"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (16)

Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари..., Ўтганлар ёди | 06/12/2013 18:12-     11044 марта ўқилди

 Одил ака хотини билан

Тошкентдан Туркистонга мактуб

Мар, оппоғим.

Бугун пьеса[1]ни битириб, соғ-саломат топшириб, соғ-саломат қутулиб олдим деганимга деярли бир ой бўлди. Лекин ҳамон қутулолмайман. Пьеса деган нарса худди қўлга ёпишган бўёққа ўхшар, ундан «қутулиш» қийин экан. Ҳамон режиссёр билан ишлаяпмиз. Биттасидан қутулсанг, иккинчисига тутиласан. Ҳар бир режиссёр янги бир фикр айтишни, янги талаб қўйишни ўзининг энг олий бурчи деб ҳисоблайди. Бу талабини адо этмасанг, хафа бўлади, «Автор ҳамкорликдан юз ўгираяпти», деган гап тарқатади ва, ниҳоят, саҳналаштиришдан воз кечади.

Даҳшат. Янги режа, янги ижодий планлар  – ҳаммаси худди балчиққа тиқилиб қолган аравадек тўхтаб қолди. Хўп. Қисқача ахборотимни тугатай. Опайга, ҳаммага салом айтинг. Ўпиб қолдим,

Одил.

20 октябрь, 1960 йил.

1961

 

58

 

Москвадан Тошкентга

мактуб

Ақллим!

Кеча кечаси А.[2] аканинг «Қўшчинор…»ини қўлга олиб варақлай бошладим. Аввалбошда шунчаки бир кўриб қўяй деган ниятда қўлга олдим-у, кейин қандай қилиб киришиб кетганимни билмай қолдим. Тили нақадар бой, нақадар содда ва равон бу китобнинг! Мен одатда ўз асарларимда ҳал этдим, ҳис қилдим каби ибораларнинг кўпайиб кетганига ақлим етиб турганда ҳам бошқача ёзишни билмаганим учун ўз ҳолича қолдириб кетардим. Ҳолбуки, А. акада бундай ибора бир марта ҳам учрамайди. Қаҳрамоннинг ички дунёсини тасвирлашда у бошқа ибора, бошқа сўзларни қайдан топади?

Мен биринчи ўқишдаёқ ўз лексикамда бўлмаган (ажабо!) ўнларча янги ибора ва сўзларни ёдимда сақлаб қолдим (таъби очилиб кетди, рўйхушлик бермади, пешонанг очилсин, болам, ичлари ачишгандан, кун оғди).

Бу ибораларни келгуси асарларимда қўлларман балки. Адабиёт бир умр ўқиш, ўрганиш дегани рост экан. Сизга ҳам кўпроқ ўқишни тавсия қиламан. Менинг биринчи танқидчим мендан билимлироқ бўлгани яхши.

Сизларни жуда соғиндим. Ўзингизни, болаларни эҳтиёт қилинг.

Одилингиз.

3 январь, 1961 йил.

 

59

 

Тошкентдан Қарноққа мактуб

Мар, жоним.

Шу кунларда ёнимда йўқлигингиз жуда билинаяпти. Ёлғизлик қийнаяпти. Биласизми, ёзувчи бир асар устида қайта-қайта ишлайверса, тўғрироғи, бошқаларнинг талаби билан ўзгартираверса, ахир, бир кун бу асар унга шундай совуқ кўриниб кетар эканки, ҳатто унинг номининг ўзиёқ кўнглини айнитиб, қулоғига жуда хунук эшитилар экан кишининг. Шу кунларда пьеса[3] менга худди шундай бемаъни бир нарса бўлиб кўринаяптики, ҳолбуки, биринчи ўқиш пайтларимда йиғлагим келарди… Сизга ҳам маъқул келганди. Энди эса…

Майли, булар менинг кечинмаларим. Ўзингиз чарчамаяпсизми? Кампир бақувватми? Тузук бўлиб қолдими? Ёзувчилик шунақа инжиқ касб экан. Қаранг, онамни кўргани ҳам боролмаяпман. Сиз кампирга яхшилаб қаранг. Ҳаммага салом айтинг.

Оппоқ юзингиздан ўпиб қоламан,

Одилингиз.

28 ноябрь, 1961 йил.

 

1962

Тошкентдан Қарноққа

мактуб

Салом жаноби олийлари!

Бугун мазза қилиб Горький[4]нинг ХХХ томини ўқияпман. Ажойиб хатлар! Қандай самимий, доно, меҳрибон, меҳнаткаш одам бўлган!

Шунча ишлаб (бир хатида айтадики, ҳар куни 10–12 соат ишлайман деб, мен эса икки-уч соат ишламасданоқ бошим оғриб, ҳолдан кетиб қоламан) яна ҳаммага, шу жумладан, энг оддий одамларга ҳам жавоб ёзишни ўзига одат қилиб олган. Мен эсам «Муқаддас»[5]га келган хатларга ҳам жавоб ёзишга эринаман.

Айниқса, унинг тил тўғрисидаги маслаҳатлари кишини қаттиқ ўйлантиради. Менинг тилим жуда ғализ, камбағал, нўноқ. Ҳолбуки, ҳанузгача русча фикр қилиш касалидан қутулолганим йўқ. Қаерга борманг, ким билан суҳбатлашманг  – кўпинча русча гапиришга тўғри келади. Тилнинг софлиги учун кураш катта проблемага айланиб қолди.

Эртага И.Р.[6] билан колхозларга чиқиб, айланиб келмоқчимиз. Қишлоқларга борсак, ўз юртимни соғинганимни ҳис қиламан. Ўзимизнинг Қарноқ ҳам баҳорнинг гўзаллигига буркангандир? Ёшлигимиз, илк учрашувларимиз ўтган жойларга бордингизми? Боринг. Ҳозир жуда гўзал бўлгандир? Кўнглингиз ором олади. Мен учун ҳам у ерларни кезиб чиқинг. Болалар чарчатмаяптими, ишқилиб. Кампир сизга мадад бераётганига ишонаман. Бироз тоза ҳаводан нафас олинглар. Кейинги ҳафтада бориб олиб келаман. Хатга жавоб ёзишни унутманг. Бир ҳафта кутишга сабрим етмайди. Ҳозирча хайр,

Одилингиз.

14 апрель, 1962 йил.

 

61

 

Москвадан Тошкентга

мактуб

Марям, ақллим.

Сиз билан ёзилажак асар тўғрисидаги илк фикрларимни ўртоқлашмоқчиман. Агар сизга маъқул бўлса, албатта, ёзинг. Шу ерда турибоқ бошламоқчиман. Тошкентга боргунимча камида 30 фоизини тугат­моқчиман.

Асарда оила масаласини жуда жиддий ўйлаш керак. Ўзбек оилалари (мен хотин-қизларни назарда тутаяпман), тўғрисини айтиш лозим, бахтсиз (сиздан бошқаси). Колхозчи аёлларни айтмай қўяқолай, ўзини бахтиёр деб билган аёллар ҳам гоҳо шунчалик қийин аҳволда, оиланинг икир-чикирлари шу қадар эзиб-мажақлаб ташлайдики, нақ ерга киргизиб юборган. Ажабо: адабиёт ҳали бу тўғрида деярли ҳеч нарса дегани йўқ… Ўйлаб юрган нарса тобора ҳаяжонга солмоқда. Унда мени айниқса ҳаяжонга тушираётган ва ўзимга ёқаётган томони шуки, кимни, қайси бир персонажни ўйламай  – нур бор. Яхши одамлар қиссаси бўлиб кўринади бу асар.[7] Ёшлик. Илк ва пок муҳаббат. Уруш. Оғир фожиалар. Метин одамлар ва онда-сонда учраган мўрт кишилар. Ойдин кечалар. Дўстлик аҳдлари. Оғалар, кеннойи ва уларнинг фожиаси. Донишманд боболар, меҳрибон бувилар ва пок қалбли, метин иродали оналар. Олдин оға муҳаббати, кейин дўст севгиси, ниҳоят, ўзининг оқ дуррали соҳибжамоли… Беғубор ёшлик йиллари, чексиз адрлар, кўпкарилар… Пахтазорлар. Эвакуацияда келган бениҳоя гўзал қизлар… Шулар ҳақида бўлади бу асар. Энг қийини пухта сюжет ўйлаб топиш бўлаяпти. Афтидан, ҳамма воқеа бир ёз, тўғрироғи, эрта баҳордан кеч куз ўртасида бўлиб ўтса керак. Бош қаҳрамоннинг шу ёз давомида кечирмишлари тариқасида бўлади шекилли, назаримда.

Адабиёт ўзи ҳамиша ёрқин характерлар қидирар экан (Горький, масалан). Бунинг бир сабаби шунда бўлса керакки, ёрқин характерлар тез кўзга ташланади, эътиборни ўзига тез жалб этади. Гапнинг 90 % и хотин-қизлар тўғрисида бўлади. Шунақа гаплар айтиладики, кўнгли айнийди кишининг. Яна шундай гапириладики, ўз хотининг-чи, у ҳам шунақа бузуқми, деб сўрагинг келади кишининг, чунки уларнинг гап-сўзларига қулоқ солсангиз жаҳонда битта ҳам тузук хотин йўқ бўлиб чиқади. Энг қизиғи шундаки, хотин-қизлар тўғрисида энг шалоқ, энг ифлос гапларни оғиз кўпиртириб гапирадиган одамларнинг аксарияти жисмоний пачоқ, пакана, семиз, кал ва ҳоказо, умуман табиат заиф қилиб яратган одамлар бўлади. Демак, ҳамма гап очликда! Ҳамма гап шундаки, бу одамлар яхши, кўҳлик хотин кўрган эмас, тўғрироғи, хушбичим, гўзал хотинлар бу одамлардан юз ўгиради, уларга тегмайди, шунинг учун ҳам бу одамлар уларнинг ҳаммасини бузуққа чиқаришади, шу йўл билан ўч олишади.

Мана шуларни ўйлаб юрибман. Сизнинг фикрингиз ва тўлдиришларингиз менга жуда керак. Хатингизни кутаман. Айтгандай, мақолани машинисткадан олиб, тўғирлаб редакцияга бериб қўйиш эсингиздан чиқмасин.

Сизни соғиниб,

Одил.

28 июль, 1962 йил



[1]1 Пьеса – «Юрак ёнмоғи керак» пьесаси назарда тутилган.

 

[2]  А. ака – Абдулла Қаҳҳор – Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

 

[3]  Тегишли бетдаги изоҳга қаранг (муҳ.).

 

[4] Горький — Максим Горький — атоқли рус ёзувчиси.

 

[5] «Муқаддас» қиссасига беш мингдан ортиқ хат келган.

 

[6] И.Р. — Иброҳим Раҳим — Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

 

[7]1 «Эр бошига иш тушса» романи ҳақида гапирилган.

 

(давоми бор)

Ўхшаш мақолалар:

  1. «Дунё ўзбеклари»да биринчи маротаба — Искандар Ёқубов: Фарзандлик эҳтироми…
  2. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (2)
  3. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (3)
  4. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (26-27)
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (30-31)
  6. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
  7. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (51-55)
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (56-60)
  9. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (61-64)
  10. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (5)
  11. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (7)
  12. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (12)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.