Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (17)
Еревандан Тошкентга мактуб
Салом, хоним.
Уйлар тинчми? Болалар қийнамаяптими, чарчамадингизми?
Ўзбек ижодкорларини арманлар жуда яхши кутиб олишди. Ҳамма адабий кечалар жуда мароқли ўтди. Кеча Ереван университетида учрашув бўлди. Учрашувда шунча кулгули ҳодисалар бўлдики, аудитория тўла студентлар ўтиришига қарамай, ўзимни кулгидан тўхтата олмадим. Бунинг устига Саид Аҳмад[1], Пиримқул учаловимиз бир жойга ўтириб қолгандик, бир-биримизга гап ташлаб баттар бўлдик. Аммо кулмасдан илож борми? Пиримқулни драматург деди, мен эса тўсатдан шоирга айланиб қолдим.
Жуда кеч бўлиб кетди. Хатимни тугатаман. Соғ бўлинглар. Ҳаволар совуб қолгандир. Болаларни эҳтиёт қилинг.
Сизларни соғиниб,
Одил.
24 октябрь, 1962 йил.
Москвадан Тошкентга мактуб
Мар, азизам.
Саломатмисизлар? Пиримқулдан бериб юборган омонатимни олдингизми? Рўзғорга яратарсиз. Кампир Тошкентда зерикиб қолмадими? Қишлоққа кетаман деб хархаша қилмаяптими? Опай, Холдор тез-тез хабар олишаяптими? Иккала хатингизни ҳам олдим. Бироз тобим йўқ, дебсиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ҳаво анча совуқ шекилли. Радиодан эшитиб, хавотир оляпман. Шулар ҳақида албатта ёзинг. Боғ[2]да ижод оламига шўнғидим. Ҳозиргача бадиий адабиёт нималигини яхши тушуниб етмасдан туриб ёзаверганман. Бу ёлғиз мен эмас, кўпчилик ёш авлодларга тааллуқли бир касалга ўхшайди, назаримда. Биз ҳаётда учраб турадиган ҳодиса ва воқеаларнинг чуқур фалсафий моҳиятига тушунмасдан, зотан, тушунишга, уларни идрок этишга уринмасдан тахминий ёзаверганмиз. Кўп асарларимизнинг юзаки чиқиши шундан. Кейинги асарларимда шуларга алоҳида эътибор қаратишим керак.
Хат ёзинг. Барча нарсадан мени хабардор этинг.
Соғ бўлинглар. Соғиниб,
(имзо)
26 январь, 1963 йил.
64
Тошкентдан Қарноққа
мактуб
Мар, севгилим.
Кайфиятим аъло. Олдинги хатимни ёзганимга икки кун бўлмасдан яна ёзгим келди.
Бугун «Назарбек»[3]совхозида «Муқаддас» бўйича учрашув бўлди. Ажойиб, содда, дилкаш одамлар. Мен соддалик деганимда русча «наивний» тушунчасини назарда тутаяпман. Улар тўлқинланиб «Муқаддас» ҳақида фикр билдиришди. Менинг тилимдан эса одатдагидай доклад сўзлари чиқди. Бу докладдан, унинг шаблонлигидан кулиш мумкин. Лекин бу бюрократлик, расмиятчиликка ўрганган одамларнинг доклади эмас.
Ҳаяжонданми ё қўрқувданми (гарчанд мақталаётган бўлсам ҳам) миямга бир фикр келмади. «Халқ тўлқиндир»[4] деган нарсани яна бир карра ҳис қилдим.
Хайр, соғ бўлинглар,
Одил.
22 март, 1963 йил.
65
Москвадан Қарноққа мактуб
[1] Саид Аҳмад – Ўзбекистон халқ ёзувчиси.
[2] Боғ – Москва остонасидаги Переделкино ижод уйи.
[3] «Назарбек» – Тошкент шаҳри чеккасидаги даҳа.