Шукрилла Мирсаидов вафот этганига ропа роса бир йил бўлди…
Шукрилла Мирсаидовнинг соғлиғи яхши эмас…
Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма бир йиллиги арафасида биз Ислом Каримов бошчилигида мустақиллик ва ўзбек давлатчилигига асос солган, унинг тамал тошини қўйган собиқ мулозимлар ва ҳукумат аъзолари тақдири билан қизиқишга ҳаракат қилдик.
Уларнинг аксариятига жиноий иш очилган бўлса-да, лекин ҳибсга олинмай, сиёсатга аралашмай, овозини чиқармай яшаб юришганини бизга маълум қилишди.
Хусусан, Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидовлар умр бўйи ишлаб йиққан молк мулкларини давлатга топшириб, тинч омон умргўзаронлик қилиб юришган экан.
Уларнинг ҳар бирига нисбатан ўз вақтида жиноий иш очилиб, ўзлаштирилган маблағларнинг маълум қисми давлатга топширилганидан кейин шартли жазо қўлланилганини олдинги шарҳларимизда маълум қилган эдик.
Темур Алимов, Мавлон Умрзоқов, Бахтиёр Ғуломов, Шавкат Йўлдошев, Зокиржон Алматов, Эркин Халилов ва Адҳамбек Фозилбековларнинг кайфияти яхшилиги, олдингидай ваҳима билан бўлмаса-да, лекин катта кичик тўй ва тадбирларда ҳамма қатори иштирок этиб юришганини эшитиб, кўнглимиз жойига тушди.
Бухоро вилоятига 16 йил ҳокимлик қилган Самойиддин Хусеновнинг аҳволи ниҳоятда абгорлигини, йиққан мол мулки тугул, ҳатто киядиган ички кийимларигача терговчилар тортиб олаётганини эшитиб, ниҳоятда ғазабландик.
Қачон бизда ҳам раҳбар ва мулозим бўлган одамлар худди Шароф Рашидов давридагидай катта лавозимдан олинса, кичикроқ бир иш ва эскироқ бир хизмат машинаси билан таъминланиб ёки бўлмаса иззат икром билан пенсияга кузатиларкин деб ўйлаб кетаман баъзан…
Тошкентдан келаётган ишончли манбалар хабарига кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ раҳбари Шукрилла Мирсаидовнинг кейинги пайтларда соғлиғи ёмонлашган.
Унинг мазаси йўқлиги боис анча вақтдан бўён уйда ўтиргани, қулоғи эшитмай, кўзи хиралашиб қолганини эшитиб, хаёлларимиз паришон бўлди…
Шукрилла Раҳматовичнинг иккинчи ўғиллари Шавкатнинг у ер бу ерларда, ош ва бошқа тадбирларда кўриниб тургани, кайфияти ёмон эмаслиги кўнглимизга бир оз таскин берди, холос.
Бизнинг олис Канададан қилаётган бу таърифларимиз кейинги пайтларда “идора” уларга нисбатан тизгинни бир оз бўшатганидан далолат беради.
Бу яхшилик аломати, албатта.
Лекин ўтган умрни қайтариб бўлмаганидек, энди Шукрилла Раҳматовичнинг ёшлигини ва йигитлик даврини ҳам, минг афсуски, қайтариб бўлмайди.
Бир пайтлар Ислом Каримовнинг энг яқин оғайниси бўлган, биргалашиб Ўзбекистон деган каттакон бир карвонни бошқарган бу одам агар тақдир унга жилмайиб боққанида эди, Олий Мажлиснинг 1991 йилги еттинчи сессиясидан кейин мамлакатга раҳбарлик тизгинини қўлга киритиши мумкин эди…
“Мен тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни афзал кўраман!” деган эди Шукрилла ака ўша сессия минбаридан туриб Ислом оғайнисига қарата.
Бугун унинг айтган бу гапларини эслаб, нафақат Ислом акада, балки унда ҳам ўша пайтлар отнинг калласидай юрак бор экан деб ўйлаб кетаман.
Лекин авваламбор тақдир, кейин омад ва сафдошлар ҳам унга бевафолик қилишди. У Ўзбекистонга раҳбар бўлолмади.
Лекин ўша еттинчи сессиядаги бир оғиз ўғил болача гапи учун, уни уриб, бошини ёриш, эл ичида шармандаи шармисор қилиш шарт эмас эди.
Агар ўша куни Шукрилла Мирсаидов Ўзбекистоннинг янги раҳбари этиб сайланганида давлатимизнинг бугунги ҳусни жамоли ва қадди камоли ҳам бошқача бўлармиди. Билмадим, бир нима дейиш қийин…
Лекин ўша пайтларда Шукрилло акасига ҳам, Ислом акасига ҳам бирдай меҳр қўйган ва садоқат билан хизмат қилган содда ва самимий Исмат Хушев бугун бу маҳзун сатрларни Канаданинг сўлим ва сукунатли гўшаларида туриб қоғозга туширмаслиги аниқ эди.
Агар 1991 йил Шукрилла Мирсаидов ҳокимиятга келганида эди, Исмат Хушев ҳам, ўзбек мухолифати ҳам бу қадар мажақланиб, хориж ва ҳибсдан жой топмаган бўлар эди…
Ислом Каримовнинг қаҳри қаттиқ, гина кудуратни унутмайдиган одам бўлса, Шукрилла Мирсаидов бунинг акси, мард ва танти, очиқ кўнгил ва бағри кенг бир инсон эди.
Буни ҳатто Ислом аканинг ўзлари ҳам Шукрилла Раҳматовични ҳукумат раиси қилиб тайинлаётган мажлисда алоҳида эътироф этган эдилар.
Биз Тошкентдан келаётган нохуш хабарларни эшитиб, “Оқланмаган ишонч қиссаси” китобининг Шукрилла Мирсаидовга, унинг сиёсий портретига бағишланган қисмини шу кеча кундузда – икки уч куннинг ичида эълон қилишга қарор қилдик…
“Дунё ўзбеклари”ни кузатиб боринг!
Шукрилла Мирсаидов вафот этди…
Исмат Хушев
Ҳозиргина бизга етиб келган хабарга кўра тўқсонинчи йилларда Ўзбекистон мустақиллиги ва давлатчилиги шаклланишида ўз ўрнига эга бўлган собиқ вице Президент Шукрилла Мирсаидов Тошкент шаҳрида оламдан ўтган.
2 ноябрь куни тушдан сўнг дафн этилган марҳум ҳақида биз атиги уч ой бурун “Шукрилла Мирсаидовнинг соғлиги яхши эмас” деб мақола ёзган эдик.
Лекин у пайтларда Шукрилла ака бу дунёни бунчалар тез тарк этади деб ўйламагандик.
Одатда дунёдан ўтганлар ҳақида ё фақат яхши гап айтилади ё умуман гапирилмайди. Лекин Шукрилла Мирсаидов ҳақида ҳали кўп ёзилади ва гапирилади. Мураккаб тақдирли ва характерли бу тарихий ва машҳур шахс ҳақида биз журналистлар бор гапни халққа айтишимиз керак.
Шукрилла Раҳматович ҳақида ҳали батафсиз мақолалар бериш ниятидамиз.
Марҳумни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин, илоҳим!
2 ноябрь, 2012 йил.
Бугун Шукрилла Мирсаидов вафот этганига қирқ кун бўлди…
Шукрилла Раҳматович Мирсаидов хотирасига
Исмат Хушев
Бугун эрта тонгдан қаддимиз долдир,
Йўқотиб қўйдик биз Шукур акани.
Унингсиз ёд этиш амри маҳолдир,
Ўзбекистон номли республикани.
Бугун юракларда ўксик бир алам,
Мажруҳ қаддимиз дол, бошимиз эгик.
Бизни ташлаб кетди биз сотган одам,
Ҳали яшашидан умидвор эдик…
Не сабаб бунчалар номардсан, ҳаёт!
Сен қайга бош олиб кетдинг, диёнат!
Биз машҳур бир зотни йўқотдик, ҳайҳот!
Жасур бир инсонга қилдик хиёнат!
Газетлар сукутда, радиолар жим,
Зангори экранда шўхчан тарона.
Улуғ инсон ўлди, билмайди ҳеч ким,
Ҳамма бахтдан масрур, шоҳга парвона.
Нега ҳақ деганнинг қисмати хароб,
Шунча чексизмиди ундаги сабр.
Йигирма икки йил чопгани – сароб,,
Ва охир оқибат топгани – қабр…
Шундоқ ўтиб кетар экан, во ажаб,
Бир ҳовуч кул бўлиб ўт ва исёнлар.
Энди биздаги бу сотқинлик сабаб,
Қайта туғилмайди бундай инсонлар…
Тошкентнинг мўъжаз бир қабристонида,
Мард, танти, бўйсунмас бир зот кўмилди.
“Тиз чўкмай, ўлмоқлик” аҳд-паҳмонида,
Шоҳга тик боққан кўз мангу юмилди…
Бугун эрта тонгдан қаддимиз долдир,
Йўқотиб қўйдик биз Шукур акани.
Унингсиз ёд этиш амри маҳолдир,
Ўзбекистон номли республикани…
2 ноябрь, 2012 йил, Канада