Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..” (11)
XI.
Ҳаёт йўл бермаса, мутафаккир шеърни санъатга айлантиради. Саҳнада фикрлар рамз яратади. Ва яна, яхлит бир тугал хулоса беради.
Рауф Парфининг кўп асарлари шундай.
“Сиёвуш” таҳлилида биз қилич яланғочлаб Раҳимбийни ёки замонни таъқиб этамиз. Аслида, шеър у ҳақда эмас, оламларни яратган Зот билан оламлар ўртасида туриб, дунёнинг ишини бузган ва яхшиларнинг уйини куйдирган ёвуз куч ҳақида. Замон шу ўрама инъикоси, холос. Раҳимбийлар ҳам…
Ва Рауф Парфи шу ҳақиқат мезонида баҳс этади.
Сўзларим зулмга отилган ўқдир!
Унинг чақмоқдай бир шеъри бор, “Ваҳший дунё…” деган. Унда шоирнинг ички туғёни вулқондай портлаган.
Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди Коинот.
Набийлар, расуллар, шоирлар турди:
– Чора, чора! – дея сўради нажот.
Бу, чегара билмас фикр. Шоир, эшитмаган қулоққа ғалати туюлса-да, Одам авлодига Нажот ва Ҳурлик тилаётир.
У қандай неъмат?
Қандай тушунмоқ керак, ҳурликни?
Биз рус истилосини бошдан кечирдик. Унинг зулми қон қилди, деймиз. Хўш, бундай зулмни четлаб ўтган эл-юртда инсон эркин ва ҳурми? Олайлик, Испанияда. Бугун бу заминда қарама-қаршилик ва ўзаро ихтилоф касалнинг иситмаси каби силқиб юзага чиқаётир. “Евроньюс” ҳар икки ёшнинг бири ишсиз, дейди. Яна солиқ юки ошмоқда.
Қатъий иқтисодий сиёсат.
Ва одамлар норози. Улар гурас-гурас кўчага чиқмоқда, хоҳиш-иродасини баён этмоқда. Давлат уни амалга оширишга ожиз. Шунинг учун ўзини ҳимоя қилмоқда, полицияни ишга солмоқда!
Ва яна, билганидан қолмаётир…
Биз, инсон ҳақ-ҳуқуқи давлат манфаатидан устун деган Испания ҳақида баҳс этаяпмиз. Ҳозир аксарият давлатда шундай ҳол ҳукм сураётир.
Ҳолбуки, давлат мутаносиблик манбаи бўлиши зарур. У халқ ҳисобидан яшайди. Вазифаси – умумнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётни изчил яхшиликка буриш. Кўп жойда шунинг зидди ҳукм суради. Катта ҳаёт оқими унга тус бериб ўтади. Ҳокимият кимнинг измида бўлса, ўша ҳақ бўлиб чиқади. Аммо, бугун Европани бўҳрон ларзага солмоқда. Бу, ўша риё кучдан қолди, демак.
Ачинарлиси, ҳамон намойишчилар ўз йўли билан, давлат ўз йўли билан одимламоқда.
Хўш, нега?
Чунки давлат муайян куч қўлида. Ва уни ёқлаб, иш кўради.
Ўша куч ўша риёга ишонади. Ва ўзидан бошқани ўйламайди. Гап – бошқа, иш – бошқа. Бу, ўша, собиқ иттифоқда ҳукм сурган ҳол. Мазмун – бир, шакл ўзгача…
Қандай қилиб, шундай вазиятда инсон эркин бўлиши мумкин?
Пушкин ўзига қўл билан тиклаб бўлмас ҳайкал қўйганини, узоқ вақт халқ меҳрига мушарраф бўлишини айтади. Ва буни шундай изоҳлайди:
Шу ёвуз замонамда куйладим эркни мақтаб,
Хор-зорларга ачинмоққа чақирдим.
Биласиз, Пушкин замонида Россия ҳеч кимга қарам бўлмаган. Аксинча, босқинчилик сиёсати юритган.
Бунинг маъноси шу.
Шунинг учун қадим Римда: – Қонун – ягона Тангри, ҳамма бирдай унга сиғиниши лозим, эркинлик манбаи шу, деб келинган…
Қонхўр дунё шундай қутурдики, набийлар, расуллар, шоирлар оёққа турди ва: – Чора, чора! – дея Яратгандан нажот сўради, – дейди Парфи. Ва бу ҳол бир тарихни ёдга солади.
680 йил Язид тахтга ўтиргач, салтанат баҳона, ризқ учун Карбало саҳросида Имом Ҳусайнни қамал қилади. Ва уни, унинг қаноти остида бўлган Муҳаммад алайҳиссалом оила ичини тугал қиличдан ўтказади. Биргина гўдак омон қолади, холос. Шундан сўнг у қутуриб, қирқ кун базм-тантана қилади. Қирқинчи кун: “Муни яхши қилдимму, явузму қилдим, билайин”, теб Мусҳаф олди. Фол очти эрса, бу оят чиқти”:[1] “(Сўнгра расуллар Яратгандан) мадад тилади, оқибат саркаш ва золим кимсалар ноумид бўлди”.
Язид уч қайта фол очади, уч қайта шу оят чиқади. У Ҳаққа исён қилиб, бўкиб ичади. Қўққисдан ичбуруқ тутади ва ўзини ўша жойга уради, шунда оёғи тойиб беихтиёр тубанга қулайди.
Нажосатга ботиб ўлади, у!
Нега айнан шу оят чиқди, унга?
Унинг золимлиги мисли кўрилмаган жаҳолат чўққиси. Ва бу оятнинг нозил бўлиши ҳам шунга ўхшаш тарих.
Биласиз, Расули акрам оламларни яратган Зотнинг раҳматини етказган, одамларга. Уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлган, ёвлик-ёвузлик қилган, ўлдирмоқ истаган оз эмас. Расули акрам беҳад эзилган дамларда Улуғ Мавло ўтган ва хўрланган набийлар, улар юрагидан ўтказган жабр-ситамни баён этган. Унга тасалли берган. Қуръони Каримнинг Ўн тўртинчи сураси шу руҳда. У Мусо алайҳиссаломга қавми етказган озор ва уқубат ҳақида. Ҳолбуки, шу одамларни у Фиръавн зулмидан халос этган. Узликсиз яхшилик қилган. Сурада Нуҳ, Од ва Самуд қавмлари ҳам эсга олинади. Уларнинг қабоҳати Элчиларни ўтда ёққач, барчаси бир бўлиб, Ҳақдан нажот сўрагани айтилади. Ва шунга жавобан ўша оят нозил бўлади. “(Сўнгра расуллар Яратгандан) мадад тилади, оқибат саркаш ва золим кимсалар ноумид бўлди” (14:15).
Сир эмас, бу қавмлар балога учраган. Аммо, кураш охирига етган эмас.
Рауф Парфи чизган ҳолат янада кескин. Унда набийлар, расуллар қатори шоирлар ҳам оёққа турган. Ва: – Чора, чора! – дея Нажот сўраётир. Демак, зиддият сўнгги босқичга чиқди. Ҳал қилувчи вақт етди.
Биз буни, Эзгулик ва Ёвузлик ўртасидаги кураш деймиз. Табиийки, шоирни ёқлаймиз.
Чунки, у Аслликка ундаётир!
Рауф Парфи, ҳар қанча талофот берса-да, Ҳақ йўлида собит бўлган салафлари каби:
Бир жаҳон қуёшга чулғаниб келур!.. – дейди ишонч билан. Ва у айтгандай бўлади…