Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (19)
Тошкентдан Қарноққа мактуб
Марям, ақллим!
Саломатлигингиз яхшими? Опай[1] кутиб олишга чиқдими? Қишлоққа бордим, деб қозон-ўчоққа ўралашиб қолманг. Аёлларнинг кечки ғийбатида вақт ўтказмай, китоб мутолаа қилишни унутманг.
Мен бугун Ю.Казаков[2]нинг «Мовий ва яшил» деган ҳикоялар тўпламини ўқидим. Яхши ёзувчи. Табиатни, одамларнинг руҳини жуда нозик ҳис этади, нафис тасвирлайди. Энг яхши ҳикояси «Мовий ва яшил» … тўғрисида бирозгина айтиб ўтай. Бу асар маъюс ва илиқ нурларга йўғрилган. Кишининг дилини ёритади, маъюс ва нафис туйғулар уйғотади. Шуниси қизиқки, тўпламда «ҳақиқат» жиҳатидан ундан ҳам зўр ҳаётни шундайлигича тасвирлаб беришга ҳаракат қилган ҳикоялар бўлгани ҳолда, бу ҳикоя кишига кўпроқ ёқади, кўпроқ ўйлатади.
Шу жиҳатдан мен беихтиёр роман[3]га назар ташладим.
Билишимча, биринчи икки бети хийла қуруқ чиққан, унга нафис, лирик туйғулар, гўзаллик, нафосат етишмайди. Умуман, сўнгги пайтларда «секримент»дан қочаман, деб илгариги лирикадан одамлар дилини энг соф, мусаффо томонларини очиб бериш имкониятларидан кам фойдаланаяпман шекилли.
Ю.Казаковни ўқирканман, ёзувчи учун тиниқ, соф ўхшатишлардан фойдаланиш нақадар муҳим эканини яна бир бор сездим. Яхши асар – чашмадай гап. У фақат чанқоқни қондирибгина қолмай, кишига куч беради, белига қувват киритади…
Мар, келишингиз билан қўлингизга шу романни олинг, ўқисангиз, мазза қиласиз.
Соғиниб, кутиб қолувчи ўзингизнинг
Одилингиз.
12 июль, 1964 йил.
69
Тошкентдан Туркистонга мактуб
Азизам.
Яхши етиб борганларинг тўғрисидаги хатни олиб хурсанд бўлдим. Китоб ўқишга ҳам ваъда берибсиз, хурсандман, хоним. Ёзаётган романим ҳақида айрим фикрларни ўртоқлашаман. Ахир, сиз зўр маслаҳатгўйимсиз-ку.
Эндиги боб[4] колхоздаги умумий ҳол. Ўша даврни белгиловчи икки нарса: ҳамманинг диққат-эътибори, қалби, фикри фронтда гўё, усиз турмуш йўқдай, айни замонда ҳаёт, тирикчилик ўз талабини қўяди, ўз ҳукмини ўтказади: ўлим, севги, кундалик тирикчилик худди бурунгидай давом этади.
Сизлар Туркистонга кетгач, Дўрмон[5]га бордим. Сиз ҳеч қачон азим чинорларнинг шовуллашини эшитганмисиз? Улар шундай вазмин чайқалиб, шундай шовуллайдики, худди денгиз чайқалаётгандай туюлади, худди дарё шовуллаётганга ўхшаб эшитилади қулоққа. Булутнинг орасига кириб қўрғошиндай эриган қуёш худди афсонавий тимсоҳ ютаёган кунни эслатади. Бир тўп алп чинор қоронғида катта қоядай қорайиб кўринади. Ботаётган қуёш шуълалари чинорларнинг ёшроқ япроқлари орасига тиғдай сингиб, ичидан ёритган-у, гўё тилларанг ипакка чулғангандай нурга чулғанган.
Кеча. Литфонд[6] боғи. Дарахтлар тик тепага келган ой нурида қорайиб кўринади. Боғ шамолда секин шовуллайди, … чигирткалар тинимсиз чийиллайди, зувуллайди. Олисда эшак ҳанграйди. Девор атрофидаги сарвқомат тераклар эски қалъанинг баланд минораларидай ёлғиз ва улуғвор кўринади, дилингизда ёруғ, ширин туйғулар уйғотади, асабларингизни эркалайди. Ойдин кеча, сирли шовуллаган катта боғ. Нақадар дилга яқин, оромбахш, сокин манзара!… Мен бу манзараларни сизга ёзишимдан мақсад кейинги асарларимда фойдаланиш учун бу чизгиларни сақлаб қолмоқчиман. Майли, яна бошингизни қотирдим. Тинч, дам олинг, ҳордиқ чиқаринг. Ҳаммага салом,
Одил.
16 июль, 1964 йил.
1965
70
Москвадан Тошкентга
мактуб
Салом, Марям.
Болалар ташвишидан чарчамадингизми? Қисса[7]ни машинисткадан олдингизми? Кечаси бироз бўш вақтингизда ўқиб, тўғирлаб қўярсиз, девдим, улгурдингизми? Хатингизда бу ҳақда ҳеч нарса демабсиз. Бундан ташқари, менинг руҳимни эркаловчи сўзлар ҳам йўқ. Худди бегонага ёзгандек шошиб ва эътиборсизлик билан ёзибсиз. Хоним, узоқда[8] бўлсам, яхши гапларга зорман, ахир! Бу дунёда эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббатдан бошқа нарса бекор экан. Умримнинг айрим қисмини сиздан узоқда ўтказишга тўғри келаётганини қаранг. Ҳеч бўлмаса, ярим дийдор[9]дан унумли фойдаланайлик, эркам!
Энди ижодий жараён ҳақида. Жа зўр ва ажойиб асар[10] ёздим. Қойил қилиб қўйдим, деган хом хаёлларнинг ҳаммасини калладан чиқариб ташлаш керак. Бир ой кўпирдим. Ҳовлиқдим, бас! Энди бу кўпиклар пуфак экани маълум бўлиб қолди. Романнинг номидан тортиб, кўп боблари хом эканлиги, қуруқ баён жойлари тўлиб-тошиб ётгани энди аён ўзимга. Умуман, романни роман қиладиган қандайдир бир нарса етишмаяпганга ўхшайди. Буни топиш ва қаттиқ меҳнат қилиб, романни роман даражасига кўтариш қолди (арзимаган иш!). Бунинг учун сиз жуда зарурсиз.
Соғиндим, соғиндим. Кўзларингиздан ўпаман.
Ўзингизнинг Одилингиз.
22 май, 1965 йил.
1966
71
[1]1 Опай – Одил Ёқубовнинг опаси Зуҳра опа назарда тутилган.
[2]2 Ю.Казаков – Юрий Казаков – рус ёзувчиси.
[3] «Эр бошига иш тушса» романи ҳақида гапирилган.
[4] «Эр бошига иш тушса» романининг боби ҳақида гапирилган.
[5] Дўрмон – Қибрай тумани Дўрмон қишлоғи ҳудудида жойлашган Ёзувчилар боғи.
[6] Литфонд боғи – Адабиёт жамғармаси қошидаги юқорида айтилган боғ назарда тутилган.
[7] Қисса – «Матлуба» қиссаси назарда тутилган.
[8] Узоқда – Москва остонасидаги Переделкино ижод уйи назарда тутилган.
[9] Ярим дийдор – мактуб назарда тутилган.