"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (15)

Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари..., Ўтганлар ёди | 14/11/2013 20:05-     11174 марта ўқилди

 

 Одил ака хотини билан

Туғруқхонага ёзилган

мактуб

 

Мар, жонгинам!

Кеча илтимосингизни бажо келтирмадим, чунки телефонда Москва билан гаплашишим керак эди, кечиргайсиз.

Қандай, бугун тузукмисан? Чақалоқ ҳам дурустми?

Мен уйга ҳамма нарсани олиб келиб қўйдим (10 килограмм гурунч, мош, сабзи, пиёз, картошка ва бошқа майда-чуйдалар). Кеча уйни ҳам яхшилаб йиғиштирдик. Сиз жанобларини боришларингизга тахт қилиб қўйдик.

Эртага қайси кўйлагингизни олиб келайлик? Соат нечада чиқаришади? Бунинг аҳамияти мен учун катта, чунки соат 12 да (кундуз) Масков ёзувчилари билан суҳбат бўладики, бормасдан илож йўқ.

Агар шу иш соат 11 ларда бўлса, мен ўзим олиб кетаман, албатта. Икки энлик хат чиқаргин.

Ўпиб қолган

   Одилинг.

22 сентябрь, 1959 йил.

 

Москвадан Тошкентга мактуб

Мар, эркам!

Совуқда, чақалоқ билан қийналмаяпсизларми? Уйлар иссиққинадир? Опайнинг келгани яхши бўлибди, сизга ёрдамлашади. Болалар тузукми?

Янги йил яқинлашаяпти. Кишини кўнглида бир йилда мен нима қилдим, деган савол туғилади. Сиз катта иш қилдингиз, оиламизни яна битта полвонга кўпайтирдингиз. Мен битта повесть ва яна битта пьеса ёздим. Лекин бу асарларнинг адабиётда тутадиган ўрни қандай?

Умр худди сувдай оқиб кетаяпти, фақат оқиб кетаяпти-ю, бир жойда тўхтаб, ўз қирғоқларидан чиқиб бирорта боғ, лоақал бирорта дарахтга сув бериб уни кўкартираётгани йўқ. Бу тўғрида жиддий ўйлайдиган пайт келмадимикин? Янги йилда катта романга қўл урмоқчиман. Прозанинг ажойиб хусусиятларидан бири шундаки, у доим фикр қилишни (ҳар бир жумла устида) талаб этади. Бу фикр қилиш қанчалик чуқур бўлса, проза асари ҳам шунчалик яхши бўлади. Тинмай интилган одамга толе кулиб боқади, шундайми, хоним? Эртага йўлга чиқаман. Худо хоҳласа, янги йил киргунча мен ҳам етиб бораман.

Соғ бўлинглар. Тез кунда кўришгунча,

Одилингиз.

27 декабрь, 1959 йил.

 

1960

 

Тошкентдан Туркистонга мактуб

Салом, хоним.

Йўл азоблари чекиндими? Уйлар, кампир, опай, болалар ҳаммаси яхшими? Кейинги вақтларда тез-тез Қарноққа кетиб бизни ёлғиз қолдираяпсиз. Баъзан бу сокинлик менга маъқулдек туюлади, бироқ болаларнинг тўполонини ҳам соғинаркансан, киши. Айниқса, тунги суҳбатдошнинг ўрни бўлак-да! Сиз билан ижодий жараёнларни муҳокама қилиш ҳам мароқли. Узоқда бўлсангиз ҳам воқеаларни ёзгим келди.

Бугун Охундий[1]нинг кечаси бўлди. Мен кечада айтилган гапларни, чиқиб сўзлаган одамларни кўздан кечирар эканман, ёзувчи учун, тўғрироғи, ёзувчи деган номга эришган одамнинг ўз ҳаётига жуда масъулият билан қараши лозимлигини яна бир марта ҳис этдим. Бекорга ўтиб кетган умр ёзувчи касбида айниқса чуқур сезилар экан. Кечада Ғафур Ғулом[2] билан Акмал Пўлат[3] ҳам сўзга чиқдилар.

Ижод ишининг битта хусусияти бор, у ҳам бўлса бу иш шуҳрат билан чамбарчас боғлиқдир. Бу жиҳатдан у ҳам яхши, ҳам ёмондир. Яхшилиги шундаки, шуҳрат меҳнатга илҳомлантирувчи бир куч вазифасини бажаради. Ёмонлиги шундаки, у кишига азоб беради, кишини тинч қўймайди, тинчини бузади. Масалан, қариган чоғда одам (бошқа соҳаларда) тинч яшаса ҳам, бу соҳада тинч яшай олмайди, у ҳар доим тинчлиги бузилиб, безовталаниб, рашки келиб юради, бунга уни шу ишнинг спецификаси мажбур этади. Майли, сизни бошингизни қотирмай. Тез кунда ортга қайтишни режалаштиринг. Ўзим олиб келмоқчи бўлдим-у, ишдан бўшолмайман, шекилли.

Кўришгунча хайр.

Одилингиз.

19 январь, 1960 йил.

 

Ригадан ёзилган мактуб

Ассалому алайкум, жаноби олиялари!

Биз Ригага келдик. Телеграмма берувдик, олгандирсиз.

Кеча-кундуз ишлаб, столдан бошни кўтара олмасдан тер тўкиб меҳнат қилаяпмиз. Хўш, сизлар-чи? Болалар яхшими? «Пустячок»[4] нима қилаяпти? Искандарга дурустроқ қараб, семиртираяпсизми? Мурод ҳалиям тўполон қилаяптими?

Ҳаммаларини ўпиб қўйинг. Кампирга салом айтинг.

Хатни олгандан кейин дарҳол жавоб ёзинг! Уй масалалари нима бўлди? «Литературка»дан пул бордими, йўқми? Қийналмаяпсизларми? Ҳаммасини батафсиз ёзиб юборинг.

Бу ер[5] Москвадаги «Дом творчества»дек яхши эмас экан. Шаҳардан узоқ, ташландиқ бир жойки, ҳалитдан зерикиб қолдим. Агар хат келса (айниқса, сиз жаноби олияларидан), жуда хурсанд бўлардим.

Салом билан ўпиб қолдим.

Одил.

21 апрель, 1960 йил.

Р.S. Ҳали шаҳарга тушолмадим. Шунча жойдан келгандан кейин ишлаб асарни тугатай, деб посилка ҳам юбора олмадим. Кечиргайлар.

 

56

 

Ригадан ёзилган мактуб

Салом, азизам!

Бугун уйдан чиққанимга ўн беш кун бўлди. Ўн беш кун давомида хат у ёқда турсин, ҳатто «болалар саломат», деган икки оғиз телеграмма ҳам олмайман. Қўрқиб, телефон қилмоқчи эдим, на бу ерда, на яқин атрофда телефон йўқ экан. Телефон қилиш учун эса ярим кечада Ригага тушиш ёки Майори деган станцияга бориш керак. Бу вақтни олади, вақт эса жуда қиммат.

Мен сизнинг бу ҳурматингизни илгарилари ҳам сезар эдим, лекин бунчаликка борасиз, деб сира ҳам ўйламаган эдим.

Агар мен курортларда ўйнаб юрсам, бошқа гап эди. (Сиз, албатта, шундай деб ўйлайсиз.) Лекин кечаю-кундуз меҳнат қилиб, чарчаб, шубҳаланиб, изланиб юрган бир пайтда, дўстим, рафиқам, умр йўлдошим деб юрган одамдан ҳатто байрамда ўзи тўғрисида бўлмаса ҳам болалар тўғрисида лоақал икки оғиз хабар эшитмаса, алам қилар экан кишиг­а.

Болаларни ўпиб, кампирга салом айтиб қўйинг.

Одил.

1 май, 1960 йил.

Р.S. Бу хат Сизга қаттиқ тегишидан қўрқиб, икки кун жўнатмай, бир хабар келиб қолармикин, деб тутиб турдим. Иккинчида қўрқиб, телеграмма ҳам юбордим. (Ноинсофлар, телеграмма ҳам бермабсизлар.) Ниҳоят, бугун, 27-да ёзган меҳрибон ва ақлли хатингизни олдим. Яйраб, кўнглим бир оз тинчиб, шу мисраларни қўшиб қўйишга қарор қилдим.

Сизни (болаларни ҳам, лекин, айниқса, ўзингизни, дилбарим, гўзалим) жуда, жуда соғиндим… Саломат бўлсам, иш тугаса, Худо хоҳласа, 12-да йўлга чиқаман. 13-да Москвадаги ишлар ҳам тугаса, кечқурун олдингизга учаман. Худо насиб қилса етиб боргач, лабларингиздан, кўзларингиздан минг-минг марта ўпаман.

Соғиниб қолдим.

Кампирга саломлар!

Одил.

4 май, 1960 йил.



[1] Охундий – Насрулло Охундий – таржимон, «Радуга» нашриёти директори.

 

[2] Ғафур Ғулом – Ўзбекистон халқ шоири.

 

[3] Акмал Пўлат – шоир.

 

[4] «Пустячок» – иккинчи ўғли рустамжоннинг эрка лақаби.

 

[5] О. Ёқубов шу йили Латвия ёзувчиларининг Рига яқинидаги Дубулта қишлоғида жойлашган Ижод уйига ишлаш учун борган.

 

 (давоми бор)

Ўхшаш мақолалар:

  1. «Дунё ўзбеклари»да биринчи маротаба — Искандар Ёқубов: Фарзандлик эҳтироми…
  2. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (2)
  3. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (3)
  4. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (26-27)
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (30-31)
  6. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (51-55)
  7. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (56-60)
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (61-64)
  9. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (5)
  10. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (7)
  11. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (12)
  12. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (19)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.