Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-94 йиллар (10)
1990-91 ЙИЛЛАР
(давоми)
10.
1991 йил 19 август, жума.
Кечқурун соат олтиларда (ёки еттимиди?) Анвар ака Тошкент-Жиззах автобусида келди. Автостанцияда кутиб олдим.
— Қаерга борамиз? – деб сўради.
— Уйга, — дедим мен.
— Йўқ, санаторийга, бола-чақанинг олдига ҳайда, — деди Анвар ака.
Мен санаторий бу ердан 110 км узоқликда, тоғнинг тепасида, қоронғида у ёққа чиқиш хатарлилигини айтиб, машинани уйга бурдим. Оқшом бизникида ҳангома қилдик.
— Абдукаримнинг тақдирига ҳеч ким қизиққани йўқ, аммо Пиримқул Қодиров “Анвар нима бўлади?”, деб катталардан сўрапти. Катталар “бир иш топиб берамиз”, дейишганмиш. Биз Абдукарим иккимиз маслаҳатлашгандик. Йўлдош билан Норбобонинг эркаликлари жондан ўтиб кетган эди, шу сабабли Аҳмаджон акага кириб: “Сиз редакциядан кетинг”, демоқчи бўлиб юрган эдик. Бари бир у ерда у вазиятда ортиқ ишлаб бўлмасди.
1991 йил 20 август, шанба.
Атаганларимизни олиб, тоққа чиқиб бордик. Санаторий чойхонасида зиёфат уюштирдик. Анвар ака иккимиз ҳам ғирт маст бўлгунга қадар ичдик. Умида опанинг гаплари, менга муносабатлари ғашимни келтирарди. Гўё ўз хизматкорига муомала қиларди. Эрим сенинг ишга ўтишингга сабабчи бўлган, деган таъна, писанда ҳар бир сўзида, ҳар бир ҳаракатида сезилиб турарди. “Янаги якшанбада келиб, мени Пахтакор туманидаги Ҳайдарбек Абдужабборов номли совхозда яшовчи опамнинг олдига олиб борсангиз бўлди. Майли, Тошкентга ўзимиз кетамиз, ишингизни енгиллаштираман”, деди Умида опа менга. (Умида опанинг опаси мен хотираларимда бир неча бор тилга олган Абулфайз Баротовнинг собиқ хотини бўлган)
“Ишингиз бўлмаса, санаторийда ётаверинг, янаги якшанбада келиб, ҳаммаларингизни олиб кетаман”, деганимга кўнмай, бола-чақасининг олдида бир кеча ҳам қолмай, Анвар ака кечга томон биз билан қайтиб жўнаб, бу кеч ҳам бизникида қолди. Машинани қайтишда Зулайҳо ҳайдади. Ўшанда учинчи қизимиз Гулноз бир ёшли бўлиб, эндигина атак-чечак юра бошлаган, уни ҳам бирга олиб борган эдик. Гулнозага мен қараб келдим. 1599 06 жигули
21 август куни эрталаб туриб, Анвар ака мендан Булунғурга олиб бориб ташлашни сўради. Булунғур уйимиздан 90 км нарида. Шу куни кечқурун Барлосда маърака бўлиб, Зулайҳо иккимиз келишган, кундуз Зулайҳо даладан (у пахтачилик бригадири, даласи 22 км уйимиздан нарида) хабар олиб келадиган, кечга Барлосга борадиган эдик. Барлос қишлоғимиз Булунғурнинг чегарасида. Ўша ердан Анвар акани Булунғурнинг исталган жойига етказишимни айтдим. Анвар ака кўнмади. Отасининг қабрига тош қўймоқчи экан. Анвар акани Жиззах автостанциясига олиб бориб қўйдим.
1991 йил 19-21 август
Москвада путча бўлди. Горбачевни Янаевлар тахтдан ағдаришга уриндилар ва ўзлари йиқилдилар.
1991 йил 22 август.
Россия олий Кенгаши раиси Борис Елцин Россия Олий Кенгаши сессиясида Россия мустақиллигини эълон қилди. Коммунистик партияни қонундан ташқари деб таъкидлади.
1991 йил 23 август.
Тошкентдан зудлик билан кичик корхоналар тўғрисида материал тайёрлашни буюришди.
1991 йил 25 август.
Пахтакор тумани раҳбари Босар Тожиев мени Ҳ. Абдужабборов номли совхозга жўнатди. Ўша ерда кичик корхоналар кўп экан. Хўжалик директори Наримонов бахмаллик йигит экан. У Наримоновлар сусоласидан бўлиб, Наримоновлар Анвар Жўрабоевлар билан қалинлигини аввалдан билан эдим. Буни директор Наримоновнинг ўзи ҳам айтиб қолди.. Кейин Анварга дўстлик ҳурмати менга бир топшириқ айт, бажарай, деб туриб олди. Мен Умида опа бола-чақаси билан “Зомин” санаторийсида дам олаётганини, уч кундан сўнг якшанба куни шу хўжаликда яшайдиган опасининг олдига олиб келиш кераклигини айтдим. Наримонов қўярда қўймай бу вазифани ўзига топширишимни талаб қилиб туриб олди. Ҳатто бир кун олдин бориб, ўша ерда базму-жамшид уюштириб, Анвар аканинг оиласини хурсанд қилажагини ҳам билдирди. “Шу баҳонада ўзимиз ҳам би-ир ўйнаб келамиз”, деди Наримонов. Мен қайта-қайта тайинладим, у киши эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда қайта-қайта ваъда берди.
— Тағин бир гап бўлиб, бормайдиган бўлиб қолсангиз, менга телефонда хабар қилинг. Ҳозир Анвар ака ишдан бўшаган, жуда қаттиқ хафа бўлиб юрипти, бу нарса у кишига баттар таъсир қилиши мумкин, — дея огоҳлантирдим.
— Қачон бўшаган?! — сўради Наримонов.
Мен айтиб, жўнаб кетдим.
Ўн кунлардан сўнг вилоятдаги йиғинлардан бирида Наримоновни учратиб, тафсилотларни сўрасам, иши кўпайиб, бормаганини айтди.
Ана кўргулик — мана кўргулик… Ўйлаб кўрсам, Анвар аканинг ишдан бўшаганини айтмаслигим керак экан. Қалин дўст-ку булар, деб ўйлаганман-да мен. Ҳар қандай дўстдан булар учун амал пиллапояси афзал эканини мен қаёқдан билибман.
Шу тахлит Анвар Жўрабоев “Халқ сўзи”га бош муҳаррир бўлиб қайтиб келгандан сўнг энг ёмон кўрган вилоят мухбирларидан бири мен бўлиб қолдим.
1991 йил 31 август.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши сессияси бўлди. Унда Ўзбекистон мустақил мамлакат деб эълон қилинди. Республика Президенти Ислом Каримов 1 сентябрни – Мустақиллик куни байрами деб нишонлашни қилишни таклиф этди Таклиф бир овоздан маъқулланди.
1991 йил 2 октябр.
Республиканинг 50 нафар ижодкори билан Президент Ислом Каримов учрашадиган бўлди. Жиззах вилоятидан вакил сифатида мени таклиф этишди. Бундан хабар топган Меҳриниса Каримова менга қўнғироқ қилиб: “Шусиз ҳам сизнинг обрўйингиз баланд. Абдураҳмон яқинда уюшмага масъул котиб бўлган, унинг обрўсини кўтарайлик. Президент билан учрашувга у борсин”, дея мендан илтимос қилди.
— Бу масалани мен ҳал қилолмайман-ку, — дедим мен.
— Сиз хўп десангиз бўлди, биз шуғулланамиз, — деди Меҳри Каримова.
Мен рози бўлдим. Аммо уларнинг ҳаракатлари натижа топмапти. “Рўйхат кетган, Президент билан учрашувга фақат Абулқосим Мамарасулов киритилади” , деган жавоб олишипти.
Учрашувга Тошкентга келгандан сўнг – янги мақолаларимни топшириш учун — бирров ишхонага “Халқ сўзи”га кирдим.
— Э, келганингиз жуда яхши бўлди, ҳозиргина Номоз Саъдуллаев “Абулқосимни ернинг остидами, осмоннинг устидами бўлса ҳам тез топ, деганди. Мана, сизга, уйингизга қўнғироқ қилаётгандим, — дея вилоят мухбирлари билан ишлаш бўлимининг янги раҳбари Муродхон Калонхонов телефон дастагини жойига қўйди. – Энди муҳаррирга кириб, “чақирган экансиз, қанот боғлаб учиб келдим” дейсиз.
Менинг юрагим така-пука бўлиб кетди. Яқинда вилоят мухбирлари иштирокида йиғин бўлган ва мен тўртинчи бор айтувсиз қолиб, шу йиғинда қатнашмаган, менга ўхшаб келмаганларни Номоз ака: “Бу – диверсия! Барча келмаганларни чақириб, тушунтириш хати олинг. Чорасини кўрамиз”, деган экан. Балки менга чора кўрмоқчидир?
Номоз ака мени хушҳол кутиб олди. Мен эса ўзимча у кишини чалғитишга тушиб, олиб келган бир неча мақоламни, мақолаларимнинг мавзуини тушунтиришга киришиб, бир неча фурсат бидиллаб гапирдим. Номоз ака индамай, сабр-тоқат билан тинглади ва мен сўзимни тугатгандан сўнг:
— Сиз яхши ёзяпсиз, — деди.
Менинг елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Шу кунлари газетанинг салкам ҳар бир сонида менинг мақолаларим тўхтовсиз берилаётган, жўнатган бирон-бир мақолам қолиб кетмаётган эди. Бир-бири билан тарафлашаётган икки тарафнинг асосий вакиллари ишдан бўшаб кетган, “Абулқосим ёзган нарсалар тўхтаб турсин ёки қолдирилсин”, дейдиган ҳеч ким қолмаган эди. Мен Номоз акага чақиртиргани туфайли қанот боғлаб учиб келганимни айтдим, қандай топшириқлар бўлса, буюринг, бажараман, дедим. Айтарли топшириғи йўқ экан, редакция билан тез-тез боғланиб туринг, деди ва менга жавоб берди.
(Давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ