Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазири генерал полковник Б.А.Матлюбов жаноблари диққатига
КОРРУПЦИЯ МИНТАҚАСИ:
НАФСИ ЎПҚОН КОМАНДИР
Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазири Б.А.Матлюбов ва МХХ раиси Р.Р.Иноятовларнинг эътиборига ҳавола
Тошкент шаҳридан чиқиб Тўйтепа сари борар эканмиз Оқтепа ЙПХ постида машинамиз ҳужжатларини текширган ЙҲХ нозирининг тасодифан унутиб қолдирган дафтарини ўқиб, ундаги шоввоз командир А.А.Ўтапов ва унинг қилмишларини хаспўшлаб келаётган жонкуярлари ҳақидаги айрим маълумотларни Ўз.Р.ИИВ вазири Б.А.Матлюбов ва Республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бошқармаси раҳбари Х.А.Сайдалиевларнинг эътиборига ҳавола этишни лозим топдик. Чунки, мазкур дафтарга битилган ғаройиб ҳангомалар 60 нафар нозирнинг гувоҳлигида содир бўлган ҳамда аниқ фактларга асослангани боис шубҳа уйғотмасада, холисликни таъминлаш учун қонуний текширув ўтказиш зарур деб ўйлаймиз.
Хуллас, ўқувчиларга тушунарлик бўлиши учун мазмунига зарар етказилмасдан бироз тарошланган нозирнинг дафтаридаги “КОМАНДИР — ЁМОНДИР” номли ҳикоятга кўра:
Ўтапов Абдурашид Абдурауфович Тошкент вилояти, ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги Бошқармасининг 2 — отрядига 2012 йил апрель ойида командир этиб тайинлангач, бутун отряд жамоасининг тўплаб дастлаб ўзини таништиргач дангал: — мен бу мансабни 30 000 долларга сотиб олганман, шунинг учун ҳаммаларинг менинг буйруғим ва шартларимни бажаришга мажбурсизлар., деганида барча ЙҲХБ инспекторлари ҳангу – манг бўлиб қолган?!
А.Ўтапов чапани фалсафасини давом эттириб: — энди ҳаммамиз эркакамиз, йигит киши гоҳ – гоҳ гўзал жанонлар билан ишрат қилиб турмаса тез қариб қолади. Мана мен ҳар пайшанба нозик улфатлар билан шундай дам олиб тураман, шунинг учун ҳар пайшанбаликка 100 сўмдан ажратинглар, шундан ярми бизники, ярмини ўзингизнинг маишатга сарфлайсизлар., менинг бу эркакча топшириғимни овоза қилмасдан ҳалоллик билан ўз вақтида ижро этинглар., дегач айрим нозирлар ҳовлиқиб: — командиримиз хўроз экан, яшасин., дейишганди.
Орадан кўп ўтмай, командирнинг иккинчи норасмий буйруғига кўра: — ойнинг ҳар ўн куни учун 100 000 сўмдан, ойнинг охирида 100 АҚШ долларидан ҳар бир нозир командирга топшириши қоида қилиб қўйилди. “Сегизбоев”, “Оқтепа”, “Ойбек” постлари эса ҳар ойига 200 АҚШ долларидан топширадиган бўлди.
А.Ўтапов асли оққўрғонлик бўлиб, унинг Алимкент қўрғонида уй – ойи бўлсада, командир бўлганидан сўнг Тўйтепа шаҳар, бургалик кўчасидан 15 сотихлик бир участка сотиб олиб қурилишни бошлаб юборди. Ҳашар билан бошланган ушбу ҳашаматли иморат битгунга қадар участка инспекторлари ғишт, цемент, арматура., хуллас барча зарур қурилиш материалларини ўз ҳисобларидан сотиб олиб ташиш билан шуғулланиб, ҳатто ҳовлини баланд девор билан ўраб ҳам бердилар. Ҳовли битгач ҳам қутулмадик, энди ҳар куни инспекторлар график асосида командирнинг отлари, қўй, сигирларига ҳали хашак, ҳали арпа, беда, ҳали пресс ташиб хабар олиб туришлари керак.
Отрядда ишлайдиган Улуғбек Нурчаев деган инспектор олти ой ишга чиқмагани учун ойига командирга 300 АҚШ доллари бериб турган. Кейин маълум бўлишича, бу вақтда мобайнида наркотик савдоси билан шуғулланган Улуғбек Нурчаев қўлга тушгач, А.Ўтаповни ҳам шу иш бўйича тергов қилишди. Командиримиз терговдан омон – эсон қутилиб чиққач, бутун жамоани йиғиб: — мана Улуғбек туфайли қамалиб кетишимга сал қолди, 20 000 кўкидан бериб, прокуратурани зўрға тинчитдим. Бирга ишлагандан сўнг барчамиз шундай аҳил бўлишимиз керак, энди бу йигирма минг доллорни Сизлар орқали чиқариб оламан., деб ҳамманинг олдида баралла айтди…
А.Ўтаповнинг таъмагирлиги, беҳисоб ўлпонларидан безор бўлган айрим ходимлар унинг жиноий қилмишлари ҳақида шу йилнинг бошида Республика МХХ идорасига ёзганлар. Мазкур ариза Тошкент вилояти ЙҲХБга юборилгач, текширувчилар инспекторларга таъзийқ ўтказиб, бу гаплар туҳмат, командиримиз яхши одам деб ёздириб олишиб, шикоят “анонимка” экан деб ёпиб юборишди. Шундан сўнг командир ҳаммани йиғиб: — мен сизларга бу жойни 30 000 доллорга сотиб олганман деб олдиндан айтган эдимми?! Қанча ёзсаларинг ҳам ҳеч ким қулоқ солмайди, тепадагилар менга ишонади, чунки мен командирман., постларни МХХ ходимлари бирга назорат қилиб турипти., деган баҳоналар кетмайди, уларга уч маҳал овқатини берсаларирнг ичкарига кириб уйқуни уради., сенлар эса менга ойлик планни топширсанг, бўлди санларга ким тегинса ўзим тинчитаман., деб барча ходимларни ошкора огоҳлантииб, ҳам қўрқитиб қўйган…
А.А.Ўтапов пул учун ҳеч нарсадан тоймайди, яқинда Бекобод туманида “Ойбек” марказида яшайдиган Шариф деган фуқоро ВАЗ – 2106 русумли 625 – давлат рақамли машинасини маст ҳолда ҳайдаб қўлга тушганида инспектор Фаррух Қорабоев қонуний баённома тузиб расмийлаштирган. Бундан хабар топган командир А.Ўтапов инспекторни хизмат хонасига чақириб, маст ҳайдовчидан 2.200 000 сўмни нақд санаб олиб ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонини қайтариб берган. Агар, инспектор Фаррух Қорабоев қоидабузарликни қайд этган дафтар ва у ўша кунги тузган рақамли протокол саналар бўйича таққосланса командирнинг мазкур жинояти фош бўлади. Лекин, А.Ўтаповнинг бундай қилмишларидан вилоят ЙҲХБ раҳбарлари хабардор бўлсаларда, улар ҳеч қандай чора кўрмайдилар. Шу боис чорасиз инспекторлар ўзаро: — КОМАНДИР — ЁМОНДИР., деб иғво қилиб таскин топадилар.
ЙҲХ инспекторининг дафтаридаги ушбу воқеаларнинг узуқ – юлуқ баёнидан сўнг командирнинг солиқ олинмайдиган соф даромадининг ҳисоб – китоблари келтирилган: — бир йилда 48 та пайшанба бўлса, йил давомида командирнинг йиллик пайшанбалиги: 144. 000 000 сўм; ҳар бир инспектордан ўн кунда 100 000 сўмдан ойига 300 000 сўм, 60 та инспектордан йиғилгани бир ойлиги: 18.000 000 сўм, йиллиги 216.000 000 сўм; 60 та инспектордан ойига 100 АҚШ долардан ойига 6000, йилига 72 000 АҚШ долари; учта постдан ойига 600 АҚШ доларидан йилига 7200 АҚШ долари бўлади.
Шоввоз командир Абдурашид Ўтаповнинг бошқа даромадларидан ташқари, инспекторлардан нақд йиғиб оладиган йиллик ўлпони жами: 360.000 000 сўм ва 79200 АҚШ доллор (бугунги қорабозор нархида 221.760 000) ни ташкил этади.
PS: Ушбу ҳолатда ким жабрланувчи?!
Туну кун кўчада турадиган заҳматкаш йўл посбонми?!
Аслида, командирнинг чўнтагига оқиб келаётган ярим миллиарддан ортиқ бу пуллар бечора халқники…
Ўғри бўл, ғар бўл., инсоф билан бўл деган мақоллар бежиз айтилмаган.
Ушбу ИИВ ходими формасидаги командирнинг ёзувчи Абулқосим Мамарасулов сурхондарёлик ЙПХ ходимининг салбий саъйи ҳаракатлари ҳақида Ички ишлар вазири Б.А.Матлюбовга йўллаган хатида баён этилган қароқчидан қандай фарқи бор?!
Ўз.Р.Жиноят кодексига биноан жиноят ҳақида хабар топиб, бу ҳақда хабар бермаслик ҳам жиноятдир.
Шу боис ушбу билганларимиз ҳақида қонунбузарлик ва коррупцияга қарши курашга бел боғлаган Рустам Расулович ҳамда адолатли ИИВ вазири Баҳодир Аҳмедовични ҳам хабардор этишни маъқул кўрдик.
Йўлчибой Аҳмад
01.12.13
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Бу ерда ёзилганларнинг барчаси тўғри. Лекин, бу чиройли хабар Дунё ўзбеклари номидан жаноб Б.Матлюбов ва Р.Иноятовга юборилмаса,ҳеч қандай натижа бўлмайди. Танқид остига олинган командир, ўзининг «қаҳамонга» айланганидан бехабар., ҳануз ўз фаолиятини давом эттириб юрипти…
Балик бошидан сасиган, айтилган пуллар окиб Баходир акамизнинг чунтакларига боргач (гумонланувчилар булса важларини айтсин, Матлубов бехабар деб) бутун Республика буйлаб шундай номокулчиликлар булаверади, давом этаверади. Мен хеч иккиланмасдан айта оламан, Баходир Матлубович хабарлари борлигини, чунки бизнинг Лангар посёлкамиз милиция ходимлари назорати остида Куролов Муродулло томонидан талон-тарож килинди, карши чикганларни эса милицияга чакириб куркитишган. Матлубовга килган мурожатлар жавобсиз колди!!
Qoyil, bor ekan ku, haqiqat! Aslida bu hat Matlubovga emas, SNB ga yozilgan edi. Lekin Ismat aka negadir sarlavhaga faqat Matlubovni chiqaribdilar…