"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (14)

Адабиёт, Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари..., Ўтганлар ёди | 10/11/2013 11:50-     11351 марта ўқилди

одил ака хотини билан зўр

Тошкентдан Туркистонга мактуб

Мар, севгилим. Чарчамаяпсизми, қийналмай етиб олдингизми? Холдор ва келин[1] сиз билан бирга бўлишгани учун кўнглим тўқ. Сиз кетишингиз билан бироз ажойиб иш бўлди.

Кеча, кундуз соат 12 лар чамасида мени Ш.Р.[2] чақириб қолди. Сиз уйда йўқлигингиз сабабли мен соқолимни уч кундан бери қирмасдан юрардим, устимдаги костюмим ҳам кирлаб қолган эди. Йўқловдан кейин йўлда уч жойда сартарошхонага кириб, аммо сартарош топа олмасдан, шундоқ кириб бордим (жуда ноқулай вазият).

Ш.Р. ўрнидан туриб, юмшоқ илжайганча: «Келинг, ука», деб қарши олди. Мен бу одамнинг жуда истараси иссиқ ва ёқимли эканини, кишида жуда яхши таассурот қолдиришини билар эдим. Буни яна ҳис этдим. У узун бўйли, ориқ, қадди-қомати келишган, орқага таралган сочлари бир оз оқарган бўлса ҳам, аллақандай ёш кўринар, узунчоқ юзи, қирра бурни ва мулойим қўй кўзлари унинг чиройига чирой қўшарди. У мени кулиб қарши олгач, юзимга, соч-соқолимга бир зум тикилиб турди, сўнг лабидаги, кўзларидаги табассум сўнди, менга шундай туюлдики, худди у: Бу, ўзи, қанақа бефаросат одам деган фикр ўтди. Бир зум шундай тикилиб, ишларим тўғрисида сўров бўлгач, гапира бошлади…

Мар, азизим. Сиз ёнимда йўқсиз, хижолатпазликка тушиб юрибман. Шундай экан, хоним, тезроқ ёнимга қайтишни ўйланг. Қолаверса, Ш.Р. ҳам катта топшириқ топширган. Уни адо этиш учун сиз менга жуда кераксиз. Кутаман. Ўпаман.

Одилингиз.

15 май, 1959 йил.

 

44

 

Москвадан Тошкентга

мактуб

Қалай, тинчмисизлар? Уйлар, кампир, болалар тузукми? Ўзингиз чарчамадингизми? Ёнингиздаги, жисмингиздаги қўғирчоқлар сизни қийнамаяптими? Узр, шундай вақтда олисда юришимга тўғри келди. Ёзган хатингизни олдим. Тошкент жазирама ичида қолди дебсиз. Радиодан ҳар куни Ўзбекистондаги об-ҳавони эшитиб, ташвиш чекамиз. Ҳозир бозорлар тўлиб ётган бўлса керак? Ҳўл меваларни болаларга яхшилаб ювиб беринг, касал бўлиб қолишмасин. Бу ерлар анча салқин. Тошкентга нисбатан албатта. Кечаси ойдинда булутлар худди кўкламда, дарёда синиб, парчаланиб оқиб келаётган муз парчаларини эслатади, ой эса худди шу музлар орасида қолиб кетган ва нажот сўраб сигнал бераётган кемага ўхшайди, у гоҳ булутлар орасига кириб йўқолади, гоҳ яна пайдо бўлади. Бу гўзаллик кишини ўзига мафтун қилади.

Мен Симонов[3]ни бурун нечундир енгилтак, шон-шуҳрат эркатой қилиб қўйган бир одам деб ўйлардим. У эса жуда босиқ, салобатли, ўз сўзининг қадр-қийматини билган бир одам экан. Оппоқ сочи, сал ғамгинга ўхшаган қўнғир кўзлари, ҳатто катта трубкаси ҳам ўзига ярашиб тушган, бутун қиёфасига кишини ўзига тортадиган бир ёқимтойлик бериб туради. Софронов[4] эса бунинг акси эди. Бу ерда атрофимдаги одамлар асосан шулардан иборат. Бир маромда ижод билан шуғулланаяпман.

Хат ёзинг. Редакцияга бориб гонорарни олиш эсингиздан чиқмасин. Рўзғорга ишлатинг. Сизларни соғиниб,

Одил.

25 июль, 1959 йил.

 

45

 

Туғруқхонага ёзилган

мактуб

Саломалайкум, жаноб олиялари!

Хўш, кеча кўнглингиз хира экан шекилли, хатингизнинг руҳи чатоқ эди. Бугун тузукмисиз? Оғриқ босилиб қолдими? Чақалоқ[5] тузукми? Кўнглингиз нималарни тилавотти?

Дарҳол ёзиб чиқаринг! Жоним. Сира кўнглин­гизни ғаш қилманг. Ўзин­гизни яхши тутиб, руҳин­гизни туширманг. Бундан кейин иккимиз ҳам турмушни яхшилаш йўлларини ўйлаб топамиз. Энг муҳими – руҳингиз тушмасин! Чақалоқ нормальний бўлса, соғлиги яхши бўлса, бас! Ҳунуклиги, ўғил бўлишининг (қиз бўлмасдан) аҳамияти оз. Тушундингизми? Қаттиқ ўпиб қолдим.

Одил.

16 сентябрь, 1959 йил.

 

 

46

 

Туғруқхонага ёзилган

мактуб

Мар, милая моя!

Кеча келолмадим, кечирасан. Ўғилча ҳам кечирсин. (Қулоғига секин айтиб қўй.)

Биздан Сизга ва Пўлатжонга[6] (шу от менга ёқади) кўплаб саломлар!

Мар, эркам, соғлигингиз қандай, ўғилчанинг соғлиги, ўзини тутиши, ҳаётга интилиши қанақа? (Буни унинг маммани севиши ва маммага интилишидан билса бўлади.) Шуларни айтинг, мен киролмасман, чунки девордан ошиб тушишга уяламан. Энди нима ҳам бўлса бизни соғинтирмасдан тезроқ келинг, фақат угина эмас, бизни ҳам эркалашингиз керак, ахир.

Милая моя, айт: нима керак? Шу жумладан, «қў-ғирчоқ»қа ҳам керакли нарсаларни айт. (Ойимлар кийим тикиб қўйишди.)

Ўзингга кийим (енгил пальтоми, макентошми) керакми? Буни ҳам айт.

Айтмоқчи, менинг номимдан ўша мен борган куни ўғилчани кўрсатиб кулган аёлга (бошқаларига ҳам) 15–20 сўмдан пул бер. (Пулни олгандирсан?)

Менинг бошқа гапим йўқ.

Ўпиб ва соғиниб қолган

Одилинг.

18 сентябрь, 1959 йил.

 

 

 

47

 

Туғруқхонага ёзилган

мактуб

 

Салом, дўстим!

Бугун эрталаб келолмадим, кечиргайсизлар.

Қалай, бугун тузукмисиз? Чақалоқ қалай? Соғлиғи яхшими? Ўзингиз ўзингизга келдингизми? Нима овқат ейишингизни билмасдан ҳадеб узум билан меҳмон қилаяпмиз.

Жавобингизни кутиб, ўпиб қолдим.

Одил.

19 сентябрь, 1959 йил.

 

48

 

Туғруқхонага ёзилган

мактуб

Мар, эркам!

Кеча мани анча қўрқитиб қўйдинг. Что с тобой[7]? Менимча, ҳамма гап овқатдан бўлаяпти. Кампирларнинг айтишича, узум, анор, хусусан қаймоқ ва қатиқ каби нарсалар (булар совуқлик эмиш) учинчи фарзандини туққан аёлга яхши фойда бермас эмиш.

Энг муҳими, покой (ётиш) ва иссиқроқ овқат ичиб (чой, суюқ ош), дам олиш экан. Бу фикрга қўшилмай бўлмайди.

Аҳвол қанақа? Тез хат ёзиб юбор.

Бу ерда ҳеч бир янгилик йўқ. Лекин мен бугун, балки, бориб ҳам қоларман. Сен ўзингнинг ва ўғилчанинг соғлигини айтиб, хабар бергин.

Соғиниш кундан-кунга кучайиб бораётгани учун ўзингни эҳтиёт тутишингни сўрайман.

Ҳар иккалангни (Сизни кўпроқ) ўпиб-ўпиб соғи­ниб қолган

ўзингнинг Одилинг.

20 сентябрь, 1959 йил.

 

49

 

Туғруқхонага ёзилган

мактуб

Мар, милая!

Кечаги хатингизни олиб ва ухлаёлмай қол­ганингизни эшитиб, кўнглим жуда хира бўлди. Сиз биринчи марта шундай бўлаяпти, дейсиз. Менингча, илгарилари ҳам ухлаёлмай қийналган вақтларингиз бўлган эди, шекилли. Афтидан, бу нарса ҳамма вақт ҳам бўлса керак. Кўп ташвишланавермасдан, ўзингизни босишга ҳаракат қилинг. «Иштаҳам ҳам йўқ», дебсиз. Иштаҳа деган нарса баъзан одамнинг ўзига ҳам боғлиқ. Ҳар ҳолда шу сафар жуда эҳтиёт бўлинг. Ўзингизни зўрлаб бўлса ҳамки, овқатни, хусусан узум, сут-қатиқ каби нарсалардан кўпроқ фойдаланиб туринг, бўлмаса ўз кўкрак сутингиз озайиб кетиб, яна қийналамиз.

Энди уйга бориш масаласига ўтайлик. Буни ўзингиз ҳал қилинг. Ўз кўнглингизга қаранг. Лекин бир ҳафта ўша ерда бўлиб, хийла чарчадик. Ҳар кимнинг ўз уйи, – ўлан тўшаги экан. Мен Маҳиш хола[8]  билан гаплашиб қўйгандим. Сиз чиққач, бир ҳафта уйга келиб, қараб туришни ўз бўйнига олганди, энди унга «қўя қолинг», дейиш ҳам ноқулай бўлармикан? Бунинг устига уйларингиз ҳам жуда тўполон, келди-кетди жуда кўп[9]. Яхшиси, мен ҳамма истаган продукта[10]ларингизни олиб чиқиб қўйсам, яна Маҳиш хола ҳам келиб бир ҳафта турса, ўз уйимиз, ўлан тўшагимиз тузук бўлмасмикин? Ахир уй ҳам жуда қаровсиз қолиб кетди-ку? Мен ҳам ишлай олмай қолдим.

Бунинг ҳаммасини мен шунчаки айтаяпман. Тағин ўзингиз ўйлаб кўринг.

Яхши ухлаб, кўнглингизни тинч қилинг.

Сизга саломлар, пешонангиздан (лабларингиздан кейин ўпаман) ўпиб, соғиниб қолдим.

Одилингиз.

20 сентябрь, 1959 йил.

 

50

 

Туғруқхонага ёзилган

мактуб

 

 

Мар! Эркам!

Аҳволлар қалай? Чақалоқ яхшими?

Мен нима олиб келишни билмасдан узум олиб келдим. Аҳволларни айтиб, ёзинг. Нима керак? Қачон чиқасиз? Соғлигингиз тузукми?

Ўпиб қолдим.

(Имзо).

20 сентябрь, 1959 йил.

51

 

Туғруқхонага ёзилган

мактуб

Мар, жоним!

Кеча ўрнингиздан турмоқчи эдингиз, турдингизми? Аҳволларингиз тузукми? Бугун мен қайтиб келолмасман, чунки Москвадан одамлар келишмоқчи эди. Шунинг учун қачон чиқишингизни (эртагами ё индингами) аниқлаб берсангиз, маъқул бўларди. Менимча, эртага, дам олиш куни, чиқаришмаса керак, ё чиқаришармикан? Ўзингизнинг соғлигингизга ҳам қараб қўйинг.

Биз Рустам полвон билан олишиб ётибмиз.

Соғиниб ўпиб қолдим.

Одил.

22 сентябрь, 1959 йил.

 

52

 



[1]  Холдор  – Одил Ёқубовнинг укаси, келин  – Озода опа  – Холдор аканинг рафиқаси.

 

[2]  Ш.Р. — Шароф Рашидов –  (1917–1983) ёзувчи, давлат арбоби. Хатдаги воқеа кечган кезларда Ўзбекистон ССР Олий Совети Президуми раиси лавозимида ишлаган (муҳаррир).

 

[3] Симонов – Константин Симонов – атоқли рус ёзувчиси.

 

[4] Софронов – Анатолий Софронов – таниқли рус ёзувчиси.

 

[5] Гап учинчи фарзанд – Искандар ҳақида бораяпти.

 

[6] Одил Ёқубов чақалоқнинг исмини Пўлатжон деб атамоқчи бўлган, бироқ кейинчалик унга Искандар деб исм қўйишган.

 

[7] Что с тобой? (русча) – «Сизга нима бўлди?» маъносини англатувчи ўша йилларда ўзбеклар орасида ҳам кенг тарқалган ибора.

 

[8] Одил аканинг холаси – Моҳира хола назарда тутилган.

 

[9] Марям Ёқубова туғруқхонадан ўз онасининг уйига чиқмоқчи бўлган, лекин Одил ака рози бўлмаган.

 

[10]  Продукт (русча) – озиқ-овқат маҳсулотлари.

 

   (давоми бор)

Ўхшаш мақолалар:

  1. «Дунё ўзбеклари»да биринчи маротаба — Искандар Ёқубов: Фарзандлик эҳтироми…
  2. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (2)
  3. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (3)
  4. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (5)
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (15-18)
  6. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (24-25)
  7. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (26-27)
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (30-31)
  9. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (43-45)
  10. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (46-50)
  11. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (5)
  12. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (7)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.