ИСМАТ ХУШЕВ: ХАДРАДАГИ ИШЧИЛАР ЁТОҚХОНАСИДАН ҲУКУМАТ ДАЧАСИГА (2-14)
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси
(ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб, 14 боб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Журналист Исмат Хушев (орқа планда) Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоевлар билан Тошкент аэропортида, 1994 йил, баҳор…
Ўн тўртинчи боб.
ХАДРАДАГИ ИШЧИЛАР ЁТОҚХОНАСИДАН ҲУКУМАТ ДАЧАСИГА КЎЧИБ ЎТИШИМ
ёки
“Ит ётиш — мирзо туриш”дан шоҳона ҳаёт сари биринчи қадам
1.
1991 йилда Туркияга иккинчи маротаба сафар қилдим.
Ҳозирги хавфсизлик кенгашининг котиби Миракбар Раҳмонқулов, Алишер Шайхов (ўшанда Вазирлар Маҳкамасида Иқтисодий департаментнинг бошлиғи эди, шекилли) ва мен – уч киши Ўзбекистон мустақиллигининг илк қадамлари ҳақида Турк парламенти ва юқори давлат идораларининг масъул мулозимлари ҳузурида маърўза қилиш учун Истанбул ва Анқарага бордик.
2.
1991 йилда шахсий ҳаётимда ҳам ўзгаришлар бўлди.
Шу йили Чарос қизим туғилди. Маълумки, 1987 йилда — Ҳулкар қизим, 1989 йилда — Ислом ўғлим туғилган эди.
Учинчи фарзандим — 1991 йилда дунёга келди.
3.
Шу ўринда бир воқеани айтиб ўтишим керак. Бу Ислом Каримовнинг одамгарчилигини кўрсатадиган ёрқин мисол бўла олади.
Эҳтимол, Шукрилла Раҳматович Ислом ака билан бамаслаҳат менга ёрдам берган бўлса ҳам ажаб эмас. Ҳартугул, иккови ҳам қандай ҳаёт кечираётганимни яхши билишарди.
Ўша пайтларда Иброҳим Ғафуровнинг тавсиясига кўра Маданият ишлари вазири Ўлмас Умарбеков менга ажратиб берган Хадрадаги оилавий ётоқхонада истиқомат қилардим.
Каталакдек битта хона – бўйи уч метр, эни икки ярим метр бўлса керак; ёнимда “Ҳамза” театрининг актёри Муҳаммадали Абдуқундузов (кейинчалик Бобир ролини қойиллатиб ижро этган истеъдодли санъаткор) оиласи билан яшарди.
Муқимий театри актёри Насриддин ҳам оиласи Гулнора билан ( кейинчалик уларнинг қизлари Дилдора телевидениянинг машҳур дикторларидан бирига айланди) бизга қўшни эди.
Тўртта оилага битта ҳожатхона, битта ванна, ошхона умумий…
Ҳамма нарса учун қаторлашиб навбат кутиш зарурлиги ўз-ўзидан тушинарли.
Бизнинг аҳволимиз ҳам машҳур ёзувчи Гарсиа Маркес “Ёлғизликнинг юз йили” романида мароқ билан тасвирлаган кулгили ва ачинарли навбат кутиш машмашаларидан қолишмасди…
4.
Карим Баҳриев ҳам рўпарамизда яшар, лекин у ҳали уйланмаганди.
Қулмон Очилов билан Абдимўмин Тиловов каби ном қозониб келаётган журналистлар ҳам бизга ўхшаб ўша ётоқхонада яшардилар.
Том маънодаги каталакдек хонада беш жон яшаши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Боз устига, мана шу хонада бурчакка қараб ўтириб мақола ёзишим – ижод қилишим лозим эди…
Бир куни ана шу ғаройиб ётоқхонамиз тўс-тўполон бўлиб кетди.
Одамлар йўлакдан у ёқдан-бу ёққа югуриб қолишди, ғўнғир-ғўнғир товушлар эшитилди.
Кутилмаганда тўққизинчи қаватдаги “хонадон”имизга Мавлон Умурзоқов ташриф буюрди.
Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси ташриф буюргач, албатта, уни муносиб кутиб олиш лозим.
Биз шошиб қолдик.
Хонтахта, бешик хонанинг ўртасида, икки четда каровотлар қаторлашиб турибди.
Келинингиз бўлса, меҳмонни қаерга ўтқазишни билмайди.
Ҳажми икки яриму уч метрдан иборат хонада меҳмон кутиш мумкинми?
Йўли топилди: тахмоннинг орасига бир донагина “Андропов” ароғини яшириб қўйган эканман, дарҳол хонтахтага қўйдим.
Мавлон акани кўрпачага омонатгина ўтқазиб, ўзим косагуллик қилдим. Икки пиёладан ароқ ичилди.
— Бўпти, Исматжон, мен кетдим, – деб Мавлон ака ўрнидан турди.
Коридорда аллақачон қаердандир етиб келган ётоқхона директори Тўлқин ака ҳам гуноҳкордек бош экканча у кишини кутиб турарди.
Ажаб, Мавлон аканинг ёрдамчиси Исмоил Шодмонқулов ҳам шу ерда экан.
Мен Мавлон акани улар билан биргаликда пастгача кузатиб тушдим…
5.
Қизиқ, ўша куни Мавлон ака бизникига нима мақсадда келганини айтмади. Мен ҳарон бўлдим. Чунки олдиндан огоҳлантирмаган эди.
Эртаси куни ҳаммаси маълум бўлди. Чамамда, Мавлон акани Ислом ака юборган эди: “Бориб,ётоқхонасини кўриб келгин”, деган, шекилии…
6.
Ўша куни Вазирлар Маҳкамасининг хўжалик бўлимига тегишли машиналар карвони уч-тўрт нафар ишчилар билан ётоқхонамизнинг ёнига келиб тўхтайди.
Юкларимизнинг бир қисми хонамизда бўлса, қолган қисми умумий омборхонада эди.
Кўч-кўронимизни ўша машиналарга ортиб, Жуковский кўчасидаги Вазирлар Маҳкамасининг мўҳташам меҳмонхонасига кўчириб кетдилар.
Меҳмонхонанинг ёнида мусиқа мактаби бор эди, чорраҳага етмасдан, шундоқ йўл бўйида, кўчанинг чап томонида жойлашган эди.
Ҳеч қандай белги қўйилмаган ҳукуматга тегишли ўша меҳмонхона ҳозир ҳам бор. Унда асосан хориждан келган расмий меҳмонлар яшарди…
7.
Бу пайтга келиб Ислом аканинг ташаббуси билан вилоятлардаги истиқболи порлоқ, истеъдодли кадрлар Тошкентга ишга таклиф этилади.
Улар депутатлар билан биргаликда маълум муддат ўша биз кўчиб ўтган Министрлар Совети (СовМин) меҳмонхонасида яшайдилар.
Масалан, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидан Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланган Жаҳонгир Маматов ҳам шу ерда яшарди.
Самарқандлик яна бир депутат – Эркин Хўжаев ҳам биз билан бирга эди.
У киши Олий Кенгашда Иқтисодий Қўмитанинг раиси бўлади. Кейинчалик эса мустақил Ўзбекистоннинг Эрон Ислом республикасидаги вафқулодда ва мухтор мухтор элчиси этиб тайинланади.
Абдурауфиқ Аҳадов ҳам Ўзбекистон “Агробанк”ининг раиси эди, сўнг Олий Мажлисда иқтисодий қўмитанинг раиси бўлди. Кейинчалик маълум муддат Марказий Сайлов Комисссиясини ҳам бошқарди.
У киши мен билан қарама-қарши хонада турарди.
Абдурафиқ Ахадов Ислом акадек кескин ва оташқалб, содда ва самимий одам эди. Президент билан олдиндан таниш шекилли, Ислом ака Госпланда ишлаганда яшаган Максим Горький метроси атрофидаги уйларига кейинчалик Абдурафиқ ака кўчиб ўтган эдилар.
Ислом Ҳайдаров эса Самарқанднинг қайсидир бир районида прокурор эди, лекин Олий Мажлис депутати этиб сайлангач, ҳуқуқ-тартибот қўмитасига ишга ўтиб, Тошкентга келади.
Фарғоналик Алишер Отабев – қайсидир бир вазирликда ишларди. Биз бу дилбар ва ниҳоятда камтар инсон билан ҳам қадрдон ака-ука бўлиб қолган эдик. Кейинчалик Алишер ака аввал Фарғона шаҳрига, сўнг эса Фарғона вилоятига ҳоким бўлиб кетади…
Ёзувчи Эркин Аъзамовнинг Сурхондарёдан Олий Кенгаш депутати этиб сайланган укаси Фарҳод Аъзамов ҳам биз билан бир муддат ана шу меҳмонхонада умгузаронлик қилган.
Кейинчалик, йиллар ўтгач, Фарҳод Термиздаги йирик кўз клиникаларидан бирга раҳбар бўлиб кетганини эшитдим…
8.
Хуллас, оила аъзоларимиз билан Вазирлар маҳкамасининг меҳмонхонасида яшай бошладик. Ростини айтсам, имтиёз деганлари шунчалик бўлса керак.
Ўшанда менинг кўк “Москвич”им бор эди – “78-87 КФИ”. “94-40” рақамли эски “Москвич”имни сотиб, ўрнига шуни олгандим.
Ўша жойда машиналар турадиган “стоянка” бор эди. Машинам ҳам ўша жойда турарди.
Ўзимни эса хизмат машинаси олиб юрарди.
Меҳмонхонани милиция ходимлари қўриқлашарди.
Меҳмонхона ҳовлисига киришимизда ҳам, чиқишимизда ҳам улар бизга “честь” бериб туришарди…
Ўша меҳмонхонага бир борсангиз кўрасиз – ҳар бир оила учун икки ё уч хонали уй: ечинадиган хонаси алоҳида, душ, ваннаси билан ҳожатхонасининг ўзи росмана уйдек келади.
Телевизор, музлатгич ва қимматбаҳо хориж мебеллари муҳайё.
Энди Хадрадаги оилавий ётоқхонани кўринг-у, бу меҳмонхонани кўринг! Уларнинг орасида ер билан осмонча фарқ бор эди.
Меҳмонхонанинг биринчи қаватида кенг, ёруғ ва шинамгина ошхонаси ҳам бўларди.
Шуниси қизиқки, Вазирлар Маҳкамасининг бу ошхонаси ресторанлардан ҳам тўкин, мўл ва шоҳона эди.
Бечора ошпазлар тонгда келиб, фақат менинг болаларим учунгина сутли таомлар ва “манний каша”лар пишириб беришарди. Чунки бу ерда биздан бошқа ҳеч ким болалар учун овқатга буюртма бермасди.
Аниқроғи, бутун бир оиласи ва ёш болалари билан фақат мен бу меҳмонхонага кўчиб ўтган эдим.
Депутатлар ҳам, вазирликда ишлайдиган бошқа ўртоқлар ҳам меҳмонхонада ёлғиз ўзлари турар, дам олиш кунларигина қишлоққа бориб, болаларини кўриб қайтишарди.
Хуллас ошхона хизматлари учун ҳам, меҳмонхона учун ҳам арзимас ҳақ тўлардик. Ҳатто қанча тўлаганимизни ҳам ҳозир эслолмайман.
Демак, эсда қоладиган даражади пул тўламасдим.
Назаримда, менинг сарф-харажатларимни ҳам Вазирлар Маҳкамаси (Министрлар Совети) ўз зиммасига олган эди, шекилли.
Бу — Ислом Каримов билан Шукрилла Мирсаидовларнинг менга кўрсатган оталарча ғамхўрлиги эди…
9.
Бора бора бу меҳмонхонада оилам билан битта ўзим қолиб кетдим.
Олти ойдан сўнг бир киши, бир йилдан сўнг бошқа киши, ҳаммаси – Жаҳонгир Маматов ҳам, бошқалар ҳам Тошкентнинг энг шинам жойларидан уй олиб, кўчиб кетишди.
Мен шошмадим. Менга кўп жойларни кўрсатишди, бир неча квартираларни таклиф қилишди. Лекин, мен шошмадим.
Меҳмонхонада бассейн ва сауна бор эди.
Бу ерда одам у қадар гавжум бўлмасди. Фақат ҳукумат таклифига кўра бошқа республика ва ё чет эллардан келган меҳмонларгина бу ерда яшарди.
Сауна керак бўлса, бир кун олдин буюртма бериларди.
Официант қизлар аравачаларни тўлдиришиб, нимани буюртма берсангиз, ҳаммасини муҳайё қилиб, саунанинг дам олиш хонасига киритиб беришарди.
Депутатлар билан ҳафтада бир маротаба саунада ўтиришимиз бор эди.
Депутатлар яшашни билишарди. Чамаси саккиз-ўн киши навбати билан сауна қилардик.
Қизиқ, сауна навбати келишидан кўпроқ чўчийдиган одам мен эдим. Менга кўпинча Абдурафиқ Аҳадов ёрдам берарди, зиёфатнинг майда-чуйдаларини, хусусан, ичимлигини кўтарарди.
Баъзан Эркин Хўжаев ҳам қарашиб юборарди.
У кишига ҳам, Жаҳонгир ва Абдурауф акаларга ҳам Самарқанддан кўп нарсалар келарди – қўй, тандир гўшти, барра дегандек.
Мен ойликка яшардим, тўкин-сочин дастурхон тузашга қурбим етмасди.
Биласиз, қалам ҳақига шоҳона зиёфат уюштириб бўлмасди. Буни депутат қўшниларим ҳам биларди, шекилли, менинг галим келганида улар баҳоли қудрат ёрдам беришарди.
Сауна олти-саккиз соат давомида бизнинг ихтиёримизда бўларди. Унинг ёнида кўм-кўк, зилол сувли бассейн ҳам бор эди.
Менинг болаларим биринчи маротаба ана шу бассейнда сузишни ўрганишган, ўзим ҳам аслида худди шу ерда дурустроқ сузадиган бўлганман…
10.
СовМиннинг дачасидаги ўша зилол сувли бассейн — ўша имтиёз ва комфорт кейинчалик мени катта сиёсат уммонига етаклаган бўлса ажаб эмас…
Шу тариқа ҳукумат имтиёзларидан бекаму – кўст фойдалана бошладим.
Мен ана шу меҳмонхонага кўчиб ўтганимдан сўнггина, раҳбарлар нима учун ўз мансабларини бу қадар қаттиқ яхши кўришларини, ўз лавозимларига нима учун бу қадар маҳкам ёпишиб олишлари сабабини англай бошладим…
Маълумки, Ўзбекистон ҳукуматидаги амалдорлар Президентга яқинлиги ва эгаллаб турган лавозими бўйича ҳукумат имтиёзларидан фойдаланишади.
Кабинет, котиба, ҳайдовчилардан ташқари уларга давлат ҳисобидан дача ва дала ҳовлилари ҳам берилади.
Уларнинг аксарияти лавозимига қараб ҳукумат дачаларида ҳам яшаши мумкин.
Масалан мен ўтган бобларда Президентнинг Герман Лопатин кўчасидаги ёзги дачасида вилоят ҳокимлари учун белгилаб қўйилган люкс хоналар борлигини, ҳар йили вилоят бюджетидан бу хоналар учун пул ўтиб туришини айтган эдим…
Студентлик йилларимда синфдошим Нуриддин Бухоро обкомининг биринчи секретари Абдувоҳид Каримовнинг қизи Гулнорага уйланганида тўйга борган синфдош қизларимиздан биринчи маротаба Бухородаги машҳур “Қизил дача” ҳақидаги ғаройиб афсоналарни эшитган эдим.
Шу шу раҳбар бўлиш орзуси кўнгилда янада мустаҳкамланган бўлса ажаб эмас. Одам бир нарсага қаттиқ киришса, астойдил интилса, унга албатта эришиши мумкин.
Кейинчалик ўзимга ҳам эгаллаб турган лавозимим ва жамиятда тутган мавқеим нуқтаи назаридан ҳукуматнинг бундай дачаларида яшаш насиб этди…
11.
Бир куни Китобдан Тошкентга – врачларнинг малака ошириш курсига ўқишга келган худо раҳмат қилгур Неъмат акам уч-тўрт ўртоқлари билан саунамизда дам олиб, меҳмон бўлиб кетган эди.
Ўшанда акамнинг ҳам, ҳамкасб дўстларининг ҳам менга қилган ҳавасларини бир кўрсангиз эди.
Албатта, ётоқхонада яшаб юрган биздек одамларга шундай жойни бериб қўйган инсонларга минг раҳмат!
Журналистларга, қалам аҳлига бундай шароит яратилишини жуда тўғри деб биламан.
Бой-бадавлат амалдорлардан кўра, менга ўхшаган фақир журналистларнинг ўша жойда яшагани минг марта яхши эди.
Биз бу имтиёзни қай даражада қадрладик, қай даражада англаб етдик – бу энди бошқа масала…
12.
Хуллас, бу меҳмонхонада икки йилча яшадик. Ҳамма уй-жой олиб чиқиб кетди.
Менга ҳам баъзи бир квартираларни таклиф қилишди.
Охири, собиқ Герман Лопатин кўчасидан уй олганман.
Театр ва рассомчилик институтига, Президентнинг ёзги қароргоҳига бораверишда, ҳукуматнинг “Шелковичная” (ҳозирги “Туркистон”) меҳмонхонасига яқин жойда.
“Косманавтлар проспекти” метросидан чиқиб, Ички ишлар вазирлигини айланиб ўтсангиз, Юнус Ражабий кўчасининг шундоққина ўнг томонида Марказқўм ходимлари учун пишиқ ғиштдан қурилган қатор қатор шинам уйлар бор.
У пайтларда Марказқўм ҳали мавжуд бўлиб, Мавлон Умрзоқов у ерда иш бошқарувчиси (Управделами) эди.
Мавлон акадан, Зелемхон Ҳайдаровдан Марказқўм ходимларига атаб қурилган квартиралардан бири бўшаганини эшитдим.
— Шу уйни сиз олсангиз яхши бўларди, – дейишди улар. – СовМиннинг дачасида анча қолиб кетдингиз…
Марказқўмнинг иккинчи котиби Анатолий Ефимов ўша квартирани битта ўрис аёлга бериш тўғрисида оғзаки фармон берган экан. Ефимовнинг ёрдамчиси Ҳакимжон Ҳамидов ҳам менга хайрихоҳ эди.
Агар эсингизда бўлса, у киши мени бир пайтлар Нурали Қобулнинг тавсияси билан Қашқадарё область комсомол қўмитасига ишга йўллаган эди.
Хуллас, Мавлон ака билан Зелемхон аканинг катта хизматларини тан олиб айтишим керакки, улар менинг илтимосимни Президентга етказадилар.
— Уйи йўқ бўлса, Исматга беринглар! – дейди Ислом ака.
Хуллас, Ислом Абдуғаниевичнинг шахсан розилиги билан ўша уйни бепул олганман.
Аввал уйни бир оз ремонт қилиб, сўнг кўчиб ўтганман. Биринчи қаватда жойлашган уч хоналик, катта катта шинамгина квартира.
Бу менга Президент томонидан кўрсатилган жуда катта марҳамат эди…
(давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ