоби мени қаноатлантирмади. З.Муҳиддинов ва мутахассислари, ариза жойида атрофлича ўрганилди, деб ёзган юзаки жавоби билан ҳатто вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф. Атаевни чалғитишдан ҳам тоймаган…
Архитектура ва қурилиш Бош бошқармаси бошлиғи З.Муҳиддинов вилоятда қалашиб ётган муаммолар устига яна муаммо юклашга бунча ўч бўлмаса, йўқса, мен билан бу тахлид “сичқон-мушук” ўйнашни тўхтатган бўларди. Аризам атрофлича, холис ўрганилиб, талабларим қондирилмас экан, Шофирконда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган сифатсиз, омонат уй-жойларга тегишли кўзбўямачилик ва сохталиклар ҳақида янги далиллар келтиришга мажбурман…
Юқоридаги: бири бирига зид ёлғон саналар, асоссиз топшириқлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1167-сонли Қарори ижросини бажариш кечикканлиги сабабли ҳужжатларни туман ҳокимининг қарорига (ёлғон бўлсада) мувофиқлаштиришмоқчи бўлишганини тушуниш мумкин…
Аммо Шофиркон туман Архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Ф. Султоновнинг қурилиш меъёрларига зид талаблари билан муроса қилиш асло мумкин эмас. АҚТдаги бинонинг қаватлилиги қисмида “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш” биноси қурилиши 1 қаватли деб белгиланган. Қўлимдаги айни шу ҳужжат: АҚТда Бухоро вилоят Бош архитектори З. Муҳиддинов тасдиқлаган Бош режада “Торгово-бытовой комплекс” (инд. проект). Этаж здания – 2”. деб аниқ кўрсатилган. Орадан сал фурсат ўтмай Бош бошқарма бошлиғи З. Муҳиддинов Бош режадаги ўз кўрсатмасига қарши бориб, туман архитектори Ф. Султонов тасдиқлаган 1 қаватли бино қурилишини маъқул- лайди, ҳатто уни ҳимоя қилишга ўтади. Тўғриси, мен бундай бебурдликка тушунолмадим… Қурилишда режалаштириш, лойиҳалаштириш болалар ўйинчоғи эмаски, тадбиркорлар вақтини, маблағини исроф қилиб, эскисини улоқтириб, янгисига алмаштирса?
Балки иқтисодий шароитни ҳисобга олиб, тумандаги намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар 1 қаватли қурилганлигини тушунса бўлар. Аммо Шофиркон – Ғиждувон йўналиши: асосий йўл ёқасида қурилажак ижтимоий аҳамиятга эга, зарур инфратузилмани шакллантириш учун барча қулайликларга мос – 2 қаватли, подвалли бинолар қурилиши мақсадга мувофиқ эмасми? Ёки юқоридан 2 қаватли, подвалли бино қурилмасин, деган кўрсатма борми? Туман Архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Ф. Султоновнинг айтишича, мен подвалли бино қурсам – қўшнимга зарарим тегар экан???
Барака топкур архитекторнинг юқоридаги талаби қўшнисининг боғига ўғриликка тушган Афандининг жавобига ўхшайди. Боғ эгасининг:
– Афандим, нега сўроқсиз боққа тушиб, олма ўғирлаяпсиз? – деган саволига у:
– Ўзинг нега хотинингга ковуш олиб бермайсан?! – деб саволга савол билан чалкаш жавоб берган экан.
Ф.Султонов на давр талаби, на қурилиш меъёрлари билан ҳисоблашмай савдо, маиший хизмат, умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш каби биноларни – Давлат дастурида кўрсатилган ижтимоий инфратузилма объектларини 2 қаватли, подвалли қилиб қуришга ҳамон ўзбошимчалик билан тўсқинлик қилмоқда. Бунинг оқибатида қурилажак бинони лойиҳалаштириш чўзилиб кетаяпти. (Мана, 2014 йил ҳам кириб келди). Қарор ижроси кечикаётганлиги ҳеч кимни қизиқтирмайди.
Майли, биз тадбиркор бўлишни истаган оддий фуқаролар туман раҳбарларининг сансоларлигидан безиб, нари борса, э, боре…, деб қўл силтаб, ёниб-куйиб қўяқолармиз, лекин бу ёқда: ортимизда ҳам, олдимизда ҳам ҳурматли Президетимизнинг зарурдан-зарур қарорлари ёнаяптику?! Бунга бефарқ бўлиш, аввало, Ватанга, Президентга, мавжуд қонунларимизга нисбатан бефарқлик, лоқайдлик – жиноят эмасми?
АРТда “Шофиркон туман иқлим шароити тез ўзгарувчан кескин континентал зона. Ёз ойларининг юқори даражалиги, қуруқлиги билан тарифланади. Ёзда энг иссиқ ҳарорат 47 С0 гача”лиги кўрсатилган. Ёзда баъзи кунлар 48-50 С0 гача ҳам кўтарилиши мумкин. Шулар ҳамда бошқа кўплаб талаб ва меъёрлардан келиб чиқиб мулоҳаза юритса, Ф. Султоновнинг Давлат дастурига киритилган ижтимоий инфратузилма объектларини 1 қаватли қурилсин, деб шарт қўйиши, қатъий қаршилик кўрсатиши ҳеч бир Қонун ва меъёрий ҳужжатларга тўғри келмайди.
Жазирама ёзда – ўта иссиқ шароитда (атрофни кўкаламзорлаштириш, дарахтлар ўстириш, соя-салқин майдончалар барпо этиш учун камида 10 йил керак), тариқдек сочилиб ётган уйлар ёнида, теп-текис очиқ майдонда 1 қаватли қурилган маиший хизмат, савдо, умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш каби биноларда ишлаш, мижозлар қабул қилишни тасаввур қилинг-чи. Ушбу бинолардан фақат катталар эмас, болалар ҳам фойдаланади…
Булар ҳақида бошқалар эмас, масъул раҳбарлар ўйлаши ва тадбиркор (буюртмачи) талаблари ҳам инобатга олиниши зарур.
Ахир тадбиркорларга вақт, маблағ, асаб эҳсон қилинмайди-ку. Бунга ҳеч ким кафолат ҳам бермайди.
Қишлоқ жойларида баланд, чиройли, ёруғ иморатларни, равон йўллар, янги барпо этилаётган массивларда замон талабига мос ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари қурилишини кўриш Сиз муҳтарам Президентимизнинг орзуси, олий мақсади-ку ахир! Ҳа деб қаршилик кўрсатавермай, ўзини ўйлайвермай раҳбарларимиз Сиз азиз Юртбошимиздан ўрнак олиб, тадбиркорлар ёнига яқинроқ боришнинг вақти етмадими?
Ердан унумли фойдаланиб, янги иш ўринлари очишни мақсад қилган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаш керак: муҳтарам Президентимизнинг талаби шундай!
Қарорда “Ижтимоий аҳамиятдаги объектларнинг илдам қурилиши таъминлансин” деб аниқ кўрсатилганлиги, менимча Шофиркон тумани учун ҳам тааллуқли бўлса керак. Баъзан турли шубҳаларга борасан киши. Тарихий Қарорларингиздан биринчи галда халқ манфаатини эмас, ўз манфаатларини кўзлаб, тадбиркорлар олдига сунъий тўсиқлар қўяётган Шофиркон раҳбарларини қандай тушуниш мумкин?
Собиқ СССР даврида қурилиши чала қолган пахтани қайта ишлаш комбинати (ХБК) ўрнида қурилаётган уйлар атрофи қачон обод бўлади-ю, бу жойга аҳоли қачон кўчиб келади? Тақир ер, осмонга бўй чўзган баланд бетон устунлардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ер тубига мустаҳкам ўрнатилган ҳар битта бетон устунни жойидан қўзғатиш учун қанча вақт, қанча маблағ сарфлани- шини мендан эмас, яхшиси, туман раҳбарларидан сўраш керак.
Нафақат мустаҳкам пойдевор, балки катта маблағ, куч сарфлаб анча-мунча иш бажариб, қўшимча бинолар қурилган, туман аҳолисини иш билан таъминлаш мақсадида бошланган хайрли ишга нуқта қўйиш – ХБКни бузиш шартмиди?
Айнан шу жойда намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қуришни ким, қайси ташкилот режалаштирган? Ва бу кимнинг буйруғи, кимнинг рухсати билан амалга оширилмоқда? Бу ишдан Ҳурматли Президентимизнинг хабар- лари борми? Юртбошимиз кўп бора такрорлаган: янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг, деган ҳикматли ўгитни наҳотки вилоят ва туман раҳбарлари эшитмаган бўлишса?
Қурилиши тугалланмаган ХБКни ишга тушириш учун имкон излаш – мамлакат ичкариси ва ташқарисидан харидор топиш: инвесторларни жалб этиш ёки бир нечта кичик корхоналарга мослаштириш, тадбиркорларга аниқ мақсад асосида бўлиб бериш, ёшларни иш билан таъминлаш ҳақида ўйласа бўлмасмиди? (Агар шундай қилинганида, туманда ўзига хос саноат шаҳарчаси – ўнлаб катта-кичик, ихчам, замонавий ишлаб-чиқариш корхоналари бунёд этилган ва юзлаб янги иш ўринлари очилган бўларди. Бу иш уддаланса, балки Республикада жорий этиш мумкин бўлган Шофиркон тажрибасига айланармиди?
Йўқ, бизникиларнинг қўлидан фикрлаш эмас, фақат бузиб сотиш келади. Қулай жойга қурилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гўшт етиштиришга мўлжалланган (МХОП) молларни бўрдоқига боқиш пункити аввал ҳисадорлик жамиятига айлантирилиб, сўнгра собиқ ҳоким Аҳмад Раҳмонов бошчилигида бузиб, қариндошлариникига ташилди. МХОП собиқ ҳоким кўз остига олиб қўйган қимматбаҳо, туман учун зарур, ноёб мулк эди. Эртани ўйламай ҳоким манфаати учун бузиб йўқотилган бу жиноий иш Шофиркон аҳлига фақат зарар келтирди…).
Шофиркон учун қайғурадиган жонкуяр раҳбар бўлганида, ҳар қандай муаммога ечим топиш, мамлакат Президенти ишончини оқлаш, туман аҳлига қўл-қанот бағишлаши мумкин эди. Афсуски, С. Ҳусенов вилоятга ҳокимлик қилган узоқ йиллардан бери Шофиркон раҳбарга ёлчимади…
Ўтган ўтди, дея афсусланиб Шофирконнинг бугунига эътибор қаратса, аҳвол яхшиланиш ўрнига кун сайин қолоқлашиб, хўжасизлик, ишсизлик авж олмоқда. Ечим кутаётган туман муаммоларига бош қотиргандан кўра, белига пул боғланган, пул кўриниб турган мустаҳкам бетон устунларни ойлаб бўлсада қазиб ёки кесиб сотишни афзал билишади. Раҳбар учун осони ҳам шу-да! Бундай имконни яна қаердан топиш мумкин?
Туман раҳбарларининг шахсий манфаатларини кўзлаб бошлаган жиноий “тадбир”ларини балки энди тўхтатишдан фойда йўқдир. Аммо уларнинг айби билан бугун бой берилган ХБК қурилишига сарфланган маблағ – йиллар давомида бузиб йўқотилаётган бетон плиталар, деворлар, бетон устунлар, қўшимча бинолар ҳисоб-китобини сўрайдиган назорат органлари бордир???
Бугун ватанимизнинг деярли барча вилоят туманларида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларга бўлган талаб шу қадар кучлики, тўғриси, ўртага воситачи қўйиб ёки пора таклиф қилиб ҳам уй олиш қийин. Сабаби, ижтимоий аҳамиятга эга савдо, маиший хизмат, сервис хизмати, умумий овқатланиш, тиббий хизмат, алоқа, банк, бозор каби аҳоли учун зарур инфратузилма объектларининг вақтида барпо этилаётганлигидадир. Қулайликларга эга, замон талабига мос тарзда қурилаётган уйларда яшашни ким истамайди? Бугун ҳавас қилса арзугулик уйларда яшаётган бахтли оилалар кўпайиб мамлакатимизни безаб турибди.
Худди шу Ватан, шу тупроқда Шофиркон аталмиш унутилган бир туман бор. Барча сохталиклар, барча ёлғон-у қуруқ ваъдалар йиғилган бу туманда нималар бўлаяпти? Назаримда Шофиркон раҳбарлари (айни дамда туман ҳокими Идибой Жўраев) Президент Қарорлари ижросини тупроғи куйиб кетган эски ғишт заводи (на бир дарахт кўкаради, на ҳосил олиш мумкин) ёки кўчириш мушкул бўлган бетон устунлар ўрнига омонат, сифатсиз уйлар қуриб, халқни, Сиз муҳтарам Президентни алдаб бажариш ҳам мумкин деб уйлашса керак.
Шунинг учун ҳам Шофирконда қурилаётган ушбу уйларнинг харидори – талабгори йўқ. Аҳолига мажбуран тиқиштирилаётган янги уй, массивларда илдиз отиб яшаш учун шароит, муҳит йўқ. (Суратлар илова қилинади).
Деворлари ёрилиб, поли шишиб кетган яроқсиз уйларда яшашни ким ҳам истайди? Эски костюмини дазмоллаб, чўнтагига минг сўм пул солиб кўчага чиққан эркак ёки аёл борки, ёқасидан маҳкам тутиб:
– Уй оласан! – деб қийин-қистовга олишади. Кўнмаса, уйига милиция билан бориб қўрқитмоқчи бўлишади. Катта-кичик раҳбар борки, туман раҳбарлари билан юзма-юз келишдан юраги безиллаб қолди. Яроқсиз уйлар қуриб, мамлакат Президентининг халқимиз манфаати, обод турмуши учун бошлаган хайрли тадбирларини ёмонотлиққа чиқараётган ҳокимлар бу жиноятлари учун қонун олдида жавоб берадиларми ёки ёпиқлик қозон ёпиқлигича қоладими? (Янги массивлардан мажбуран уй олганлар ҳали кўчиб кирмай туриб сотиш учун харидор излаяптилар).
Шофирконга оч келиб, тўқ кетадиган ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари биридан-бирига ўтиб, ечимсиз муаммоларга айланган аҳоли эҳтиёжларини қондириш, ёшларни иш билан таъминлаш, туманга саноатни олиб кириш, камчиликларни тузатиш ўрнига Бухоронинг собиқ ҳокими С. Ҳусеновдан мерос қолган “иш” услубини афзал билишади. Чунки улар С. Ҳусеновнинг тавсияси билан курсига ўтирган, айни дамда унинг кўрсатмаси билан иш юритаётган ҳокимлардир. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи М. Т. Эсонов ҳам бу қолипдан чиқиб кетолмайди, чунки ўртада устозлик мақоми, шу даражага етишида қилинган хизмат, марҳаматлар бор. (“Салом-алик”ни узмай пинҳона учрашишлар, вакил жўнатиб туришдек йўқловлар бор. Шунинг учун ҳам Бухорони Самойдин Ҳусеновнинг сояси бошқармоқда, деган гапда асос бор…).
Яқинда иш билан Бухорога бораётиб кутилмаганда машинамизнинг ёнилғиси тугаб қолди.
– Энди нима қилдик? – дея машинадан тушиб, атрофга афсусланиб қараган эдим, шофёр:
– Парво қилманг, ҳозир есть қиламиз, – деди-да, чўзиб ҳуштак чалди. Зум ўтмай учта йигитча бири биридан ўзишга интилиб, сувдан бўшаган баклашкаларга бензин кўтариб, югуриб келишди. “Марра”га биринчи келган боладан шунчаки сўрадим:
– Бензинни қаердан олдинг?
– Э, ако, сўраб ниима қиласииз, – деди у нафасини ростлаб, – бииз биир ҳожатбарор-да. Ҳожатбарор!
“Ҳожатбарор”нинг ортидан етиб келган тенгдошлари гап нимадалигини тушунишди шекилли, завқ билан кулишиб, бириси:
– Агар сиизга пакт керак бўлса, ҳоким бободан сўранг, у киши вагони биилан, сестерна биилан бензин сотардилар!
– Ҳоким бобонг ким? – болани гапга солгим келди.
– Э, алдаманг-е, у кишини биилмаган мардак қолмадии, телевизор кўрасизмии ўзии?
Ниҳоят, “марра”га охирида келган бола ҳам жим туролмади:
– Ако Самойдинни танийсизми йўқмии биизга қизиғи йўқ, аммо ман бечорага у кишидан қолгании шу! – дея бир баклашка бензинни боши узра кўтариб, иккинчи қўлини муштлаб кўзини ишқай бошлади. Ёлғондан йиғламсираб минғирлади:
– Бииз бечорага қолгании шу, шугинани ҳам сииз олмадингииз, жўраларим мандан чаққон чиқдии, – унинг айёрона сўзларини эшитган ўртоқлари қоринларини ушлаб, қотиб кулишди.
Имо қилган эдим, шофёр ўзига хос роль ижро этган йигитчанинг баклашкаси- ни бакка ағдарди…
Бу воқеани эслаш шартмиди ёки йўқ – билмайман, аммо Бухородек табаррук масканда ҳокимлик насиб этган ва нафс балосига йўлиқиб, мансаб, мартаба, лавозим масъулиятини унутиб халқни, ҳақни оёқости қилиб, фикри-зикри мол-мулк тўплаш, ўғиллари, яқин қариндошлари – фақат ва фақат ўзини ўйлашдек оғир дардга чалинган, қилмишлари халқ орасида анекдот (латифа) бўлиб тарқалаётган С. Ҳусеновнинг асл қиёфаси, кимлигини кўрсатиб турибди.
Иқтисодий, ижтимоий таҳлилларга кўра, С. Ҳусенов вилоят ривожини 20 йил орқага сурган. Вилоят учун фойдали корхоналарни банкротга учратган… Йилт этган кадрни Бухородан қувғин қилган, қаматган, ҳаётига суиқасд уюштирган. Ҳеч кимни униб-ўсишига йўл бермаган. Хуллас, бугунни деб эртани унутган, боқий дунёни фоний дунёга алмаштириб, Бухоро фарзанд- ларига яхшилик ўрнига ёмонлик қилган. Бугун вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи М. Т. Эсоновни (бирор қора кунимга ярайди деб) униб-ўсишига ёрдамлашганини айтмаганда, у бошқа ҳеч кимни қўлламаган. Бошқаларни бегона, ўзидан узоқ тутиб, ғараз ниятда айб ахтариб, уларни ҳаётига чанг солган. (Жабр кўрганлар ҳамда иқтисодий таҳлилларга оид аниқ далиллар навбатдаги мурожаат-мақоламда эълон қилинади – Р. Раупов).
Дастлаб, судни эшитгач, собиқ ҳокимга ачиндим, Самойдин Ҳусенов ҳақида ёзган танқидий мақолаларимни ошириб юбормадимми, деган ўй- мулоҳазалар қуршовида қолдим. Аслида ижодкорнинг қаҳри қаттиқ бўлмайди, ижодкорнинг қалби ҳамиша яхшиликка, илиқ сўз, тўғри муросабат, одилликка мойил… Кейинчалик суд ҳукмини ўқигач, Тошкендан узатилган “Ҳусеновлар сулоласи” кўрсатувини кўргач, иккиланиш бир зумда тарқади.
Ҳокимлик имкониятларини ўз истаги, манфаатлари томон дарёдек оқизган С. Ҳусенов Президентимиздан ўла-ўлгунча миннатдор бўлса, оёқлари остига йиқилса, айбдорман, деб бошини тошларга урса ҳам кам. 270 томдан иборат жиноят ишида ҳокимнинг ўғли Шарофиддин Ҳусенов бошчилигидаги уюшган гуруҳ жиноятлари жамланган. Ҳукмда ушбу жиноят иши тафсилотлари компьютерда 100 бетдан ошади (раислик қилувчининг тоқатига балли!).
Ҳукмни ўқиб, шунга ишонч ҳосил қилдимки, С. Ҳусенов яратган имкондан юз эмас, минг фоиз фойдаланган ўғиллари ноқонуний йўллар билан тўплаган кўчмас мулк, турли русумдаги автомашиналар, уй-жой, Ўзбекистон сўми, АҚШ доллари (яқинлари, ишонганлари номига расмийлаштирилган кўчмас мулк бунга кирмайди), хуллас, олинган, берилган поралар – Давлат бюджетига тўланмаган миллион ва миллиард сўмлик солиқ тўловлари (рақамлар) шу қадар каттаки, тўғриси, ҳукм нусхасини тўлалигича ўқишга нафақат ўқувчи, балки бунга қизиққан журналистлар, бухгалтер-ҳисобчиларнинг ҳам сабри етмайди.
Жиноят ишидаги сон-саноқсиз рақамлардан кўз юмиб, 4-5 та қисқа мисоллар келтириш билан чекланаман:
1. “…уюшган гуруҳ раҳбари Ш.С.Хусенов … корхона молиявий ҳисоботларида кўринмайдиган даромад манбаига эга бўлиш мақсадида, “Соҳибқирон-Соҳибиддин” ХК Бухоро вилоятида аҳолига автобензин ва дизел ёнилғисини етказиб берувчи асосий АЁҚШларга эга эканлигини била туриб, хусусий корхонага қарашли АЁҚШларда автобензин ва дизел ёнилғисини кундузги маҳалда сотувини тўхтатиб, вилоят худудида сунъий равишда автобензинга бўлган эҳтиёжни ошириб, фақатгина куннинг тунги маҳалида нақд пулга савдо қилиб, ёқилғи мойлаш маҳсулотларини нақд пулга савдо қилинишини ташкиллаштирган. Д.Х.Содиков ўз навбатида ўзлари мижоз бўлган ДАТ “Халқ банки” Бухоро вилоят бошқармасида нақд пулга бўлган эхтиёжи катта эканлигини била туриб, ёқилғи маҳсулотлари савдосидан тушаётган ҳар кунлик нақд пул маблағларини, яъни жами 9 945 161 073 сўмни ДАТ “Халқ банки” Бухоро вилоят бошқармасига 3 фоизлик устама билан топширишни ва устама пулларини нақд пул кўринишида қайтариб олишни йўлга қўйган ва жами 322 819 185 сўмлик устама пулларини Бухоро шаҳридаги ноқонуний валюта операциялари билан шуғулланувчи шахслардан АҚШ долларига алмаштириб, ушбу пул маблағларини Ш.С.Хусеновга етказиб келган…”
2. “…Ш.С.Хусенов… ўзининг банк соҳасидаги тажрибасидан келиб чиқиб, ўзи раҳбарлик қилган “Соҳибқирон-Соҳибиддин” хусусий корхонасининг ҳисоб рақамини ўша даврда нақд пул бера олиш имконияти юқори бўлган ОАТБ “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Бухоро минтақавий филиалига ўтказиб, банк маъмуриятидан корхонага тегишли бўлган АЁҚШ ва АСГҚШлари орқали тушадиган нақд пул маблағларининг бир қисмини “Соҳибқирон-Соҳибиддин” хусусий корхонаси таъсисчисининг, яъни Ш.С.Хусеновнинг фойдаси сифатида шу банкдаги ўзининг талаб қилиб олингунча омонат ҳисоб рақамига ўтказилишини талаб қилиб, шу орқали ҳар кунлик савдодан тушган тушум эвазига омонат ҳисоб рақамидаги маблағларни тўлдириб бориб, шу кун якунида омонат ҳисоб рақамидан 20 000 000 сўмдан 50 000 000 сўмгача нақд пул маблағларини беришни талаб қилган. Шунда, ОАТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” Бухоро минтақавий филиали бошқарувчиси Л.Файзиев ва унинг ўринбосари Ф.Сидиқовлар томонидан фуқароларнинг иш ҳақи, пенсия ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш билан боғлиқ мажбуриятларини бажариш муносабати билан банк Ш.С.Хусеновга ҳар кунлик шахсий омонат ҳисоб рақамидан жуда кўп миқдорда пул маблағларини бера олмаслиги маълум қилинганда, Ш.С.Хусенов уюшган жиноий гуруҳ манфаатларини кўзлаб, товламачилик йўли билан банкни мулкий манфаат бериш ва мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб этиб, банк маъмуриятига агар ўзи хоҳлаган миқдордаги нақд пул маблағлари берилмаган тақдирда корхона ҳисоб рақамини бошқа банкка кўчириши билан қўрқитиб, ёхуд корхонага тегишли АЁҚШ ва АСГҚШлар орқали аҳолига ёқилғи маҳсулотларини фақатгина пул кўчириш йўли билан ёки пластик карточкалари орқали сотиб, банкка тушадиган нақд пул тушумини сунъий камайтириб, банкнинг нақд пулга бўлган эҳтиёжини ортишига сабаб бўлиб, банк маъмуриятини ўзига мулкий манфаатлар беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйган.
Шу тариқа, Ш.С.Хусенов ўзи раҳбарлик қилган “Соҳибқирон-Соҳибиддин” хусусий корхонаси томонидан 2009-2011 йиллар мобайнида аҳолига сотилган ёқилғи маҳсулотларидан олинган фойдаси ҳисобига 2 436 956 100 сўмлик пул маблағларини Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 184 ва 185-моддалари талабларига зид равишда ўзининг шахсий омонат ҳисоб рақамига ўтказиб, мазкур омонат ҳисоб рақамида тўпланган жами 4 190 700 000 сўм пул маблағларини уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Э.У.Рахматов ва С.С.Содиқовлар орқали банк хазинасидан нақд пул кўринишида олиб келган. Бунинг натижасида, улар жами 543 809 300 сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлар…”
3. “…Ш.С.Хусенов мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 05 февралдаги 57-сонли қарори талабларини қўпол равишда бўзган ҳолда 2009-2011 йиллар оралиғида 4 766 766,0 минг сўмлик АИ-80 маркали бензинни биржа савдоси орқали сотиб олиб, савдо қоидаларига зид равишда ушбу маҳсулотларни қонунга хилоф равишда истеъмолчиларга қайта сотиши оқибатида, хусусий корхона жами, 376 574,5 минг сўм миқдорида ноқонуний даромад кўрган…”
4. “…Бундан ташқари, хусусий корхонага қарашли АЁҚШда бензин қуйиб берадиган 19 та ишчилар томонидан ҳар бир мижоздан 200 сўмдан, жами 58.688.600 сўм миқдорида нақд пул олиниб, назорат касса машинкасидан ўтказилмаган ва банкка топширилмаган, бундан ташқари АЁҚШдаги ёқилғи қуйиш мосламалари ёқилғидан уриб қолиши натижасида, 2011 йил 26 октябрь кунидан текширув кунига қадар 25.205.900 сўмлик ёқилғи истеъмолчилардан асоссиз равишда ушлаб қолиниб, уларнинг манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганлар…”
5. “…Ш.С.Хусенов жиноий шериги бўлган укаси С.С.Хусенов ва М.И.Ахмедов билан бирга ҳаракат қилиб, ноқонуний бойлик орттириш мақсадида, отаси С.К.Хусеновни Бухоро вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келганлигидан фойдаланиб, ўзаро тузган жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида “Авто Петрол Сервис” МЧЖга қарашли Бухоро тумани “Шехонча” ҚФЙ ҳудудида жойлашган АСГҚКШнинг оптимал иш фаолиятини таъминлаш учун 2010 йилнинг 26 март куни Бухоро шаҳрининг “Кўҳна ва Боқий Бухоро” манументида олиб борилаётган қурилиш таъмирлаш ишлари давомида Бухоро туманининг “Шехонча”, “Работиқалмоқ”, “Шергирон”, “Юрин-боло”, “Зарманак” ҚФЙларга борувчи юқори босимли 530 мм диаметрли табиий газ қувурини ўчириб қўйилганлигидан фойдаланиб, ушбу газ қувурига терговда аниқлаш имкони бўлмаган ҳолда харид қилинган беркитувчи қурилма (задвижка) ўрнатишиб, мазкур беркитувчи қурилмани ёпиб қўйиш эвазига, газ қувурида қишги мавсумида ўртача 5 кг., ёз мавсумида ўртача 12 кг. газ босими шаклланишига эришиб, Бухоро туманининг “Шехонча”, “Работиқалмоқ”, “Шергирон”, “Юрин-боло”, “Зарманак” ҚФЙ ахолисига табиий газ босими ўртача 0,5-1 кг.гача тушиб кетиши натижасида, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини поймол бўлишига ҳамда фуқаролар томонидан Давлат бошқарув ҳокимиятига норозилик кайфиятини вужудга келишига сабабчи бўлиб, 2010 йилнинг октябрь-март ойлари ва 2011 йилни 01 октябридан 19 декабрь кунига қадар жами 199 606 986 сўмлик 2 000 070 м3 табиий газ етказиб берилмаганлиги натижасида, фуқароларнинг манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлишган….”
6. “…Ш.С.Хусенов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2011 йил январь ойида Бухоро вилоят ҳокими лавозимида ишлаган отаси С.Қ.Хусенов орқали Бухоро шаҳар собиқ ҳокими Рустамов Қиёмиддин Қаххоровичга Бухоро шаҳрининг Б.Нақшбанд кўчасида қурилиши тугалланмаган 5-сонли кўп қаватли уйга ажратилган ер майдонини “Шухратқурилиштранссервис” ХКга “Орзу” уй-жой комплекси қуриш учун ажратиб бериш юзасидан кўрсатма беришига эришган. Бироқ, Қ.Қ.Рустамов ўз лавозимидан четлатилганидан кейин, Ш.С.Хусенов 2011 йилнинг февраль ойида Бухоро шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Бозоров Улуғбек Муҳаммадовични эгаллаб турган хизмат лавозимидан отаси С.Қ.Хусенов орқали бўшатиш билан қўрқитиб, мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиб, товламачилик йўли билан Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳўзуридаги Ягона- буюртмачи хизмати инжинеринг компаниясининг балансидаги қурилиши тугалланмаган 5-сонли кўп қаватли уй учун ажратилган 3500 кв.метр ер майдонини “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” давлат унитар корхонаси бош лойиҳа-қидирув ташкилоти билан келишилмасдан ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмаган ҳолда, белгиланган тартибда ким-ошди савдоларини ўтказмасдан, “Шухратқурилиштранссервис” ХКга умрбод фойдаланиш ҳуқуқи билан 23.02.2011 йилдаги 289-сонли қарорига асосан расмийлаштириб берилишига эришган ва вилоят ЯБХИК балансидаги қурилиши тугалланмаган 5-сонли кўп қаватли уйда 1992 йилда бажарилган жами, 2 млн.сўмлик фундамент ишларини бузиб ташланиб, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда давлатнинг мулкини растрата йўли билан талон-торож қилганлар…”
7. “…Ш.С.Хусенов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, уюшган гуруҳ аъзоси Хусенов Висолиддин Завқиддинович билан бирга ҳаракат қилиб, Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчаси ёқасидаги “Орзу” кўп қаватли уй-жой комплекси орқа тарафидан, шунингдек янги кўп қаватли уй-жой комплекси қуриш учун Бухоро шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Бозоров Улуғбек Муҳаммадовични эгаллаб турган хизмат лавозимидан ўша вақтдаги Бухоро вилоят ҳокими бўлган отаси Ҳусенов Самойдин Қосимович орқали бўшатиш билан қўрқитиб, мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиб, товламачилик йўли билан 2009 йилдан буён “Жўрабек-Мафтуна қурилиш” хусусий корхонасига тегишли савдо маркази фойдаланувида бўлган 3500 кв.метр ер майдонини “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” давлат унитар корхонаси бош лойиҳа-қидирув ташкилоти билан келишилмасдан ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмаган ҳолда, белгиланган тартибда ким-ошди савдоларини ўтказмасдан, “Шухратқурилиштранссервис” ХКга умрбод фойдаланиш ҳуқуқи билан Бухоро шаҳар ҳокимлигининг 05.07.2011 йилдаги 731-сонли қарорига асосан расмийлаштириб берилишига, шунингдек “Жўрабек-Мафтуна қурилиш” хусусий корхонаси етказилган зарарни қоплаш учун ушбу корхонага Бухоро шаҳрининг Мустақиллик ва Зулфия кўчалари кесишмасида кўп қаватли турар-жой биноси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қуриш учун 1100 кв.метр ер майдонини умрбод фойдаланиш ҳуқуқи билан Бухоро шаҳар ҳокимлигининг 07.06.2011 йилдаги 596-сонли қарорига асосан расмийлаштириб берилишига, бундан ташқари шаҳарнинг Б.Нақшбанд кўчасининг (Шарқ-1 мавзеси) икки томонидаги ўтган собиқ темирйўл ўтган ҳар бири 900 кв. метрдан иборат бўлган ер майдони “Бухоро вақт” МЧЖ орқали сохта тендер савдоларини ўтказиб, мазкур ер майдонларини 3 500 000 сўмга “Шухратқурилиштранссервис” ХКга умрбод фойдаланиш ҳуқуқи билан расмийлаштириб олишига эришишган…”
Ҳақиқатнинг бели букилиб, қовурғалари синиб, боши ёрилиб етган марраси шу бўлдими? Энди бундан нима фойда, дейсизми? Тўғри, С. Ҳусеновлар сулоласининг қилмишлари кимларнингдир қалбига ўқ бўлиб қадалган бўлса, кимларнингдир ҳаётини издан чиқарди. Бир одамнинг қўлидан қанча ёмонлик келса, С. Ҳусенов буни ортиғи билан бажарди. Ҳокимга ярашмаган майдаликлар: ўч олиш, сўзига кўнмаган, ўз фикрига эга раҳбарлар, тадбиркорлар, сармоядорларга кун бермади. Хусумат сабаб, ҳатто савдо дўконига этадиган йўлни бекитиб, бетон тўсиқлар қўйдирди. Ҳокимликдан кетгач, тўсиқлар олиб ташланди, аҳоли яна бемалол харидга бориб-келадиган бўлди, асосийси, болалар поликлиникасига тўсиқларсиз қатнай бошлади.
Тавба, тавба дейман, ҳаддан ошиш бундан ортиқ бўлмас, отаси халққа – ҳаммага тегишли бўлган йўлни бекитса, ўғли халққа – кўпчиликка тегишли газни бекитиб, атрофига панжара ўрнатиб, қулф осиб қўйса?! Бу қандай бедодлик???
Назаримда, С. Ҳусеновдан бир хато ўтган, вилоят ҳокимлигига тайинланаётган пайтда, Бухоро фақат менга тегишли, отамдан қолган шаҳар, деб хатлаб олишни эсидан чиқарган… Яқинда Сурхондарёда ўтган сессия қатнашчиларига қарата Юртбошимиз, сизларнинг олдингизда хижолатдаман, дея ўкинч билан гапирдилар. Бу гапни айтиш осонми? Бу гапни мард одам айтади. Бу гапни ўз халқини хурмат қилган одам айтади.
Мамлакат Президентини хижолатга солган, ишончини суиистеъмол қилган лавозим эгаларини, Халққа, Давлатга, Ватанга хиёнат қилган ҳар қандай раҳбарни махсус қонун асосида Мустақиллик майдонида намойишкорона осиш керак, токи бу бошқаларга ўрнак бўлсин. Ана шунда биз ҳақиқий халқ, бутун миллат бўламиз ва Мустақилликнинг қадрига етамиз, озодлик учун жон беришга тайёр турамиз! Жамият софлигини таъминлашнинг бундан бошқа чораси йўқ! (С. Ҳусенов Юртбошимизни хижолатга солган ҳокимларнинг пешқадами сифатида Ўзбекистон тарихига қоп-қора доғ бўлиб кирди – Р. Раупов).
Бугун Бухоро аҳлининг юрагида – тилида ҳақли саволлар:
– Агар қонун барчага баробар бўлса, нега Самойдин Ҳусенов жазодан четга чиқиб қолди? Агар ёпиқ суд жараёни ўтган бўлса, натижаси нега халқдан сир тутилади? (Ушбу саволларга яқинда жавоб топамиз). Бўйидан баланд, оғирлигидан кўп гуноҳ қилган – жиноятга ботган собиқ раҳбар наҳотки Давлат пенсиясини олишдан уялмаса? Мен унинг ўрнида бўлганимда (Худо кўрсатмасин!), жиноят орқасидан йиққан мол-давлатимни Бухоро аҳлига пенсия ёки нафақа шаклида тарқатган бўлардим.
Вилоят аҳлининг ризқига чанг солиб, зўрға топаётган яримта нонини чорактага айлантирган ҳоким отанинг ва ўғилларининг қилмишлари жамиятнинг юзи сифатида баҳоланди. Суд ҳукмида тўғри таъкидланганидек, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини поймол бўлишига ҳамда фуқаролар томонидан Давлат бошқарув ҳокимиятига норозилик кайфиятини вужудга келишига сабабчи бўлди. Бироқ ака-ука Шарофиддин Ҳусенов, Садриддин Ҳусенов ва амакиваччаси Висолиддин Ҳусеновлар барига туфуриб, ноқонуний бойлик орттириш мақсадида отаси (бирининг амакиси) бўлмиш Самойдин Ҳусеновнинг вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келганлигидан фойдаланиб, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини такрор ва такрор бузиб, кўпроқ фойда олиш, мол-мулк тўплаш истагидан қайтмадилар. Ҳукмда шундай ёзилади: “2009 йилнинг март-июнь ойларида МХХ Бухоро вилоят бошқармаси томонидан тергов қилинган 24-сонли жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов давомида Ш. С. Ҳусенов… “Соҳибқирон-Соҳибиддин” ХК га қарашли АЁҚШларда сотилган ёқилғи маҳсулотлари савдосидан тушган нақд пул маблағларини ДТ “Халқ банки” Бухоро вилоят бошқармасига 3 фоизлик устама билан топшираётганликлари аниқланиб, улар ЎзР Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарликка жалб қилинган бўлсаларда, бироқ Ш. С. Ҳусенов ва унинг жиноий шериги Д. Х. Содиқов бундан ўзларига тегишли хулосалар чиқармадилар, тузалиш йўлига кирмадилар…”
Шундай қилиб, Шарофиддин Ҳусенов ўзининг ноқонуний тадбиркорлик фаолияти давомида 5 миллиард 352 миллион 699 минг сўмлик солиқ ва тўловларни Давлат бюджетига тўлашдан бўйин товлаб келган ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш натижасида 2 миллиард 127 миллион 249 минг сўмлик ноқонуний фойда олган. Текшириш давомида жами 7 миллиард 473 миллион сўм Давлат манфаатларига зарар етказган.
24 та “Нексия”, 2 та “Матиз”, 1 та “Ласетти СДХ”, 4 та “Шевралет Эпика”, 3 та “Шевралет Каптива” каби енгил машиналар, шунингдек, ҳар бири 100 миллион сўмдан ошиқ 7 та “HOWO”, 5 та “Норт Бенц”, 2 та “ЗИЛ 131”, 2 та “НЕФАЗ”, 1 та “МАЗ-500” русумли юк машиналари, жами 51 та турли русумдаги автомашиналар;
Шаҳарнинг Навоий Шоҳ кўчасида қурилиши тугалланмаган (суд экспертиза- сининг 2012 йил 25 июнь кунидаги экспертиза хулосасига кўра) лит ”А” 336.454.920 сўм, лит “Б” 237.471.866 сўмга баҳоланган 4 қаватли 2 та уй-жой комплекси;
Шаҳарнинг Нақшбанд кўчасида қурилиши тугалланмаган (суд экспертиза- сининг 2012 йил 26 июнь кунидаги экспертиза хулосасига кўра) блок “А” 924.916.753 сўм, блок “Б” 877.195.219 сўм, блок “В” 847.700.839 сўмга, жами “А, Б, В” блоклар 2.667.812.811 сўмга баҳоланган “Орзу” кўп қаватли уй-жой комплекси… (Булар ҳаммаси эмас).
Бундай ваҳимали маблағ қаршисида ёки ёнида миттигина китоб дўкон- часи қуришга уяларкансан киши.
Нима дейсиз, китоб дўкони қуришдек орзуйимдан воз кечиб, менга ажратилган (аммо ҳали берилмаган) жойни ҳокимларнинг кам-кўсти учун уларга совға қилсаммикан? Давлат ва халқ мулкини ўмаришда уқувсиз ва имконсиз бўлган ижодкорлар учун хаёл ҳам катта мулк, тенгсиз қувончда! Ўзбкистондаги 700 та шоир ва ёзувчилар, уларнинг сафига шунча журналистларни ҳам қўшса, уларнинг бор-буди Ҳусеновлар сулоласи тўплаган мол-мулкнинг ярмига ҳам етмайди.
Шунча мол-дунёси бўлган ҳоким ва ўғилларининг кўзига олим-у фозиллар, ёзувчи-ю шоирлар, хуллас, маошга қаноат қилиб кун кўрадиган кўплаб касб-кор кишилари чумоличалик кўринмаслигига ҳайрон қолмаслик керак. Тўғри, чумоли кичик, аммо у ўз ҳалол меҳнати билан кун кўради. Жамиятни эса оддий касб-кор эгалари, машаққатли меҳнатга қоришган, мансаб-мартабадан йироқ кишилар ҳаракатга келтиради, безайди. Уларсиз жамият бўм-бўш, уларсиз жамият бўлмайди. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳақига хиёнат қилган нафақат қонун олдида, Худо-ю, бандаси олдида ҳам жавоб беради…
Денгиздан томчи тариқасида келтирилган жиноий мисоллар тафсило- тидан сўнг сўзни нимадан бошлаш, қандай давом эттиришни ҳам билмай қоларкансан киши.
Вилоятнинг собиқ ҳокими Самойдин Ҳусенов раҳнамолигида тўпланган мол-мулкни Ўзбекистон сўми, АҚШ долларига айлантириб вертолётларда осмондан тўкиб турса, шак-шубҳасиз Минорайи калонни кўмиб, ортгани шаҳарнинг йўл-у расталарига сувдек оқиб кириб, Бухоро кўчалари пулга тўлади.
Мана сизга Бухоронинг собиқ ҳокими С. Ҳусеновнинг биз ижодкорларга беминнат туҳфа этган илҳоми, кўрсатган ёрдами! Агар рассомлар юқорида баён этилган манзарани рангли бўёқларда тасвирласа – дунёга машҳур картина яратилган бўларди…
Энди буёғига инсоф билан хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. С. Ҳусеновнинг қаҳрига учраган Инсоф аллақачон Бухорони тарк этган бўлса-да, бироқ биз уни умид билан эслаймиз.
Бировларнинг бир хонали уй олишга қурби етмайди; бировлар тирикчилик ғамида жондан азиз фарзандини ўзга юртларга жўнатиб, қачон пул келаркан, деб кун санайди; ишга лаёқатли аксарият йигит-қизлар иш тополмай кўча-кўй, бозорларда тентираб юрибди.
Кўплаб оилалар Давлат томонидан берилаётган ёрдам пули, ота-она- ларининг пенсиясига қарам бўлиб қолган бир шароитда, вилоятнинг биринчи раҳбари мансабини суиистеъмол қилиб тўплаган тоғдек маблағ ҳақида эшит- ган киши, чиндан ҳам шаҳар бедарвоза экан-да, деб ҳайратда ёқа жуфтлайди.
Кечаги ва бугунги Бухорода вазиятни аниқ тасаввур қилиш учун мисоллар етарли. Шунча муаммо ва камчиликларни кўра била туриб, тилини тишлаган ва ҳақдан юз ўгирган вилоятнинг баъзи журналистларини тез-тез орден ва мукофотларга тавсия этилиши Бухорода ҳақ сўзга қўйилган тузоқдир! Собиқ ҳокимга эгилиб, жим юрган мулойим, қуллуқчи журналистларнинг бугунгача, олгани – мукофот, таққани – орден бўлди! Четга чиқиб қолган муносиблар эса ёлғоннинг, хиёнатнинг, ялтоқликнинг ширин нонидан кечиб, Адолатнинг аччиқ нони билан кифояланишни шараф деб биладилар… Бугундан бошлаб Андишанинг номини Қўрқоқ эмас, Ботир деб атайлик-да, ҳақиқатга айланиб эмас, тикка борайлик. Бу ёқда вилоят ҳокими бошчилигида Бухоро жиноятга тўлиб кетсин, ўнлаб, юзлаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари ушбу жиноятларни очишга жалб этилсин, курашсин – бу ёқда эса вилоят ҳокимлигининг газетаси “Бухоронома” муҳаррири танқиддан қочиб, оғзига талқон солиб, жимгини ўтиргани учун кетма-кет мукофот, унвон, ҳамда орденга кўмиб ташлансин?! Астағфирулло, бу қандай тартиб, бу қандай адолат, бунда мантиқ қани? Ўйлардимки, ижодкорга унвон ёки орден кўрсатган хизмати, истеъдоди учун берилади. Йўқ, афсуски бундай эмас экан. Ж. Исмоиловнинг “истеъдоди,” кўрсатган “хизмати” – ўртамиёна қаламини эл-юрт эмас, ҳоким акаси (С. Ҳусенов) ва ҳоким вазифасини бажарувчи жўраси (М. Эсонов) баҳолади. Жим туриш, муроса йўлини танлаш, эгилиш хизмат саналса, у буни аъло даражада уддалади.
Алмойи-алжойи қораламалари тепасига совет даврида бўлиб ўтган, дея ёрлиқ ёпиштириб, муқовага ўраб чиқариш истеъдод бўлса, ёзувчиликнинг – адабиётнинг куни қурсин! (ГАИ ходимлари порахўр экан, вақтида – Совет даврида нега ёзмадинг? Модомики, бу билан ДАН хадимларининг пора олишига шама қилмоқчи бўлсанг – бугундан нега қочасан? Ҳақиқий ижодкор замонга тик боқади, ўткан замон ортига бекинмайди. Бугун, Мустақиллик даври ДАН ходимлари пора олишмайдими?). Шундай қилиб, муддаога ўтсак, юзаки, ночор ва журъатсиз ва яна замонасоз ижодкор на кеча ва на бугуннинг, эртанинг ҳам ёзувчиси бўлолмайди. (Ж. Исмоиловнинг “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини қай йўсинда, ниманинг эвазига ва кимнинг гувоҳлигида олганини билмаганимда бу қадар ишонч билан гапрмасдим. “Шуҳрат” медалини унвонга айлантириш ҳақидаги далиллар (гарчи касбдошларимни сотиш даражасидаги пасткашликдан йироқ бўлсамда), 3-мурожаатимда ошкор этилади – Р. Раупов).
“Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳақида: гарчи навбатдаги мурожаатимда батафсил тўхталсамда, аммо шу ўринда икки оғиз мулоҳаза билдирмоқчиман. Агар Ж. Исмоилов бундай юксак унвонга муносиб бўлганида чин юракдан, астойдил қувонган бўлардим. Лекин эл-юрт эмас (эл-юрт катта ҳудуд, бу, бутун мамлакат дегани!), вилоятда тузукроқ танилмаган замонасоз, журъатсиз аммо яшаш ҳунарини яхши эгаллаган, С. Ҳусеновнинг марҳамати билан “Бухоронома”га муҳаррир бўлган бу бола Президентимизнинг қўлларидан юксак орденни олишдан аввал ўзини виждон тарозисига тортиб, мен бундай орденга лойиқманми, деб қайта-қайта ўйлаши керак эди. Тушунаман, бунга унинг журъати етмайди, аммо Ж. Исмоиловни бундай орденга тавсия этган вилоят ҳокимлиги ўртадаги барча илиқ муносабатлар (жўрачилик, таниш-билишлик, С. Ҳусенов ва М. Эсоновга кўрсатилган садоқат…)га таяниб Ж. Исмо- иловни ўн, юз поғона юқорига кўтараман, деб уни мамлакатимиз ижод аҳли ўртасида ҳамда тарих олдида хижолатга солиб қўйишди. (Бундай маломат билан яшашни, ҳокимлар “эҳсони” эвазига кетма-кет тақдирланишни ҳеч кимга, ҳатто душманимга ҳам раво кўрмайман…).
Фуқаролик бурчини деб, мамлакат Президентининг даъватларига виж- донан жавоб берган, оқибатда ҳаётига суиқасд уюштириб, ногиронлик “ҳадя” этишган журналист олдига тўсиқлар қўйиш қачонгача давом этади? (То бугунгача аёлим (“Ишонч” газетаси бўлим мудири): “Фалончи сизга салом айтди, Ражаббой оёққа туриб кетдими?” каби хабарлар олиб келади. Ўшанда менга нима бўлгани ҳақида кўпчилик ҳалигача билмайди. Касбимга содиқ қолиб, танқидий мақолалар ёзганим учун ҳаётимга, журналистлик фаолиятимга суиқасд уюштирил- ганлиги ҳақидаги аниқ далиллар 3-мурожаат-мақоламда эълон қилинади).
Биламан, асабларим қақшаб йўқотган вақтим, маблағим энди қайтмайди. Уйқусизликдан қийналиб, тез-тез бошим айланиб йиқилиб тушаяпман, даволанишлар фойда бермаяпти. Жамиятнинг софлиги учун курашиб, С. Ҳусеновдек ўта маккор, золим ҳокимга ҳали у отдалигидаёқ (бундан 8 йил аввал) тик боқиб, сен Президент ишончини оқламаяпсан, мансабга, халққа хиёнат қилиб, Бухоро аҳлига балолар ёғдиряпсан, дея баралла айтган – бу ҳақда танқидий-таҳлилий мақолалар ёзиб, матбуотда эълон қилиш борасидаги ҳаракатлари қўллаб-қувватланмаган, қадрланмаган журналистнинг ҳолини тушуниш учун жамиятда соғлом тафаккур, адолат зарур.
Не қилайки, Бухорода адолат излашдан кўра, Қоф тоғида яшаган афсонавий қуш – Анқо (йўқлик рамзи, сира топилмайдиган нарсаларга нисбатан ишлатилади) нинг уруғини топишга умид боғлаган маъқул.
Олимлар юрти, деб эътироф этиладиган Шофиркон марказида биргина китоб дўкони қуришга жой топилмади??? Катта-катта савдо дўконлари, ресторан ва кафе-барлар, ароқ сотиладиган биноларга эса жой тез ва истаганча топилди. ЎзР Вазирлар маҳкамасининг 2002 йил 3 августдаги 279-сон Қарори ижроси Шофиркон туманида 12 йилдан буён бажарилмайди. Ва менинг бу борадаги интилишларим ҳамон самарасиз қолмоқда…
Ушбу қарорда: “Республикада китоб бозори конъюнктураси маркетингини амалга ошириш, аҳолининг китобларга ва бошқа босма маҳсулотларга бўлган эҳтиёжлари мониторингини ташкил этиш ҳамда республика ҳудудида китоб дўконлари тармоғини қулай тарзда жойлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” каби ўта муҳим вазифалар белгиланган.
Туман раҳбарларининг менга – мурожаатимга бўлган муносабати ҳақида Сиз муҳтарам Президентга мактуб йўллаганимдан сўнг, четдан бўлса-да, янги массивдан жой ажратишди. Китоб дўкони қуришдек орзуйим рўёбга чиқаётганидан хурсанд эдим. Аммо Шофирконда бу ниятни амалга оширишнинг иложи йўққа ўхшайди. Ердан унумли фойдаланиб, янги иш ўринлари очиш (савдо, маиший хизмат, китоблар, спорт товарлари ва ҳ.к.лар жойлаштириладиган), 2 қаватли (9,4 Х 12,4) ихчам бино қуриш учун яна архитекторлар билан тортишиш, қонуний талабнинг қонунийлигини исботлаш учун адоғи йўқ йўлдан югуравериш жонимга тегди.
Ана шу сабаблар туфайли Сиз муҳтарам Президентга вилоятнинг Шофиркон туманида тўпланиб қолган баъзи муаммолари ҳақида иккинчи мурожаатимни ёздим…
Сўзим сўнггида биринчи мурожаатимдаги аҳдимни такрорлайман:
– Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич! Ёлғон сўзлаб Сизни хурсанд қилишдан кўра, ҳақни ёзиб, Сизни огоҳ этишни афзал деб билдим. Майли, мен мулксизлигимча қолай, ҳокимлар кўз тиккан мулкимни парчалаб сотсинлар! Ижод аҳлининг ҳақиқий мулки ҳақни ёзишдир! Ишонаманки, шу кунгача ёзган танқидий мақола – мурожаатларим изсиз кетмайди. Бугунми, эртами турли нашрларда чоп этилиб, жамиятнинг қиёфасини кўрсатиб, Садоқат ва Хиёнат ҳақида авлодларга сўзлаб беради.
Сизга хиёнат бошлаган ҳокимларнинг пули, мулки тугаши мумкин, аммо менинг Сизга айтадиган ҳақ сўзим тугамайди…
* * *
Изоҳ: Бухоро муаммоларига бағишланган: қисман тўлдирилган, қўшимчалар киритилган ушбу мурожаат-мактубимни Президентнинг Давлат маслаҳатчиси (“Президентга мактублар” тўпламлари нашри учун масъул) Хайриддин СУЛТОНОВга тақдим этдим. Доимий нашрда ёзилишича: “Ҳар бир хат Президент девонида рўйхатга олиниб, уларда баён этилган таклиф ва мулоҳазалар, муаммолар тегишли масъул ходимлар, идора ва ташкилотлар томонидан ҳар томонлама чуқур ўрганилади.
Президент девонида жорий этилган тартибга кўра, ҳеч бир хат жавобсиз ва назоратсиз қолмайди. Уларда кўтарилган масалалар бўйича ўз вақтида аниқ чоралар кўрилиши қатъий одат тусига кирган…”
Ишонаман, ҳурматли Президентимизнинг номи, фаолияти билан, мамлакат фуқароларининг ишончи, Юртбошимизга бўлган ҳурмат-эътирофи билан боғлиқ “Президентга мактублар” тўпламида ёлғон ёзилмайди.
2. Мурожаат-мақола Республикамизда чоп этилаётган ўндан ортиқ газета ва журналлар жамоасига, мавжуд сиёсий партиялар раҳбарларига ўқиш, муҳокама қилиш, лозим кўрилса, газетада фойдаланиш учун йўлланди.
2013 йил 17 декабрь — 2014 йил 17 январь.
(Давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ